Ўктам Мирзаёр. Тупроқ ҳиди (ҳикоя)

— Истам, ҳо, Истам,— деган овоз эшитилди.
Қорнини ерга бериб китоб ўқиётган Истам “Оббо, яна ким келди”, дегандек, бошини бир зум кўтариб, овоз келган томонга қулоқ солиб турди.
— Истамбой!
Отасининг хириллаган овози. Дик этиб ўрнидан турди. Қўлидаги китобини ўнгири сал осилган эшик ёнидаги эски ғаладон устида турган “Рекорд” телевизорининг ёнига қўйиб, ташқарига чиқди. Аммо хаёли ҳали китобдан узилмаганди.
Истам дарвозахонанинг ёнидаги ўрик остида ногиронлик аравасида бир бурда бўлиб ўтирган отасининг ёнига келди. Кўнглини кўтармоқчи бўлиб, қилтиллаб турган бўйнига осилди. Юзига юзини ишқаб, эркаланди.
— Отажон, исингизга бир тўяй…
— Нари тур-э, пўрим! Ис қоптими, — деди отаси хириллаб, сўнг томоғига бир нарса тиқилгандек қийналиб ютинди. Узун бармоқларини бир-бирига кийиштириб, чуқур хўрсинди.
Истам отасининг шу оғир хўрсинишидан “кунларим саноқли бўлиб қолди”, деган маънони англади. Онасининг вафотидан кейин отасининг бирдан мункиллаб чўкиши Истамни ташвишга сола бошлаганди. Укалари “Ишингиздан қолманг, отамга ўзимиз қараймиз”, дейишса ҳам ғанимат дунёда ота меҳрига тўйиб қолай, кейин ўқирман, деб ўз ҳисобидан муддатсиз таътил олиб, отасининг олдига кўч-кўронини орқалаб келди. Кимдир: “Яхши қилибди”, деса, яна кимдир: “Шунча йил ўқиб, гўр ҳам бўлмабди-да, мана, қайтиб келиб отасининг кулбасига тиқиляпти”, деди.
Истам миқ этмади. Пўрим кийимларини келган куниёқ йиғиштириб, ғилофига тиқди, ўзини астойдил отасининг хизматига шайлади. Чой, деса чой, нон деса нонни муҳайё қилди. Оёғини ювди, тирноғини олди. Соч-соқолини тарашлади. Нима қилса ҳам отамнинг кўнглини олай, деди. Ўтган йили онаси тўсатдан вафот этганида юрагини армон ўртаб юборганди. Эсласа онаизорини бирон марта юмшоқ кўрпачаларга ўтқазиб, бир пиёла чой узатмаган экан. Шу сабаб акасию укалари, опасию синглисига “Ишларингдан қолманглар, уй-уйларингга жўнанглар, энди навбат меники”, деб отанинг хизматига қаттиқ бел боғлаб турган жойи эди.
— Отажон, ҳаммомга ўтин қалаганман, чўмилтириб қўяйми?
— Ўтган куни чўмилдик-ку, болам! Эй, эй, анави Қосимбойми? — деди чол асфалт йўлга хавотирли ишора қилиб. Истам кўчадан велосипедини ғизиллатиб ўтиб кетган одамни орқадан танимади. Лекин унинг ғалати ҳаракатларини ажабланиб кузатиб қолди. Ёши олтмишни қораласа-да, қилиғи болаларникидай бу эчкисоқол чол бошида эски қалпоқ, оёғида йиртиқ калиш, ранги офтобда унниқиб кетган кенг, узун кўк куйлак-иштонини шамолда ҳилпиратганча велосипедини ҳайдаб борарди. Нафас бобо:
— Қосим, ўзимизнинг Қосимбой. Бирор кориҳол бўлди-ёв, тажанглиги тутиб қопти, — деди чол бироз маъюсланиб.
— Ота, менда нима ишингиз бор эди?
— Кел, ўтир болам, курсичани бундайроқ сур, — деди ота ёнига бир дам келиб, чақчақлашиб ўтадиган ҳамқишлоқлари учун аравача қаршисига қўйдирган курсичага имо қилиб, — еган-ичганинг ўзингники, кўрган-боққанингдан гапир.
— Китоб ўқиётувдим, яхши ёзувчи акамиз бор. “Пакананинг ошиқ кўнгли” деган китоб ёзибди. Энди бошловдим…
— Ўзинг қачон ёзасан? — деди отаси дабдурустдан.
