Поезд манзилга эрталаб соат бешлар чамасида етиб келди. Воҳид уйқули кўзларини арта-арта перронга чиққанида, тонг нафаси сезилиб қолган, лекин рўпарадаги чорбоғнинг ичи ҳалиям қоронғи, у ер-бу ерда лампочкалар чаракдаб турарди.
Ҳаво салқин эди. Димоққа атиргул ҳиди урар, гўё рўпарадаги боғда мевали дарахтлар гулламоқда эди.
Воҳид зинапоядан тушаётиб бир зум тўхтади, тоғдан эсаётган енгил шабадага юзини бериб бир нафас турди ва беихтиёр жилмайди: борлиқни тўлдирган гул ҳиди, пастдаги боғдан эмас, қаердандир олисдан, афтидан, тоғ этагидаги ўзининг қишлоғидан келарди. Ҳар йили шу маҳалда у ерда чиллаки ўрик ва бодом гулларди.
Вокзалнинг ўнг қанотидаги такси тўхтайдиган жойда битта ҳам енгил машина кўринмас, поезддан тушган йўловчилар билан автобус одамга тўлган эди.
Воҳид такси келгунча боғ теварагида айланиб юрмоқчи бўлиб пастга туша бошлади-ю, тўсатдан совуқдан эти жунжиб, вужудини титроқ босаётганини сезиб, тўхтади. Кеча уйдан чиқиш олдида Машҳура: «Иссиқроқ кийиниб олинг», деб бир неча марта эслатса ҳам қулоқ солмаган, ҳатто қайта айтганида жеркиб ташлаган эди. Нега?
Буни эслаши билан кўз олдига перрондаги сим-ёғочга суянганча йиғлаб қолган Машҳура келди. Кеча Воҳид бунга эътибор бермаган ва хотинларнинг одатдаги кўз ёши деб ўйлаган эди. Поездга чиққандан кейин эса бу нарса ёдидан ҳам чиқиб кетганди. Лекин ҳозир кетаётганида уни юпатмагани, хаёли онасидан келган ваҳимали телеграммада бўлиб, Машҳура билан совуққина хайрлашиб жўнаб қолгани эсига тушиб, кўнгли негадир хижил тортди. Қизиқ, унинг шунақа ғалати одати бор: Машҳура билан совуқ муомала қилганини, бир сабаб билан кўнглига озор берганларини доим мана шунақа пайтларда, уйидан узоқда бир иш билан бошқа шаҳарларга кетган вақтларида эслайди, баъзан пушаймон бўлади, ҳатто: «Энди бундай қилмайман», деган маънода ўзига-ўзи сўз ҳам беради, лекин қайтганидан кейин бунинг ҳаммаси яна эсидан чиқиб кетади. Лекин бу сафар, уни узатиб қоларкан, Машҳура негадир одатдагидан ҳам ғамгин эди. Воҳид поездга чиқаётганида озғинлигидан бўлса керак, жуда катта кўринган маъюс кўзлари жиққа ёшга тўлиб:
— Кўп турманг, тезроқ қайтинг! — деди-ю, тўсатдан унинг бўйнидан қучоқлаб йиғлаб юборди. Воҳиднинг у билан совуққина хайрлашишига ҳам худди шу кўз ёши сабаб бўлди, чунки ҳомиладор бўлгандан бери Машҳура жуда инжиқлашиб кетган, сал нарсагаёқ кўз ёши тўкаверадиган бўлиб қолганди. Бунинг ҳаммаси сўнгги пайтларда Воҳиднинг ғашига тега бошлаган эди. Лекин ҳозир бу тўғрида ўйларкан, Воҳиднинг хаёлидан: «Ҳар қалай илгари бунчалик эмас эди-ю, нега бундай қилди?» — деган фикр ўтди.
— «Нега бундай қилди? — ўйларди Воҳид ва тўсатдан хаёлига келган фикрдан беихтиёр кулимсиради: — Ҳа-а… Эски дард! Рашк қилган! Розияга рашк қилган!»
Воҳид ўзича яна бир жилмайиб қўйди-да, баттар совқотганини ҳис этиб, вокзалга бурилди.
У Машҳуранинг Розияга рашк қилишини яхши биларди, лекин бу сафар унинг хайрлашаётгандаги кўз ёшларига қарамасдан бу нарса хаёлига ҳам кириб чиқмаган, чунки Розия уни қаттиқ ҳақорат қилганидан бери ўтган бир ярим йил ичида, Воҳид уни аллақачон кўнглидан чиқариб ташлаганди!
Залда одам сийрак эди. Гир айлана қўйилган скамейкаларда беш-ўнта йўловчилар бошларига қопларини қўйиб ухламоқда, тўрдаги бурчакда сочлари тўзғиган лўли хотин уйқу аралаш бола эмизмоқда эди. Газета-журнал сотиладиган киоска берк, ҳаммаёқ сув қуйгандек жимжит, фақат эшигига «дежур» деб ёзиб қўйилган хонадан эркак кишининг телефонда қаттиқ-қаттиқ гаплашаёттан бўғиқ овози эшитилиб турарди.
Залнинг тўридаги қатор эшикларнинг бирига қинғир-қийшиқ ҳарфлар билан «буфет» деб ёзиб қўйилганди. Буфет ҳам берк эди, лекин унга кўзи тушиши билан Воҳид яна Розияни эслади. Бундан бир ярим йил олдин Розия билан алоқани узиб келган куни, тўртинчи январь кечаси, Воҳид шу буфетга кириб, поездга чиқишдан олдин икки стакан лим-лим шампанни бирин-кетин ичиб юборганди. Лекин, ажабо, ўшанда ҳатто шампань ҳам унга таъсир этмаган, кечаси мижжа қоқмасдан вагоннинг тамбурида папирос чекиб тонг оттирган эди! Эсида бор, бир неча марта тамбурнинг қоронғи, мудҳиш ўпқонига тикилиб: «Энди бу ҳаёт нимага керак?» деган фикрни кўнглидан кечирганди…
Ҳозир бунинг ҳаммаси жудаям ғалати, бемаъни, аҳмоқона бир нарса бўлиб кўринади, лекин ўша пайтларда турмуш, келажак кўзига қоронғи бўлиб кўрингани, ажабо, ҳақиқат эди!..
Ҳатто Машҳурага тўсатдан уйланиб олишига ҳам ўша алам, ўша дард сабаб бўлган эди. Рост, улар бирга ўқиб, институтни бирга битирган эдилар. Лекин Воҳид Розия воқеаси содир бўлгунча унга эътибор бермаган, тўғриси, яхши танимас эди. Розия билан алоқани узиб борган кунлари улар бир жойда учрашиб, гаплашиб қолдилар. Машҳура унга жуда мулойим қиз бўлиб кўринди. Эҳтимол, ўша чоғларда Воҳид илиқ, дўстона муомалага муҳтож бўлиб юргани учун бўлса керак, шартта уйланиб қўя қолди.
Ёшлик ғалати бўлар экан. Ўшанда, мана шу буфетнинг ўртасида типпа-тик туриб, бир-икки қадаҳ шампань ичганида, Воҳид кўнглида Розия қолдирган алам ҳеч қачон сўнмас, деб ўйлаганди. Мана, икки йил ўтмасданоқ ҳаммаси эсдан чиқиб кетди! Энди фарзанд кўриш, ота бўлиш арафасида турибди. Агар онасидан телеграмма бориб, бу ерга келишга мажбур бўлмаганида, эҳтимол бунинг ҳаммасини эслаб ҳам ўтирмасди!..
Воҳид аъзойи баданида кучли чарчоқ ҳис этиб, четроқдаги скамейкага ўтирди. Ҳа… телеграмма сабаб бўлмаганда у келмас ҳам эди, албатта. Лекин… «Тез етиб кел, келмасанг чатоқ бўлади!» — деган бундай ваҳимали телеграммага нима сабаб бўлдийкин? Кампирнинг тоби қочиб қолдимикин деса, телеграмма унинг номидан ёзилганди. Бошқа нима сабаб бўлиши мумкин? Ҳа, айтмоқчи, Розия воқеаси рўй берганда ҳам Воҳид онасидан худди мана шундай ваҳимали телеграмма олганди! Тағин қандай фалокат юз бердийкин? Ё акасининг оиласида кўнгилсиз бир воқеа содир бўлдимикин? Ишқилиб тинчлик бўлсин-да!
Воҳид ўрнидан туриб кетди…
Тонг отган, чироқлар ўчган, ўчмаганлари нурсиз хира нуқталарга айланган, лекин атрофни аллақандай енгил оқиш туман чулғаб олган, боғлар, уйлар гўё ҳарир тўр парда орасида қолганга ўхшарди. Олисдаги тоғларнинг тепасига, худди биров бўёқ чаплагандек, нафис пуштиранг чизиқлар билан қопланганди.
Такси тўхтайдиган жойда энди автобус ҳам кўринмас, оғиз-бурнини рўмол билан ўраб олган бир хотин ҳаммаёқни чангга белаб кўча супурмоқда эди.
Воҳид орқага қайтиш-қайтмаслигини билмасдан ҳайрон бўлиб турганида, қанотлари майишиб қолган пачоқ бир победа пастдаги боғ орқасидан «ғиз этиб чиқди-да, рўпарасига келиб тўхтади. Қирқ беш-эллик ёшлар чамасидаги олифтанамо, ингичка мўйлов қўйган шофёр «Шакар булоқ» сўзини эшитганида олдин бо-шини чайқаб «боролмайман, машина йўлда қолиб кетади» деди-ю, бир оз ўйланиб тургандан сўнг:
— Ҳай, майли, юз сўлкавой берасиз, олиб бориб қўямиз, акажон! — деб кулимсиради.
— Йигирма чақирим жойга-я! — деди Воҳид.
— Йигирма эмас, қирқ чақирим денг, у ёқдан қуруқ аравани шалдиратгандай қилиб бўш қайтамиз-у, акаси айлансин! — деди шофёр гўё: «Шу савлатинг билан беш-ўн сўмнинг юзига бориб ўтирибсанми?» деган маънода Воҳидга бошдан-оёқ разм солиб, яна кулимсиради.
Воҳид қўлини силтади:
— Майли, кетдик бўлмаса!
Машина эндигина уйқудан уйғонаётган шаҳарчани оралаб, борлиқни қуюқ тўзонга кўмиб, учиб кетди.
Шофёр сергап одам экан, бир лаҳзада анча янгиликларини — шаҳар ўсиб, обод бўлиб бораётганини, лекин машина ҳам кўпайиб кетганини, таксичиларнинг аҳволи оғир эканини ва яна хийла нарсаларни гапириб ташлади. У Воҳидни ҳам гапга солишга уриниб кўрди, лекин Воҳид суҳбатга тоби йўқ, чарчаган эди. Зотан Воҳид бундай олис йўлга чиққанида, айниқса машинада сафар қилганида, жим ўтириб хаёл суришни яхши кўрарди. Узоқ йўл, бир-бирини тез алмаштириб турадиган янги манзаралар ҳамиша унинг руҳини эркалар, хаёлида ғамгинлик аралаш ёруғ ўйлар, ширин орзулар уйғотарди.
Чорак соат ўтар-ўтмас шаҳарча орқада қолди. Олдинда, то олисдаги тоғларга қадар ям-яшил барра майса билан тўшалган текис дашт чексиз-чегарасиз ястаниб ётарди. Йўлнинг ўнг томон узокдаги тепаликларгача бўм-бўш, на уй, на бир дарахт кўринар, чап томонда эса хийла олдинда, таниш қишлоқлар кўзга чалинар, кўм-кўк толзорлар, оппоқ гуллаган боғлар бир-бирига туташиб кетарди.
