Ўктам Мирзаёр. Совға (ҳикоя)

1

Икки букланган лўлаболишга ёнбошлаган кўйи бир лаҳза хаёлга  берилган Бардамқулнинг маънисиз нигоҳи хотинининг шарбати сўрилган ҳусайнидек буришган бармоқларига тушиб, тўхтаб қолди. Ҳар икки куннинг бирида болаларнинг кирини  чангаллайвериб оқем бўлган бармоқлар пиёлани қимтинибгина тутиб турарди.
“Ўл-а, хотинни абгор қипсан-ку” деган ички нидо қулоқлари остида жаранглагандай бўлди. Қаддини чаққон ростлаб, дарҳол пиёлани олди.
Бардамқул ёши элликдан ошган, ғўлабирдай,  оқ-сариқдан келган  паст бўйли, саводи эл қатори, орзу- ҳавасли одам. Катта идоранинг кичкинагина бўлими бошлиғи. Ёши ўтиб, тўлишгани боис  чаққон ҳаракатлари кулгили туюлади.
— Ишларинг яхшими? — деди Бардамқул   меҳри ийиб.
— Тинчликми, ҳол сўраб қопсиз? — деди хотини ҳам  ўсмоқчилаб.
— Йўқ, ўзим, — деди эр чойини бир ҳўплаб, пиёлани хонтахта устига қўяркан,—шунчаки ўзим. Нима, ҳол сўраб ҳам бўлмайдими? Сўрамасам, сўрамади, дейсан, сўрасам яна бир бало… Энди шу кир-пирларингни келинга ювдирсанг ҳам бўлаверарди. Ўргансин. Ўзингни чарчатиб қўйма, дейман-да, хотин.
— Хайрият-э, бунчаям меҳрибон бўлмасангиз, нима гап, айтаверинг?
Бардамқул юрагига тугиб юрган орзу-ҳавасини шу дам хотинига айтмоқчи бўлдию, ҳали  ўзи бирор қарорга келмагани учун гапни айлантирди.
— Йўқ-йўқ, ўзим шундай…
— Ўларсиз, нияти бузуқ.
— Нима, ўзингни чарчатма, соғлиғингни асра, десам ёмонми?  Икки куннинг бирида кир, хамир… ярим кечагача ивирсиб юрасан. Тўшакка киришинг билан чарчадим, деб гум-гурс ётганинг-ётган. Бундай, ўзингни ҳам асра, дейман-да. Мана, келининг ҳам балодай ёнингга кириб қолди.
— Биласиз, рўзғор катта, адаси,  қуда-андали бўлганимизда тўзиб ўтирсак яхшими?
— Орасталикка-ку  нима етсин, хотин, майли, жонингга тўзим берсин, яхши бўлиб қолар…. Шунча бўлди, хўжа бўлди.

2

Оқшом дастурхон бўйида ўғли билан ёлғиз қолган Бардамқул  кўнглини очди:
— Латифбой, онанг билан келинимга битта зўр кирмошин оберсам, нима дейсан? Сабил, рўзғорнинг тўрва халтаси  ҳам кўпайиб боряпти.
Латифбой Бардамқулнинг тўнғичи. Уйланганидан бери уйим-жойим, дейдиган бўлиб қолган. Уддабурон йигит. Оила хўжалигини бутунлай қўлга олишга ҳаракат қилади. Фармонбардорликка мойил. Унинг ҳаракатларидан  ота ич-ичидан мамнун бўлса-да,  жиловни бутунлай бериб қўйгиси йўқ. Ҳали эрта.
— Йўғ-эй,  сизга шундай кўринаётгандир-да ота, ҳеч ортиқча ҳаракат қилишаётгани йўқ. Менга қолса, аёл кишининг иши кўп бўлгани яхши. Бўш қолса ё ғийбат, ё ғурбат кўпаяди.
