Ажаб замонлар бўлди-да! Илгари бирор одам юрак ютиб бирор гапни гапиришдан қўрқарди. Гапирса ҳам шеригининг қулоғига шивирлаб хуфёна гапирарди. Энди-чи? Энди ҳаммага ҳамма нарса мумкин. Яширинча гапнинг ўзи қолмади. Билл Клинтон нима қилди, Березовский қаерга кетди, Жириновский нима деди, Вандамнинг хотини қачон туғди, ҳаммасини биламиз.
Қайси бир давлатда бўлаётган жанжал туфайли бир куни ҳаммамизни бир жойга митингга йиғиб боришди. Ҳамманинг тили эчилиб кетган, кимларнидир ёмонлашаяпти, мени ҳам туртишиб: “Сиз ҳам бир нарса денг”, -дейишса, беихтиёр: “Ветнамдан қўлингни торт”, -деб юборибман. Ҳамма кулиб юборди. Кейин билсам, жамоатчилик қочиб кетган Нигерия қиролини жойига қайтариш учун жанжал қилишаётган экан.
Сўз эркинлиги туфайли хоҳлаган гапингни гапиришинг мумкин. Бошлиғимиз бир йиғилишда: “Тайёргарликларингизни кўринглар, янги йилдан ахборот агентлиги бўламиз”,-деди. “Шунда биз агент бўламизми?”-сўрадим мен. Кейин билсам, ҳозирги агент билан мен билган агент ўртасида ер билан осмонча фарқ бор экан.
Демократия ҳар бир хонадонга кириб борди. Уйда телевизор битта. Хотин “Эсмералда” кўрмоқчи, ўғил боксга қизиқади, мен “Время”га ишқибозман. Дарров овозга қўйишади. Икки қизини ёнига олган хотин кўпчилик овоз билан “Эсмералда” кўриш ҳуқуқини қўлга киритади. Бу кинони кўришга тоби-тоғатим йўқ. Тўртта майнавоз ўн саккиз кишига овоз беради. Ласкано дегани худди хунасанинг ўзи, овози ҳам ўхшайди. Бир гапни айтиш учун кинонинг ўн цериясида ивирсиб юради. Малавер дегани фақат дағдаға қилади, Мелиссо дегани кинонинг 180 цериясида фақат ҳиринглайди. Шунда қатнашган артистнинг мияси айниб қолган бўлса ажаб эмас. Яна уларнинг орасига қистириладиган рекламаларни айтмайсизми? Чойдан бошлаб пивога ўтади, дарров ҳожатхонага қистаб қолади. Яна: “Мезим-қочди иштаҳам, ошқозонда дам кам”, “Оби: ҳам йўғон, ҳам арзон”, “Памперс энг қулай, қурбонинг бўлай!”, “Яхши таглатта, қўлингда патта”. Мен бу рекламаларни тасаввур қилиб уялиб, қизариб кетаман. Болалар бақрайиб қараб ўтира
веришади. Кинодаги ўпишишларни айтмайсизми? ўпишиш билан бошланиб, ўпишиш билан тамом бўлади. Ярим соатлик церияда 60 марта ўпишишади. ўшаларнинг ўрнида бизнинг носкаш артистларимиз ўйнаганида, кино кўпи билан икки цериядан ошмасди. Чунки носкашларимиз билан бир марта ўпишган мексикалик хоним бу соҳани бутунлай ташлаб кетиши аниқ. Газеталардаги рекламаларга-ку умуман гап йўқ. “Немис овчаркасидан қочган алиментли қанжиқ сотилади”, “Бир суткада 15 кг. озишни хоҳлайсизми?” Қисталоқ, Бухенвалд контслагери бўлиб кет-э! “Ширин озишни истасангиз, юз доллар тўланг”, “Учта эрдан кетган юмшоқ феълли, дўмбоққина байтал ўзига муносиб айғир излаяпти”. Кейинги пайтда бири-биридан қизиқарли шундай газеталар чиқаяпти-ки, номини ўқиб тўймайсан. “Вадаванг”, “Хамак”, “Хашак”, “Ордона”, “Бедона”, “Пўстак”, “Ҳуштакчи” ва ҳоказо. “Сиз яхши ҳуштак чалишни истайсизми? Унда “Ҳуштакчи”га обуна бўлинг”, деб ҳар куни қулоқ-мияни еб ташлашади. Тилбузардаги “Яхши ния
т” (ниятинг бошингни есин), “Бахтли воқеа” (бадбахтлар кўргилиги), “Оқ олтин” (олтин сафсатаси) цингари лотто ўйинларида қатнашавериб, ишқибозлар юрак ўйноғи бўлиб қолди. Ҳозир уларнинг ярми касалхонада, ярми ўлди, ярми эса ютган арзимас пулини ҳам ҳалигача ололмай сарсон бўлиб юрибди. Яна “Экасан” деган реклама бор. Шунинг овози палағда ташвиқотчиси ҳар куни “Аввало пул экасан, кейин кўз ёш тўкасан”, деб ишқибозлари билан қўшилиб йиғлагани-йиғлаган.
Демократия кимга керак? Бизга ўхшаган гуноҳкор бандалар демократиягача ҳам гўр эмас эди, ундан кейин ҳам бир тутуриқли революция қилолмаса керак. Революцияни шайтон малайларига раҳнамо бўлган даҳолар қилади! Яшасин демократия!