Ниҳоят, шунча якравликдан кейин бобом ҳам бу ердан кўчадиган бўлдилар. Бундан бутун оиламиздагилар қувонишди. Бирор йил илгари барча қишлоқдошларимиз посёлкага кўчиб ўтиб, Қамчинда у кишининг бир ўзи қолганди- да. Бобомни бу ердан кўчиришга ҳеч ким кўндиролмаганди. Колхозимиз раиси Мингноров ҳам, агрономимиз, парторгимиз ҳам бир неча бор айтишди. Бобом эса ётиғи билан “йўқ”, дейиш ўрнига:
-Кўчмайман дедим-ку, куясизларми-йўқми?- деб бақириб берардилар.
Бояқиш ойим бўлса, бобомнинг қаршисида ўтириб олиб, юм-юм йиғларди-ю, аммо журъат қилиб: “Бу ердан кўчинг”, деёлмасди. Унинг бақириб беришидан жуда қўрқарди.
Шунинг учун бўлса керак, бобомнинг кўчиши тўғрисидаги хабар тез тарқалди. Бобом фикридан қайтиб қолишидан чўчиб дадам посёлкада зудлик билан унинг моллари учун оғил, товуқлари учун катак қуриб қўйди. Бобомнинг кўчишларидан қариндошлар ҳам қувонишди.
Аммо мен негадир… қувонмадим. Бобомнинг шу ерда – қадрдош қишлоғимиз Қамчинда қолишини жуда-жуда истар эдим. Мен у кишининг эшиги қаршисидаги эски тегирмон томига чиқиб, мириқиб китоб ўқишни, ширин хаёл суришни жуда яхши кўраманда. Улкан ва қуюқ толлар билан бурканган бу манзилгоҳнинг бир меъёрда эсиб турадиган ёқимли шабадаси, шарқираб ётадиган бир тегирмон суви бошқа ҳеч жойда бўлмаса керак. Гоҳ у, гоҳ бу толда булбул сайраб қолади, барглар орасидан уни тополмасангиз ҳам овозини тинглаб ўтириш жуда завқли. Тегирмон томидан тирмашиб новнинг устига чиқсангиз, бутун қишлоғимиз ва посёлка худди кафтдагидек кўриниб туради. Кишининг илҳоми жўш уриб кетади: қўшиқ айтгиси ёки шеър ёзгиси келаверади. Дарвоқе, мен қишлоғимизга бағишланган “Қамчин” деган шеъримни худди шу ерда ёзганман. У шундай бошланади:
Чўққидан отилар инжу бўлиб сув,
Шошиб сен томонга йўл олади у.
Ҳорғин булутлар-чи кўниб қояга
Сенга термилади: борлиғинг сулув:
О, она Қамчиним, севаман сени!
Бу шеърим тўғрисида батафсилроқ сўзлаб беришдан илгари, қишлоғимизнинг нега Қамчин дейилишини айтиб бергим келяпти.
Бобомнинг ҳикоя қилишларига қараганда, бу ном Самарқанддаги Шоҳизинда мақбараси билан боғлиқ эмиш. Ундаги қабрлардан бирига қулоқ тутилса, худди темирчининг бир меъёрда болга уришига ўхшаш овоз эшитилиб тураркан, аммо бу садонинг сири ҳозиргача ҳеч кимга маълум эмас экан. Жуда қадим замонда Самарқанд устига мўру малахдек бўлиб ёв бостириб келибди. Сўғдиён лашкарлари узоқ курашибдилар, аммо душман сон жиҳатдан бир неча бор кўп экан. Сўғдиён лашкарбошиси ноиложликдан ана шу ғорга кириб яширинишга буйруқ берган экан. Ҳозир улар ўша ерда қилич-қалқон ясаётган эмиш: қачонлардир чиқиб, ёвга қашқатқич зарба беришармиш.
