Нурилла Чори. Қизғалдоқ (ҳикоя)

Турдихолнинг эри аскарликка кетди-ю, қайтмади. Ўлик-тиригидан дарак йўқ. Есир боши билан кўзининг оқу қораси бир ўғил, бир қизини элга қўшаман, деб ёшини яшамай, ялмоғизнинг синглисидай қариди-қолди. Бу орада очиқ боши не бир маломатларга қолиб, тақдирининг иссиқ-совуғи юзига чанг солиб, изғирин шамоллари сочини юлди. Елкасидан қамчи еб, товони ёрилди. Аммо кимсанинг эшигидан мўраламади, бировнинг ўнгирини ушламадиям.
Қизғалдоқ – кенг дара. Қишлоқнинг калулоғи Турдихол, емаги маккажўхори, нўхат бўлди. Оғзи зоғараю ёвғон ошга етиб турди. Қизини номуси, ўғлини ори билди. Тунларни узундан-узоқ эртак айтиб тонгларга улади. Эртакларида юраги ёлдор ботир йигит мусофир юртда адашиб, ўз тупроғига қайта олмай дарбадар кезди, кексаймади. Битта, ўнта, мингта эртак айтди. Барчасида – шу кўзлари чўғ узоқ сафардаги йигит!
Сағирларини дам-бадам илинган ит қопиб, эшак тепиб туриши етмаганидай тошга туртиниб, кесакка суриниб улғайди. Ўғли ўғил бўлиб, қизи қиз бўлди. Энди Турдихол кампирнинг эрига эркалик қила олмай, бошқалар оғзида эрмак бўлиб ўтган йиллари унут, яралари бут.
Қизғалдоқлик йигитнинг бари Турдихолнинг қизига ошиқ, беқарорлариям кам эмас. Улар ўзларича талашиб-муштлашиб юрди. Қизи қурмағур қизғалдоқликман деб кўксига уриб юрган кўпларга кўнгил бермай сарсон-саргардон этди. Ҳатто қош қоқиш нари турсин, бир бора қиёям боқмади. Эшик қоқувчилар, остона ҳатлаб қизни сўровчилар кўпайди.
Оҳорсиз кўйлагу рўмол орасида Тўлғоной қиз тўлган ойдан-да сулув! Ўша хушрўйнинг онаси Турдихол аҳли Қизғалдоқнинг бировига сингил, бошқасига жиян, яна бирига чеча бўлишини кун ўтиб мана, энди билади. Желагини судраб бўсағасини ҳатлаган хотин борки, «шу қизгина бегона бўлмасин» деб келдим дейди. Турдихол қизгинанинг ҳали «бир товоқ унни элаб уддасидан чиқолмас»лигини айтиб жавобини берса, «Сени одам билиб келувдим! Ўзимга тенг кўриб адашибман! Аттанг! Турган туришингга қара, димоғингга тушган қуртдан ўргилай!» деб эшикни тарақа-туруқ ёпиб, қўнқиллаб кетганлар кўпайди. Келиб-кетарлар одам топилмаса, сояси билан сўзлашиб, тўймайди.
Турдихол шу пичир-пичирлардан қўрққанидан мард кетди. Йўғ-а, мард кетмади, мўрт кетди. «Жесирга совчи аёл бўлади. Қизгинани сўраб келгувчи эр бўлади-да, энди!». Тилидан чиққани ёқасига етмай остонасида Эшпўлат даллол кўринди. Қизғалдоқда ким от сотар, ким мол сотар, ким дулдул, ким хўтик олар бўлса, шу Эшпул даллол нарх бичади. Барака олиб, барака сочади. Сотгувчи ҳам шу, олгувчи ҳам шу Эшпул!

* * *

Эшпул чойни иссиқ-иссиқ ҳўплади. «Шаштинг бир эрча бор, чеча!», деб Турдихолни кўйлагига сиғдирмай, кўкларга парвоз эттирди. Аёл қушдай бўлади. Қушдайгина бўлмайди, аёл асли зоти қуш бўлади. Учса қўнар жойини билмай қолади.
Парвоз қушга ярашаркан. Аёл асло учмасин экан.
– Чеча, чойни ким дамлаган?
– Ким дамларди, Тўлғоной-да.
– Эҳ-ҳе, Тўлғоной синглимиз чой дамлайдиган бўлдими, а?
