Нигора Жалолиддин қизи. Умид бекати (ҳикоя)

Зулайҳо бомдод намозини ўқиб бўлди-да, ҳовлига сув сепиб, супуришга тутинди. Кечаси билан уйқуси қочгани етмагандек, ёдига яна кечаги учрашув тушиб баттар бедорланди. Аброрни ўйлай бошлади. Нима деди? “Сиз беғуборсиз, яхши аёлсиз… Сабр-матонатлисиз…” дедими? Буни шунчаки кўнгил учун айтмадимикан?
 …Оғилхонадаги сигирни соғиб бўлгач, газни ёқиб, чойнакни оловга қўйди. Қозонга сутни сузиб солди-да, уни пишира бошлади. Болалари ухлаб ётган уйга кириб, ўғлининг очилиб қолган кўрпасини оҳиста устига ёпаркан, пишиллаб ширингина ухлаётган қизалоғига меҳр билан боқди, Зулфизар кўзини элас-элас очганча онасига қараб тамшаниб қўйди. Тавба, бу йил мактабга чиқдию, ҳамон эркалиги қолмаган. Зулайҳо қизалоғининг майин сочларини силаб, пешонасидан ўпди. Ўғлининг бошидаги ёстиғини тўғрилаб қўяркан, раҳматли эрига чунонам ўхшаб бораётганини ҳис этиб, юраги жизиллаб кетди. Қандай барваста, вазмин ва кўркам йигит эди-я? Қўлидан келмайдиган ишнинг ўзи йўқ эди, Зулайҳони еру кўкка ишонмасди. Буларнинг бахтига кўз тегди, деганлар ҳақ бўлишса керак. Илойим, болаларининг умри отасига ўхшамасин-да. Зулайҳо оғир хаёллар исканжасида дилбандларига термулиб ўтираркан, бирдан қозонидаги сут эсига тушиб ўрнидан ирғиб турди ва ошхонага қараб чопди. Хайрият, вақтида эсига тушибди. Сутнинг кўпиги қозоннинг бўғзига келиб қолган экан. Бошқа юмушларига уннаган аёлнинг ёдига такрор кечаги учрашув келди…
 Аброр сираям ўзгармабди. Бундан олти йил аввал у билан шаҳарда тасодифан учрашиб қолган Зулайҳо қайнонасига аза очган кезлар эди ўшанда. Эгнидаги қоп-қора либос, бошидаги тимқора дуррачага тикилиб қолган Аброр уни биринчи марта таксида шаҳарга кетаётганида учратган, айрилиқ ва ҳижрон ҳақидаги мусиқадан кўзига қуюлиб келган ёшни яширишга уринаётган ёшгина жувонни кўриб ичи эзилганди. Бу аёл ҳойнаҳой, яқин кишисини йўқотган, бўлмаса мусиқани бу қадар таъсирланиб тингламаган ва мижжаларига ёш қалқимаган бўларди. Боз устига, эгнидаги қора либос мотамсаролигини билдириб турибди, деган хаёл оғушида кетиб бораётган Аброр ҳайдовчига секин шипшиганча бошқа куй қўйишини илтимос қилганди. Зулайҳо бўлса буни илғамаган, у ўз дунёсига ғарқ бўлганча кўзларини бир нуқтага тикканча кетиб борар, ҳатто ўзига нигоҳларини қадаган эркакни пайқамаган ҳам эди. Улар манзилга етиб келишганида, Аброр аёлнинг қўлидаги оғир юкни кўриб индамай кетолмади.
 – Кечирасиз синглим, менга беринг, юкингиз оғир шекилли, ёрдамлашиб юбораман.
Бегона эркакнинг кўмагидан ийманган ва атрофдагилардан истиҳола қилган Зулайҳо аввалига қўяверинг, дедию, яна ҳақиқатан зилдай тўрвасини унга узатди.
– Йўлимиз бир экан. – Ўрта ёшлардаги эркак чиройли жилмайди.
– Мен Садага кетадиган бекатга боришим керак.
 – Тавба, тасодифни қаранг, мен ҳам ўша томонга кетяпман, яқинда бир оғайнимнинг онаси қазо қилиб қолганди, шунга таъзияга келаётгандим.
 – Худо раҳматига олсин, – Зулайҳо бир сония тўхтаб, юзига фотиҳа тортди. – Келишнинг кетиши бор экан-да… – Аёлнинг оғир хўрсингани ҳамроҳини сергак торттирди.
 – Садада яшайсизми?
 – Йўқ, мен ҳам меҳмонга келяпман. Садада холам яшайди, касал бўлиб ётиб қолганларига анча бўлган, иш-ташвиш билан андармон бўлиб сира келолмадим. Шунга…
– Холангизга худо шифо берсин.
– Раҳмат. Ҳар ҳолда жуда қариб қолмаганлар. Энди етмишни қоралаган.
– Фарзандлари борми?
– Ҳаммаси уйли-жойли бўлиб кетишган.
– Ўзингизда болалардан нечта?
Зулайҳо ногаҳонда энг азиз нарсасини топиб олгандек масрур жилмайди:
– Бир ўғил, бир қиз. Бири-биридан шўх, қизим эндигина бир ёшга тўлди. Бижир-бижир бўлиб қолган, сира акасига гап бермайди, денг.
– Қиз болалар шўх бўлишади-да…
– Сизникилар-чи? – Зулайҳо жилмайганча ҳамроҳига қаради.
Эркакнинг ҳозиргина жилмайиб турган кўзларига мунг оралади, нигоҳини ерга қадаганча оғир хўрсинди:
– Ёлғизгина ўғлимиз операциядан чиқмади. Жигар циррози билан кетди…
Зулайҳо кетаётган жойида тўхтаб қолди ва ачиниш назари билан ёнидаги одамга қаради-да, овози зўрға чиққанча гапирди:
– Мени кечиринг, ака. Билмасдан ярангизга туз сепиб қўйибман, узр… Айрилиқ азоби бошимдан ўтган.
– Сабр қилмай иложимиз йўқ, сиз ҳам сиқилманг, бу дунёда ҳаммамиз омонатмиз.
Эркак ундан ким учун аза очганини сўрашга ботинолмади. Ҳозир шу тобда ўзи ҳам аёлга ўхшаб ноқулай аҳволга тушиб қолиши мумкин.
 – Қолганлар омон бўлишсин.
