Аэропорт гавжум. Ҳамма қаёққадир шошади. Титроқ қўллари билан ҳассасини тутганича, хира тортган кўзларини одамларга тикиб ўтирган бу чол билан ҳеч кимнинг иши йўқ эди. Баъзи кўнгли бўшлар эса унинг ёнидан ўтаётиб чақа ташлаб кетишар, лекин чол тангаларга қараб ҳам қўймасди. Чол бу ерга кўп келади. Айниқса, шу ойнинг тонгидан кечига довур шу ерда. Қуёш нурларини баланд бинолар ортига ола бошлагач, истамайгина уйи томон йўл олади. Келини Лизага билдирмай хонасига қамалади. Тунлари эса хотиралар қийнайди. Негадир… отаси ёдига тушаверади. Илоё, ўзингдан қайтсин, деб ўткир нигоҳларини тиккан эди у. Ҳартугул, отасига унча қийин бўлмаганди. Исмат керакли жойларга отасининг қилмишлари ҳақида етказди: ўтмиш сарқитлари – болалигида онаси узун кечаларда мутолаа қилиб берадиган дилгир ғазаллар, диний ўгитлар, ҳадисларни хуфиёна сақлаши ҳақида хабар берди. Тўғри, ўша пайт отамни сотиб қўйдим деган ўй хаёлига келмаган, нима бўпти, отамми, бошқами, муҳими, давлатни битта душмандан тозаладим, деб ўйларди, партиям учун хизмат қилдим, деб мажлисларда кўкрагини керарди, ҳаммага гўё намуна бўларди. Отасини кўп сиқувга олишди. Ўртага онасини тиқиштиришгач, Маҳкам ота индамай имзо чекди. Ҳа, барибир отасига ўзи каби қийин бўлмаганди, ахир ёнида ҳамдардлари бор эди. Онаси суянч бўлди, опаси, укалари тиргак эди, ёлғиз қўйишмади, то қамоқда вафот этгунча… Исматнинг-чи? Ёнида кими бор? Хотинга ёлчимади. Тўрт марта уйланди. Тўғри, улар ўзбек эди-ю… лекин қандайдир Энахонга ўхшамасдилар. Энахон бошқача эди, Исмат буни кеч англади, жуда кеч…
Исмат бўғилиб деразани очди. Қуёшнинг чиқишини кута бошлади. Шу пайт қаердандир… азон овози эшитилди. Исмат аввалига англамади. Кейин туйқус эсига тушди. Отаси… азон айтарди. Охирги марта қачон эшитганди? Эллик йилдан ошди-ёв. Балки ундан ҳам кўпдир… лекин унутмапти, унутолмайдиям. Ҳа, отаси масжидда азон айтарди. Овозида юракни энтиктирувчи нимадир бор эди. Кейин масжидлар йўқотилди. Исмат ҳам қанчасини аниқлаб, буздиртириб ташлади. Қизиқ, бу овоз қаердан келаяптийкин? Ё қулоғига чалиняптимикин, – билолмади…
Исматнинг бирдан набирасини кўргиси келиб кетди. Йигирма йил бурун ота-онаси уни ҳарбий интернатга юборишганди. Аввал кўп келарди. Улғайгач, келмай қўйди. Яқинда уйланди, деб эшитди. Лекин Лиза буни тўйдан қайтгач айтди. Исмат барибир хурсанд бўлди. Авлодининг давомчиси шу ахир…
Исмат учта хотинидан ҳам фарзанд кўрмади. Охири, сал енгилтакроқ бўлса-да, тўртинчисига уйланди. Кутганидек, ундан ўғил кўрди. Ва кўп ўтмай хотини ўғлини ташлаб, Исматнинг бор-будини шилиб ўйнаши билан қочиб кетди. Исмат ўғли билан шумшайиб қолаверди. Уни катта қиламан, деб кирмаган тешиги, қилмаган иши қолмади, ҳисоб. Оқибат нима бўлди? Ўғли ҳам онасига тортди. Дадаси топган пулга ичадиган такасалтанг бўлди. Ҳарҳолда, Лизага уйлангач, сал одамга ўхшаб яшай бошлади. Исмат ўғлини кам кўради. Ўғли ҳам уни йўқлаб хонасига кирмай қўйган.
