Нортўхта Қилич. Ошиқдара тутқунлари (ҳикоя)

Уйқуси бузилди. Кўзларини очмади, лекин негадир бемаҳалда уйғонганига таажжубланди… Шу аснода аллақандай англаб бўлмас товушлар қулоғига чалина бошлади, кимлардир уввос солиб йиғлаётгандекми-эй, кимлардир қаҳқаҳа уриб кулаётгандегу, тағин кимлардир тинмай балабону сурнай чалаётгандекми-эй!..
Кўзларини очмай, баттар таажжубланди.
… қизиқ, туш кўраяпманми-ё? Уйғоқ ҳолда-я!.. Чарчаганим учун бўлса керак.
Чиндан ҳам жуда чарчаган, — аввал самолётда, кейин автобусда, ундан сўнг таксида узоқ йўл босди, уйдан тонг-саҳарда чиқиб, базўр хуфтон чоғи манзилга ҳориб-толиб етиб келган эди, — беҳуда айтишмаган ахир, йўл азоби — гўр азоби, деб.
Манзилга етиб келиб, шинамгина хонага ўрнашганидан сўнг, осмону фалакдан бирдан ер комига тушиб қолгандек ҳис этган эди ўзини. Аввал самолётда учганию, сўнгра уловларда йўл босгани учун эмас, йўқ, аеропортдан то ушбу маконга қадам қўйганигача адирлар, қирлар, тоғлар оралаган йўл нуқул пастликка қараб эсгани боис шундай туюлган эди… Кейин, уйдан олиб чиққан егуликларидан енгил-элпи тамадди қилиб, уйқуга ётган ва оппоқ чойшаблардан оҳор ҳиди бурқиётгани эсида, орадан ҳаял ўтмай, донг қотиб ухлаб қолган эди.
Мана, энди… Ҳамон ажабтовур товушлар олислардан элас-элас қулоғига эшитилгандек бўлаяпти.
… ё далада одамлар телевизор томоша қилишаяптимикан? Йўқ, ҳозир томоша пайти эмас, аллақачон тун яримдан оққан ёки ҳадемай тонг отиб қолса керак.
Ҳаловатини қизғаниб соатга қарамади. Ёнбошига ўгирилиб, оппоқ чойшабли адёлни бошига тортди.
Аммо, ҳануз ўша-ўша кимлардир уввос солиб йиғлаётгандекмией, кимлардир қаҳқаҳа уриб қулаётгандегу, тағин кимлардир тинмай балабону сурнай чалаётгандек эди.
… ажаб, роппа-роса бир кечаю бир кундуз мириқиб ухлагандекман-а! Ниманинг шарофати экан бу?
Тўшагидан турди. Керишди. Енгил кийинди. Ойнабанд эшик қия очиқ эди, чоргоҳ пешайвонга чиқди. Ва беадад бир ҳайратдан тек қотди, чиндан ҳам ер комига тушиб қолгандек туюлганича бор экан, — гирд теваракни баланд тоғ қоялари ҳалқадек ўраб олган, — истироҳатгоҳ кўркам дара қўйнида жойлашган эди. Қояларга туташиб кетган дара ёнбағирларини ям-яшил майсалар қоплаган, сийрак жийда баргли дарахтлар эса соябонларгами ёхуд тобора юқорилаб бораёттан алланималаргадир менгзаб кўринди кўзга. Ясси қияликларда оппоқ тоғ эчкилари дарахтлар оралаб ўтлаб юрибди. Кунчиқар томондаги тикка ўрлаган йўл бўйида катта бир кўл қуёш нурида тиллаланиб жимирламоқда. Аммо, қизиқ, нечундир кўл сирли-синоатли туюлади. Унинг атрофинн минг кокилли мажнунтоллар, сершох-сербутоқ оққайинлар, кўм-кўк арчалар қуршаган. Ёмғир ҳидига тўйинган, намхуш ҳаво эса шу қадар майин, шу қадар мусаффоки, нафас олгани сайин одамнинг баҳри дили яйрайди.
Кўкрагини кериб, тўйиб-тўйиб нафас оларкан, қишлоғининг турфа куйинди исларга қоришган ачимсиқ ҳавосини эслаб, ўйчан бош ирғади. Кейин, пешайвон панжарасидан маҳкам ушлаб, пастга энгашди, дабдурустдан боши айланганини сезиб, қоматини тиклади.
Тонгда ёмғир савалаган шекили, пастда бино рўпарасидаги намчил ғишпарчин йўлкада, — одамлар эринчоқлик билан кезиб, нонушта пайтини кутишмоқда. Уларга синчков назар ташлаб, негадир кўнглини ғашликками, ўкинчгами мойил бир нималардир чулғаётганини ҳис этди.
… ёпирай, ҳалитдан-а? Кезиб ўрганлгаганлигимдан бўлса керак. Албатта-да!..
Ҳазил хўрсинди.
Йўлкадан қуйироқдаги оллчазорга туташ кенг майдончада кўкраклари лорсиллаган аёллар, хипча бел жувонлар ирғишлашиб, бадан тарбия қилишаяпти.
Истироҳатгоҳ ғаройиб бир сокинлик оғушида. Ушбу сокинлик эса гўё кишини эркалаб аллалаёттандек.
Енгилгина энтикди.
… дунёда жаннатсифат жойлар ҳам бор экан-да!..
Ором курсига ясланиб, дунёнинг боқийлигию умрнинг ўткинчнлиги тўғрисида надомат билан ўй сурган кўйи, оппоқ булутлар орасида оқариб кўринаётган қорли қояларга хомуш тикилиб қолди.
Бир маҳал, қўшни айвонга сарғиш сочлари елкасида мавжланган, ўттиз ёшлардаги дуркунгина бир жувон чиқди. Дорга оппоқ бир матони осди. Момиқ халати тугмалари ўтказилмаган экан.
Жувоннинг шафақранг баданига нигоҳи тушар-тушмас, изза чекиб, илкис юзини четга ўгирди. Ором курси ғижирлаб кетди.
Жувон сергак тортиб, ўртадаги пастак панжара тўсиққа яқинлашди:
— Салом, йигит, — деди.
— Салом, — деди йигит.
Жувон бирин-бирин халати тугмаларини ўтказаркан:
— Кеча келдингизми? — деб сўради.
— Ҳа, кеча кечқурун келдим.
Дабдуруст кўзлари ажабтовур чақнаб, жувон:
— Яхши, — деди. Овози товланиб кетди. — Менинг келганимга уч кун бўлди.
Тунда қулоғига чалинган ғалати товушлар ёдига тушиб:
— Кечирасиз, уйқунгизда безовта бўлмадингизми? — деди йигит. Жувон кулимсиради. Индамади. Лекин унинг кулимсираши бир қадар сирлидек эди.
… бу дуркун жувон — Дуркунхоним ниманидир билади. Билади. Жўрттага айтмаяпти.
— Боёнларга ўхшаб ялпайиб ўтирибсиз, — деди Дуркунхоним, янаям навозишли жилмайиб. — Нима, нонушта қилгани бормайсизми ёки сизга опкелишадими?
— Йўқ… Борамиз, — деди йигит.
Айни кезда истироҳатгоҳ радиоси занг чалиб, нонуштага чорламоқда эди.
Нонуштадан сўнг, Йигит кеча келган ўттиз чоғли одамга қўшилиб, биринчи қаватдаги кенгроқ бир хонага кирди. Олдииги қаторга ўтиб, юмшоқ ўриндиққа ўтирди.
Катта дўхтирни кута бошладилар.
Каттакон кўп куттирмади. Миқти гавдали, қирқ ёшлардаги йигит экан. Ўзини таништиргач, истироҳатгоҳнинг жорий тартиб-қоидалари ҳақида гапирди. Бирюла минг киши дам олиб даволанишини айтди. Ҳар ун беш дақиқада истироҳатгоҳдан шаҳарга махсус автобус қатнаб туришини маълум қилди, роса истироҳатгоҳни мақтаб:
— Гапларимга ишонаверинглар, яқин атроф-теваракда бунақаси йўқ, — деди. — Ҳавоси ниҳоятда соф, ниҳоятда шифобахш. Санаториямиз асосан юрак ва асаб касалликларини, такрор айтаман, айниқса асаб касалликларини даволашга ихтисослашган. Таъкидлашим керакки, табиий муҳитимизнинг ўзи ҳам шуни тақозо қилади, деб очиқ деразалар томон ишора қилди у. — Ана кўриб турганларингиздек, санаториямиз Ошиқ-Маъшуқ тоғлари билан қуршалган…
… э, оти жуда қизиқ экан: Ошиқ-Маъшуқ! Албатта бирор қизиқарли ривояти ҳам бўлса керак:
— … Устимизда тўхтовсиз айланиб турган салқин шифобахш тоғ ҳавоси шаҳардан узлуксиз ёпирилиб келаётган заҳарли исларни мутлақо яқин йўлатмайди. Демак, қадимги шарқ мақоли билан айтадиган бўлсак, тоза ҳаво — танга даво. Бу ерда ўзингизни бир ой бахтиёр ҳисоблашингиз мумкин. Хўш, энди бизга саволлар борми?
