Нодир Норматов. Кўча эшикнинг нақшин гуллари (ҳикоя)

Кампир ҳар галгидек пайшанба куни эрталабдан мис қозон осди, ўзига сув иситди. Кейин уйига кириб олиб ювинди. Афтидан, у ҳеч кимни кўргиси йўқ эди, шу боис ҳатто кичкинагина даҳлиз эшигини ҳам занжирлаб олган эди. Келини қайнонасига ёрдами тегар деб тўнғичи Қизларойни юборганди, уни орқасига қайтариб юборди. Шундагина келин ўзининг бу ишидан афсус чекди, пешонасига енгил шаппатлаб, “Эсим қурсин-а!”, деди. Ахир, қайнонаси невараси тугул ўз қизларидан ҳам ювинган чоғларида ёрдам сўрамайди, улар исташган тақдирда ҳам бунга муҳтож эмаслигини билдиради.
— Нима, биз ўгайми? Бизга на кийимини ювдиради, на чўмилтиргани қўяди, — деди каттаси кичигига. — Ахир, ўз онамиз-ку.
— Рост, — деди кичиги унинг гапини қувватлаб. — Шундай, тегманозик онажонимиз.
— Ҳеч қаерда онамиздек бундай ўжари бўлмаса керак.
Иккаласи ҳам бу ерга тез-тез хабарлашгани келиб турса-да, барибир онамизга нафимиз тегмайди, деб ота маконларида кўп туришмай, ўз уйларига — даштга жўнаб кетишади. Кампир эса уларни орқасидан қўни-қўшниларга мақтайди: “Икки қиз ўстирдим, иккаласидан ҳам розиман. Иккаласининг ҳам рўзғори катта, шундай бўлса ҳам вақт топиб, онамга ёрдамлашай деб келади”.
Келин эса хурсанд — қайнонаси билан тил топишиб кетган. Фақат у кампирнинг қиз боладек уятчанлигига тушунолмасди. Чўмилтириб қўяй деб минг ҳаракат қилсин, кампир сира ҳам кўнмайди. Кўнглида шубҳа ҳам туғилган, “балки баданида бирор нуқсони бормикан?” деб. Кейин, вақти-соатини топиб, кампирнинг ювинганини бекитиқча кузатган. “Мен бетийиқни худонинг ўзи кечирсин, ичим қизиб, билгим келаверди-да, — деди қайнсингилларига. — Айтсам, ишонмайсизлар. Ой деса ойдай, гул деса гулдай тана-тўшлари. Кўриб, оғзим очилди”.
Кампир кийиниб бўлгач, келинини чақирди. Чойнакда чой дам еб турганини эшитиб, кўзларида миннатдорлик пайдо бўлди. У шундай аёл, бир нимани кўнглидагидек қилсанг, тилла топгандай суюнади. Кампир қайрағоч тагида ўтириб узоқ чой ичди. Ҳовли бурчагида қайроқтошга пичоқ чархлаётган ўғлига тикилиб ўтирди.
Ярим палла тарвуздек қизариб ботмоққа шайланаётган қуёш нурини кесганча кимдир ҳовли этагига қалама тошдан ошиб тушгандек бўлди. Ўз ишига андармон ўғил буни кўрмади. Кампир: “Кўзимга кўринди шекилли”, деб хаёл қилди. Ўғлимга айтсамми-йўқми, деб иккиланиб ичкарига кириб кетди.
Ярим тун экан алаҳлаб уйғонди. Уйқуси қочиб, тиззасини қучиб хаёл қилди. “Итлар бунча безовта ҳуришмаса, ё жондор-пондорнинг исини олдимикан”.
Тонгга яқин набираси кириб келди. Бироз ҳовлиқиш билан сўз бошлади:
— Момо, ҳовлимиз тўридаги дўнгликда кимдир ўтирибди, — деди Қизларой.
Кампир ёқасини тишлади:
— Ёпирай! Ким бўлдийкан?
