– Шу чиройинг билан ҳар қандай шаҳзодани олдингда тиз чўктириб, умр бўйи тиллага кўмилиб яшайсан, – дейишарди дугоналари унга ҳавас ила боқиб.
– Бу чиройинг ҳали сенга бахтсизлик келтирмасайди, – дейишарди дугоналари унга ачиниш билан қараб.
Жамила эса бу гапларга парво қилмасди. Чунки у ўзини гўзал ҳисобламас, чиройидан сўз очганларга, “Худонинг яратган оддий бир бандасиман-да” деб кулиб қўярди. Лекин… лоф уряпти демангу, Жамиладек ҳам оқила, ҳам чиройли қизни нафақат ўз қишлоғида, балки бутун мамлакат бўйлаб ҳам топиш мушкул эди.
“Шундай нодир жавоҳирни ким қўлга киритаркин”, дея гаров боғлаган йигитлар ҳам кўп эди. Аммо ҳалигача қизни бирор йигит билан кўрганлари, гаплашганини сезганлари йўқ. Уни ошкора, ундан ҳам кўпроқ пинҳона севган йигитларнинг ҳисоби-чи… Бу паҳлавон қишлоқ йигитлари ичида Шавкат бойваччанинг ўғли Мавлон етакчи эди. Қани унинг олдида биров қизга зимдан кўз ташлаб кўрсин-чи!
– Барибир Мавлон Жамилани ҳеч кимга бермайди, овора бўлиб юрманглар, – дейишарди йигитнинг ошналари.
– Кўз олайтирганини Мавлон “кўпкари” қилиб бир тепади, исмини ҳам эслолмай қолади, – дерди ҳойнаҳой Мавлондан калтак еб эси кирганлар.
Бу гаплар Жамиланинг қулоғига етиб бормасмиди? Борарди, албатта. Ҳар қандай чиройли қиз ҳам бундай мардона қасамлардан суюнмайдими? Суюнади, лекин Жамила эмас. Унинг орзусидаги шаҳзода бутунлай бошқача эди…
Янги ўқув йили бошлангач, коллежга пойтахтдан бир ўқитувчи йигитни жўнатишганини айтишди. Ўқитувчилар тайёрлайдиган институтда ўқиганмиш, ўзи бошқа вилоятлик бўлсаям, чекка бир қишлоқда ёшларга таълим беришни истаб келганмиш. Бу гапни эшитган қишлоқ аҳли тоза кулишди. Шундай пойтахтни ташлаб, топиб келган жойини қарангу, буни…
Жамиланинг касб-ҳунар коллежини битирар йили эди ўшанда. Йигит уларга тарихдан сабоқ бера бошлади. Унинг бошқа домлаларникига ўхшамайдиган аллақандай сеҳрли маърузаси ўқувчиларни тек қотириб, дарс тинглатарди. Улар орасида энг билимга чанқоғи ҳам Жамила бўлди.
Коллежни битириш арафаси. Май охирлаб, иссиқ ёз кирар пайт. Ҳамма ўқувчилар битириш кечасига тайёрланиш билан банд. Қишлоқдаги ягона, Шавкат бой ташаббуси билан қурилган тўйхона бугун коллеж битирувчилари учун ажратилган. Оқшом тушиб, ҳамма битирувчилару домлалар йиғилгач, қишлоқдаги илк ёшлар базми очиб берилди. Авваллари бунақа кечалар қаёқда эди? Мана, янги домланинг таклифи билан диплом бериш маросими ҳам ташкил этилди.
Мавлон бу ернинг хўжасидек гердайиб юрибди. Ўзи коллежни икки йил олдин тугатган, институтга эса тоби келмади, мана, қишлоқнинг энг олди бекорчиларидан. У аслида Жамилага дилрозини айтмоқ истагида бу ерда ҳозир эди.
Тантанали диплом топшириш маросими тугаб, ҳамма дастурхондан қўл тортгач, рақс бошланди. Барча ўзи билан ўзи: кимдир даврада тинмай сакрайди, кимдир севимли устози билан хайрлашади, кимдир келажакдаги орзуларини дўстига сўзлайди, кимдир эса зимдан муҳаббатини кузатади.
Охирги қатордагилар ичида ўша янги устози ҳам бор. Бу кўз қарашлар ярим йилдан бери негадир пинҳона. Лекин кўздаги дилдагини яширолармиди? Қанчалик яширишга уринмасин, бу нигоҳлар ўзига қадалганини сезмайдими Жамила? Сезганда қандоқ. Ахир ўзининг ҳам юрагини сирли туйғулар забт этган бўлса!
Устоз ва Жамиланинг йўқолиб қолганини биров сезмади. Ошналари билан “қиттай” олволган Мавлон ҳам бу ерга нега келганини эслолмайдиган даражага етганда, уйига судраб кетишди.