Ҳар сафар ёзги дам олиш пайтларида қишлоққа келаётиб, болалигидан таниш бу даштни, йўл бўйидаги тўп-тўп боғларни кўрганида, Воҳиднинг кўнгли ажойиб бир нурга, бошқача бир шодликка тўлиб, яйраб ёзилиб кетарди. Бу сафар эса, бу қувончли ҳисларга қандайдир маъюслик, сабаби ҳали ўзига ҳам маълум бўлмаган бир ғамгинлик қўшилганди. Гўё кўз олдида ястаниб ётган бу даштда ҳеч нарса ўзгармаган, ҳамма нарса жой-жойида қолган, айни маҳалда нимадир ўзгарган эди! Нимадир умр ўтиб бораётганидан, беғам, беташвиш болалик чоғлари, бахтиёр ёшлик даври энди ҳеч қачон қайтиб келмаслигини тинимсиз ёдига туширмоқда, нимадир буни узлуксиз эслатмоқда эди…
Машина боя хийла узоқ кўринган боғларга етиб, гўё оппоқ гулддста орасига шўнғиди. Ўрик шохлари силкиниб, бир зум уйлар, кўчалар, узокдаги тоғлар — ҳаммаси гўё кўркам оқ ва пуштиранг ёғдуга чўмилгандай туюлди Воҳидга. Машина кўча бўйидаги пахса деворлардан осилиб тушган шохларга тегиб, ўрик гулларини дув тўкиб ўтди. Воҳид буни завқ билан томоша қиларкан, Розия билан биринчи марта ўз боғларида олма тераётиб танишгани эсига тушиб кетди… «Яна Розия! Менга бир нима бўлдими ўзи?»
Воҳид ўзини машинанинг суянчиғига ташлаб кўзини юмди. У эндигина боядан бери кўнглида дам сўниб, дам қайта уйғонаётган ғамгинлик ҳам Розияга боғлиқ эканини тушунди. Бу эсдаликлардан қутулиш ниятида бошқа нарсалар тўғрисида ўйлашга тиришиб ҳам кўрди, лекин хаёли яна Розияга қараб учганини ўзи ҳам пайқамай қолди.
* * *
Розия қўшнининг қизи эди. Уларнинг боғи билан Воҳидларнинг боғи бир-бирига туташиб кетар, Розиянинг укаси Собир билан Воҳид ёнғоқ ўйнаб катта бўлганди, Воҳид Собирдан уч-тўрт ёш улкан эди. Розия эса олти-етти ёш фарқ қилса керак, чунки Воҳиднинг синглиси Зарифадан кўп бўлса икки ёш катта эди.
Воҳид ўрта мактабни битириб армияга хизматга кетганида, Розия бешинчи ё олтинчи синфда ўқиб юрадиган, қорачадан келган озғингина бир қиз эди. Шундай кейин у Розияни армия хизматидан қайтиб келган йили кўрди. Унинг бўйи хийла чўзилиб қолган, бироқ жуда нозик, ҳатто нимжон кўринар, фақат доим кулиб турадиган қоп-қора юмалоқ кўзлари эсида қолганди. Ҳатто ўшандан икки йил кейин, институтнинг иккинчи курсини тамомлаб келганида ҳам Розия унинг диққат-эътиборини ўзига тортмаган эди. Учинчи курсни тамомлаган йили Воҳид бошқа ёқларга практикага кетиб, қишлоққа келолмаганди. Тўртин-чи курсни тугатиб, дам олишга келганида эса тўсатдан Розияни кўриб лол бўлиб қолганди. Икки йил ичида Розия бўйига етиб, тўлишиб, шундай очилиб кетган эдики, гўё тўсатдан тупроқ орасидан топилган тилла узукдек, Воҳиднинг кўзини қамаштириб юборганди!
Айни олма пишган пайт эди. Воҳидларнинг қишлоғида бошқа ерларда жуда кам учрайдиган ҳалим ва ширин олма бор. Халқ уни нимагадир «Қози дастор» деб атайди. Қози дастор олманинг бозори ҳам жуда чаққон бўларди.
Воҳид борган куни Рузвон хола ҳам олмаларни тердириб, дўконга топширмоқчи бўлиб турган экан. Воҳид келиши муносабати билан бу иш эртасига қолдирилди. Воҳиднинг олма териш нияти йўқ эди, лекин эрталаб уни Зарифа уйғотиб юборди:
— Туринг, олма терамиз! — деди у ва кўзини муғамбирона қисиб кулди:
— Тезроқ бўлинг, Розия опам кутиб турибдилар! Кун энди чиққан, икки боғ ўртасидаги осмон билан ўпишган теракларнинг шохларига гўё зар ёғилган, лекин бўйи паст олча ва шафтолилар, бутун боғ ҳали қуюқ сояда эди.
Воҳид ўрнидан туриб, айвондаги бир челак совуқ сувни бошига қуйди-да, ҳўл сочларини тарай-тарай боққа шўнғиди.
Кечаси шудринг тушмаган бўлса ҳам, оёқ остидаги майсалар, дарахт япроқлари нам ва муздек эди.
Зарифа қаёққадир кетган, олмазорда ҳеч ким кўринмас, фақат қушларнинг чуғур-чуғури эшитилар, қаердадир яқинда тинмай булбул сайрарди. Воҳид ҳар бири пиёладек оппоқ олмаларнинг оғирлигидан ерга тегиб қолган дарахт шохларини эҳтиёткорлик билан четга сура-сура боғнинг ичкарисига қараб кетди.
Тўсатдан дарахтлардан бири қаттиқ силкинди, ёмғирдек дув тўкилган олмалар Воҳиднинг бошига, елкасига тушди. Сўнгра нимадир «чарс» этиб сингандек бўлди, кимдир қулагандек туюлди ва бошини қўллари орасига олиб, букилиб қолган Воҳиднинг олдида оқ кўйлакли, нозиккина, узун бўйли бир қиз пайдо бўлди.
Қизнинг юзи, бўйни, енглари билакларигача шимарилган яланғоч қўллари қуёшда куйиб, жигарранг тусга кирганди. У катта бир олмани карсиллатиб, тиш-лаб, кулимсираб турар, сал қисилган катта қора кўзларида: «Танидингизми, йўқми?» — деган бир ифода жилва қиларди.
— Кечирасиз, пайқамай қолдим, — деди қиз, лекин кўзларидаги табассумдан у атайин шундай қилгани кўриниб турарди.
— Розиямисан? — деди Воҳид, кўзларига ишонмасдан.
— Ўхшайманми ўзи?
— Сираям!
— Нега? — деди Розия ва яна кулди.
— Чунки… жудаям очилиб кетибсан!
Розия ярим ўпкалаб, ярим эркаланиб бир қара-ди-ю, ўзини дарахтлар орасига уриб ғойиб бўлди. Бир зумдан кейин боғнинг бошқа бир бурчидан унинг қувноқ шўхлик аралаш ички шодликка тўла овози жаранглаб эшитилди.
— Қаёқда қолдинг, Зарифа?
— Ҳа, мен бу ёқдаман, бу ёққа келинг! Зарифанинг овози мутлақо бошқа томондан эшитилди.
Тушгача икки қоп, бир сандиқ олма тердилар. Тушдан кейин Розияларнинг боғига ўтиб кечқурунгача ҳар бирига уч-тўрт пуд олма кетадиган беш қутини тўлдирдилар.
У маҳалда Собир армияда бўлгани учун уй-рўзғор ишлари Розиянинг зиммасида экан. Шунинг учунми ё бошқа бир сабаби бормиди, ишқилиб Розиянинг онаси Гулсин хола ҳашарчиларни жуда самимий кутиб олди, кечқурун яхшилаб меҳмон қилди. Розиянинг ўзи эса эрталабгидан ҳам очилиб-сочилиб кетганди. У гоҳ ошхонага югуриб овқат устига овқат ташир, гоҳ ҳашарчи акани (ўша куни Воҳидни негадир шундай деб чақирганди) овқат емагани учун койир, унинг устидан ойисига арзҳол қиларди.
У бир минут ҳам бир жойда тинч ўлтиролмас, гўё аллақандай жўшқин бир куч, юрагида мавж урган бир қувонч ичига сиғмасдан тошиб бораётганга ўхшар, гапирганда ҳам ҳадеб садафдек ялтираган тишларини кўрсатиб кулар, икки ўрим йўғон сочларини дам бошига чамбарак қилиб ўрар, дам ечиб елкасига ташларди. Баъзан Зарифа иккиси нима тўғрисидадир қизғин шивирлашиб қолишар, сўнгра баравар қаҳқаҳа уриб кулишардилар. Воҳид гапларини эшитмагани учун кулгининг сабабига тушунмас, лекин унга оид бир гап бўлаётганини кўнглининг бир четида сезиб турар, бу унга ёқар, умуман Розия билан ўз синглиси ўртасидаги яқинлик уни фавқулодда қувонтирар, ҳаяжонга соларди.
Уша куни улар ярим кечагача суҳбатлашиб ўтирдилар. Воҳид сўнгги икки йил давомида бўлиб ўтган воқеанинг ҳаммасини билиб олди: Розия саккизинчи синфни тугатгандан кейин, мактабни ташлаб, шаҳардаги фельдшерлик билим юртига ўқишга кирган экан. Воҳид келишидан сал олдин билим юртини тугатиб, қишлоқ касалхонасига ҳамшира бўлиб тайинланган экан.
Ярим кечага яқин Воҳид билан Зарифа хайрлашиб кетаётганларида, Розия тўсатдан:
— Театрни яхши кўрасизми, Воҳид ака? — деб сўраб қолди.
— Йўқ, — деди Воҳид, — нима эди?
— Ўзим…
Зарифа секин акасининг қўлидан тортиб шивирлади:
— Шаҳарга Тошкентдан артистлар келишган эмиш. Ўшанга… Бориб келайлик, акажон!
Воҳид кейинчалик эслаганда ўзига ҳам эриш туюлган бир шошқалоқлик билан:
— Ҳа, ҳа, — деди дудуқланиб, — борамиз! Ҳар қалай мен ҳам жуда қизиқаман.
Розия бирдан шўх овозда қийқириб кулди.
— Бўпти! Ўзингиз олиб тушадиган бўлдингиз!
— Бўпти!
Алланимага севиниб кетган Воҳид, эртасига тушга яқин катта йўлга чиқиб, машина топиб келди. Зарифа билан Розия ҳам кутиб ўтирган эканлар, дарҳол йўлга чиқдилар.
Шаҳарга жуда барвақт етиб бордилар. Кечқурунгача кирмаган жойлари қолмади. Паркларни, сайил қиладиган жойларнинг ҳаммасини айланиб чиққанларидан кейин Розия Воҳид билан Зарифани ўзи ўқиган билим юртига бошлаб борди. Ремонт қилинаётган бўш хоналарни айлантириб, имтиҳон пайтларида бўлган қизиқ-қизиқ воқеаларни, шпаргалка иш-латиб қўлга тушиб қолаёзганларини кула-кула гапириб берди. Кейин торгина клубга бошлаб кирди ва кўзлари чарақлаб Жамила ролини ижро этганларини эслаб кетди.
Бу гап Воҳидга нимагадир ёқмади.
— Ҳали артистка ҳам бўлганман денг? — деди у, кулгига олишга тиришиб.
— Бўлганда қандоқ! — деди Розия, — бизни ўйинимизга бутун шаҳар бир соат типпатик туриб қарсак чалган-а!
Кечқурун спектакль жуда чўзилди. Оқибат шу бўлдики, Воҳид тўсатдан учраб қолган таксичига ялиниб-ёлвориб, ярим кечада қишлоққа зўрға етиб боришди.
Зарифа машина тўхташи билан сакраб тушиб кетди. Воҳид билан Розия йўл ҳақини ким тўлаши устида талашиб бир оз кечикиб қолишганида, Зарифа маши-надан тушиб боққа кириб кетганди. Розия ҳам кетмоқчи бўлиб: «Хайр бўлмаса, раҳмат…» — деб оғиз очган, эди, Воҳид:
— Розия! — деди ялиниб, — нега мунча шошасиз?
— Тун ярмидан ошди-ю! — Розия кулди ва секин:
— Бир гапингиз борми? — деб сўради.
— Розия! — деди Воҳид, — Розия, қандай яхши қиз бўлибсиз!
— Ростданми?
— Розия! — Воҳид қоронғиликда унинг қўлини ушлаб секин сиқди, — Розия!..
Қиз худди бир нарсадан сескангандек, қўлини шартта тортиб олди.
— Агар… иккинчи марта бунақа қиладиган бўлсангиз…
Воҳид шошиб қолди.
— Кечирасиз, — деди у дудуқланиб.
— Билиб қўйинг! — деди Розия ва шип-шип юриб дарвозагача борди, кейин бир зум тўхтаб:
— Яхши тушлар кўринг! — деди-ю, ғойиб бўлди.
