Ҳар бир инсон ҳаётининг юлдузли дамлари бўлади. Умуман йигит кишининг бошига уч маротаба бахт қуши қўнаркан. Гап уни тутиб қолишда. Тутиб қолмасанг тамом, лайлатулқадрдай ўтади-кетади. Эрнест Хемингуей «Чол ва денгиз» ҳикояси учун Нобел мукофотини олди. Горбачев тарих тақозоси билан улкан империяни тарқатгани учун Нобелни олиб, майдондан шараф билан кетди. Наполеон ўз вақтида бахт қушини тутиб олган бўлса ҳам Ватерлоода хато қилди. Ҳисобини ололмади. Жанна д Аркдай оддий бир франтсуз қизи ўн етти ёшида халқ қаҳрамони бўлди, Александр Македонский 33 ёшида дунёнинг ярмини эгаллаб, шараф билан кетди. Сергей Эсенин 25 ёшида гўзал асарларни яратиб, гўзал қизларни куйдириб дунёни тарк этди. Футбол қироли Пеле, бокс қироли Муҳаммад Алилар майдонни ўз вақтида тарк этди. Бокс юлдузи Тайсонга нима етишмаётган эди? Юзини Ленникс Луис уриб пачақ қилди. Артур ўз вазнида мутлақ чемпион сифатида майдонни тарк этмади, қандайдир негрга урдириб қўйди. Алам қилади-да!
Вақтида кетолмаганлар судралиб юраверади, ўн еттисида ҳеч ким бўлмаганидай 25 ида ҳам, 33 ида ҳам шахс бўлолмайди. Эллигидаям, етмишидаям гўр бўлмайди. Хўп, шу вақт ичида улар бир қадар муваффақият қозонди, дейлик, лекин қилган иши хира чироққа ўхшайди, ҳеч қаерни ёритмайди. Бундай одам тўқсонга кирса-да, нимага дунёга келиб, нимага кетаётганлигини англаб етмайди. Ҳаммага ўхшаб келиб кетаяпмиз-да, кўҳна дунёдан, -дейди у тишсиз оғзини очиб қиҳ-қиҳлаб кулиб. Шу одам умр бўйи қилган ишининг учдан бирини 30-35 ёшгача бажариб, вақтида шараф билан кетса, тарихда қоларди. Унинг шаънига ёдномалар, шеърлар ёзиларди, халқ қаҳрамонига айланарди. Жон ширин-да, кетгиси келмайди, менга шуям бўлаверади, дейди. Шунинг учун айтишади-да, бўладиган бола ўн бешида бош бўлади, бўлмайдигани қирқ бешида қоқбош бўлади, деб.
Меҳмондорчиликда, тўйда, базмда, ҳатто мансабда ҳам вақтида кетган маъқул, бўлмаса, кетказишади. Маст бўлдинг, алжирама, жонга тегдинг, ўтириб қолдинг, хуллас, баҳона кўп. Мансаб қурғур ширин-да, унинг таъмини тотгандан кейин одам кетгиси келмайди. Сўнгги йўлга бўлсаям мансаб билан кетгиси келади. Ўзи аввалига югурдаклик қилиб бировларнинг ялоғини тозалаб юрган бўлади. Амалга илашиб олганидан кейин турқи, важоҳати ўзгаради, қиёфаси такаббурлик касб этади, муомиласи виқорли бўлади. Башара ўргатилган қопағон итнинг турқига ўхшаса-да, савияси, дунёқараши ўша югурдаклигича қолади. Қул пошшо бўлсаям қул-да! Буни сездириб қўймаслик учун мажлисни мажлисга улайди, ўзидан ақллироқларни четлатиб, феъли-хўйига мослашган югурдакларни ўзига яқинлаштиради.
Амалга илашганлардан бири ҳамма жойда раис алмаштиришда рекорд ўрнатди, бошқаси банкирлар истамаса-да, уларни ихтиёрий-мажбурий равишда раҳбар қилиб тайинлашда Гиннес китобига кирди. Биттаси мансабга илашиши билан бутун губерниядаги мактаб директорларини қийратиб чиқди. Уларнинг қарғиши тегдими, тез орада ўзининг ҳам думи тугилиб кетди. Вақтида кетмаган-да!
Ана энди каттароқ амалдаги одамнинг мансабдан туппаталосдан кетиб қолишини тасаввур қилинг. Осмондан юлдуз қулагандай, ҳамма ёқ бўм-бўш, дунё бўшлиқдан иборат бўлиб қолгандай бўлади. Аслида ўша собиқ раҳбарнинг калласи бўм-бўш бўлади. Шундай бўм-бўш калла билан қандай шунча йил ишлаб юрдим, деб ўйламайди. Менинг каллам бутун, дейди, бекорга ноҳақ ишдан бўшатишди, дейди. Ҳали бир кун қадрим ўтади, шунда кўрамиз, деб ўзини овутиб ҳам қўяди. Шунинг учун вақтида лайлатулқадрнинг бирор жойидан тутсанг, тутиб қолдинг, бўлмаса қулоғингни чангаллаб қолаверасан. Юлдузли дамларда вақтида кетиш, вақтида истеъфо бериш шараф. Буни билган билади, билмаган тўқсонга кирса ҳам аросатда юраверади…