Ана шунда Йигит тунги ғаройиб товушлар тўғрисида сўрашни ўйлади. Аммо, иккиланди: мабодо тушида ё хаёлида… Йўқ, аниқ-тиниқ эшитган эди. Мана шу тобда ҳам нозик бир сас қулоқлари остида титраётгандек… Ёки, у ёқда ачимсиқ ислар, турли ташвишу ҳавотирлар исканжасида зўриққан асаблари бу ёқда мусаффо ҳаводан шишиниб, энди нағма кўрсатаяптимикан-а? Йўғ-э, анов Дуркунхонимнинг ҳалигидай ишшайгани ҳам бежиз эмасдир ахир. Ҳа, шубҳасиз бу ерда нимадир бор… нимадир бўлиши керак.
Тезроқ соатнинг уч бўлишини кутаяпти — руҳий таъсир воситасида даволовчи дўхтир ҳузурига бориши керак. Вақт эса имиллаб ўтмоқда. Зерикаётганини ҳис этиб, оғир энтикди. Кейин, бекорчи бекор ўйлайди, деганларидек, четдан бегона назар билан ўзига разм солди: ана, шам «пайпоғ»у шам «белбоғ»дан сўнг тўшакда ўраниб ётибди. Пешонасн ҳамда кўз остларида сийрак тер резалари йилтирайди. Кўринишидан дам олиб даволанаётган бахтиёр одамга асло ўхшамайди, худди бандининг ўзи ҳоргин, хомуш.
… нега, нима учун шундай? Кўнгилда на бир севинч ва бир ҳаяжон.
Назарида, икки-уч кундан бери эмас, аллазамонлардан буён ушбу дарага тушиб қолгандегу, энди ҳеч чиқиб кетолмаётгандек эди.
Аввал-бошданоқ хушлар-хушламас йўлга отланаётиб, ҳардам хаёл бир ҳолатга тушган, лекнн аллақачон йўлланма ҳамда самолётга патта олиб қўйгани боис, — гўё уйдан узоқда турмуш ташвишларидан халос бўладигандек, жаннат сифат жойларда роса яйраб ҳордиқ чиқарадигандек, — қани, бораверайликчи, деб келаверган эди.
Аммо, асли ўшанда кўнгли сезган экан: мана, рўзғор ташвишларидан қутулиш қаёқда! Ўзи бу ердаю, ёду хаёли оиласида. Озиб-ёзиб шаҳарга тушиб қолса, гоҳ хотинига, гоҳ болаларига нелар харид қиларини билолмай, боши қотади. Хали ота-она, оға-инилар ҳам бор. Қўл эса қисқа. Қашшоқлик қурсин-а, қашшоқлнк!.. Ўлганни тепган, деганларидек, истироҳатгоҳдаги галатию гаройиб даҳмазалар айни дард устига чипқон бўлаянти: на кунида ҳаловат бор, на тунида — алламаҳалда уйғониб кетади: қулоқлари остида қандайдир айқаш-уйқаш товушлар элас-элас эшитилган кўйи, ёмғир севалаётган қорамтир осмонга хаёлчан тикилиб ётади, тонг бўзарарга яқин ухлаб қолади, кейин эрталаб ажаб уйқудан тетик туради. Лекин… айвонга чиқмоққа юраги безиллайди-ю, барибир чиқади. Орадан ҳаял замон ўтиб-ўтмай, Дуркунхоним ишшайиб пайдо бўлади-да, оч ғунажинчадек мўлтирайверади… Тепа қаватдаги сарисоч Гулойим эса, ёпирай, худди ошиғу беқарор бўлган ўн тўрт ёшли бўйсара қиз каби дам қизил гул
ташлайди, дам сариқ гул!.. Баттар бўл-э!.. Рўпарадаги хонада яшаётган дўндиқчага ногоҳ дуч келиб қолса, ўзини қайга урарини билолмай қолади. У эса маъюс табассумдан юзлари яшнаб, шартта қўлтиғидан оладию, тошбағирликда айблай кетади. Ошхонага-ку ноилож боради. Бордими, тамом — пойтахтлик оппоқбилак Африка қаҳвасию фарангги конягини бот-бот мақтаб, меҳмонликка таклиф қилгани қилган. Худонинг берган куни аҳвол шу.
… ё тавба! Ё Парвардигор, бу ожизаларинг бу қадар беҳаё, бу қадар беқадр!.. Ахир, жаннат — аёллар пойидадир, демаганмисан?! Агар жаннатинг шу аёллар пойида бўлса… Қойил-э!.. Аёлнинг худоси иккита бири… аёқ, яна бири таёқ. Халқ тўқиган буни. Хўш, халқни нималар, кимлар бу даражага тушириб қўйди ахир?.. Асли жамият ичдан чириб битгани рост шекилли. Бўлмаса… Ёпирай, анави мункиллаган раис ҳам иккинчи хотинини, ҳам ўйнашини олиб келганмиш. Раис — халқнинг отаси-я!.. Навжувон ўйнаш бечора энди дуч келган аёққа қашиниб юрибди… Бунақа жойларга ўзи аёлларнинг асосан бадбахти келар экан чоғи. Рост-да, бахтиёр аёлларнинг истироҳатгоҳларда тентирамоққа илло хоҳиши йўқ. Шундай!..
Дарвоқе, бу манзил-маконнинг ўзида одамни ҳар кўйга солиб тентиратадиган нимадир бўлса керак. Бинобарин, Ошиқ-Маъшуқ тўғрисидаги ривоят ҳам беҳуда тўқилмаган ва руҳиятидаги ажабтовур беқарорлик ҳам бежиз эмас. Чунки уйда уйқуга ётардию, тошдек қотиб ухлаб қоларди. Сўнгги марта уйда қачон туш кўрганини ҳам аниқроқ эслаёлмади. Бу ерда эса, — давомли тушкар кўрадими-эй, алаҳсирайдими-эй, — ҳамон дурустроқ ором ололгани йўқ.
… ий-э, соат учдан ўтаяпти-ку!..
Қани, борсин-чи, руҳшунос дўхтирдан бирор маънили гап чиқар эҳтимол.
Ёши элликни оралаган, бақалоқ дўхтир аёл:
— Ўтиринг, — деди совуқроқ оҳангда. — Нима учун кўзларингиз бежо?
Йигит сўрок номани узатиб:
— Шунчаям савол бўладими! — деди. — Юзтадан кўпроқ. Баъзилари жудаям кулгили. Чет элда бўлганмисиз? Қизиқ, беморнинг чет элда бўлган ё бўлмаганлигининг хасталикка нима алоқаси бор?
— Бу анкетани биз эмас, Минздрав тузган, — деди дўхтир, сўроқномага синчков кўз югутираркан. — Шуни билиб қўйингки, тузумлар ўртасидаги тафовут беморнинг дунёқарашига, пировардида руҳиятига ҳам кескин таъсир қилиши мумкин.
Йигит бир зум ўйланиб қолди, кўнглида дўхтирнинг фикрига қўшилгач:
— Дўхтир, сиз руҳиятга ишонасизми? — деб сўради. Бақалоқ дўхтир ялт қараб:
— Келишиб олайлик, — деди, сўроқномани четга суриб. — Мен савол бераман, сиз жавоб берасиз.
Йигит сўроқномага ишора қилиб:
— Ана, мен жавоб бериб қўйганман, — деди. — Кўпчилик қатори қўнғир, қизил рангларни яхши кўраман, кўк, яшил, рангларни ёқтираман, қорага тоқатим йўқ. Куннинг тонг пайти менга жудаям ёқади. Лекин, ростини айтсам, шу кунларда тонгдан ҳам, шомдан ҳам, ҳатто дунёсидан ҳам кўнглим совиб кетди. Айниқса, аёлларнинг бу қадар беқадр бўлиб қолганлигини кўриб, қийналаяпман.