Исмат билади… Бу барча гуноҳлари учун берилаётган жазолар. Бу дунёдагиси шу бўлса… Охират ҳақида ўйласа юраги орқага тортади. У қўрқади, жуда қўрқади… Оғир хаёллар билан тонг оттирган Исмат ўсиб кетган соқолини силади-да, қандайдир ҳафсала билан қиртишлай бошлади. Кейин униқиб кетган кийимини алмаштирди, қўли билан дазмол қилган бўлди. Ва яна аэропорт томон йўл олди. Нега бу ерга келаверади, ўзи ҳам тушунмайди. Балки турли давлатлардан турли хил одамларнинг ташрифи, уларнинг ўз юртлари нафасини олиб келаётгани учундир. Ахир улар орасида Ўзбекистон ҳам бор…
Исмат доимий ўриндиғига чўкди. Қўлига китобини олиб, қийшиқ кўзойнагини тақди: сўнгги пайтларда Машрабни ўқийди. Асли она тилисидаги бор-йўқ китоби ҳам шу. Икки йил бурун худди мана шу ерда бир ўзбек отахон берган эди. Аввалига чанг босиб ётди. Аммо кейинчалик бу мисраларсиз туролмай қолди. Онасининг оҳанги ёдига тушаверади. Соҳир овозда шу ғазалларни ўқир эди-я…
– Отахон, ўзбекмисиз? – бир чолга, бир унинг қўлидаги китобга қараб турган нотаниш йигит унинг хаёлларини тўзғитиб юборди.
– Ҳа… – Исматнинг юраги тез-тез уриб кетди. – Ўзбекман…
– Самолётдан тушибоқ, дунёнинг у чеккасида ўз юртинг одамини учратиш… – йигит севиниб кетди. Кейин қўлини узатди. – Исмим Азамат, ота, сизга Ўзбекистондан алангали саломлар!
Исмат ўрнидан турди.
– Ўзбекистон… мустақил бўлди, дейишади, ростми, ўғлим?– Исматнинг кўзларида ёш ғилтиллади.
– Албатта. Анчадан бери бормаган кўринасиз?
– Ҳа… кўп бўлди.
Йигит жуда одамохун, хушчақчақ экан. Ўзбекистон ҳақида анча сўзлаб берди. Кейин эса кетди. Бу ерга иш билан бир ҳафтага келган экан. Исмат яна оғир хаёллар ичида қолди.
Бир ҳафта ўтгач, Исмат йигит қайтар, деб саҳардан бери одамларни кузатарди. Мақсади, унга бир омонат гапни етказиш… Энахон ва ўғли Абдукаримга…
– Ие, ота, сизмисиз? – ён томондан келган овоздан Исмат қувониб кетди. Бу Азамат эди.
– Ўғлим, сени кутаётгандим. Юртимга, бир одамга омонат гапим бор…
Азамат ўйланди.
– Ота, ўзингиз бора қолганингиз дурустдир, балки. Она юртга қайтиш вақти етди, энди эркинмиз. Мен билан кетинг, ота.
Исмат ерга қаради.
– Кетолмайман, ўғлим…
Азамат чолнинг елкасидан тутди.
– Ўзим олиб кетаман, отахон. Савоб ҳам керак. Харажатини ўйламанг…
Исмат ярқ этиб унга қаради. Гўё ҳозир юртини кўрадигандек, юраги ҳапқириб кетди.
– Ахир… ўғлим, сенга тағин оғирлигим тушиб…
– Омонатингизни ўзингиз етказасиз, ота. Кейин қайтаман, десангиз ўзим кузатиб юбораман.
