Бир марта юрак хуружини енгиб ўтган ёзувчини авайлашарди, аммо у саратоннинг қоқ ўртасида саратондан вафот этди. Ўшанда касалхонада унинг ёнида ҳамширадан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Ҳамшира ҳартугул, адибни танир, ҳикояларини ўқиган, шу сабабдан бошқа беморлардан кўра унинг ёнида кўпроқ бўлар, оғзидан бирор сўз чиқармикин, деб ҳалак эди.
− Аёлингиз келди, ичкарига кирсинми? – унга берган охирги саволи шу бўлди.
Адиб бошини сарак-сарак қилди. Аммо эшикдан кўзларини узмади.
Фарзандлари етиб келганида у аллақачон вафот этганди. Оиласи кўп куйинди: у нафақат ёзувчи, балки ота сифатида ҳам меҳр қозонишга улгурганди.
Адибнинг мармарга ўйиб ишланган бюсти илиқ тупроқ узра оғриқлардан халос бўлганидан мамнундек жилмайиб турарди. Ёзувчининг қабрини кунда, кунора мухлислари зиёрат қилиб турарди.
Бир куни қабр ёнида бир талай мактублар пайдо бўлди.
− Сизга ёзган, аммо жўнатмаган мактубларим, — деди уларни олиб келган аёл хўрсиниб.
Марҳумнинг ортидан ўлиб бўлмайди. Кунлар ўтиб ёзувчининг мухлислари бошқа муаллифларнинг китобларини ўқий бошлашди, йил ўтиб оиласи ҳам ўз орзу-ташвишлари билан бўлиб, бинойидек яшаб кетди. Фақат ўша аёл унинг қабрини ҳар куни зиёрат қилиш, ҳақига дуо ўқишни канда қилмади. Қўлидан унинг китоблари тушмас, ёзган асарларини ёд биларди.
Ёзувчи таваллудининг олтмиш йиллиги муҳташам залда ўтказилди. Адиб бу ерга кўп келган: бошида тўгаракларга ҳаваскор сифатида қатнади, сўнг иқтидорли қаламкашга айланди, йиллар ўтиб илк китобининг тақдимоти ҳам шу ерда ўтди. Аммо кейинчалик у танилишга, олқишларга, обрўга қизиқмай қўйди. Адабий муҳитдан узоқроқда хотиржам ижодини давом эттирди. Ёлғизликда ёзган асарлари одамлар меҳрини қозонди. Унга олис-яқиндан хатлар кела бошлади. Хатлар ичида уни янги асар ёзишга ундаганлари талайгина эди, аммо хатлар эгалари орасида ичида биттаси азиз эди.
…Бугун мухлисларнинг мактубларини олиб келган адибнинг рафиқаси сўз беришларини ҳаяжон билан кутяпти. Катта зал машҳур ёзувчию шоирлар, раҳматли эрининг мухлислари, шогирдлари билан гавжум, фарзандлари ҳам олд қаторда оталарини ёдга олаётган ижод аҳлининг эътиборидан мамнун, фахрланиб ўтиришарди.
− Раҳматли турмуш ўртоғим адабиёт учун ҳаётини бағишлаган эди, — дея адибнинг рафиқаси газеталарда босиладиган интервюлардаги ёд бўлиб кетган жумлаларни такрорлай бошлади. — Оиласига ғамхўр эди. Кечаларни тонгга улаб ёзган романларини бугун халқ севиб ўқимоқда. Ҳа, мен ҳамиша ёнларида бўлардим. Китобларини дастлаб ўзим ўқиб чиқардим, ютуқ ва камчиликларини айтардим. Ҳозир ҳам кутубхоналарига қўл теккизганим йўқ, қўлёзмалари шундоқ иш столида турибди, гўё бир кун эшикни очиб кириб келадигандек, тугалланмаган ҳикоясини якунлаб қўядигандек туюлади менга…
Шундан сўнг аёл мухлисларнинг хатларидан парчалар ўқиб берди. Қарсаклар янграгач, кўзларига ёш олиб жойига қайтди. Қанийди, шу эътибор, шу обрў тириклигида бўлганида, хаёл қилди у, яхши яшаган бўлармидик!..
Бир пайт эшик ёнидаги ўриндиқда ўтирган ғамгин аёлга кўзи тушди. Аёл шу заҳоти унга тикилиб қараб турган кўзларини яшириб, рўмоли билан юзининг ярмини ёпгандек бўлди. Адибнинг рафиқаси қизаринди. Юрагининг бир чети увушди. Қўлидаги хатларни қаттиқ сиқа бошлади. Иккинчи гал қараганда ўриндиқда ҳеч ким йўқ эди. У бир оз тин олиб, яна хотира кечасини кузатишда давом этди. Кузатаркан, ҳаётининг бир қисми кўз ўнгидан ўтди.
* * *
− Бу ёзганларингиздан бир тийин ҳам фойда йўқ! – аёл жаҳл билан тунги қораламалар устига тап этиб урди. — Сиз ҳам бошқаларга ўхшаб уй солсам, машина олсам, хотинимни чет элларга обориб айлантирсам демайсиз! Билганингиз фақат китоб, ёзганингиз фақат китоб!