 – Ёш экансиз, хотинингиз ҳам ёш бўлса керак, ҳали этак-этак бола кўрасизлар.- Зулайҳо шундай дейишга дедию, эркакнинг кўзига қарамасликка уринди.
 – Қайдам, синглим, хотинимга бошқа туғиш мумкинмас, дейишган…
Зулайҳо яна қовун туширганини билиб, сиқилди. Дарҳол гапни бошқа томонга буришга интилди.
 – Ия, бекатга келиб қолибмиз-ку, аксига олиб таксилар кўринмайди.
 – Хавотирланманг, бирпасда келиб қолишади. Ҳозир қаёққа қараманг, такси босган. Йўловчилар талаш, илгарилари умримиз бекатларда ўтиб кетарди. Техника асри бўлиб кетган. Бир кунда бошқа вилоятга енгил машинада бориб, қайтиб келишнинг имкони бор-а. Ана, мана шу таксилар адашмасам, Садага боради.
 – Қайдам…
 Улар шу тахлит бекатга етиб келишди. Навбатда турган машиналардан бирига ўтиришди. “Машина тўлсин, кетамиз, ака”. Қорачадан келган ҳайдовчи Аброрга юзланди.

Кун пешинга келганигами, қуёш атрофни тандирдай қиздира бошлаганди. Эркак қўлидаги минерал сувни аёлга тутқазди:
 – Чанқагандирсиз, синглим. Олинг, ичинг.
Зулайҳо гарчи чанқаб турган бўлса-да, олишга ийманиб йўқ, ишорасини қилди.
Шу пайт келиб қолган йўловчиларни олган такси уларни манзилларига элтиб қўйди. Эркак аёлдан олдинроқ тушиб қолди.
 – Тушиб кетаверинг, синглим, мен тўлаб қўйдим.
Хаёл оғушида кетаётган Зулайҳо сергак тортди:
 – Вой, йўқ, ўзим тўлайман. Овора бўлманг, ака. Бояги ёрдамингиз учун раҳмат.
Зулайҳо бу самимий одамга меҳр билан қараб қўйди. Тавба, бегона эркакнинг самимиятидан қаттиқ хижолат чекарди. Энди боши очиқ аёл, ахир. Эри ўлганидан кейин қайноғасининг хотини уни эридан рашк қилган кунлари эсига тушса, юрагини ғулғула босади.
 – Ака, шифоньернинг эшиги тушиб кетибди, михлаб берасизми? – Зулайҳо дам олиш кунларининг бирида қайноғасига юзланди.
 – Албатта, ҳозир омбордан болға билан мих топиб чиқай. – Қайноғаси кичкина ҳужрага кириб кетди.
Ошхона бўсағасида турган овсини Муборак бир юлқиниб, қўлидаги боласини хархаша қилмаса-да, силтаб айвонга ичкарилади. Зулайҳо унинг кайфияти йўқлигини сезиб, кўнгли ғашланди. Ўтган дам олиш куни ҳам қилдан қийиқ чиқариб, эри билан роса жиқиллашган. “Бу ҳовлида ё биз турайлик, ёки Зулайҳо!” дея эрига шарт қўйган овсинини бемор ётган қайнонаси аранг босганди. Мурғаккина Султонни сира ёқтирмайдиган Муборак ўғлини ундан “ҳимоя” қилгани-қилган, арзимаган нарсаларни талашиб-тортишадиган болаларнинг ўртасига тушиб, шарманда бўлишдан чарчамасди. Зулайҳо бошида эътибор бермади. Қуйилиб қолар, участкаси бор-ку, кўчиб кетишар, деган ўй билан ўзини овутиб юрди. Бора-бора Муборакнинг хурмача қилиқлари кўпайиб боргани сайин бу уйда ўзини ортиқча ҳис эта бошлади. Келинчак бекорга сиқилмаган экан, ўша куни шифоньер тузатилмай қолиб кетди. Қайноға хотинининг бақир-чақиридан кейин гузарга чиқиб кетиб, шом пайти кириб келди.
 – Келинингга уйланиб олақол! Қачон қараманг, бу киши келини билан чақчақлашиб ўтиради, на унисида уят бор, на бунисида, ўлларинг, мошхўрдага қатиқ бўлмай! Жаҳонгирнинг ўлганига йил тўлмасдан семириб қолди бу ойимча!
 Ошхонага пичоқ олишга кирган Зулайҳонинг тиззалари қалтираб кетди. Нима деяпти? Шахд билан бориб, Муборакнинг сочларидан юлгиси, ичидаги аламларини тўкиб солгиси келдию, бемор ётган қайнонасидан тортинди. Кечагина келинларининг уриш-жанжалидан қон босими ошиб, зўрға ўзига келган. Онасиз улғайган Зулайҳо қайнонасини койитишни сира истамайди. Бу ҳовлида бир сония тургиси йўқ, аммо уни ана шу қариянинг меҳригина ушлаб турарди. Ўғлидан кейин ҳеч қанча вақт ўтмасдан чолидан ҳам айрилиб қолган кампирнинг яна неча кунлиги бор, номаълум.
 Зулайҳонинг сўнгги илинжи ҳам тугади. Қайнонаси кўп ўтмай, оламдан ўтди. Охирги нафасигача ёнидан жилмаган келинини кўзи қиймасдан гирён бўлган онаизор уни ёнига чақириб аранг гапирди:
 – Болам, қўли калталик ўлсин, шу вақтгача Боймуроднинг қозон-товоғини бўлак қилиб беролмадик. Ўзининг ношудлигиданми, битта бошпанача қилиб олишга ярамади. Участкасига тош тўккани қачон эди… сен… сени булар тинч қўйишмайди, қизим, ҳалиги… отангнинг… – Қайнона нафас олишга қийналиб, ҳансиради. Томоғига нимадир тиқилгандек, ранги кўкарди.
 – Ойи, тушундим, сиз ўзингизни койиманг, илтимос. Ҳамма гапингизга тушундим, кейин айтасиз, хўп, илтимос. Чарчаб қоласиз, ойижон.