…Исмат самолётда ўтирар экан, негадир туш кўраяпман, деб ўйларди. Наҳотки бир неча соатлардан сўнг…
– Ота, агар бобом ҳаёт бўлганларида уларга яхши ҳамсуҳбат олиб келаётганимдан қувонардилар…
– Ҳа, кексачилик, ўғлим.
– Бобомни кўриш насиб қилмаган-да, ота. Улар отам икки яшарлигида оламдан ўтганлар. Худога шукр, бувим ҳаётлар. Бобом вафот этгач, турмуш қилмай, отамни ўстирдилар. Кўп қийналганмиз, дейдилар. Ҳозир дадам ҳам, онам ҳам уларни еру кўкка ишонишмайди. Яқинда Ҳажга юборишмоқчи…
– Ниятларига етишсин, – Исмат Энахонни эслади. Қизиқ, у турмушга чиққанмикин? Шунча берган азобларига миқ этмай чидарди. Лекин бир кун ғазабдан титраб пичирлаган: «Илоё мана шу қўлларингиз…». Йўқ, қарғамаганди, ҳатто гапини тугатмаганди ҳам. Ўшанда Исмат … Қуръони каримни улоқтирганди!
– Фарзандларингиз борми, ота? – ийманиб сўради Азамат.
– Ҳа, бор… Икки ўғлим бор. Бири у ерда, бири бу…
– Дийдор ширин-да, – Азамат шундай дедию, бироз ўтиб уйқуга кетди.
Исмат яна азобли хотиралар гирдобида қолди. Отаси қамалгач, ҳамма қариндош-уруғи ундан юз ўгирди. Фақат Энахон негадир уни ташлаб кетмади. У қандайдир умид билан яшарди. Исмат бир кун инсофга келар, дерди. Баъзан юрак ютиб «Аллоҳга шак келтирманг», деб Исматга сўз қотарди. Кетидан калтак ерди. «Агар тепадагилар эшитса борми, сен динпарастга қўшиб мениям йўқ қилишади. Кимсан Исмат Холтоевнинг хотини шундай деса? Йиғиштир сафсатангни!».
Исматнинг сири барибир очилди. Бир-икки ғаламислар Исмат уйида Қуръонни сақлашини ошкор қилишди. Исматнинг ўзи ҳам билмасди бу ҳақда. Энахонга она мерос бу китобни кўрпа қатидан излаб топди-да, хотинининг минг қўлига осилиб ёлворишига қарамай, кўчага – дарахт ёнидаги анҳорга улоқтирди. Бўтана лойқа сув уни бир ямлаб ютди. Энахон шунда тушунди: бари умидлари бекор экан… Исмат барибир қутилиб қолмаслигини англади. Энди уни тинч қўйишмайди. Ишонишмайди… шунча йиллик хизматлари бир пул! У қочди. Ҳа, бор пулини чўнтакка жойлаб ҳеч кимга ҳеч нима демай, тунда уйидан чиқиб кетди. Дарвозадан чиқар экан, ичкаридан ўғлининг уйғониб хархаша қилганини эшитди. Энахон уни овутди. Исматнинг негадир ичкарига киргиси, ўғлини бағрига босгиси келди. Лекин оёқлари кўча томон бошлади.
– Кеб қолдик, ота, – Азаматнинг ўктам овози Исматни кўзини очишга мажбур қилди. – Ўзбекистондамиз!
Исмат негадир қўрқа бошлади. Қўллари титради. Онаси Исмат болалигида мусичага озор берма, қўлларинг қалтироқ бўлиб қолади, деб уқтирарди. Исмат бу гапларга амал қиларди. Ўртоқлари мусичага тош отганини кўрса, улар билан ёқалашарди ҳам. Ҳа… қушларга озор бермасди Исмат. Лекин… неча-неча оилаларнинг шўрини қуритди, қанча мусичадек беозор болаларни тирик етим қилди.
Самолёт қўнди. Исмат Азаматнинг ёрдами билан зиналардан пастга тушаркан, унутилиб кетган ҳаводан тўйиб симирди. Атрофга қоронғулик чўккан эди. Афсус, қуёшни кўрмади-да.
