Сенга қандай жаннат яратиб берардим, билмайсан.
Ф.М.Достоевский
Келинчак ўз эрини мураккаб ва сийқа бир китобни ўқиётгандай машаққат билан, баъзан адашиб, гумонсираб, рашк қилиб ўқирди. Бироқ охир-оқибатда ҳаммасига қўл силтаб лоқайд ва бепарво бўлиб қоларди: эрини энди кўнгли истамай, минг марта ўқилган китобдай безиллаб, ўқиганларидан бешбаттар юраги совиб кетишидан қўрқиб, юрак ҳовучлаб, минг истиҳола, минг хаёл ва минг илинж би¬лан ўқирди. Ким билади, у, балки, бу сирли ва чигал китобда эрининг бегона аёл билан бўлган ишқий саргузаштини ҳам юз бериши муқаррар бўлган ҳодисадай ёки ўзига мутлақо алоқаси йўкдай, ўқилавериб ҳар бир сўзи, тиниш белгиси, нуқта-вергули таниш бўлган сийқа бир хатни ўқигандай, гўё шундай бўлиши табиийдай, хотиржам ва бепарво ўқиб чиққандир? Балким, кўнглидаги рашк, алам ва ўзга аёлга ҳасад туйғуси эрининг юзидан бу саргузаштни бутун сиру асрори билан ўқиб бўлгачгина йўқолган ва ўрнини номаълум, ўзига ўхшаш муштипар, эрининг хушомадларига осонгина асир тушган аёлга ачиниш ҳисси эгаллагандир? Келинчак баъзи-баъзида ўзига «кундош» бўлган у аёлни хаёлан тасаввур қилар экан, кўз олдида дунёда энг сулув аёлнинг сиймоси пайдо бўларди. Эрининг назари тушган аёл бундан ўзгача бўлиши мумкин эмас эди. Аёлнинг тасаввур ойнасида жилваланган, унинг ўз хаёллари маҳсули бўлган бу илоҳий суратга баъзан ўзи мафтун бўлиб қоларди ва бундай аёлни севмаслик, унинг йўлида қурбон бўлмаслик кечириб бўлмайдиган гуноҳдай туюлар, эри шундай аёлга ўзини алмашганидан фахрлангиси ҳам келар, баъзан эри бир имосига маҳтал турган бу сулув ўрнида ўзи бўлгиси келар, шу сабабли ҳам унинг қадди қомату ҳусни чизгиларида ва таърифларида аёл ўзининг қадди қомати ва юз чизгиларини тасаввур қилар, кейин эса кўнглига яқин келинчакларга у аёлни ялмоғиздай доғули, жодугар, эрини макр-ҳийлалар билан домига илинтирган дея қарғар, оғзига келган даққи сўзлар билан у номаълум сулувни, шу орқали ўзини ҳам ҳақорат қилар, ўлимини яратгандан ҳам, яратмагандан ҳам тун бўйи тилаб чиқарди. Эри унинг бирдан-бир хазинаси эди, у эридан қачон бўлмасин ажралишни хаёлига ҳам келтирмас ва бу хазинанинг ҳатто хаёлида ҳам фақат ўзиники бўлишини истарди.
Аммо ёзнинг ўрталарида бор орзуларию хаёлларини, кўнглининг тубига яшириб қўйган хазинасини иккига ажратиб ташлаган қилич унинг ўзини ҳам иккига бўлиб ташлаган, энди кечаги келинчаклик бахтиёр кунлари билан машаққат ва изтироб билан отаётган ҳар бир эртанги куни иккига бўлинган жасаддай келинчакнинг умри узра иккига бўлиниб, икки ёқда чўзилиб ётар, бахтиқаролик бундан буёнги келинчакнинг ҳар бир кўрган куни бошида қонсираб турган қилич каби унинг қурбонлигини истаб нақ пешонасида муаллақ осилиб турарди.
