Дарсдан шошиб чиқдим. “Ана холос”, – деб юбордим ёмғир аёвcиз қуяётганини кўриб. Аксига олиб, бугун бир кўргазма ташкилотчилари билан суҳбат уюштиришим керак эди.
Шундай ёмғирда бориш шартмикан-а? Бугун бормай қўяверсам-чи?
Йўқ, эртанги дарсга бирор “нарса” тайёр бўлиши керак! Мени фикримдан қайтармоқчи бўлгандай ёмғир ҳам савалаб қуярди. Соябонимни очдим-у, бекатга югурдим. Бироз кутдим… Кутиш асносида бекатнинг ортида ёмғир ивитиб юборган бир йигитга кўзим тушди. Соябони ҳам йўқ экан, бекат ичкарисига кирса бўлмасмикин? Анчадан бери турибдиёв, қалин, қоп-қора сочлари сувга яхшигина бўккан. Нигоҳи эса бир нуқтадан узилмайди – баланд оппоқ девор…
Деворда бирор нима борми, деб роса тикилдим – бегард. Нотаниш охири зерикдими ёки чарчадими, бекат ўриндиғига – ёнимга чўкди. Шу пайт кўргазма томон борувчи автобус ҳам келди. Чиқишим керак… Ўрнимдан турдим. Нотаниш хўрсинди… Тўхтадим. Автобус кетди. Мен жойимга қайтиб ўтирдим. Шу дамда менга кўргазмадан ҳам кўпроқ нотаниш қизиқ эди. Балки у ҳам бир дардкашга муҳтождир…
– Бирор мушкул ишга рўпара келдингизми?
У “менга гапираяпсизми” дегандай қаради. Бироз ўтиб сўз қотди:
– Нима, сиз муаммога дуч келмайсизми?
– Бўлиб туради. Лекин… уни енгиш керак. Сиз эса ўзингизни…
– Хароб қиляпманми?
– Ўзингиз ҳам биларкансиз-ку! Нега бундай бўлди, деб ўйланавермай муаммони ҳал этиш йўлларини излаш керакдир, балки…
– Йўқ, нега бундай бўлди, деб ўйлайман мен. Чунки шундай бўлиши керак эди. Уни ҳал этиш йўли ҳам йўқ. У энди ёнимга қайтмайди…
– Ҳа… демак, севги дарди денг?
– Севги! Эҳтимол, севги бу туйғум олдида ожиздир.
– Муҳаббатингиз шунчалик кучли экан, нега ундан айрилдингиз?
– Ким билади? Бу фақат Яратганга маълум. Ўзи шундай – гўзал хилқат бевафо бўлади.
– Демак, севганингизга вафо етишмабди-да?
– Ҳа… у мени жилмайибгина ташлаб кетди. Усиз яшолмаслигимни биларди… Севгимиздан кечиб кетди-я! Жавоҳирингни ташладинг-кетдинг!
Нотанишнинг кўзларидан ҳам томчилар ёға бошлади, худди бугунги ёмғирдай… Йигит киши йиғлаганини кўрмаганман. Нима деяримни, нима қиларимни билмай қолдим. “Бир қизга ҳам шунчаликми?” – деб ўйладим.
– Нега мана бу деворга тикилиб тургандингиз?
– Чунки… девор ортида унинг уйи бор.
– Чиқишини пойладингизми?
– Йўқ… У чиқмайди. Ёмғирни яхши кўрарди, шунинг учун ёнига келдим. Аммо девор ортига ўтиш…
– Ҳа, одамлар кўрса яхши бўлмайди. Бировнинг уйига берухсат кириш…
– Менга рухсат шарт эмас. Энди керакмас… Шу пайтгача иккимиз кимларнингдир рухсатию буйруқларига бўйсуниб яшадик. Охири нима бўлди?! Ҳатто бирор марта қўлидан ҳам тутолмадим…
– У ҳозир… турмушга чиққанми?
– Турмушга чиқсаям розийдим. Ахир бир кун қолганди тўйига. Лекин у истамади! Менга хиёнат қилолмади…
– Ундай бўлса… Нега мунча қийналасиз?
Нотаниш ўрнидан турди.
– Мен ундан хабар олиб келай…
– Майли… Унга салом айтинг.
Нотаниш кетди. Девор ёқалаб кетди… Эшиги қаердайкин, билмадим. Мен ҳам кетдим. Кўргазмага эмас, уйимга. Бирор “нима” ҳам ёздим: “Девор ортида”.
Менга ҳануз жумбоқ эди, не бор эди девор ортида? Нотанишни эса бу ерда бошқа учратмадим. Балки ёмғир яна ёққанида кўрарман уни? Жавобсиз саволларимга жавоб берар у?
Ёмғир шу бўйи бошқа ёғмади… Орадан бир ой ўтди. Ҳаво иссиқ, ўша бекатдаман. Девор оқланаяпти. Ҳашарчилардан сўрадим:
– Девор ортида ким яшайди?
– Ҳеч ким яшамайди. Бу ер безабонлар макони. Қабристон…
“Қабристон?!”
Мен бекатга қайтдим. Ўриндиққа оғиргина чўкдим. Ёнимда бир онахон. Деворга қараб оғир хўрсинади: “Эҳ, болам-а… нималар қилиб қўйдинг? Тўйингни кўролмаган онанг ўлса бўлмасмиди? Оҳ, Жавоҳирим…”
Муюлишда автобус кўринди…
“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 1-сон