Сой бўйи… Қишлоқда нечта севишган бўлса, ҳаммаси шу ерда изҳор айтиб, изҳор эшитган бўлса ажаб эмас. Бугун улар орасига янги жуфт қўшилди. Лекин… бошқалардан фарқли равишда, улар жим. Фақат кўзлар сўзлашади. Йигит гапга нўноқми ё қиз уятчанми, ким билади? Лекин шуниси аниқки, гаплашмасалар-да, улар бир умр бирга бўлишга келишиб олганлар. Бу келишувга тиллар эмас, юраклар қасам ичган.
Қишлоқда гап турармиди? Ёз адоғига етмай, Жамиланинг “кўзи кўру қулоғи кар” бўлгани аён бўлди. Йигитми, қизми, ҳамма ҳайратда эди. Шундоқ чиройли қиз… қаердаги нимжон, одмигина, кўзойнакли, доим битта кўйлагу шимда юрадиган бу йигитни ёқтириб қолиши мумкинми? Бунинг устига етим экан. Исми ҳам ўзига мос: Олим.
– Ўзи дарсда бир-бирига кўз сузиб ўтиришларидан маълум эди, – дейишди ўқувчилар.
– Домла ҳам ичидан пишган экан. Нега келиб-келиб бу ерга келди десак, нияти бузуқ экан, яшшамагурни! – дейишди қишлоқ хотинлари.
Янги ўқув йилидан Олим дарс ўтмайдиган бўлди: қаршилик қилишди. Ўз ўқувчисининг «бошини айлантиргани» учун қишлоқдан бадарға бўладиган бўлди. Айниқса, Жамиланинг уйидагилар буни билгач, ўқитувчининг олдига ҳам бориб, тоза айтадиганини айтишди.
– Икки дунё бир бўлсин, илло, қизимни узоққа, таг зоти номаълум келгиндига бермайман!
Жамилани бўлса уй қамоғи кутарди. Йигит кетар куни, уйидан яширинча, амаллаб чиққан қиз аянчли воқеа устидан чиқди. Қишлоқ четида йиғилган Мавлон бошчилигидаги йигитлар Олимни дўппослашарди. Кўзойнаги учиб кетган йигит эса уларнинг хумордан чиқишларини кутиб тишини тишига босганди. Жамила югуриб бориб уни муштлардан пана қилди.
– Қўлинг синсин, Мавлон! – деб бақирганини ҳамма, гўё бутун қишлоқ эшитди.
Ошналари олдида нафсонияти ерга урилган Мавлон қизга яқинлашиб деди:
– Олақол, етимчангни. Лекин билиб қўй, ҳали оёғимга тиз чўкиб ялиниб келасан! Ўшанда… ўзим биламан нима қилишни. Севгимнинг қадрини билмадинг! Хор бўласан!
Йигит кетди. Қиз қолди.
Жамила яшайдиган ҳовли эшигининг турумини бузаётган совчилар сийраклашди. Ҳамма қизнинг биров билан «гаплашиб қўйганидан» хабардор-да. Шундай бўлса-да, ҳафтада бир совчи юборишдан чарчамайдиган Мавлон бўлиб ўтган гапларга қарамай, қиздан воз кечмади. Қизининг “қилиғидан” кейин ташвишга тушган ота-она бу сафар Мавлонга розилик беришди. Нон синдирилгандан сўнг хабар топди Жамила.
Индамас одамдан чиқаркан-да ўзи бутун бало. Тўйга уч кун қолганида Олимни қишлоқда кўришибди. Ўша куниёқ уйида пашша учса сезадиган Каромат опа Жамиланинг уйдан қандай чиқиб кетганини сезмай ҳам қолибди. Хуллас, йигит қизни олиб қочиб кетгани маълум бўлгач, бутун асрга етгулик гап топилди қишлоққа.
Шаҳарда ижарага уй топишиб, Олимнинг дўстлари иштирокида кичиккина ўтириш – тўй бўлиб ўтди. Никоҳдан ҳам ўтишди. Олимнинг курсдош қизлари Жамилага “гувоҳ”, “янга” бўлишди. Ёш оила туғилди.
Ота-она қизидан воз кечганини қишлоққа маълум қилди. Ҳамма ундан воз кечдию… Мавлон қароридан қайтмади. Ўқишга кириш баҳонасида пойтахтга кетди. Кирибдиям. Аслида эса шаҳарда фақат Жамиланинг изини қидирди. Йигит ўзи ўқиган институтда дарс бераётган экан. Зимдан кузатиб ижарадаги уйигача топиб борди. Жамилани «дом» пастида ёлғиз учратди ҳам.
– Ярим йилдан бери бўларинг бўлгандир. На тўй, на оқ фотиҳа. Яшайдиган жойингни аҳволи… Етар энди. Менам ўқишга кирдим: юристликка! Ўтган гапларни унутдим, сенга ўзим уйланаман, сени ҳалиям севаман!
