Император Франтц Иосиф И нинг жияни эрцгецог Фердинандни отишганида Шоввоз аскар Швейк: “Мен унинг қотилиман!” -дея тан олади. «Нега бундай қилаяпсиз?» деган саволга у пинагини бузмай: «Барибир тан олдиришади, нима қиласан асабингни бузиб, -дейди. -Мана, Исо Пайғамбарни айби бўлмаса ҳам хочга михлаб ташлашган. Маул ҳалтен унд веитер диенен. Аслида бу ички душманларнинг иши».
Одам боласини туғилганидан бошлаб ўлгунига қадар ички душман таъқиб қилади. Гўдак сутнинг таъмини олганидан кейин кўкракнинг бирисини эмиб, иккинчисини биров илиб кетмаслиги учун қўли билан чангаллаб олади. Одам Ато Иқлимани Қобилга никоҳлаб бермоқчи бўлганида унинг кўкалдоши Қобил рашки келиб акасини ўлдиради. Ички душман кирдикорлари ана шу тариқа Одам пайдо бўлган пайтдан бошланган.
Одам ички душманни шайтон, иблис дейди, лекин унинг олдида иблис ҳам ип эшолмай қолади. Диёнатли одам амалга миниб қолса, гала фирибгар ва муттаҳамлар унга яқинлашиш пайида бўлади, канадай ёпишиб олади. Оёғининг остига чўкка тушиб ётиб олади, ўлдирсанг ўлдир, қорнимга тепма, дейди. Чунки у ўшанинг обрўси билан об-ҳаво қилмоқчи бўлади. Ички душман амалдорнинг орқасидан соядай эргашади, хатоларини хаспўшлайди, тўғри гапни яширади, ўз манфаатларидан келиб чиқиб маслаҳат беради. Хоҳлаган одамини яхшилайди, хоҳлаган одамини ёмонлаб кўрсатади. Амалдор унинг итдек садоқатини кўриб бўшашади, масъулиятни унутади, хушомадгўйликларидан баҳри-дили очилади. Грек файласуфи Диоген айтганидек, хушомадгўй уй ҳайвонлари ичида энг хавфли махлуқ эканлигини унутади. Амалдорнинг устида қора булутлар тўплана бошлагач, соя изсиз йўқолади, уни кундузи чироқ ёғиб қидириб топиб бўлмайди. Бу пайтда у бошқа амалдорнинг орқасидан соядай эргашиб юрган бўлади.
Ички душман одамнинг қиёфасида, юриш-туришида, гап-сўзларида зоҳир бўлади. Нафс деган ички душман яхши одамларни яксон қилади. Фикрсизлик деган ички душманга таслим бўлган одам қуруғ аравадай шалдираб ҳаммани безор қиливоради, қанча кам ўйласа, шунча кўп гапиради. Баъзан ички душман бахиллик, ҳасадгўйлик кўринишида намоён бўлади. Унга гирифтор бўлган одам ҳаётдан, жамиятдан норози бўлиб яшайди. Бировга яхшилик қилолмайди, яхшиликни кўролмайди. Йўқ бўлса беролмайди, бор бўлса тинч туролмайди. Ҳамма томонга миш-миш ва бўҳтонларни қирқоёқдай ўрмалатиб юборади. Маънавий мажруҳ одамларда ички душман ёғимтойлик тусини олади. У ҳаммага ёғимли гапиради, ичидагини сир бой бермайди. Манфаатлар тўқнаш келса, ёки кўпроқ ичиб қўйса, асл қиёфаси намоён бўлади. Ички душман бир чеккада «бопладимми» дегандай ёғимли илжайиб тураверади.
Қўрқоқлик, боқимандалик, ожизлик, такаббурлик, сотқинлик аксарият бандаи мўминнинг руҳиятида мавжуд бўлганлиги туфайли жамиятда силжиш бўлмайди. Кўп гапирилади-ю, амалда ҳеч иш қилинмайди. Маънавият ҳақида маънавиятсиз одамлар гапира бошлайдилар. Шундан кейин оммавий лоқайдликлар бошланади. Лоқайдлик оралаган боғ пайҳон, юрт вайрон бўлади. Ташқи душманни кўриш, кучини чамалаш, унга зарба бериш мумкин. Ички душманни билиб бўлмайди. Чунки у идорада ширин қотил, жамиятда ёғимтой сотқин, оиласида меҳрибон ота. Бировни ўлдириб, бировни сотиб уйига келгач, болаларининг бошини меҳр билан силайди, ҳатто ўпиб қўяди. Лекин унга ҳам қийин. У бечоранинг ички душмани-хотин! Охир-оқибатда бир кун келиб ички душманнинг барча ниқобланган кирдикорларини хотини фош қилиб ташлайди.
Афанди бир куни хотинини синаш учун чалпак пишириб ҳовлига ёйибдида, кейин уни чақириб, иккови чалпакларни йиғиб олишибди. Шундан сўнг Афанди бозорга бориб, қассобдан қўйнинг калла-почаларини харид қилибди, қопга солиб уйига олиб келибди. Хотинига: «Бозорда биров билан жанжаллашиб, жаҳл устида ўлдириб қўйдим, ҳеч кимга айтма», – дея қопни сомонхонага кўмиб ташлабди. Икки кун ўтгач, нима бўлибди-ю ўртада гап қочиб, Афанди хотинининг юзига тарсаки тортиб юборибди. Хотин тўппа-тўғри қозининг ҳузурига бориб, эри одам ўлдириб сомонхонага кўмиб ташлаганини айтиб берибди. Миршаблар сомонхонани кавлаб кўришса, қўйнинг калла-почаси чиқибди. «Эрингиз буни қачон кўмган эди?» деб сўрашса, «Эсимда йўқ, ўша куни чалпак ёғувди», -дермиш саросимага тушган хотин…
Ички душман ҳамма вақт ҳамлага шай туради, қопишга қулай пайт пойлайди. Уни вақтида енгмаган, янчмаган одам, идрок қилолмаган жамият соғлом фикрлаёлмайди, иситмалайди, алаҳсирайди. Ички душман ўлжасини сотади, отади, ҳамла қилиб йиқитмоқчи бўлади. Шунинг учун уни узилмайдиган занжирда тутиб турган маъқул. Шунда жамият ҳам, одамлар ҳам ортиқча хавф-хатардан холи бўлади.