Яратганнинг ҳар бир гуноҳкор бандаси бу фоний дунёга келиб, тақдири азал ёзмишига қараб у ёки бу ролни бажариб ўтади. Биров ёрқин юлдуз бўлади, бировнинг пешонасига юлдузлик ёзилган бўлса ҳам лоқайдлиги туфайли думбуллигича қолиб кетади. Шу маънода ҳар бир кишининг кўнглида битта санъаткор ухлаб ётади. Унинг уйғониб буюк бўлиши ёки уйғонмай ўтиши инсоннинг ўзига боғлиқ. Афлотунми-эй, қайси бир алломанинг саксон ёшга кириб соз чалишни ўрганишга киришганлигининг боиси ҳам ана шунда. Буёғини қўяверинг, Худо Одам Атони балчиқдан яратганида куй билан жон киритган экан. Борбад деган санъаткор дарахтда ўтириб куй чалганида, подшоҳдан тортиб хизматкоригача йиғлаган. Микеланжело ўз асарларига шеър ёзиб, қўшиқ басталаган. Гитлер, Сталин каби шахслар ўз вақтида санъат тўгарагига қатнашиб, шеърлар тўқишган. ўзимизнинг бобойлар, момойларни қаранг, нафақагача индамай юришади-ю, кейин соғолларини селкиллатиб, рўмолларини ҳилпиллатиб қўшиқ айтиб, ўйинга т
ушишади. “Беш қарсак”, “Чавқи”, “ўлай санга” каби ансамбллар тузишади.
Кейин, а, ваҳ-эй, а, ваҳ-эй, -деб қарсак уриб, қизил мўккичани қарсиллатиб ҳаммани қойил қилишади. Ухлаб ётган ўша саноат уйғонган бўлади-да! Давлат арбобларида ҳам олий даражадаги артистлик қобилияти намоён. Роналд Рейган саҳнада ўйнаган, Билл Клинтон саксофончи, Арнолд Швартснеггер кино юлдузи. Ҳаммасини қўяйлик, Отелло ким бўлган? Машҳур артист ва қирол! Авлодларга ундан нима қолди? Артистлиги қолди.
Баъзиларнинг артистлик қобилияти ёшлигидан билинса, баъзиларники бошлиқ бўлганидан кейин намоён бўлади. Биттаси устозини отам, отам деб юрди-ю, бошлиқ бўлганидан кейин уни шартта отди. Кейин артистлик қобилиятини ишга солиб “сеҳрланиб қолибмиз, ўлиб қопмиз”, деб ҳаммани сотди. Бир опахон амалдор бўлгач, артистлиги тутиб “Жанозага бормайсан, болангни кестирмайсан”, деб халқни алағда қилди. Биттаси озиқ-овқат программасини тузган эди, озиқ-овқат йўқолди. Иккинчиси “қайта қуриш”, деб ҳаммани қуритди. Ичкиликбозликка қарши курашган эдик, ҳамма алкаш бўлди. Бир пайт келиб одам кўчада юришга қўрқиб қолди. Политсайга ўхшаган одамлар кўпайиб кетди. Нимага кўчада юрибсан, ишда эмассан, ва ҳоказо. Бу нимадан, деб ўйлайсиз? Бу ҳаммаси санъатнинг сеҳрли кучидан! ўз санъатини кўрсатолмай, аламзада юрган кишилар имконият туғилиши билан уни намойиш қилишга киришадилар. Камина ҳам ана шундайлардан.
Ёшлигимда рубоб чалиб, кўзимни юмиб “Р-р-раъно” деб қўшиқ айтган пайтларимда отам онамга: “Бу уккоғорди ули артист бўлади-ёв!” деган экан. Ўша пайтда профессор кучлими, райком кучлими, деган ўйловда юрган кезларим эди. Кейин яхши одамлар оғзимга туфлаб, райком бўлдим. Кейин губернаторлик мансабини эгаллаб олдим.
Ана шунда менда артистлик қобилияти яна қайта уйғонди. Нега дейсизми? Сабаби, кечагина тенгма-тенг талашиб-тортишиб юрган яқинлар, атрофдагилар қўл қовуштириб, кўнглимни топишга ҳаракат қиляпти. Қарасам, ўз қобилиятимни намоён қилишга жуда қулай пайт. Бировга дўқ ураман, бировни сўкаман, бировни мақтайман… Ҳеч ким мушугимни пишт демайди. Юқори бошлиқдан: “бажарамиз, эплаймиз!” деб бир бало қилиб қутулиб чиққанимдан кейин ҳаммани йиғиб икки соатлик сеанс ўтказаман. Ҳеч кимнинг онасиям, холасиям қолмайди, ҳеч ким ғинг демайди, бундан руҳланиб кетиб яна баттарроқ образга кираман. Охири ҳолдан тойиб, ҳориб-чарчаб Шукур Бурҳоновдай саҳнадан мағрур чиқиб кетаман. Агар санъатимни халқ олдида ишга солсам борми, халқ артисти бўлиб кетармидим, деб ўйлаб қўяман баъзида. Бу орада амалга таяниб докторликни ёқладим, профессор бўлиб олдим. Эсон-омон нафақага чиқиб олсам, ўзимга ўхшаган беш-олтита профессорлардан, собиқ губернаторлардан ҳаваскорлик ансамбли тузаман. Кейин
чопон сотадиган дўкон очаман. Мансабда юрган пайтларимда олган чопонларни сотиш керак-ку! Ана ўшанда кўрасиз, бизнинг саноатимизни!
Баъзан, ўзим ёлғиз қолган пайтларда ўйлаб қоламан: артист бошлиқ бўлгани дурустми, бошлиқ артист бўлгани яхшими? Ҳар ҳолда артист бошлиқ бўлгани дуруст экан. Чунки бировнинг кўнглига тегадиган гап қилса ҳам: “Ҳа бу артист-да”, деб кетаверишади. Бошлиқ артист бўлса-чи? “Ие, бу қип-қизил артист экан-ку!” дейишади ерга чирт этиб тупуришиб. Ўша бошлиқ эса ўзининг артистлик қобилиятини анча кеч сезиб қолганлигидан астойдил афсусланади. Агар артист бўлганимда ҳозиргача қанча-қанча унвонлар олардим, эъзозда юрардим, деб ўйлайди. Ҳозир ким мени эсласа, сўкиб гапиради, ёмонлайди дейди. Менда буюк бир санъаткор ухлаб ётганлиги билан ҳеч кимнинг иши йўқ, дейди. Шунинг учун Швартснеггер тўғри қилган. Аввал артист эди, ҳозир бемалол губернаторлик қилиб юрибди, деб беҳуда ўтган умрига ачинади…