Инсон зоти ҳамма вақт сармоя орттиришга, яхши яшашга интилиб келган. Егани олдида, емагани орқасида бўлишини орзу қилган. Тўқни тўйдириш қийин, деганларидай, тўқ бўлса ҳам кўзи тўймай яна ҳам кўпроқ йиғишга ҳаракат қилган. Уч минг йил умр кўрган Мусо алайҳиссалом қуёшдан сақланиш учун бошининг тепасига атиги чайла қуриб олган экан. Одамлар унга: «Аё Пайғамбар, келинг сизга уй-жой қуриб берайлик, уйлантирайлик, кошоналарда яшанг», -дейишса, Пайғамбар: «Қисқагина умрга шунча ташвишнинг нима кераги бор», -деб унамаган экан. Бандаси тушмагур бир тутам умрида ўзини ўтга-чўққа уради, пул топади, имкони бўлса тувагини тиллодан қилади. Гўё шундан умри узайиб қоладигандай. Буёқда умр жонивор ғув этиб ўтиб кетиб, боши ёстиққа текканида ўзига келади. Ўзига келиб, ўтган умридан мазмун тополмайди. Нима учун дунёга келиб-кетаётганини англамай ияк қоқади. Оғзига томизилган икки томчи сув томоғидан ўтадими-йўқми оёғини чўзиб юборади. Бу ёқда мурдашўй
тилло тувак устида тортишиб ётган бўлади: «Майитни тилло тувакда ювсак, тўғри жаннатга тушади», -дейди у бир бало қилиб тувакни қўлга киритиш мақсадида. Отамиз жаннатга тушаркан, деб болалар ҳам жонини суғургандай тилло тувакдан воз кечишга мажбур бўлади.
Ўша бандаи мўмин тириклигида мол-дунё йиққан, топармон-тутармонлигидан тўйнинг тўри, зиёфатнинг зўри шуники бўлган. Шундан мартаба ортирган, тўқчиликда яшаган. Тўқчилик табиийки, дангасаликни, лоғайдликни келтириб чиқаради. Лоғайдлик сотқинлик билан баробар. Етишмовчилик бўлмаган жойда одам танбаллашади, ҳушёрлигини йўқотади, ҳаётнинг қизиғи қолмайди. Бу фожеани даставвал Маркс элас-элас пайқаган. «Европада бир шарпа кезиб юрибди,» -деб башорат қилган. Бу шарпа Ленин бўлиб чиққан. Ленин қараса, ҳамма тўқ яшаяпти, одамларда ҳаётга қизиғиш қолмаяпти. Шунда у шартта революцияни бошлаворган. Одамлар анча жонланган. Ленин қабул қилган декретлардан учинчиси ичкиликбозликка қарши кураш бўлган. Шу декретдан кейин ичкиликбозликка қизиғиш ортган. Доҳий бундан руҳланиб кетиб, озиқ-овқат развёрсткасини жорий қилган. Одамларнинг иштаҳаси очилиб кетган. Яшаш учун кураш қизиқарли тус олган. Янги иқтисодий сиёсат ҳақида декрет қабул қилинганидан кейин қо
рни очлар қорни тўқларнинг бор-будини олиб, ўзларини бадарға қилган. Эҳ, яшаш қандай қизиқарли бўлган ўша пайтда! Бу самарали тажриба ҳали ҳозиргача қўлланиб келинади. Йўқсиллар отаси Сталин 37-йилларда халқ устида ўтказиладиган бу экспериментни муваффақият билан қўллаган. Хрушчев халқни маккажўхори билан боқиб ҳушёрлигини оширган, Брежнев озиқ-овқат программаси билан чириб бораётган империализмга кескин зарба берган. Андропов кўча-куйда юрган аҳолини қўрқитиб, ҳаётга бўлган муҳаббатини оширган. Усмонхўжа одамларнинг яшашга қизиғишини ошириш учун Гдлян-Ивановларни олиб келиб қорни тўқларни роса шилдирган. Горбачёв бу борада Лениннинг тажрибасини қўллади-ичкиликбозликка қарши кураш эълон қилиб, ҳушёрлар жамиятини тузди. Ҳушёрлар нима қилди-ҳаммамизга маълум. Шунинг учун биз доим ҳушёрликка интилиб яшаймиз, ҳамма кучимиз шунга қаратилган.
Масалан, машинада кетаётган бўлсангиз ГАИ ходими сизни тўхтатиб: «Шундай-шундай қоидани буздингиз, иккинчи бундай қилманг», -деб жавоб бериб юбориши мумкин. Бундан албатта ҳаётга қизиғишингиз ошмайди. Чўнтагингиздан отнинг калласидай қилиб пулингизни қоқиштириб олса, кўзингиз мошдек очилади. Унгача очилмайди. Ёки шифохонага бордингиз, дейлик. Духтир пул олмаса, »Ҳа, шу экан-да!» деб ялпайиб ётаверасиз. Духтирдан тортиб фаррошгача ҳар куни пул олаверса, яшовчанлик иммунитетингиз ошади, дарров тузалиб кетасиз. Автобус қатнови йўқ, дейсизми? Бу ҳам сизнинг фойдангизга! Пиёда юрсангиз соғлиққа фойда, пул чўнтакка қолади. Ҳа, олти ойдан буён маош олмаётган бўлсангиз, бундан мақсад-ҳаётга қизиғишингизни ошириш. Бечора банкирнинг кўзи учиб тургани йўқ, пулингизни аборот қилиб орттирган сармоясини қаерга қўйишни билмай сарсон бўлиб юришга. Уям сизнинг ғамингизни еяпти. Текширувчилар жонга тегиб кетди, деб нолийсиз. У ҳам худонинг бандаси, бир ҳафта яхш
илаб зиёфат қилиб, айтганини бериб юборсангиз, иммунитет ошади, турмуш тарзи кучаяди.
Суд, прокуратура, мелиса қўлга қарайди, дейишингиз энди ғирт туҳмат. Биринчидан, улар ҳамма вақт кўзга қарайди, иккинчидан, ҳа энди қўлга қарамай, оёққа қарасинми? Душман оёққа қарайди. Хуллас, нимаики қилинаётган бўлса, буларнинг ҳаммаси одамнинг ҳаётга қизиқишини ошириш, ҳар бир янги кунни байрам сифатида кутиб олиши учун бўлаётган ишлар. Бусиз яшашда маъно қолмайди. Сиз яна тинчимайсиз, нега кўчаларда машина қатновини тез-тез тўхтатиб қўйишади, одам кўзлаган жойига боролмай сарсон бўлади, дейсиз. Энди ўйлаб кўринг, борадиган манзилингизга ўн километр масофани айланиб ўтсангиз, ҳушёрлигингиз яна ошади, яшашга қизиғишингиз кучаяди. Қизиқиш бор жойда эса тараққиёт бўлади. Ҳамма нарса етарли жойда танбаллик бошланади, одам ҳеч нарсага қизиқмай қўяди.
Яқинда тиливизирда қўйилаётган кинолар дубляжига овоз беравериб, жонга тегиб кетган бир акахон билан телефонда гаплашиб қолдик. «Биласанми Эркин, -деди у менга. -Қандай пул топишни, қандай чиройли яшашни биламан. Лекин ҳозиргача нима учун яшаётганлигимни билмайман!» Мана, сизга тўқчиликнинг оқибати! Лекин худога шукур, бошқалардан фарқли ўлароқ нима учун яшаётганлигимни яхши биламан. Мен ҳушёр турмуш тарзи учун яшаяпман!