— Ўғлим, шу фикрлар  ўзингдан чиқяптими? Онангни авайласак нимаси ёмон? Бечоранинг қўлига қара, нақ косов-а! Ҳадемай келиннинг ҳам аҳволи шу бўлади. Имконият борида шароит яратиб берайлик-да! Сендан пул сўраётганим йўқ-ку!
— Жуда оқкўнгил одамсиз-да, ота!  Мана мени айтди, дерсиз, ҳали шу айбингиз сизга кўп панд беради! Биламан, онамга ачиняпсиз. Лекин аёлларнинг рўзғорда қиладиган ўз юмушлари бор. Қилсин, тикиш тиксин, кир ювсин, хамир қориб, нон ёпсин, қозон-товоқ, дегандай…  Аёл  аёллигини қилсин. Бекордан Худо безор. Кўп эрк бериб юборсангиз бошга чиқиб олади.
— Оббо! — деди ота ўғилнинг кескин гапларидан оғриниб, — менга қара, оқкўнгиллик қачондан бери айб саналиб қолди? Кимдан таълим оляпсан ўзи? Ҳамма бало сенларнинг  китоб ўқимаётганларингда. Ўзинг ҳам шу палағда фаросатинг билан ҳали кўп панд ейсан. Одам отасига ҳам шундай дейдими? Гап деганни бундай ўйлаб гапиради-да,  ўғлим, мен  фарзандим бўй тортиб,  қанотимга кирди, деб қувониб юрсам….
Латиф отасини хафа қилиб қўйганини англаб, яна қовун тушуриб қўймаслик учун гапни калта қилди.
— Кечирасиз, — деди юввош тортиб, — ортиқча маблағингиз бўлса, менга беринг, демоқчи эдим-да! Оборотга қўшардим. Фойдасидан уй харажатларини тўлаб бораман. Пулингиз ҳам  бус-бутун туради.
Бардамқул эндигина ҳаёт измига тушиб бораётган ўғлидан  шундай қаримсиқ фикрларни эшитаман, деб ўйламаганди. Азбаройи ранжиганидан мум тишлаб олди.

3

Меҳнат таътилининг ҳисоб-китоби туфайли Бардамқулнинг ҳамёнида анчагина маблағ йиғилиб қолди. Картошка пули, моддий ёрдам,  мукофот пуллари қўшилиб унинг белини куйдира бошлади.  Салкам бир миллион сўм-а! Нима қилса экан? Худога шукр, тўйнинг харажатларидан қутилганига анча бўлди. Рўзғор харажатларининг ўз ўрни бор. Ўғлининг топгани ярим рўзғорни кўтаряпти. Буёғи мол-ҳол, дегандай…. Хуллас, шундай бир иш қилиш керакки, рўзғор бут, хотин ҳам хурсанд бўлсин. Ошиқча уринмасин. Бу ўлар дунёда одамга ўхшаб яшасин-да! Тамом,  телевизорда тинимсиз кўз-кўз қилинаётган  ўзи ювиб, ўзи қуритадиган  кирмошинанинг зўридан хотини билан келинига битта олиб беради…

4

Бардамқул савдо марказидаги дўконларни кечгача  айланди. Охири қадди хивичдай, қошига алам билан қалам  тортилган сотувчи қизнинг даъватига ён берди. Кафолати уч йил, олиб бориб бериши, ўрнатиши текин бўлган бундан бошқа жойни тополмаслигига амин бўлди. Олти юзи эллик минг сўмни санаб, кассага топширдию бир парча  паттани ён чўнтагига солиб, уйига равона бўлди. Мана буни суюнтириш, деса арзийди. Узоғи билан эртага кечгача ўзи ювиб, ўзи қуритадиган “ВЕКО” русумли кир ювиш машинаси Бардамқулнинг суюкли хотини Марҳаматойнинг ҳукмига қойим бўлиб туради.