– Уйимиз олис эмас, ота, яна бироз қийнайман сизни. Боргач дамингизни оласиз. Ҳойнаҳой ҳамма кутиб ўтиргандир. Айниқса, қизчам…
– Оилалиман, дегин…
– Ҳа, бир ўғил, бир қизим бор, Худога шукр.
«Худога шукр»! Бу жумлани қанча бўлди эшитмаганига. Онаси ҳар икки гапининг бирида такрорларди. Ҳатто бир кун Исмат дарахтдан йиқилиб қўли синганда ҳам «Худога шукр-эй, бошқа еринг синмапти», деб бағрига босганди. Исматнинг кўзлари намланди. Машинадан тушишгач, Азамат чолни суяб олди. Исмат тинмай қалтирар, юраги гуп-гуп урарди.
– Мана, келдик, ота…
Исмат қаршисидаги баланд дарвозали, нақшинкор уйга қаради. Қўнғироқ чалишгач, ичкаридан хушрўй бир жувон чиқди.
– Ассалому алайкум, дадаси, яхши келдингизми? – сўнг меҳмонга юзланиб, у билан ҳам қуюқ саломлашди.
– Ваалайкум ассалом, яхши ўтирибсизларми? – Азамат Исмат ичкарига киргач, хотинига имо қилди: «яхшилаб дастурхон туза».
Келин уларни меҳмонхона томон бошлади. У ерда Азаматнинг ота-онаси ўғлини кутиб ўтирарди. Уларнинг худди анча йиллар кўришмагандек қучоқлашиб дийдорлашишларидан Исматнинг юраги орзиқиб кетди. Сўнг Исмат билан ҳол-аҳвол сўрашишди. Азаматнинг дадаси уни тўрга бошлади. Шу пайт эшик очилиб, бир қўлида чойнак кўтарган келин ва унинг ёнида бир кекса онахон кириб келишди.
– Бувижон! – Азамат улар томон ошиқди.
Исмат бу кампирни қаердадир кўргандай бўлди. Бироқ эслолмади… ва хонани кузатар экан, бирдан кўзи деворда осиғлиқ турган эски бир суратга… Энахоннинг ва …ўзининг суратига тушди. У карахт бўлиб қолди тушди. Қўллари титрар, чуқур-чуқур нафас олар, атрофдагиларнинг гапларини умуман англамасди. Шу пайт таниш овоз эшитилди.
– Келинг, меҳмон…
Исмат овоз келган тарафга аланглади. Қараши билан Энахонни таниди. Аввалига Энахон ҳам бироз тикилиб турди. Сўнг бирдан ҳушини йўқотиб ерга йиқилаёзди. Азамат уни суяб қолди. Ҳамма улар томон ошиқди. Энахонни олиб чиқиб кетишди, ғала-ғовурдан фойдаланган Исмат эса сирғалиб дарвозадан чиқиб кетди.
Маҳалла кимсасиз… Исматнинг сал нарида оқаётган кичик анҳорчага кўзи тушди. Эсга олди… ўша гуноҳига гувоҳ анҳор-ку! Исмат анҳор бўйлаб кетаверди. Қаерга ва не мақсадда, билмасди. Энахонга аталган омонат гапи эса тилида тинмай айланарди:
– Мени кечир, Энахон… кечир нобакор отангни, ўғлим…
Исмат бир уй қаршисида тўхтади. Шу пайт у ердан азон эшитилди. Ҳа… бу ер масжид, хуфтон намозига чорлов эди.
– Ота, сизми, ота?! – Исмат азондан сеҳрланди. – Ҳалиям шу ердамидингиз, отажон? Ниҳоят топдим сизни. Тўхтаманг, ота, азон айтишингизни қўмсаб келдим…
Исмат ерга чўкди. Бир сиқим тупроқни олмоқчи бўлиб ерга кафтини урди. Бироқ титроқ бармоқларини қанча жамлашга уринмасин, тупроқ тўкилиб кетаверар, бари уринишлари зое эди…
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 12-сон.