Қайноқ гармсел ҳар қутурганда, шаҳарча қуюқ тўзон ичида қолади.
У бийдек даштнинг қоқ киндигида бўй ростлаган бу шаҳарчани ер юзидан супуриб ташламоққа аҳд қилгандек, тўлғониб, юлқиниб қуюн уюриб эсади. Сўнг шиддати андак сусайгандек бўлади-да, тағин янгидан куч олиб, кўп қаватли қизғиш ғиштин уйлару кўкка найзадек санчилган қувуридан куну тун кўкиш-қорамтир тутун аримайдиган корхонанинг катта-кичик, баланд-паст биноларини қайноқ нафаси билан ялаб, шаҳар кўчалари бўйлаб оч бўридай изғирган, ўткинчиларнинг юзи-кўзига қум сочгани етмагандек, қандайдир мўъжиза билан омон қолган йўл бўйидаги яккам-дуккам дарахтларга ёпишади, улар вужудидаги охирги намликни сўриб олиш пайида куйиб-пишади.
Гармсел азалдан яшил рангни ёмон кўради.
Дашт сап-сариқ.
Шаҳарча ҳам шу тусда.
Дарахтлар эса яшил доғдек жуда хунук кўринади кўзига.
Яшил рангга эса, синглиси — сарин ел ўч. У кўкламда уйғониб, саратонгача даштда жавлон ураркан, борлиққа баҳор нафасини уфуради. Бу пайтда қайноқ гармсел қирнинг гадой топмас бирор ўнгирида биқиниб ётади. Ҳаво қизиб, сарин ел олисдаги тоғлар бағридаги арчазорга чекиниши билан гармселга жон киради. Тўшов узган айғирдек ирғишлайди. Майсаларни қуритиб, чечакларни қақшатиб, шундай қутурадики, унинг ўтли нафасидан яшил борлиқ сарғиш тус олади. Кўча бўйларидаги ариқчалар қуриб, ўт-ўланлар хас-хашакка айланади. Қисқаси, акаси — куз шамоли қўзғолгунга қадар, у даштда танҳо ҳукмрон — яшил тусда неки бор, барини қуритиб, маҳв этмоққа уринади.
Ҳар йили шу ҳол, шу аҳвол.
Бироқ бу сафар шундай бир синоат юз бердики, тонгданоқ ер-кўкка оташ пуркаб келаётган гармсел ҳайратдан бир лаҳза донг қотди. Қайноқ нафаси ичига уриб, бир қалқиб тушди. Сўнг кўзларига ишонмай, айланиб-ўргилиб боқди.
Йўқ, кўзлари алдамаган.
Шаҳарчага кираверишдаги тўрт қаватли бинонинг чап қанотида, оппоқ ҳарир парда тутилган энг қуйи дераза тагидаги кафтдек ерда бир неча туп атиргул чамандай очилиб турарди.
Қип-қизил!
Шаҳарчага хос бўлмаган ҳол эди бу.
Сарин елнинг эркаси бўлмиш бу гуллар, ўзларига не бало кўз тикиб турганидан мутлақо бехабар, тонг нурларини хушнуд қаршиламоқда эди. Гармсел уларнинг бу навозишидан қаҳ-қаҳ уриб кулди. Қайноқ нафас уфуриб кулди. Оқибат, кечга томон атиргул япроқлари шалвираб тушди.
У тантана қилди.
Аммо эртаси гулларни тийрак ҳолда кўриб, таажжубдан гармселнинг эси оғиб қолаёзди. Бу жумбоқнинг тагига етмоқ ниятида, чир айланаркан, тунда ва тонгда гуллар суғорилганини пайқади, билдики, атиргуллар даштдаги ҳимоясиз чечак эмас, меҳрибони бор уларнинг.
Қайноқ гармсел шундагина илк бор киши хонадонига мўраламоқ истагини туйди. Оппоқ тўшакда пиш-пиш ухлаётган қизчаси тепасида хаёлчан ўтирган хушрўй жувонга кўзи тушди. Негадир ғамгин эди у. Шаҳарчага бегона, гармсел илгари уни ҳеч учратмаган. Ётлиги — шаҳарча аҳлига хос лоқайдлик йўқ эди чеҳрасида. Туриш-турмушидан нафосатга мойиллиги сезилиб турарди. Ҳаётга ташна, ўз навбатида, ғоят маъюс эди.
У гоҳ жувонга, гоҳ сув тўла стаканга солиб қўйилган бир дона атиргулга, гоҳ ҳарир парданинг бежирим бурмаларига, гоҳ тўшакда беғам, беташвиш ухлаётган қизалоқнинг лўппи юзларига ўшшайиб тикиларкан, бирдан ғазаб-ла ичкарига интилди. Аммо унинг бу ҳаракати дераза ойналарига беҳуда бош уриш билан чекланди. Кейин беихтиёр жувоннинг хаёлига эргашди. Шу пайтгача ўзини энг тезкор деб биларди. Ахир дашт бағрини қовжиратиб, қир-тўшини қақшатиб, шаҳарчани тўзонга буркаш унинг учун бир лаҳзалик иш эди-да. Буни қарангки, жувоннинг хаёли ундан учқур чиқиб қолди.