Қўлига ҳассасини олиб ташқарилади. Кўзлари хира тортиб қолгани учун сўри олдидан туриб ҳовли саҳнидаги кишини танимади. Кампир том олдига юрди. Сигир боғловли қозиқни ҳатлаб, таппи қилинадиган жойда тўхтади. Қўлини пешонаси устига қўйиб, қаттиқ тикилди. Оқдан кўра кўкка ранг берадиган тўзғин соч-соқолли, қирра бурун бояги кимса одам қадамини эшитиб, ўрнидан қўзғолди. Тўнига ёпишган хас-хашакларни қоқиб-қоқиб қалама тош девордан ошганча кўздан ғойиб бўлди. Кампир эшик олдида савол назари билан қараб турган ўғлига лом- лим демай ичкари кириб кетди. Сулаймон ҳайрон эди. Онаси шу кириб кетганча фақат эрталаб хонасидан чиқди. Юз-қўлини ювиб, яна қамалиб олди. Одатда у бирор бир иш билан шуғулланиб ўтирмаса мазаси қочиб қоларди. Шу боис онасидан хавотирга тушди. Бу номаълум кимсани билиш истаги юрагини чирмовуқдай сиқиб келар, аммо уни қаердан ва қандай топишни билмай хуноб бўларди. Ҳамманинг кўнглида шубҳа-гумон болалаб борарди. Бир куни хотини ёрилди.
— Балки, ёшликдаги танишидир…
— Ўчир овозингни! — у беихтиёр хотинига тарсаки тортиб юборди.
Хотини шапалоқ зарбидан ловуллаб ёнаётган юзига кафт босиб ҳиққиллаганча бурчакка чўкди. Сулаймон анча сукут сақлаб тургач, бироз ҳовуридан тушиб гапирди. — Кўнглига қўл солиб кўриш керак!
— У кишини билмайсизми? Мен сўрасам, айтадиган одам ўзиям.
— Бўлмаса мен сўрайми?!
Хотини “қайдам” дегандек, елка қисди. Кейин уйда ортиқ қололмади, эшикдан отилиб чиқиб, ошхонага кириб кетди. Қайта бу борада гап очилмади. Кампирнинг хонасига Қизларой кириб-чиқиб турди.
Орадан чорак ой чамаси вақт ўтиб, қишлоқда бир этикдўз пайдо бўлди. Мактаб қоровулхонасида ётиб юрган ўша кишига Сулаймон ботинкасини яматгани борганда кўзлари чақнаб кетгандек туюлди. Анчайин жиддий чеҳрасида ним табассум ёлқинланди. Эски қадрдонлардай сўрашиб кўришди. Эҳтимол отаси тенгги бу одамнинг бу қадар мулозамати йигитни эритдими, икковлон мириқиб суҳбат қурдилар. Бу Асрорқул ака ғалати одам экан. Ҳамма шаҳарга қараб интилса, бу кишим Тошкентдай шаҳри азимдан келибди.
— Нима қилиб адашиб юрибсиз? Шаҳарда сиз учун ҳамма нарса қулай: иссиқ-совуқ сув, газ, электр. Бу ерда лоақал ҳовлидан сув ўтмайди. Қуриб қолган икки йилдан бери. Сувни ташиб ичсак…
— Нолиманг, ука! “Ҳар ерни қилма орзу, ҳар жойда бор тош-тарозу” деганлар. Тирикчилик ташвиши билан келиб қолдик энди.
— Барибир…
Уста унинг гапини шартта бўлиб, бошқа мавзуга кўчди.
— Ариқда сув қуриб қолган бўлса, қудуқ қазмадингизми?
— Ҳовлидан тўрт-беш марта қудуқ қазилган, аммо-лекин сув чиқмаган.
— Йў-ўқ! Чиқади. Яхшилаб кавламагандирсизлар. Ёки ўрнини топа олмагансизлар.
Сулаймоннинг шаҳарлик бу “файласуф”нинг гапидан энсаси қотди.
— Балки билсангиз, жойини кўрсатарсиз.
— Майли кўрсатаман ҳам, керак бўлса, қазишиб ҳам юбораман. Фақат битта илтимосим бор. Ҳовлингизни бир бурчидан каталакдек жой берсангиз. Кичкина кулба қуриб, пойабзал тузатсам. Ҳар ҳолда мактаб қоровулхонаси пойабзал тузатиш учун мос жой эмас.
“Ўҳ-ў! Иштаҳалари карнай-ку, Сулаймон “Кел, шаҳарлик бу олифтани бир боплаймиз. Қишлоқни шунча қудуқ қазиб юрган йигитлари чиқаролмаган сувни бу кишим чиқарар эмиш. Бир ҳолва деган билан оғиз чучимаслигини кўриб қўйсин-чи. Сал ўйлаб гапирадиган бўлади”.
