Нурулло Остон. Қизил тўқимачи (ҳажвия)

Яқинда бир кино кўриб қолдим. “Я собираюс поехат в Израил, -деяпти биттаси. -Всё уже решено.” “Но вед ти не эврей?” -деяпти иккинчиси. “Да, я не эврей, но моя жизн эврейская”, -деяпти биринчиси. Шунча йил ишлаб, ўз касбидан косаси оқарган журналистни эслаёлмайман. Тиллахўжаев деган инсонни биламан, уч тийинлик трамвайда ишга қатнарди. Ҳозир карточка оливолган, ҳали ҳам ишга трамвайда қатнайди. Исоғ ака бир соат бўлса ҳам хизматчи автобусни кутиб турарди.

Ҳозир газета даромад манбаи бўлиб қолди. Рақобатчи газеталар чиқди, ўқувчи ўзига маъқул бўлганини сотиб оладиган бўлди. Мажбурий газеталар бир амаллаб тирикчилик қилиб турган бир пайтда обуначилари йўқ газеталарнинг турли рангларда, турли безакларда пақиллаб чиқиб ётганлиги катта жасорат, албатта. Мажбурий газетадан ҳамма безор. Безаги кўп, сканворди, мукофоти, олди-қочдиси бор газета ҳаммага маъқул. Ҳам калла дам олади, ҳам мукофот ютиш мумкин. Энди газетада ишлаш учун журналистикани битиришнинг ҳожати йўқ. Икки сўзни жуфтлаб, қоғоз қораласанг бас, журналистсан. Кеча кўзбойлоғичлик қилиб, ҳаммани лақиллатиб юрган экстрасенс бугун етакчи журналист бўлса, бунинг ҳайрон жойи йўқ. Қандини урсин!

Танишлардан бири: “Қалами яхши журналист бор, ишга олсангиз”, – деб қолди. Уни синаш мақсадида қариялар уйига мақола уюштиришга юбордим. “Журналист” эртаси куни келиб: “Ҳаммаси зўр ака, -деди. Эллик минг сўм беришди, қишга кийимим йўқ, шунга палто олсам нима дейсиз?” “Қаерни битиргансан ўзи?” -қизиғиб сўрадим. “Агротадбиркорлик коллежида ўқияпман, икки йилдан кейин битираман…”

Яқинда “Орият” номли газетанинг бирйўла учта мухбири билан танишиш шарафига муяссар бўлдим. Биттаси илгари бозорда лимон сотарди, иккинчиси ўрта маълумотли, учинчиси педтехникумни битирган экан. Ҳар бирининг ҳайбатидан от ҳуркади. Юрипти нону-насибасини тери-и-б. Мен “Истеъмолчи” газетасида ишлайман. Истеъмолчининг ҳуқуқини ҳимоя қиламан. Истеъмолчи ўзим. Бу ерда яна ўн нафар истеъмолчи ўз ҳуқуқини ҳимоя қилади. Халқ-чи, -дейсизми? Халқ ўз ҳуқуқини ўзи ҳимоя қилиб олсин-да! Яна денг, ходимларимиз жуда интизомли, эрталаб ишхонага бир кўриниб, икки киши-икки киши бўлиб чиқиб кетишади-ҳозир бир киши юриши хавфли, ундан кейин улардан бирови қандай ёзишни, бирови қандай гапиришни билади-тушдан кейин ширакайф бўлиб қайтиб келишади. Қаерга боришади, нима қилишади, тушунмайман. Баъзан улардан бири қўнғироқ қилиб қолади: “Фалончи ака, мен фалон дўконда, ёки аптекадаман”, -дейди. “Нима қилай?” -дейман. “Ҳа, шунчаки, айтдим-қўйдим-да”, -дейди у кулиб.

Шу жойни ташлаб кетган биттаси бор. Илгари истеъмолчининг тарафини олиб юрган бўлса, ҳозир журналистларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилаяпти. Халқаро ҳуқуқ мавзуларида узундан-узун рўйхат билан зиёфатлар уюштиради. Тўғри, бир зиёфатда Ҳасанзодага “Сизга жой йўқ”, -дейишган экан, у истеъмолчи журналистнинг башарасига кимлигини айтиб, озгина обрўсига путур етказипти.

Тошкентга кириб бораверишда “Қизил тўқимачи” деган станция бор. Бу ном ҳозир маънавий эскирди. Ҳозир қизил тўқимачилар армияси пайдо бўлди. Улар  ёшларни қизиқтириш учун калласига келган ҳар қандай уйдирмани тўқиб, хашаки газеталарни семиртириб ётишибди. Шундай воқеаларни тўқишади-ки, уни атайин тўқимоқчи бўлсанг ҳам, барибир қўлингдан келмайди. Биров иффатини йўқотиб қўйган, бировнинг номуси барбод бўлган, бировнинг отасини энаси қувлаган, биров иккита боласи билан учта болалига уйланган, хуллас, жанжал-тўполоннинг уяси шу ерда. Интернетдан бир воқеанинг учини тутиб олишса бўлди, бу ёғини тўқиб ташлашади. Ёшлар ана шундай олди-қочдиларга қизиғишади. Қизил тўқимачи эса қайси тўқиган сафсатасига қанча гонорар олишини ҳисоблаш билан оввора. “Кейинги сюжетни “Қирол Лир” дан олсамми, ёки “Шоҳ Эдип”га ўхшатиб ўғлини онасига уйлантириб қўйсамми?” – деб режа тузади. Кейин уйқусида алаҳлаб, босинқираб чиққан одамдай ўзи тушунмайдиган бир нарса ёзади.

-Нима ҳақида ёздингиз? -сўрайди муҳаррир. -Уч марта ўқиб тушунмадим.

-Нима ёзганимни ҳали чуқур англаб етганим йўқ, -дейди қизил тўқимачи. -Лекин ҳар ҳолда жуда яхши нарса чиқди. Ёшларимиз бирор хулоса чиқариб олишар-да!

Ўргимчак уясидай қалама қилиб  шундай чиройли фожеалар тўқишади, жимжималарига маҳлиё бўлиб, пашшадай домига илиниб қолиш ҳеч гап эмас. “Человек паук” бўлиб кет-э, уккоғор, дейсан уларнинг саноатига тан бериб. Қизил тўқимачи тинмайди, янги-янги мавзуларга қўл ураверади. Унинг қўл урган мавзусини таҳлил қиламан, деб томорқасини беҳудага оралаб юрманг, ҳеч нарса тополмайсиз. Каллага бермаган нарсани томорқадан излаш на ҳожат!

Ҳай, биз-ку парда орқасида нима борлигини биламиз, ёшларга қийин. Улар ҳаёт шу экан, деб сохта уйдирмалар таъсирига берилиб кетаверади. Қизил тўқимачилар уларнинг чўнтакларинигина эмас, онгини ҳам қуритади.

Яқинда кўпдан буён матбуотда кўринмай қолган ҳамкасбни учратиб  қолдим. “Америкага кетаяпман, -деди у. -Жуда ташвиши кўп экан, падарига лаънат!” “Касбинг журналист бўлса, Америкада нима гап бор?” -дедим. “Журналистликка журналистман, -деди ҳамкасб. -Лекин бутун умр ўзимни кўча супурувчидай ҳис қилганман. Ўша ёққа бориб яхшиси кўча супураман.” “ўрнингни кимга ташлаб кетаяпсан”, -сўрадим ҳар эҳтимолга қарши. “Қизил тўқимачиларга, -деди у. -Ҳар ҳолда улар мендан яхшироқ чўпчак тўқишади!”