Келинчак ҳар кеча ўзи ўтирган дарахтга бир муддат қўниб ўтгандан сўнг яна узоқ сафарга отланган қирғийдек ўзидан кундан-кун узоқлашиб, номаълум манзил сари кетиб бораётган эрини, унинг сўнгги пайтларда пайдо бўлган терс, қўпол, жиззаки феъл-атворини, бир вақтлар эри билан жуфт қанот бўлиб учиб ўтган, ҳозир эса ташлаб кетилган бахт манзилидек кўринаётган келинчаклик пайтларини эслаб то тонггача йиғлаб чиқарди: тонгда йиғидан қизариб кетган кўзларини арта-арта нақ ўзининг гавдасидай келадиган оғир кетмонни ҳолсизгина елкасига ташлаб, руҳсиз ва афтода қиёфада далага жўнарди ва кун узоғи яна ўша эрининг эс-ҳушини ўғирлаган аёл билан хаёлан мунозара қила-қила аёлнинг эрига қўйган тузоқлари, макрлари ва жодуларини ҳамда умрининг гулгун лаҳзаларини бегона ўтларга қўшиб чопиб қайтарди. Келинчак ҳамиша ўзини шаҳарлик аёлга қараганда ожиз ва хунук бўлсам керак деб хаёл қилар, эрининг ақлини олган аёл, назарида, ўзидан гўзалроқ, меҳрибонроқ, ишвалироқ, жозибалироқ ва нафосатлироқ туюлиб кетарди. Ўзига қараганда кўпроқ билади, ўқимишли, эрининг кўнглидан чиқа олади, тоза ва озода кийиниб юради, ўзидек қатиқ билан бош ювмайди, баданидан тер ва ғўза ҳиди келиб турмайди, ўзига қараганда ёш, юзи қуёшда куймаган, сочлари сарғайиб кетмаган, қўллари ҳам ўзиникидек дағал, қўпол эмас, тафтли, ҳароратли, майин, нозик – бундай қўлни ушласа, эрининг бир йиллик ҳордиғи чиқиб кетади: шундай пайтларда келинчак ўзига ўзи бечораҳол, бўшанг, уқувсиз, инжиқ ва йиғлоқи бир келин бўлиб кўринарди.
Баъзан у ўзига ҳеч алоқаси бўлмаган, гоҳида изтироб, фаромушлик, гоҳида шиддат, жўшқинлик, хушбахтлик чулғаб оладиган эрининг тунд юзидан қуюқ туман ичида секин ўчаётган гулхан янглиғ ўзига аталган ва аста-секин изсиз сўнаётган заифгина эҳтиромни кўриб қоларди.
Келинчак тўрт йилнинг чанг-ғуборлари, ёмғир-қорлари остида қолган, бу уйга энди келин бўлиб тушган пайтларидаги эҳтиросли муҳаббатни худди ўт-ўланлар орасидан йўқолган игнасини ахтараётгандек эрининг қув кўзларидан баъзан саргашта бўлиб излаб қоларди. Лекин сувга чўккан тошдек бу муҳаббат қаёққадир ғойиб бўлганди. Баъзан келинчак ёнида ётган совуқ ва тунд эркакка қараб туриб ногаҳон эрининг куёвлик пайтлари эсига тушар ва шунда ўша навқирон ва қувноқ куёвболага ҳечам алоқаси йўқ ёт бир эркак билан ётгандек бирдан сесканиб тушар ва ёнидаги эркакни қаёққадир ташлаб кетган шўх-шодон, қувноқ куёви излаб, сигирини ахтариб юриб қуюқ ўрмонда адашиб қолган эртакдаги ўгай қизчадек эрининг худбинлик ва заҳархандалик билан қизариб турадиган юзини, оҳиста билинар-билинмас ажинлар қоплаётган пешонасини, темирчининг омбиридай совиб қолган лабларини секин пайпаслаб излаб қоларди.
– Бу нима қилганинг? – жеркиб юзларидан қўлларини силтаб ташлади уйғониб кетган эри унга зарда билан тикилар экан. – Ҳалиям ёш болага ўхшайсан. Ўзингни сал босиб олсанг-чи.
У юзини тескари ўгириб олди-да, яна пишиллаб беозор уйқуга кетди, келинчак эса бўғзига тошдай тиқилиб турган йиғини босиш учун тишларини қaҳp билан бир-бирига босиб турар, агар тишларини қўйиб юборса, бўғзидан бутун уйни, бутун ҳовлини, бутун қишлоқни, бутун дунёни бошига кўтарадиган аянчли йиғи отилиб чиқишини англар, бироқ юзидан ёш томчилари сим-сим тўкилиб, бўйинлари орқали бир эркалашга, бир ардоққа интизор бўлиб сўлиб турган кичкина, заиф кўкракчаларининг ҳовучига бориб қуйилаётганини сезмас эди.
– Эрингнинг сендан кўнгли совиганига сабаб – бефарзандлигинг, – дерди кўнглига яқин келинчаклар унинг ғўзалар орасида кетмонни қучоқлаб худди касалликка чалинган бир туп ғўзадек мунғайиб, сўлиб, тушкун ва умидсиз юм-юм йиғлаб ўтирганини кўрган пайтлар. – Битта бола туғиб берсанг, сенга парвона бўлади-қолади.