– Оғажон, сиз Тўлғонойнинг чой дамлаганига ишонмайсиз, мен хамир қоришига. Билмайман, Қизғалдоқнинг кўзига шу ойқизимдан, сулувимдан бошқа кўринмай қолган. Дуч келгани, эшигимга соя солиб эрмаклагандай бир сўрайди.
– Эҳ, нима деяпсиз унда, чеча?!
– Бирор нима деганимча йўқ.
– Демайсиз! Тўлғонойни бошқаларга бериб қўядиган Оллони бандасимас!
– Эи-и-й. Бу нима деганингиз бўлди?
– Тўлғонойни ўзим келин қиламан!
– Шошилмаяпсизми? Бола-да!
– Эл сўраяптими, болалиги қолмабди, чеча!
– Қизгинани кўнгли дегандай…
– Эй, кўнгил ҳам гап бўлибдими, – Эшпул оғзига келган гапни ичига ютиб ғўлдираб қўйди. Йигитга қизнинг кўнглини олиш «энангни…» деганидан осон-ку!
Топган гапига ич-ичидан қувонди. Қувончи ичига сиғмай яна илжайиб Турдихол кампирга қулоқ тутди.
– Энди, айтаман-да…
– Биздиям эшитинг унда, чеча. Тўлғонойнинг отаси икки томир ошган акамиз бўларди. Буни биласиз!
– Билмай ўлибманми.
– Билсангиз, султон суягини хўрламас, деб остонангизга келиб айб қилибмиз-да!
– Ундай… ундайлар деманг-а…
– Демасак, гапингизга қаранг-да. Ҳали бола дейсиз, ҳали кўнгил дейсиз. Кўнгли ўлгур қўтир бўлмаса, чимилдиқдаям бинойидай топишиб кетади. Ё акам билан Назабулоқ этагида қизғалдоқ терибмидингиз?! Мана – келинингиз, эҳ-ҳий, қудағайингиз, менга аталганида энасининг қорнида бўлган. «Остона супур-сидир» қилинган. Ё у замонлар ўтиб, бизники гуноҳ бўлдими?!
Эшпулнинг гапи Турдихолнинг кўкайига ботди. Кампирнинг қайсар томири тортди. Даллолнинг гапи-да оғзида қолди.
– Қайним-ов! Аёл бошим билан бирор нарса дея олмайман. Менгаям, Тўлғонойгаям Сафар эга! У опасини кимга берса, қизим шунинг ўнгиридан тутади.
Эшпул мум тишлади… Икковининг ҳам қулоғи динг! Тиллари ўз ўрасига чўккан! Кўзлари дастурхон гардишидаги қора мағизга қизил ип билан уқувсизларча тикилган гулга қадалган! Бу ўнғайсиз ҳолат рўзи маҳшар қадар борадигандай! Гуё Исрофилнинг сурини кутишаяпти!
Кирлигидан ёғ босиб тусини, тусига қараб тикилган гулини фарқлаш қийин бўлиб қолган қалпоғини ўнг қўлига олиб, сўлига «қарс-қарс» урмоқчи бўлди-ю, чекинди. Қўшқўллаб ғижимлади. «Беайб Парвардигор. Суяксиз тил бошга бало», деб ғўнқиллаб даллолнинг тили чиқди.
– Чеча, ундай бўлса, Сафарбойни чақирмайсизми?
– Уни Абрай оқирақ ҳайровга олиб кетган. Ҳафта-ўн кунда келиб қолар. Сабр қилсангиз, Сафарнинг жавобиниям оларсиз. Худойимни даргайида ўн кун ўтмай қолмас.
– Ҳимм, шундай денг! – дея чуқур нафас олб кутилмаганда тиззасига қарсиллатиб дўпписини уриб…
– Чеча, сиздай хотин ҳар маҳалда бир туғилса керак. Буям элни обрўси. Ҳали мўйига устара тегмаган улини шунча иззат қилиш. Энди, бу оқил хотинди иши-да! Бўларманнинг боласи еттисида бош бўлар, бўлмағурнинг боласи етмишидаям ёш, деган бурунгилар. Сафарбойям суриқдай йигит бўлибди-да. Кеча қоронғу олиш пайт Жинжакли бозоридан қайтиб келаётсам, Бойиркўлни сойида бир тўда йигит курашиб ётибди. Бирпас туёқдам қилиб, олишни кузатдим. Сафарбойга тирашадигани топилмади. Бизниям томирдан даврагир чиқаркан-ку, деб хурсанд бўлганимдан тишимгача терлаб кетди. Рўзғорингизга Сафарбойни бош билганингиз дуруст. Мен бекорга шаштингиз ҳам, гап-сўзингиз ҳам бир эрча бор, деб айтмадим. Қизғалдоқ катта эл, кўриб-билиб юрибмиз.
