Нурулло Остон. Ўлай агар, алам қилади! (ҳажвия)

Яхши одамлар билан суҳбатлашишни яхши кўраман. Шунинг учун кўпинча жиннихонага бораман. Духтурдан рухсат олиб, ҳар гал ҳар хил тоифадаги кишилар билан суҳбатлашаман. Бу эрда Нострадамусдан тортиб Наполеонгача топилади. Умар Хайём, Гиппократ, Пифагор, ҳатто Горбачёв ҳам шу эрда.
–Кечирасиз, қайси қонунни кашф қилгансиз? -сўрайман Пифагордан.
–Билиб туриб мендан сўрайсан-а, ундан бутун дунё халқлари фойдаланиб ётибдику, -дейди у ўқрайиб. Нострадамус қаҳрли кўзлари билан Горбачёвнинг кал пешонасидаги дунё харитасига қараб тўнғиллайди:
–Беш минг йил бурун айтганман-а, бу ялангоёқларга, пешонасида белгиси бор бир кал одам ҳукумат тепасига чиқса, дунёни  чаппароста қилиб ташлайди деб! Ҳеч ким қулоқ солмаган эди. Мана, оқибати!
–Ҳай, ўртоқ, -Горбачёв кафтини оғзига тутиб, томоқ қириб, гластигини тўғрилади: -кимлигингизни билмадим-у, лекин сизгача ҳам, сиздан кейин ҳам ҳали ҳеч ким дунё чархпалагини менчалик тўғри йўлга бошқара олгани йўқ…
–Ва бўлмайди ҳам, -рўпарадан трубкасини чекиб Сталин чиқиб келди. -Менинг давримда  бўлганида, сен контрани Америка разведкасининг айғоқчиси сифатида Кремлнинг қуббасига чатанингдан осдирардим.
–Ҳа бўлди-да энди, -Билл Клинтон ўртадаги нохушликни бартараф қилиш мақсадида орага тушди. -Келинглар, хотирамизда энг ширин дамлар бўлиб қолган муҳаббат изтиробларидан сўзлашайлик…
Абдурайим билан Мамарайим ҳам шу ерда.
–Қўйингна, ашнақа геплани, яхшиси бир чойхона полов қилиб ўтирайнук, -дейди Абдурайим.
–Бўпти, оммо чойхона половди ўзим жа киптини келтривораман-де, -гапга қўшилади Мамарайим. -Ошаган одўм мама девориши ҳеч гапмас…
Мени ҳамма шайир деб чақиради. Ўлай агар, алам қилади шоирга шайир деб мурожаат қилишса! -Бу киши шайир, -деб бошқаларга ҳам мақтаб қўйишади. Туппа-тузук муомала қилиб ўтирган одам бу гапдан кейин менга ярим жинни, ярим савдойига қарагандай қарайди. Қани энди ўзингизнинг жиннимаслигингизни исботлаб кўринг-чи?!
–Ҳа қўяверинг, бу киши шайир-да,-деб ўтиб кетаверишади.
Жиннига бориб “Сан жиннисан”,-деб кўринг, жиннилигимни топиб бер, -деб дарҳол ёқангиздан олади. Соғ одамга бориб “Сан жиннисан”,-денг.
– Тўғри, -дейди кулиб. -Жинни бўлмасам, хотинни иккита қилармидим? Уйланган кунимга минг лаънат, -дейди. -Иккинчиси яхши чиқар, деб ўйловдим, буниси унисидан баттар чиқди. Ана энди ўтирибман, 16 та бола билан нима қилишни билмай. Худога шукур, ҳарқалай иккита хотин олиб файласуф бўлдим. Ҳозир қўш хотин олишнинг фойда ва зарарлари тўғрисида китоб ёзаяпман, – дейди. Ҳамма кўрган, билган  нарсаларни яна таъкидлаб ўтириш шарт эмас. У деҳқоннинг яйдоқ шудгоридай шундоқ ҳам кўриниб турибди. Йўқ, биз албатта ўша қора рўйхатга тушган одамнинг олдига бориб, ичимиздаги гапимизни айтмасак, чидаб туролмаймиз.
–Сан жаллобсан, -деймиз бориб тиккасига.
–Ҳали ман жаллобми, -дейди у ҳам оғзидан кўпик сачратиб. -Э, ҳали сан ёқангни ҳидла, фалончинг фалончининг писмадончиси билан…, -шу билан бу ёғи кетди…Икки соат оғзидан боди кириб шоди чиқади. А, сиз кимлигининг фарқи йўқ, биринчи дуч келган одамни ўзида йўқ фазилатларни, хислатларни қўшиб-чатиб мақтанг қани, қандай қабул қилади? Аввал уялади, каловланади, ортиқча мақтавордингиз, дейди… Кейин охир-оқибат “Тўғри, -дейди. –Балки нокамтарликдир, лекин шунақаман!”-дейди.
Ўша ҳамма танийдиган, етти маҳаллага овозаси кетган жаллобнинг ёнига келиб дабдурустдан:
–Сиз жаллоб эмассиз, -десангиз, унинг шубҳаланиши табиий. Шунинг учун унга ўзида йўқ хислатларни оппоқ парқу либослардай кийгизинг. Сиз садоқат тимсоли, вафо рамзисиз, денг.
–Тўғри, -дейди у охир-оқибат ғурур билан. Мен ҳақимдаги майда-чуйда иғволар оғзига кучи етмаганларнинг гапи…
Ана шундай, Худонинг ҳар бир гуноҳкор бандаси ўзида йўқ фазилатларга эга бўлишни, ўзи ҳақида ўзи истагандай гапиришларини истайди. Учраган одам шоирни қўли билан кўрсатиб, бу киши  шайир, -деб ҳаммага таништираверса, алам қилади-да. Чунки энг фожеали томони-бутун дунё пролетарлари бу киши шайир, дейилса, бечора шоирни эмас, ярим савдойи, ярим жинни одамни кўз олдига келтирганидан кейин буёғини ўзингиз тушуниб олаверинг. ўлай агар, алам қилади!