Қадимда Самарқанд шоҳларидан бири ана шу қабрдаги товушнинг сирини билиб чиққан кишига жуда катта инъом ваъда қилибди. Унинг белига узун арғамчи боғлабдилар ва чуқурга тушира бошлабдилар: кўп ўтмай ҳалиги бақира бошлабди. Уни зудлик билан тортиб олишса, қоп-қора бўлиб ўлиб қолган эмиш. Шунда иккинчи навкар унинг белидан арғамчинни ечиб, ўз белига боғлабди.
“Бақирсам ҳам тортиб олманглар”, – тайинлабди у. Шундай қилиб уни ҳам қабрга тушира бошлашибди. Бақирса ҳам қулоқ солишмабди. Бир маҳал қирқ газли арғамчи охирига етиб, ҳалиги одам оёғи ерга текканини маълум қилибди. Орадан яна бир оз ўтгач, уни тортиб олишибди. Навкар жуда ҳаяжонланган, таажжубланган экан. Зум ўтмай уни шаҳаншоҳга рўпара қилибдилар.
“Хўш, тезроқ гапир, нималарни кўрдинг?”, шошиб сўрабди подшоҳ.
“Аввал шартимни эшитинг, шоҳим! Бу сирни – барча тилагимни муҳайё қилганингиздан кейингина гапириб бераман”.
“Тила − тилагингни!”
“Бир отга миниб, уни қибла томон чоптираман, от қаердаки йиқилса ёки тўхтаб қолса, ўша ергача бўлган тумонат ҳокимлигини менга берасиз!”
Шоҳ рози бўлибди.
Ҳалиги навкар бир тўриққа миниб, унга қамчин босибди. От чанг кўтариб югурибди. Худди мана шу ерга – бизнинг қишлоққа келганда мункиб кетибди. Навкар отдан йиқилаётиб, қамчисини олдинга улоқтирганига бақирибди:
“Ҳа-ай, қамчин тушган жойдан бериси меники-и-и!..”
Лекин боёқишга ҳокимлик насиб этмабди: ўша ердаёқ отнинг остида қолиб, ҳаётдан кўз юмибди. Сир ҳам у билан бирга кетибди. Унинг қамчиси тушган жой эса бизнинг қишлоғимиз бўлиб қолибди, шунинг учун ҳам уни Қамчин дейишаркан.
Адабиёт ўқитувчимиз Қиличевнинг айтишига қараганда, бу гап мутлақо ёлғон ва ҳатто зарарли ҳам эмиш. Унинг фикрича, қадим замонларда ота-боболаримиз қамчин ясаш билан шуғулланишганмиш: бу ернинг асли номи Қамчинон бўлиб, кейинчалик Қамчин бўлиб қолганмиш. Бир китобдан эса, қишлоғимизнинг асл номи ўзбек халқининг Қавчин деган уруғи билан боғлиқлигини ҳам ўқиган эдим. Ким билсин…
Менинг кузатишимча, бу ҳам унчалик тўғри эмасдай. Мана шу баландликдан қишлоғимизга қараб, унинг катта қамчинга ўхшашлигига бир неча бор ишонч ҳосил қилганман. Ҳув анави чўққи пойидан йўл олган булоқ аввал тўғри ариқ бўйлаб сокин оқарди. Бу қамчиннинг сопига ўхшаб кетади. Мана шу тегирмондан ўтгандан кейин эса у илонизи бўлиб кетади, яъни қамчиннинг даррасига ўхшайди. Қишлоқдаги деярли барча хонадонлар ана шу ариқ соҳилида жойлашган, уларнинг томлари ҳам бир-бирига туташиб кетган.
