Нурулло Остон. Чегемлик Сандро (ҳажвия)

Грузинларнинг бир киноси бор. Унда чегемлик Сандро тўрт киши бўлиб, совға-саломлар билан Сталинни кўришга боришади. Минг машаққатлар чекиб унинг ҳузурига киришади, совға-саломларни топширишади. Сталин уларнинг ҳар бири билан битта-битта кўришади, исмини, қишлоғини сўрайди.

–Хўш, гамар жўба, биз томонларда нима гаплар бижо? -суҳбат орасида сўрайди Сталин трубкасини тортиб.
–Э-э, сўраманг батона, шундай-шундай, шундай-шундай, -деб бечора тўртта содда деҳқон бор дардини тўкиб солади.
–Ҳали шунақами, -трубкасини қўлига олиб, ўсиқ қошлари остида жойлашган меҳрли кўзларини юмиб хаёлга чўмади доҳий. -Бўпти, сизлар бораверинглар бижолар, мен ўзим чорасини кўраман…

Орадан кўп ўтмай, доҳийни зиёрат қилишга борган тўртта деҳқондан учтаси сирли равишда ўлдирилади. Буни эшитган чегемлик Сандро уйига бормай, қишлоқма-қишлоқ кўчиб, яшириниб юради. Сандрони бир неча марта сўраб келган номаълум кимсалар уни тополмасдан қайтиб кетишади. Сандро қаерга борса, уни орқасидан таъқиб қилишади.

–Қаердан ҳам палакат босиб шу бижони кўришга бордим, -дейди чегемлик Сандро уни яширинча бошқа қишлоққа олиб кетаётган аравакашга. -Шундан буён юриш-туришимда ҳаловат йўқ…
–Э-э, нимасини айтасан, -дейди аравакаш. -Майда одамларнинг фитнаси кўп бўлади. Бу фитналарнинг ҳаммаси аслида Лениндан бошланган…

Баландчақарлик ако Роқимнинг ҳам чегемлик Сандрога ўхшашлик жойлари бор. У қишлоғининг тепасида тинимсиз учиб ўтадиган самолётларнинг ғўнғиллашидан безор бўлиб, БМТ га шикоят хати ёзган. Бу шикоят хати айланиб-айланиб доҳийнинг қўлига келиб тушганидан кейин Сталин аъёнлари билан харитадан Чақар деган жойни роса излаган. Яхшиям харитада ўша қишлоқ номи ёзилмаган экан, бўлмаса чақара-чуқур, шақара-шуқур бўлиб кетармиди…

Бизда ҳам бу айланма товоқ яхши йўлга қўйилган. Энг катта идорага бирор ноҳақлик ҳақида хат юборсангиз, бу хат айланиб-айланиб ўша ноҳақлик рўй берган идора раҳбарининг қўлига келиб тушади. Унгача “Сизнинг фалон рақамли хатингиз”… деб бошланадиган ўнлаб узундан узун чаласаводларча ёзилган хатлар турли инстанциялардан сизга етиб келади. Эринмай ёзишади азаматлар! ўша раҳбар “Хатда келтирилган фактлар тасдиқланмади”, -деган жавобни юқорига, пастга, ўртага, ҳамма жойга тарқатади. Ундан кейин чегемлик Сандрони излаган доҳийдай сизни қидиришга тушишади. Шунинг учун яхшиси, белингиз ингичка бўлса раҳбарнинг устидан шикоят ёзмаган маъқул, узилиб кетади, беланги бўлиб қоласиз. Яна бошқа томониям бор. Ўша раҳбар тўрт мучаси соғ, холис фикрли бўлса, бунга унчалик парво қилиб ўтирмайди. Мабодо у паканадан келган, қоши ўсиқ, майда одам бўлса, худо урди, деяверинг, бошингизга турли фитналарни солиши турган гап.

