Одам боласи қўйдай гап. Семиради, шишади, ҳаволанади, каттароқ амал тегиб қолса, босар-тусарини билмай, гапирган гапининг салмоғини чамаламай газлайверади. Бировни сўкади, бировни уради, бировдан олади, уйига ҳар куни «эҳсон»лар ёғилиб туради. Ҳар куни биттадан янги костюм кияди. Ўтказилаётган тадбирлардан зарбоф тўн кийиб келади. Уйи сандиқ-сандиқ костюм билан чопонга тўлиб кетади. Атрофида лайчалари туну кун парвона бўлишади. Шу ношукур банда кунлардан бир кун келиб-шундай кун албатта келади-амалдан озод бўлиб, дами чиққан пуфакдай писсайиб қолганидан кейин тепасида турган қазойи муаллақни кўради. «Ие, мен ҳам ўламанми?» деб ўйлайди ҳайратга тушиб. Шу пайтгача сезмаган, ҳис қилмаган ўлим жазаваси қўйнига қора илондай судралиб кираётганлигидан даҳшатга тушади. «Ҳой, ёрдам беринглар!» -деб бақиради алаҳсираб. Лекин унинг атрофига ҳеч ким йўламайди. Чунки бировни урган, бировни сўккан, бировдан олган, бировдан юлган бўлади. Лайчалар бу пайтда унинг ўрнига келган бо
шқа амалдорнинг товонини ялаётган бўлади… Шундай кунлар келадики, ҳеч ким сени эсламай қўяди, увада латтадай жисминг бужмайиб, чиқитга чиқасан. Яхши бўлсанг ҳам, ёмон бўлсанг ҳам гуноҳу савобинг ажрини яратганнинг ўзи чиқараверади.
Навзамбиллоҳ, бу гапларнинг ҳаммаси ўзим ҳақимда. Камина минг-минглаб муттаҳаму товламачиларга сабоқ бўладиган ҳаёт йўлини босиб ўтганман. Далиғули губерниясига бошбоқон бўлган пайтларимда атрофимдаги алломалар «Ана энди Далиғули ўз эгасини топди!» деб шов-шув қилишди, шаънимга шоир ва шоирчалар қасида-ю достонлар битишди. Мен ҳам шунга яраша ғайрат билан ишга киришдим. Гапим гап, учраган кучукка ёт, десам ётади, (бўлмаса мажбурлаб ётқизишади!) тур, десам туради. Далиғулидаги қонунлар қоғозда қолиб кетиб, ўзим қонунга айландим. Бундай фидойиликларим халқнинг жонига тегиб кетган эканми, бир кун келиб тавқи лаънатлар билан ишдан ҳайдашди. Мендан кейин бу ерга бошқа бошбоқон тайинланиши билан «Ана энди Далиғули ўз эгасини топди!» дейишди, унинг номига қасидалар битилди…
Бир ҳафта уйдан чиқмасдан, ҳеч кимга кўринмасдан ётдим. Ит ҳам келмади. Ҳаммавақт гавжум бўлиб қолган уй Чиғатой мозорининг хилхонасидай бўлиб қолди. Ҳатто қўшни маҳалладаги жанозага ҳам айтишмади…
Хўш, бундай пайтда нима қилиш керак, -ўйладим. -Раҳбар ишдан бўшатилганида дам олишга жўнаворади. Шартта қулоқни орқага тортиб, дам олишга жўнавордим. Бошқа пайтда дам олишнинг иложи йўқ-да! Бир ойдан кейин ҳовурлар босилиб, тақдирга тан бериб дам олишдан қайтиб келдим. Уйга пиёда кетаяпман, биров мени кўриб юзини чаппа буради, бирови истар-истамас саломлашади, бирови сўкиниб ўтади. Чидаймизда энди, ҳамманинг кўнглини ололмайсан-ку!
Янги бошбоқон илгари қўлимда ишлаганида ипакдай мулойим, патинкам чанг бўлса, рўмолчасини олиб артиб қўядиган даражада маданиятли эди. Унинг қабулига кирмоқчи бўлдим.
-Сизни тушунаман, оға Раҳмонбей, -деди собиқ ёрдамчим. -Лекин бошбоқонимиз принтсипиал одам, навбатда ёзилмасангиз, қабул қилмайди.
Навбатга ёзилдим. Икки ҳафтадан кейин икки дақиқа вақт билан бошбоқоннинг қабулига киргазишди.