Кечаси Воҳид алламаҳалгача ухлай олмади. Кўзи юмилган заҳоти хаёлида Розия гавдаланар, дам нозик қомати, дам бурун катакларини кериб, оппоқ тишларини ялтиратиб кулишлари эсига тушиб, бутун вужуди ловиллаб кетарди… Унга хуш келмаган фақат битта нарса бор, у ҳам бўлса қиз жудаям шўх эди! Лекин айни маҳалда Воҳид қизнинг бу шўхлигида ҳам ажойиб бир самимийлик, поклик, беғуборлик борлигини, бу шўхлик ҳаёт кучи, ишонч, муҳаббат ва бахт иста-гига тўла эканини ҳис этарди.
Ўшандан кейин Воҳид яна уч-тўрт марта Розияларникига ҳашарга чиқди. Ниҳоят олма хазон ченак бўлди, лекин олма сабаб бўлиб бошланган бу муно-сабат олма хазон ченак бўлгандан кейин ҳам узилиб қолмади. Гоҳ Воҳид бир баҳона топиб, кўпинча китоб сўраб Розияларникига чиқар, гоҳ Розия китоб тўғрисида унинг фикрини билиш учун кирарди. Лекин энг қизиғи шунда эдики, одатда бундай пайтларда бошқаларнинг қизларини гап-сўз қиладиган Рузвон хола билан Гулсин хола бу сафар ҳеч нарса бўлмагандек, ўзларини кўриб-кўрмаганликка олар, гўё оқибати нима бўлишини кутар, туғрироғи, иккисининг муносабатларига жимгина хайрихоҳлик билдирардилар.
Бир кун Воҳид яна бир баҳона топиб Розияларникига чиқмоқчи бўлиб турганида, уйга катта акаси кириб келди ва уни тўхтатиб, меҳмонхонага таклиф қилди. Кетма-кет Рузвон хола ҳам кириб келди.
Улар гапни узоқдан, ҳар бир инсон учун ўз жуфтини топиб оила қуриш, фарзанд кўриш ҳам фарз, ҳам қарз эканлигидан бошладилар ва охири Розияга келиб етдилар. Оила қуриш масаласи осон эмаслигини, токи «Эрни эр қиладиган ҳам, ер қиладиган ҳам хотин» эканлигини обдан уқтирдилар. Ниҳоят шу жиҳатдан қараганда Розия ёмон қиз эмаслигини, негаки онаси Гулсин хола жуда мўмин аёл эканини, халкда эса: «Онасини кўриб қизини ол», деган ҳикматли сўз борлигини гапириб кетдилар.
Воҳид онаси ҳадеб уни мақтаб, Розияга келганда қайта-қайта: «Ҳар қалай ёмон қиз эмас», — деб бир поғона пастга олаверганидан кейин ўнғайсизланиб: «Ҳадеб мени мақтаб, уни ерга ураверманг, ҳали у рози бўладими-йўқми? Буни қаёқдан биласиз?» — деди-ю, онасидан балога қолди:
— Мен уни келин қилмоқчи бўлибман-у, унинг тегмагани қолибди! — деди Рузвон хола овозини кўтариб, — худога шукур, қишлокда ўзимга яраша обрўйим бор! Бу келгинди тугул, бундан бадавлат, бундан яхши хонадонлар ҳам оғзимга тикилиб ўтирибди, болам. Бунақа ўз қадрингни ўзинг ерга урмасдан би-либ гапиргин, ҳа!
Воҳиднинг эсида бор: онасининг бу сўзлари бир вақтнинг ўзида унга ҳам ғалати туюлган, ҳам кўнглига ёқиб тушганди. Лекин онасининг гапларига қарамасдан, у ўртага одам қўйишдан олдин, Розия билан ўзи бир оғиз гаплашишга хоҳиш билдирди.
— Гаплашсанг, гаплашавер, — деди Рузвон хола, — «маслаҳатли иш бузилмас», деган эскилар. Бироқ ўз қадрингни билиб гаплашгин, болам. Мен келин қил-моқчи бўламан-у, у тегмай бўпти. Онаси жон-жон деб ўтирганда қизи қаёққа борарди!
Акаси эса: «Кампир зўр, кампир маладес!» деган маънода мийиғида кулиб қўйди.
Рузвон холанинг бундай баланддан туриб гапириши бежиз эмас эди. Воҳидларнинг оиласи бурундан қишлокдаги бадавлат, обрўли оилалардан ҳисобланиб келарди. Унинг катта акаси ҳам, ўртанча акаси ҳам тузук жойларда ишлашар, Рузвон холанинг ўзи эса, ҳеч жойда ишламаса ҳам, қишлоқ хотинлари ўртасида бурундан гапини ўтказиб келарди. Айни маҳалда иш-билармон, уддабурон хотин деб юритилар, усиз тўй ўтмас, маърака тарқамас эди. Воҳид буни яхши билар ва онасидан фахрланиб юрарди.
Афтидан Рузвон хола Воҳидга айтган гапларни Гулсин хола ҳам ўз қизига айтган бўлса керак, ўша куни Розия аҳдлашган жойларига ранги ўзгариб келди. Воҳид буни дарров пайқади. Воҳид унинг тўсатдан ўзга-риб қолганидан, одатдаги шўхлигидан асар ҳам қолмаганидан, сабабсиз қизариши ва кўзларини олиб қочишларидан Розияга ҳамма нарса аён эканини тушунди-ю, бирдан бутун вужуди жимирлаб қўлидан ушлади.
— Эшитдингми? Розимисан?
Розия қўлини тортиб олмади, лекин жавоб ҳам бермасдан бошини пастроқ эгди.
— Нега индамайсан, бир нима дегин, Розия! — Воҳиднинг овози титраб кетди.
…Розиянинг майин, жингалак сочларидан гул ва райҳон ҳиди келар, титроқ лабларида асал тами бор, ёшли кўзларида бахтиёр табассум жилваланар эди.
Хайрлашаётганларида Розия Воҳидлан бир нарсани сўради:
— Унаштириш деган гаплар бўлмасин. Институтни битириб келгунингизча кутаман. Биратўла тўй қиламиз!..
Лекин Рузвон хола бу гапни эшитгисиям келмади.
— Яхшими, ёмонми, ота-боболаримиздан қолган урф-одатимиз бор. Лоақал уч-тўртта хотинни йиғиб, унаштириб қўяман. Хоҳласа — шу, хоҳламаса бошқага келин бўла қолсин!
Воҳид олдин эътироз билдиришга уриниб кўрди-ю, кейин онасини кўндира олишига кўзи етмагач, қўл силтаб кулиб қўяқолди. У шунинг учун ҳам кулиб қўяқолдики, кўнглининг бир четида онанинг гапи унга ёқар, чунки унаштириб қўйилса, Розия унга яна ҳам яқинроқ, муҳаббатлари тағин ҳам мустаҳкамроқ бўлиб қоладигандек туюларди назарида.
Рузвон хола ахир ўз айтганини қилдирди, эртасигаёқ ўзига яқин хотинларни тўплаб қудасиникига савлат тўкиб чиқди, лекин шунда ҳам келинидан кўнгли тўлмай кирди, чунки Розия хотинларнинг йиғилишига қаршилик билдирмаса ҳам бошқа маросимларни қилдирмабди.
Кечаси Рузвон хола Воҳидни олдига чақириб олиб, узоқ насиҳат қилди.
— Мен бошда билмай қолган эканман, келини тушмагур жуда эркатой бўлиб кетган экан! — деди у астойдил ранжиб, — энди бу ёғи ўзингга боғлиқ, ўғлим… Нега жилмаясан? Тўғрисиям шу — болани ёшидан, хотинни бошдан деган бурунгилар. Унгаям мана шунақа тиржаявермасдан ўзингни босиб муомала қил! Йигит деган бунақа бўлмайди, болам!
Ҳамма гапини айтиб тамом қилгандан кейин Рузвон хола киссасидан рўмолчага тугилган битта узук олиб Воҳидга узатди.
— Парпи заргарга атайин буюртирувдим, тоза тилладан ясалган, — деди у ва негадир кўзига ёш олди,— ўз қўлинг билан бармоғига солиб қўй… Илоҳим ўзига инсоф берсин!
Воҳид онасининг бу топшириғини ўқишга кетишидан бир кун олдин, хайрлашув кечаси бажо келтирди.
Улар боғнинг хилват бурчагида учрашдилар. Яқинлашаётган кузнинг илк нафаси сезилиб турган салкин, сокин бир оқшом эди.
Икки боғ чегарасидаги теракларнинг учида илиниб қолган кўкимтир ярим ой бутун дарахтзорни, узокдаги кирларни қандайдир ғалати яшилнамо нурга чулғаган, борлиқ кишига тасалли берувчи оромбахш сукутга чўмган эди.
Розия ўзига жуда ярашадиган, чеҳрасини очиб юборадиган оқ шоҳи кўйлагини кийиб олган эди.
Воҳид қўлидаги газетани ариқ бўйидаги майсаларга ёзиб Розияни ўтқазди. Сўнгра ўзи ҳам унинг ёнига тиз чўкиб:
— Сенга кичкинагина совғам бор! — деди.
— Қани! — Розия узукни бармоғига солишга қўймади, Воҳиднинг қўлидан юлиб олиб, ўрнидан туриб кетди.
Узук унга жуда ёққан эди.
— Қандай нозик, қандай чиройли! — дерди узукни ойга солиб.
Воҳид ойдинда бурунгидан ҳам нозик ва қандайдир афсонавий гўзал кўринган бу қиздан кўзини узолмас, юрагини тўлдирган бахт туйғусидан боши айланарди. Розия ёнига келиб ўтириши билан уни бағрига босиб кулган лабларидан, кўзларидан ўпмоқчи бўлди, лекин Розия юзига бир шапати урди-да, қучоғидан чиқиб кетди.
— Сиз жудаям ҳаддингиздан ошиб кетяпсиз! — деди у секин кулиб, — ҳадингиздан ошманг! Боринг, бўлди, институтингизга жўнанг!
Ўша кеча, қалбида мавж урган шодликдан уйқуси келмай, боғ орқасидаги қирга ошиб, саҳаргача юлдузларга тикилиб ётганида, бу бахт атиги бир неча ой давом этишини тасаввур қилганмиди? Ўша кечада шундай пок ва маъсум кўринган бу қиз бунчалик беҳаё бўлиб чиқишини, унинг энг азиз туйғуларини шунчалик ҳақорат қилишини, ўйлаганмиди?
Кўнглини нурга тўлдириб юборган у кечада бахт чексиз-чегарасиз, муҳаббат абадий кўринмаганмиди, Воҳидга? Эҳтимол, шунинг учун ҳам орадан уч-тўрт ой ўтмасданоқ рўй берган воқеа ўша кезларда умрбод эсдан чиқмайдиган бир фожиа, унутилмайдиган бир ҳақорат бўлиб туюлгандир унга!..
Ҳали-ҳали эсида бор; Рузвон холанинг «тез етиб кел!» деган телеграммаси иккинчи январь куни кечаси қўлига бориб текканди. У эртасигаёқ йўлга чиққан ва кечқурун қош қорайиб қолганда қишлоққа етиб келганди.
Совуқ шамол қумга ўхшаш майда қорни кишининг юзига минг тикан қилиб санчган бўронли, ёқимсиз бир оқшом эди.
Воҳид телеграммани олганда акаларидан бирими, Зарифами ё кампирнинг ўзими, ишқилиб, биров бетоб бўлиб қолдимикин, деган хаёлга борган эди. Йўлда фақат шу тўғрида ўйлаб, кўнгли ғаш бўлиб келганди. Лекин у ҳеч қачон Розиянинг шундай қилишини, тўрт ойдан бери ширин бир туш каби дилини эркалаб келаётган илк севгиси, ҳамма орзу-умидлари поймол бўлишини тасаввур этмаган эди!
