Нусрат Раҳмат. Таъқиб (ҳикоя)

Қодир ака, шифохонада ётган пайтлари уйда тўпланиб қолган газета-журналларни кўздан кечираётганда, набираси Мўмин амаки тобут ясаётганини хабар қилиб қолди. Буни эшитиб, негадир унинг эти жимирлаб кетди, вужудига нохушгина титроқ кирди, руҳи тушди. Сабабики, бундан бирор соат олдин Уста Мўмин кўчада унинг бўйини ўлчаб олганди-да. Мана, нима учун андоза олган экан?! “Наҳотки жуда афтодаҳол бўлсам”, ўйларди у ўзича.
Шундан кейин паришон хаёлларини йиғиштиролмай қолди. Ўзини овутиш учун қайси ишга уринмасин, кўз ўнгида лоп этиб унинг қаддини хафсала билан, эринмай ўлчаб олган, айни пайтда эса берилиб тобут ясаётган устанинг қиёфаси гавдаланаверди. Демак, у тузалмаган: докторлар нохуш оқибатни сезиб, унга жавоб беришган. Қўшни палатадан ҳам бир беморга жавоб беришганди, кейин…
–Наҳотки насибам узилган бўлса? – ғамгин шивирлади у.
Ҳамқишлоқлар таъбири билан айтганда, Қодир қаламнинг (новчалиги учун шундай дейишарди) ҳам ҳаёти кўп эркакларга ўхшаш: иш, бола-чақа ташвиши, хотин билан ғиди-биди, бошлиққа итоат, чойхонада улфатчилик ва ҳоказо. Орзуларининг деярли барига эришди: уй қурди, бола-чақа кўрди, уларни тўй қилди. Армияда бўлганида бир қизга ишқи тушганди, аммо олиб келишга баджаҳл отасидан чўчиди. Бу воқеага ўттиз йилдан ошди, аммо уни эслаганда, энтикиб кетади. Хуллас, ширин хотиралар оз эмас! Аммо бу хушчақчақ дунёни ташлаб кетгиси келармиди кишининг?!.
Балки ўша лаънати тобутни бошқа киши учун ясаётгандир? Шундай бўлиши керак. Уйдагилар хотиржам-ку. Лекин хотинининг шаҳарга тушиб келгани-чи…
У уйда ивирсиб юрган хотинининг хатти-ҳаракатларига разм солди. Унда ҳеч қанақа саросималикка ўхшаш ҳол йўқ эди. 
–Қўшниникига ўтмадингми? – уста нима ясаётганини аниқроқ билиш илинжида сўради у хотинидан. 
–Устаникигами? Эрталаб ўтгандим.
–Нима ясаётганди?
–Сандиқ бўлса керак, — беихтиёр жавоб қайтарди хотини. 
У дафъатан енгил тортди. “Демак, набирам сандиқни тобут деб ўйлаган, — хаёлидан кечирди Қодир ака, аслида у сандиқ ясайди. Кўрсодиқ молияга ёзиб берганди. Зўрға қутулиб, қайта ясамасликка сўз берувчи-ку. Ажабо. Нега бўлмаса унинг бўйини ўлчадийкин?!”
Бирдан унинг узоқ-узоқларга кетгиси, ёлғиз санқиб юргиси келди. Лекин иложи йўқ эди. Шунинг учун ётиб ухламоқчи бўлди. Аммо уйқуси ҳам келмади. 
Ниҳоят, қўшнисиникига ўтишга аҳд қилди. Уста Мўмин ҳақиқатан ҳам берилиб тобут рандаларди. Қодир қаламни тағин ўша таъқибкор туйғу қоплади. “Наҳотки шунинг ичига киришга тўғри келса?” Лекин сир бермасликка, ўзини тетик тутишга ҳаракат қиларди. 
Уста қўшнисининг ногаҳонда ташриф буюрганидан қанчалик ажабланган бўлса, унинг оқариб кетган лаблари, қалтираётган бармоқларига қараб, шунчалик саросималаниб қолди. 
–Қўшни, нималар ясаяпсиз? – ўзини бардам кўрсатишга ҳаракат қилиб сўради Қодир қалам.
–Тобут.
Гарчанд у тобутлигини билса-да, бу совуқ жавоб зарба бўлиб тушди. Лекин кўнглининг аллақаерида: “Балки бу лаънати бошқа бирор кишигадир”, деган умид бор эди. 
–Ҳайтовур, буни ўша Кўрсодиққа ясаётган бўлсангиз керак?
Уста қўшнисининг дарвешона ҳолатидан қанчалик ажабланган бўлса, фавқулодда берган саволидан ҳам шунчалик таажжубга тушди. Озгина сукутдан кейин жавоб берди:
–Кўрсодиққа дейсизми? У садқаи бунақа тобут кетсин! Яхшилигимни билмади. Халқ беҳудага уни Кўрсодиқ демайди. 
–Демак, унга эмас экан-да? – бўшашиб савол берди Қодир қалам.
–Йўқ, унга эмас!
Қодир аканинг бошига ногаҳоний оғриқ кирди. “Уйимгача етиб ололармиканман”, деган фикрдан ўзи чўчиб тушди. 
У бир амаллаб уйига етиб келди-ю, хотинига шивирлади.
–Болаларимни топ, васиятим бор…
Хотини изиллаб йиғлашга киришди, ҳамма саросимага тушди. Аёл ташқари чиқиши билан қўшнисининг бояги ҳолатидан хавотирланган уста Мўмин кириб келди. 
–Қўшни, кечирасиз, тузук гаплашолмадик ҳам. Иш кўпайиб кетди. Эрталаб сандиқ ясамоқчи бўлгандим. Наймандан бир киши келиб тобут ясаб беринг, деб қолди. 
–Наймандан?
–Ҳа, ҳалиги бригадирнинг отаси оғир экан. Ўзи ғам сизга ўхшаб новча одам. Шунинг учун… Тобутлари эскириб қолган экан. 
Қодир қалам чуқур нафас олди. Ўғиллари доктор олиб келганда, у устага ёрдам бераётганди.

1974