Ўктам Мирзаёр. Соврин (ҳикоя)

Тешавойнинг оби-дийдаси Нортожининг жигарини эзиб юборди. Икки куннинг бирида шу аҳвол — каллайи саҳарлаб шилқиллаганича остонада пайдо бўлади.
— Нор ака, нима қилай? Айтинг, нима қилай, тентак бўлиб қолмасмикан-а?! — дейди зорланиб.
Нортожи уни нима деб юпатишниям билмайди. Шўрликни бағрига босиб, ўзига келгунича елкасини силаб ўтиришдан бошқа иложи йўқ. Шундай кезларда мол-ҳол баҳонасида уларнинг ёнида пайдо бўладиган Нортожининг хотини — Арофат жонга оро киради.
— Тешавой иним, ақл иниб қолар, кўп куйинманг, Яратганнинг ўзи дардига яраша шифосини ҳам берар! Қўяверинг, ўйнаб юрибди-да, пешонасида бирор ёзуғи бордир?!
— Чеча, ўлар бўлсам, ўлиб бўлдим, ортиқча чидай олмайман, қаратмаган жойим қолмади. — У икки тиззасига шаппатилаб, бошини чайқаб-чайқаб деворга суянди, — онаси шўрлик ўлиб қутулди-я! Бу туришда элга шарманда бўламан, чеча! Сўфи азон айтмасидан, эшакпойга ўйнайман, деб хит қилади бадбахт! Болалигида эшакпойга ўйнаб йиқилганидан бери шу аҳвол! Ҳали замонни ҳам тўздиради бу аҳмоқ!
— Менга қаранг, ука, бўлмаса бирорта ювошроқ эшак олиб беринг, хархаша қилса, миндириб кўчага чиқариб юборасиз, қорни очса ўзи қайтиб келади.
— Чечанг тўғри айтаяпти, шундай қила қол Тешавой, — деди Нортожи далда берган бўлиб, — ирим қилма, бир эшакпойга билан замон тўзиб қолмас… ҳали отдан ўзадими, йўқми, Худо билади…
Тешавой жондай қўшниси Нортожининг айтганини қилди. Ўн икки ёшларида эшакпойгада йиқилиб, боши лат еган, шундан бери хаёли ўйноқи бўлиб қолган ўғли Эсанбойга эшак олиб бериб, қулоғи бироз тинчигандай бўлди.
Аммо… Эсанбой кўчада машинами, отми, эшакми минганни кўрса, тирғалиб, пешонасигача хилачўпини ўйнатиб, хисланиб бораверадиган бўлди.
— Ав, юр, олдимга туш, пойга ўйнаймиз, — дейди иддао билан.
Шундай кезларда ё бировдан бир қамчи еб нари кетади, ё олдига тушганни қувиб, ўзининг сарсони чиқади.
Маймунтепанинг теварагида ҳар куни эшакпойга. Эсанбойнинг дастидан мол боққани чиққан болаларга кун йўқ.
Эшак, эшак-да! Йўрғаси тутиб, пойгада биринчи келиб қолса борми, эгасининг ҳолига вой! Эсанбой ўзидан ўзиб кетганга албатта, паналаб бориб, бир хилачўп тушириши турган гап… Шу боис калтак еявериб, безиллаб қолган болалар Эсанбойни олдинга ўтказиб, орқасидан “сен ютдинг, сен ютдинг”, деб қутулишади.
Ана энди унинг маррадан бир ўзи илжайиб қайтишини кўраверасиз. Етиб келгач, “Энди совринни бер!”, дейди хезланиб. Болалар қўлига тушган нарсани соврин қилиб, пойганинг расм-русумини жойига қўйишади…
“Қизқўрғонда кўпкари бўлаймиш”, деган гап тарқалгандан бери мўйлаби энди сабза ура бошлаган Эсанбойнинг халовати йўқолди. Кечаси билан ухламайди. Қулоғи динг! Ҳар куни отасига “Қачон кўпкарига борамиз?”, деб қичагани-қичаган. Бунинг устига қишлоқ болалари ҳам “Эшагимни кўпкарига сақлаяпман, бугун пойгага солмайман”, деб Эсанбойнинг ичини қиздиради.
— Бачалар тўғри айтибди, сен ҳам эшагингга бироз дам бер, — деди ота аслида ўғлининг бироз дам олишини истаб.
Эсанбой отаси айтгандай эшагига ҳар куни эрталаб бир ҳовуч арпа бериб, одамларнинг Қизқўрғонга энишини пойлаб, кунни кеч қилиб юрди.
Якшанба куни тонгданоқ қишлоқ аҳли Қизқўрғон томонга селдай оқа бошлади. Машина, от-улов, пиёдалар, салласини кувала-кувала қилиб ўраган бобойларни айтмайсизми. Шундай кунда ким уйда ўтиради, дейсиз.
Эсанбойнинг куни туғди. Саҳармардондан ҳозирлик кўра бошлади — отаси бир пайтлар кўпкари чопганида киядиган жанда кулоҳни қаердандир топиб чиқди. Қулоқчинни бостириб, пахтали шим балан фуфайканинг устидан бир қулоч арқонни сирмади. Оғзи қулоғида.
Ўғлининг ҳаракатларидан Тешабойнинг ғазаби қўзиди. Ори келди. Уриб қайтара олмаслигига кўзи етиб, ялинишга ўтди.
— Жон болам, борма, қайт, янаги сафар иккаламиз бирга борамиз, — деди йўлини тўсиб.
— Бораман, чавандозларни кўраман, ҳаммасидан ўзаман, барибир бораман.
Тешабой чуқур “уҳ” тортиб, яккаю ёлғизи, кўзининг нури-дийдаси — Эсанбойнинг ортидан маҳтал бўлиб, қараб қолди.

