Нурулло Остон. Сайлов (ҳажвия)

Ҳар гал сайловларни интиқлик билан кутаман. Партиялар номзодини кўрсатган, имзолар тўпланган, тўс-тўполон, бир номзод иккинчисининг башарасига лой чаплаган, сув сепган, ҳар томонда афиша, транспорантлар, “Гупчак учун овоз беринг”, “Балиқов сизнинг энг яхши номзодингиз”, “Пулдор, кечирасиз илғор номзодларни сайлайлик”, хуллас бепул томоша. Биттаси тилвизирга чиқиб “Халқум, мен сени севаман” деса иккинчиси “Мен сиз учун жонимни бераман”, дейди.

Газит, радиода номзодлар тирқираб кетади, қайсига қарасанг, дилинг яйрайди, ширин ваъдалардан бошинг айланиб кўнглинг айнийди. Номзодлар ҳам муқобил асосда битта ўринга учтадан бештагача, олтитагача талабгор бўлиб туришади. Ҳар бирининг иккитадан, учтадан ишончли ваккиллари бор. “Фалончини сайласаларинг ундоқ қилворади, бундоқ қилворади”, деб узундан-узоқ маъруза қилишади. ўша фалончи сайланиб қолса борми, бир неча йил жойни банд қилиб ухлаб, эснаб, қўлини кўтариб-тушириб қайтиб келади. Ваъдалар эсдан чиқади, сувга тушган тошдай изсиз йўқолади. Депутат бўлган чукчадан таассуротлар  қандай,                                                                                        деб сўрашибди. -Э, зўр, -депти чукча. -Маркс-Энгелсни битта одам деб юрардим, улар икки киши экан. Слава КПССни бировнинг исм-фамилияси деб юрардим, бу ҳам нотўғри экан.  Ҳамма нарса инсон учун экан. Ўша инсонни кўрдим, – депти фахр билан…

Чукча бечора ана шунақа содда гўл бўлган-да. Агар у ҳозирги номзодлар билан беллашса, бели чиқиб кетарди. Бир томонда республикачилар, бир томонда демократлар, мустақил номзодлар, либераллар, яшиллар, қизиллар, ҳаворанглар, ўнглар, чаплар, аграр партия, ҳар бири аждаҳони ютаман, дейди. Мен ҳам шунга қараб ишга киришаман. Сайлов бошланиши билан немисча ҳисоб-китоб билан аниқ жадвал тузиб оламан. Қайси партия ҳақ берадиган бўлса, ўша партиялар менинг жадвалимдан жой олади. Ҳақ бермаган партия қора рўйхатга тушади. Ҳар куни беш-олти жойга бораман. Республикачиларни демократларга ёмонлайман, яшилларни либералларга қарши қўяман, қизилларни оқларга қайрайман… Овоздан худо берган, милтиқнинг ўқидай варанглайди. Шунга яраша ҳар гал сайраб бўлганимдан кейин мукофотим нақд. Уйга ҳар куни тўлиб-тошиб бораман. Хотин ҳайрон. “Вой ўлай, ишламаётган бўлсангиз, дўкон-пўконни уриб келдингизми?” -дейди. “Йўқ хотин, -дейман. -Биз партия билан қондош эгизакмиз. Буларни  ўш
а берди”. Партиялар конкурс баҳонасида ошлар қилган, ҳомий сифатида уйма-уй совға-салом, варақалар тарқатган… бир қарасам  ўғилбой “фалончига овоз беринг”, деган варақа кўтариб юрибди. “Ҳа, ота ўғил, қанчаданга келишдинг”, десам, “бепул, университетдан топшириқ беришди”, деди. “Анойи бўлма, ҳозир бепул ишлайдиган мавсум эмас”, дедим.

Кеча-ю кундуз тинмайман, тинкам қуриб кетади, лекин ҳаммасига улгуришим шарт! Боқимондаликка ўрин йўқ! Чопавериб, тилим бобикникидай осилиб қолади. Шунда ҳам ҳомийлар эҳсонини бир бало қилиб уйга етказаман. Бир гал жадвалда белгиланган жойга бораман деб, бошқа жойга бориб қолибман. Кечикдим, деб ўйлаб, амаллаб туртиниб-суртиниб, тўпланган одамлар орасидан ўтиб  сўз сўрадим. Минбарга  таклиф қилишди.