У маҳалда Воҳид жуда содда ва оқ кўнгил эканки, Розияга шунчалик ишонибди. Аслида эса унга шундай пок ва беғубор кўринган бу қиз, Воҳид кетиши биланоқ қилиқ чиқара бошлаган — томоша қўйиш баҳо-насида, амбулаториянинг бош врачи Тошқора билан юришни одат қилиб олган экан! Сўнгра Янги йил кечасида, спектакль баҳонаси билан юзларча одамларнинг кўз олдида у билан қучоқлашиб ўпишганлари-чи? Бу ҳам етмагандай, ўйиндан кейин Тошқоранинг уйидаги ўтиришда бўлиб, саҳар пайтида уйига маст ҳолда Тошқоранинг қучоғидан қайтиб келганлари-чи? Бунинг ҳаммасини ўз кўзлари билан кўрган акасининг катта ўғли билан келинойиси унинг жиловидан тортиб қўймоқчи бўлганларида, уларнинг ўзларини жеркиб ташлаганлари-чи! Лекин энг даҳшатлиси, Воҳид қиш-лоққа келган кечаси, навбатчилик қилаётган Розияни амбулаториянинг боғига чақириб олиб, бевафолигининг сабабини сўраганида афсусланиш ва кечирим сўраш ўрнига, титраб-қақшаб туриб: «Ҳа, рост, Тоштемир ака билан юрганларим ҳам, ўпишганларим ҳам — ҳаммаси рост! Чунки… чунки у сиздан минг марта яхши», деб унинг ўзига чанг солган эди. Воҳидга ҳаммасидан ҳам Розиянинг мана шу охирги сўзлари қаттиқ текканди!
Воҳид Тошқорани яхши биларди. Аслида унинг исми Тошқора эмас, Тоштемир эди. Лекин ёшлиги-даёқ унга негадир, эҳтимол, мўридан чиққандай қоп-қора ва бақувват, барзангидай бир йигит бўлгани учундир — Тошқора лақабини тақишган, шу-шу кўплар уни Тошқора демагунча танимас эдилар. У Воҳиддан бир-икки синф паст ўқирди, лекин армияга бормагани учун, институтни ундан олдин битириб, қишлоқ амбулаториясига бош врач бўлиб келганди. Воҳид Розияни севиб қолган йили ҳам уни бир неча марта кўрган — у бурунгидан ҳам қорайиб, паҳлавон жусса бир одам бўлганди. Эҳтимол шунинг учундир ҳар сафар Воҳид Розиянинг бевафолигини эслаганда, кўз олдига негадир Тошқоранинг қадди-қомати келар ва хаёлида уйғонган ёмон, даҳшатли ўйлардан эти жимирлаб кетарди… Мана ҳозир ҳам худди шундай бўлди: Розиянинг гапини эслаши билан бутун вужуди худди тикан қадалгандай ачишиб кетди…
У худди ёмон туш кўриб босинқирагандек, кўзларини очиб чуқур нафас олди. Хаёлидан яна боягидай:
— Менга нима бўлди? — деган фикр ўтди. Лабларининг четида пичоқ теккандай чуқур ажин тушган жойда маъюс табассум жилваланди. — Ё Машҳуранинг кўз ёшлари бежиз эмасмикин? — деди у, лекин шу заҳотиёқ хаёлида яна ўзини-ўзи койиб берди:
— Муҳаббатнинг қадрига етмаган бундай қизнинг падарига минг лаънат! Унга ўша Тошқорадай зўри ке-рак эди! Бир-бирига жуда мос тушгандир!..
Воҳид бу фикрни кўнглидан бир неча марта ўтказди, лекин ажабо: машина қишлоққа яқинлашган сайин юрак уриши тезлашиб борар, кўнглининг бир четида ётган ёруғ ва маъюс эсдаликлар беихтиёр қайта уйғонмоқда эди.
Қишлоқ, унутилмас болалик чоғлари ўтган, илк муҳаббатининг гувоҳи, ҳаётидаги энг масъуд дамларнинг шоҳиди бўлган меҳрибон қишлоқ минут сайин яқинлашмоқда эди… Ана худди денгиз устини қоплаб олган нафис пуштиранг ва оппоқ булутларни эслатиб, қийғос гуллаган биринчи боғлар кўринди, узоқда икки қир ўртасидаги тепаликда қад кўтарган клуб устида гулхандай товланган қизил байроқ кўзга чалинди…
Воҳиднинг юраги гурс-гурс урар, гўё бу қишлоқда уни севгилиси кутаётгандай ҳаяжонланар, нафаси бўғилар эди.
Нега? Яхлит бир боққа ўхшаган бу кўркам қишлоқда уни нима кутиши мумкин?
— Ишқилиб тинчлик бўлсин-да! — деди у, телеграммани эслаб, сўнгра яна ўзини машинанинг суянчиғига ташлади-да, кўзини юмди…
* * *
Воҳидларнинг боғи қишлоқнинг энг чеккасида, қирнинг этагида эди.
Машина тўхташи биланоқ қаёқдандир бир зумда ёпирилиб келган яланг оёқ, яланг бош болалар Воҳидни шовқин-сурон билан қуршаб олдилар. Бу — маҳалланинг, қариндош-уруғларнинг болалари эди. Улардан бир қанчаси дарҳол орқага қайтган машинани қувиб кетди, қолганлари Воҳидга қўшилиб, қий-чув билан ҳовлига ёпирилиб кирди.
Дарвозадан кирган ерда, ота-боболардан қолган кекса кавак тутнинг тагида, Воҳидни Рузвон хола қарши олди.
Кампир ҳар маҳалдагидай яхши кийиниб олган — эгнида кўкимтир гулдор штапель кўйлак, бошида оҳори тўкилмаган оппоқ шоҳи рўмол, оёғида чиройли амиркон кавуш эди. Лекин бунга қарамасдан кампир сўнгги бир-икки йил ичида ўзини хийла олдириб қўйгани сезилиб турар, кўзларининг, ингичка уч бурчак иягининг икки четидаги ажинлари қуюқлашиб, ўзи ҳам қандайдир чўкиб қолган эди. У Воҳидни бўйнидан қучоқлаб ўпаркан, тўсатдан негадир йиғлаб юборди, сўнгра четроқда, айвоннинг устунига суяниб, кўкрагига тушиб турган бир ўрим йўғон сочларининг учини ўйнаб турган Зарифага ўгирилди:
— Сен нега безрайиб қолдинг, ҳай юзсиз, аканг билан кўришмайсанми?
Ажабо, кампирнинг овози бурунгидай йўғон, қатъий, ўктам эди.
Воҳид синглисига кулимсираб қараб қўйди. Унинг олдида илгариги шўх, қувноқ, эрка Зарифа эмас, бўйи етиб, қадди-қомати тўлишган, оппоқ юмалоқ юзи уятдан ловиллаб ёнган чиройли бир қиз турарди!
Онанинг гапига у «ялт» этиб қаради. Лекин Воҳидга шундай туюлдики, синглисининг чақнаб турган катта қора кўзларида шодлик эмас, аллақандай қўрқув аралаш бир ғазаб ифодаси бор эди. Умуман унинг бутун қиёфасида худди тасодифан қафасга тушган бўри боласида бўладиган бир ҳадиксираш, тараддУА ва ётсирашлик бор эди.
Воҳид кулиб юборди:
— Сенга нима бўлди, Зарифа, нега бунақа ҳурпайиб турибсан?
— Бунга гапирма, бу ўзи шунақа, ҳеч кимни танимайдиган бир бевош бўлган! — деди Рузвон хола ва рўмолининг учи билан кўз ёшларини артди.
Зарифа онасига ҳам ёқтирмаган кўз билан «ялт» этиб бир қараб қўйди, сўнгра бир-бир босиб Воҳиднинг олдига келди.
— Салом — деди секин, деди-ю, нимагадир қулоқларигача қизариб чопганича уйнинг орқасига ўтиб кетди.
Воҳид ҳайрон бўлиб онасига қаради.
— Нима гап? Тинчликми ўзи?
— Тинчлик, болам, худога шукур.
— Телеграммангизни олиб жуда шошиб қолдим-у! Бир гап борми?
— Буни мендан сўрама, болам, аканг келсин, келинойинг келсин, ўшалар гапириб берар! — кампирнинг овози титраб кетди, — қариган чоғимда адойи тамом бўлдим! — деди у ва йиғламсираганича айвонга кўрпача ёза бошлади.
Воҳид айланасига райҳон ўтқазилган сўрига омонатгина ўтирди.
Ҳовлидаги олча ниҳоллари, рўпарадаги Воҳидлар-никига нисбатан баландроқ бўлган Розияларнинг боғидаги қийғос гуллаган олмалар ажиб бир гулдаста кашф этган, дарахт шохларини силаб-сийпаб эсаётган майин тоғ шабадаси шундай салқин ва муаттар гул ҳидига тўла эдики, гўё бол тотиётгандай туюларди кишига. Воҳид худди бошқа бир жойга келиб қолгандай сезарди ўзини.
Розияларнинг боғида, ерга теккан олма шохларининг орасида, кенг яғринли, новча, қоп-қора сочларининг қуюқлигидан бошига ағдарма телпак кийиб олганга ўхшаган бир йигит бир зум кўринди-ю, ғойиб бўлди.
«Ким экан бу йигит, наҳотки Собиржон бўлса? Жуда ўзгариб кетибди-ку!»
Воҳиднинг кўнглида яна боя йўлда, шаҳардан чиқиб биринчи боғларни кўрганда уйғонган маъюс, аллақандайдир ёруғ ҳислар уйғонди. Бу ерда ҳам гўё ҳеч нарса ўзгармаган, айни маҳалда нимадир ўзгарган эди, нимадир умр ўтиб кетаётганини, бахтиёр ёшлик йиллари энди ҳеч қачон қайтиб келмаслигини эсга солиб турарди.
Рузвон ўғлининг олдига бир коса қаймоқ қўйиб келиннинг ҳол-аҳволини сўраб улгурмаган эди ҳамки, катта акаси билан келинойиси кириб келди. Воҳиднинг кўзига улар ҳам сўнгги бир-икки йил ичида жуда ўзгариб кетганга ўхшаб кўринди. Акасининг калта, тўрт бурчак соқолидаги оқ туклар кўпайиб, ялтираб кўзга ташланиб турар, лаб-лунжлари пуфлаб шиши-рилганга ўхшар, қип-қизил юзи ажинсиз бўлса ҳам, ўзи ҳорғин эди, энтикиб нафас олар, афтидан, касалманд эди. Келинойиси эса бурунгидай қошларини туташтириб, йўғон қилиб ўсма қўйган, киприкларини сурма билан қорайтириб олганди. Лекин у ҳам ёшлигидагидай чиройли кўринмас, қарилик ўзига зеб беришни яхши кўрган бу сатангнамо хотинни ҳам енга бошлаган эди. Келинойиси фақат бир жиҳатдан ўзгармаган — бурунгидай сўзамол ва билағон эди. У лаби лабига тегмасдан дам Машҳурахоннинг ҳол-аҳволини суриштирар, дам ўз ҳаётидан нолиб кетар, дам келин-пошшони олиб келмагани учун Воҳиддан гина қиларди. Телеграммага сабаб бўлган воқеани ҳам келинойиси бошлаб берди. Лекин боя «мени қўй, бу ёғини аканг билан келинойинг айтиб берсин!» деган Рузвон хола, келинойиси гап очиши билан ўзини тутиб туролмади, рўмолининг учи билан кўз ёшларини арта-арта, ўзи сўзлаб кетди.
Воҳид Зарифанинг бояги қилиқларига, худди қопқонга тушиб қолган бўри боласидек ҳурпайиб туришларига, ҳадиксираб қарашлари ва кўзларидаги нафрат алангасига эндигина тушунди.
У Собирни яхши кўриб қолганмиш!
Демак, Собирнинг олма шохлари орасидан мўралаб юриши ҳам бежиз эмас экан!
Воҳид кеча телеграммани олганда қанчалик ташвишга тушмасин, бунчалик бемаъни ва аҳмоқона бир муаммога дуч келишини тасаввур этмаган эди.
Рузвон хола қўллари билан тиззасини муштлаб куюниб гапирарди:
— Ахир, юзимга оёқ қўйиб, элу юрт олдида шундай беҳурмат қилган бу хонадон билан қанақа қилиб қудачилик қиламан? Қандоқ қилиб остонасига қадам босаман!