— Нега ўйланиб қолдингиз? Гапим сизга маъқул тушмади шекилли.
— Йўқ! Йўқ! Нега энди, розиман. Фақат анови, Турғун участковой калламни гаранг қилмайдимикан.
— Бу ёғидан хавотир олманг, ўзим гаплашаман.
— Бўпти, унда эртага кутаман-а?
Чошгоҳ пайти ҳовли саҳнида чўкич кўтариб, Асрорқул пайдо бўлди.
— Сиз ишингизга бораверинг, мен ҳовлини бир кўздан кечирай, — деди Асрорқул ака Сулаймонга.
— Чой ичинг аввал, иш бўлса қочмас, — деди Сулаймон.
Асрорқул ака унамади. Бир ўзи ҳовлини анчагача айланиб, кўздан кечириб юрди. Бу орада Сулаймоннинг онаси деразага тортилган ҳарир оқ парда ортида гоҳ эски сандиқнинг ичидаги сарғайиб кетган суратга, гоҳ ҳовлини кўздан кечираётган кимсага қарар, қўллари дағ-дағ қалтираб турар эди. Ниҳоят Асрорқул ака қари тут яқинида ўсган бир туп янтоққа кўзи тушиб, чиройи очилди. Йигитнинг яқинига келиб, бу янтоқ гуллаш-гулламаслигини, яна қачондан бери ўсишини сўраб-суриштирди.
— Шу ерда озми-кўпми янтоқ ўсарди, шундан битта-ярими қолган экан-да, — деди Сулаймон.
— Мана шу ердан сув чиқади, қудуқлик бўлдим деяверинг, — деди Асрорқул ака кулимсираб. Сўнг ўн қадам чамасида иккита ёғоч қоқди, шолча илиб, ўзини пана қилди. Кўйлагини ечиб, ишга тушди. Ёши етмишдан ошган, юзи бироз қаримсиқ кўринса-да, қомати тик, барваста, ҳаракатлари ёш боланикидек енгил, қадамлари тез. Сулаймон унинг олдида анча суст, мактабда жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлсаям, у қадар чаққон эмас. Бир марта қудуқ қазишга ёрдам бераман деб, ичига тушди-ю, оёғини уриб олди. Шундан тиззалари зирқираб оғриб, арқон тортиб туришга яради, холос. Бутун борлиғи билан ерини севадиган Сулаймоннинг ичи қизир, бир амаллаб ишни пайсаллатишга уринар, аммо Асрорқул ака ҳолдан тойиб чарчаш ўрнига кучига куч қўшилиб борарди. Ниҳоят унинг айтгани чинга айланди. Бир ҳафтадан сўнг у қазган қудуқдан сув чиқди.
Тўғри, қудуқ анча чуқур қазилди, камида ўн қулоч…
Охирги кун садақайрағоч тагида икки киши ўтириб, бир пиёла чой устида суҳбат қуришди. Бириси дам-бадам уф тортиб қўяр, бириси эса “хайрият” дегандек энтикиб қўяр эди.
Орадан кўп ўтмади. Юрагини узиб бергандек қилиб Сулаймон қийнала-қийнала жой берди. Бир-иккита оғзига эгалик қилолмайдиганлардан “Сулаймон янги оталик бўпти”, деган маломатга қолди. Аммо билдирмади. Асрорқул акани шу ёшда қийналиб, иморат кўтаришига қараб туролмади. Қўлидан келганча ёрдамини аямади. Нон-чойдан қарашиб турди. Аммо кўнглининг бурчак-бурчагида ечилмаган тугун қолаверди.
Бир кун туш пайтида кулба олдида, қоп-қора чет эл машинасига кўзи тушди. Сулаймон қизиқиб ўша томонга йўл олди. Асрорқул ака қўноқ тутган чайлага яқинлашар экан, ичкаридаги ғала-ғовурдан тўхтаб қолди. Йўғон овозда бир эркак ялинди:
— Ада, мени шарманда қилманг! Илтимос, кетайлик уйга.
— Сен ўзингни ишингни қилавер, ўғлим, мендан хавотир олма!
— Ахир, сизга нима етмайди, ада-а?
— Ҳамма нарса етади, болам! Аммо айтганим билан сен барибир тушунмайсан-да.
— Биздан бирон хатолик ўтдими, ада!?