Мен сизга айтган ўша “Қамчин” сарлавҳали шеъримда қишлоғимизнинг ҳамма ҳам дарҳол ҳис қилолмайдиган жозибаси, бўёқлари ҳақида қалам тебратгандим-да. Бирор йилгача бу шеъримни ҳеч кимга кўрсатмай юрдим. Кейин минг андиша, истихола билан адабиёт ўқитувчимизга бериб, ундан маслаҳат сўрадим. Муаллим аввал мийиғига кулди, сўнг минғирлаганича ўқиб чиқди-ю, бошини сарак-сарак қилиб гап бошлади:
–Менга қара, Абдулла! Бу Қамчиннинг нимасини мақтайсан?! Ахир, у ерда тўртта эски чолдевор билан сенинг бақироқ бобонгдан бўлак нима бор?! Посёлкани мақтамайсанми унинг ўрнига: ҳамма шароити бор, замонавий…
Аввал жуда хижолат бўлдим, унинг гапига ҳеч ҳам қўшилгим келмади. Наҳотки Қамчин – киндик қонимиз томган шу она қишлоқ хунук бўлса?! Лекин кейин ўйлаб боқсам, Қиличевнинг гапида ҳам жон бордай. Ҳақиқатан ҳам посёлка шинам, гази, суви бор. Шундан кейин посёлкага бағишлаб шеър ёзишга киришдим, аммо қўлимга қалам олишим билан пишиқ ғиштдан қилинган ва пишиқ ғиштдай бир-бирига ўхшаш уйлардан бошқа нарса кўз ўнгимга келмади. Унинг ўрнига эса бобом ҳақида шеър бошлаб қўйдим.
Бобомни орқаваротдан кўпчилик “Бақироқ бобой”, дейди. Ўзим ҳам бунга кўникиб қолганман, мени ҳам баъзида “Бақироқ бобойнинг невараси” дейишади. Мен буларга аччиқланмайман, чунки у киши ҳақиқатан ҳам бир оз тажангроқ: кўнгилга ёқмайдиган гап бўлса, бақириб берадиган одатлари бор. Бунинг устига нуроний ҳам эмас, соқоли – яккам-дуккам, ортиқ чакка суяклари бўртиброқ чиққан… Менинг кузатишимча, бундай чоллар ҳамма жойда ҳам тажангроқ, бақироқ бўлишади.
Бобомнинг уйларига бир табақали боғдоди эшикдан кирилади. Ҳовли тўрида битта етти болорли уй ва беш болорли даҳлиз бор, холос. Ҳовли кичиккина, ўртада кекса, букри шотут: унга ҳамиша қора говмиш боғланган бўлади, атрофда уч-тўртта кўланки товуқ донлаб юради.
Уйда ҳам деярли ҳеч вақо йўқ. Айримлар: “Чолнинг олтини бор”, дейишади. Бу – ёлғон! Уйда эски сандиқ, шолча, тўрда – деворга илинган нон кўзга ташланади. Уни урушда бедарак кетган тоғам, яъни бобомнинг ягона ўғиллари тишлаб кетган. Нон кўп тураверганидан буришиб, юракка ўхшаб қолган.
Мен ўша, “Бобом” сарлавҳали шеъримни у кишини бу ерда туртиб турган куч олтин эмас, ана шу кемтик нондир, деган туйғуни баён этишга ҳаракат қилганман. Шу билан бирга бобомни нуроний, катта қалбли киши қилиб тасвирланганман. Лекин аслида бобомнинг бу ердан кетмаслигининг сабаблари ҳайтовур фақат ўша нон бўлмаса керак, бошқа сабаблари ҳам бордир…
Уруш йиллари оиламиздагиларни шу сигир билан товуқнинг авлоди сақлаб қолган, дейишади. Бобом тонг билан шаҳарга сут билан тухум олиб кетиб, нонга алмаштириб келаркан. У пайтда мана шу ҳовличада ўз болаларидан ташқари бир неча етим болалар ҳам бор экан. Бобом шу алфозда уларни асраб қолган экан. Ўзининг саксон йиллик ҳаётида турли тасодифлар, очлик, муҳтожликларни бошдан кечирган бобом мана бу сигир билан товуқни нималардандир чўчиб асраб юргандир.
Бу сигир билан товуқнинг авлоди жуда қадим замонлардан бери оила йўлдоши бўлиб келган экан. Бобомнинг бобоси кўз юмиш олдидан бу жониворларнинг зотини йўқотиб юбормасликни васият қилган дейишади. Балки бобом посёлкада бу жониворларни сақлайдиган жой йўқлиги учун кўчмай юргандир.
Балки булар ҳам эмасдир. Билмадим, билмадим.