Марҳамат анча қийинчилик кўриб вояга етганига қарамай қиличдай аёл. Турмуш қуриб, суяги тинчиди. Меҳнаткаш. Аммоси шуки, калта ўй. Кейинги пайтда рўмолини дакана ўраб, сал нарсага жизғанаги чиқадиган бўлиб қолган…
Бардамқул уйига қайтгач, сир бой бермай телевизор томоша қилиб ўтираверди. Куйманиб юрган хотинининг эртага кирювар машинани олиб келишганида қанчалик хурсанд бўлишини тасаввур қилиб, ҳар замонда илжайиб қўяди.
Хотини билан келини бир суюнсин.
Кир-пирларини шундай ювғидонга ташлайди-да, мурватни бурайди, тамом. Машинанинг ўзи қувурдан сув олади, ўзи  керакли даражада иситади, ўзи махсус қутичадан кирсодани олиб, кийим-кечакни ивитади ва бир соат мобайнида эзғилаб ювиб, уч марта совуқ сувга чайиб, қуритиб беради. Ана —  тараққиёт! Бардамқулнинг хотини  ҳам яйрасин-да! Бечоранинг  қўли қўлига тегмайди. Сочи—супурги, қўли—касов. Бу туришда элликка бормай кампир бўлади-қўяди.
Насиб бўлса, Бардамқул хокисор, меҳнаткаш хотинини  меҳнатнинг остида қаритмайди. Ҳурматини жойига қўяди. Тўғри-да, имкониятинг борми, шароит ярат. Рўзғорни обод қил. Фаровонлик  хонадондан бошланади.

5

Сотувчи қиз танти чиқди. Ваъда қилинганидек, эртаси куни соат  ўн бирларда кир машинани кўтариб икки нафар барваста йигит кириб келди.
— Бардамқул аканинг уйлари шуми?
Жавобни ҳам кутмай  қутини ҳовлига олиб киришди.  Марҳамат уларнинг истиқболига пешвоз чиқди.
— Кимсизлар?.. Бу нима? Эбий, кирмошинами?— у орқасида эшик қулочкашлаб талтайиб турган эрига саволомуз  юзланди.
— Ҳа, кирмошина ойиси, сен билан келинимга совға.
Бардамқул эгнига тўнини илиб, унга эргашди.
Бардамқулнинг ҳовлиси унча катта бўлмаса ҳам ҳамма нарса бадастир. Ҳовлининг айланасига —  икки хўжаликка мўлжаллаб солинган олтита хонанинг ҳаммаси банд. Кўздан паналатиб солинган ҳаммомнинг бор-йўқлигини дафъатан кирган одам билмайди.
Эр-хотиннинг савол-жавоби тугамасидан йигитлар “ВЕКО”нинг устидаги елим ғилофни чаққонлик билан йиртиб, ўрнатиладиган жойни сўрашди.
— Вой, ишингиз қурсин, — деди хотин норизогина бош чайқаб, бир оғиз сўрамабсиз-да. Қимматга ўхшайди?
— Пулига ишинг бўлмасин, хотин, жойини кўрсат. Ҳаммомнинг даҳлизи кенгроқ, шу жой маъқулми, дейман. Сувга яқинроқ  бўлсин…
Марҳамат йигитларни ортидан эргаштириб, ҳам¬мом томон бошлади.
Уста—уста-да! Ҳаш-паш дегунча алламбало ускуна¬лари  билан қувурни тешиб, машинанинг шлангини улади,  бир зумда чиқинди сув шлангини ҳам ҳаммом¬нинг  қувурига тиркашди.
— Кенайи,  кир-пирларингизни олиб келинг, вақтимиз зиқ. Қандай фойдаланишни кўрсатамизу кетамиз. Яна борадиган жойларимиз кўп, бўлақолинг, — деб шоширди улардан бири.
Марҳамат болаларининг бир қучоқ кир кийимини олиб чиқди. Йигитлар уларни турига қараб саралади. Пахтадан тўқилганларни бир тараф, сунъий толадан тўқилганини бир томонга тўплаб,  тушунтирди. Улардан бири кийимларни ювғидонга ташлаб, мурватларни бураб турди. Иккинчиси унинг ҳаракатларини шарҳлади.