— Шошманг!.. деди дўхтир. — Психотерапияга ишонасизми?
— Психотерапияга, психоанализга доир асарлардан анча-мунчасини ўқиганман.
Дўхтир қўрслик билан гапни бўлиб:
— Психотерапияга ишонасизми, деб сўраяпман, — деди. — Нимани ўқиган-ўқимаганлигингиз мени қизиқтирмайди.
Йигит кўзларини пирпиратди:
— Лекин саволга жавоб бермади.
Туйқус дўхтир хатосини англаб етган каби майинроқ оҳангда, лекин жиддият билан:
— Хўп, менга ишонасизми? — деб сўради.
— Сизгами?… Сиз менинг саволимга жавоб бермадингиз. Энди ўртамизда самимият бўлишига ишонолмайман.
— Анча таъсирчан экансиз… — Дўхтир зўраки кулимсираб, сўроқномага ишора қилди. — Кўнглингизда хавотирингиз кучли эканлигини қайд этгансиз. Айтингчи, айнан нимадан хавотирдасиз?
— Биринчи марта бунақа олис сафарга чиқишим. Бундан кейин сираям чиқмасам керак. Кутилмаган бирор фалокат…
— Шошманг! — деди аёл, тағин гапни бўлиб. — Саволга… саволга жавоб беринг?
… ий-э, бу дўхтирнинг ўзи давога муҳтож-ку! Бунақа феъли чарслигию бетоқатлиги билан хўппа семиргани қизиқ. Ҳойнаҳой, чолиниям қил қилворгандиро-ов!
— Хўш, нима сизни кўпроқ хавотирлантираяпти?
— Дўхтир, илтимос, аввал сиз менинг саволимга жавоб беринг?
Тағин дўхтир зўраки кулимсиради:
— Нима учун руҳга ишониш-ишонмаслигим сизни бу қадар қизиқтириб қолди?
— Биласизми дўхтир, мен бу ерда атиги бир неча кундан бери эмас, балки аллазамонлардан буён яшаб юргандекман, кейин, кечалари аллақандай товушлар қулоғимга чалиниб уйғониб кетаман-да, алламаҳалгача ўнггимда ҳам ўша товушларни элас-элас эшитаётгандек бўламан. Назаримда, Ошиқ-Маъшуқнинг безовта руҳлари бизларни…
— Бизларни эмас, сизни! — деди дўхтир. Бир зум Йигит дўхтирга тикилиб қолди.
… ҳм-м, демак, руҳга ишонмас экан. Сўнг, йигит паришон бош ирғаб:
— Майли, мени таъқиб қилаётгандек, дейлик, — деди. — Тағин бир мулоҳазам бор бу ердаги аёллар енгилтаклиги Маъшуқанинг ҳалигиндай руҳи таъсиридан эмасмикан?
— Бундай ўйлашингизга жиддийроқ асосингиз борми?
— Ошиқ-Маъшуқ ривояти шу ерда тўқилган. Ривоят бежиз эмасдир ахир. Тўғрими?
— Лекин сиз шуни унутмангки, бу ернинг ҳавоси саломатлик учун зарур бўлган газларга ниҳоятда бой. Бундан ташқари, нарзан дегани — полвон сув дегани эканлигиии ҳам назардан соқит қилманг-да!.. Нарзан ваннада ётганингизда ўзингизни қандай ҳис этаяпсиз?
— Худди лиммо-лим шампан тўла ҳовузчада чўмилаётгандек маза қиламан. Вижиллайди. Илиқ-иссиқ пуффакчалар мавжланиб қитиқлайди. Кайф!..
— Жуда тўғри! — деди. — Албатта, шифобахш ҳаво, тоғ босими, нарзан ванна — эркагу аёл шаҳватини қўзғаб юборади-да!..
… қизиқ, ўзи руҳий усул билан даволовчи дўхтир-у, лекин руҳга ишонмас экан. Аммо, гапида жон бор. Бир зум жимликдан сўнг:
— Мен кўпроқ Кашпировскийга ишонаман, — деди Йигит. — Чунки у ижтимоий келиб чиқишингиз билан ҳалқ, чет элда бўлган-бўлмаганлигингиз билан ҳам қизиқиб ўтирмай, муолажани бошлайвераркан. Ҳатто телевизор орқали ҳам даволай олади. Сиз бўлсангиз юздан ортиқ саволга ёзма жавоб олганингизга ҳам қаноатланмай, яна сўраб-суриштираяпсиз.
— Агар менга ишонмасангиз, машғулотларимда қатнашишингиздан фойда йўқ, — деб, дўхтир соатига нигоҳ ташлади. Секин ўрнидан турди. — Мабодо фикрингиз ўзгарса, эртага шу пайтда келарсиз.
— Ўзгармаса-чи?
— Барибир келишингиз керак.
Зинҳор келмаслигига ишонган кўйи, индамай, хомуш чимирилиб, Йигит хонадан чиқди.
Тушликдан сўнг, Дўндиқчага чап бериб, гулзорлар оралаганча, секин дара адоғи томон юрди. Дўндиқча боя, бирга шаҳар айланиб қайтайлик, деганида, — юз амри ширин, — хушламайроқ рози бўлган эди. Ўша заҳоти таклифни рад этолмаганига энди афсусланаяпти. Начора, бирор баҳона тўқиб, узр сўрар. Ёки, шундан кейин унинг ўзи маъшуқона саъй-ҳаракатлари беҳудалигини англару, қайта суйкалмай қўяр.
Тоғ пойида паришон туриб қолди. Кейин… атрофга хаёлчан кўз югуртирди. Бир-бирига мингашиб кетган чўққиларга тикилиб, айни чоғда ўзиии табиатнинг бир бўлаги экани-ю, лекин табиатга уйғунлашиб кетолмаслигини ўйлади, йўқ, бундай шарафга ожиз бандаси муносиб эмас. Зеро, она табиат билан уйғунлашиб кетолганлар — ҳурдирлар, яъни бахтиёрдирлар. Одамзод бахтиёр бўлмоғи учун жуда кўп тўсиқларни енгиб ўтмоғи керак. Лоақал ўзлигидан ўзиб, хокисору лоқайд, беғаму бепарво… Йўқ, йўқ… табиатдан, жамиятдан нималарнидир кутиб яшаётган одам асло хокисор бўлолмайди.
Ушбу фикр кўнглидан кечаркан, Азизиддин Насафийдан ўқиган бир ҳикмати ёдига тушди. Дарвеш, сен— кичик одамсан, бутун олам — бепоён олам, сен — ҳар икки оламнинг бир заррасисан. Дарвеш! Ўзлигингни англа, ташқи ва ички оламингни тушун. Зеро, англаш — бепоён оламнинг ибтидоси ва интиҳосидир… Бундан ўзга йўл йўқдир.
Насафийнинг ҳикмати чинлигига яна бир карра иймон келтириб, бошини кўтарди.
Ногоҳ, таажжубдан кўзлари каттариб кетди.
… и, ана, Ошиқнинг папоғи!
Бурксимон каттакон бир тош улкан харсанг чеккасида тўнтарилиб ётарди.
… ана, Ошиқнинг ўзиям чўзилиб ётибди. Бечора!.. Биқини билан тушган экан.
Чиндан ҳам, бурксимон тошдан анча юқорида одам-сиёқли бир харсанг яққол кўзга кўриниб турарди.
… Ўша тобда Ошиқ ниҳоят ўзини бахтиёр ҳис этган бўлса керак. Албатта-да! Ҳадемай руҳлари қовушиб-чирмашиб кетаридан умидвор бўлган ахир.
Хаёлидан ғалати манзаралар кечаркан, Ошиқ-Маъшуқнинг сўнгги лаҳзадаги аламли, армонли розлари қулоқларига оҳиста чалинаётгандек туюлди: модомики бу дунёсида бизга қовушиш насиб қилмас экан, кел, у дунёга бирга равона бўлайлик, Маъшуқам!.. Тану жоним билан сеникиман, Ошиғим!.. Кетдик, Маъшуқам!..
… ана, Ошиқ тошдан тошга, чўққидан чўққига урилиб, пастга учиб бораяпти.
Бехос даҳшатга тушиб, бирдан қичқириб юборади: Маъшуқааааа!..
Ва беихтиёр орқага қайрилади.
