Уч кунлик келинчак ўчоқ бошида куймаланиб юраркан, Ўринбой синчи тикилди. Хайрият, қозон қайнатмоқчи! Нима қиларкин, қачон пишаркин? Қорин таталаб ҳам кетди-ку! Айвондан туриб келинига қичқирди.
— Ойша қизим, кеч бўлганда нима ташвиш?
— Ош, — деди ийманиб келинчак ва кўнгли қайнотасининг қизимлашидан алланечук тўлқинланиб кетди ва баттар шошилди.
Келиннинг ҳаракатларидан мамнун бўлган бобо ёрдамга ўтди ва талайгина қизил сабзи арчиб, сомонча шаклида тўғради. Доналаб курмак териб ўтирган Ойшанинг қўлидан лаганни олиб гуруч тозалади, кейин бобоқ хўрозга дон-дун, овушоқ сочди.
Бу пайт Ойша берилиб устихон қовурар, чучмал зиғир мой ҳиди бутун чор-атрофга тарқалиб томоқ қитиқлар, ўзининг ҳам димоғини бўғарди. Ачимсиқ тутун ҳидиданми, пиёзнинг аччиғиданми унинг узун киприклари намланган, ўнг кафтига ёғ сачраб куйганди.
— Болам, девзирани ивитиб қўйдим.
У ўгирилиб қайнотасининг қўлига қаради-ю, идишни деразага қўйганини кўрди-да, “Овора бўлманг, ота!”, деди. Аммо шунчалик секин гапирдики, ўзи ҳам эшитмади.
Бобо ошхонадан чиқиб оғзига бир чеким нос ташлагач, тўғри сўри томон юрди ва шойи кўрпага чўзилди.
— Хотин бўмай кет, сутфурушнинг қизи! — дея кампирини койий бошлади ўзига-ўзи. — Нима бало уйингдан илон чиққанми?! Эрта азон кетувди, ичиям гапга тўлиб кетган-да! Ҳали келсин, боплаб сўкмасам отимни бошқа қўяман!
У пухта режа тузаркан, темир даричадан “ғийқ” этган нола чиқдию хаёли бузилди. Чол ирғиб ўрнидан турди ва супа оша жўякка туфлади. Тупроқ бети яра тушган бадандек кўпчиди…
— Ҳалиям ётибсизми? — деди кампир эрига тўнғиллаб. — Сулаймон ўлди, девлар қутилди, экан-да?!
Ўринбой синчи ҳовли бўйлаб бир қур назар солди-ю, хотини тайинлаб кетган ишлар; на буғдой элаш ва на даҳлизча жойдаги беда ўрилмаганини кўриб мавзуни бошқа ёққа бурди.
— Сафаринигиз эрта қарибдими, кампир?!. — Сўнг хотини миқ этмаганини билиб, хушомад қилишга ўтди. — Маҳкам бойваччанинг келини бир палов тайёрлаптики… Зиранинг иси, оҳ!
Момо “тарс-тарс” қадам босиб бобонинг қаршисига ўтирди.
— Қорним тўқ, меҳмондан қайтаяпман! Қани, ёстиқни олинг-чи!
— А, энди… Сиз емасангиз, биз бормиз… Тўғрими, қизим?
Келин қайнотасининг фикрини маъқуллади, гарчи тушуниб етмаган эса-да! Кейин дастурхонни ёзиш асносида қайнонасига “Яхши бориб келдингизми?” — дея мулозамат қилди.
Маҳкам момо ўғил уйлантирган аёлларга хос кибр ила тураркан, тил учида «Ҳа» деди-да, буюрди:
— Овқатинг пишган бўлса, опкел! Чолимнинг қорни ич-ичига ёпишиб кетгандир-ов!
— Ҳозир сузиб келаман, ойижон!
Қайнона «ойижон»дан эриб кетди ва чолига қараб «кўрдингизми?» каби қош қоқди.
Беш дақиқа ўтар-ўтмас чинни лаганда паловхонтўра ва кетидан кўк чой келтирилди. Чой ошнинг қамчиси-да! У чойни қайтариб чол ва кампирга узатди, кейин «олинг-олинг» қилинди. Ўринбой синчи рапидадек қўлига бир капкирдек палов олиб ошлади-ю, чайнаш вақтида кўзлари ола-кула бўлиб жавдиради. Томоғини шўр таом тирнаб, қорнигача жароҳатлади. Келиннинг киприклари тез-тез пирпиради. Момо эрининг ҳолатидан шубҳаланди.
— Тузи кўпмикан?
Бобо шоша-пиша ютиниб жавоб қайтарди.
— Бирам мазалики, биров тортиб оладигандек шошилганимдан тиқилиб қолдим.
Келиннинг кўзлари тез-тез пирпираб, нигоҳларида меҳр жилваланди ва товуқдек чўқилаб, уятдан қизаринди.
Бош ёрилса, қалпоқ остида! Шўрва бўлса экан, сув қўшиб ичаверсанг. Аммо ошга на туз қўшишнинг иложи бор ва на сув…
Бобо ҳар ошалаганда пиёла-пиёла чой симирар, бировдан такаллуф ҳам кутиб турмас, ёнидагиларни, айниқса кампирини ошга ундамас, зўр бериб келиннинг айбини ёпишга уринарди.
Гарчи ош тахир, шўр, бироқ келиннинг мўлтираган нигоҳида бунинг акси жилваланарди ва чолнинг андишаси янада ортарди. Хотинининг тикилиб турганидан ўнғайсизланиб шошиб кавшанарди.
…Охирги бир ошам қолганда «Тузини кўрай» деб Маҳкам момо қўл чўзди ва қайнота-келинни-да ташвишлантирди. Ўткирлиги бутун маҳаллага маълум кампир камшик тишларини ғичирлатди, гуручнинг таъмини билгач, келинига ўгирилди:
— Намунча шўр! Умрингда овқат қилганмисан!?
Келин сесканиб кетди.
— Кампир, — дея гап бошлади синчи, – томоғингизга туз юқиб қолган-ов! Бир товоқ еб менга ўтмади. Бир чуқими сизга билинса-я? Мен эсам тағин бўлса йўқ демасдим.
Бобо кампирининг ҳолатига кулди ва палов келтирмоққа қўзғалган келинига имлади. У қимир этмади. Маҳкам момо қилт-қилт ютинди-да, Ойшага “Тур, ош опкел!”, дея буюрди. Зум ўтмай бир капкиргина ош солинган лаганни кўтарганча келин келди.
Чол енгини шимарди.
— Ўлдирсаям, ош ўлдирсин. Шўрмиш! Ҳей кампир, менинг келинимнинг ишидан айб топасиз. Мазасини айтмайсизми!? Қўлинг дард кўрмасин, болам!
Кампир чолининг иштаҳасини кўриб ўзидан ажабланди. Аммо паловнинг таъмини қайта билишга уринмади.
Ўринбой синчи чайналиб, ўқчиб-ўқчиб қўйди…
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 42-сон