-Навбатдаги масалага ўтамиз, -Сталин тамакидан сарғайиб кетган калта, йўғон бармоқлари орасидаги трубкани ҳузур билан тортди. -Бошлаган ишимни давом эттирмадинглар. Фақат мен Ленин васиятларига содиқ қолдим… Тўғри, кейинги пайтда унинг ҳам томи кетиб, ўрнини Тротскийга бўшатиб бермоқчи эди, революцион интуиция билан буни вақтида сезиб қолдим… Тарих шундай бешафқат. Иван Грозний, Петр 1, Николай пошшо ҳам васият қилишга улгурмаган. Мен ҳам… Вера Давидова, сиз сарой сирларидан бошдан-оёқ огоҳ эдингиз, қандай тирик қолдингиз?
Поскребишев ўрнидан турди.
-Бунга мен айбдорман, жаноб, э-э, ўртоқ Сталин…
-Ҳа-а, сен билан ҳам тўшак қўшкурашига киришганми бу қанжиқ?
-Мен айтай, мен айтай, -орқасига пружина қистириб қўйилгандай сакраб турди Берия. -Вера Александровна бирваракайига Эжов, Вишинский, Ягода, Лакоба, Маленков, Тухачевский, Будённий, Поскребишев, Хрушчевларнинг кўнглини олиб юрган.
-Биламан. Шунинг учун партия кўппакларининг кўпини асфаласофилинга жўнатдим-да. Афсус, баъзиларига улгуролмай қолдим…
-Бу ҳам майли, -ялтироқ кўзойнагини кўпчиб кетган юзига яқинроқ тақаб давом этди Берия. -Сизнинг порлоқ ғояларингизни давом эттиришга бел боғлаганимда хушомадгўй Хрушчев мени алдаб тузоққа туширгани алам қилади…
-Бу тўнғиз менга ҳам хиёнат қилди. -Сталин жигарранг кўзларини жаҳл билан Хрушчевга қадади: -Нега ҳамма жойдан ҳайкалларимни олиб ташладинг?
-Сиёсий бюро шундай қарор қабул қилди Иосиф Виссарионович…
-Ўзингни оқлама, биламан кимлигингни. Балчиқдан чиққан қизил гластикли чўчқасан. Айтмоқчи, интернетга қара, Полшанинг Седлетс шаҳрида сенга ҳайкал ўрнатишибди, худди ўзингга ўхшайди. Брежневнинг нимасига Новороссийскда ҳайкал қўйганларига ҳайронман. Унинг ўзига эмас, қошига ҳайкал қўйиб, ёнига озиқ-овқат программасини тиркаш керак эди. Унда шундан бошқа ҳеч нарса йўқ. Доҳийларга тириклигида ҳайкал қўйишади. Сен бу анъанани буздинг. Сендан ўрганиб мана, Саддам Ҳусайннинг ҳайкалларини қўпориб ташлашди. -Сталин Горбачевга ўгирилди. -Булар майли, Форосда яхши дам олдингми?
-Дам олиш қаёқда, мамлакатда юзага келган нотинч аҳвол ҳақида мақола ёзаётган эдим.
-Ҳм, -Сталин заҳархандалик билан кулди. -«Чеккадаги одамнинг маслаҳатлари»ними?
-Йўғ-э, -деди уялинқираб Горбачев. -Сиёсий бюро аъзолари мендан фавқулодда ҳолат эълон қилишни талаб этишди. Кўнмаганимдан кейин улар мени дам олишга жўнатиб юбориб, ГКЧП тузишибди. Кутилмаган шу воқеа сиз тиклаган империяни ерпарчин қилиб юборди.
-Ленин-Сталин васиятларига амал қилганингда империя барбод бўлмас эди, қоқбош. -Кобо ўтирганларга қаради. -Кимда қандай фикр бор?
-Мен Горбачевни тарих хатоси деб ҳисоблайман, -ўрнидан турди ГКЧПнинг ғоявий илҳомчиси, инженер-қурувчидан бир думалаб сиёсий бюро аъзоси бўлиб олган Шейнин. -Унинг бош котиб бўлишидан олдин Рейган билан учрашуви, Громикога қариндошлиги империяни аввалбошдан барбод қилишга қаратилган эди. Шунинг учун биз ГКЧП қилишга мажбур бўлдик.
-Нимага номаъқулчилик қилишга қилиб қўйиб, ишни охиригача етказмадинглар? Битта жулдирвоқини йўқотиш шунчалик қийин бўлдими?
-Рўй бериши мумкин бўлган воқеалар Горбачев томонидан олдиндан ҳисоб-китоб қилинганлигини қаёқдан билибман? ГКЧП эълон қилишдан мақсад бош котибни алмаштириш эди. Елсиннинг одамлари буни давлат тўнтарувига йўйишиб, Форосдан Горбачевни олиб келишди, ташаббусни қўлларига олишди. Горбачевга шу керак эди, сувдан қуруғ чиқиб кетди. Бизларга ҳеч ким қулоқ солмай қўйди…
-Мен империяни қутқариш йўлини биламан, -гапга аралашди Берия. -260 миллион аҳолининг тенг ярмини ўрмон кесишга юбориш керак. Ҳам тахта арзон бўлади, ҳам тобутнинг таннархи писмирига тушади. Мана бу сассиқ такаларни эса, -Бериянинг кўзойнаги совуқ ялтираб кетди. У сандал дарахтидан қилинган ҳашаматли стол атрофида бужмайиб ўтирган революция даҳоларига ваҳшат билан қаради, -тишларини суғуриб, тирноқлари остига нина қадаб, ҳар бирини Кремлнинг қуббаларига оёғидан осиб чиқардим!
Бериянинг дағдағасидан завқланиб кетган пролетариат оталари тишсиз оғизларини очиб қиҳ-қиҳлаб кулишди.
-Негадир ўзимни ёмон ҳис қилаяпман, -Сталин жунжикди. -Ҳозир Хитой билан Жанубий Кореяда одам эмбрионларини урчитишиб, касал аъзоларни янгиси билан алмаштиришаётган экан. Британияда шундай тадқиқот ўтказишга рухсат беришибди. Лаврентий сен шу билан шуғуллан, Рим папаси Иоанн Павел бунга тиш-тирноғи билан қарши бўлса ҳам тана аъзоларимни алмаштиришга тўғри келади. -Кейин у Калининга ўгирилди: -Сен қарри айғир, Афина Олимпиадасига 130 минг презерватив етказиб беришда нима алоғанг бор? Ёш қизчаларга илакишиб шарманда бўлганинг етмаганидай, энди пролетариат оталарини бадном қилмоқчимисан? -Сталин Вера Давидова Финландиядан олиб келган трубкани бурқситиб тутатди. -Империяни пароканда қилган бир тўда гўдаклар билан ГКЧПни муҳокама қилиб ўтиришга вақт йўқ. Бизни ундан улуғроқ ишлар кутмоқда. Ҳаммага жавоб, Верочка, сен қол, негадир оёқларим увишиб кетаяпти уқалаб қўясан…