Кейин, Маъшуқанинг жонҳоври қочиб бораётгаиини кўриб турган қўйлар, кўзгилар, ҳатто шайтон эчкилар ҳам донг қотиб, аламдан тошга қўнишади. Ошиқ… чала ўлик Ошиқ эса Маъшуқанинг ногаҳоний хиёнатига бардош беролмай инграб юборадию, кўзларидан ёш аралаш қон тома бошлайди.
Ровий ривоятича ҳамон Ошиқнинг кўзларидан ёш аралаш қон томармиш. Ана, қаранг. Кояга кўтарилолган одам тошга айланиб қолган қўй-қўзилару эчкиларни ҳам албатта кўради.
… Чинмикан шу?.. Чин… чин бўлса керак.
Баланддаги одамсиёқли тошга киприк қоқмай тикилиб, унинг кўздек қорайиб кўринаётган иккита катта-катта тешигидан чиндан ҳам зардобга ўхшаш аллақандай бир суюқлик томаётганиии кўрди. Ҳар бир томчи чак… чак томаётиб, қуёш нурида ялт-юлт шуълаланмоқда эди.
Ногоҳ, ингроқ товушга тасалли бергудай, айни кезда хўрсиниқни ҳам эслатадиган инжа бир сас юрагига оқиб кираётганини ҳис этди.
… ёки чўққилар, қоялар оралаб эсаётган шабадамикан-а?
Секин сўқмоқдан кўтарила бошлади.
Бир маҳал, қияма текисликда, қовжираган ўт-ўланлар устига адёл тўшаб, қуёшда тобланиб ётган — ёпирай! — қип-яланғоч аёлларни кўрди. Кўрдию уялиб кетди… Тағин хиёл юргач, яна бир ялангликда холос овратпўш кийган уч эркагу уч аёлга нигоҳи тушдию, тўхтаб қолди. Улар бир-бирининг баданига нимадир суриб, бир-бирларини уқаламоқда эдилар.
Шу пайтда, наридан каттакон бир эчкиемар, тилини ўйнатган кўйи, кўзларини чақчайтириб, ўрмалаб ўтаверди. Унинг тили илонники цингари қорамтир, лекнн анча узунроқ экан. Унга қараб туриб, сесканиб кетди. Ортига қайтди.
Ҳамон ингроқ бир сас юрагига оқиб кираётгандек эди. Сўқмоқдан дара томон қайта ётиб, Ошиқ тоғ рупарасидаги Маъшуқ тоғига хомуш тикиларкан, Маъшуқа тўғрисида эшитганларини эслади, буни устига ёш хотин олганидан сўнг, Маъшуқа ҳув булутлар орасидан туманланиб кўринаётган қоядан ўзини пастга отган экан. Ҳали-ҳануз дара бўйлаб Маъшуқанинг оҳу фиғони бетиним-беқарор кезармиш.
… тунлари гоҳ йигит кулгига менгзаб туюлаётган товушлар чиндан ҳам… Одамнинг ишонгиси келмайди-ю, лекин… Қизиқ!
Ётоқхонага ҳорғин қайтаркан, тобора зерикаётганини сезди. Назарида, яйраб ҳордиқ чиқармоғи учун нимадир кам, лекин айни пайтда иималардир керагидан ҳам ортиқча эди. Айниқса, анов гули беорлардан шу қадар безорки, ҳар дақиқада қочворишга тайёр. Ажаб, агар ҳамкасабаси Анвар Охун шунақа жойларга келиб қолса, нима қилган бўларди-а?
Кўнглидан ғалати бир фикр кечди. Анвар Охунни зўравонлик билан бошлаб келиб, ўнг томондаги бўш хонага жойлаштирса-чи?…
Анвар Охун жуда ажойиб йигит. Бировнинг ҳақига, бировларнинг хасмига кўз олайтирадиганлардан эмас. Ҳафта сайин ишхонада арзон гўшт сотилятганда, бисмиллосиз сўйилган, деб олмайди ҳатто… Аммо, фақирнинг юраги хаста.
Бир қадар ҳаяжон ҳамда хаёлчанлик билан мармар зиналардан кўтарилаётиб, юқоридан чаққон тушиб келаётган йигирма ёшлардаги чиройли бир бўтакўз қизнинг йўлини беихтиёр тўсди. Ва ҳижолатангиз қизариб:
— Кечирасиз, — деди. — Сиз кеча келгансиз-а? Қиз сирма кўйлак-шим кийган, қадди-қомати зебо, бўта кўзлари осмон ранглигиданми янаям чақнаётгандек эди:
— Йўқ, — деди Бўтакўз, кифт учириб. — Бугун бешинчи кун… Нима эди?
Негадир баттар ўнгайсизланаётган эса-да:
— Нечанчи хонада турасиз? — деб сўради йигит.
Бўтакўз кулимсисираб, тағин кифт учирди:
— 555-чида, — деди.
— Э… 553-чининг рўпарасидами?.. Мен 551-чидаман.
— Билмас эканман. — Бўтакўз четланиб ўтмоққа чоғланаркан, саволчан тикилиб, яна ёқимли кулимсиради. — Мен сибирликман, — деди. — Туғма юрак қийноғи дардим бор. Шунинг учун ҳеч қачон турмушга чиқмоқчи эмасман. Йигитлар билан танишиш истагим ҳам йўқ… Марҳамат, яна саволингиз борми?
— Ташаккур! — деди Йигит кулиб. — Кутганимдан ҳам зиёдароқ жавоб бердингиз.
Йигит тавозе билан Бўтакўзга йўл бўшатди. … яхши бўлди! Анвар Охунни Бўтакўз билан таништириб қўяман.
«Время»дан сўнг, Йигит хонасига қайтди. Аччиқ чой дамлади. Шопирди. Кейин, юмшоқ курсига чўкиб, қўлига газетани олди, эринчоқлик билан варақлай бошлади.
Эшик тиқиллади.
Нохуш ўрнидан турди. Тўнғиллаб бориб, эшикни очди. Очдию, енгсиз, ёқасиз халатда кўзлари чақнаб турган Дўндиқчага нигоҳи тушиб, пешонаси тиришди, лекин мусулмончилик юзасидан:
— Марҳамат, — деди.
— Ҳа, қочоқ! — деди Дўндиқча жилмайиб. — Мана таклиф қилмасанг ҳам, ўзим келдим. Майлими кираверсам?
— Майли, кира қол.
Йигитнинг у қадар хушламаётганини сезгандек, Дўндиқча бир зум навозишли мунграйгач, саллона юриб, ичкарига кирди. Халати чўнтагидан шиғилдоқ қоғозга ўроғлиқ нимадир чиқариб, столга қўйди.
— Уф-ф! Ҳойнаҳой, ароқ бўлса керак.
Ўшандан буён, — бирга шаҳар кезгани таклиф қилинган кундал бери — Йигит унинг кўзига кўринмай юрган эди.
Йигит курсига ишора қилиб:
— Ўтир, — деди.
— Ўзинг курсида ўтира қол, мен бу ерга… — деб, Дўндиқча адёл ёпилган тўшак устига ўтирди.
… э, мол! Тўшакниям расво қилди.
— Бугун биз Полвон қояга чиққани борган эдик, — деди Дўндиқча. — Ажойиб! Салкам уч минг газ-а! Булутлар худди сочингизни, юзларингизни силаб ўтаётгандек. Шунақаям ёқимлики!.. Лекин қор учқунлаб тургани учунми, анча аёз экан.
Йигит чой қуйиб узатаркан:
— Чой ичсанг қизийсан, — деди.
— Йўқ, чой ичмайман, — деди Дўндиқча. — Конякни оч, ўшани ичамиз. Полвон қоядаги қаҳвахонадан сен учун олганман.
Йигит бош чайқаб:
— Менга тўғри келмайди бу, — деди. — Шунингсиз ҳам ўзи кечалари базўр ухлаяпман.
Дўндиқча истиғноли чимирилиб:
— Аёл сийлаётганда ношукрлик қилма, адабсиз, — деди.
Йигит хўрсинди. Мужмал кулимсиради. Сўнг, ноилож тиқинини очди. Пиёладаги чойни ичиб, озроқ коняк қуяркан, энди муқаррар нимадир рўи берарини ўйлади.
… барча касофатларнинг калити бу ахир.
— Ўйнашинг борми?
Дўндиқча, кўзлари нохуш чақнаб:
— Атайлаб жиғимга тегяпсан-а? — деди. — Жудаям билгинг келаётган бўлса, олдин оз-оздан ичайлик, кейин айтиб берарман.