Жамила бир сўз демади. Қаҳрли кўзларидан жавоби маълум эди. Мавлондан ижирғаниб ўтиб кетди.
Жамила бахтли эди. Жамила бахтсиз эди. Бахти севимли инсони ёнида эканлиги, бахтсизлиги ота-она олдида айбдорлиги… Олим эса умрида меҳр кўрмай ўсганиданми, еттинчи осмонда кезар, Жамиладек ёри борлигига баъзан ишонмасди ҳам.
Ўзи шунақа экан. Оғзи ошга етди, деганда… Олимни ишдан қайтаётганда йўловчи машина уриб кетибди. Бу ҳам етмагандек, ҳайдовчи Худо бехабар эканми, йигитни ташлаб қочибди. Одам сийрак кўчада, шом қоронғусида жабрдийдани дўконга нонга чиққан аёл кўриб қолмаганида, Жамила бевага айланарди.
Шифохонага етиб келган Жамиланинг ёлғизлиги жуда билинди. Пойтахтда ҳеч кимни танимайдиган жувон кимга суянсин? Эрининг яшаб кетишидан кўра ўлими аниқ. Зудлик билан операция қилинмаса… лекин бунинг учун катта пул керак экан.
Жамила қишлоққа бориб ота-онаси қаршисида тиз чўкиб, минг маломат эшитиб бўлса-да пул олиб келишга рози эди. Лекин олис вилоятга қачон бориб келади? Бирдан хаёлига Мавлон келди. Ўзи ҳам ҳайрон, нега уни эслади? Пешонаси тиришдию, лекин унда пул кўплигини ўйлаб, уни нега ёдга олганини англади. Қаерда ўқир эди? Юрфакда, деганди-я.
Эрта тонгда институт эшиги ёнида ўтирган, кўзлари олазарак Жамилани кўрган Мавлон шу кунга таҳсинлар айтди.
– Сендан ёрдам сўраб келдим, Мавлон. У кишининг аҳволи оғир. Менга пул керак… қарзга, барини қайтарамиз, илтимос, қишлоқдошлик ҳаққи!
Мавлоннинг ҳафсаласи пир бўлди. У Жамила эридан айниб, ўзининг паноҳига келганига юз фоиз ишонганди. Тентак қиз!
– Ёнимга ялиниб келасан, дегандим-а? Айтганим бўлди! Лекин овора бўлма. Менга эринг эмас, сен кераксан!
– Номард экансан!
– Хоҳласанг… бераман қанча истасанг. Аммо берарни олмоғи ҳам бор. Айтганимга кўнармикинсан?
– Истаганингни сўра!
…Жамила сўралган пулни олиб борди.
Бир ой ўтиб Олим оёққа турди. Ёнида эса жилмайиб турган Жамилани эмас, ҳамширани кўрди. Уйга рухсат теккач, уйидан ҳам тополмади хотинини. Қишлоқдан суриштирди… ўша ерда экан.
– Жамила қочоқ эси кириб қайтиб келибди! Домла ўлакса қилиб урганмиш… – дейишди ярим қишлоқ.
– Ундай эмас, Жамила биров билан юриб кетган экан, Олим тўрвасини тутқазибди, – дейишди қолган ярим қишлоқ.
Ота-она кўнгли тош эмас. Оёқларига тиз чўккан қизларини кечиришди. Эрта-индинига совчилар келди. Мавлон томондан. Узоқ тортишувдан сўнг қиз тараф «таслим бўлди». Тўй ҳаракати бошланди…
Мавлон шаҳарга кетиб, икки кунда қайтиб келди. Ёнида Олим… Кўрганлар Мавлон Олимнинг кўзини куйдиришга олиб келибди-да, деб томошанинг давомини кутишди. Тўй ўша – қишлоқдаги ягона тўйхонада бўлди. Келин ястаниб даврага чиқди. Ёнида эса… савлат тўкканча домла турарди! Мавлон куёвжўра. Ҳамма лол, ҳамма ҳайрон. Бу “сирдан” фақат Мавлон тарафу, Жамила тараф хабардор. Келин-куёв катталардан оқ фотиҳа олиб, ўриндиққа чўкишди.
Мавлон гердайган йигит, лекин тошюрак, номард эмас. У севади, лекин севганини йиғлатмайди. У икки гул ўртасига тушадиган тиканак бўлишдан кўра куйиб кул бўлишни афзал билади. У севгани бахтидан кулади. У Жамила Олим учун ҳар қандай шартга розилигини эшитган куни уларнинг муҳаббатига тан берган! Мавлон томондан келганлар Олимнинг номидан совчиликка келишганди. Мана, бугун Жамила билан тузилган “савдо”лари ҳам пишди. Энди ёшларни севинч кўз ёшлари билан шаҳарга кузатиб қолишади…
Қишлоқдагилар бу сафар нима дейишга ҳайрон. Охир-оқибат ҳамма уларнинг муҳаббатига тан беришдан бошқа илож топмади…
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 12-сон.