— Кенайи, яхшилаб билиб олинг, пахтадан тўқилган кийимлар учун мана бу мурватни мана бу жойга келтирасиз. Мана бу 90 сони ҳароратни билдиради. Истагингизга қараб 40-60-90 градусгача қўйишингиз мумкин. Мана бу қутичага кир содасини соласиз. Иложи борича сифатлироғидан фойдаланинг. Мана бу ойнача остидаги мурватни боссангиз кирни қуритиш учун буюртма берган бўласиз. Истагингизга қараб, кирни чала, бутунлай қуритиш мумкин. Чала қуритилса дазмоллашга осон бўлади. Хуллас, ихтиёр сизда. Мана бу мурват эса, кирни ярим соат, бир соат ва ҳатто вақтингизга қараб буюртма берсангиз ишдан қайтиб келгунингизча ўзи ювиб, ўзи қуритиб қўяди. Хуллас, ихтиёр ўзингизда. Қилган харидингиз учун миннатдорчилик билдирамиз. Саволларингиз бўлса марҳамат.  Ҳа,    дарвоқе, сув-пув қуймайсиз. Ўзи  керагича сув олади, керагича иситади. Чиқинди сувни ўзи чиқазиб ташлайди. Саволлар борми?
Қаршисидаги йигитларнинг  тўтидай сайраши  Марҳаматни гангитди. Рўмолини ечиб яна қайтадан ўради. Ўзини бегона жойда тургандек ҳис қилиб, нима дейишини ҳам, нима қиларини ҳам билмай атрофга ҳангу манг термулди. Бўсағада иршайиб турган эри гап қўшди:
— Мўъжиза-а? Ҳақиқий мўъжиза! Мана, энди кир ювавериб бармоқларинг ҳам чарчамайди. Белинг ҳам толмайди. Қолганини ўзим тушунтираман, раҳмат йигитлар, барака топинглар.
Йигитлар лаш-лушини йиғиштириб жўнашди.
— Мана буни тараққиёт деса бўлади. Бугундан бошлаб оиламизда фаровонлик сари бир қадам қўйилди. Энди олға!—деди Бардамқул машинанинг олдида  ҳамон  лол турган хотинининг белидан чимчилаб.
— Ўларсиз, шунақа бузуқ хаёлга бориб, мени аяётганмидингиз? Нарироқ туринг-эй! Болалар кўриб қолади! Ишчиларга хизмат ҳақини бермадингиз-ку!
— Пули тўланган, ойиси, ҳаммасининг пули тўланган, — деди Бардамқул қувончдан  боладай тантиғланиб, чимчилаш учун хотини томонга яна қўлини  чўзиб….
— Башарангиз қурмасин, ҳа айтгандай, неча пулга олдингиз бу матоҳни…
Улар кирювар машина атрофида уймалашиб бир соат деганда тўртта кийимни ювишди. Аниқроғи, машина¬нинг ўзи ювди. Ҳақиқатан ҳам ўзи сув олди, иситди, кир содани қутисидан сўриб олиб, кирни ивитди, ювди, чайди, қуритди. Улар эса фақат  томоша қилиб ўтиришди.
— Вой, ордона қолсин, ўзи алламбало нарса экану, бир соатдан бери ювган кири шу бўлдими? Одам бунингизнинг атрофида ивирсиб, кир ювгандай ҳам бўлмас экан, — деди хотини тоза кийимларнинг бирини олиб, кўздан кечирар экан, —  терлаб-пишиб, ғарсса-ғарсса кир ювганимга нима етсин. Бир соат ичида  дунёнинг  кирини ювардим… Айтганча, неча пулга олдингиз?
Хотинининг тушкун кайфиятини   кўриб Бардамқул ҳам талмовсирай бошлади. Ҳақиқатан ҳам хотини ҳақ. Бир соатдан бери  тўртта кийим ювилди.  Қўлланмасида  ювғидонга солинадиган кирнинг оғирлиги беш килодан ошмасин, дейилган-да.