— Майли!.. — Йигит чирт кўзларини юмиб, конякни кўтарди. Сўнг, яна пиёлага коняк қуйиб, Дўндиқчага узатди.
Дўндиқча кулиб:
— Халқлар дўстлиги учун!.. — деб, конякни секин симириб ичди. — Яхши экан-а?
— Билмадим… Негадир бу ўлканинг суви шўрроқ, мевалари нордон экан. Коняги ҳам шунақароқ шекилли.
Дўндиқча нимадир деди.
Аммо, Йигитнинг хаёлини негадир ён қўшниси Дуркунхоннинг ҳасратли ҳангомасию таъсирчан иқрори банд этган, лекин кўзларида эса Дўндиқчага йўналтирилгап савол ифодалари изғимоқда эди.
Дўндиқча, алланедир нашъа қилаётгандек кулимсираб:
— Майли, ким билан ҳамтавоқ бўлаётганингни билиб қўй, — деди. — Чала ярим эрим ҳам, чала ярим ўйнашим ҳам бор.
— Э, қизиқ-ку?!
— Ҳа, нега ажабланаяпсан?.. Конякдан қуй… Эрим ҳам, ўйнашим ҳам шунинг учун чала яримки, бизнинг россиялик йигитларни ароқхўрлик, хотинбозлик касали чинакам ёр ёшига етгунигача майиб қилиб қўяди. Ана кейин…
— Ўйнашинг борлигини эринг биладими?
— Албатта билади! Нега билмасин ахир — ёшман, чиройлиман, кейин… Ҳатто сенга очиғини айтадиган бўлсам, эрим ўйнашимни жуда ҳурмат қилади.
Бирдан йигит ғижиниб:
— Қўй, гапирма! — деди.
… даҳшат! Ахир, бу … Эркак учун бундан ортиқ хўрлик бўлмас. Йўқ, бу — касаллик эмас, бу — ҳалокат — ўлим талвасасидан олдин рўй берадиган муваққат карахтлик.
Йигит пиёлани тўлатиброқ коняк қуйди. Ичди.
Газак қилмади.
Дўндиқча мастона ўрнидан туриб, бирпас пешайвон ёнида хаёлчан тек қотгач, қизиб бораётганлигини айтди, сўнг:
— Чироқни ўчирсам майлими, азизим? — деб сўради.
— Шундоқ яхши эмасми?
— Салқин бўлади.
— Ихтиёринг.
Дўндиқча чироқни ўчирди. Хонани сутдек ойдинлик чулғади.
Рўпарада сирли жимирлаётган юлдузлар оралаб, оҳиста тўлин ой сузмоқда эди.
Дўндиқча тўшакка чўзилди.

* * *

Йигит гулдек аёлларнинг бу қадар беқадрлигини ўйларкан, ҳамон ён қўшниси Дуркунхоннинг ўша — ғамгин иқрори хаёлида сўнаётган шамдек липилламоқда эди.
Дуркунхон нимадир сўраб кирган пайтда Йигит тўшакда газета ўқиб ётган эди. Ўзидан билиб чиқиб кетар, деб турмади. Ётаверди.
Ниҳоят, Дуркунхон ишшайиб жойидан қўзғалди-да, чаққон эшикни қулфлаб қайтгач:
— Шунча ўзимни кўз-кўзлаганим етар! — деди…
— Худбин экансан. Бўл, нарироқ сурил!
Тун эди. Алламаҳал эди. Аммо, Йигит мутлақо бунақасини кутмаган эди:
— Чироқни ўчирмайсанми? — деди, негадир овозини ўзи аранг эшитди.
Дуркунхон эса хушҳоллик билан:
— Менга барибир, — деди.
— Эринг йўқми, Дуркунхон?
— Дуркунхонинг нимаси?
— Сенга ўзимча шунақа от қўйганман.
— Ҳм-м, яхши экан… Эрим бор. Полковник. Ҳарбий билим юрти бошлиғи. Биттагина қизим бор. Бу йил бешинчига ўтди. Ҳозир қизим Артекда… Биласанми, сенга очиғини айтсам, бу ёққа келганимдан кейин шундай бўлдим: кечалари ором олиб ухлаёлмайман — қулоқларимга ҳар хил товушлар чалинаётгандек, никоҳ тўйим бўлаётгандек, ҳали замон тўй тугайдию, куёвим билан ёлғиз қоладигандекман… Лекин қани ўша куёв?.. Энди ўзинг куёвим бўласан, жончиғим!
… на чора. Аммо, негадир кўнгилда ўлимтик ҳирсдан бўлак бирор бир ёқимли туйғудан асар йўқ. Йўқ!
Дуркунхоннинг баданидаги нозик тиртиққа ишора қилиб:
— Нима учун ундай бўлган? — деб сўради Йигит.
— А-а!.. — деди Дуркунхон, сўнг ҳушлар-ҳушламас қўшиб қўйди. — Доялар қорнимни ёриб, қизимни олишган.
Нечундир тобора Йигитнинг кўнгли ғашланмоқда эди.

* * *

Боғнинг овлоқ хиёбонидан юқори кўтарилиб боришаяпти. Атроф-теварак поёнсиз ўрмон каби қалин дарахтзор. Сийрак ялангликларда эса гулзорлар яшнаб кўзга кўринади. Намхуш ҳавода ёмғир исига омухта турфа гуллару асрий арғувонларнинг ўткир, ёқимли ҳиди анқийди. Қайрағочлару оққайинларнинг тилларанг барглари оҳиста пирпираб ерга қўнади. Гоҳо барги газонларни шитирлатганча ҳуркак олмахон эппиллаб йўлни кесиб ўтадию, дуч келган дарахтга тирмашиб, зумда кўздан ғойиб бўлади, салдан сўнг яна изига қайтиб, қўл етар баландликда тўхтайди-да, хўрак илинжида сергаккина мўлтираб тураверади.
— Ана, яна бир олмахон йўлимизни пойлаяпти, — деди Дуркунхон. — Ёнғоқдан қолдими?
— Кўпроқ олсак бўлар экан. Аттанг!.. Кўзмунчоқдек кўзларини мўлтиратаётган олмахонга орқадан келаётган бўйчан бир қиз кафтида писта тутди. Олмахон қирс-қирс писта чаққач, тағин юқорига ўрмалаб кетди.
Зинапоядан яна бир баланд сайхонликка кўтарилишди. Сайхонликнинг ўртаси гулзор! Одамлар гулзор оралаб, сайрона кезиб юришибди. Тарвақайлаган арғувонлар остига ўриндиқлар қўйилган.
Чеккароқдаги ўриндиққа бориб ўтирганларидан сўнг, Йигит:
— Сен сира ўйлаганмисан, кечалари уйқунгни бузаётган товушлар ниманики бўлиши мумкин? — деб сўради.
— Ахир, тоғ босими остида аъзои бадан қизиб, ҳадеб мияга қон ураверса…
— Йўқ, ундан эмас. Менимча, чиндан ҳам Маъшуқанинг арвоҳи туну кун дарада чирқиллаб юргандек!..
— Аҳ-ҳа, мантиғинг чакки эмас, — деб кулди Дуркунхон. — Руҳ мавзусида диссертация ёзсанг бўлар экан.
— Мен беҳазил гапираяпман.
— Мен ҳам беҳазил айтаяпман!.. Сен жуда ажойибсан…
— Полковнигинг кўриб қолса!..
— Менга деса генерал кўрмайдими! — деди Дуркунхон ва негадир бирдан маъюс тортди. — Кечир мени. Мен сени алдаганман… Эрим йўқ менинг.
… э, бечора!
— Қизинг-чи?
— Қизим бор. Қизим ақлли. — Дуркунхон хўрсинди. Бошини қуйи эгди — Эрим заиф эди. Юради деб ўйларди мени. Ахийри ажрашдик… Кейин бир куни уйга маст-аласт келдию, киндигимдан пичоқ тортворди.
— Бошдаёқ ростини айтсанг бўлмасмиди?
— Нима десам экан?.. Сен барибир мени тушунолмайсан… Биз ўз ихтиёримиз билан шу куйга тушибмизми?!
… бу қандай замона, булар бунчалар хору зор?!
Ушбу фикр кўнглидан кечгани ҳамоно, Йигит кўксида аччиқ бир оғриқча сезди. одамнинг хўрлиги келади-э!
Йигит туш кўрмоқда эди.