Воҳид ўрнидан туриб кетди. Боя келинойиси гапнинг учини чиқарган пайтда, фақат беъмани бир нарса бўлиб туюлган бу янгилик, Рузвон холанинг ноласидан кейин бошқа бир маъно кашф этиб, дилига озор бера бошлади. Гапнинг тагида кишининг иззат-нафсига тегадиган, кишини ҳақорат қиладиган бир нарса бор эди. Наҳотки Зарифа, Воҳид шундай яхши кўрган, қўлида кўтариб катта қилган, синглим, деб эркалаб юрган Зарифа, бунчалик беандишаликка борса? Розия уни, Воҳидни қанчалик ҳақорат қилганини, унинг энг азиз ҳисларини поймол этганини кўра туриб, унинг укасига муҳаббат қўйса? Собирни деб ўз оиласидан юз ўгирса?.. Севги қанчалик нозик туйғу бўлмасин, наҳотки унинг синглиси шунчаликка борса? Наҳотки Воҳиднинг ҳис-туйғулари билан мутлақо ҳисоблашгиси келмаса?.. Эҳтимол, Рузвон холанинг гап-сўзларида эскиликнинг, юз йиллар даво-мида қонига сингиб кетган урф-одатларнинг таъсири бордир, эҳтимол, лекин чуқурроқ ўйлаб қараган ҳар бир киши шу тобда онанинг «қорнига эмас, қадрига йиғлаётганини тушуниш қийин эмас-ку! Ахир унинг, Воҳиднинг ҳам ўзига яраша обрўси, йигитлик ғурури, назат-нафси бор-ку! Наҳотки Зарифа буни тушунмаса?
— Билмадим, бу сурбет лўливачча қизимнинг бошини қандай айлантириб қўйдийкин? — дерди Рузвон хола бўғилиб. Тағин тузукроқ бўлса ҳам майли эди, шунча йил армияда юриб орттириб келган ҳунари шопирлик бўпти!
— Қайнсинглимни йўлдан урган Собиржон дейсизми, ойижон, ўша шаллақи эгачиси! — деди келин-ойиси, — ўзи шопирга тегиб олгандан кейин катайса қилиш ёқиб қолгандир-да!
Гап Розия устида борарди, Воҳид юришдан тўхтади.
— «Қайси шофёр? — хаёлидан ўтди унинг. — Нега шофёрга тегади? Тошқора қаёқда қолди?»
Воҳид сўрамоқчи эди, бироқ шу маҳал боядан бери индамасдан қаймоққа нон тўғраб ўтирган акаси бирдан ўшқириб берди:
— Бас! Бўлди! Бу қишлокда ё у турсин, ё биз! Халқ ўртасида бошимизни кўтариб юролмайдиган бўлдик. Чақир ўзини!
У гапини айтиб тамом қилмаган эди ҳамки, тўсатдан ўнг томондаги олчалар шитирлаб, оппоқ гуллари «дув» тўкилди-ю, Зарифанинг ўзи чиқиб келди.
Унинг кўзлари йиғидан қизариб кетган, бурун катаклари пирпираб учар, лекин ловиллаб ёнган юмалоқ юзида, қисилган лабларида, бутун важоҳатида ажойиб бир қатъийлик, журъат, ҳеч нарсадан қайтмасликка қарор қилган одамларда бўладиган бошқача бир жасорат жилваланиб турарди.
— Мана, мен келдим! — деди у Воҳиднинг олдида тўхтаб ва нафаси етмагандек, энтикди. — Менга нима дейсизлар? Менинг гуноҳим нима ўзи?
— Вой тавба! Шарми ҳаё қолмади деганлари мана шу-да! Вой тавба! — деди келинойиси.
У хина қўйилган калта йўғон бармоқлари билан кўйлагининг ёқасини маҳкам тутамлаб олган, лекин сурма қўйилган кўзларида истеҳзо аралаш шодлик ифодаси бор, у гўё: «Мана, мақтанган авлодларинг қанақа бўлиб чиқди! Кўриб қўйинглар!» — деяётгандай эди.
— Сизга қолса ўзингиздан бошқа ҳамма беҳаё! — деди Зарифа ва яна энтикди. — Мана шунақа гаплар билан у бечоранинг бошига етувдиларинг! Энди… Энди менинг ҳам… — Зарифа гапира олмасдан юзини четга бурди.
— Ҳой, менга қаранг, Зарифахон? — деди келинойиси, — биз кимнинг бошига етибмиз? Нималар деяпсиз ўзингиз?
Зарифа йиғидан тўхтаб, шартта ўтирилиб қаради.
— Бошига етганларинг ёлғонми? Қани унинг Тошқорага теккани? — деди Зарифа ва тағин боягидай тескари бурилди-да, юзини кафти билан босиб йиғлаб юборди.
«Розияни айтяпти!» — хаёлидан ўтди Воҳиднинг. Тўсатдан Рузвон хола ҳам Зарифага қўшилиб йиғлаб юборди.
— Сен бевош кимга ўхшадингки, бунчалик безбет, маҳмадона бўлдинг! — деди у йиғи аралаш. — Сен ҳали шошмай тур! У шаллақига Тошқора чўтми? У ҳали ўнтасига тегиб чиқади! Худога минг карра шукурки, ўғлимни у юзсиздан соқит қилди! Худога шукурки, ундан юз марта ақлли, юз марта кўҳлик келиним бор. Биз эмас, ўзи аҳмоқ бўлиб қолди!
Воҳид гаранг бўлиб қолди. Бу жанжал, бу гапларда кишини ҳақорат қиладиган қандайдир бир нарса бор эди. Воҳид буни бутун вужуди билан ҳис этар, жанжалга барҳам бериш кераклигини тушунар, лекин негадир журъат этмас, нимадир уни тўхтатиб турарди. Зарифа эса худди кўнглидаги бор гапни айтиб бўлгандек индамас, жимгина йиғлар эди.
— Бас бўлди! — деди ниҳоят акаси ва катта гўштдор мушти билан хонтахтани бир урди. — Бўлди деяпман сенга! Бу қишлоқда ё сен тургин, ё биз!
У оғир қўзғалиб ўрнидан турди ва айвоннинг устунини қучоқлаб, гурс этиб пастга тушди. Шунда Воҳид ҳам бирдан ўзига келди:
— Қўйинг, ака кераги йўқ! — деди у секин. Сўнгра, акаси унинг гапига эътибор бермасдан Зарифага томон юрганини кўриб олдини тўсди:
— Кераги йўқ деяпман сизга!
Зарифа йиғидан тўхтаб «ялт» этиб Воҳидга қаради. Унинг ёш билан ювилган юмалоқ юзида олдин таажжуб ифодаси кўринди, сўнгра кўзлари пирпираб, умид аралаш қувонч билан алмашди.
— Бор, ўзимиз гаплашамиз! — деди Воҳид.
— Акажон! — деди Зарифа секин титроқ овозда. У Воҳидга қараб интилди ҳам, лекин унинг ерга қараганини кўриб, ўзини олчазорга урди. Олча гуллари, худди супра қоқилгандай ҳавони тўзғитиб юборди.
Акаси ҳовлининг ўртасида ҳайрон бўлиб тўхтаб қолган, келинойисининг юзида ҳақорат ва ғурур ифодаси бор, онаси ҳамон ер чизиб йиғлаб ўтирарди.
— Хўш, нима қилмоқчисан? Рухсат бермоқчимисан? — деди ниҳоят акаси.
Воҳид ҳануз олчазорга тикилиб турарди.
— Билмасам, — деди у хиёл ўйланиб, — агар кўндира олсаларинг… Умуман… Бу ишга мени аралаштирманглар. Мен унга бир нима деёлмайман. Билганини қилсин!
Воҳид бир-бир босиб олмазорга қараб кетди. Гулларни тўкиб юбормаслик учун олма шохларини секин четга суриб боққа шўнғиркан, орқадан акасининг:
— Қаёққа йўқолди? Бор, топиб кел уни! Ўзим гаплашаман! — деган овозини эшитиб беихтиёр тўхтади.
— Бошда сизга айтувдим, эҳтиёт бўлинг девдим! — дерди акаси, афтидан, Рузвон холага мурожаат қилиб.
— Ойимда гуноҳ йўқ, — деди келинойиси, — ҳаммасига ўша шаллақи сабабчи. Қиз бечоранинг бошини айлантириб қўйган. Ўнинчида ўқиб юрган чоғларидаёқ иккиси оғиз-бурун ўпишиб юрарди!
Воҳид бир зум орқасига қайтгиси келиб иккиланиб турди, кейин қўлини бир силтади-да, илгарилаб кетди.
Ҳозирги жанжал Воҳиднинг дилида жуда оғир та-ассурот қолдирган эди. У Зарифа ҳақ эканини тан олаётган бўлса ҳам, ҳатто ҳозир унинг ёнини олгани учун ўзидан мамнун бўлса ҳам, синглисининг гаплари, ўзини бу даража кескин тутиши қалбида қандайдир ёқимсиз асорат қолдирган эди. Кечагина мактабни битирган ёш қиз на унинг, на онаси ва на қариндош-уруғларининг истак-орзулари билан ҳисоблашмаса, бу қилиғи унга, Воҳидга қанчалик озор беришини тушунмаса… Бунда ўчи борми?! Лекин шу топда унинг хаёлидан чиқмасдан кўнглига озор бераётган нарса бу ҳам эмас, унинг кўнглини ғаш қилаётган нарса Розиянинг Тошқорага тегмасдан, бошқа бир «шопир болага» текканлиги тўғрисидаги янгилик эди!
Воҳид ўшанда Розия билан алоқани узиб кетган пайтларида онасига ҳам, синглисига ҳам хат-хабарларида унинг исмини тилга олишларини ман қилиб қўйган. Чунки у маҳалда Розиянинг исмини эшитишнинг ўзи оғир эди. Шунинг учун ҳам бу хабар Воҳидни айниқса таажжубда қолдирган эди.
«Нега Тошқорага тегмадийкин? Ўзи тегмадимикин ё Тошқора аблаҳлик қилиб, алдаб кетдимикин?» — ўйларди Воҳид. Бу ўйлардан қутулиш ниятида атрофига аланглар, хаёлини бошқа ёққа буриб юборгиси келар, лекин бу ўйларга яна қайтганини ўзи ҳам сезмай қоларди. Бу муаммо, агар масаланинг тагига етмаса, фақат ҳозиргина эмас, балки бутун умр унга азоб беришига имони комил эди.
Мана, танаси ковак таниш олма!.. Розия унинг тепасида туриб, Воҳиднинг бошига олма ёғдирган, сўнгра сакраб тушиб, бутун гўзаллигини намойиш қилган, гўё тўсатдан топилган тилла узукдек кўзларини қамаштириб юборган жой худди мана шу эди! Афсуски, бу узук тилла эмас, мис чиқди!
Воҳид қадамини жадаллатиб, олмазордан чиқиб олди. Боғнинг охиридан бошланган ва майин бўлиқ майсалар билан қопланган қир, худди баланд, ям-яшил ғарамни эслатарди…
Чап томонда, қирнинг этагида чигит экишга ҳозирланиб қўйилган катта майдон қорайиб ётар, узоқда, даланинг этагида ўрмалаб юрган тракторлар дўмбайиб кўринар, берирокда кетмон чопаётган қизлар саф тортган эди.
Ўнг қўлда, қирнинг ён бағрида, яккам-дуккам боғлар худди ерга қўнаётган оқ парашютларга ўхшаб кетар, боғларга олиб чиқадиган илонизи йўлдан бир йигит билан бир қиз Воҳидларникига томон тушиб келарди. Қизнинг эгнидаги хонатлас кўйлаги қуёш нурларида минг тусга кириб товланарди…
— Ясан-тусан жойда-ку, ким бўлдийкин? — деди Воҳид. У бир озгача кўзини узмай тикилиб турди, сўнгра бирдан юраги бехосдан қафасга тушган қушдек питирлаб қолди!
Атлас кўйлакли қиз… Розия эди!..
Воҳид кутилмаганда ғалати бир шошқалоқлик билан ўзини олмаларнинг панасига олди. Юраги ҳамон гупиллаб урар, ўпкаси қисилган, худди ҳаво етишмай қолгандай, ҳансираб нафас оларди.
Қир билан боғ ўртасидан катта ариқ ўтар, пахтазор томонда омонатгина бир кўприк бўларди. Гулсин холанинг боғига ўша кўприкдан ўтиларди. Улар афтидан шу кўприкка қараб келардилар.