Ўта эҳтиёткор ва баджаҳл бобом бошқаларга ёқмаса ёқмас, мен барибир уни яхши кўравераман. У кишининг кўнглидаги гапни дарҳол фаҳмлаб оламан ва шунга кўра иш тутаман. Шунинг учун бобом мени яхши кўрадилар, мен билан очилиброқ гаплашадилар, баъзида қизиқарли саргузаштлар, афсоналар айтиб берадилар. Бобомга бағишланган шеъримни ҳам меҳрим тошганидан ёзганман: у кишининг қандайдир кўзга кўринмайдиган олижаноб ҳислатлари кўп, деганман.
Кўп андишалардан кейин бу машқимни ҳам адабиёт ўқитувчимизга кўрсатишга мажбур бўлдим. Ахир бошқа кимга кўрсатиш мумкин? У киши адабиёт муаллими, биладиган киши…
Қиличиев бу гал ҳам шеърни минғирлаб ўқиб чиқди-ю, бошини юқорига кўтариб, қаҳ-қаҳ отиб кулди.
–Ҳе, Абдулла-ей! Ўша бобонгнинг нимасини мақтайсан! Бошқа нуронийроқ қуриб кетган эдими?!
Мен ҳам ҳижолат чекдим. Лекин унинг гапи жаҳлимни чиқарди. Бундан кейин шеър ёзсам, редакцияга юборганим бўлсин! Ҳар ҳолда улар бобомнинг бақироқлигини билишмайди-ку! Улар Қиличевдай андишасиз, юзгачопар бўлишмаса керак?! Мен шеърларимга яширган қандайдир самимий ва бир оз мавҳумроқ туйғуларни улар дарҳол фаҳмлашмаса керак?! Ҳа, ҳис қилишади, ахир редакцияда доно, ҳамиятли, синчков кишилар ишлашади-ку!
Тўғри, бобом бир оз баджаҳлроқ. Буни тан олмаслигим ҳам инсофдан эмас. Бошқаларни қўя туринг, шу колхозимиз раиси билан агрономини ҳам жеркиб берганликларининг гувоҳи бўлганман.
Мен томида ўтириб шеър ёзадиган тегирмон бир маҳаллар одам билан гавжум бўлган. Ўша пайтларда бобом бу ерда тегирмончилик қилганлар. Кейинчалик эса магазинларда унлар кўпайиб, бу ерга қадам босмай қўйишган. Шунда бобом не-не азобларда тегирмонни мойжувозга айлантирганлар. Одамлар бу манзилга яна кела бошлаганлар. Бобом энди уларга зиғир ёғ улашган. Аммо бу узоқ давом этмаган: жувоз ясаб, зиғир ёғ ишлаб чиқариш мумкин эмас экан-да! Колхозимиз раҳбарларининг бири қўйиб-бири келар, жувозни беркитишни талаб қилишарди.
Бир куни раис билан агроном келиб, талабни қаттиқроқ қўйишди. Бобом ҳам тоқат қилолмай, бақириб берди:
– Ахир, одамлар зиғир ёғ емасинми…
– Пахта ёғ ҳеч кимни тешиб чиққан эмас, – бўш келмади раис ҳам.
– Тешиб чиқмаган бўлса, ўшани еяверинг, мен жувозни ёпмайман!
Улар жуда ғазабланиб, индамасдан орқага бурилишди. Бобом эса боғдоди эшигининг остонасига оғир чўкиб, узоқ вақтгача сукут сақлаб ўтирди. Ёдига ўғли тушдими ёки бошқа сабабданми, бир нуқтага узоқ тикилиб, оғир хаёл сурди, сўнг кечга яқин жувознинг эшигига мана бу катта қулфни урди. Лекин одамлар узоқ-узоқлардан ҳамон зиғир ёғ излаб келишади.
Колхозимиз раҳбарлари ҳам ёмон одамлар эмас, улар ҳар гал бобомни кечиришади ва юзма-юз келганда, албатта қўл бериб саломлашишади. Агар баджаҳлроқ раис бўлганда… Бултур бобом уни шундай хижолат қилгандики, асти қўяверинг.