-ўртоқлар! Республикачилардан депутат сайланса, -деб милтиқнинг ўқдай варанглаган овоз билан гап бошлаган эдим,  орқамдан биров биқинимни тешиворгудай нуқиб: “Нима деб алжираяпсан, видолашув бўлаяпти”, -деди. Қарасам, нарироқда машина устида тобут турибди, устида  ёстиқча тўла орден-медаллар. Сир бой бермай, овозимга ғамгин тус бериб:

-ўртоқлар! -дедим осечка берган милтиқдай. -Республикачилардан депутат сайланса, мана шу марҳум биродаримиздай муносиб инсон сайланган бўлур эди. Афсуски, бешафқат ўлим уни орамиздан бевақт олиб кетди. Алвидо, жигарим, республикачилар сени ҳеч вақт унутмайди…

Мен видолашган, депутат бўлолмай бевақт ўлиб кетган биродаримиз катта бувамнинг ёшида экан. Бир амаллаб у ердан қочиб қолдим. Белгиланган жойга етиб борсам, у ерда ҳам учрашув  тугаб бўлган экан. Ёмон  одамнинг ўлиги ҳам зиён келтиради, деб шуни айтадилар-да! Шуни деб совға-саломдан қолиб кетдим, ҳе ўлмай ўл, деб ўйладим ичимда. Бошқа сафарги йиғилишда бир рақиб партияни иккинчисига ёмонлайман, деб қўлга тушиб қолдим. Жанжал-тўполон бошланиб кетди. Минбарга чиқиб, овозимни варанглатиб, демократларни  мақтаётган эдим, залдан кимдир:

-Жаноблар, -деди. -Бу одам фалон жойдаги йиғилишда республикачиларнинг тарафини олган эди. Энди бошқасини мақтаяпти. Ушланглар сотқинни, -деса бўладими? Залдагилар гурр этиб ўринларидан туриб кетишди, ўзи имога маҳтал бўлиб турган қарама-қарши томонлар бир-бирлари  билан солиша кетишди. “Оқ калтак, қора калтак”дан ҳамма жойим моматалоқ бўлиб, зўрға  қутилиб чиқдим.  Лекин хафа бўлганим йўқ. Ҳа, тўғри-да, ким кўп пул тўласа, музикани ўша буюради. Ўтган гал республикачилар кўп пул берган бўлса, бу гал демократлар олийҳимматлилик қилишди холос. Шунга ҳам отагўри қозихонами? Таъбим хира тортиб уйга қайтаётган эдим, йўл устидаги ошхонада овқатланиб ўтирган қўшнимиз Ася холани кўриб қолдим. Ёнида янги калиш, бир кийимлик материал.

-ўҳ-ҳў, совға-саломлар зўр-ку аний, республикачиларга овоз бераяпсизми дейман-да,-дедим.

-Ю-у-уқ, булай малайларға проголосоват итмим,-деди хола.-Алар тигил подаркани бик мало подоват итирлар, сволочлар. Узлари алла бюрхо билан карманни кумушға набиват итиб, бизларға батак-да бермийлар. Шунға аграрникларға проголосоват итам. Мна, ёқши, шурпа, липёшка бирдилер, булайларни-да бирдилар, аллаға шкр…

Тилвизирда бир кампирга совға-салом тутқазишиб “Бизга овоз беринг” деган рекламани қўйишгани-қўйишган. Кампир совғани олишга олади-ю, қизининг зуғуми билан қайтариб беради. “Биз сотилмаймиз!” дейди қўли қалтираб. Ҳаммаси сафсата! Така бўлсин, сут берсин. Чунки ўша номзод эртага депутат бўлиб қолса, ҳаммасини унутади. Қайси  партияданлиги, кимга хизмат қилиши кераклиги эсидан чиқади. Фикру хаёли кўпроқ пул топиш, Арбатдаги дачасини данғиллама қилиш, Маямида деразаси денгизга қараган виллага эга бўлиш, Нотр-Дам меҳмонхонасида хонимчалар билан маишат қилиш билан банд бўлиб қолади. Шунинг учун тезроқ отни қамчиланг, ўртоқ сайловчилар, халқимизнинг пулдор, кечирасиз, илғор номзодларига овоз берайлик!