-Э-э-э, устоз, -дея бошбоқон югуриб келиб, мен билан қучоқлашиб кўришди. Кастюмимдан чангни қоқиб қўйди. Хўрлигим келиб кўзимдан ёш милдираб кетди. -Э-э, қўйинг-да устоз, бу ҳаммадаям бўлади, бирга ишлашамиз, -янги бошбоқон менга чой узатди. – Нега кўринмайсиз?
Мен унга кириш учун икки ҳафтадан буён навбатда турганимни айтдим.
-Ие, шундайми? -У ғазаб билан тугмачани босди. Менинг собиқ ёрдамчим, ҳозир унинг ёрдамчиси югуриб кирди. -Нега оға Раҳмонбей икки ҳафтадан буён овора бўлиб юрипти, келган заҳоти киритмайсанми, галварс! Бундай овсар ёрдамчининг менга кераги йўқ, ишдан бўшадинг, жўна!! Иккинчи қорангни кўрмай!-Кейин менга ўгирилди.-Устоз, хоҳлаган пайтингизда эшигимиз сиз учун очиқ, тепиб кираверинг, иш масаласини ҳам ҳал қилиб бераман,-дея ўрнидан турди. Бу «Гап тамом» деган маънони англатарди. Тавозеъ билан хайрлашдик.
Орадан уч ой ўтиб мени «Бўлса бўлар, бўлмаса Қовлаб кетар» кампаниясига бошлиқ қилиб қўйишди. Ҳеч кимнинг ҳеч ким билан иши йўқ, кампанияда одам сон-саноқсиз, ҳамма бюджетдан ойлик маош олади. Лекин бошим тепасида осилиб турган қазойи муаллақ мени тобора домига тортарди. Шунда билиб-билмай қилган гуноҳларимни ювиш учун ҳажга боришни ният қилиб мулла Мелиқул ҳожига маслаҳатга бордим.
-Ҳажга боришга сарфлайдиган маблаҒингизни ҳалол пешона терингиз эвазига йиққанмисиз бўтам?-сўради мулла Мелиқул ҳожи кўзимга тикка қараб. Ўолбуки у билан бирга ишлаган пайтимизда бир-биримизнинг қилган ишларимизни яхши билардик.
-Й-й-йўқ,-дудуқландим талмовсираб.-Ҳа энди вақтида сизга тушиб тургандай, бизга ҳам қилган меҳнатимизга қараб эҳсонлар келиб турган-да, тақсир!
-Тўғрику-я, оға Рахмонбей, икковимиз ҳам вақтида эҳсон олганмиз, -деди мулла Мелиқул ҳожи гапини чертиб-чертиб. -Аммо менга писабилло рози бўлиб беришган. Сизга рози бўлиб беришганига шубҳам бор-да. -Ҳожи бу билан нима демоқчи эканлигини билиб туриб билмасликка олдим. Ҳай баччаталоқ, оёғим узангида бўлганида бошқачароқ сайраган бўлардинг-ку!
-Эса энди нима қилай тақсир, -дедим мажбуран бир поғона паст тушиб.
-Эса энди беш вақт номоз ўғинг, масжидга боринг, одамларга қўшилинг, гуноҳларингиздан кечишни сўраб худога муножот қилинг. Йиққанларингиздан бева-бечораларга эҳсон қилинг, бўтам. Ана шунда ҳаж фарзини бажарган баробарига ўтасиз.
-Ҳа, бошқалар ҳам.., -чайналдим мен.
-Бошқаларнинг гуноҳини бўйнингизга олиб нима қиласиз, -деди Мелиқул ҳожи. -Ҳар кимнинг гўри бошқа…
Хуллас, шу билан денг, ҳаж зиёрати ҳақидаги хом хаёллар ҳам пучга чиқди. Нима қилишга ҳайронман, элга қўшилиб-қўшилолмайман, юриш-туришимда ҳаловат йўқ. Ҳамма бармоғини бигиз қилиб мени кўрсатгандай туюлаверади. Яхшиям вақтида костюм билан тўнларни запас қилиб қўйган эканман, ҳозир ўзим хусусийлаштириб олган дўконда ўшаларни сотаяпман. Бўш вақтларимда мемуарлар ёзаяпман. Тепамда турган қазойи муаллаққа қараб, қилган гуноҳларимни кечишни худодан илтижо қилиб ётибман. Бинойидай номозхон бўлиб қолдим. Бева-бечораларга қўй сўйиб, садақа бердим. Ахир айтишган-ку бир соатлик мурувват олтмиш йиллик ибодатдан афзал деб. Шу қилган мурувватларим даргоҳида қабул бўлса, ажаб эмас пулисиротдан ўтиб, тўппа-тўғри жаннатга дохил бўлсам, а лаббай?! Ноумид шайтон!