ЦКда, яъни Марказий канализациялар вазирлигида ишлаб юрган пайтларимда туркистонлик Аҳмаджон ака деган хушчақчақ инсон бўларди. ўзи озғин, қўллари омбирдай, кўришиб қолса, қўлни мажақлаб қўя қоларди. Биз икки кунгача қўлимизни ололмай юрардик. У эса бундан ҳузурланиб куларди. Индамаслигимиз сабаби, Аҳмаджон ака канализацияларни кенгайтиришда қилган ихтиромиз учун гонорар берарди. У ҳамиша «Озман йўлдан оздиради», -деб айтишни хуш кўрарди. «Озман нима?» нима деб сўрасак, Аҳмаджон ака: «Озман-шайтоннинг урғочиси, пешанасининг ўртасида битта кўзи бўлади, қарасанг бас, аврай бошлайди, эс-ҳушингни олиб қўяди», -дерди.
Бу гапларга авваллари ҳазил аралаш қараган бўлсам, энди ишонишга тўғри келаяпти. Ҳаётимизга ғарб тутуми, ахлоқ тарзи яъжуж-маъжуждай телеканаллар орқали бостириб кирди. Параболик, яна алланимабало антенналар орқали одамлар 70 хил канални кўриб ётибди. Уларнинг олдида бизнинг канализациялар ҳеч гап бўлмай қолди. «Ўв, отангни арвойи, 70 хил канални кўргунча, ўзингнинг каналингни эплаштириб ол, хумпар», -дейдиган Тошпўлат тажанглар йўқ. Илгарилари киноларга «16 ёшгача бўлганлар киритилмайди» деб ёзиб қўйиларди. Ҳозирги киноларни катта ёшдаги кишилар кўришга уялади.
Биз ҳинд кинолари таъсирида улғайган авлод ҳозирги киноларни ҳазм қилолмай гарангмиз. Айниқса телесериалларни айтмайсизми? «Бойлар ҳам йиғлайди» телесериалида аёлларнинг юбкаси тиззасидан ярим қарич юқорида эди. «Эсмералда»да ушбу шўринг қурғур тиззадан бир қарич кўтарилди, «Гвадалупа» деган бадбахт сериалда жонивор шармандали жойларгача юпқалашиб кетди. Яна Голландия сигирлари наслига ўхшаган хонимлар киндигига тушадиган елинларини ярмисигача яланғочлаб юришларини айтмайсизми? Агар елини қоқ белида жойлашган бўлса, ёқасини атайлаб қорнигача Амир Олимхоннинг дарвозасидай очиб қўяди. Нима бўлса кўришга одатланиб қолган ёшу кекса бу сериалларни кўришга ишқибоз. «Оббо эноғорди қизи-эй, -дейди 70 ёшли чол голланд хонимининг елинини ўлиб кетган кампириники билан чамалаб. -Эгаси зап боққан эканда-а?» Бу сериалларни кўрадиган аёллар ўсал, эркаклар хунаса бўлиб қолди. «Бугун мен ошга боролмайман, -дейди эркак. -Энг қизиқ жойи бўлади, нима билан тугайди, шуни
кўришим керак». Ҳар бир церия аввалгиларига ўхшаш ўпишиш билан бошланиб, хиёнат билан тугайди. Бирови кўр, бирови чўлоқ бўлади, бировининг томи кетади, лекин ўпишишни канда қилишмайди. Ота-бола, келин-невара, бариси бақрайиб томоша қилиб тураверишади. Бу пайтда бурни шолғомдек, кўзига лупадан кўзойнак таққан аллома таржимон янги сериални қўлтиқлаб юрган бўлади. «Буниси ундан зўр, -дейди у аста шивирлаб продюсерга. -Шуни ўтказсанг, фалон фойизи сенга…» Фалон фойизини эшитган продюсер асарни қўлтиқлаб бошлиққа чопади, унинг тарбиявий аҳамияти ҳақида соатлаб гапиради. Хуллас, қарабсизки, янги сериал ке-э-тди! Рекламачиларнинг рекламалари ҳам шу ерда ҳозиру нозир. «Байже чойи-сиз истаган шу чой эмасми, ташқарига кўп чиқиб юрмайсиз», «Оёғингизнинг жунини фалон устара силлиқ қилади», «Сенга қандай таглатта ёқади? Менга узунчоғи, юришга ўнғай», «Дента лайт, тишни ювиш пайт!» Болалар Деу Юнителга уланган тўтиқушдай рекламаларга ўрганиб қолишган, ҳ
атто ёдлаб олишган. «Ҳозир у реклама бўлади, энди буниси», деб адашмай санаб туришади. Икки карра икки неччи бўлишини билишмайди, лекин рекламалар саноғини сўрасангиз, дарров айтиб беришади. Бундай сериаллар ва рекламалар олдида «Минг бир кеча» ҳам оҳорини йўқотади. Аҳмаджон ака тўғри башорат қилган экан «Озман йўлдан оздиради», -деб. Лекин бу гап телесериалларни кўравериб савияси гуллаган ишқибозларга тааллуқли эмас. Улар керак бўлса, энди ана шу қурол билан озманни ҳам йўлдан оздиришади!