У қизчаси бошида қолган жувоннинг хаёлига эргашиб, унга зўр-базўр етишиб елди. Хаёл уни кўм-кўк водий бағридаги ям-яшил қишлоққа бошлаб келди. Бироқ бу ерда унинг шашти пасайди. Негаки, бу ўлка катта синглиси — майин шабада тасарруфида эди. Синглиси бўлиқ бошоқлар бошини сийпаб, кўм-кўк дарахтлар япроғини ўйнаб, бу томонга йўл йўқлигини назокат ила англатди. Кўз ўнгида ястанган ям-яшил манзарадан ториққан гармсел синглисидан жувоннинг кимлигини сўради. Деразаси тагига гул экиб, ёмон ғашига тегаётганидан нолиди.
Майин шабада дарахт япроқларини эркалаб, ариқ бўйидаги майсалар бошини силаб, маъюстоб бир ҳолатда қишлоқ ҳовлиларидан бирига имо қилди.
Гармселнинг оловкор кўзлари ўткир эди. У ҳовлида ивирсиб юрган қандайдир бир йигитни кўрди. Унинг дидсиз ва ҳиссизлигини бир қарашдаёқ илғади. Аммо бирор ёмон маъно топмади. Ахир ўз ҳудудидаги шаҳарчада бу хил кимсалар ким қанча. Шу боис, синглисининг маъюс тортишидан ўзича кулди. Фахмлагани шу бўлдики, жувон бу хонадонга сиғмай қишлоқдан бош олиб кетган. Унга қолса, жувон дунёнинг нариги чеккасига улоқиб кетмайдими. Неча пуллик иши бор бу билан унинг. Ёқмаётгани, деразаси тагидаги атиргулларга нисбатан бўлакча меҳри эди.
Ўша атиргулларни қовжиратмаса, кўнгли сира жойига тушмаслигини бот сезган гармсел, синглисига хайр-маъзурни насия этиб, шиддат-ла изига қайтди. Қир бетидан ялаб, яйдоқ даштдан супуриб олган тўзонни шаҳарча устига сочаркан, дераза тагидаги гулларга шу қадар ғазаб билан ташландики, унинг бу бемисл қаҳридан дала чечаклари зумда қовжираб тушган бўларди. Атиргуллар эса пинак бузмади. Бунга сари, гармселнинг жувонга нисбатан адовати орта борди. Негаки, жувоннинг қарови бўлмаганида, атиргул деганлари бир кундан ортиғига бардош беролмасди-да. Бундан ҳам ёмони, жазирама иссиқ туфайли ланжлик балосига йўлиққан шаҳарча аҳли жувондан ибрат олгудек бўлса, шаҳарча гулга тўлиб, бу ҳудуд ўз-ўзидан синглиси майин шабада тасарруфига ўтиб кетиши мумкин.
Бунга эса чидаш қийин.
Гармсел ҳадик оғушида шаҳарчани бир айланиб чиқди. Йўқ, ҳавотирли ҳеч нарса илғамади. Деразаларини қалин пардалар билан тўсиб олган шаҳар аҳли ўша-ўша ланж ва мудроқ ҳолатда эди.
Ҳатто итлар қимир этмас, қушлар қанот қоқай демасди.
Бутун борлиқ жазирама иссиқ измида, ёлғиз атиргулларгина оловдай яшнаб турарди.
Кейинги тонгда даштдан қувват олиб, шаҳарчага ошиқаркан, одатдагидек, кўчаларда изғиб, бинолар сиртини ялаб-юлқади. Узун қувурдан бурқсиётган тутунни тўзонга қориштирди. Чангга беланган кўримсиз дарахтлар юрагига ваҳима солиб ўтди. Қаровсиз болалар майдончасида қуюн кўтариб, бамисоли илондай эшилиб, тўлғаниб, беармон ўйнади.
Ва сўнг бирдан яна атиргулларни эслаб қолди.
Улар томон ошиқди.
Бинони ёнлаб ўтаётганида, тўртинчи қават деразаларининг биридан ўғринча улоқтирилган чиқиндилар гармселнинг қанотига илашди. Гармсел бир юлқиниб, уларни чор-тарафга сочиб юборди. Қоғоз парчалари, пиёз қобиқлари ҳавода ўйнаб, эт ва балиқдан бўшаган консерва банкалари ерга думалаб кетди.