 Ойисининг сўнгги бора нима демоқчи бўлганини тусмоллаган Зулайҳо тақдирга кўнди. Эри раҳматли тириклигидаёқ, унга ана шу таклифни айтган, кел, шу кеннойимнинг ғиди-бидисидан қочиб, отангнинг ҳовлисига кўчиб ўтайлик, руҳлари шод бўлади, деганди. Аммо Зулайҳо чол-кампирни кўзи қиймаган, уларнинг ранжиб қолишларидан қўрққанди…
 Акасидан ёрдам сўрашга ийманган келин эркак қиладиган ишларни ҳам ўзи бажаришга мажбур бўлганди. Қайнонасининг қирқи ўтгач, Муборак тўнини тескари кийиб олди. Зулайҳо ёш боласи билан ишга тушмаганидан уйда овсини билан жиқиллашаверишдан обдон безди, ойисининг йили ўтишини кутмай, отасидан қолган ҳовлига кўчиб ўтди. Маҳалла-кўйдагилар бунинг сабабини Зулайҳо айтмаса ҳам тушуниб етишганди, агар қайноғасининг озгина ғурури бўлганида жўжадай болалари билан тул қолган келинини тўкилай деб турган ҳовлига ташлаб кетмасди. Кўпроқ Боймуродни ёзғирган маҳалла аҳли Зулайҳога ачинишди, аммо ўқимишли аёл дарров ўзини ўнглаб олди, болаларини боғчага жойлаб, мактабдаги ишига қайтди.
 Муборакнинг асоссиз рашки туфайли чол-кампирдан қолган уйни ташлаб чиқиб кетишга ва ота-онасидан мерос қолган эски хўжаликда яшашига тўғри келганида, Зулайҳо “эскини ямаганча эси кетишини” тасаввур ҳам қилмаганди. Яхшиямки, ўзи ишлаётган мактаб маъмурияти, ҳамкасблари бева қолган ёшгина келинчакни суяшди. Уни пахта мавсумидан озод қилишиб, бир-икки дастёр ажратишди ва чакка ўтадиган томини янгилаб олишига кўмаклашдилар. Нариги маҳаллада яшайдиган қайноғаси ҳар куни эрталаб Зулайҳонинг кўчасидан ишга ўтади. Бирор марта келинининг уйига бош суқмади. Овсинининг феълини яхши билган Зулайҳо ундан ўпкалаб ҳам ўтирмади. Ёлғизнинг ёри Худо деганлари рост экан. Буёғига ҳам ўзи қўллар… Аёл шуларни ўйлаб ичи эзилди. Шукрки, икки норасидаси бор. Агар улар бўлмаса, бу дунёнинг қизиғи қолмасмиди? Бечора Аброрнинг бошига тушган ғам ёмон бўлибди. Хотини яна туғмаса… Бола асраб олишса керак. Боласиз уй мозор, деганлари рост экан.
 Сададаги холасининг олдига Зулайҳо аслида эрининг қарзини узиш учун келганди.
 – Холажон, мана бу пулларни олиб қўйинг. – У оҳиста холасига бир тахлам пул тутди. Бу унинг бир ойлик маоши эди.
 – Эрим раҳматли ўлимидан олдин сиздан қарз кўтарган экан, кейин эшитиб қолдим. У дунёда азоб чекмасин… Ўша пуллар ҳам уни сақлаб қололмади. Касали ўтиб кетган экан-да, холажон…
 – Қўй, болам, буни болаларингга ишлатасан, мен минбаъд розиман, Жаҳонгирнинг қарзидан аллақачон кечганман. Қанийди, пул тополмай қийналиб юрганини олдинроқ эшитганимизда, боримизни тўкиб сочардик, бу ордона унга асқотган бўлармиди…
 Хола кўзларига ёш олди. Сарғайган юзларидан икки томчи ёш думалаб тушди.
 – Опам раҳматли Жаҳонгирнинг доғини кўтаролмади. Сени жуда яхши кўрардилар, чол-кампирнинг чироғини ёқишингга ҳам қўйишмади-я, нокаслар. Гўр бўлдими, Муборингнинг қачон қарама, болалари ғавғо чиқаради. Ҳали ошхонаси ёниб кетадимией, ҳали пичанидан ўт чиқадими, ўша куни Боймурод келиб кетди. Участкасини сотиб юборибди, уй қуришга ҳоли йўқмиш. Ҳам жигаримдан қолган уй, ҳам участка, ҳам боғ шу ношудга қолди, лоақал биттасини Султонга илинишмади. Роса койидим, бошини кўтармайди. Етимнинг уйини эгаллаб, ризқини еб ўтирибсан, огоҳ бўл, десам, келин ўзи уйни ташлаб чиқиб кетган, дейди. Хотинининг жоҳиллигини, тизгини унинг қўлида эканлигини тан олмайди.
 – Ундай деманг, холажон, менга на уйи, на боғи керак, ҳамма нарсамиз бор. Отам раҳматли экиб кетган нокларнинг мевасини айтмайсизми, бояги ноклар-чи, мазаси тилни ёради. Ёнғоқнинг ўзидан уч хил нави бор, кузда беш қоп мева қилди. Ортиқчасини сотдик.
 – Умрингдан барака топ, қизим, биз сенга беришнинг ўрнига Расул акангдан бир тўрва бериб юборибсан, дуо қилиб едик. Ўкинма, болам, ўтганларнинг руҳи сени қўллайди. Ҳали жуда ёшсан, барибир турмуш қуришинг керак. Икки бола билан ҳайҳотдай ҳовлида шумшайиб ўтиб кетолмайсан-ку, бунинг устига замон нотинч, гўдакларинг билан бир ўзинг қандай қилиб ҳовлида яшайсан? Яхши-ёмон бор, шуларни ўйлаб роса сиқиламан. Кошки қўлимдан бирор ёрдам келса… Нималар деб алжираяпман-а? Ҳали ўттизга ҳам кирмагансан. Нима бўлганда ҳам ёш қолдинг, ёмон бўлди, болам, ёш умринг увол…
 – Эрнинг нима кераги бор, холажон. Болаларни оёққа турғазиб олай, дуо қилинг. Кейин ҳадеб сиқилманг, отамдан қолган уйни бинойидай қилиб олганмиз.
 – Расул ўғлим айтди, тадбирли, сабрли эканлигингни роса мақтайди. Барибир ўқиган қизлар рўзғорни эплаб кетаркан. Келиним ҳам пишиқлигингни, эски уйни янгидай қилиб олганингни айтиб келганидан бери кўнглим анча хотиржам, барибир ҳали ёшсан-да, болам. Опам раҳматли ёш қолганингга ҳам куйиб кетдилар.