У ихчам кутубхонага қараб қўлини бигиз қилди:
− Ош-нон бўладими булар? Ҳатто шогирдингиз ҳам бугун давраларнинг тўрида ўтирибди шеър ўқиб!
− У шогирдим эмас, — бепарво жавоб қайтарди адиб.
− Уйимизга келганмиди, китобига сўзбоши ёздириб кетганмиди? Биринчи китоби чиққанмиди ўша ерда? Мана, энди сизни чангида қолдириб кетдими?
− Омадини берсин.
− Сиз ҳам нега дача олмайсиз, нега навбатда туриб уй олмайсиз?! Ёзувчиларга берилаётган имкониятлардан фойдаланиб қолмайсизми? Битта шеър ёзиб, қиммат мошинли бўляпти одамлар. Нечта китоб ёздингиз шу чоққача? Еттита! – эрининг жавобини кутмай яна шанғиллашда давом этди у. – Нечтаси чиқди? Иккита, холос! Гонорар олдингизми шунга? Йўқ! Нима эмиш, пул учун ёзмайманмиш! Нима кераги бор унда, бу китобларнинг? Ишлаётган газетангиз кошки тузукроқ ойлик тўласа.
Адиб бу гапларни тинглаш ўрнига бош қашиб, қоғозга ёзган жумлаларни ўчириб, қайта ёзишга киришди.
− Жим тур озроқ. Якунлаб олай.
− Аввал саволларимга жавоб беринг!
У ноилож бошини қоғоздан кўтарди:
− Мен уй олиш, машина миниш учун ёзмайман. Сен барибир тушунмайсан. Агар шу мақсадда ёзганимда… йўқ, тасаввур қилиш қийин буни. Данғиллама ҳовлию, машина керак десанг, эртагаёқ хорижга кетаман. Уч-тўрт йил мардикорлик қилиб, топиб келаман шу пулни. Лекин зинҳор, айтиб қўяй, зинҳор сатрларидан мой оқиб турган унақа асарлар ёзмайман, тушундингми мени!
Эрининг аҳён-аҳён чиқиб турадиган жаҳли аланга олаётганини сезган хотин индамади. Бир галги юрак оғриғи уни чўчитиб қўйганди. Ахир, фарзандлари ҳали ёш… Эри ҳали бардам, вақти келса бўлар данғиллама уй ҳам. У қўлидаги сочиқни бир силтаб ошхонага кириб кетди.
Адиб ўша оқшом ухлолмади. Ёзолмади ҳам. У хабар кутарди. Шу хабарлар унга илҳом бағишлаб тургани учун айни пайтда, унга жудаям зарур эди. Онда-сонда келадиган бу хатларга адиб ҳеч қачон жавоб ёзмаган. Шундай бўлса-да, хабар келаверарди. Айни зарур, айни муҳтож пайтида янги хат ҳар галгидек умид чироғидек порлаб турарди.
“Азиз адибим!
Сизнинг “Тирик одам” номли ҳикоянгизни яқинда журналда ўқиб қолдим. У юрагимга малҳам бўлди. Мендаги иккита китобингизда бу ҳикоя йўқ эди. Қўлимдаги китобингиз бир бўлдию, янги ҳикоянгиз бир бўлди. Романга тенг ҳикоя! Бош қаҳрамонда ҳудди ўзимни кўрдим. Биласизми, мен ҳам атрофга боқиб тирик одамлар бормикин, деб кузатаман. Кўпинча тополмайман. Ҳаммасининг қалби сўнганга ўхшайди. Сизнинг тирик одам эканингизга шубҳам йўқ. Сиз билан сира гаплашмаган бўлсам-да, аммо энг яқин дўстимсиз. Илтимос, яна шундай ҳаётбахш ҳикоялар ёзишда давом этинг. Сизга бу йўлда чидам, омад тилайман. Ҳурмат билан О.”
Ёзувчи “Тирик одам” ҳақида эслади. Кўп марта рад этилган бўлса-да, ниҳоят босилди. Уни ёзгунча бир ҳафта ишга боролмай, хонасидан чиқмагани, эвазига хайфсан олгани, хотини эса болаларни эргаштириб уйдан кетиб қолганини эслади. Уларда айб йўқ. Нима қилишсин, газетага ҳар ҳафта мақола, бола-чақасига эса эътибор керак. Ахир, улар ҳам тирик одам…
Ниҳоят, у галдаги мактубга жавоб ёзишга қарор қилди.
“Азиз О!
Мактубларингизни доим ўқийман. Улар менга ижодий рағбат бағишлайди. Баъзан ёзишни ташлайман дейману, сиздан “янги ҳикоялар кутяпман” деган хабарингиз келиб қолади. Яна ёзгим келади…”
У хатга ўй-хаёлларини, изтиробларини қўшиб битди. Енгил тортаётганини, ғамлари кўнглидан ариётганини ҳис қилиб битди. Мактубни жўнатганида тонг оқариб қолганди. Кўзларини юмиб бир лаҳза тин олгач, почтасида янги хабарни кўрди. Мактублар мактубларга уланди…
Бир куни адибнинг рафиқаси унинг иш столининг чангини артаркан, очиқ қолган компьютер почтасида “тинг” этиб келган янги хабарга кўзи тушди. Бир талай электрон хатлар асосан бир одам – О.дан келган эди.