Ўшанда худди шу ерда китоб ўқиб ўтиргандим. Бобом тол хивичидан сават тўқиётган эдилар. Кутилмаганда раис билан нотаниш киши келиб қолди. Меҳмон ҳийла кексароқ, ориқ бўлиб, бобомнинг чипор товуғидан нигоҳини узмас, худди семурғ қушни кўргандай, уни таъқиб этиб келарди. Раис ҳам бир товуққа, бир атрофга аланглаб, унинг орқасидан эргашарди. Бу жуда таажжубли ҳол эди: мен билан бобом ишимизни йиғиштириб қўйиб, уларни кузата бошладик.
– Ҳа, ўзи нима гап? – дедилар чидаб туролмаган бобом бир оздан кейин.
Раис бу кутилмаган учрашувдан саросимага тушди, лекин дарҳол ўзини ўнглаб олди.
– Ие, шу ердамисиз? Яхшимисиз, соғлиқлар жойидами?
– …
– Бу киши, – раис ёнидагига ишора қилди, – чет эллик меҳмонлар. Колхозимизга келган эканлар. Ўзлари профессор… товуқшунослик бўйича. Шу десангиз, тоза қонли кўланги товуқ яъни ўзимизнинг жайдари товуқ йўқолиб кетган, деган гаплар бор эканда. Меҳмон товуғингизни кўриб, жуда хурсанд бўлдилар. Энди биттасини шу кишига бериб юборадиганга ўхшаймиз.
Орага бир лаҳзалик жимлик чўкди. Раис бобомнинг айниб қолишидан ёки бақириб беришидан чўчиди шекилли, ётиғи билан давом этди.
– Мен сизга фермадан тўрт-бешта товуқ бериб юбораман.
– Ҳалиги оқ товуқданми? – қандайдир киноя билан гап бошладилар бобом.
– Ҳа, семизроғи, тузукроғидан…
– Ўша сариқпоча товуқларга шуни алмаштиради, деб ўйлайсизми?
– Ҳа, майли, пулни тўғрилаб берамиз. Қимматроқ қилиб…
– Менинг товуқ сотганимни қачон кўрган эдингиз? Қимматчилик йиллари сотмаган жониворни энди сотаманми?! – товушларини бир оз кўтардилар бобом.
Раис чўчиб қолди. Меҳмоннинг наздида ноқулайликка тушди, аммо бу вазиятдан ҳам осонлик билан чиқиб кетди.
–Ҳа, бунинг иложини топамиз, – деди у мумкин қадар юмшатиб.
Ниманинг иложини топишини биз билолмай қолдик. Ёнидаги меҳмонга эса русчалаб: “Чолнинг ўзи бу товуқни набирасидан бериб юбормоқчи бўляпти, сиз, ҳурматли меҳмоннинг овора бўлишингизни истамаяпти”, деди.
Мен жуда ҳайрон қолдим. Бобомга айтмадим-ку, аммо бу ёғи қандай бўларкин, деб ўйлай бошладим. Улар қайтиб кетганидан кейини кўп ўтмай, ҳаллослаганча дадам етиб келди. Маълум бўлишича, раис тадбиркорлик қилиб дадамни ишга солибди. Дадам колхозимизда бухгалтер бўлиб ишлайдилар, раиснинг гапини икки қилолмайдилар.
– Энди, нозик меҳмон экан, бермасак, раис хафа бўлар, – бобомни кўндиришга тиришарди дадам.
– Хафа бўлса садқаи сар! Жувозни йўқотди, жайдари сигирларимизнинг барини гўштга топшириб юборди. Энди товуғимиз ҳам қолмасинми?!
Орага оғир жимлик чўкди. Дадам ҳам ҳеч ёққа кетмай, бошини чап томонга хам қилганича хомушгина ўтирарди, бобом эса яна остонага чўкканди. Шу топда дадамни эмас, кўпроқ бобомни ўйладим, у кишига раҳмим келди.
Орадан бирор соат чамаси вақт ўтгач, бобом ўринларидан чаққон туриб, товуқни тутиб келдилар.