 – Сиқилманг, холажон. Нолимайман, Султонжон сал катта бўлсин, ёнимга киради.
 – Иншооллоҳ, Худо сабр берсин сенга. Ўзинг ота-онасиз ўсганинг етмагандай, қайнота-қайнонанг ҳам эрта кетганига куяман-да. Эрингга кўз тегди, болам. Қандай оқил, азамат йигит эди-я… – Хола яна йиғлаб олди. – Раҳматли эгачим шу ўғлини жуда яхши кўрарди. Каттам меҳрибон эмас, буним бошқача, Жаҳонгиримдан умидим катта, деб қўярди. Яхшига юрим йўқ экан, болам.
Зулайҳонинг кўзларига дафъатан қуйилиб келган ёш боядан бери ўз қайғуси билан андармон холани сергаклантирди, ўзини койиган бўлди: “менгина ўлай, ярангни янгилаб қўйдим-а?” Эри ўлганига ҳадемай йил бўлади, аммо уни эсласа, Зулайҳонинг мижжаларига ёш қалқийди. Атиги беш йилгина бирга яшашди, йигирма олти ёшида бева қолди, ахир…
Сададан чиққанида кун анчайин қайтиб қолганди. Бекатгача уни холасининг невараси кузатиб чиқди. Бўшаб қолган сумкасини олдига олганча хаёлга берилиб ўтираркан, ортидан таниш овоз келди.
– Ия, тасодифни қаранг, баравар қайтибмиз-ку, сингил?
Зулайҳо бояги йўловчи танишини кўриб кулимсираб қўйди. У кулганида юзлари бироз ёришгандек бўлди. Аёлнинг юзидаги кулгичи эркакнинг эътиборини тортди. Бунчаям маъсума бўлмаса, дилидан ўтказди у. Аммо шу тобда бировнинг хотинига кўз олайтираётганини сезиб жиддий тортди. Унинг ҳам севимли эри бордир, ахир. Кўринишидан жуда ҳокисор аёлга ўхшайди, гап-сўзлари ҳам маънили. Нима бўлганда ҳам у бировнинг хасми…
– Бир кўриш таниш, икки кўриш билиш. Менинг исмим Аброр, сизники-чи, синглим?
Зулайҳо секингина исмини айтди.
– Чиройли исмингиз бор экан.
– Раҳмат.
– Танишганимдан хурсандман.
Зулайҳо бош ирғаб қўйди.
– Ҳовлингиз қайси томонларда?
– Оҳангаронда.
– Ия, битта шаҳардан эканмиз-ку. Кимнинг қизисиз?
 – Мўмин ака деган косибни эшитганмисиз? Ўша кишининг қўлларида улғайганман. Почтага яқин жойда яшардик. У киши менинг тоғам бўладилар. Ойим билан дадам мен чақалоқлигимда Қорасувга чўкиб кетишган экан…
 Аброр бу ғамбода аёлнинг ўтмишини эшитиб ўйланиб қолди. Унда энди кимга аза очган бўлса?
 – Мен ҳам бир ёшимда отамдан, ўн ёшимда онамдан етим қолганман. Мениям тоғам тарбиялаган. Шукр, у киши ҳаётлар, қўлларида тураман. Хотиним ҳам қариндошим. Демак…
Аброр ниманидир сўрамоқчи бўлдию, индамади.
Зулайҳо ўйга чўмганди.
 – Болаларимнинг ҳам отасиз ўсишларини истамагандим, лекин ноилож… – Аёлнинг кўзларига сўнгсиз мунг чўкди. Бояги ёниқ чеҳрасидан асар қолмади. У шу тобда узоқларга термулганча олдидаги одамни буткул унутгандек эди гўё. Фарзанд доғини кўтаролмай олти ой ўтгач, ойим бизни ташлаб кетдилар. Эгнимдаги аза либосини ечолмадим. Онам ўрнида она бўлиб қолганди у киши. Эрим бошини қаттиқ шамоллатган экан, дўхтирлар тўғри ташхис қўйишолмади. Кейин.. кейин мия саратони деб қўя қолишди. Хуллас, даволанишга вақтида маблағ тополмадик… Майли… нималар деяпман. Узр, ака…
Аброр қаршисида турган ғамбодага тикилиб қолди. Нима деб юпатишни ҳам билмай эсанкиради. Бироз сукутдан сўнг Аброр унга далда берган бўлди:
 – Боя сиз келиш бор, кетиш ҳам бор дедингиз, ҳа, кетиш ҳаммамизнинг бошимизда бор, фақат қачон кетамиз, билмаймиз. Сизга жабр бўлибди, аммо метин бардошли бўлишингиз керак, синглим. Болаларингиз учун ҳам яшашингиз керак, тирноққа зор ўтаётганлар озмунчами?
Шу пайт бекатга бирин-кетин келиб тўхтаган таксилар уларнинг диққатини тортди.
 – Тўйтепанинг бозоригача…
Улар бозоргача сукут сақлаб кетишди. Кейин яна биргалашиб Оҳангаронга кетадиган автобусга чиқишди. Энди юракларида яширин дард кўтарган бу икковлон сўзсиз кетиб боришарди…
 – Зулайҳо, синглим, қаранг, бир эмас, уч транспортда ҳамроҳ бўлиб қолибмиз. Биз томонларга болаларни олиб ўтиб туринг, хўпми? Шундоққина каналнинг бўйида яшаймиз. Янгангиз ҳам хурсанд бўлади. Болалар бир яйраб келишади.
 – Хўп, ака, худо хоҳласа… Янгамни сўраб қўйинг, у кишига ҳам худо қўчқордай ўғил берсин. Дўхтирларнинг айтганига кўпам ишонаверманг. Эримни икки ойлик умри қолган дейишганди. Бир йил яшади-ку…
Улар сўзсиз хайрлашдилар.
…Орадан ойлар ва йиллар ўтиб, ҳар ким ўз тирикчилиги билан овора бўлиб кетишди. Бир куни Зулайҳо ишлайдиган мактабда математика фанидан илмий-амалий семинар ўтказиладиган бўлди. Нотиқлар қаторида Аброр ҳам бор эди. Улар ошхонада учрашиб қолдилар. Аброрнинг кўзлари қаршисида турган аёлни кўриб ёниб кетди. У Зулайҳони яна учратиб қолишини сира хаёлига келтирмаганди. Аёл анча ўзига келиб, бироз тўлишганди. Илгариги мунглиғ чеҳрасида энди яшаш учун кураш, ишга иштиёқ кучли эди. Аброрни кўриб у ҳам хурсанд бўлди.
