Ҳамма замонда, ҳамма жамиятда солиқлар катта рол ўйнаган. Уй солиғи, ўтин солиғи, тутун солиғи.., хуллас, солиқларнинг тури кўп бўлган. Сўфи Оллоҳёр ҳазратлари даставвал Каттақўрғон музофотида закотчилик билан шуғулланганлар. Бир куни Оллоҳни мадҳ этиб, зикр тушиб келаётган дарвешни кўрган Сўфи Оллоҳёр жаноблари: “Эй дарвеш, Оллоҳ ишқи қалбингда қай даражададир”, -деб сўраганида у: “Бандай мўмин кўнгли фоний дунё роҳати билан кирланган, менинг ботиним ва зоҳирим Оллоҳ ишқида, мана кўр жон бериш қанчалик осонлигини, -депти-ю, бир пуф деб омонатини эгасига топширипти. Бундан қаттиқ таъсирланган Сўфи Оллоҳёр “Во дариғ!” деб фарёд урганича, барча дунё роҳатларидан этак силкиб, дарвешликни ихтиёр қилган экан. Оллоҳ ишқида ранж чекиб, бора-бора Вахшувор деган жойда макон топиб, улуғлик мақомотига етган экан. Баъзилар дунё омонатига учиб, Худони ҳам, давлатни ҳам унутади. Худони унутган иймонидан айрилади, давлатни унутган одам қамалади.
Хорижда солиқлар назорати жуда кучли. Фуқаро ҳам, президент ҳам бирдай солиқ тўлайди. Корхона хўжайини ишчини кўпроқ ишлатса, катта жарима тўлайди. Фуқаро кўпроқ ишлаб қўйса, қўшимча солиқ тўлайди. Ҳай, буларни қўйиб турайлик, бизда барча айтилганларидан ташқари бутун дунё афкор оммаси учун ўта махфий бўлган “копир солиғи” бор. Бу ибора қачон пайдо бўлганлигини ҳеч ким билмайди, аммо унинг маъносини ҳамма тушунади. Баъзи тадқиқотчилар буни “оқ пошшо рус-япон урушида аҳолидан мардикор ёллаганида копир солиғи тўлашган”, -дея изоҳлашади. Нима бўлганда ҳам бу бизда жуда оммалашиб кетди. Ишдан уйга келиб, энди чой ичишни бошлашим билан хотин бошлайди: “Дадаси, кўчамиздаги ҳовузни тозалаш керак экан, ё икки минг сўм бераркансиз, ё чиқиб ишларкансиз”. Кейин ўғлим келади: “Дада, синф хонамизни оқлашга бўёқ олиш керак экан, 2,5 минг сўм бераркансиз”. Бўёққа пул оладигандан уйда тўртта. Катта бир идорада бошлиқман. Уч киши ишлайди. Келишим билан
телефон жиринглайди. “Эшимов, кўчани тозалашаётган экан, бешта одам жўнатинг ёки беш минг жўнатинг”. “Ўзи уч киши ишласак, бешта одамни қайдан топаман?” “Бу сизнинг проблемангиз!”
Шу билан савол-жавоб тугайди. Бирпас туриб яна телефон жиринглайди. “Эшимов, отпускага кетаяпман, бир келиб кетинг”. Бу юқори ташкилотнинг бизга мутассади назоратчиси. Унинг “бир келиб кетинг”, дегани “беш минг олиб кел”, дегани бўлади. Менга ўхшаган шу соҳа раҳбарлари еттита. Ой кулса ҳам, кун кулса ҳам бизга. “Эшимов, бир ҳафтага комиссия келаётган экан, зиёфатнинг бир куни сизнинг бўйнингизда”. “Эшимов, идорани ревизия босди, эсон-омон қутулай десангиз, юз минг тайёрлаб қўйинг”. Бу ёқда ойликнинг чўғи йўқ, Сўфи Оллоҳёрдек этак силкиб кетай десам, иккита диплом билан ишсиз қоламан…
Йил бўйи копир солиғидан бошим чиқмайди. “Ғўзани қатқалоқ босиб кетипти, зарбдор ўн кунликка чиқасиз!” Бориб бригадирга ўн минг бериб келаман. “Эшимов, пахта плани тўлмаяпти, ўн кун пахта териб берасиз”. Тарозибонга ўнни қистириб қайтаман. Бу пулларни қаердандир чиқариб олишим керак-ку. Уч кишига навбатма-навбат мукофот пули ёзаман. “Буни нимага? – сўрайди катта бошлиқ қўл қўйишдан олдин кўзойнагини бурнининг учига учига қўндириб. -Қатқалоққа. -Буниси-чи? -Кўча супуришга. -Бу-чи? -Пахта теримига”. Катта бошлиқ тушунадиган одам, индамай қўл қўйиб беради. “Яқинда туғилган куним бўлади, ҳаммаларинг эллик мингдан мукофотга ариза ёзиб кетинглар”. -дейди кейин…
Ана шундай қилиб копир солиғига чидаб юрибмиз. Меники ҳалиям ҳолва экан. Қатқалоқ учун бригадирга копир солиғи беришга бораётганимда таниш коллеж директорини кўриб қолдим. Оёғида этик, ҳамма ёғи гўнг. “Нима гап?” -деб сўрасам, “Э, сўраманг, уйма-уй гўнг йиғиб далага чиқаряпмиз, менга ўн мошина буюрилган. Бўлмаса, фалон пул беришим керак экан…” Буни кўриб худога шукурлар қилдим. Ҳа, беш-ўн минг нима деган гап, қўлнинг кири. Ишқилиб, катта бошлиғимиз гўнг ташишга чиқармаса бўлгани, деб ўйладим ичимда. Тасаввур қилинг, иккита қизил диплом билан қизил гластикда Эшимов далада гўнг ташиб юрса! Одамлар нима дейди? Ўла, бу кунингдан, сандан кўра ана, тўрт синфни битириб, носини уриб ялло қилиб юрган Боқи биргад авло, демайдими? Шу хаёллар билан энди идорага кирган эдим, телефон жиринглади. “Алё, Эшимов, катта бошлиқнинг хонасини таъмирлаяпмиз, бешта одам юборинг, ё беш минг жўнатинг!” Дарров ходимимга копир солиғи бериб, зипиллатиб жўнатиб юбордим. А
хир, обрў ҳам керак-да!