Олим Тошбоев. Киприк сояси (ҳикоя)

«Барчани қўйингу мен зорга йиғланг».
Бедил

«Фоний дунё бандалари нимани унутишади?!»
«Ҳамма нарсани. Ҳатто Тангрини ҳам».

Дунёда одамлар бир-бирларига Киприк янглиғ яқин яшайдилар. Аммо… тўймайдилар бу ёлғон Дунёга, Менинг эса… рухсорим киприклар соясида ниҳон бўлур. Бебақо оламнинг нолакор бандалари ногоҳ бандларидан узилсалар ҳам, яна сўрайверар, тўймас қаро Ер…
Биргина киприкдан айро тушсам гар, сизиб чиқаверар жолаваш ёшлар…

* * *

Қабристонда икки жон, тун қорасида тентирайди. Бирининг қўлида фонус. Изма-из, қорама-қора, гўрларни айланиб боришмоқда. Тун осуда, қуриб хасга айланган шўра, каврак, янтоқларнинг шитир-шитири кулоққа қумдек қуюлади.
— Қулмамат, тўғрингдагиси. Адашма. Фонуснинг пилигини сал кўтариб, анави жойга маҳкамлаб ўрнат. Эҳтиёт бўл, қабр бошида тошлар бор. Тағин бел тақирлаб, гирдимизга шовқин солмасин.
Йўл бошлаб бораётган қора, бош ирғаб, «майли» дегандек тасдиқ имосини қилди. Фонус ёруғида бел дасталари ялтираб кўринди. Икки кўланка гўристоннинг қуйироғида дўмпайиб турган қабр бошига келиб тўхтади. Гирдо-гирд сокинликка бош қўйган. Бу маъсум сукунатни қишлоқ итларининг чўзиб увлаши бузади.
— Саттор, кўнгилни бўш этма. Сўнгги чорамиз шу. Худога осий бўлдик. На илож. Эмаса, уруғимиз қирилиб кетади. Худонинг бирлигига, шўр тақдирнинг ғуломи эканлигимизга шақодат келтириб, шу ишни қилмоқдан бошқа йўл топа олмадим. Оллоҳу акбар! Қани, ё бисмиллоҳ!»
Азизлар мулки бу тун нотинч бўлди. Бақо мулки гулшанида сайр этган руҳлар, бир манзилдошининг чирқираб азобланаётганидан фиғон қилар эдилар. Руҳлар дийдираб, қондошлари қўлида эзғиланаётган бир ҳаммулкларининг аҳволига тоқат қила олмадилар. Нурлар кўчиб, Руҳ диёри ҳувиллаб қолди… Қабрни очиб бўлган бу икки суврат, ҳориб қолганига қарамай, гўр ботинидаги мурдани излар эди. Баногоҳ… Тандирдек келадиган гўр саҳнида бундан ўн ойлар бурун қўйилган жасад… ўша тусда, оқ кафан-либосга буркангаи ҳолда бузилмай турибди. «Ё раб! Ё пирим!»
Бу мудҳиш кўргулик икки жонни тамом гангитди. Безабон, бир-бирларига дийдираганча термулиб колишди. «Наҳот… Йўғ-э, кўзга шундок кўрингандир. Ўм ойдан бери… Ақл бовар қилмайди-я! Ҳаммаси рост…» Кўрган кишининг ақлини шошириб, йўлини йўкотадиган воқеа эди. Йил чамаси олдин қўйилган мурда… Ўз тусини йўкотмаган. Йўргакдаги чақалоқ мисол турибди. «Наҳотки, одамлар гапи рост бўлса. Наҳотки… мурда чақираётган бўлса. Норизо эди-я! Ортимда колганлзрни бирин-кетин йўқотаман, деб аҳд қилдими экан?! Эй, Худо! Бу не кўргуликки, бизнинг фақир бошимизга ёғдиришни ирода этибсан? Изма-из уч танни тупроққа топширдик-а?! Э, воҳ, тупроққа қоришиб кетди-я!» Саттор ҳиқиллаб, хийла фурсат ўзини боса олмади. Кўз ёши дарё бўлиб, киприклари ғилтиллаб ёшга тўла берди.
— Тангрим, мен отамни… Қандай қилиб… Қўлларим билан… Э, йўқ! Саттор энтикиб-энтикиб, белдастага суянган кўйи ўтириб қолди.
— Эл-улус нима дейди?! Падаркуш демайдими?! Қонхўр, золим атамайдими номимни? Қишлоқда қандай бош кўтариб юраман?! Тўй-азага қайси юз билан кўшиламан? Мен — отажондорнинг элдан айрилганим шу эмасми?! Сўфи бобо руҳи тутмайдими мени? Азиз-авлиёлар юз ўгирмайдими?! Ота юртим дейишга тил қолмади менда. Эй, Худо!
— Саттор! Бу мунғайиб ўтиришинг билан юракни эзма, ука. Бўлар ишлар бўлиб, бўёғи сингди-ку! Ўтиргандан фойда йўқ. Иримларининг ҳам падарига лаънат. Қуриб кетмайдими шу ирим зоти. Бошимизда бор экан, мана, кўриб турибмиз. Барча амал-сийловлари кор бўлмади-ку! Мана, кўрдик. Биб-бинойи бўлиб турибди. Ҳаммаси рост. Жаллодсифат бўлиб бўлса ҳам… Қиламиз. Ҳалиги қанорга солиб, сой йчйга судраб ўтсак бўлди. У ердан ҳеч ким кўрмайди. Шояд, гўр оғзига келиб қолган синглимиз тузалиб кетса. Бўлди, тур. Ҳадемай тонг ёришиб, элнинг қарғишига қоламиз».
Икки суврат мурдани лаҳаддан олиб чиқди. Саттор ҳиқиллаб йиғлаб юборди. Қулмамат зарба еган одамдек «оҳ» тортди. Қабр бошига уюяиб колган тупроқлар ҳар ёнга сочилди. Мурдани қанорга солиб, торта бошладилар. Қаро тун яна ҳам қаро тортди.
Сомон йўли бу тун хийла ёруғ. Сой ботинида гуриллаб ёнаётган мунгли олов нидоси кўкка ўрлади. Кўкда эса юлдузлар…