– Ия, ҳамкасб эканмиз-да!
 – Қизиқ, ўшанда роса суҳбатлашибмизу, бир-биримиздан касб-коримизни сўрамабмиз.
– Ишлар билан ҳорманг, Зулайҳо!
Зулайҳо қаршисидаги эркакка ялт этиб қаради.
– Демак, исмим ҳам эсингиздан чиқмабди-да.
– Исмингиз жуда чиройли бўлгани учун хотирамда сақланиб қолибди. Ҳатто яқин дўстим қиз фарзанд кўрганини эшитиб, унга Зулайҳо деб исм қўйишини илтимос қилсам, эр-хотин рози бўлишса денг. Жуда ширинтой бўлган.
Аброр кулимсиради. Семинарнинг амалий машғулотлари бошлангунига қадар суҳбатлашиб қолишди. Айрим ғаламис чеҳралар зимдан ёшгина бевага кўз қирларини ташлаб ўтдилар.
Аброр хайрлашув олдидан унинг телефон рақамини сўради. Зулайҳо ҳам бу самимий инсонга иккиланмай рақамини берди. Орадан икки кун ўтгач, Аброр унга қўнғироқ қилиб, омонлигини сўраб қўйди.
Кунлар шу тахлит ўтаверди. Аброр бу орада тоғасининг қистови билан хотинидан ажрашди. У негадир Зулайҳони эслайверар, ичидаги ғалаённи қандай босишни билмай қийналарди. Қайсидир йўл билан бева аёлга ёрдам бергиси келар, аммо қандай йўл тутишни билмасди. Кўнглига бирор нарса келиб, хафа бўлса-чи? Зулайҳо жуда вазмин аёл, унинг дилини оғритиб қўйишдан чўчиган Аброр ора-сира телефон қилишдан бошқа чора тополмасди. Тасодифан бозорда учрашиб қолишдию, муносабатлари анча қуюқлашди. Ўша куни Зулайҳо етти ёшлардаги сочлари жингалак қизалоғини етаклаб борарди. Унинг эгнидаги осмонранг ҳилпираб турган кўйлак фариштанинг либосига ўхшарди. Рангидаги синиқлик анчайин ариган, қизининг бижир-бижир гапларига мийиғида кулиб бораётган аёл рўпарасида турган Аброрни пайқамади.
– Зулайҳо!
Ортига ўгирилган аёл таниш кишисини кўриб унга пешвоз юрди.
– Ассалому алайкум, Аброр ака! Саломатмисиз?
– Ўзингиз омонмисиз? Ия, бу қизалоқни кичкина дегандингиз, кап-катта бўлиб қолибди-ку?
Қизалоқ бегона амакидан тортиниб онасининг этагидан тутди.
 – Салом, – қўл узатди нотаниш амаки унга.
Қиз бир онасига, бир амакига қараб олди.
 – Амакингга салом бермайсанми, қизим?
Зулайҳонинг гапидан кейин қизалоқ худди яқин бир кишисини кўриб қолгандек қўл бериб ўтирмади, аксинча ўзини унинг қучоғига отди. Бола нафасига зор Аброр уни маҳкам қучоқлади. Қўйиб юбормай даст кўтариб олди. Кейин Зулайҳога кулимсиради.
–Юринг, шу қизимни бир музқаймоқ билан сийлай…
–Ойим уришадилар музқаймоқ есам, – лабларини чўччайтирди қизча.
–Туш энди, Зулфизар! Уят бўлади, қизим, сен энди мактабга боряпсан-а.
Амаки қизни оҳиста ерга қўйди-да, бориб музқаймоқ олиб келди. Кейин Зулайҳога юзланди.
–Кўришиб қолибмиз, юринг, бир пиёла чой устида гаплашайлик.
Зулайҳо уялиб ерга қаради.
–Овора бўлманг, Аброр ака. Биз шошилинч чиқдик, уйда уста ишлаётганди. Шунга… Озгина оҳак етмай қолувди.
–Ия, ҳозир ташкиллаштирамиз-да. Менга ўхшаган акаларингиз турганда сиз устага оҳак ташийсизми? Уят бўладия…
Аброр ярим қоп оҳак, бир-икки бўёқни харид қилиб чиқиб, таксига юклай бошлагач, Зулайҳо шоша-пиша унга бир даста пул узатди.
–Сизниям овора қилдик. Буни олиб қўйинг.
Аброрнинг юзи тундлашди:
–Мени хафа қиляпсиз, сиз билан кеча эмас, олти йил аввал танишгандик шекилли. Сиздан илтимос, кўнглингизга ҳеч нарса келмасин. Юринг-чи, устангизнинг ишини бир текшириб кўрайлик-чи…
Уйда усталар икки кунлик ишни бир ҳафтага чўзган, Зулайҳонинг ёлғиз аёллигини сезиб роса бемалол бўлиб олишганди. Аброрни кўргач, сабза урган мўйлаблари учиб қўйган ёш уста айвонда ястаниб ётиб олганча тамаки тутатаётган шеригини чақирди.
–Азамат!
У томондан эринчоқ овоз ғижинди:
–Мусиқа эшитишгаям қўймайсизми энди?!
Аброр Зулайҳонинг усталарга обдон “ёлчиганини” сезди. Бунга дарҳол чек қўйиш керак.
–Қани, шоввозлар, ҳорманглар энди! Ишингизни бир кўрсам девдим, ёқса биздан ҳам буюртма бор. Йигитчалар нотаниш эркакка энсалари қотганча қараб қўйишди.
–Ия, шувоқ ҳам шунақа қўл учида қилинадими? Қойил-е, опангиз сизларга ишониб иш топширсаю, боз устига, пул бериб ишлатса, ишончини суиистеъмол қилсангиз, яхши эмас, яхши эмас. Буниси энди мусулмончиликка тўғри келмабди-да…
 Аброр уларни Зулайҳо турган жойдан нарироққа етаклаб борди-да, бир нарсаларни узоқ гапирди. Бир пайт усталар типирчилаб қолишди. Улар ҳар кунгидан ўн чандон жадалроқ ишлай бошлашди. Пешинда бошланган иш кечга бориб тугади.