Тушида кўзларини очдию, ёнида афсонавий мннг кокилли илонни эслатувчи эчкиемарни кўриб, ўша заҳоти чирт юмди. Қимир этмай, таҳлика ичра ётаверди.
… тавба, эчкиемар хонада нима қилиб юрибди! Тўртинчи қаватда-я!.. Ёки, тоғ сўқмоғида эчкиемарга дуч келганим учун, энди кўзимга кўринаяптимикан?.. Қизиқ, шу пайтгача ҳар мақомда қулоғимга чалиниб уйқумни бузган ҳам манави маҳлуқнинг товушимикан-а?
Бир маҳал, тушки ҳуши уйғаниб, қадам товуши каби бир сас оҳиста қулоғига чалинди. Кўзларини очгиси келди, лекин очмади. Кейин, салдан сўнг, секин эшикнинг очилиб ёпилгани эшитилдими… эшитилгандек бўлдими — билолмади.
Ялт кўзларини очди хона тўлиной нуридан сутдек ойдин эди.
… жин урсин! Тезроқ бу ердан жўнаб кетиш керак… Ажаб, шу тобда Анвар Охун ўзининг 553-хонасида нима қилаётган бўлсайкин-а?
Айни шу дақиқаларда Анвар Охун ботинан бетоқатланмоқда, агар ҳамон рўпарасида хуморланиб ўтирган Бўтакўз малак хонасига чиқиб кетса, кундалик одатича, суюкли мунаққаша машғулотини бирпас давом эттирмоқчи, сўнг маза қилиб ухламоқчи эди.
… тур ахир, Бўтакўз, хонангга чиқа қол энди. Жуда оширвординг-ку!
Бўтакўз эса ҳайёрона кулимсираб:
— Ёлгиз қолишни истаяпсиз-а? — деди, — Тўғри топдимми, Анвар?
Анвар қизариб:
— Йўқ, нега?.. — деди. — Ухлашга улгурамиз ҳали. Уйқу — ўлим, деган мақол бор бизда.
— Жуда сермаъно мақол экан, — деди Бўтакўз. — Лекин сиз билан мен ўлим ҳақида ўйламаслигимиз керак.
— Бизга шундай ўргатишганки, чинакам мусулмон ҳар куни етти маҳал ўлимни тан олиши керак.
— Эҳ-ҳа, азобку бу, Анвар!
— Ким айтди снзга, мусулмонлик, роҳат, деб?
— Ахир, биз ўзимизга берилган имкониятлардан фойдаланиб, ҳаёт неъматларидан роҳатланмоғимиз керак эмасми?
— Тўғри, биз бунга ҳақлимиз. Аммо, Ислом таълимоти бўйича асл роҳат-фароғат у дунёда, бу ёқдагилари… ўткинчи. Яъни, биз бу дунёда биродарларимиз бахту саодати учун фидойнларча машаққат чекиб, ўткинчи роҳат-фароғатларга ружу қўймай, сабру қаноат билан яшамоғимиз керак.
— Бемаврид қартайиб қолган одамга ўхшайсиз, Анвар.
Анвар кулимсираб:
— Балки, — деди.
Хиёл жимликдан сўнг Бўтакўз туришга чоғланаркан:
— Айтмоқчи, сиз менга ваъда бермадингизку, эрталаб чўмилгани борасизми? — деди. — Биласизми, эрталаб чоғи кўл суви қандай бўлади — янги соғилган сутдек илиқ, сутдек майин!
Анвар чап кўксини сийпалаб:
— Айтганман-ку, менга мумкин эмас, — деди. — Қўйинг, тавонимга қолишингиз мумкин.
— Анвар, — докторларга ишонманг!… Улар мени йигирма йил алдашди туғма юрак ўйноқи касалинг бор, деб. Йигирма йил-а!.. Мен барибир уларга ишонмай, қишин-ёзин чўмилаверганман. Ана, ўзингизнинг хабарингиз бор-ку, уч кун қаторасига япон аппаратида текширишиб, ҳеч қачон сиз юрак ўйноқи касали билан оғримагансиз, дейишди.
— Менинг юрагимда чоклар бор экан-да…
— Гапирманг!.. Уларга эмас, кўпроқ Кашпировскийга қулоқ солиб, кўпроқ чўмилиш керак, Анвар, — деб Бўтакўз ўрнидан турди. — Эрталаб чўмилгани борамиз-а?
— Кўрамиз.
Бўтакўз хуш-хуррам жилмаяркан, эшик томон юриб:
— Эрталаб уйғотаман барибир, — деди. Анвар индамади.
— Яхши тушлар кўринг, Анвар!..
— Ташаккур!..
Анвар эшикни қулфлади. Ортига қайтди. Стол устидаги китобларга нигоҳ ташлаб, хазин энтикди.
… яна бир кеча ҳаром бўлди. Эсиз!..
Пешайвонга чиқди.
Ҳаво салқин, майин. Осмон эса юлдузлар билан чароғон. Ана, бир юлдуз визиллаб учиб, Маъшуқ қояси ортига ўтиб кетди. Ногоҳ кўл томонда сув шалоплаб, бир ҳовуч кумуш танга сочворилгандек, узоқдан ой нурида томчилар ялтиради.
Анвар хонага қайтаркан, бугун самарқандлик бир хонимча қўярда-қўймай анавинақа видео-кинога бошлаб кирганини ва кинодан қочиб чиққанию, сўнг кунбўйи ғашланиб юрганини эслади.
… қўтир эчкига ўхшамай ўлинглар-э! Тавба, нега булар бунақа-я!… Агар шу кунларда кўрган-кузатганларимни бир ҳикоя қилиб ёзсам, ҳойнаҳай жипириқилардан балога қолиб кетармано-ов!.. Лекин нимадир ёзмаслик… Ў, халқ бало, халқ доно айтсам ўлдирурлар, айтмасам ўлим!
Анвар шартта китоблар устидан дафтарни олди. Очди. Одатича, сатр бошидан уч юлдуз қўйиб, ёза бошлади.

* * *

Ҳикоя… Ҳикояда мақсад-муддао бўртиқлиги — сиқиқлик-ўқувтани эзиб қўйиши мумкин.
Мен шундай бир роман ёзишим керакки, унда воқеалар аралаш-қуралашлигидан гап нима ҳақда бораётганлигини дафъатан андай-мундай китобхон англаб етолмасин, токи у ҳаёт қадар бемаъни, ҳаёт қадар бешафқат бўлсин.

* * *

Ўз лаёқатини билолганлар — бахтиёрдирлар.
Анвар шундай деб ёздию, бекор гап, деб ўйлади. Кейин, бу ёққа келаётиб, бирор йигирма кунча ўз хаёллари билан ёлғиз қоларидан умидланиб суюнгани ёдига тушди. Энтикди.
Тағин ёзишда давом этди.

* * *

Одам ҳеч қачон ташқи кучлар азобидан қутулолмайди. Ташқи ва руҳий қийноқлардан қутулмоғи учун ҳеч бўлса одам эсар бўлмоғи керак. Бинобарин, бу дунёда одам озод ҳам, бахтиёр ҳам бўлолмайди.

* * *

Ёлғизлик — хомхаёлдир айниқса, ушбу замонда! Қулоқларингизга кўзларингиз орқали ташқи дунё бор булганчликлари билан миянгизга суқилиб кираверади, кираверади, кираверади. Ёки бекиниб олган маконингизга кимдир кириб келади, ёки бекиниб олган маконингиздан ночор-ноилож чиқасизу, нопок кимсаларга дуч келасиз, жирканч ғалваларга гувоҳ бўласиз. Оқибат, хаёлингизда яратган ёлғизлик оламингиздан яна мосуво бўлиб қолаверасиз.
1989 йил.

Анвар ўрнидан турди. Тунчироқни ўчирди. Ечинди. Сўнг тўшакка ҳорғин чўзиларкан, тағин нима жин уриб видео-кино томошасига боргани ёдига тушдию, кўнглида бир ғашликни ҳис этди.
… даҳшат, деб ўйлади энг муҳим санъатлардан бири анавинақа фоҳишабозликка чорлаб турса-я!.. Ҳойнаҳой кинода кўрганларини самарқандлик хонимча энди боплаб амалда қўллаётган бўлса керак. Албатта-да!.. Йўқ, ҳамиша одамларни итоатда сақлагувчи илоҳий бир куч-қудратли бир куч зарур экан… Хўш, эрталаб янги соғилган сутдек илиқ, сутдек майин кўлда Бўтакўз билан бирга чўмилгани борамизми энди, мулла Анвар?.. Бузилаяпсиз, мулла Анвар, бузилаяпсиз!