Гап оҳангидан Истам шуни аниқ билдики, отаси унинг ёзувчи бўлишини жуда-жуда истаган. Аммо Худойим истеъдод бермаган бўлса, нима қилсин…
— Эй, эй, жинни бўлганми, анавига қара, қара! — деди бир пайт Нафас бува чўпдай қуриб қолган узун бармоқларини яна асфалт томон чўзиб. — Қайтар, қайтар бадбахтни! Ҳозир бир балони бошлайди. Яна кампири билан жанжаллашганми, дейман-да…
Қосим амаки узун иштон-куйлагини шалвиратиб, ҳовлиққанича велосипедини зувиллатиб ўтиб кетди. Истам тўхтатишга улгурмади. Йўлга чиқиб, ортидан кузатиб қолди, холос.
— Шокирларникига бурилди, ота.
Нафас бува бирдан сўлишди, сўнг: “Яна кимдир қайтиш қилибди-да”, деди қадоқ қўлларини жуфтлаб, юзига фотиҳа тортаркан.
Истам отасининг нафаси ичига тушиб кетганини аниқ сезди. Нима ҳам қилсин, бечора. Ёши тўқсонни қоралади, қишлоқда бирон-бир тенгдоши қолмади. Ҳар сафар кимдир қазо қилса шу аҳвол. Соатлаб бир нуқтага тикилиб ўтиради.
— Биз томонга келяпти, — деди Истам кўчадан кўз узмай.
— А?! — деди ота.
Истам йўлга чиқиб, қўли билан “тўхтанг”, дегандек ишора қилди. Қосим амаки кўприк ёнига келиб тўхтади. Ташвишли нигоҳи бувага тушиб, хўрлиги келган боладек ўпкаси тўлиб, оби-дийда қилди:
— Нафас бува, энди нима қиламан?
— Ҳа, ҳа, Қосимбой, тинчликми? Нима ғалва?
— Тоштурди тоғанинг хотини бандаликни бажо келтирди. Насим Карманага кетган. Падарлаънати Шокир ўлгудай маст. Энди нима қиламан, бува? Гўрков йўқ.
— Бошқа бировни ёнингга ол, бўлмаса.
— Ҳеч ким йўқ-да, ҳозир кимам гўрковлик қиларди, бир ўзим эплай олмайман, — деди Қосим амаки тажанглиги тутиб. — Майит маҳтал бўлиб қолади. Эй, Худойим-эй, бу қишлоқнинг эркаги ўлган, қирилган.
— Менга қара, Қосимбой, — деди Нафас бува хотиржам, — кап-катта одамсан, ўзингни бос. Иложи топилар, ана Истамни ёнингга ол бўлмаса, бир амалла, ука. Катта бир қишлоқда гўрков топилмаса, уят-а!
— Йўқ-да, йўқ… Ёшлар бўйин бермайди, бундайроғи ўзига эп кўрмайди. Икки-учта алкашга кунимиз қолган…
Бироз сукутдан сўнг:
— Укам қарашиб турса, бир амаллардим, — деди сал ўзини босиб.
Истам турган жойида тахтадай қотиб қолди. Бир аҳволда:
— Ота-а, — деёлди холос.
— Қишлоқчилик болам, борақол, савоб бўлади, — деди Нафас бува совуққина, “гап тамом” дегандек, яна панжаларини бир-бирига кийиштириб, ютинди.
Истам отасининг гап оҳангидан “Ёзувчи бўла олмаганингдан кейин гўрков бўласан-да”, деган истеҳзони аниқ уқди. Қайдам, ота бечора шу кўнгилда гапирмагандир. Аммо Истамнинг хаёлидан нақ шундай фикр ўтди.

* * *

Қосим амакининг тажанглиги рост экан. У билан ўрлашиб бўлмаслиги кўриниб турибди. Истам йўл-йўлакай бир-икки оғиз гапириб, панд еди. Гапни қисқа қилиш керак. Иложи бўлса, индамагани маъқул.
Тажанг ўзига-ўзи ғўлдираб, велосипедини билтанглатиб, қабристон томонга бурилди. Истамнинг инон-ихтиёри унда. Қабристонга етгунича ачиган тер ҳидига бир амаллаб тоқат қилиб борди.