– Оғажон, оғринманг, оғринмасангиз-чи! Сиз нима десангиз шу-да. Мен нимаям дердим. Султонман деяпсиз-ку! Илоё султон бошингиз омон бўлсин. Султон оғамдан айланай.
– Тўйни қачон бошлаймиз?
– Энди, Сафарбойни олдидан бир ўтайлик…
– Сизнинг берганингизми, чеча!
Уларнинг гурунги устидан жимлик ғолиб келди. Турдихол кампир бошини шу жимлик эгди. Қайта-қайта бош ирғади…
– Ҳа, қаддингни урғурни чечаси!
Тўлғоной чойнакдан ҳол сўрар бўлиб эшик тирқишидан мўралади. Онасининг кўзи Эшпулнинг оғзида. Қиз томоқ қирди. Яна-яна томоқ қириб, товуш берди. Эшик тирқишидан сўз қанот ёзди: «Ҳу-ув қизгина, ўзим бораман».
Қорақумғон шақир-шуқур қайнар, қопқоғи ўйнар, хушрўй қиз кул титарди. Турдихол кампирнинг ёноқларига кулги югуриб, ёшидан ёшариб чойнак тутди. «Қизгина, чойни дамла! Ҳайитлигингни ейин, сенгинани сотдим, елкамдан ошириб отдим». Тўлғонойнинг муштдек жуссасига минглаб қумурсқалар ўрмалади. Тилидан отилмиш сўроқ тишларининг орасидан чиқмади. Кўзлари «Кимга, кимга?» дея сўзлади. Онаси: «Ўз қонинг ўзингга бўлди, қизим! Қошу қабоғим бўласан. Ҳу-ув пешонамда турасан. Шу қариндошга, қариндошнинг улига бердим!». Турдихол кампирни таний олмаётган қизи онасининг жинжигидан пилаёган Эшпул даллолдан ижирғаниб, ер цингалаганча мўлтираб овоз берди.
– Қондош бўлса-да, ёндош эмас, номуссиз, деб қарғардингиз-ку, эна!
– Олло кечиримли бўлганида, бандасига йўл бўлсин, болам! Кечиримлини Эгамнинг ўзи суяди, суяйди.
– Эна, кечиримли бўлинг, майли! Қизғалдоқда Маши масхарадан бошқа тенгим йўқми?
– Мамашукурбойни масхара дегани уялмайсанми, ҳадемай эринг бўлади. Оғзим бор деб гапираверасанми, – дейишга деди-ю, масхарани Муҳаммадшукурбой дейишга кампирнинг фаросати етмади.
Кампирни остонада «тегмайман-тегмайман» деган ҳирқироқ овозлар қувиб етса-да, парво қилмай ичкарилади.
– Чеча, нима гап?
– Тўлғоной-да…
– Ҳим-м-м… Тегмасмишми… Ҳеч бир маҳалда қиз тегаман деганми ўзи? Қиз тегмайман деб тегади, йигит оламан деб олади. Азалдан йўриғи шундай.
Турдихол хаёл оғушида. Ўз бахти – болаларининг толеидан сармаст. Ҳовлиси бир этак қоракўз қий-чувига тўлса. Тўй-тўйларга уланса, ўғлиям Қизғалдоқда бир одам тенгига ўтса. Гулдай қизни келин қилса, ул келин Турдихолнинг кўнглидан яралса. Армон не билмаса. Бахт дегани бўлса, гул етимларининг пешонасида кўрса.

* * *

Эшпул мол сотадиган одамнинг қўлини силкилаб-силкилаб дилидагини ошкор қилди. Бозорга кирган семиз қўчқорнинг қуйруғидан чангаллаб, «Тўйбоп экан-да!», дея сир берди. Қулоғи оғирга қичқириб, отлига мункайиб, эшаклига гердайиб айтди. «Тўлғонойни келин қилдим!», деб Қизғалдоққа жар солди.