 – Энди оқлашни ўзимиз қиламиз, сизларга раҳмат. Мана бу хизмат ҳақингиз, олинг.
Аброрнинг эркакларча кескир гапи, усталарнинг мулойимлашиб, чаққонлашиб қолгани Зулайҳони ҳайратга солди. Яна раҳматли эрини эслади. Вой, шоввозлар-ей, мени аёл билиб роса бемалол бўлиб олишган экан-да. Бу савил бир кунда битар экану, мен бўлсам…
Аброрнинг унинг учун қилаётган чиқимлари аёлни хавотирга соларди. Аммо очиқкўнгил бу одамга бир нарса деб эътироз билдиришга ботинолмасди. Усталар қатори овқатланган Аброр шом аралаш Зулайҳо ва болалари билан хайрлашиб чиқиб кетди. Эртаси эрталаб келиб иш кийимларини кийди-да, ошхона ва ғазнахонани чиройли қилиб оқлаб берди. Сўнгра шошиб турганини айтиб тушликка ҳам ўтирмай жўнади. Шу кетганча Аброр бир ҳафтадан кейин келиб Зулайҳонинг чорбоғидаги тепаси нураган деворни лойсувоқ қилиб берди. Қўшнилар бу эркакни уста деб ўйлашди шекилли, Зулайҳонинг ён қўшниси Моҳира, ўвв, кеннойи, қурилишни бирдан тезлаштириб юборибсиз-ку, нима Султонга тўй берасизми, деб қолди. Зулайҳо кулиб қўйди, аммо жавоб бермади. Ичидан қиринди ўтди, боласининг қўлини ҳалоллаб қўйган, лекин эл қатори юртга ош беролмагани эсига тушиб кўнгли бузилди. Ҳозир суннат тўйини ўтказиш ҳар кимнинг қўлидан келавермайди, ахир. Зулайҳо ҳам қуруқ ойликка яшайди. Боғдан чиққан мева-чева, экин-тикин ҳам кунига ярайдию, асосий харажати ойлик билан.
Эри ўттизнинг бўсағасида бедаво дард орқасидан ўтиб қолганида қайинона-қайинотаси ҳаёт эдилар. Фарзанд доғи уларни йиқитди. Ўғлининг йили ўтмасдан, аввал отаси, кейин ойиси бу ёруғ оламни тарк этишди. Зулайҳо ҳақиқий етимга айланганини ҳис этди, оз фурсат ичида тим қора сочларига қиров қўнди. Юзларига биринчи чизиқлар тортилди. Ўғил-қизини маҳкам бағрига босаркан, аламини ичига ютди… Ўзини ишга урди. Бу дунёда ёлғизман, деб йиғлашдан қўрқди. Икки норасидаси унинг икки қаноти бўлди. Яшашга ундади. Эри ўлгач, ёш бевага оғиз солганлар ҳам кўп бўлди. Аммо… Зулайҳо қайтиб турмуш қуришдан қаттиқ қўрқарди. Айниқса, беғубор қизини кўз олдига келтирса, бошқа одамларга унинг сочининг тукини ҳам ишонмаслигини англарди. Аммо инсоннинг эртага нима бўлишини, тақдиридаги битикларни билмайди-да.
 Аброр билан танишганидан буён орадан олти йил ўтибди. Тақдирми, тасодифми, яна учрашишди. Аёл минг уринмасин, унинг ёрдамидан воз кечолмасди. Ҳаётда ўз ихтиёрингга бўйсунмайдиган ҳолатлар ҳам бўларкан-да…
Аброрнинг қўли теккан жойларга файз кира бошлади. Тез орада болалар ҳам бу меҳрибон амакиларига ўрганиб қолишди. Аброр айниқса, кичкина Зулфизарни қўлдан қўймас, унга эртаклар айтиб берар, музқаймоқ, ширинликлар билан сийларди. Султонга эса шахмат ўйнашни ўргатди.
Бир куни Зулфизар болаларча беғуборлик билан:
–Аяжон, Аброр амаким биз билан яшасинлар, – деб қолди.
Зулайҳо қизини секин қўлидан тутиб, ўзига тортди:
–Акангга қарагин-чи, сенга арғимчоқ ясаётганди.
Аброр Зулайҳонинг юзлари қизариб кетганини сезди. Ўзи ҳам шу тобда қизчанинг гапидан эсанкираб қолганди. Кейин иккаласи ҳам бу вазиятдан чиқиб кетиш учун усталар тугатган ишни кўриш учун ошхонага чиқишди.
 – Султон, укангга қара, арғимчоқ учаман, дейди.
 – Амаким менга аллақачон арғимчоқ ясаб берганлар, ойи.
Аброр ошхонадаги кам-кўстларни, куйган чироқларни тузатди. Зулайҳо ич-ичидан бу ҳокисор одамдан миннатдор бўлиб турса-да, тили чаққон айрим қўшнилардан истиҳола қиларди.
– Зулайҳо…
Аброрнинг овозидаги титроқ Зулайҳонинг вужудини ёндирди.
Уйга кириб қолган Зулфизар Аброрнинг қўлидан тортқилади:
– Амаки, мени арғимчоқда учиринг!
Аброр жингалаксоч қизни қўлига кўтариб олиб, уни арғимчоқда учира бошлади.
–Бу қизни ҳеч ким биринчи синфда ўқийди демайди, тантиқой! — Зулайҳо қизининг амакиси билан дарҳол тил топишиб кетганига қойил қолганча нари кетди.
Ўғли Султон учинчи синфда ўқийди, анча эси кириб қолган. Бир куни дабдурустдан онасидан Аброр амакисини сўраб қолди:
–Ойи, Аброр амаким яхши одам экан-а, менга ёқди. Сизга-чи? Зули ҳам уни яхши кўради, – деди.
Зулайҳо кулиб қўйди, аммо ичида нимадир “йилт” этгандек бўлди.
–Ойи, амаким бизникига тез-тез келиб турсинлар.
Велосипедини бир ҳафтадан бери тузатолмай хуноб бўлаётган Султон бахтиёр эди:
–Амаким сиз ишдалигингизда келиб тузатиб берди. Амаким ҳамма нарсани билади, ойи. – Боласининг қувончи ичига сиғмасди.