* * *

Нортожи мертик белини авайлаб, пешингача зўрға уйда ўтирди. Кўпкари томошасига ҳам бора олмади. Кўнгли сезган экан! Тешабой билан гурунглашиб қайтарман, деб оқсоқлана-оқсоқлана қўшнисининг дарвозасидан бош суқди. У бостирма остида мол-ҳолини саранжомлаб юрган экан. Салом-аликдан сўнг, айвондаги ёғоч чорпояга ўтишди. Шу пайт ташқаридан эшак туёғининг овози эшитилди. Тешабой қаддини тиклаб, дарвоза томонга қаради.
— Ота, — деди Эсанбой бор овозда, оқ бўхчани бағрига босганича эшагидан сакраб тушаркан, — мен ютдим, эшагим машинадан ҳам ўзди, отдан ҳам ўзди.
Эсанбой олиб келган совринини отасига тезроқ кўрсатиш учун оқ қийиқчанинг тугунини шошиб еча бошлади. Тугундаги елим халтадан улоқнинг калла-пойчаси кўриниб турарди. Орага жимлик тушди. Эсанбой тилини чаппа тишлаган улоқнинг калласини олиб, силтаб-силтаб қичқирди:
— Мана менинг совриним! Мана менинг совриним!
— Буни ким берди?! — деди Тешабой деярли оғзидан тупуги сачрагудек чинқириб.
Эсанбой қўрқиб кетди. Калтак емаслик учун иккала қўли билан бошини беркитди.
— Жани бакавул…
— Ҳа, оначасини… ака, — деди Тешабой чорпояга ҳали ўтириб улгурмаган Нортожининг елкасига ёпишиб. —Қораёлни кўпкарига солмаганмидингиз?
— Йўқ, уйда, жиянинг Тошкентдан етиб келолмади.
— Илтимос, менга беринг, мен шу энағарларга соврин қандай бўлишини кўрсатиб қўяй, — деди Нортожининг елкасидан тутганича титраб.
— Тешабой ука, ўзингни бос! — Нортожи уни бағрига босиб тинчлантирмоқчи бўлди.
— Акажон, бир акалик қилинг, йўқ деманг, бу нима кўргилик-а?! — деди Тешабой чўзиб, елкаси оша ўғли томон ишора қиларкан.
Эсанбой яна улоқнинг калла-пойчасини силтаб диконглашга тушганди…
— Мана менинг совриним! Мана менинг совриним!
Тешабойнинг хўрлиги келиб, кўчага отилди. Нортожи унинг ортидан чопиб эргашолмади. Зум ўтмай, Тешабойни Қораёлнинг белида кўрди. Тешабой овози борича ўкириб борар, шамол унинг зорини узоқ-узоқларга етказарди: “Ё, худоё! Ўзинг мадад бер, шу боламга ўзинг шифо бер! Шарманда қилма, художон!..”.
У узангига бор кучи билан оёғини тираб, эгардан қаддини кўтарганида юзини қуюндай учиб бораётган отнинг ёллари силар, вужудига ғойибдан куч ёғиларди. Кўзларидан пориллаб оқаётган ёшни шамол белгисиз томонларга олиб кетар, ҳатто кўз ёшининг муздай томчилари қулоқларининг ичига ҳам сизиб кирганди.
Унинг ўкириги Қизқўрғон томондан келаётган чавондозларнинг ҳайё-ҳуйтига қўшилиб кетди.