Бир маҳал туш кўра бошлади: осмон фалакда, оппоқ булутлар оралаб кинодаги момиқбадан қизлар билан сузиб юрганмиш.
Йигит кийиниб, пешайвонга чиқди. Сўлиб ётган гулларни четга суриб қўйди.
Эрталаб. Қоялар орасидан қуёш мўралаб, мўл-кўл нур сочаяпти.
Ғиштпарчин йўлкалардан ошхона томон тизилишиб бораётган одамларни кузатаркан, ғанимат ғамида ғалла ғарами сари ошиқлаётган чумолиларга, айни кезда уларни ўтлагани тақир яйлов тарафга йўл олган подага ҳам таққослаб, кулимсираб қўйди.
… ҳадемай ўзимиз ҳам улар сафига қўшиламиз… Бир тўда аёлларга бир гала эркакларни қўшиб… Бунинг нимаси курортмиш-а! Кимдан чиққан ўзи бунақа одат.
Бўйнини чўзиб, Дуркунхоннинг хонасига кирди: Дуркунхон пешайвон рўпарасида соч тарамоқда эди.
— Салом бердик.
Дуркунхон индамади. Тумшайди.
— В. И. Ленин ибораси.
Йигит атай бепарво оҳангда сўради:
— Нонушта қилгани бормайсанми?
— Ўзинг боравер.
Йигит аччиқ кулиб, ортига бурилди.
Хиёлдан сўнг, одамлар оқимига қўшилиб, ошхонага кириб борди.
Ошхона гавжум, лекин ҳамишагидай дастурхонлар ҳувиллайди. Тўйиш учун эмас, очдан ўлмаслик учун нимадир тановул қилиш мумкин.
Столга яқинлашаётиб, ҳамдастурхонига бош ирғаб ёқимли иштаҳа тилади.
Пойтахтлик Оппоқбика жилмайиб:
— Марҳамат, шоир жаноблари! — дсди. — Аччиқ айрон, ёрма бўтқа ва ҳоказо.
— Илтимос, кесатманг, — деди йигит. — Мен шоир эмасман.
— Ғалати экансиз-ку, — деди Оппоқбика қизариб. — Газетада ишлайман, деган эдингиз. Журналист… шоир барибир эмасми?
— Йўқ, барибир эмас.
— Мен… мени кечирасиз. Кўрмаяпсизми, емоққа арзигулик бирор вақо йўқлигидан сизга арз қилмоқчи эдим. Бизнинг номимиздан газетага фелетон ёзармикансиз деб.
— Салкам йигирма йил фелетон ёзганман, — деди йигит, таассуф билан бош чайқаб. — Фелетон билан ҳеч нимага эршииб бўлмайди. Фақат битта йўли бор ёппасига очлик эълон қилиш керак.
— Жуда тўғри! — деди Оппоқбиканинг рўпарасида ўтирган тепакал бақалоқ пишиллаганча, санчқини ҳавога ниқтаб. — Сиз ўзбекистонликсиз-а?
— Ҳа, ўзбекистонликман. Ўзбекман.
— «Литературка»да босилиб чиққан Ғойибовнинг сирли ўлимию марказлик терговчиларнинг кирдикорлари ҳақидаги фелетон тўғрисида қандай фикрдасиз?
— Журналист ҳақ.
Бақалоқ:
— Ана, айтмовдимми сенга! — деб, шериги — қирра бурун, қирқ ёшлардаги йигитга қаради. — Ҳали ҳаммаси фош бўлади… Ўша даврларда халқингизга қарши пухта ўйланган жараён бошланиб кетган эди. Ҳа-ҳа!.. Ҳали ҳаммаси фош бўлади. Мен сизларнинг республикангизда бўлганман. Биласизми…
— Бас! — Қирра бурун Бақалоқни гапиргани қўймади. — Ҳозир оғзингдан гуллайсану, кейин пушаймон бўлиб юрасан.
Орага жимлик чўкди.
Салдан сўнг Қирра бурун товоқни нари суриб, хайр маъносида бош ирғагач, вазмин ўрнидан тураркан, шеригига:
— Кетдик, — деди.
Бақалоқ узрчан кулимсираб, шошқалоқлик билан унинг изидан эргашди.
Улар хиёл узоқлашгач, Оппоқбика тақсимчадаги улуши — чақмоққанддек сарёғни узатиб:
— Марҳамат… Қўлимни қайтарманг, — деди. Йигит тўймаган эди:
— Раҳмат, — деди ва ёғни пичоққа илиб, нонга сурди.
Бир оздан сўнг Оппоқбика:
— Бақалоқ ошпазнинг гапига қараганда сизларда аёллар ҳамда болалар умуман гўшт ейишмасмиш, — деди. — Лекин кунора чойхонада эркаклар паловхўрлик қилишармиш. Тўғрими шу гап?
… суюқ. Аламзада! Парво қилмаганим учун энди заҳрини сочмоқчи. Чаён!
Йигит ёғ сурилган нон бўлагининг ярмини еган эди, қолган қисмини дастурхонга қўйди: Оғзидаги ризқини базўр ютиб:
— Ҳам рост, ҳам бўҳтон, — деди. — Ростлиги шундаки, чойхонада паловхўрлик қиладиган эркакларнинг халққа алоқаси камроқ. Уларнинг уйида ҳамиша бир пуд гўшт осиғлиқ туради. Бўҳтонлиги ҳадеб гапирадиган бўлсак, яқин ўтмишда ҳам хонадонлардаги хумларда ўз ёғига қовурилган қўйлар нимталаб босиб қўйилган бўларди. Кейинги йилларда эса жумҳуриятимизда аҳоли жон бошига атиги ўн килодан гўшт тўғри келаяпти. Бунга ким айбдор деб ўйлайсиз?
Оппоқбика кўзларини пирпиратиб:
— Тушунарли, — деди, сўнг. Машинангиз борми? – деб сўради.
Дафъатан Оппоқбиканинг муддаосини англаёлмай:
— Бор, — деди Йигит.
— Кўпчиликдами?
— Кўпчиликда.
Оппоқбика ғалати кулиб:
— Ана! — деди.
— Нима ана?! — деди Йигит.
— Демак, сизлардаги қандайдир ноқонуний даромад манбаи тўғрисидаги гаплар уйдирма эмас. Ахир, биргина маошнинг ўзига машина олиш мушкул-ку?!
… бу чаёнга нима деб жавоб бериш керак энди — бизнинг аёлларимиз болаларини чирқиллатиб курортларда бесар изғимайдилар, эркакларимиз болалари ризқидан қийиб шаҳарма-шаҳар кезмайдилар; аёлларимиз оддийгина кийинадилар, эркакларимиз икки юз сўмлик костюм тўғрисида ҳатто ўйламайдилар; фарзандларимиз бир-бирларининг кийимини кийиб улғаядилар: топган-тутганимизни йиғиб-териб тўйлар қиламиз, уйлар қурамиз: шулардан орттиб қолсак, ана ундан кейин машина оламиз, десамми? Аммо, барибир тушунолмаса керак бу чаён.
— Атрофиигизга бир кўз югуртирингчи, мана шу мингдан ортиқ дам олувчи одамлар орасида ўзбеклар жами беш киши чиқармикан?
Меровсираётгандек тағин Оппоқбика кўзларини пир-пиратди. Миқ этолмади.
Йигит индамай ўрнидан турди. Нимадир бўғзидан бўғаётгандек йўғриқиб кўчага чиқди. Сайрона кезаётганларни, ошиқона жуфтларни оралаб, четга ўтди. Олмазор ёнидаги ариқча ёқалаб, хомуш кета бошлади. Бир маҳал, оҳиста елкасига кимдир кафтини босди. Ўгирилиб қаради, кўмкўк кўзлари бир дунё ҳаяжон билан рўпарасида гулгун яшнаб турган сарисоч Гулойимни кўрди.
— Сезаяпсизми, бугун кечагидан ҳам иссиқ бўлади, — деди Гулойим қиқирлаб кулиб. — Каранг, қуёш қандай қиздираяпти.
Чиндан ҳам авжи саратон кунларидаги каби қилт этган шабада сезилмас, осмон тиниқ, уфқ томонда эса алвон булутлар сузмоқда эди.
— Тоққа чиқмаймизми?
— Тоғда нима қиламиз?