— Болам, ўзингни кўп қийнама, сендан мингдан-минг розиман.
— Бўлмаса бирор жойдан ер олиб, уй қуриб берай!
— Йўқ! Фақат сендан ўтинчим, ўғлим, менга индама, мен шу ерда яшамоқчиман. Шундай яшамоқчиман.
Сулаймон бошида адоғсиз саволлар билан хаёлчан ортига қайтди. Тушдан сўнг боғ тўридаги эски ғиштин деворлари нураб бутунлай ерпарчин бўлган иморат олдида Асрорқул акани кўриб қолди. Чакалакзор оралаб орқа томондан келиб уни кузатди. Бу ерда нима қилиб юрганига ажабланди. Нимадандир шубҳаланди. Балки бу ерларда тилла кўмилган бўлса, шунинг ҳидини олиб излаб юргандир бу индамас, ичдан пишган одам, деб ўйлади.
Асрорқул ака эcки иморатдан ёлғиз сақланиб қолган икки табақали дарвозанинг кичик эшиги олдида тиз чўкиб, уни сийпалаб йиғларди. Сулаймон янада қизиқиб, чакалакзор паналаб, шоҳариқ ичига тушди. Бу ер эшикка яқин жой бўлиб, пана эди, у ерда ўтириб, Асрорқул акани бемалол кузатди. Ҳатто унинг секин айтаётган гапларини аниқ-тиниқ эшитди. Сулаймон аввалига Асрорқул ака ўтганлар руҳига бирор-бир оят ўқиётган бўлса керак, деб ўйлади.
— Оҳ, қадрдоним! Сени танидим, сени мана шу нақшларингдан танидим. Сен ҳовлимизнинг кўча эшиги эдинг. Мана шу нақшин гулларингни бир кўрсам, армоним йўқ деб узоқ жойлардан излаб келдим. Тушларимга неча марталаб киргансан, ахир…
“Ҳа, гап бу ерда экан-да.” Сулаймон вужуди қизиб, дилида ғалати бир ўзгариш сезди.
— Асли шу ерлик экансиз-да? — бу кутилмаган саволдан Асрорқул ака илкис чўчиб тушди.
— Ҳа! — деди синиқ товуш билан.
— Нега буни келган кунингиз айтмадингиз?
— Қандай айтайин? Қишлоқда бирор уруғ-аймоғимиз қолмаган бўлса, ким танирди? Фақат, Ўрин бова бизнинг аждодни озроқ биларди. У киши ҳам яқинда қазо қилган экан. Фотиҳасини бериб, қайтиб кетмоқчи эдим, аммо…
— Аммо жойни кўриб, кўзингиз қиймади шундайми?
— Йўқ! Йўқ, ундай эмас. Бизни бобомизни Соҳиб кўкчи дер эдилар. Ўттизинчи йилларда қулоқ бўлиб кетган. Отам эса урушда йўқ бўлиб кетди. Кейин онам ўлди. Мен ўн олти-ўн етти ёшларда эдим. Шунда нон излаб Тошкентга бориб, қолиб кетдим. Ака-укалардан қолмаган, уруш йиллари очликдан ўлиб кетишган.
— Энди бу эртакни тўқияпсизми? Ахир, сиз тирикчилик учун юрган одам эдингиз-ку.
— Сизларни ортиқча ғалвага қўймай дегандим.
— Ўзингизни оқламай қўя қолинг. Сизни асл мақсадингизни яхши биламан! Қайга борсангиз боринг, аммо ҳовлимни бўшатиб қўйинг!
— Илтимос, укажон, мени ҳайдаманг! Сизга зарарим тегмайди.
— Гап шу. Сизни ортиқ бу ерда кўришни истамайман, — Сулаймон шарт бурилиб уйга юрди. Келиб хонасига қамалиб олди. Кечга яқин онаси қошида музтар бўлди.
— Сулаймон, — деди у ўғлига қараб. — Мана шу ўтирган уй-жойимизнинг ярми шу — Асрорқул аканинг отасиники бўлган. Биз шу ер эгасиз қолгани учун томорқамизга қўшиб олган эдик. Раҳматли отанг бир гапни биларкан-ки, ўзлаштирган ўша ерга сира иморат қурмаган эди. “Ким билади, эҳтимол Соҳиб кўкчининг бирор-бир изи қолган бўлса, қайтиб келар”, дерди.