Сафари қариган қиш кунда Қизғалдоқни иккига бўлиб ўтган дамариқда Абрай оқироқ бошчи ҳайровчилардан олдин лойқа сув келди. Сув ҳапқири Сафарбой ҳовлиқиб ҳам қайтди. Қулоғи битиб, боши қотди. Аммо норизолик қилиб оғиз жуфтлай олмади. Онасини койишга тили бормай Эшпул даллолни, Маши масхарани бўралатиб сўкиб, юрагининг черини ёзди. Элни «Эшпул Турдихол кампирнинг қизини келин қилибди», деган овоза тутди.
Неча алплар Тўлғонойга дираялмай тўлин ой билан сирлашиб келаётганди. Уларнинг барчаси кўксини зах ерга, Турдихол эса қизини Маши масхарага берди. Машининг мучали маймунлиги боисми, болалигидан дарахтга тирмашиб юрарди. Элнинг оғзига шамол ўйнатиб Раззоқ миршаб тўйига масхара олиб келди. Масхаралар Қизғалдоқ дарасига дор қурди. Дорда сакраб-сакраб умбалоқ ошиб чопди. Най чалиб, илон ўйнатди. Елкасига маймун миндириб аҳли Қизғалдоқ липасидаги бир тангасидан тортиб сариқ чақасигача шилиб олди. Шу кундан буён Машибой дом-дараксиз…
Кейин кўп бора бодом гуллади, тўкилди, ёнғоқ пишди, қарға олиб қочди. Яна-яна бодом гуллади, тўкилди. Ёнғоқ қарғанинг оғзида кетди. Йўлбарсдан қочган қуён юрт кезиб, эл оралади. Думини ўйнатиб дикка-дикка сакраган қуён қисир чиқди. Ер ориқлаб ит семирди. Кўзини ёғ босган ит ғариб эгасини туянинг устида қопди. Дашт одамлари қатрлаган қавирға бўлиб қолган ушоқ жонлиғини ўрага бутидан судраб ташлади – оғизлар оқлиққа етмай қолди. Эшпўлнинг эса куни туғди…
Бир қарасанг ҳамсая-халойиқнинг эчки-улоғини Жинжакли бозорига қувиб кетаверади. Эртасига Найзабулоқда эшикма-эшик юриб «Ҳув биродар! Молингни ҳаром қотирмай менга бер, пуллаб бераман», деб қора мол теради. Сўнг куни Қорабўриққа карвонини бошлаб кетади. Молни тонг отгунча кўтарганига сотади. Эгасига терисининг ҳақиниям бергиси келмай бўза симиради. Бир қўлида соч толасидай кесилган аччиқ пиёз, иккинчиси иссиқ кабоб билан банд. Оғзини катта очиб омонат тишлари билан ёғли этни сихдан суғирди. Эгилган бошини бироз кўтариб терак бўйи баландликка юзланди-ю «до-о… , до-о… , до-о… , р-р-р… »лаб қотти-қолди. Даллолнинг нима деяётганини унинг кўзлари тикилган томонга қарамаган киши билмасди.
Қўқиб ётган жун бозори-ю чангиб ётган ун бозори оралиғида дорбозларнинг дори бўй кўрсатиб тўрибди. «До-о… , до-о… , до-о… , р-р-р… »лагани билан Эшпўл унга қараб чопмади. Юрак олдириб қўйган. Авваллари ҳовлиқиб борар, дуч келган масхарадан пушти камари – эркатой ўғли Машибойни сўрарди. Энди бўлса узоқдан ўғри мушукдай пойлайди. Масхаранинг кўзларига тикилади, ўзида бир ажиб туйғу туймаса сира бормайди. Бора олмайди. Қайси бир йили, адашмасам тўнғиз йилида Жинжакли бозорида ўйин кўрсатаётган дорбозу масхаралар олдига бориб даллол ўғлини суриштиради. Масхара бўлса «Ота-отажон! Мана мен ўғлингизман, танимадингизми?» деб даврага олиб чиқади. Ва беш-олтита тухумни осмонга отиб алмаштира бошлайди. Тухум эса битта бўлиб қолади. Томошаталаблар ҳам, Эшпўл ҳам ҳайрону лол. Масхара катта ва кенг ямоқдор чалварининг тиззасигача келадиган киссасини тескари қилиб осилтириб, эгнидаги камзулининг ҳам шу аҳволга туширади. Одамлар масхарани кўзбўямачиликда айблаб
бошлаганида Эшпўлнинг елкасига зарб билан бир уради-ю кетидан бешта тухум туширади. Шу-шу даллол масхаралардан қўрқади. Олдига бормай зимдан термулади.