— Менда хитойларнинг гиёҳларидан тайёрланган ажойиб малҳами бор. — деб, Гулойим унинг билагидан олди. — Кўрасиз, баданни роса яйратади. Чиқамизми?
— Билмадим… Ҳамшаҳарлар билан бугун бир паловхўрлик қилмоқчи эдик.
Гулойим аянчли мунграйди. Йигит ҳазин энтикди.
… ҳа, шоир ҳақ мени хору расво қиладурғон бу кўнгилдир, бу кўнгил. (Алишер Навоий сатри).
Пўпаноқ тоғжийдаларининг олачалпоқ соясида давра тузишган. Ўртада шарқона дастурхон, пўлтони нон бўлаклари косалаб каржланган қовун, ёнғоқ, парракланган қази… Ошхонадан олинган иккита чинни товоқда эса оз-оздан палов қолган. Бир нечта шиша қувраган ўт-ўланлар орасида думалаб ётибди.
Базм авжида.
Аммо, негадир Анвар Охун пинҳона бетоқат, тезроқ давра тарқаса, Бўтакўз ёнига бормоқчи. Лекин, чамаси, ҳалибери давра давом этадиган. У эса нима қиларига ҳайрон, ўтираверсинми ёки?..
Даврада косагуллик қилаётган доғистонлик Мусулмонқул:
— Қардошлар, ичамиз!— деди. Тут шиннисидан тайёрланган ароқ бу. Зўр!.. Тўқсонга кирган отам ўз қўли билан тайёрлаган — табаррук. Олинглар, қардошлар!
— Шошма, Мусулмонқул! — деди қашқадарёлик савлатли йигит, доғистонликнинг кифтига шапатилаб. — Биз алкагол эмасмиз, оғайним. Қани, ким тост айтади, нима учун ичамиз?
— Мен айтам энди, мен! — деди самарқандлик хонимча, сархушликдан қувнаб, чайқалиб. — Я — интернатсиопалистка. Папам — чўқинган — рус, анийим — татарка, ўзим ўзбек натури, эрим — хахул. Интернационализм учун пит ичарга кирак, друзя!
— Олинг-э, қинизини гўмийн! — деди хоразмлик қовунчи мастона кекириб. — Интернасиёнализминиям садағаси гетай!..
Кадаҳлар жаранглади.
Кейин, газак қилмай, Савлат билан хонимча ўпишди.
— Эй, Хонимча, мен-чи?!— деди Қовунчи. — Жўжжингдан айнанайин, манга муччи бермайсанми ахир?!
— Ал… ал! — деди Хонимча, ғамза билан ёноғини тутиб. — Синда силоват ит инди, қияшим!..
Беихтиёр ёмон бир нарсани кўрган каби Анвар Охун юзини четга ўгирди.
— Эй, Охун, сан нечун бурнингни жийирасан, жўра? — деб сўради Қовунчи. — Оёғим сасимайди. Кунда икки маҳал жўрои алмаштираман. Ҳовва, ман бу юртлара ўйнаб-кулгани келганман, сўпилик қилгани эмас жўра. Ахир, ўзларингиз ҳар куни эрта азондан радиода қўшиқ айтасизлар-ку — Е, ич, ўйна, кул!…
Тўғрими?
Анвар Охун индамай бош ирғади.
… бузилаяпсан, мулла Анвар, бузилаяпсан, биродар. Мана, ўтирибсан-ку!.. Устига устак хаёлан Бўтакўз ҳузурига ошиқаёттанингчи?… Беъмани давралардан маъни изламоқчисан… Ёлғон, ёлғон, ёлгон!
Бирдан даврада кулги, қийқириқ янгради.
Анвар Охун сергак тортди. Ва даврада тамомила ўзининг бегоналигини ҳис этди. Сўнг, секин дарахтлар ортига ўтиб, давра томон элтувчи сўқмоқ сари юриб кетди.
Пешайвондаги ором курсида ясланиб, ботиб бораётган қуёш нуридан аллатовур шафақланиб кўринаётган кўлдан нигоҳини узмай, негадир йигит бу ёқларга келганигами ёки ҳануз кетолмаётганигами ўкинмоқда эди. Кўлда кимлардир яйраб чўмилишаяпти. Чўмилгиси келди. Аммо…
Аммо, алланечук асаблари таранг. Кўнгил ғаш. Боз устига нимадир мовмушук каби дам кўксини тирнаб дам иштиёқ билан гажиётгандек.
— … аямай ғажи-э, лаънати!… Кизиқ, сезги бирламчими ёки идрок? Қаеринг оғриса жонинг ўша ерингда. Бу гап сезги азобига алоқадор. Ундан дори-дармон билан қутулиш мумкин, вақт ҳам малҳам хизматини ўтайди, жароҳат битиб кетади. Аммо, идрок азоби, идрок қийноғи-чи?
Бу ёққа келаётиб, рўзғор ташвишларию турфа ғалвалардан маълум муддат озод бўларига ишонган эди.
Бироқ, мана, билаяптики, озод бўлолмас экан — юраги қаъриданми, миясининг теран қатламларидами ўртагувчи ннмадир бетиним ғимирлаётгандек. Тўғри, келганига неча кун бўлди — бир ҳафтами, ўн кунми — келганидан бери, йўқ… аллазамонлардан буён ушбу дарада тутқун каби кун кечираётгандек.
… демак, идрок бирламчи. Зарур нимадир етишмаётгандек жисму жонимда беадад бир оғриқ кезаяпти. Хўш, нима бўлиши мумкин ўша — зарур нимадир?
Оташин хўрсинди.
Дарвоқе, муҳит бирламчими, ахлоқ? Албатта, ахлоқшунос, ахлоқ бирламчи, деб ишонтиришга ҳаракат қилади. Лекин…
Ҳамон нигоҳини шафақранг кўлдан узмаган эди. Кўнглидан бошқа бир фикр кечаркан, беихтиёр қаддини тиклаб, тобора кўзлари каттарган кўйи, кўлга тикилиб қолди.
… ана, кимдир чўкиб кетди. Ий-э, мулла Анвар шекилли! Ҳа, айнан ўзи! Ўшанинг ўзи!.. Ана, Бўтакўз! Бўтакўз уввос солиб, зир югураяпти. Кўл тевараги одамлар билан тирбанд бўлиб кетди.
Йигит ирғиб ўрнидан турди. Пешайвон панжарасидан маҳкам ушлаб, яна хиёл фурсат кўл томон тикилиб қолдп. Ғалати кулимсиради, кўл теварагида ҳеч ким йўқ. Одамлар… беғам-бепарво одамлар қатор тизилишиб ошхона сари ўтиб боришмоқда эди.
Юқоридан одамларга назар соларкан, негадир тағин кулимсиради.
Шу пайтда бекатга автобус келиб тўхтади.
… бас, кетиш керак. Эрмак ҳам тугади — мулла Анвар чўкиб кетди… Бунақада ақлдан озиш ҳеч гап эмас. Ана, автобус тайёр. Бирор соатларда, майли икки соатда бўлсин, аеропортга элтиб қўяди. Чипта масаласи бир гап бўлар. Жўнаш керак!
Йигит шартта хонага кирди. Шошқалоқлик билан кийимларию лаш-лушларини йиғиштириб, жомадонига жойлади. Сўнг саросар эшикни қулфлаб, пастга тушди. Пайпоқ тўқиб ўтирган дарбон кампирчага калитни топшириб, жўнаб кетаётганлигини айтди. Хўшлашиб кўчага чиқди. Танишлардан бирортасига дуч келмаганига суюнди. Ва югуриб бориб, автобусга кирди. Салдан сўнг кўл ёнидан ўтишаркан, янаям сирли-сеҳрлидек туюлаётган сокин кўлга хомуш тикилиб, паришон бош ирғади.
Мулла Анвар — жўражон, эрмак учун сени хаёлан бу ёқларга олиб келдиму, мана, энди ўзим қочиб кетаяпман. Агар мабода палакат босиб бу томонларга кела қолсанг, сувга чўкиб ўлмасанг ҳамки, бўғилиб ўларинг тайин экан, жўражон!.. Ҳайрият… ҳайрият! Алвидо, Ошиқдара!…
Бирдан автобус ичини нимтатир қоронғилик чулғаб, димоққа намхуш, хушбўй эпкин урилди. Энди автобус асрий чинору арғувонлар билан қуршалган нишаб йўлдан кўтарилиб, тобора Ошиқдарадан узоқлашиб бормоқда эди.