* * *

Оллоҳ даргоҳидан сўнгги пайғамбарнинг гуноҳкор умматлари макон айлаган маъво — Ерга тушган малоика-фаришталар, дийдалари қуриб, ўз дорус-салтаналарига парвоз этдилар. Ерда яна бир хунхўрлик воқеъ бўлган эди…
Тонг саҳар молларни даштга ҳайдаб чиққан қора кўзлар қабристон мулкида шамол қанотларида пирпираб учиб юрган кафан парчаларини кўрмади. Сочилган оқ мато бўлаклари ахийри шамол тегмас паноҳларга беркинди… Сўфи бобо-— Руҳлар ватани ўз сукунатини яна бағрига босди.

* * *

Саттор отасининг қирқи кунлари онасини ҳам Худога топширди. Азроил омонатни марҳумнинг завжаи ожизаларидан ҳам қайтариб олди. Дунё зулматга дўнди. У шундай хилқат либосига ўрандики, бунда ой ҳам порламас, қуёш ҳам нур сочмас эди. Юлдузлар ситилиб кетган мунчоқлар каби ерда думалаб ётибди… Тошлар билан ҳамсоя…
Бунда ёлғиз довул ўкирарди. Саҳро наъматлари сочилганди, гўё. Ҳеч ким ҳеч кимга ҳеч нарсани раво кўрмади… ғамдан бўлак. .»
Саттор бугун яна тўшак гирдида парвона. Кўз косалари ичига тортиб кетган, лаблари оқариб, тарам-тарам ёрилган бемор шифтга термулиб ётибди. Ҳатто, чивинларни ҳам ҳайдашга интилмайди. «Бурун катаклари аввалгидан хийла катталашибди. Бармоқларининг тирноқ ости эти ҳам қонсиз. «Эй, Худо! Буни ҳам кўп кўрдингми?! Яратганнинг карғишига қолдими бу уй?! Кетма-кет… Отамни топширдик. Ўлим ҳақ, ҳамманинг бошида бор дейишди. Кўндик. Қочиб кутулиш бандасининг қўлидан келмас экан. Кейин… Онамиз… Бу сафар ҳеч кимдан садо чиқмади. Онамни ҳам қаро ерга йиғлаб-сиқтаб қориштйрдик. Энди эса… Нималар бўляпти ўзи?! Ўз оёғи билан юрган эди-я! «Бошим-бошим»лаб тўсатдан йиқилди. Шундан бери аҳволи оғирлашиб боряпти. Қушноч момо ҳам эмлаб кетди. Бахшига қулоқ-бошини ҳам «торттириб» кўрдик. Дўхтурларнинг давоси қумга сингган сувдай йўқолди. Барисидан наф бўлмаяпти. Эй, Яратган эгам! Бор шифо сендан. Ўзинг қўлла, Раҳмон!»
Саттор Қушноч момо лафз қилган кўк қўйни тўшакда ётган укаси бошидан айлантириб, Худо йўлига, азиз-авлиёлар, ота-онаси руҳига бағишлаб қон чиқарди. Ўшанда у «Куннинг кўпи билан яхши бўлиб кетади» деган таскинга кўнгил боғлаган эди. Афсуски, ундай бўлмади. Ўйлари ўтга туташди. Тескари айланиб кетди тегирмон тоши.
Бу кўҳна даҳрнинг тасбеҳ тошларидек айланиб келаётган кунлари ўтиши билан, яна бир ёниқ юлдуз сўна борди. Оқибат сўнди.
