“Маънавиятсизлик-охир замон нишоналаридан биридир”, -деб ёзган эди Чингиз Айтматов. Биз ҳар қадамда маънавият-маърифат, деб жар солаяпмиз-у, аслида амалда ҳеч нарса қилмаяпмиз. Маънавият-маърифат марказлари совет тузуми давридаги “Билим” жамиятига ўхшаб қолди. Ҳокимият бошқарув тизимида ижтимоий соҳа бўйича ҳоким ўринбосари лавозими тугатилганидан кейин ўртада маънавиятсиз-маърифатсиз бўшлиқ пайдо бўлди.
Бугун лотин алифбосида сабоқ олаётган фарзандларимиз ўн биринчи синфда ўқияпти-улар балоғат ёшига етди. Лотин алифбосидаги адабиётларнинг етишмаслиги, газеталарнинг йўғлиги уларнинг маънавий қашшоқланишига, маънавий бўшлиқнинг юзага келишига олиб келмоқда. Мактаб ва маданият бўлимлари, кутубхоналар бўм-бўш, ҳувиллаб ётибди. Маънавий қашшоқлик-моддий қашшоқликдан ёмонроқдир. Маънавий бўшлиқ жамиятга ёт бўлган зарарли ғояларни келтириб чиқаради. Ёшлар ва бошланғич синф ўқувчилари учун лотин алифбосида чоп этиладиган газета-журналлар, адабиётларни кўпайтирмасак эртага кеч бўлади. Маърифатпарвар аллома Абдулла Авлоний ҳазратлари айтганларидек, маънавият-маърифат “…биз учун ё ҳаёт-ё мамот, ё нажот-ё ҳалокат, ё саодат-ё фалокат масаласидир”.