Гадойга садақа берсангиз, “Мушкулингиз осон бўлсин”, -деб дуо қилади. Албатта ҳар бир банданинг ўзига яраша муаммоси бор, гадойга беш сўм бериб, ким ҳам ўз мушкулини осон қилиб олишни хоҳламайди, дейсиз? Яҳё Тоға гадойга салом беради. “Пул бермайсизми?”, десам, “Салом ҳам садақа”, -дейди. Ҳар гал автобусга чиқсанг, бир лўли бола чўккалаб тушиб олиб жарангдор овоз билан “Аузубиллоҳи минашшайтонир-рожийм”ни бошлайди. Бир сафар шу лўли бола яна чўккалаб тушиб ашуласини бошлар-бошламас “ҳиқ” этди-ю тинчиб қолди. Қарасам, ҳар куни бир хил ашуласини эшитавериб жонига теккан паттачи унинг гирибонидан олиб автобусдан улоқтириб юборибди. Ишхонада ойлик йўқ, ҳар куни лўли қиз исириқ тутатиб, эллик сўм, юз сўм олиб кетади. Ойликсиз ишлаб юргандан кўра, исириқ тутатиб юрган яхши-ёв, деб ўйлаб қўяман баъзида. Лекин сандиқда чанг босиб ётган дипломлар эсимга тушади. Ҳатто исириқ тутатиб юришга имкон йўқ. Гап қилишади. Иккита дипломи билан исириқ тутатиб юришини
қаранг, шуни ҳам яхши тутатолмабди, кетдик анови лўли қизнинг исириғига борамиз, дейишади .
“Шарқ” кинотеатрининг ёнидаги серқатнов кўчада светафор бор. Шу ерда ҳар куни бир гунг қўлини чиллак қилиб қизил чироқда тўхтаган мошиналардан садақа сўрайди. Унга жуда раҳмим келди. Бир куни гунгни четга тортиб, имо-ишора билан “Ундай қилма, мошина уриб кетади”, дедим. У бўзрайиб қараб турди-да, яна ишини давом эттираверди. Аҳдимдан қайтмадим. Ахир “Бир муслимнинг кўнглини шод қилмоқ Маккани зиёрат қилишдан афзал”, -дейилган-ку! Охири ўжарлигим гунгнинг жонига тегди шекилли, четга тортиб, қўлимга бир даста пул берди: “Худо хайрингизни берсин ока, бизнесимга халақит бераяпсиз, кетинг бу ердан”, деди. Бақа бўлиб қопман. Аслида у гунг эмас, мен гаранг эканман.
Бир куни уйга лўли кампир келди. Нон бериб жўнатиб юбормоқчи эдим, “Чарчадем балам, мана бу ерга бирпас ўтирсам бўладиме?” деди. Йўқ, дедим. “Нимага?” “ўтирсангиз, пул сўрайсиз.” “Йўқ, сўрамайман, чой олиб келсанг бўлде, онанг ўлсун”, деди лўли хола. Чой олиб келдим. Хола чой ичгач, хотинга “Энде игна билан ип олиб ке балам, бир дуо ўқиб кетай, уйларингга касофат йўламайду”, деди. Хотин игна билан ип олиб келди, “Энди бу эрга юз сўм қўй.” Хотин юз сўм қўйди. Лўли хола дуо ўқиди. “Энди дуонинг назрига икки юз сўм қўй.” Хотин икки юз сўм қўйди. Хуллас, лўли хола ҳаш-паш дегунча 700 сўмни қоқиб олди. Ўзимга келиб “Э туринг хола, бўлди, кетинг”, десам ҳам турмайди. “Ман Форишдан келопман балам, -дейди. -Ёшим этмишга. Тўй қилсанг, мани онанг ўрнида қабул қилиб, бошдан оёқ сарпо кийгазасанме?”, -дейди. Ҳа, кийгизаман, туринг, қўшнилар кўп-ку, уларникидан ҳам сарупо кийинг, барака топкур, дея бир бало қилиб чиқазиб юбордим.