 Энди телефонда Зулайҳо бир ёқда қолиб, болалари Аброр амакиси билан гаплашишар, ўз “дардлари”ни тортинмай айтишарди. Уларнинг суҳбатларига маҳлиё бўлиб қоладиган Зулайҳо оилада эркакнинг ўрни қанчалар муҳимлигини ҳис этар, Султоннинг инсофли, ақлли йигит бўлиб улғайишини тангридан ёлбориб сўрарди.
 Аброр ҳам эринмай уларнинг истакларини бажо келтирарди. Бора-бора болалар амакиларига қаттиқ ўрганиб қолишди. Қўни-қўшнилар орасида бир-икки гап оралаб қолди. Аввалига уни уста деб қабул қилганлар энди Зулайҳодан шубҳалана бошлашди. Аброр Зулайҳоникида узоқ қолиб кетмасди. Аммо болалар билан кўча-кўйда тез-тез учрашиб турарди.

Бора-бора бир-бирига ўрганиб қолаётганини сезган Зулайҳо билан Аброр учрашганларида гап тополмай қийналишарди. Ўзаро суҳбатлар салом-алик ва арзимас гаплардан нарига ўтмасди. Улар бир-бирларини хафа қилиб қўйишдан чўчиб яшардилар гўё.
Ўз туйғулари тўғрисида энди гап бошламоқчи бўлган Аброр аёлнинг маъсума нигоҳига боқиб сўзини йўқотиб қўярди.
“Сиз маъсума аёлсиз. Сизни ғоят қадрлайман”… Гулдаста ичидаги откриткага ёзилган ушбу ёзувни ўқиб Зулайҳонинг кўзлари тиниб кетди. Неча йиллардан буён эшитмаган бу каби сўзлар унинг юрагини ўт бўлиб ёндира бошлади. Ўзи билмаган ҳолда Аброрга ўрганиб қолаётгани уни чўчитарди. У Аброрнинг оиласи бузилиб кетганидан бехабар эди. Бир куни телефонда Аброрга янгамни олиб меҳмонга келинг, деди. Аброр бўлса бунинг иложи йўқ, Зулайҳо, дея олди, холос. Эртаси куни уларникига бир тўрва мева кўтариб келган Абрордан Зулайҳонинг биринчи сўрови шу бўлди:
 – Янгамни олиб келмабсиз-да…
– Биз… ажрашганмиз, Зулайҳо. Ўтган йили… Хуллас, сиз билган гап. Бир-биримизнинг йўлимизга тўғаноқ бўлмайлик деб… Тақдир экан, начора.
– Кечиринг, билмабман. Мен ҳозир… чой олиб келаман.
– Зулайҳо, мен бирровга кирдим, илтимос ўтиринг. Эртага болаларни табиат қўйнига олиб чиқсак, дегандим.
– Нега… Ҳалиги… Аброр ака…
– Илтимос, йўқ деманг, Султонга ваъда бергандим, балиқ овига олиб бормоқчийдим, илтимос, йўқ, деманг, ўтинаман.
Қаршисидаги ўзи учун азиз инсонга айланиб бораётган одамга эътироз билдирай деса ранжийди, розилик берса одамлар нима дейди? Наҳотки, бу одам Зулайҳонинг ишончига кириш учун болаларидан фойдаланаётган бўлса? Йўқ, бунақа эмас. Йўқ… Нега унда…
Зулайҳонинг юраги потирлаб урарди. Нима қилсин?
–Аброр ака, сиз Султонни олиб бора қолинг, ҳалиги… Менинг ишларим кўп эди…
Аброр аёлнинг ичидаги гапларни тушунгандек бўлди.
–Сиз нима десангиз шу… Сизни безовта қилгим йўқ, демак эртага эрталаб Султонни олишга келаман.
Эрталаб Зулайҳо Султонни уйғотди-да, нонушта тайёралди, овқатлантириб, кийинтириб қўйди, сўнгра Аброрни кута бошлади. Шу пайт телефон жиринглаб қолди.
–Алло, Зулайҳо, илтимос, сира чўчимай Султонни йўл бошига чиқариб юборинг. Машинада кутиб турибман, қўшниларнинг олдида сизга ноқулай бўлмасин, дегандим.
Зулайҳо ич-ичдан Абрордан миннатдор бўлиб кетди. Сўнгра у айтгандай қилиб дарвозадан Султонни секингина кузатди. Ҳақиқатдан йўл бошида енгил машина турарди.
Зулайҳо уйга кириб улгурмасидан яна телефон жиринглади:
–Зулайҳо, хотиржам бўлинг, Султон етиб келди. Йўлга тушдик. Яхши ўтиринглар. Аср вақтигача қайтамиз.
–Раҳмат, Аброр ака. Биздан қайтмаса, худодан қайтсин.
Зулайҳо ихтиёрсиз равишда Аброрни эслай бошлади. Нега юрса, турса бу одам сира ўйидан кетмаяпти. Охири бахайр бўлсин…
Аброр Султон билан ота-боладай бўлиб кетди. Энди Аброр математикадан тушунмаганларини телефон орқали Абрордан сўрар, шахмат ўйнаш учун унинг уйига қатнарди.
Аброр Зулайҳони севарди, аммо бу ҳуркак аёлни чўчитиб қўйишдан, ўзидан узоқлашишидан чунонам қўрқардики, ўз муносабатлари тўғрисида сўз очишдан олдин жуда кўп ўйланарди. Охири бўлмади. Тинимсиз уйлан, дея қисталанг қилаётган тоғасига юрагини ёрди. Боғда шафтоли тераётган Зулайҳо дарвозадан бегона одамнинг кириб келаётганини кўриб унга пешвоз чиқди.
–Ассалому алайкум, амаки, келинг.
–Бардаммисан, она қизим. – Келган нуроний одамнинг аллақайси қирралари Аброрга ўхшаб кетарди. Зулайҳонинг юраги шув этиб кетди.
Амаки тилга кирмасидан ҳаяжон билан:
– Аброр акага бир нима бўлдими, сиз унинг кими бўласиз?! – дея сўради.
– Мени танийсанми, қизим? Ҳа, мен Аброрнинг тоғаси бўламан, аммо унга ҳеч нарса бўлгани йўқ, сен асти хавотирга тушма, она қизим,- деди нуроний мийиғида кулганча.
