Нурулло Остон. Чиқ деяппан! (ҳажвия)

Республика марказий канализациялар вазирлиги маҳаллий бошқармасига Аҳмад иккаламиз Тоҳирни излаб борсак, у йўқ, қатор қўйилган учта столнинг бирида калта сочлари жайраникидек тикка,  кўзига кўзойнак таққан бир нусха ўтирган экан. Салом бердим. У менга бошини кўтариб бир қаради-ю, яна ишлайверди. Саломга алик олмаганлиги жиғимга тегди. Тоҳир ўтирадиган столга ўтиб, чекишга сигарет борми, дея атайин тортмаларини тарақлатиб очиб ёпа  бошладим. Шунда ҳалиги нусха кўзойнагини кўтариб менга қараб:
–Сизда ўзи этика борми?-деди.
–Тушунмадим,-тушунмасликка олдим ўзимни.
–Сизда ўзи этика борми?!-қўлидаги ручкани столга “тақ” этиб қўйиб, ўрнидан туриб бақирди нусха менга.
–Этик… менда йўқ. Сизда борми?- Аҳмадга юзландим.
–Нима?-сўради Аҳмад.
–Бу киши этик сўраяптилар.
–Менда этик нима қилади?!-деди Аҳмад. Саҳна кўринишининг кулминацион нуқтаси шундан кейин бошланди. Ҳалиги одам ўрнидан титраб-қақшаб туриб:
-Тоҳирнинг ҳамма танишлари шундай қўпол! Чиқиб кет бу ердан, -дея эшикка кўрсаткич бармоғини бигиз қилиб, бақириб юборди. Мен ҳам ўрнимдан туриб, қўлим билан эшикни кўрсатиб, бор овозим билан унга:
–ўзинг чиқ!-дея бақирдим. Ҳалиги нусха бунақа жавоб бўлишини хаёлига келтирмаган эканми, саросимага тушиб қолди, кейин яна бақирди:
–Чиқ деяппан!
–ўзинг чиқ деяппан!
–Ҳозир мелисани чақираман!!
У шундай дея шиддат билан чиқиб кетди,  бир зумда бўлимнинг учта ходимини бошлаб келди.
–Мана шу, -деди мени кўрсатиб,
–Фалончибей, нега бу мусичадай беозор одамни ранжитаяпсиз?-дейишди ходимлар.
–Ранжитганим йўқ, бу киши этик сўради, мен йўқ дедим холос,-дедим уларга…
Бир куни ўша нусхани дирекцияда кўриб  қолдим. Исми шарифи Абрам Ёрматов экан. Югуриб келиб, мен билан жуда мулойим кўришиб қўйди.
–Этик қалай,-сўрадим атайлаб.
–Ҳа, яхши-яхши, -кулиб жавоб берди у.
Орадан йиллар ўтиб, фалакнинг гардиши билан Абрам Ёрматов мен ишлаётган корхонага раис ўринбосари бўлиб келиб қолди. Кўришдик.
–Ҳалиям шу ердамисиз?-деди у беозор илжайиб.
-Ҳозирча,-дедим башарамга ясама табассум ифодасини қўндириб.  
Навбатдаги йиғилишда Абрам Ёрматов вақтни ўтказмай ҳужум бошлади. Этик масаласи ёдидан чиқмаган экан шекилли, менга ишёқмас, маҳмадана дея ташхис қўйди. Унинг гапига эътироз билдирдим.
–Маҳмаданалик қилманг,-деди у.
–Ҳақорат қилманг,-дедим мен.
–Кабинетдан чиқиб кетинг,-деди у.
–Ҳаддингиздан ошманг!-дедим ўжарлик билан.
–Чиқиб кет деяппан,-деди у.
–Сансирама,-дедим ўтирган жойимда.
–Ҳозир мелиса чақираман,- у телефон трубкасига ёпишди.
Мелиса келди. Абрам Ёрматов мени кўрсатиб:
–Бунинг ҳужжатини олиб, корхонадан чиқариб юборинг,-деди. Бу пайтда йиғилиш тугаб, ҳамма тарқалаётган эди. Мелиса етовида чиқдим.
–Иккинчи хонамга кирма,-орқамдан бақириб қолди Абрам Ёрматов.
–Хонанг олдин, ўзинг кейин,-дедим…
Анча йиллар ўтиб яна Абрам Ёрматовни учратиб қолдим бировнинг тўйида. ўша-ўша тавозеъ, ўша-ўша мулойимхунуклик, ўша жайра соч… Ҳамма билан бош кўтармай қўшқўллаб кўришиб келяпти…Навбат менга келганида унинг икки қўли ҳавода муаллақ қолди…
–Қоч деяппан,-атайлаб бақирдим.-Торт ифлос қўлингни!-дедим. Абрам Ёрматов бошини кўтариб, ўша хиёл ясама табассум билан менга қаради. Қаради-ю, гап нимадалигини дарҳол тушунди. Алфаҳм-да! Кейин ҳеч нарса бўлмагандай, навбатдаги одамлар билан кўришиб кетаверди…