Чолларга эргашиб бозорга келган болакайлар уларга шерик катталар қуршовидаги дор тагидаги оломонга даллол келиб қўшилганида уста дорбоз Масхарани бир шапалоқ туширди-да, дорга чиқа бошлади. Аламзада масхара сохта йиғлаб ортидан дор устунига тирмашди. Дорбоз лангар таёғини олиб дорнинг нариги бошига югуриб ўтди. Масхара эса дор устунларининг айри жойига ўтириб олиб унига рағбат бераётган болаларга юзланди: икки ёноғи қип-қизил олма ранг, қалин лаблари пишганидан ёрилгудек гилос тус, бурни мисоли бемаза бодринг, юқори ва қуйи қовоқлари ғўр олма, кўзларида бир соғинч, бир мунг уфуриб турибди. Уни бўлса қалбаки киприк лашкари тўсиш билан оввора.
Пушти паноҳ – Эшпўл таниди-билди. Ўз зурриёди ер қолиб, кўкда кимсанинг кўнглини овлаяпти. Отанинг меҳри ийиб тикилиб қолганида уста дорбоз дордан икки бора умбалоқ ошиб масхаранинг олдида пайдо бўлиб, лангар таёғини тутқазиб, ўзи қўлларини лангар қилиб ортга қайтди.
Машибой бир-икки-уч қадам ташлади. Лайлак туриш қилиб қанот қоқди. Бир неча бор чумчуқ сакраш қилиб ўйнади. Даллол атрофидагиларига «ҳу-у дорбоз менинг ўғлим» деб гуррайди. Орзиқиб кутилган, Тангридан тиланган дийдор кўзларидан қалқиб тошди. Одимларини тезлаштираётган масхара югурмоқчи бўлди-ю, арқонни эшак қилиб миниб қолди. Дор арқонини қўш қўллаб маҳкам ушлаганча чинқирди. Киприк қоққунча ёнғоқ шохига осилган ўғри қарғадай осилди-қолди. Ёқасидан заранг ерга бир тухум тушиб ёрилиб кетди. Томошаталаб болалардан бир «У алдабди. Ютиб юборган мояги қўйнида экан-ку!» дея қичқирди. Худди у масхаранинг бор фириби енги орқали қўйнига тухум ўтказганини кўргандай.
Дор томошаси шу тариқа тарқаган. Эшпўл Қорабўриқ бозоридан отга мина олмаган ўғлини хуржунининг бир қўнжига тош солиб, иккинчисига Машибойни оёғини тиратиб, киндигини эгарга маҳкам босиб келганини тун қўйнида даллолнинг завжасидан бошқа ҳеч ким кўрмаган. Бу тақир тарихни Қизғалдоқда Эшпўл, мусичаий безалол аёли ва Маши масхарадан бошқа билмайди-билаолмайди.
Тўлғоной термулган кўзларни куйдирадиган, ойни суқлантирадиган келинчак бўлди. Ой ва юлдузларни булут қамал қилган кеча зимистон бўлди. Тонгга бормай Турдихол кампир уввос тортиб йиғлади. Йиғи оламни тутиб, осмон ҳам унга эргашди. Иккови ўпкасини босолмай, қора ерни азонга қўймай шитта лой қилди.
Турдихолнинг ҳоли танг. Тилини ютган. Не қиларини, не деярини билмай ҳайрон қотган. Нимаям десин, қизғалдоқлик қолиб, Қизғалдоққа қишламоқ учун қўнган қора қарғалар-да бир тунда ўн тўрт кунлик ойни хижолат қиладиган гул қизини «Тўлғоной бузуқ, Тўлғон бузуқ»қа чиқариб, қағиллаб «бузуқ-бузуқ», дея қанот қоқиб кетган.
Сафарбой ер муштлаб наъра тортиб ётибди. Аламдан ўкирганини эшитган кекса тоғларнинг оппоқ сочлари тўкилиб кетди. Олам гумбурлаб чақмоқ чақди. Тўлғоной этини юлиб, ўзини отиб, қон ютиб, кун кўрмай ўтказиб борлиқни кўкартириб юборди. Кампир ҳолига дунёям кул-ди. Яшнади, ёшарди.