Зулайҳо шошиб қолганидан нималар деб юборганини ўзи билмай қолиб, юзига қизиллик югурди. Шоша-пиша меҳмонни айвонга бошлади. Кўрпача солиб, дарҳол дастурхон ёзди. Амаки ястаниб ўтирганча, сира шошилмасди. Зулайҳони зимдан кузатиб тураркан, оёғини хонтахта тагига узатганча ястаниб ўтирди. Кейин олдига югуриб келган болалар билан сўрашди. Уларга чакмонининг чўнтагидан қанд-қурс чиқариб берди.
Султон бу амакини дарҳол таниди:
– Бобожон, сиз амакимларникида яшайсиз-а? – деди шоша-пиша.
– Балли, ўғлим, мени дарров танидинг-а, сен амакинг билан шахмат ўйнаётганингда мен нуқул сен томон бўлиб тургандим.
Зулайҳо пиёлага чой қуйиб узатаркан, билинар-билинмас қўллари титради. Ичида бу одам нима мақсадда келганини сезгандек бўлиб турарди. Охири болалар боққа чиқиб кетишгач, отахон салмоқли қилиб сўз бошлади:
– Болам, ўзингдан қолар гап йўқ, Аброр менга гарчи туққан ўғил бўлмаса-да, раҳматли опамдан ёдгор, онасининг кўзининг оқу қораси эди. Ўз ўғлимдай ўстирдим. Афсуски, бахти чопмади. Келиним дуруст аёл эди. Худо тирноқдан сиқди. Ўзи ёлғизгина бола бўлатуриб яна изсиз ўтмасин дейман, шу… бошларингни қовуштириб қўйсак… савоб бўларди. Ахир, сен ҳам жуда ёшсан, эринг ўтганига етти йилдан ошибди. Эшитдим. Ёлғиз аёлга жуда қийин, болам. Кампирим ўтганига ўн йилдан ошди. Худди бир томони ўпирилиб тушган жарга ўхшайман, қизим. Ўзимдан ўтади, ўзим биламан. Ҳеч бандасини ёлғиз қилмасин худойим. Олдингга шу ниятда келгандим, яна ўзинг биласан. Мен ҳам қариганимда кўзим очиқ кетишини истамайман, қизим. Жавобини Аброрга айт, мендан хафа бўлма, кимдир кимгадир сабабчи бўлади, буни ҳаёт дейдилар. Ёлғизлик бандасига хос эмас. Унинг ўзи фақат сени деяпти…
Зулайҳо ерга қаради.
Амаки кўп ўтирмади. Дуога қўл очиб, ўрнидан турди. “Ўзингдан кўпайгин, болам. Бу ҳовлида ўғлинг ҳали отасининг чироғини ёқади. Сира эзилма. Аброр виждонли йигит, ўйлаб кўргин, қизим…”, деди дарвозадан чиқаётиб.
Зулайҳо дарвозани ёпаркан, юраги гуп-гуп ураётганини ҳис этди. Оёқ-қўллари бўшашиб кетди. Келган одам унинг ёдига раҳматли тоғасини солганди. Ўтган азизларини эслаб йиғлаб олди. Нима қилса, тўғри йўл тутган бўлади. Ахир, ўзи ҳам Аброрга ўрганиб қолган-ку, фақат ички бир туйғу ғалаён қилиб уни тўхтатиб турибди. Бу нима, раҳматли эрига садоқатми ёки… Ўзи ҳам билмайди.
Аброр бир ҳафта қўнғироқ қилмади. Неча марта Зулайҳонинг рақамини термоқчи бўлди, аммо тоғаси бориб келганидан буён унга телефон қилишга ботинолмайди. Зулайҳо хафа бўлиб қолган бўлса-чи…
Зулайҳо бўлса Абрордан хавотирда, нега қўнғироқ қилмаётганини тушунмайди. Нега индамайди? Ахир, мен унга умримни бағишлашга розиман-ку… Лекин бу ризоликни ўзи ёқтирган инсонга қай йўсинда билдиришни билолмай хуноб. Болалари ҳам амакиларини соғинишганини айтишади. Охири Султон чидаб туролмади. У Аброрни излаб ўзига таниш хонадонга борди ва ойисининг гапирмай қўйганини, нуқул диванга ўтириб олиб хаёл сураётганини болаларча беғуборлик билан амакисига тушунтирди. “Ойим касал бўлиб қолдилар, шекилли, амаки”, Султоннинг хавотир тўла маъсум кўзлари рўпарасида карахт турган эркакни ҳушига келтирди. Аброрнинг эсхонаси чиқиб кетди. Демак, тоғасининг ташрифидан Зулайҳо қаттиқ хафа бўлган. Ниҳоят, юрак ютиб унга қўнғироқ қилди:
– Зулайҳо… Зулайҳо… Зулайҳо…
– Нега исмимдан бошқасини билмайсизми, Аброр ака. – Зулайҳо тилга кирди. – Ахир, эсимни оғдирай дедингиз-ку, нега жимсиз?!
–Зулайҳо, мен сизни яхши кўраман, сиз, сиз… ҳаммадан бошқачасиз.. Сиз беғуборсиз, Зулайҳо… Сиз иродали аёлсиз. Мени тушунмайсизми, деб қўрқдим, ишонинг, ниятларим холис, болаларингизни яхши кўраман, ахир, уларни кўрсам яшагим келади, ҳаётга умидим ортади, ишонинг… Сизлар туфайли мен яна ҳаётга қайтаяпман, Зулайҳо! Сиз менинг ҳаётимсиз, ҳаётимсиз, ишонинг менга!
Аброр ҳаяжон ичра нималардир деб ғўлдирар, орқасида жойнамозига чўккалаганча тасбеҳ ўгириб, нималарнидир пичирлаётган ва ўзини кузатиб турган тоғасини кўрмасди.
Севги ёш болага айлантириб қўйган жияни билан ўша чеҳрасидан самимият балқиб турган ўқитувчи аёл аллақачон бир-бирига ўрганиб қолишганини ҳис этиб, ичида шукрона келтирган тоға эртагаёқ тўй тадоригини бошлаб юборишни ният қилиб оҳиста ўрнидан қўзғалди, эгнига чакмонини илганча ҳовлига чиқди. Ичкарида Аброр телефонда қайта-қайта Зулайҳонинг исмини такрорлар, ёш боладай ҳаяжонланиб унга нималарнидир тинимсиз тушунтирарди…