Бу хил чиқинди итқитишлар гармселга таниш ҳолат бўлгани сабабли, у бундан ажабланиб турмади. Аммо атиргул пуштасига тўкиб кетилган чиқинди уюмига таассуф-ла тикилиб турган жувонга кўзи тушгач, юз берган бу воқеадан ўзида йўқ қувониб кетди. Ғайрати жўш уриб, гулларга ёпишганди, чиқинди уюмидан бадбўй ҳид таралди. Жувон оғзи-бурнини тўсганича ортга чекинди. Сўнг уйидан челак ва супурги олиб чиқиб, тўкиндиларни супуриб-сидираркан, орада қаддини тиклаб, зич ёпиқ деразаларга бир-бир кўз ташлаб чиқди. Жувон, буни биров атай тўккан, деган гумонга борганди. Гармсел унинг бу ўйидан кулди. Билдики, жувонга бировнинг қасди йўқ. Шунчаки эринчоқ қўшниларидан бири ниридаги тўкиндихонага боришга эриниб, челагини гуллар тагига ағдариб кета қолган.
Пана-да, биров кўрмайди.
Ўша кундан эътиборан, у деярли ҳар тонг жувонни атиргуллар ёнида ғамнок ҳолда учратадиган бўлди. Ва қарамасданоқ англардики, яна кимдир гул пуштасига чиқинди тўла челагини ағдариб кетган. Атиргулларни қовжиратиб, суюкли туси, сарғиш ранг қатига сингдиролмаслигига аллақачон фаҳми етган гармселга бу жуда қўл келганди. Эндиликда у аламини жувоннинг изтиробга тўла нигоҳини томоша қилиш эвазига босадиган бўлди.
Жувоннинг аламнок кўзлари эса ҳар сафар қатор деразалар бўйлаб беҳуда кезинарди. Ўнлаб хонадонлардан иборат бу уйдан айбдорни топмоқ маҳол эди. Охири у ҳайбатидан от ҳуркадиган қўшниларидан бирига дил ёрмоққа мажбур бўлди.
Ҳозиргина муюлишдаги пастқамгина емакхонадан еб-ичиб чиққан кимса жуда бепарво эди. У тишини кавлай-кавлай, бир гулларга, бир жувонга тикиларкан, на гулнинг бўйини сезди, на жувоннинг дардини илғади. Қайноқ ҳавода нафас олмоқнинг ўзи душвор бўлиб турганида, қулоғига гап кирармиди. Кимса ҳиссиз нигоҳини қайта гулларга тикаркан, қисталиб турган эмасми, туйган бирдан-бир истаги шу бўлди: “Енгиллашиб олмоққа зап пана жой экан-да, лекин…” Сўнг тушга яқин зиёфатга айтилганини, унгача бир зумгини мизғиб олиши лозимлигини ўйлади. Унинг бу қадар боқибеғамлиги гармсел томонидан қайноқ “ўпич” ила тақдирланди. Бундан бетоқатланган кимса ўзини салқин йўлакка урди.
Гармсел эса тинмай қутуришда давом этарди. Шаҳарчани тўзонга буркаб, беармон чарх урарди. Борлиқ ёлғиз унинг измида эди.
Фақат атиргулларгина …
У тонгларнинг бирида шаҳарча чеккасида қизчасини етаклаган жувонга дуч келди. Ажабсиниб, шаҳарчани бир қур айланаркан, атиргуллар ноласидан, жувон шаҳарчани бутунлай тарк этаётганини пайқади. Бу хил нолаларни сезмоққа инсон боласи ожиз. Гармсел эса ҳар балони англарди. Жазирама иссиқдан инграшаётган дарахтлар оҳини, қақраган ариқлар зорини, яшил майсалар фарёдини, қисқаси, ҳамма нарсани англарди, фаҳмларди.
У тантанавор қаҳ-қаҳ урганча дастлаб жувонга ёпишди. Этагидан тортқилаб, юзи-кўзига қум сочиб, обдон аламини олди. Сўнг эгасиз қолган атиргуллар томон елди. Гулларни тортқилаб, тагидаги чиқиндиларни сочқилаб ўйнамоқни бошлади.
Шу пайт эшикда челак кўтарган бир йигитча пайдо бўлди. У эринчоқ ҳаракат-ла эшикдан берида тўхтаркан, челагини ерга қўйиб, сигарет тутатди. Сўнг кенг майдонда бир-бирларини қувлашиб ўйнаётган майда қуюнларга, тўкиндихона теварагида ўралашаётган итларга, тошйўлакни деярли тўсиб қўйган пачоқ машинага бирин-сирин боқаркан, кир оламга кўниккан лоқайд нигоҳи гармсел исканжасида тўлғонаётган атиргулларни четлаб ўтмади. Шу орада бир зумга узилган кўзлари қайта гулларга қадаларкан, бу сафар хийла узоқроқ тикилиб қолди. Четдан қараганда, у гулларга маҳлиёдек эди. Аслида эса, у гулларни эмас, улар тагига тўкиб кетилган чиқиндиларни кўриб турарди.
У наридаги тўкиндихонага ўшшайибгина қараб қўйди-да, сўнг челагини кўтарганча, гуллар томон зипиллади.
Қайноқ гармсел эса ҳануз тинмай қаҳ-қаҳ урар, у ҳар қаҳ-қаҳ урганда, кўкдан тўзон ёғилиб, ердан чанг қўпарди…