— Нима бало, кармисиз ҳой киши, неча пулга олдингиз бу матоҳни деяпман?
Хотинининг овози йўғонлашаётганини кўрган Бардамқул жанжал бошланишини сезиб, саросимага тушди. Энди  оқшомгача бобиллаб юради. Уни тинчит¬моқчи бўлди.
— Хотинжон, сенга  ёрдам бўлар, девдим-да, бар¬моқ¬ларингга қара…
— Бармоғимга нима қипти? Нима, тирноғимни бўяб, лабимга лолоп суртиб, юзимга упа уриб, биқи¬нингизда қилпиллаб туришимни хоҳлаган¬мидингиз? Ҳадемай неварали бўладиган чолнинг аҳволини қаранг. Ниятингиз бузилиб юрганини сезувдим-а! Айтинг, неча пулга олдин¬гиз?!
— Олти юзга олдим. Олиб келиб бериши, ўрнатиши текин…
— Вой ўлмасам, —  хотин бошини чангаллаб, шанғиллаганича ҳовлига деярли отилиб чиқди.
Шу пайтда Латифбой хотини билан  хушчақчақ, туртишиб дарвозадан кириб келаётувди. Онасининг аҳволини кўриб, қўрқиб кетишди. Марҳамат уларга қараб ҳаволанди:
— Вой ўлай, отанг жинни бўлиб қолибди. Қилган ишига қара!
Латифбой  онаси ишора қилган ҳаммом эшигини қия очиб, ботинолмай  мўралади. Ичкарида кир машина¬га мажолсиз суяниб турган отасининг аҳволини кўриб гап нимадалигини англади ва қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди.
— Ҳорманг ота, мен нима дегандим? Раҳмати насия бўлдими?
Шу дам Бардамқул қўлига тушган нарсани  олиб, ўғли томонга отишга чоғланди, аммо олган нарсаси аёлларнинг буюмилигини кўриб, тескари ўгирилди.
— Менга қара, ўғлим, ҳалиям бўлса  қайтариб беринглар, — деди  онаси ростакамига беҳаловат бўлиб, ёлворгансимон, — ўлиб қоламан. Олти юз минг сўм-а! Вой,  одам бўлмай кетинг! Шунча пулга олган матоҳингиз қурсин! Бир соатда тўртта кир ювди-я! Пулингиз бор экан, бир оғиз сўрамайсизми? Кечагина  қайнингиз тўйга қарз сўраб келувди. Поччангда пул йўқ, сўрама,  деб қайтарипман! Укам шўрлик эшитса, нима деган одам бўламан? Жилла қурса жондай синглингизга уч юз-тўрт юз мингини  бериб турсангиз бўлмасмиди, шўрлик, қизини чиқаролмай ўтирибди. Бу машинада оқбилак хонимчалар кирини юваверсин…. Ёлингиз оқарсаям одам бўлмапсиз-а!..
Тишини тишига қўйиб ўзини базўр босиб турган Бардамқулга суюкли хотинининг  сўнгги ибораси қаттиқ ботиб, безовта бўла бошлади. Аммо яна ўзини босди.
— Вой, ойижон, нимаси ёмон? Менинг орзуйим-ку бу, — деди келини Барнохон Латифнинг  қўлтиғидан чиқиб, қип-қизил, баданига ёпишиб турган тор шимининг пойчасини кўтариб,  ҳаяжон ва қизиқиш билан кирювар машина ёнига бориб тиз чўкаркан. Тиз чўкканида  кастюми калталигидан унинг орқа бели очилиб қолди.
— Ҳой, ҳой, нималар деяпсиз келинпошша? Туринг ўрнингиздан, ёқиб қолган бўлса, ана ойингиз олиб берсин. Чарларда бир қучоқ гул кўтариб, саланглаб кириб келмасдан шунақа нарсаларни олиб келсин эди… “Орзуйим” эмиш, “орзуйим” эмиш…—лабини буриб келинини  масхара қилди Марҳамат кесатиб, — ўргилдим, кўнгилнинг кўчасидан…
Шу пайт унинг кўзи келинининг белига тушди.