Ҳозир тест синовига борадиган ёшлар мушкуликушод ўқитишни одат қилишган. Саволга жавобни таваккал қилиб белгилаб чиққан шоввоз “Энди бу ёғига мушкуликушод ёрдам беради”, деб ўйлаб хурсанд. “Ўқишга ўтаман, -дейди, -мушкуликушод ўқитиб қўйганман”. Ҳозир нима кўп, чет элга бориб пул ишлаб келишга ишқибозлар кўп. Улар ҳам мушкуликушодга боришади. Илойим, эсон-омон пасолдан ўтай-да, дейди. Бир танишим Америкага кетмоқчи бўлиб, мушкуликушодга борибди. Қараса, фолбиннинг ҳовлиси, кўчалар тумонат одам эмиш. Фолбин тугул, фолбин турган уйга йўлаб бўлмайди. Шунда ҳовлидан бирга ўқиган синфдоши чиқиб қопти. “Фалончи, бу ерда нима қилиб юрибсан?” деса у “Фолбинга келдим” депти. Э, фолбин менинг хотиним, бу ёққа юр, деб синфдошини хилват йўллар билан хотинининг ёнига олиб кирибди. “Хотин, бу мани синфдош жўрам, Америка пасолидан ўтадиган қилиб мушкуликушод ўқиб қўй”, дебди. Фолбин мушкуликушод ўқибди, кейин унинг кафтидаги чизиқларга қараб: “Пасолдан ўтасиз
, йўлингиз очиқ, фақат тезроқ боринг”, депти. Танишим фолбинга минг сўм тутқазиб, ўша заҳоти элчихонага жўнабди. Уч кун навбатда туриб, қанчадир доллар тўлаб элчига кирган экан, рад жавобини олибди. Кейин қайтиб келиб фолбин билан жанжал қилибди. “Қачон элчининг қабулига кирдингиз”, -сўрабди фолбин. “Уч кундан кейин”. “Ана кўрдингизми акажон, менда айб йўқ, айтган пайтда кириш керак эди, сиз уч кун кечикиб киргансиз”.
Мушкуликушод ўқиттирган бир тадбиркор домла бундан ҳам ғаройиб усулни ўйлаб топибди. Бир ҳафта Америка элчихонасига қатнаб, охирги киришида элчининг кабинетида ўзини ерга бор бўйича ташлаб юбориб “ҳушидан кетибди”. Ҳамма зир югурган, биров дори ичирган, биров юрагини уқалаган, биров шамол берган… Домла ўзига келгач, “Нима бўлди?” -деб сўрабди элчи ундан. “Санга қатнайвериб юрак ўйноғи бўлиб қолдим, энди менга етказган маънавий зарарни тўлайсан, бўлмаса судга бераман”, – депти тадбиркор домла. Элчи қўрқиб кетганидан унинг паспортига “боришга рухсат” деган виза қўйиб берипти. Ҳозир ўша тадбиркор мазза қилиб қатнаб юрибди “Тошкент-Америка” қилиб.
“Жоду” олдирадиганлар ҳам кўпайиб қолди. Жоду бўлган одам нима иш қилаётганини билмас эмиш. Лекин нимагадир ҳамма жодусини лўлига олдиради. Нормат деган танишимни анчадан буён кўрмаган эдим, хотин бола-чақасини ташлаб, бошқасига уйланиб олибди. Хотини Норматнинг ишхонасига бориб жанжал кўтарибди. Охири у тавба-тазарру қилиб, олдинги хотинига қайтибди.
–Айтсам ишонмайсиз, -деди Нормат учрашиб қолганимизда. -Қандай палакат босиб ўша хотинга уйланганимни ўзим ҳам билмайман. Мени сеҳр-жоду қилишган экан. Лўлига бориб ўқиттириб, учта жоду олдирдим… -Қарасам, у мени ҳам лақиллатмоқчи бўлаяпти.
-Сен жоду бўлмагансан, -дедим.
-Нима бўлганман бўлмаса? -Нима бўлганини унга лўнда қилиб айтиб қўяқолим. Дарров тушунди.
Чортоқда Балиқликўл деган жой бор. Ўша жойда ҳар жума куни балиқлар кўринмай қолади. “Нега балиқлар жума куни сувда кўринмайди?” деб сўраб қолсангиз, ўша ернинг шайхи: “Улар номоз ўқишга кетишади”, -деб жавоб беради. Балиқлар-ки номоз ўқишга ўтишган бўлса, анча савобдан кеч қолибмиз-да, деб ўйладим. Тошохур деган жойда ҳар чоршанбада булоқ сувидан идишга оламан, мушкуликушод ўқитаман, деб ур-тўполон қилиб тирғалишиб ётган одамларнинг сон-саноғи бўлмайди. Гадой, ҳожатбарор, дуохон, парихон, ҳаммаси шу ерда. Бошқа кунлари ўша жойда одам зоти кўринмайди. Йўқ, мушкулидан халос бўлишни истаган орзумандлар айнан шу чоршанбада, сиқилиб-тирғалиб, ҳамёнини киссавурга олдириб, сувга дам солдириши шарт. Бўлмаса, мушкули осон бўлмас эмиш. Яқинда хотин менга мушкуликушод ўқиттириш учун икки марта ўша ерга борган эди, қилган амали тескари чиқиб, ишдан ҳайдалдим…
Ҳа, мушкуликушод ҳаммага бирдай таъсир қилавермас экан. Шунинг учун тест синовига, элчи ёки бошлиқ қабулига кирмоқчи бўлсангиз, аввало яхшилаб тайёргарлик кўринг. Билимингиз кучли, далилингиз асосли бўлсин. Ана шундан кейин майли, ҳар эҳтимолга қарши мушкуликушод ўқитсангиз, мушкулингиз осон бўлишига биз кафил…