Эшигидан ит мўраламай қўйган, эл ўзини олиб қочган кунларнинг бирида бўсағани Бухор мулла босди.
– Турдихол, тузукмисан?
– Мулла ака, Эгамнинг ўзи манглайимни шўр эмас, зуваламни балчиқдан олганми, деб ўтирибман-да.
– Эсипастлик қилма. Ҳали бир кунлар келар, ҳув-ана шунда ношукурлигинингдан музтар бўлиб қоласан!
– Яратганнинг ёруғ куни, бахт қуши бўлса, одам қуриб шериги шайтон жесирни бошига қўнармиди?!
– Тилингга эрк бермай, Тўлғонойингни чақир, ўзинг ҳам бери кел!
Қарға кўрганини чўқиганидай, Бухор махсум ҳам билганича ўқиб, «суфлаб-суфлаб» дамсув ичириб, аччиқ-аччиқ танбеҳ бериб тадбир қилишини айтди.
Кампирнинг патагига қурт тушиб, жинжаклик Мохов фолчига чопди. Фолчи дойрасини чертиб-чертиб кун ботарда кул тутганга чиқазиб, давоси кулранг товуқ эканидан сўзлади ва фақат момо чироқни Манғит қушноч ўтказишини тайин этди.
Тўлғонойнинг пешонаси товуқ қони рангини олди. Сўнг уни жандага солди, олов билан савалаб қоқа бошлади. Қизнинг кўзига қушноч қўлидаги олов қизғалдоқ бўлиб кўринди. Хаёлини онасининг тонги йироқ тунларда айтган эртаги ўғирлади.
Қадим-қадимда бўри баковул, тулки ясовул, қарға қақимчи, чумчуқ чақимчи бўлган пайтда илону чаён ҳам тек эмас экан. У пайтлардаям камбағални туянинг устида ит қопаркан, ғарибнинг пойини пойлаб чаладиганлар бўлар экан. Эй, нимасини айтайин, онангни қози ўйнаса, додингни кимга айтасан, деган замон экан-да. Кичик бир юрт Хоқоннинг мулки экан. Мол-мулкка муккасидан кетган Хоқон атрофидаги эллар орасида низо чиқариб, устига от ҳайдар, бағрига тиғ санчар экан. Тиғ санчишни қўймас, мол-дунёга тўймас Хоқон саройи хотин-халажга, қиз-жувонга лиқ тўла экан. Ўша зўр хизматига шай хуфиялар сон-саноғи йўқ экан. Улар эл оралаб, юрт кезиб, қаердаки ҳусндор қиз бўлса, Хоқонга хабарини етказар экан.
Кунлардан бирида шумқадамлар кўзи бир бечора чолу кампирнинг қизига тушибди. Хоқон хуфиялари ўзини совчи деб айтиб, овчиликка қилганида навкарларсиз юрмаскан. Қизни олиб кетишга келганида чол уларни ўтовига чорлаб, нон-намак тутиб, ўз ўтмишидан достон куйлабди. Йигитлик чоғида Хоқоннинг отасига навкарлик қилиб, бир жангда ўнг қўли қилич зарбидан узилиб, сонига найза санчилиб, яна қайсидир юрт ошганида юзи куйганини айтиб, ёши ўтгач жангу жадалларга ярамай қолиб, олахуржунни бўйнига олиб, қиз кўрганини ва ёлғиз зурриёти шу эканини айтибди. Хуфиялар қизини ул зотга муносиб билгани ва навкарлар келганига мамнунлик билдириб, қизи билан хайр-хўшлаш учун бир тун сўраб ялиниб-ёлворибди. Кекса навкарнинг юзидан ўта олмаган йигитлар саҳарда келишини тайин қилиб, жўнаб кетишибди.
Чол «Куним битган, паймонам тўлган кўринади. Сен қизингни олиб қоч ё яшир», деса, кампири ҳўнг-ҳўнг йиғлаб, уни ўтмишда кўп кишиларнинг ёстиғини қуритганликда айблаб, «Худойимнинг омонатини қаердаям асраш мумкин?!», деб зор қақшаб, Хоқоннинг қўли узунлиги, қўлидан тиғи узунлигини айтиб, ўз пешонасидан домонгир бўлибди.