Воҳиднинг назарида ҳар бир минут бир соатга чўзилаётгандай эди. Ниҳоят шип-шип этган оёқ товушлари, кулган овозлар эшитилди. Эри ўрта бўйли, узунчоқ юзли, ўспиринга ўхшаган ёшгина йигитча эди. У ўнг қўлидаги калтагина тол чивиқ билан Розиянинг бўйнини, юзини қитиқлар, Розия хипчинни юлиб олишга ҳаракат қилар, лекин тутиб ололмасдан гоҳ жаҳли чиқар, гоҳ эрига қўшилиб кулар эди.
У боя Воҳидга кўзи тушганми, йўқми, ишқилиб, рўпарага келганда, бир озгача боққа тикилиб борди… Ажабо: у ҳеч ўзгармаган эди! Юзи, бўйни, қўллари ўша унутилмас ёз кунларидагидай қуёшда қорайган, соғлом, кулганда оқ тишлари бурунгидай ялтирайди, билинар-билинмас қирғий бурнининг четларида, ёноқларида, ёқимтой табассум жилваланади… Қадди-қомати ҳам бурун қандай бўлса шундай нозик новдани эслатади, фақат кўзлари… кўзлари бир оз маъюс кўри-нади!..
Розия ўтиб кетиши билан Воҳид бирдан ҳолсиз-лангандай бўлиб, ариқ бўйига ёнбошлади.
Йўқ, эрталабдан бери ўйлаган ўйларининг ҳаммаси бекор эди! У Розияни ҳеч қачон унутган эмас, зотан унутиши мумкин ҳам эмас эди. У эндигина Машҳуранинг кўз ёшлари бежиз эмаслигини, бу севги энди бутун умр унинг дилида оғир бир дард, давосиз бир жароҳат бўлиб қолишини тушунган эди!..
Воҳид шу аҳволда узоқ ўтирди. У қанча вақт ўтганини билмас, афтидан бир-икки соат ўтган бўлса керак, чунки қаеқдандир эшитилган оеқ шарпаси қулоғига чалиниб бошини кўтарганида, қуёш терак бўйи баландлаб қолган эди.
Унинг ёнбошида, ариқнинг нариги юзида, сал қисилган қўй кўзлари билан Воҳидга синовчан тикилиб, бўлажак куёви Собир турарди!
Эгнида ҳарбий гимнастёрка, оёғида ойнадай ялтираган хром этик, қўлида қалин гуллаган олма шохчаси.
— Салом, Воҳид ака! — деди у ва бир сакрашда арикдан ўтиб қўлини чўзди, — кечирасиз, сиз билан бир гаплашмоқчи эдим!
Овози кутилмаганда йўғон, дўриддоқ эди.
— Хўш? — деди Воҳид.
У кулимсираб турган бу чиройли йигитга нисбатан бир вақтнинг ўзида қалбида ҳам дўстона бир туйғу, ҳам аллақандай душманлик ҳис этарди. Воҳидга айниқса, унинг кулимсираши ёқмас, бу табассумда қандайдир куч, ирода, ғолиблик сезилиб турарди.
— Шу дейман, ўзингиз тушунадиган, ўқиган одамсиз… Мана шу майда-чуйда, бемаъни гапларнинг нима кераги бор? — деди Собир.
— Қайси гапларни айтасиз? — деди Воҳид ва тушуниб туриб шундай деганидан ғижиниб қўйди.
— Мен ҳайронман, — деди Собир, — тўғрисини айтсам… қанчалик қаршилик қилманглар… Мен бари бир Зарифага уйланаман! Шундоқ бўлгандан кейин бу машмашанинг нима кераги бор?
У яна кулимсиради. Бу кулгидан, худди бошига биров тўсатдан бир челак совуқ сув қуйиб юборганек, Воҳиднинг аъзойи баданини жимирлатиб юборди.
«Розиянинг шунча ҳақорат қилгани етмагандек, бу сурбет нима қилмоқчи яна?»
— Бари бир уйланар экансиз, мен билан гаплашиб нима қиласиз? — деди у ва нафаси тиқилиб энтикди,— Уйланаверинг!..
Собир ҳануз унинг юзига тикилиб, жилмайиб турарди.
— Энди… бир томондан қўшничилик, иккинчи томондан… Мен сизни… ҳар ҳолда… тушунадиган йигитлардан, деб ўйловдим.
— Йўқ, мен тушунмайдиган йигитларданман!
— Шунақами? — деди Собир, — майли, энди… ўзингиз биласиз, аммо…
— Боринг, ишингизни қилинг! — деди Воҳид ва унинг кулиб турган чиройли кўзларини, мўйловчасининг четидаги истеҳзоли табассумини кўрмаслик учун шартта бурилиб, олмазорга кириб кетди. Бир-икки қадам юргандан кейин орқасидан Собирнинг:
— Қойилман! — деган овозини эшитиб қолди. «Уят-андиша деганни билмаган сурбет!» — деди Воҳид хаёлида. У титрар эди.
Ғазаб ва ҳақорат туйғуси шунчалик кучли эдики, қаёққа кетаётганини билмас, юзига олма шохлари урилиб қатгиқ оғритаётганини сезмас эди. Тўсатдан қаердандир ён томонидан, оёқларининг остига четига тўрт бурчак қоғоз боғланган бир тош келиб тушди,
Воҳид олдин сесканиб кетди, сўнгра тошни қўлига олиб, ипини ечди.
«Сизга икки оғиз гапим бор, Мумкин бўлса кечқурун, пода қайтгандан кейин боғнинг охиридаги мирза теракнинг ёнига келсангиз… жуда миннатдор бўлардим. Розия!»
Воҳид шошиб ён-верига қаради. Узоқда, олма шохлари орасида Зарифанинг кўйлаги милт эттандек бўлди. Воҳиднинг юраги гуп-гуп урарди…
* * *
«Бир оғиз зарур гапим бор!.. Қанақа гап! Нима демоқчи! Турмушга чиққан ёшгина бир жувоннинг бир маҳаллари уни севган ёш йигитга нима гапи бўлиши мумкин?»
Воҳиднинг боши қотиб қолди.
Тушга яқин унинг қишлоққа келганини эшитиб ёр-дўстлари, мактабдошлари йўқлаб келишди. Уларнинг кўпчилиги ўзи битирган ўрта мактабда ўқитувчилик қилишар, баъзилари колхоз бухгалтериясида ишлашар эди.
Эҳтимол Розия бундай қилмаганида Воҳид ҳам ўз қишлоғига келиб ишлаган бўларди, чунки молия инс-титутини битириши олдидан колхоз раиси унга экономистлик лавозимини ваъда қилган эди. Воҳид бунга розилик ҳам берганди, лекин кейин ҳамма нарса алғов-далғов бўлиб кетди-ю, Воҳид Фарғонадаги йирик колхозларнинг бирига кетиб қолганди… У ҳатто ўқишни битирганидан кейин келмаган ҳам эди, ҳолбуки, дўстларининг айтишича икки йил ичида қишлоқ жуда бошқача бўлиб кетганмиш… Воҳид уларга қўшилиб, қишлоқни бир айланиб келди. У йўқ вақтида рўй берган бу ўзгаришларни томоша қилди. Қишлоқ ўртасидаги катта тепалик текисланиб, кўркам паркка айлан-тирилган, эски уйларни емириб ўқдай тўғри кўча тушганди. Воҳид бунинг ҳаммасини қизиқиб томоша қиларди-ю, бироқ қаерга бормасин, кимлар билан гаплашмасин, хаёлидан Розиянинг хати кетмас, ҳар сафар уни эслаганда, юраги ўйнаб, аъзойи бадани жимирлаб кетарди. Унинг хаёлини аллақандай нотинч ўйлар банд этар, дам бутун вужудини иссиқ бир ҳаяжон чулғаб оларди. Кўнглининг бир четида Воҳид бу учрашувда гап Зарифа билан Собир тўғрисида боришини сезиб турар, лекин Розиянинг у билан хилват жойда, эридан яширин учрашмоқчи бўлиши… Уни бир ҳаяжонлантирар, бир юрагига ғулғула соларди. Бунинг ҳаммаси қўшилиб, миясида яна ўша нотинч саволни туғдиради: «Менга қанақа гапи бўлиши мумкин? Нима дейиши мумкин?»
Кечқурун, учрашув вақти яқинлашиб қолганда, акаси билан келинойиси яна келишди. Боя кундуз Зарифани қидириб топа олмаганлари учун ҳал қилувчи суҳбат кечқурунга қолдирилган эди. Лекин Воҳид «кенгашнинг очилиши»ни кутиб ўтиролмади, вақт яқинлашган сайин юраги ўйнаб, теракзорга қараб кетди.
Қуёш ботган, бироқ атрофидаги боғлар, сарвқомат тераклар, узокда оқариб турган тоғ чўққилари ҳамон майин нур пардаси билан ўралган, гўё қуёш бутун борлиқни нафис бўёқлар билан бўяган-у, бу бўёқ ҳали қуримаган эди… Теварак-атрофдаги боғлардан қўй-қўзиларнинг маъраши, бола-чақанинг қий-чуви эшитилиб турарди. Бу ғалати овозлар кишига узоқ болалик йилларини эслатар, ҳазин мусиқадай таскин берар, осойишталикка ундарди.
Аста-секин осмонга чапланган нафис пуштиранг бўёқлар сўниб, кулранг тусга кирди, терак япроқларини шитирлатиб тоғ шабадаси елиб ўтди… Воҳид Розиянинг йўлига қанчалик тикилмасин, хаёлга толиб, қаёқдан келганини пайқамай қолди.
У оёқ шарпасидан сесканиб кетганида Розия ундан уч қадам нарида, олдини тўсган олма шохини эгиб, узун нозик бармоқдари билан гул япроқларини силаб турарди. Унинг бошида юпқа оқ дока рўмол, эгнида оқ шойи кўйлак, оёғида оқ босоножка эди. Бу оқ кийим уни қандайдир ёш келинга ўхшатиб юборган, ҳаяжонланганидан бўлса керак, олма гулларини силаб, қошларини чимириб, уялинқираб туришида ҳам ёш келинларда бўладиган бошқача бир назокат бор эди.
Воҳид ўгирилиб қараши билан Розия, худди бирдан ҳушига келгандай, олма шохини четга суриб, кескин ҳаракат билан олдинга ўтди ва унга бир-икки қадам етмасдан тўхтади.
— Салом, Воҳид ака!
Қошлари боягидан ҳам кескин чимирилган, бурун катаклари сал керилган, кўзларида, юриш-туришида аллақандай бир кескинлик бор, фақат овози сал бўғиқ, ўзини қанчалик дадил тутишга ҳаракат қилмасин, ҳаяжонланаётгани сезилиб турибди.
Воҳид ундан кўзини узолмас эди.
Икки йилдан бери дилига озор бериб келган алам ва ҳақорат ҳислари негадир бирдан сўниб, маъюс ва мулойим бир туйғу билан алмашган эди.
— Салом, Розия! — деди у ва қўлини чўзди. Розия тортиниброқ кўришди. Бир нафас, бир дақиқа бир-бирига тикилиб қолдилар, гўё дилларда жўш ураётган тўс-тўполон ҳисларни бир-бирларининг кўзларидан ўқиб олишга уриниб кўрдилар. Сўнгра иккиси ҳам баравар кўзларини четга олиб қочдилар. Розия кўкрагидан пастга тушган рўмолининг учларини бармоғига ўрай ўйнай бошлади.
Воҳид нима қилишини билмас эди. Зотан ҳаётидаги бахтиёр дақиқаларга, жуда оғир, даҳшатли дамларга сабаб бўлган бу қизга нима дейиши мумкин? Айтгани фойдаси нима? Фақат… уни бу ерга келишга нима мажбур этдийкин? Нима демоқчи? Ҳақиқатан ҳам укаси билан Зарифа тўғрисида гаплашмоқчими? Ёки шу баҳона билан уни, Воҳидни тарк этиб, қанчалик бахтли турмуш кечираётганини кўрсатиб қўймоқчимикин? Ёки, аксинча, ўз турмушидан унга нолимоқчимикин?
— Овора қилганим учун кечирасиз… — деди Розия энтикиб, — мен сиз билан икки ёш тўғрисида бир оғиз гаплашсам девдим… Энди буларнинг тақдири қандоқ бўларкин? Нима қилмоқчисизлар ўзи?
Воҳид хийлагача нима дейишини билмай туриб қолди.
