Афанди дарахт шохида туриб уни арралаётган экан, йўловчилардан бири буни кўриб: «Афандим, ўзингиз турган шохни арралаяпсиз, бунақада йиқилиб тушасиз», -деб ўтиб кетибди. Афанди «Бир сен қолган эдинг менга ўргатмаган», дея тўнғиллаб дарахт кесишда давом этаётган экан, шох-похи билан қўшилиб ерга қулаб тушибди. Инқиллаб-синқиллаб ўрнидан турган Афанди ҳалиги кишининг ортидан қувиб бориб: «Сен ҳақиқий авлиё экансан, келажак тақдирим ҳақида башорат қилсанг», -дермиш… Шамол бўлмаса дарпарда қимирламайди, деганларидай, ҳозир энг синалган ишончли разведка маълумотларини кўчада оласиз. Мутлақо махфий, ишончли манбалар, деган гаплар ҳамиша кимнингдир манфаатига хизмат қилади. Ҳатто чет эл матбуоти, радио-телевидениеси ҳам ўзи хизмат қиладиган ғоя нуқтаи-назаридан туриб алдайди. Ишончли разведка алдамайди. Кўчага чиқсангиз бас, дарров бошланади: Эшитдингизми, фалончини ишдан олишипти, ўрнига фалончи келипти… Фалончининг товуғи бир суткада бешта тухум қўйипти,
қандайдир ёзувлари бор эмиш ва ҳоказо. Разведка маълумотларидан бечора товуқ ҳам қочиб қутулолмайди. Бўладиган воқеалар ҳақидаги миш-миш олти ой олдин ҳаммага аён бўлади. Ишончли разведка шахмат қиролидай сипоҳидан фил ясайди, шоҳни оддий пиёдага айлантириб қўяди. Бу разведка хизматида айниқса аёллар катта рол ўйнайди. Улар эркаклар ҳис қилмайдиган еттинчи сезги органи билан ҳамма янгиликни олдиндан кўрабилиш қувватига эга.
Биттасидан «Сен сафарга кетганингда хотининг нима иш билан шуғулланганини қаёқдан биласан?» -деб сўрашганида, у: «Бунинг йўли осон, келишим билан қўшни аёлнинг эшигини тақиллатиб, унга «Сен суюқоёқсан», -десам бўлди, «Ҳали мен суюқоёқманми, ўзингнинг этагингни ҳидла, сенинг хотининг…», -деб бошлайди, ҳамма гапни биламан-қўяман, дермиш. «Уйга кеч келганингда хотинингга қандай баҳона топасан», -деб сўрашса: «Хотин эшикни очса, «Салом!» дейман, қолган гапни ўзи айтади», -дермиш…
Германиядаги фалон фирма эгаси бобосининг бобоси чиқарган Зингер тикув машинасини фалон долларга сотиб олаётган эмиш, деган гап ўрмалаши билан ҳамма жойда Зингер савдоси авж олиб кетди. Ҳамма зинғир-зинғир югурган, Зингер қидирган, ҳамма жойда сотувчи бор, олувчи йўқ. Шоир Яҳё Тоға бирдан бойиб кетиш учун уйига йигирмата майиб-мажруҳ Зингерларни йиғиб келди, қани биров сўраса! Бирдан бойиб кетишни ваъда қиладиган хатлар пайдо бўлди, шуни кўчириб йигирма кишига тарқатсанг, тўрт кундан кейин бой бўлиб кетасан, тарқатмасанг, балога йўлиқасан, фалон манзилга пул жўнатсанг, фалон ойдан кейин кейин миллионер бўласан, дейдиган маслаҳатчилар кўпайди. Халқ ишончли разведкага ишонади, қандай мақом бўлса, шу усулга йўрғалайверади. Бир куни тўйхонада кап-катта одам «Нестле» идишининг ёрлиқларини йиғиштириб юрибди. Ҳай тинчликми? -деб сўрасам, «Шунинг ютуқли рақамига Нексия беришармиш», -дейди. «Нестла буни, -дедим. -Сен содда ҳали шунга ишониб юрибсанми?» Йўқ, од
амлар ҳамма нарсани билади, разведка яхши ишлайди-да! Шу қоғоздан ҳақиқатдан битта қиз Нексия ютиб олибди. Лотереяларга ютуқ чиқмайди, дейишади. Мана, универсиадага чиқарилган лотереядан қанча одам мошинали бўлиб қолди. Бунинг устига қоғозиям юмшоқ, ҳа энди ютуқ ҳаммага чиқади, деб пешонасига ёзиб қўйилгани йўқ-ку! Ютуқ чиқмаса ҳожатхонага ишлатса ҳам бўлади. Биттаси «Бу ўйинга ишонмайман, хотин-қизлар лотереясининг ўйини чиқмай кетди, ҳаммамизни алдашди», -деб қолди. Ўйин чиқмаган бўлса, кейинги йил чиқар, бунинг устига бечора ташкилотчилар одамларнинг ҳаловатини ўйлаб қанча-қанча юмшоқ қоғозларни исроф қилишган ахир! ўйлаш керак-да! Мана, қайси бир ташкилот меҳрибонлик лотереяси чиқарибди, одамлар гуррос-гуррос очиритда туриб сотиб олишаяпти. Бор-йўқ пулига, ойлик маошига, ўлар-етарига қарамасдан олишаяпти. Ўйинни ташкил қилган меҳрибон амалдор ютуқ ютмаса, хонамда турган тиливизирниям, ҳашардан, депозитдан тушган пулларниям ютуқ учу
н бериб юбораман, халқ бой бўлсин, менга ҳеч нарса керак эмас, дея ваъда берипти. Буни эшитиб йиғлагим келиб кетди. Ана, жавонмардлик! Ишончли разведка маълумотларига қараганда ўша фидоий инсон қилган олижанобликлари учун олий мукофотга тавсия қилинган эмиш. Мен ҳам ўша лотереядан биттагинасини авайлаб-асраб олиб юрибман. Зора ишончли разведка тахминлари тўғри чиқиб, бирорта Матиз ютиб олсам!