— Менга қара, ҳой яшшамагур, думи юлинган товуққа ўхшаб қақақламасдан уятингни ёп, — сўнг  илкис ўғлига қаради, — бунақа ярим ялонғоч кийинма, десанг тилинг кесиладими?  ,,,— Уят борми ўзи сенларда? Буйрагинг шамоллаб, пуштинг совиб кетади, ярамас! Юрасан, кейин рамақижон бўлиб.
— Ҳой, ҳой…, — ҳимояга ўтди Бардамқул, — буларда нима айб?
— Ойи, нима бўлди сизга, хафа бўладиям, демай¬сиз… — Латифнинг  гапи  бўғзида қолди.
Барно калта кастюмининг этакларини тортқилаб эрининг ортига ўтиб пиққиллай бошлади.
— Ҳа, жинни бўлдим, жинни бўлдим,  шундай десам кўнгилларинг тўладими? Мени ақлдан оздирган мана шу отанг бўлди, — деди онаси табора зориллаб.
— Нега ундай дейсан, хотин?
— Бўлди, бас қилинг пиққиллашни, ёқмаса ана катта кўча…Бундан кейин менинг олдимда гапга суқил¬манг, билдингизми ойимча?! — деди Марҳамат ҳамон ҳовридан  тушмай келини томон қўлини пахса қилиб.
Иззат-нафси поймол бўлган келин кафтлари билан юзини бекитиб, ўкраб,  уйига кириб кетди. Унинг ортидан Латиф эргашди.
Бардамқул машмашанинг янада газак олишидан, бўлиб ўтаётган ҳангомадан қўни-қўшнилар хабар топиб қолса, шарманда бўлишидан чўчиб, хотинининг ҳов¬рини туши¬риш учун қўлтиғидан олиб ёғоч каравот томон судради:
— Менга қара, ойиси, ҳаддингдан ошма, келин бечорада нима айб?!
— Нима айб?! Кўрмаяпсизми? Кувичасини лиққиллатиб, яримялонғоч юришини, мен гапирганда сиз жи-и-м ўтирсин, мен қора деган нарсани оқ, деб турмасин. Эртага яна бир нима дейди, индинга қарабсизки, ҳисоблашмай қўяди. Сиз жим ўтиринг, хўпми! Шу баҳонада келинингизни босиб оламан.
— Шунча одамни босганинг етмайдими, хотин? Қўни-қўшнилар эшитса шарманда бўламиз-ку! Уялмай¬санми?!
Шу пайт дарвозахона томондан аёл кишининг “ихи, ихи”, деган товуши эшитилди. Унинг кимлиги маълум бўлмасдан ҳалигина ичкарига йиғлаб кириб кетган келин  каттагина сумкасини елкасига осиб, орқасидан  эргашиб келаётган  эри Латифбойга ўзича бир нималар деб  пўнғиллаб, дарвоза томонга интилди. Унинг фақат  “орқамдан бориб овора бўлманг, елкамнинг чуқури кўрсин  бу ҳовлини”, дегани қулоққа чалинди, холос. Бардамқул “Аввал шарманда бўлмасам ҳам, энди шарманда бўлдим”,  деб бошини чангаллаганича қайтиб ҳаммомга қочиб кирди. Келин дарвозахонада турган қўшни аёлга урилиб тўхтади.
Марҳамат унинг ёнида ким турганига ҳам аҳамият бермай дам келинига, дам ўғлига ўшқиришда давом этди:
— Ҳой, ҳой, йўл бўлсин, биратўла кўрпа- тўшагингни ҳам олиб кет. Елкангнинг чуқури тўлади. Қайтиб келмас эмиш-а, келасан, келмай кўр-чи?! Сўнг  яна ўғлига юзланди: — ҳа, сизга йўл бўлсин, куёвтўра?! Қорасоч¬мўлланг асал ялатганми, дейман, ўт бу ёққа-эй, бунча… —  у  энди икки қўлини биқинига тираб дарвоза ёнида келинининг билагидан ушлаб нима қиларини билмай турган қўшнисига ташланди: —  Ҳа, Қуқубону, гап тергани келдингизми? Келинг, келинг, мана сизга қанча гап керак бўлса етиб ортади, териб олинг, “ту-ту-ту-ту”….