Қишлоқ одамлари бу ғариб кулбадан икки ой ичида учинчи бор тобут кўтариб чиқдилар… Изиллаб уввос тортар эди ҳовлидагилар. Кўз ёшлар ҳам қуриди. Аламдан тошлар совуқ урган тупроқдек уқаланиб кетди. Нотанти дунёнинг ғамбода кунларидан дод демакка ҳеч бир дил имкон топмади. Игнанинг кўзидек торайиб қолгам умр залвори ҳаммани дол қилган эди. Қишлоқ одамлари мучал суриштиришди. «У яхшилар, йил бебаракат келди. Ҳар жойни сув босиб, элга офат ёғилгани рост. Бу кўргиликлар ҳам балиқнинг қадамидир?»
Саттор одамови бўлиб қолди. Уйдан чиқмайди. Ҳовлида ҳам боши эгик. Арврҳ сувратига кириб қолган, Рангида қон йўқ. Мабодо гапирса, лабларини тинимсиз ялай беради. Гаврасидан чиқаётган «уҳ» тафти хашак ёндиради. Умидлари тушовланиб қолган кунларнинг бирида, офтобшувоқда ўтириб, укасининг тўшакка етиб қолган пайтларида айтган гапларини хотирлади.
— Саттор ака, кеча туш кўрибман. Уйда икковимиз ўтирибмиз. Эшикдан отам кириб, мени имлади. Улим, олиб кетгани келдим, деди. Тушунмадим. Ота, Саттор акамни ҳамми дея қайта сўрадим. Шунда отам, йўқ, сен менинг яхши кўрган улим эдинг. Шунга келдим, деб кулиб жўнаб кетди.
Кажрафтор фалакнинг дилўртар кунида унинг қалби бужмайди. Кун кўрмай кетган укасига ачинди. Бошида давра қурган ўйлар тинчлик бермади. Укасининг сўнгги нафасидаги гапларини эсга олди.
— Ака, мен отамнинг олдига кетяпман. Ҳар кеч чақириб қолади. Элас-элас онамни ҳам кўргандек бўлдим. Ака, шу экан… мени… отам чақиряпти.
Саттор бу сўзларни унута олмади. Унутмоқчи бўлиб ўзини кўп ишларга алаҳситди. Барибир бўлмади. «Ака-уканинг жони бир-у, моли бўлак», деганлари рост экан. Ҳадеганда укасининг сиймоси кўз олдига келаверди. Жасад олиб чиқилган томга киришга юраги бетламади. Ҳатто бир сафар нохосдан ўша томга кирганида, тўрда укаси… кулиб қараётгандек бўлди. Шундан бери у ерга оёқ босмайди. Саттор, кун ботар маҳаллари йўлга термулиб унсиз йиғлайди. Лекин… билади: чироқ ёндими, унинг ўчмоғи ҳам бор…
Кунлар шу зайлда ўтаверди. Одамлар «ярим нон роҳатижон, битта нон балои жон» қаноатини маҳкам тутиб, Оллоҳнинг ўлчовли умрини сура бердилар. Сойдаги сочилган кулларни ўзга элларга сувлар оқизиб кетди. У изларни кузнинг шамоли учириб, қишнинг қорлари кўмди…
Баҳор ҳам омонат умрини яшаб, элга вафо қилмади. Олам сарғайиб, майсалар қуёш тиғига қалқон бўлди. Тупроқдан намлик қочиб, қатрон бўлиб қолди. Дилютар дунёнинг қонли қиличи гўё қинга киргандек. Йўқлар ҳам хотирни тарк қилиб бормоқда. Улусга дўзаху жаннат, пулсироту обикавсар, Мункар Накиру Исрофилдан лоф сурган мутаассиблар туман янглиғ тарқалди. Ҳаммаси ҳам бу майдонга тушиб, қуруқ қолмаган. Ё фано, ё бақо…
«Бу дунё бевафо», дея қўшиқ айтганлар ошиқлар эдилар. Улар дунёнинг бемаъни оҳанг таратадиган созлари кўп эканини эрта фаҳмлаган эдилар.