— Сизнингча, нима қилсак бўлади, — ниҳоят деди у, — нима қилсак тўғри бўлади?
Розия кўзини ердан узиб, секин қаради. Воҳид унинг юзидан қони қочиб, бурун катаклари пирпираб уча бошлаганини кўриб турарди.
— Кечирасиз, мен сизга қандоқ қилсангиз тўғри бўлишини тушунтириб қўйгани келганим йўқ бу ерга! — деди у. Овози тўсатдан ўзгарган, бояги ҳаяжон йўқолиб, қандайдир ғазаб аралаш бир кескинлик пайдо бўлганди.
— Мен сизга ақл ўргатишга ожизлик қиламан, — деди у ва хиёл жим қолди. — Сиз олий маълумотли, оқу қорани биздан яхшироқ танитган бир интеллигентсиз! Лекин… қачонгача бу… ярамас эски урф-одатлар ҳаётимизни заҳарлайди? Қачонгача бахтимизга ғов бўлади? Қачонгача энг яхши ҳисларимизни ҳақорат қилади? Наҳотки энди шу эски урф-одатни деб, бу иккисини ҳам бахтсиз қилсак? — Розия яна боягидай, нафаси сиқилиб энтикди. — Мен ҳайронман, — деди у бирдан овози ўзгариб, — буни ҳамма ўйламаганда ҳам сиз ўйлашингиз керак эди-ку? Наҳотки сиз ҳам ўйламасангиз ?
Воҳид эндигина Розиянинг гап-сўзларида, хатти-ҳаракатларида, ўзини тутишида худди Собирнинг хатти-ҳаракатлари, гап-сўзларида бўлгандай бир ҳурмат-сизлик, кишини ҳақорат қилувчи, иззат-нафсига тегувчи бир андишасизлик, ўзига ишонч, кибр борлигини пайқаб қолди. У ўз гуноҳини мутлақо инкор эти-ши, ҳамма айбни аллақачон унга, Воҳидга, қолаверса, эски урф-одатларга тўнкаб қўйгани кўриниб турарди. Афтидан у Воҳидни қанчалик ҳақорат қилганини тасаввур ҳам этмас. Рузвон холанинг Зарифа билан Собирнинг қўшилишига қарши чиқишини ҳам фақат эскилик таъсири деб билар, бу қаршиликни туғдирган асл сабабларни нақадар чигал эканини тушунмас, зо-тан тушунишдан ожиз эди!..
Воҳид бутун вужудини майда, асабий титроқ босиб бораётганини сезиб турарди. Титроқ кучайиб борарди.
— Ҳамма айбни эскиликка ағдаришдан осони йўқ, — ниҳоят деди Воҳид. — Унинг овози асабий, бўғиқ эди, — умуман… Нега энди бу тўғрида ҳамма ўйламаганда ҳам мен ўйлашим керак экан? Нима демоқчисиз? Очиғроқ айтинг!
Розия олма гулларини силашдан тўхтаб, катта, ўйчан кўзлари билан Воҳидга бир қараб қўйди, сўнгра гулларни битта-битта юла бошлади.
— Кечирасиз! — деди у анчадан кейин секин, титроқ овозда, — мен ўша маҳалдаги… ҳамма сўзларингизга, севгингизга, тақдим этган тилла узукларингизга, ҳаммасига ишонган эдим!
— Ишонган эдим! — деди Воҳид. — Ишонмасликка қанақа далилларингиз бор?
Розия худди бир нарсадан чўчиб тушгандай, бошини кескин кўтариб қаради. Унинг кўзларидаги бояги маъюс ифода ўзгариб, унинг ўрнини ҳайрат эгаллаганди.
— Агар бу сўзингиз чин бўлса… агар ўша маҳалда айтган гапларингиз рост бўлса, — деди у лаблари титраб, — мен нимага Тошқорага турмушга чиқмасдан… бошқа бировга турмушга чиққанимни бир ўйладингизми? Бунинг сабабини бир суриштириб кўрдингизми?.. — деди Розия ва нафаси етмагандай сўзида тўхтади. — Унинг чақнаб турган катта кўзлари тўсатдан жиққа ёшга тўлди. — Ё бўлмаса… келинойингиз айтгандек мен ҳали ўнта эрга тегиб чиқадиган бир… шал-лақи эканимга ишонасизми?
Воҳид ёнидаги олмата суянди ва четга қаради. Ажабо: бир неча йилдан бери дилида тўпланган алам ва изтироблар акс этиб «ишонасизми?» деб порлаб турган бу мусаффо кўзларга тўғри қараш, сўз топиб жавоб бериш осонми?
— Албатта, ишонсангиз керак! — деди ниҳоят Розия ва юзини рўполча билан ўраб бирдан ҳўнграб йиғлаб юборди. У худди бировдан дакки еган ёш боладай куюниб, елкалари титраб йиғлар, бояги ғурур, ишонч. Воҳидга манманлик бўлиб туюлган хатти-ҳаракатлардан нишона ҳам қолмаган эди. Унинг йиғиси фақат чинакам бахтсизлик рўй берганда бўладиган бўлакча бир изтиробга, чуқур нидога тўла эди!
Воҳид эрталаб, Розия Тошқорага турмушга чиқмасдан, бошқага текканини биринчи марта эшитганидаёқ ҳайрон бўлган эди, лекин аччиқ ҳақиқатга қанчалик тайёрланаётган бўлмасин, бунчалик бўлишини хаёлига келтирматан, Розиянинг бу гаплари унга бун-чалик таъсир этишини, бутун хаёлини ост-уст қилиб юборишини кутмаган эди!.. У Розиянинг йиғиси юра-гига игнадай санчилиб, бутун вужудини тимдалаб юбораётганини ҳис этар лекин гапирай деса тилга сўз келмас, гапиришга ожиз эди!! У фақат бир нарсани — энди ҳеч қачон ўрнига келмайдиган бир хатога йўл қўйганини, эҳтимол умрбод эсидан чиқмас, лекин тузатиб бўлмайдиган даҳшатли бир воқеа рўй берганини биларди, холос!.. Бироқ бунга ишониш, буни тан олиш оғир, ҳатто мумкин ҳам эмас эди!
— Шундоқ экан… Нега бошда тузукроқ тушунтирмадингиз? Нега яхшироқ гаплашишни ҳам хоҳламадингиз? — алам билан деди Воҳид ва секин, қандайдир қўрқинқираб, Розиянинг билагидан ушлади, — эсингиздами?..
Розия қўлини унинг қўлидан секин чиқариб олди.
— Сиз-чи? Сиз ўшанда қай аҳволда борганингиз, нималар деганингиз эсингиздами?
Ҳа, қандай боргани эсида бор. Уйда эшитган гаплардан аламига чидай олмасдан, жўшиб борганди! Розияни кўрганда журъатини йўқотиб қўймаслик учун, бор гапни бир йўла айтиб, ҳақорат қилиб бўлса ҳамки, аламини олиш учун ширакайф бўлиб борганди!.. Бунинг ҳаммаси тўғри, лекин…
— Сиз уларнинг ярамас, ифлос гапларига ишониб турганингизда мен нима ҳам дёрдим? Наҳоти, сиз ёш бир қиз учун севимли йигитига ўзининг бегуноҳ эканини исбот қилиб гапириш, бировлар билан ўйнашмаганлигини далиллаб бериш… нақадар оғир эканини тушунмасангиз! — деди Розия энтикиб. — Сиз ўшанда нималар бўлганини одамлардан бир сўраб кўринг-чи: келинойингиз билан акангизнинг ўғли босган ҳар бир қадамимни ўлчаганларидан ха-барингиз борми? Спектаклга бормайсан, деб неча марта тўполон кўтарганларини, ҳатто кинога бормайсан деб орқамдан пойлаб юрганларини биласизми? Ахийри Янги йил кечаси Тоштемир ака уйга узатиб қўяман, деб бирга келаётганларида катта йўлда олдимизни тўсиб қандай ҳақорат қилганларини бир суриштириб кўрдингизми?
Йўқ, Воҳид буни суриштириб кўрган эмас, чунки ўз севгисига вафодор қиз бундай қилишга, Янги йил кечасида ўлтиришларга боришга, бошқа бир эркакнинг кузатиб қўйишига розилик беришига ҳақи йўқ деб биларди, чунки фақат бевафо ва беҳаё қизларгина шундай қилади деб ўйларди, чунки акасининг ўғли, онаси ва қариндош-уруғларининг Розия тўғрисидаги ҳар бир сўзига ишонган эди!… Шунинг учун ҳам ўша кеча амбулаторияга фақат битта мақсадла, Розияни ҳақорат қилиш мақсадида борганди!
Ҳа, бунинг ҳаммаси эсида бор, ҳаммаси худди Розия айтгандай бўлганди… Лекин… Ахир, Воҳид бунчалигини билмаган эди-ку! Бунчаликка борган экан, нега Розия эртасига унинг олдига келмади? Нега бу гапларини ўшанда айтмади!
— Нега? — деди Розия, овози титраб, — чунки, мен севгимизга ишонган эдим! Сизни бунақа қилади деб, ҳали тўй бўлмасдан туриб севган қизидан шубҳа қилади, деб сира ўйламаган эдим. Эсингиздами, ўша йили ёзда биринчи марта учрашганимизда, мен сизни бутунлай… бутунлай бошқача тасаввур этгандим! Розия гапиролмасдан яна йиғлаб юборди…
— Бутунлай бошқача тасаввур этгандим!.. Бу… Бу қандоқ бўлди?
Алам ва афсусланиш ҳисси шунчалик кучли эдики, Воҳид оғриққа чидай олмаган одамдай секин инграб юборди.
— Кечиринг!
Розия худди ёмон бир хаёлдан қутулмоқчи бўлган одамдай бошини силкитди ва тўсатдан қандайдир ўзгарган босиқ овозда:
— Майли энди, бу гапларни бир четга йиғиштириб қўяйлик, — деди секин, — мен бу ерга ҳамма айбни сизга тўнкаб, ўзимнинг бегуноҳ эканимни исбот қилгани келганим йўқ. Сизга фақат битта илтимосим бор… Бу икки ёшнинг тақдирини нима қилмоқчисизлар? Булар ҳам менга ўхшаб бегуноҳ-беёзиқ эски урф-одаларнинг дастидан қурбон бўладиларми ё ўзингиз бир иложини қиласизми? — Розия бир нафас жавоб кутиб жим қолди, сўнгра секин қўшимча қилди:
— Мен сизга ишонаман, жабр қилмаслигингизга, ёрдам беришингизга ишонаман.
«Сизга ишонаман!» Ажабо, боя йўлда келаётиб Розия тўғрисида алам аралаш ғазаб билан ўйлаган пайтларида, Воҳид секин айтилган бу икки сўздан титраб кетишини тасаввур этганмиди? Ҳамон кўз ёши аралаш маъюс тикилиб турган бу маъсум ва гўзал жувон ҳалиям бўлса унинг кўнглини нурга тўлдириб, ғамгин ва ёруғ ҳислар уйғотишга қодир эканини билганмиди? Бу нарсани хаёлига келтирганмиди?
— Хайр, менга рухсат, вақтингизни олганим учун кечирасиз, — деди Розия, мен сизга ишонаман.
— Тўхтанг, Розия, — деди Воҳид ва унинг қўлидан ушлади, — бир минутга тўхтанг!
— Йўқ, қўйинг, хўжайин кутиб ўтирибди, — Розия қўлини секин унинг қўлидан чиқариб олди, лекин бир-икки қадам юриб яна тўхтади.
— Ҳа, эсимдан чиқибди, — деди у ва кўкрагидан бир нарса чиқариб, Воҳидга чўзди, омонатингизни олиб қўйинг… Олдинги сафар эсимдан чиқиб, қолиб кетган экан…
Унинг кичкина узунчоқ кафтида бир нарса «ярқ» этиб чақнади. Бу — ўша масъуд кунларда, худди шу ерда, ойдин кечада, Воҳид унга такдим этган… тилла узук эди!
Воҳиднинг томоғини бир нима гап бўққандай, боши айланаётгандай бўлиб, яна Розиянинг қўлидан ушлади.