Амаки қабристоннинг темир дарвозасини очгач:
— Ассалому алайкум, майитлар! Охират яқин, охират яқин, охират яқин, — деди салмоқлаб. Аввал ҳам бу ерга келиб кетган чоғи, дарвозанинг орқасига ётқизиб қўйилган сопи калта лопатка, кетмон ва тешани қўлига олиб лаҳад қазиш учун жой излай бошлади, у ер-бу ерга кетмон уриб кўрарди.
Шеригининг овозидан ҳали-бери ўзига кела олмаган Истам “пўкиллаб” турган юрагини ҳовучлаб, мунғайиб ётган қабрларни оралаб, унга эргашди.
Бу ерда бемалол юриб бўлмас экан. Оёқ остидаги ҳар бир дўнгликнинг тагида қайсидир ҳамқишлоғининг лоши ётганини хаёлан тасаввур қилган Истам ниҳоятда эҳтиёткорлик билан қабр оралаб, базўр ўзига йўл топиб юрди. Охирги марта бу ерга онаси оламдан ўтганда ака-укалари билан келганди.
Қосим амаки жой топгунича Истам онасининг қабрига бориб, тиловат қилиб қайтди. Тажанг унгача жой топиб, эни-бўйи бир қулоч келадиган ерни хашак, ўт-ўландан тозалаб қўйган экан. Истамни “бу ёққа кел” дегандек имлади ва юлинган хашаклар устига ўтириб, пичирлаб оят ўқиди. Сўнг биргалашиб ишга тушиб кетдилар.
— Ғайрат қил, укажон, тупроғини бу ёққа ташлайсан, — деб ўнг томонни кўрсатди ва ўзи гурсиллатиб чуқур қазий бошлади Қосим амаки.
Иккаласи галма-гал, миқ этмай, терлаб-пишиб ишладилар. Ҳаш-паш дегунча тўрт бурчакли чуқур ҳосил бўлди. Истам охирги ҳовуч тупроқни ташқарига чиқарганида пешонасидан реза-реза тер оқар, уст-боши намиқиб кетганди. Тупроқнинг хушбуй ҳиди бирам ёқимли эдики, агар бу ер қабристон бўлмаганида Истам узоқ вақт бу бўйни тўйиб ҳидлашга тайёр эди. Аммо чуқурдан чиқибоқ, кайфияти бузилди. Атрофдаги қабрларга кўзи тушиши билан эти сесканди. Энди Қосим амаки чуқурга тушиб пастки чап бурчакнинг қоқ ўртасидан туйнук очди. Туйнук бора-бора ичкарига қараб кенгая бошлади. Ҳа демай гўрков кўринмай қолди. Ҳар замон-ҳар замонда ичкаридан унинг инқиллаб теша чопаётгани эшитиларди, холос. Чуқурлик лаҳаддан чиққан тупроққа тўлди.
— Укажон, — деди амаки тешикдан тупроққа беланган бошини юмронқозиқдай чиқазиб, — ҳа де, ҳа де, оз қолди.
Истам чуқурга тушиб, жон ҳолатда тупроқни ташқарига ота бошлади. У қора терга ботган эди. Лаҳаддан бир маромда тешанинг “тўқ-тўқи” эшитилади. Истам унинг овозини дарахт танасидан қурт-қумурсқаларни тераётган қизилиштоннинг овозига ўхшатди. Бир пайт тепада кимдир:
— Биз ҳам шерик, — деди чўзиб.
Истамнинг юраги “шиғ” этиб кетди. Чўчиб қаради. Укаси Рустам экан.
— Савобга бизни ҳам шерик қилинглар, — деди Рустам тиззаларига қўл тираб, пастга энгашган кўйи.
— Отам юбордиларми? Эплаёлмайди, деган-да, а?
— Уриниб қолмасин, дедилар, қани бу ёққа чиқинг, — деди укаси акасини чуқурдан чиқазиб олиш учун қўл чўзар экан.
Истам “Шундай дейишларини билардим”, дегандек индамай ишида давом этаверди.
Рустам чуқурга тушиб, акасини қистади:
– Чиқинг, ўзим охирига етказиб қўяман, сиз уст-бошингизни қоқиб олинг, одамлар кўрса уят бўлади, ака, чиқинг!
— Ҳозир, — деди Истам, сўнг лаҳаднинг ичига қўрқибгина бош суқди. Кенг-ковул ертўлада Қосим амаки тиз тушиб, ён деворларни теша билан тарошларди.
— Қосим ака, ёрдамчи келди, —деди Истам.
— Барака топсин, — деди Қосим амаки пишиллаб. — Яна бир ҳа, десак тугаллаймиз, пардози қолди.
