Нурулло Остон. Аралаш хабарлар (ҳажвия)

ҚИСҚАЛИК ИСТЕЪДОД ОНАСИ

Яқинда таниқли журналист Қосир Суллоҳ томонидан рўйхатдан ўтказилган “Ҳақиқат сатқаи сари” газетасининг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Унда газета жамоаси-Қосир Суллоҳ, буғалтир Қирнов Тоға, фаррош Гуля хола, қоровул Јўнди золотой, шоир Қувон Бевақтлар иштирок этдилар. “Нега газетани бундай номладингиз?” деган саволга Қосир Суллоҳ шундай деб жавоб берди:
–Аслида газета учун мен томонимдан ўндан зиёд ном тавсия этилган эди, ўтказилган тендерда “Ҳақиқат сатқаи сари” номи маъқул бўлди. Биз  қисқалик истеъдод онаси эканлигини ҳисобга олиб, иккита “с” ҳарфидан биттасини қолдирдик ва янги газетамиз “Ҳақиқат сари” номи билан дунё юзини кўрадиган бўлди.

МАДҲИЯДАН ЭПИТАФИЯГАЧА

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ шоири, катта истеъдод соҳиби Ҳамин Самин вилоятдаги барча раҳбарларга мадҳия ёзиб бўлгач, эндиликда солиқ, божхона, ўт ўчириш, қабртош ёзувлари соҳаларида ижод қилмоқда. Шоирнинг таъкидлашича, қалам тебратиш унинг учун ҳуштак чалишдай бир гап. Лекин у матбуот учун эмас, деб янги келадиган раҳбарларга ҳам ёзиб қўйган бир қатор бағишловларини кўрсатиб ўтди. Суҳбат давомида шоирнинг янги-янги истеъдод қирралари намоён бўлди. У дастлаб бағишлов ёзган шахсларнинг кўпчилиги оламдан ўтиб кетганлиги сабабли кейинги пайтда эпитафия жанрига қайта-қайта мурожаат қилишга тўғри келаётганлигини билдирди.

ҚУЧОҚЛАГИМ КЕЛАДИ

Истеъдодли шоира Гашти Хандон эллик ёшга тўлиши муносабати билан эллигинчи китобини босмадан чиқарди. Сайланма “Менинг севгим-сенинг севгинг эмасми” деб номланган бўлиб, унинг тақдимотномасида олимлар бу китобни янги аср мўжизаси, деб эътироф этдилар. Ҳаяжонланган шоира ўрнидан туриб: “Ҳаммаларингизни қучоқлагим келади”, -деб йиғлаб юборди. Бундан таъсирланган шоиранинг ажрашиб кетган тўртта эри, у билан турмуш қуришга шайланаётган навбатдаги куёв ва йиғилган барча хушторлар ўрниларидан туриб кўз ёш аралаш гулдирос қарсаклар чалиб юбордилар.

ҚАЙНАМАЙ  КУЙДИМ…

Эстрада юлдузи Пари Осмон қўшиқчи шоир Гадо Садо шеърлари билан айтиладиган “Қайнамай куйдим” номли қўшиқлар гулдастасини яратди. Айниқса шоирнинг:
Томга қўйдим шотини, анови кимнинг хотини,
Қайнамай куйдима-а, қайнамай куйдим,-
деган қисқа ва мазмунли шеърини хонанда ярим соат мобайнида 28 хил оҳангга солиб айтганлиги  эстрада соҳасида муҳим янгилик бўлди.

ТАБРИК ТЕЛЕГРАММАСИ

“Гирдикапалак” телефилмининг бош қаҳрамонлари ака Сангам ва лўли қиз Радҳаларнинг мамлакатимиз мактаблари бўйлаб исириқ тутатиб юрганларига икки йил тўлди. Шу муносабат билан ўлка солиқ қўмитаси ва прокуратураси улар номига табрик телеграммаси жўнатди.

СОҒЛИҚ УЧУН ХАВФЛИ

Соғлиқни ёқлаш вазирлиги огоҳлантиради: наркотик моддалар ва Мексика телесериаллари эркакларни хотинмижозга айлантириб қўйиши мумкинлиги оилангиз учун хавфлидир.

ШОИР БИЛАН УЧРАШУВ

Мухлислар билан учрашувда шоир Алаф Паққос “Ижодингизга нима туртки беради?” деган саволга кўпроқ кўкатлар истеъмол қилган пайтлари ҳаяжонли ижод дамларини бошидан  кечиришини изҳор қилди. “Лекин умр бўйи кўкат еб ҳам бирор қатор шеър ёзган ҳўкизни учратганим йўқ”, -деди у афсус билан.

ХАЙРЛИ ТАШАББУС

Занжабил штатининг мери ўқувчи ва  талабалардан имтиҳон учун пул териш ҳолларига барҳам бериш ҳақида қарор қабул қилди. Шу муносабат билан бир гуруҳ ўқув юртларининг педагогик жамоалари йиғилган пулларни эгаларига қайтариб бериш ҳақида мурожаатнома қабул қилдилар.

МУСТАҲКАМ ДЎСТЛИК

Россияга қатновчи автобуслар сони яна  биттага кўпайди. “Запчастбозор” ёнида турган автобус ҳайдовчисининг таъкидлашича, бу дунё халқлари ўртасида ўзаро дўстлик алоқалари янада мустаҳкамланиб бораётганлигининг ифодасидир.

МУНОСИБ ҲИССА

“Супер-Хиёбон” йўналишида қатнаётган “Дамас” киракашлари “бир рейсда икки рейс” ташаббуси билан чиқдилар. Бунда улар микроавтобусга “Поворот” ёзувини тиркаб, манзилга борганларидан кейин “Хиёбон” гача навбатдаги йўловчиларни олиб кетишга муваффақ бўляптилар. Уларнинг фикрича, бу халқ хўжалигини ривожлантиришга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.

ЖАҒИ ТУШМАСА

Ғужалабўстон президенти 90 ёшга тўлганлиги муносабати билан мамлакат конституциясига ўзгартириш киритиш ҳамда барҳаёт президент ваколатини 20 йилга чўзиш бўйича референдум ўтказилди. Унда аҳоли қатламининг 99,9 фоизи бу таклифни маъқуллаб овоз берди.
–Юксак ишончларингиз учун раҳмат,-деди президент. -Агар жағим тушиб кетмаса, ундан ҳам кўпроқ  сизларга хизмат қилишга тайёрман…

ЧЕМПИОН  ЧОПҒИЧ

Халқаро Олимпиада югурувчилари куни муносабати билан чопиб кетаётган собиқ чемпион, 75 ёшли Чопағонов билан йўл-йўлакай суҳбатлашдик.
–Бир умр чопиб келганман,-деди чемпион.-Аввал боғчага, кейин мактабга, кейин ишга чопдим. Уйланганимдан кейин катта югуриш бошланди. Ҳовли-жой, машина деб чопдим, болаларни ўқишга жойлаштириш, тўй қилиш учун чопдим, ўртада билмасдан яна бир уйланиб қўйган эканман, икки оилани боқиш учун чопаяпман…
–Ҳозир қаерга чопаяпсиз, -дедим нафасим тиқилиб, ҳарсиллаб.
–Ҳозир нафақамни олиб, иккинчи оиламдан икки ёшга кирган ўғлим учун сут олишга чопаман, ундан кейин эллик бешга кирган ўғлим бор, унга дори олиб бораман, кейин икки жойнинг қоровуллигини олиб қўйганман, ўша ёққа чопаман…