Қуқубону башаранг қурсин, дегандек қўлини силтаб қайтиб чиқиб кетмоқчи бўлганида ортидан  кириб келаётган маҳалла хотин-қизлари раиси  Маъмура опага урилиб  кетди.
— Ҳа, Марҳаматхон, сизни жин чалдими? Бутун маҳаллага томоша кўрсатяпсиз. Бунча бўғиласиз?
Шу пайт ҳаммом томондан “гурс” этиб ниманингдир ағанагани эшитилди.  Хотинига етиб олиб ҳалидан бери уни юпатишга уринаётган Латифбойнинг қулоғи динг бўлди. У  ҳаммомга деярли чопиб кирди. Ҳамманинг эътибори шу томонга қаради. Ичкаридан Латифнинг “Ота, отажон, ҳозир, ҳозир”, деган хавотирли товуши эшитилди. Келин сумкасини ташлаб  ёрдамга шошилди. Ҳаммом эшиги очилиб отасининг қўлтиғидан судраб чиқаётган Латифнинг орқа тарафи кўринди. Марҳамат, келини, Қуқубону унинг ёнига чопиб бориб, Бардамқулнинг оёғидан кўтариб, уйга олиб кира бошлашди. Маҳалла хотин-қизлари раисаси эса дарҳол  қўйнидан қўл телефонини чиқариб, “Тез ёрдам”га шошиб қўнғироқ қила бошлади. Шошганидан гаплари адашиб кетди шўрликнинг: “Ало, ало, тез ёрдам қилинг, хотин-қизларданман, ҳа, ҳа, оғир, касал. Оғир, юрак… ҳушидан кетган… адресми? Итолмас кўчаси, 98, фамилияси  Эсанов  Бардамқул,  50 ёшда…”
Эрини кўтаришиб бораётган Марҳамат ортига бошини буриб:
— “49”да, “49”да, — деди.
— “49”дами, “50” дами, энди бари бир, шундай эрни расво қилдинг, тилинг кесулгур, — деди Қуқубону ёнида эрининг бир оёғидан кўтариб бораётган Марҳаматга зарда қилиб.
Улар Бардамқулни ичкарига олиб кириб тўшакка ётқизишди.
Бардамқул кўксини чангаллаган кўйи тинимсиз ихрарди. Марҳамат унинг юзига сув сепди. Келин  қутичадан валидол топиб,  беморнинг оғзига тиқди.
— Мени тинч қўйинглар, — деди Бардамқул норизо қўл силтаб, зўрға.
Бардамқулнинг аҳволини кўрган хотини қўрқа-писа унинг  бошига энгашди.
— Адажониси, мени қўрқитманг, ўзингизни қўлга олинг. Майли, бўлар иш бўлди, мен розиман, — деди Марҳамат  дағал бармоқлари билан эрининг  боши аралаш юзини силаркан.
Бардамқул ич-ичидан тўлқинланиб-тўлқинланиб келаётган дардни ютди. Кўзига қуйилган ёшни кўрсатмаслик учун девор томонга  бош буриб,  “кет” дегандек яна қўлини силтади.
“Тез ёрдам” машинаси  зум ўтмай етиб келди.  Дўхтирнинг айтишича, асаб бузилиши оқибатида қон томир кескин қисқариб  юракда санчиқ пайдо бўлибди. Ҳалиям Худо, деган одам экан, калта қайтибди. Бўлмаса нақд  инфаркт ҳолати содир бўлган экан.
Тинчлантирувчи муолажадан сўнг, зум ўтмай Бардамқулни уйқу тортди. Латифбой хонадагиларга  “чиқинглар” дегандек имо қилди.