* * *

Гъам бу ўтовга яна қўшхона солди. Унинг сира кетгиси йўқ, Азроил каби тағин жон сўрар эди. Дард бу сафар бир гулғунчани, яхши-ёмон нелигини англаб етмаган бир қора кўзни нишонга олди. Тақдирнинг ҳар мақомидан юраги безиллаб қолган Саттор, дунёга келганидан нолиди. Ҳаётдан қўлини ювиб, қўлтиғига урди. Ҳатто, аччиқ устида буни хотинига ҳам айтиб юборди. Илтижоли нигоҳ уни яна чорлади. Ўринда ётиб қолган жондан азиз синглиси Ойхон босинқирайди.
— Кетаман… Отажон. Қувманг… Ака!..
Саттор йиғлади. Тийиқсиз хўрсиниқдан ёшлар дув-дув оқаверди. Юракдаги бор алами кўзидан сочилди. Икки тиззасини ўрин четига бериб, ўкириб йиғлади. Ёдига гоҳ отаси, гоҳ онаси, гоҳ «Акажон» деб термулиб кетган укаси келаверди. Кўзидан ёш чиқ-май қолгунча йиғлади. Осмон тешилди — эркак йиғлади! Дунё ўт ичида қовурилди — эркак йиғлади-да. Гъайирлар қадаҳ сунди, фаҳшлар этак кўтарди — эркак йиғлади-да. Ойхоннинг икки юзи тандирда ёпилган кулчадек ловуллаб турибди. Чаккасидаги тер томчилари йилтиллайди. Бир уйга қуёш, бир эркакка йўлдош бўларли барчинкелбат Ойхон, дардкаш тўшак қўйнида қолаверди.
Тешикқулоқ одамлар тизими ҳол сўраб ҳовлидан аримайди. Саттор гоҳ унисининг гапини тинглайди, гоҳ бунисининг. Табибсифатлар ҳам бўлди. Барибир, умид панжалари Арш тахтини тутди. Ўзга дармон йўқ. Паноҳ ёлғиз Ўзидан!
Дард тунлари эгиз туғарди. Санчиқлар зарбидан Ойхон ўзини ургани сайин — тунларнинг оғири оғир бўлаверди.
Саттор амакиси Қулмаматни кутиб айвонда ўтирибди. Эрта саҳардан келган Қулмамат, Ойхоннинг аҳволи руҳиятини кўриб, ортига тисарилди. Сатторни ташқарига чақириб:
— Саттор, иним. Кўриб-билиб синглимизни ажал домига ташлаяпмиз-а?! Номимиз қора бўлса ҳам, кайвонилар айтганини қиламиз. Отанг қабрини очиб, мурдани чавақлаб ёндиришимиз керак эмиш. Дарднинг бели ўшанда синар экан. Бўлмаса… тағин ўйлаб кўр. Лекин… шундай қилиш керак. Чин бўлса, мурда йил ўтса ҳам бузилмай турар экан. Унинг аломати шу экан. Вақт ғанимат, шу кеча борамиз. КасаЛни бетига термулиб, юрак эзиб ўтиргандан фойда йўқ,— деди.
Қулмамат кунботарда келишини айтиб қайтйб кетди. Сатторнинг эса ўтириши шу. Тонг отгандан бери синглисининг қабоғига қарагани-қараган. Ичкаридан келган чинқириқдан Саттор бошини буриб қаради. Шу пайт ички томдан хотини йиғламсираб чиқди. Саттор ўзини кўрмаганга солиб ерга қаради. Кўнглидан гап ўтди: «Отам ҳаммамизнинг бошимизга етади. Онамни олиб кетди. Укамнй олиб кетди. Энди эса… Йўқ. Қулмамат келсин. Кўрайлик-чи, ростмикан?..»
Номозшомда Қулмамат келди. Ўтган ишларни хотирламаслик учун тилга эрк бермадилар. Талқон ютган одамлардек, жим ўтйришди. Қишлоққа ваҳимали тун чўкди. Одамларнинг чироғи бирин-кетин ўча бошлади. Тун яримлаб қолганда, икковлон уйдан чиқишди. Саттор бўсаға ҳатлаётиб, Ойхоннинг қаттиқ ингранганини эшитди. Бўйнига буров солингандай, ич-ичидан озорланди.
Каштага солинган гуллар мисол, осмонни юлдузлар безаган. Чигирткаларнинг «чир-чир»идан бўлак овоз йўқ…