Сулаймоннинг ранги оқарди, лаблари билинар-билинмас титради. Сўнг ўзини тутиб олиб, онасига қараб хўмрайди.
— Бир пайтлар бу жойда Соҳиб кўкчи яшаган бўлса, яшагандир. Бу жойлар энди бизники. Бу жойни биз қишлоқ шўросидан хатлаб олганмиз.
— Йўқ, болам, бу жойлар бизники эмас. Мана шу тутнинг нариси шу Асрорқулники бўлади.
Сулаймон ичиб турган пиёладаги чойни пойгакка сепиб юборди.
— Она, кўп ўзингиздан кетаверманг. Мен ҳеч кимга бир қарич ҳам ер бермайман, билдингизми? — деди авзойи бузилиб.
— Берасан, — деди кампир ишонч билан. — Иложимиз йўқ, болам. Бу ерда Соҳиб кўкчининг аждод-аймоқлари руҳи бор. Уларни норози қилсак, у дунёю бу дунё ҳузур-ҳаловат кўрмаймиз.
Сулаймон ўрнидан турди. Айвондан чиқиб, атрофга кўз югуртирди. Ҳовли-жойининг нақ ярмидан ажралишини кўз олдига келтириб бош чайқади.
— Она, — деди у ялинчоқ товушда. — Мен бу ташландиқ ерга қанча пул, қанча меҳнат сарфладим. Мана, ҳокимият одамларга Сувлибулоқ атрофидаги ердан томорқа беряпти. Асрорқул акага ўша ердан олиб берайлик. Ер ўлчагич Ботир синфдошим бўлади. Керак бўлса, анча-мунча ер қўшиб беради.
— Ҳай, болам-а, — деди кампир, — нимага бу одамнинг ичини тушунмайсан. Ер-жой деганинг ўша Тошкентда йўқ эдими? Бу одам ҳовлига келган куниёқ кўнглимда гумон пайдо бўлган эди.
— Барибир, она, бу жойни бермайман, — деди Сулаймон.
— Менга отанг тайинлаб кетган: мабодо ҳовлининг эгаси чиқса, ғиди-пиди қилмай, омонатини қайтариб беринглар деб. Арвоҳимни чирқиллатманглар деган. Билиб қўй, агар айтганимни қилмасанг, отангнинг арвоҳи уради. Дуо урса нажот бор, арвоҳ урса даво йўқ, дейишган авлиёлар.
У онасининг олдидан отилиб чиқди. Алами ичига сиғмай уйнинг пойгоҳидан тўрига қадар бориб келаверди. Тонггача уйқу нималигини билмади. Саҳар пайти қудуқ сувидан тортиб олиб, юзини ювди. Қайрағоч тагида бир пас бошини чангаллаб ўтирди-да, сўнг омборхонага қараб кетди. У ердан теша, қозиқ олиб чиқиб, тўғри кекса тут рўпарасига келди. Чуқур хўрсинди-да, ўтириб, қозиқ қоқа бошлади. У энди ўша Асрорқул акага тегишли ҳовлини чегириб, белги қўйишга, ўша жойни ўз эгасига беришга аҳд қилган эди.
Эрталабдан уйқуни парчалаб юборадиган темир товуши атрофга ёйилиб кетди. Қўни-қўшни, бутун уй ичи норозиланиб эшикдан чиқиб келишди. Бироқ Сулаймон кутган одам ҳа деганда кулбасидан чиқавермади.
— Наҳот кетиб қолган бўлса, — хаёлидан ўтказди у.
Кулбасига бош суқиб, у ердан тополмади. Боғ томон юрди. Унинг тўридаги ўша нақшинкор эшикка кўзи тушди. У шамолда тебрангани-тебранган, нимадир демоқчи бўлгандай ғийқилларди. Сулаймон унга яқинроқ келди-ю, бирдан тўхтаб қолди. Оёқлари мадорсизланди, юраги увишди. Асрорқул ака юзида ним табассум билан ухлаб ётарди. Эҳтимол у адоғсиз тушида ёш болага айланиб, ўз уйининг қайсидир бурчагида чопқиллаб юргандир. Фақат у ҳозир кўзлари ним очиқ ҳолда шунчалик тош қотиб ётган эдики, шамолнинг гапига кириб дам-бадам асабий ғингшиётган эшик табақаси ҳам уни уйқудан уйғотолмас эди…