Хотин-қизлар раисаси, Қуқубону, қайнона билан келин  оёқ учида чиқиб кетишди.
Қуқубону супада сочилиб ётган кир машинанинг қутиси ва елим қопламаларнинг ёнидан ҳайрон бўлиб айланиб ўтиб, Марҳаматга саволомуз юзланди.  Унинг кетидан бораётган раиса ҳам  ёнига “ВЕКО” деб ёзилган қутига  синчиклаб қаради.
Ҳамма бало шуни деб бошланди, — деди йиғламсираб Марҳамат енги билан кўз ёшини артаркан, — қизишиб, шунча пуллик нарсани бекор олибсиз, — дебман-да. Гапга  гап уланиб, бошимга шунча балони орттириб олдим….
— Эй, ҳа, — деди раиса, —  бечора эр хотинини аяб шундай кирмошина олиб берсаю сиз ноз қилдингизми? Шўрликни адо қилдингиз-ку! Шарманда, шарманда! Одамлар эрга ёлчимай юрибди…
Бу билан у Қуқубонуга шаъма қилдими, ё ўзини назарда тутдими, ҳар ҳолда  шу гапини чин дилдан  айтди.
— Қайдан билай, опажон, — деди ҳамон пиқиллаб Марҳамат.
— Одамнинг заҳри илонникидан ёмон, дейишади, — деди раиса жиддий, — яна шундай тўполон қиладиган бўлсангиз масалангизни маҳалла муҳокамсига қўяман. Мен билан ҳазиллашманг, хўпми? Нима еб, нима ичаётганингизгача биламан, ҳа…  Ҳамманики иккита бўлса менинг кўзим тўртта, билдингизми? Раҳбарман-а?!
— Чақиб олган-да! Бир чақса ёмон чақади бу… бу..! — давомини айта олмади Қуқубону ҳам ҳимоячи топилганидан руҳланиб, Марҳаматдан аламини олиш учун.
— Товба қилдим опа, мановингизга айтиб қўйинг кўча-куйда вайсаб юрмасин…
Латиф отаси ётган уй деразасидан бошини чиқариб нарироқ кетинглар, дегандек онасига имо қилди. Марҳамат қўшниларини   кир машина томонга  бошлади.
— Мана қаранг, қандай ғамхўрлар-а, — деди ўуқубону гуё бир нарсани тушунадигандек пилдираб бориб, машина мурватларидаги ёзувларга  кўзини қисиб бир-бир тикиларкан.
Ҳол сўраб чиққан уч-тўрт аёл ҳам уларга келиб қўшилди. Бардамқул қолиб машинанинг тарифи қизиди. Марҳамат уларга машинанинг кир ювишини тушунтира бошлади…
Элакка чиққан хотиннинг эллик оғиз гапи бор, деганлари рост экан. Улар тарқалишганда шом туша бошлаган эди. Бу орада Бардамқул уйқудан анча тетикланиб турди. Ҳар хил хаёлларга бориб ўтирган Латифбой ўзича отасига меҳрибонлик қилди. Энди хонаки кийимларни кийиб олиб, зиппиллаб уй ишларини қилиб юрган хотинига ҳозироқ қайноқ чой, кечки  таомга тузукроқ дастурхон тузаб, тугуноши қилишни тайинлади. Бардамқул ҳаммадан хафа бўлгандек қовоғини солиб, хомуш аҳволда, ҳеч кимга эътибор қилмай, ёнбошлаган кўйи ёнидаги овозкўтаргични олиб   телевизорнинг овозини  баландлатди…
Бўлиб ўтган воқеанинг ҳаммаси  эрталаб  унут бўлди. Бардамқул ишга отланаётганди. Ичкаридан Марҳаматой  кеча кир машинада ювиб, дазмоллаган  оппоқ куйлакни олиб  эрига узатди.
Марҳаматнинг юзидаги сирли табассум Бардам¬қулга ҳам кўчди…