“Азиз ёзувчим!
Янги романингизни қисқа тафсилотини жўнатибсиз. Биласизми, менда бош қаҳрамон – аёлнинг ўтмиши борасида эътироз пайдо бўлди. Аввало, турмуш ўртоғи вафот этиб, китобларга боғланиб қолган бу аёлни жуда чиройли ва ҳурлиқодек тасвирлаяпсиз. Менингча, ғамхўр одамидан айрилган аёл сўниб боради, айниқса, кун бўйи китоблар билан сирлашиб ўтирса. Гул-гул яшнамайди. Уни ёқтириб қолган эркак эса биринчи навбатда суратига эмас, сийратига ошиқ бўлиши лозим. Бир кўришдаги муҳаббатга ишониб бўлмас. Бу борада ўйлаб кўринг. Истасангиз, аёлнинг руҳий ҳолатини чизишда сизга кўмак бераман. Айтганча, мен сиз қатнайдиган кутубхонада ишлайман. Сизни бу ерда кўп кўрганман, балки мени танимассиз. Бу сафар ўзимни танитиб, янги асарингиз борасида кўмаклашаман. Фикрларимни эътиборсиз қолдирмаганингиз учун раҳмат. Ҳурмат билан О”.
Аёл бу хабарни ўчириб юборди. Сўнг бамайлихотир ошхонага ўтиб, хаёлчан тарзда овқатланаётган эрига боқди. Аввалгидек тушкун эмас, кўзлари порлаб қолганди. Демак, сабаби аён.
− Мен бирров опамникига ўтиб келаман.
− Тинчликми? – сўради эри.
− Ҳа, бироз тоби йўқ экан.
Аёл кўчага чиқди: эрининг доимий борадиган кутубхонаси шу атрофда эди. Дам олиш куни бино ишламасди. Аммо қоровулдан О. исмли ходимларни суриштирди, ўзи биттагина Омина исмли аёл ишларкан бу ерда. Қоровул ҳам анча зериккан экан, аёлнинг барча саволларига эринмай жавоб бера қолди: Оминанинг эри ўлгани, кўп йиллардан бери шу ерда ишлаши, боласи ҳам йўқлиги, кўп китоб ўқишини, ҳатто тушликда доим нима ейишигача айтиб берди.
Эртасига кутубхона эшиги очилиши билан китобхонларга хизмат кўрсатаётган Омина қаршисида унга нафрат билан қараб турган аёлни кўриб чўчиб кетди:
− Ё бугуноқ ишдан бўшаб, эримга хат ёзишни тўхтатасан, ёки ҳозироқ дод солиб шармандангни чиқараман!
Аёл титраб атрофга боқди: залда китобхонлар гавжум, нарироқда кутубхона директори ходимларга нимадир демоқда, бир тарафда ҳамкасб аёллар қўли қўлига тегмай боягина келган янги китобларни жойлаштиряпти. Кичкина жуссаси янада кичрайиб кетди ва зўрға:
− Хўп, − деб пичирлади.
− Эртага бу ерда қорангни кўрмай, эримга ҳам кўз олайтирма, — аёл вишиллаганча у томон энгашди. Сўнг мағрурлик билан зални тарк этди.
Чиндан ҳам О. кутубхонадан бўшаб кетди. Ёзувчи эса яна аввалги ҳолига қайтди: тушкун ва эзгин. Аёл эрини ўзиники бўлиб қолганидан қувонди. Анчадан сўнг унинг янги романи чоп этилди. Унинг илк саҳифасида “Қадрли дўстим О.га бағишлайман” деган сатрни ўқигач, аёлнинг феъли бузилди. Эри эса буни изоҳлаб ўтирмади. Савол назари билан қараб турган аёлига қараб хўрсиниб қўйди, холос.
Қизиқ, О. бу китобни олиб ўқиганмикин?
* * *
Ўтмиш хаёллари якунига етганда хотира кечаси ҳам тугаб қолганди. Адибнинг рафиқаси ва фарзандларини ҳурмат билан кузатиб қўйишди. Ёзувчининг портрети илинган девордан ҳадемай бошқа ижодкорнинг сурати жой олади. Гулдурос қарсаклар, баландпарвоз сўзлар, қўлма-қўл бўлган китоблар аро фақат биргина – тадбирни деразадан кузатаётган кичик жуссали аёл ўзини жуда ғамгин ҳис этди. У бинони тарк этаркан, ортига яна бир назар ташлади.
“Азиз адибим!
Менингча, бу ерда тирик одам йўқ. Яна ким билсин…” – пичирлади у ва қўлидаги ўқилавериб титилиб кетган китобини бағрига босганча метрога тушиб кетди.