Тарихга назар соладиган бўлсак, ҳамма майда  одамлар ё буюк, ёки буюкликка жон-жаҳди билан интилган, ишқилиб битта хислати бўлган. Мана, Суворов ўз қўшинидаги барча аскарларнинг исмини номма-ном билган. Наполеон Бонапарт даврида тўққизта Наполеон бўлган. Шулардан бири-найнов Наполеон ахмоқлик қилиб қўйганида Бонапарт унга: “Бу нима қилиқ, ё бўйингни бўйим билан баравар қилиб қўяйми?” деган. Доҳий Ленин билан доҳий Сталиннинг қилган фитналарини дунё матбуоти ҳаммага овоза қилиб бўлди. Гитлернинг фитналарини айтмасаям бўлади, ошиб-тошиб ётибди. Арабларнинг энг буюк фитначиси Рошиди ватвот халифанинг ўнг қўли бўлган. Бу рўйхатни яна истаганча давом эттириш мумкин. Хулоса шуки, майда одамлар қайси соҳага қўл урмасин, ўз истеъдодини намойиш қилган. Мирзо Каттабек Олди Ҳурматни кўрса, қучоқлашиб кўришади, ўзимдан ҳам майда одам бор экан деб. А, Олди Ҳурматнинг қилган ишини бирорта соғ одам ҳам қилолмайди-бировга пул тўлаб, онасини опичлатиб, Ҳажга олиб бориб келтир
ди.

Халқаро майдонда ҳам майда одамларнинг ўзини кўрсатишни жуда-жуда хоҳлаши янгилик эмас. Пакана узоққа туфлайди, деганларидай Нигерия қироллигининг қишлоқ хўжалиги сенатори ҳар йили бир янгилик қилавериб, ҳаммани чарчатди. Ҳозир тўполон бўлаяпти, сенатор истеъфо берсин деб. Гомолунгманинг Коккардо штати губернатори бутун бошли Гомолунгмани чарчатиб, қочиб кетиш учун самолёт тайёрлатиб қўйган эмиш. Буёғини айтиб ўтирмай, ҳаммага ҳаммаси маълум. Майда одамнинг фитналари шунчалик кўпки, санаб охирига етолмайсиз. Мабодо етасангиз ҳам чегемлик Сандронинг ҳолига тушасиз.

Майда одам жуда мулойим бўлади, ҳамсуҳбатининг гапини маъқуллашни хуш кўради. Аслида шу аснода у ўсиқ қошларини силаб суҳбатдошига нисбатан навбатдаги фитна режасини тузаётган бўлади, лекин гапини тинглаётгандай бўлиб шақшайиб қараб тураверади. Бу тоифадагиларнинг мансабдан қулаб тушганлари айниқса ашаддий аламзада бўлади. Бирорта киши бирор нарсадан нолиб қоладиган бўлса, у дарҳол “Менинг давримда…” деб гапни бошлайди, шу билан ке-э-тди. Ҳаммага яхшилик қилган, боғлар, саройлар барпо қилган, ҳамма жойни гулзорга айлантирган, етимларнинг бошини силаган. Ўзига ҳатто битта кулба ҳам қуриб олмаган… аслида эса амма-холасининг бошини силаган, тўртта саройини етти уруғига тиқиштирган, ўнта магазин, ўнта супермаркетни хусусийлаштирган, Дамаслари болалаб кетган, ва ҳоказо.

Қадримни билишмади, дейди яна ўзини ғариб кўрсатиб. Лениндан кейин ҳақиқий коммунист мен эдим, ташимда ХДПга аъзо бўлган билан ичимда коммунистман, дейди…Унинг таъсирчан гапларини тинглаб ўтирган ҳар қандай ҳамсуҳбатнинг кўнгли бузилиши аниқ. Чегемлик кўнгли бўш Сандро бекорга майда одамнинг қўлига тушиб қолишдан қўрқиб қишлоқма-қишлоқ беркиниб юрмаган. Нимасини айтасиз, майда одамлар ҳақида Пайғамбаримиз “Кулли тавилун фитнатун, илло Али…” деб қисқа ва лўнда қилиб айтиб қўяқолганлар. Шунинг учун чегемлик Сандронинг нега яшириниб юрганлигини изоҳлашнинг ҳожати йўқ. Ассаламу алайкум ва-раҳматиҳу ва-баракотиҳу в-алҳамдулиллоҳи роббил аъламин!