Ота-онасининг дардидан воқиф қиз ойдин тун қўйнида кўклам туҳфа этган оқ чечакларни оралаб, чангқовузни «биёв-биёв-биёв»латиб чала бошлабди. Тиззаларига уриб турган оқ чечакларга ҳаваси кетиб, дилини чангқовузга жўр этиб чертавериб-чертавериб, ўзини буткул унутибди. Гулғунчадек лаблари қонаб, оқ чечак косасига томиб, беҳол йиқилибди.
Кўклам тонгининг шабадаси далада ястаниб ётган чечакларни қизартириб юборибди. Қон либосини кийган оқ чечакларни чолу кампир қизғалдоқ қизим деб қучиб овоз чиқаргани, аза очгани олис-олис ўлкаларгаям етибди.
Хоқон юртида «Қизғалдоқ бўлиб яшаётган қиз элда тенг-тенги билан бўлмагунча қайтмас эмиш… Қизлигини соғинган қизғалдоқ эса ҳар баҳор қир-адирларга чиқиб, кишиларга мўлтираб туришиям шундан экан…», деган узуқ-юлуқ гаплар томир отиб оғиздан-оғизга, қулоқдан-кўнгилга ўтаверибди…
Тўлғонойнинг хаёлини сонияга ўғирлаган эртак аста-асталик билан бутун ақлу ҳушини банд этиб олди. Ойнинг тўлин бўлишини, қизғалдоқнинг қийғос очилишини кутди. Кундузи онасига ҳам кўринмайдиган, тунда эса чангқовуз чертиб тентирайдиган одат чиқазиб, «Қизғалдоқман!», деб даъвоям қила бошлади. Кампир қизини жин чалган билиб, фол кўрдириб, кулранг товуқ қони энмаганига йўйиб, кўк улоқнинг ҳам бошини олдириб юрган кунларнинг ойдин тунида Тўлғоной қизғалдоқлар орасида чангқовуз чала-чала ғойиб бўлиб қолди. У ойга йўл олдими, қаро ерга қоришдими, унисини Қизғалдоқ одамлари билмайди.
Турдихол кампирнинг «Ой-куни тўлиб туғилмаган Тўлғоной қизим-ай, билармидинг дунёнинг ўзи шарманда эканлигин? Қорнимга жой бўлган ойқизим, илон эл бўлган, чаён сиққан дунё торлик қилган қизим-ай! Эй дунё, тор қорнимча йўқсан!» деган иддаоларига ҳамма кўникиб кетди. Эл энди биров-ярим дунёдан норизо бўлса, «Турдихол кампир бўлиб кет-эй», дея эрмак қилар одат чиқарди…
Турдихол – бу дунёдан ҳам қари кампир аёздан кўкламни, кўкламдан қизғалдоқни, қизғалдоқдан қизини илҳақ кутади. Ойдин тунда чангқовуз чертиб, «Қизғалдоқ бўламан!», деб йиғлайди. Сафарбойнинг бир этак неваралари кампирнинг кўзидан Қизғалдоқни яшириб сарсон. Улар томлар устида, деворлар бўғотида ўсган азалги оқ чечакларни олиб қочса, «қизғалдоқни босма-эй! Ўз бағрини тиғлаган қиздир у!», «қизғалдоқни юлма, қон йиғлаган қиздир у!», «Қизғалдоқ гул қизим-ку!», дея Тўлғонойни йўқлай-йўқлай тили ич-ичига тортиб кетади.
Кампирни «ана кетди-мана кетди»лаб болалари «чопҳа-чоп»га тушиб қолади. Мулла Махсум кампирнинг кафтига кафтини қўйиб калима қайтариб ўтиради. Кампир не маҳалга бориб, яна «Тўлғоной келдими?!», дея туради. Болалари ўпкасини босиб олади – ўз юмуши билан андармон бўлиб кетади.
Тол туш Қизғалдоқнинг осмонидаги қуёш тик келиб, соя бермай қўйган палла. Кеча тили тортиб кетган Турдихол кампир тўрт оёқлаб том олдига ўрмалаб борди. Умидвор бўлиб олис-олисларга қаради-ю, икки одим нариниям илғай олмади. «Қизғалдоқ, Қизғалдоқ, Тўлғоной, Тўлғон-ҳов», дея товуш берди. Товушини кампирнинг ўзиям эшитмайди, дунёдан умидиниям узолмайди. Ўзи турган тақир ердан эмаклаганча қўллари билан пайпаслаб қизғалдоқ излайди…