– Манг! Олиб боринг. Айтинг, товуғи ҳам, пули ҳам керак эмас!
Дадам товуқни қўлтиққа қистирганича мамнун бўлиб кетди. Вазият юмшаганидан ўзим ҳам қувондим: илҳомим жўш уриб кетди, шеър бошлаб юбордим. Аввал тегирмон ҳақида шеър битдим, эшиги қулфли бу бино кекса кишига ўхшашлигини, унинг ичи бўш эмаслигини, бир вақтлар нажот маскани бўлганлигини қофияга солдим. Ўша куннинг ўзида “Шотут” деган шеърни ҳам бошлаб қўйдим.
Дарвоқе, шотут! Бобом ҳовлиларидаги ўша букри шотут туфайли агрономимиз Қўзивой акани ҳам қаттиқ ранжитгандилар.
Шотут ғарқ пишган эди ўша пайт. Биз – болалар дарахт устида эдик. Бир маҳал қаёқдандир Қўзивой ака келиб қолди. Отини шошмай дарахтга боғлаб, бобомга ўгирилди.
– Ҳорманг, ота!
– …
– Бу, шотут, пишибди, манзират ҳам қилмайсиз?!
–Шотут егингиз келдими? – бобомнинг овозида қандайдир кесатишми, киноями бор эди. Агроном буни сезди, шекилли, индамади.
–Ахир, кўпайтиринглар, – давом этдилар бобом. – Ҳаммаси қўлларингда-ку!
Агроном шотут емади, индамади, қовоғини солганича отига минди-ю, жўнаб кетди. Аммо жуда хижолат иш бўлди-да!
Мен “Шотут” деган шеъримга батамом бошқа нарсани – шу дарахт тўғрисидаги афсонани асос қилиб олганман. Бу афсонада айтилишича, қадим замонларда шоҳ бир бегуноҳ ошиқ йигитни ўлимга маҳкум этибди. Йигит нажот излаб атрофга аланглаётган пайтда тутнинг танаси очилиб, уни ўз бағрига олибди. Буни фақатгина бир ҳакка кўрибди, холос. Жаллодлар йигитни излаётган пайтда ҳакка унинг дарахтдан чиқиб турган этагини чўқилаб қақиллайверибди. Шундай қилиб, ҳалиги йигитни тутиб қатл қилишибди. Шундан бери шоҳтутнинг меваси қон рангида бўлиб қолган эмиш.
Лекин эртасига бу шеър ўзимга маъқул бўлмади: уни йиртиб ташлаб, ўрнига “Мавҳум туйғулар” деган шеър ёздим. Бу шеъримга ҳаётда шундай нодир туйғулар борки, уларни ҳамма ҳам ҳис қилолмайди, бу мавҳум ва табаррук туйғулар, уларни ҳис этиш катта бахтдир, деган мазмун бор эди.
Кўчирдим-у, редакцияга жўнатдим. Эртадан бошлаб газетани синчиклаб кузатиб бордим. Аммо улар мен кутгандек газетада чиқмади; ўн кунлардан кейин редакциядан хат олдим.
“Ҳурматли А. Маъдуллаев!
“Мавҳум туйғулар” сарлавҳали шеърингизда мавҳум мисралар мавжуд бўлганлиги учун улардан фойдаланишнинг иложи бўлмади.
Бизга ёзиб туринг!”
Кўнглимнинг аллақаери ҳувиллаб қолгандай, жуда табаррук нарсани йўқотгандай бўлдим.
Шу пайт қарасам, бобом ҳам остонада ўтириб оғир хаёл суряпти. Эҳтимол сўнгги юкларини кўчириб, она қишлоғимиз – Қамчин билан хайрлашаётгандир, эҳтимол, “ўғлим келиб қолса, бу ерда ҳеч ким йўқ экан, деб қайтиб кетмасин”, деб хавотирга тушаётгандир, эҳтимол, бошқа бирор мавҳум туйғу унга тинчлик бермаётгандир.
Булар бари мен учун мавҳум эди.
1969