Тешикнинг оғзи тор бўлишига қарамай, ичкариси ярим ой шаклида, одам бўйи узунликда ковак қилинганди. Қосим ака ҳовучлаб-ҳовучлаб тупроқни ташқарига чиқариб ташлади. Истам укаси билан ўрин алмашди. Рустам калта дастали лопатка билан уюлган тупроқни пешма-пеш тепага ота бошлади. Тупроқнинг ранги икки хил эди. Чуқурдан чиққан тупроқ оддий — қўнғиртоп, лаҳаддан чиққани эса сап-сариқ олтиндай, бунинг устига майин эди. Бир пайт Қосим ака лаҳаднинг ичига узала тушиб, ётиб олди. Тепада юмшоққина тупроққа ястаниб ўтириб олган Истам “Буниси нимаси?” дегандек, ичкарига ажабланиб қаради. Амаки ётган жойида лаҳадни кўздан кечирди. У шу топда ажабтовур меҳрибон ва мулойим бўлиб қолганди. Ўз ишидан мамнунлиги юз-кўзидан билиниб турипти. Тажанг ётган жойида илжайиб:
— Тупроқнинг ҳидига қара, жонивор-эй, худо деган аёл экан, – деди чап қўли билан тупроқни уқалаб, — соз чиқди, ҳиди бирам ширин!
Қосим амаки ўзига ўзи гапириб, яна тиржайди. Унинг ўрадай оғзида қолган яккам-дуккам тишлари кўриниб кетди.
— Қосим ака, бўб қолдими? Мен нима қилай? — деди Истам, “Менга иш қолмади-ку” дегандек.
Амаки, ётган жойидан туриб, тиззалади. Танасидан оққан жиққа тер билан қоришиб, лой бўлган билагини қоқиб, энди билганингни қил, дегандек, Истамга орқасини ўгириб олди ва лаҳаднинг у ер-бу ерини тарошлай бошлади. Рустам эса миқ этмай, чуқурдаги тупроқни тепага отарди.
Истам ўрнидан туриб, уст-бошини қоқди ва онасининг қабри томон кетди. У ерда анча ўтириб қолди. Майитни олиб келишганида бориб оломонга қўшилди. Бир чеккада туриб, бошқалар қатори дафн маросимини кузатди. Одам кўп эди. “Қишлоқда шунча одам бор экану битта гўрков топилмаса-я” деган фикр ўтди дилидан. Қосим амаки эса дадиллашиб қолибди. Гўр оғзида юмшоққина тупроққа чўккаллаб, одамларга ақл бўлиб ўтирибди. Ҳалигина ваҳима босиб, нима қиларини билмай, шалвираб турган одамдан асар ҳам қолмаганди. Ҳамма унинг измига бўйин эккан. Ҳассакашлар майитни чаққонлик билан қўлма-қўл қилиб лаҳадга узатишди. Тажанг энди майит эгаларига гап уқдира бошлади:
— Ғиштни ундай эмас, бундай қала, эплаёлмасанг, чиқ бу ёққа.
— Қосимбой, ўзингиз қаланг, нураб кетмасин.
— Нурамайди, — у чуқурга тушиб, бутини кериб, лаҳаднинг тешиги оғзига чўнқайди, — ғиштни бундай қўяди. Бер бу ёққа, — у билағонлик қилиб, чаққонлик билан лаҳаднинг оғзига ғишт қалай кетди. — Сен узатиб тур….
Бир пасда лаҳаднинг оғзи ёпилди. Бундан бир-икки соат бурун не машаққат билан қазилган гўр, зум ўтмай тўлди, ҳатто ҳалигина теп-текис бўлиб ётган ерда бир уюм дўнглик пайдо бўлди. Қабр бошида аввал майитнинг ҳаққига дуо қилинди. Одамлар тарқалди. Қосим амаки ҳам асбоб-ускуналарини қўлтиқлаб, қабристондан чиқди. У мамнун эди.
Истам укаси билан ҳовлига қайтганида Нафас бувани кимдир ўрикнинг қуюқ соясига кўчириб қўйган экан. Ота мункайиб, пинакка кетибди. Истам кафти билан оғзини тўсиб, укасига “секинроқ” деган ишорани қилди. Ўзи эса эҳтиёткорлик билан аравача қаршисидаги курсичага чўкди, боладай пишиллаб ухлаётган отасига тикилди. “Худога шукур!” — деди ҳузурланиб.