— Рози, қаёққа? Наҳотки…
— Қўйиб юборинг, — деди Розия босиқ, секин овозда, — қўйиб юборинг!…
Сўнгра аллақандай титроқ овозда қўшимча қилди:
— Қўйиб юборинг деяпман сизга! Қўйиб юборинг, ё… «Наҳотки тўхтамаса? Наҳотки орқасига қайтмаса? Наҳотки, у бу ерда фақат аччиқ ҳақиқатни айтганигина келган бўлса? Наҳотки унинг кўзини очиб, кўнглида бутун умр сўнмайдиган бир дард, бир алам қолдириб кетиш учун келган бўлса бу ерга?»
Розиянинг оқ кўйлакли нозик қомати олма гулларига сингиб кетгандай бўлди…
Воҳид олмага суянганича қотиб қолди.
— Розия! — деди у секин, — тўхтанг, Розия!
Ҳеч ким жавоб бермади. Қаердадир узокда нимадир «чирс» этиб синди.
* * *
Зарифа ёстиқни қучоқлаб товушсиз йиғлар, акаси калта мошгуруч соқолини тутамлаганича хаёлга толган, келинойиси худди Зарифага гапириш тугул қарашдан ҳам ҳазар қилаётгандек, оғзини оқ дока рўмолининг учи билан ўраб, тескари қараб олган, Рузвон хола ҳам ерга тикилганича жим ўгирарди.
Афтидан, айтиладиган гапнинг ҳаммаси айтилиб бўлган, насиҳат, дўқ, таҳдид — ҳеч нарса кор қилмаган, ҳаммаси чарчаган, нима қилишни, нима дейишни ҳеч ким билмаган бир вазият ҳукм сурарди.
Воҳид олманинг панасида бир неча дақиқа уларга қараб турди. Тўртовининг бу ўтиришида қайси бир классик пьесасдаги вазиятни эслатадиган аллақандай бир нарса бор эди, ҳатто айвоннинг ўзи, ундаги бу-юмлар ҳам саҳнани эслатарди кишига. Фарқи фақат шунда бўлиши мумкин эдики, Зарифани ўртага олган бу учовининг кўзлаган ёмон бир нияти йўқ, уларнинг ҳар бири шу тобда Зарифага яхшилик қилаётганларига, оила номуси учун, Воҳиднинг обрўси учун жон куйдириб, ҳасрат чекаётганларига амин эдилар. Афтидан, улар ўшанда ҳам, Розиянинг ҳар бир қадамини ўлчаб, унинг «уят-андишани билмаган бир беҳаё» эканлигини фош этиш учун жонбозлик қилган пайтларида ҳам Воҳидга яхшилик қилганларига, унинг обрўси, йигитлик шаънига доғ туширмаслик учун курашганларига имонлари комил эди. Лекин энг даҳшатлиси шунда эдики, агар бугунги учрашув бўлмаганда, Розия билан гаплаша олмаганда, Воҳиднинг ўзи ҳам бунга шубҳа қилмаган бўларди!..
Воҳид худди захарланган одамдай тўлғаниб, олманинг панасидан чиқди. Уни кўриши билан Рузвон хола овозини чиқариб йиғлаб юборди:
— Бизни ҳурмат қилмасанг, ақалли акангни ҳурматини қилсанг бўлмасмиди, ер юткур! — деди у куюниб, — бу лўливаччага тегиб олиб, эрта-индин акангга қайси юз билан қарайсан, нима дейсан, тирмизак?
Зарифа вазиятини ўзгартмади, фақат ёстиқни қучоқлаб олган қўллари қаттиқроқ титрай бошлади, бошқалар эса Воҳиднинг бир нима дейишини кутиб унга тикилиб қолдилар.
Воҳиднинг кўнглидан:
«Бу жанжал, бу ғавғо кимга керак? — деган фикр ўтди. — Айниқса қариган чоғингизда сиз нима қила-сиз шу сохта обрў, манманлик учун курашиб, ойи-жон?» деди у хаёлида, лекин бу гапни айтиш ўрнига:
— Мен жўнамоқчиман, — деди Воҳид секин.
У аъзойи баданини зўр бир титроқ эгаллаб олаётганини, ҳозир бир портлаш рўй беришини сезар ва ўзини қўлга олишга уринарди.
Рузвон хола шошиб ўрнидан турди.
— Ярим кечада қаёққа борасан? Сенга нима бўлди, болагинам?
Акаси ҳам ўрнида бир кўзғалиб қўйди.
— Кетадиган бўлсанг, бу ишни бир ёқлама қилиб кет! — деди у. — Ё биз билан бўлсин, ё ўша лўливачча билан!
Воҳид унинг бирдан туртиб чиққан бўйин томирларига, қон қуйилган семиз юмалоқ юзига қараб, тўсатдан ўшанда, Розия устида бўлган оилавий мажлис пайтида ҳам акаси худди мана шундай кўзларига қон қуйилиб, титраб гапирганлари, муштини тугиб писанда қилганлари эсига тушиб кетди. Лекин қизиқ, ўша пайтда, ҳатто бугун эрталаб ҳам Воҳид буни сезмаган эди! Юрагининг тагида нимадир гўё ўт ола бошлаган алангадан ловиллаб, бутун вужудини куйдириб юбораётгандай бўлиб энтикди.
— Буни тинч қўйинглар, — деди у паст, бўғиқ товушда, — уни ўз ихтиёрига қўяйлик!
Воҳид ортиқча гапирмоқчи эмас эди, шу икки оғиз сўзни айтиб уйга кириб кетмоқчи эди, лекин бутун вужудини эгаллаб олаётган титроқ енгди-ю, ўзини тутолмай қолди.
— Бас! Бўлди! — деди у бўғилиб, — буни зўрламанглар! Умуман… бу гапларнинг нима кераги бор? Беш-ўнта эси паст ва нодонлар сўз қилади, — деб буни бахтсиз қилмоқчимисизлар?. Зотан… Бу сохта обрў, манманликни йиғиштириб қўядиган пайт келмадимикин?
У титраб, нафаси сиқилганидан гапиролмай дудуқланиб қолди.
— Мен… биз сен учун, сенинг обрўйинг учун деб жон куйдиряпмиз! — деди акаси. — Қорнимизга эмас, қадримизга йиғлаяпмиз.
— Раҳмат! — деди Воҳид, — раҳмат. Менга жон куйдираман деб бир бечорага шунча туҳмат ёғдирганларинг ҳам етади! Менга жон куйдираман деб, ундан — Розиядан жудо қилганларинг ҳам етади!
Бир зум фавқулодда чуқур жимлик чўкди, гўё ҳамма Воҳиднинг гапларининг мағзини чақолмай лол бўлиб қолганди. Биринчи бўлиб келинойиси ҳушига келди, у худди чаён чаққан одамдай, сапчиб тушди.
— Вой, вой, нималар деяпсиз, Воҳиджон? — деди у ўрнидан қўзғалиб, — оғзингизга қараб гапиринг!
— Мен эмас, сиз оғзингизга қараб гапиринг! Сиз ҳам мени ўз тарозингиз билан ўлчаманг Тушундингизми?! Тушундингизми деяпман сизга?
Қаердандир узоқдан, қир томондан, Воҳиднинг овозининг акс-садоси эшитилди:
— «Тушундингизми деяпман сизга?»
Воҳид бирдан ўзига келиб, кўзларини юмди: «Менга нима бўлди? — хаёлидан ўтди унинг, — нима бўлди менга?»
Тўрда ўтирган акаси қўлтиғидаги ёстиқларини четга суриб, ўрнидан тура бошлади, лекин шу вақт келин-ойиси унга қараб ўшқириб берди:
— Қўйинг, билганларини қилсин! Сизга нима! — деди у ва ўрнидан туриб кетди, — яхшиликка ёмонлик деб мана буни айтадилар. Ҳа, билиб қўйинг: бир нарса бўлса булар ҳали ҳамма айбни сизга тўнкашдан ҳам тоймайди! Тушундингизми?
Воҳид яна бир дақиқа турса катта бир жанжал, кутилмаган бир портлаш рўй беришини сезиб қолди. Буни бирдан пайқаб қолди ва зўр куч билан ўзини босиб, шартта бурилиб уйга кириб кетди.
Келинойиси ҳамон гапирмоқда эди. Унинг қандайдир заҳарга тўла товуши яна бир неча минут эшитилиб турди. Сўнгра ҳамма овозлар пасайиб, жимлик чўкди.
Воҳид қайтиб чиққанида акаси билан келинойиси кетиб қолишган, Зарифа ҳам кўринмас, ёлғиз Рузвон хола бир нуқтага тикилиб, боягидай ғамгин ўйга чўмиб ўтирарди. У ўрнидан туриб, ўғлининг бўйнидан қучоқ-лади:
— Ярим тунда қаёққа борасан, сенга нима бўлди, болам?
— Хафа бўлманг, ёзда яна келаман! — деди Воҳид ва негадир қўшимча қилди:
— Машҳура билан бирга келамиз.
У нега шундай деганига ўзи ҳам тушунмади, лекин бу сўзни айтиши билан кўзига ёш келди.
— Келинимдан ўргилай. Неварамга майда-чуйдалар тикиб қўювдим. Олиб кетсанг бўларди! — деди Рузвон хола, шундай деди-ю, у ҳам йиғлаб юборди.
Ажабо: шундай содда, меҳрибон онани айблаб бўлармиди? Унинг самимийлигидан шубҳаланиш, унга бир нарса дейиш мумкинмиди?
Йўқ, онанинг самимийлигига шубҳа қилиб бўлмас эди. Лекин бутун даҳшат, бутун фожиа шунда эдики, у ўғлига яхшилик қиламан деб, энг катта бахтидан жудо қилиб қўйганини ўзи ҳам билмас эди!
Воҳид уни секин қучоқлади.
— Сиздан фақат битта илтимос… Зарифани қийнаманг. Чунки… бояги гапларим рост, ойи, ҳаммаси рост…
— Нималар деяпсан, болам? — деди Рузвон хола.
— Зарифани ўз ихтиёрига қўйиб беринг, ойи! — Воҳид бошқа гапиролмади.
Кеча ойсиз, ҳаммаёқ зим-зиё, ҳатто атрофдаги оппоқ гуллаган олмалар ҳам негадир қоп-қора бўлиб кўринарди.
Воҳид боғдан чиқиб, эндигина катта кўчага буриламан деб турганида, ариқ бўйидаги толларнинг орасида икки кишининг сояси кўринди.
Воҳид тўхташи билан уларнинг бири юмшоқ тупроқни шип-шип босиб югуриб келди:
— Акажон!
Зарифа ўзини Воҳиднинг қучоғига ташлади, бўйнидан қучоқлаб олди:
— Акажон! Кечиринг мени! Кечиринг! Воҳиднинг томоғини бир нима ғип бўғиб, кўзига
ёш олди.
— У ким? Собирми? — деди, у синглисининг бошини силаб.
Собир бир нарсадан тортингандай, секин яқинлашиб келарди.
— Кечирасиз, Воҳид ака, боя бир оз… аҳмоқона гап қилибман…
Воҳид синглисини четга суриб, унинг катта, дағал қўлини сиқди.
— Сенга бахт тилайман, Собир! Икковларингга ҳам бахт тилайман.
— Раҳмат сизга! — деди Собир.
Зарифа яна уни қучоқлади. У секин, товушсиз йиғларди. Воҳид унинг бошини кўтариб, пешонасидан ўпди:
— Йиғлама, синглим! Бахтли бўлгайсан!
Унинг дилидаги бояги дард, алам, оғриқ — ҳаммаси қаёққадир йўқолган, унинг ўрнини аллақандай мулойим, илиқ ҳислар эгаллаб олганди. Фақат хаёлининг бир четида: «Қандай қилиб мен ўз бахтимни ўзим бой бериб қўйдим?» деган бир фикр қайта-қайта такрорланарди.
— Нега шошдингиз? Ўзим олиб бориб қўярдим! — деди Собир.
— Раҳмат. Ўзим… бир пиёда юргим келди… Хайрлашиб, катта йўлга чиққанида, лабида аллақандай шўр таъм сезиб, тўхтади: Бу — кўз ёши эди!
Воҳид худди унинг йиғлаётганини биров кўраётгандай, шошқалоқлик билан кўзини артиб, йўлга тушди.
Узоқда, юлдузларга тегиб турган уфқда, қатор чироқлар ипга терилган маржондай ялтираб кўринарди. Бу — шаҳар эди.
1962 йил.