Келинчакнинг ўзи ҳам шундай ўйлар эди. Лекин айб кимдалигини ҳам, нимага шунча йилдан бери бола кўрмаётганини ҳам, нима учун бошқалардай пешонаси ёруғ эмаслигини ҳам, Парвардигор ўзига оналик шодлигини нима учун раво кўрмаётганини ҳам билмас эди. Бунинг учун эри ҳам, ўзи ҳам сабабчи бўлиб туюлмасди – сабаби ўзидан ҳам, эридан ҳам ўзга хилқатда бўлиб туюлар ва ўша хилқатдан баъзан бахт ва дориламон кунларга қўшиб фарзанд ҳам сўрар эди. У ҳам она бўлишни истар, у ҳам қорнини қаппайтириб қишлоқ кўчаларидан ҳавасни ва ҳасадни келтириб керилиб ўтишни орзу қиларди.
Эри эрталаб бир даста калитларни олиб, бир ҳафтадан буён очилмаётган омборга қараб кетди. У ердан асабийлашиб, хўмрайиб қайтиб келди.
– Ё қулфдан воз кечиш керак ё эшикдан, – деди у ўзига ўзи гапиргандек. – Очиб бўлмаяпти. Қулф ёмғирда очиқ қолиб, занглаган. Бирон нарса билан ўраб қўйишга эса сенинг ақлинг кўплик қилган.
У «етмаган» демади, айнан «кўплик қилган» деди. Унинг хунук ва эски бўлса ҳам жуда мустаҳкам қулфга ичи ачиётган ва буни яширмай таъна қилаётган эди.
– Қандай қилма, барибир, очилмайди, – дея тўнғиллади у уйнинг орқасига ўтиб кетаркан. – Пулни кўкка совуришни биласан фақат. Сени ҳамиша биров тергаб туриши керак.
У томорқа тарафда ҳам яна узоқ нималардир деб жавради. Келинчак эрининг бу марта шаҳардан жиззакироқ кайфиятда қайтганини келган куниёқ сезган эди. Балким, шаҳарлик аёл билан оралари совигандир, эҳтимол, бошқа сабаби бордир. Келинчак чин дилдан биринчи сабаб юз беришини истар эди. Шу боис эрининг овга бориб, қуруқ қайтган овчидай феъли бузилиб қайтиши ёзнинг бошларида келинчакларнинг маслаҳати билан хамиртурушга игна қадаб ташлаганининг каромати дея ўйларди. У муштдай хамирга игна қадаб сувга оқизиб юборганди. У эрининг шаҳарлик аёлдан кўнгли совишини, уни ёшлигиданоқ сиғинишга, гуноҳлари учун тавба қилишга ва бошига кулфат тушганда мадад сўрашга ўргатишган ўша сирли ва ҳеч қачон қиёфасини тасаввур қилолмаган хилқатдан ёлвориб сўрар, ҳар бир нарсадан илинж, чора, мадад излар, ҳамма иримларга қаттиқ риоя қилар эди.
Қачонлардир келинчак ғалати туш кўрганди ва эри ёнида ётган пайтлари негадир ўша тушни кўп эсларди. Тушида эри худди қайсидир бир кинода кўргандек бағоят сулув ва ловиллаб турган қип-қизил, ҳарир кўйлак кийган аёл билан кенг лолазорда бир-бирига жилмайиб тикилганча кетиб боришарди. Эри аёлнинг елкасидан оҳиста қучиб олган: унинг юзида музаффарона ифода порлаб турар, аёлни кулдириш учун нимадир гапирар ва олдин ўзи хохолаб кулар эди. Аёл эса эрига қараганда фироғи баланд, кибрли ва келинчакка чиройли юзи бир оз совуқ бўлиб туюлганди. Улар қўлларида бир даста лолани силкитганча гулбарглари тўкилаётгандан бехабар ўзаро суҳбатлашиб, узоқда кўринаётган қир томон кетиб боришар, уларнинг изидан учиб тушаётган гулчамбарларни териб ёшгина бир қизча ҳам борарди. Қизча жуда ёш, озғин ва пучуқ эди. Қизча улар тўккан гулчамбарларни битта қўймай териб олар, эри эса сўлиб қолган лолаларни аёлнинг қўлидан олиб, изига қарамасдан боши узра орқага улоқтирар ва аёлга янги лола узиб бериш учун дамодам ерга эгилар эди. Улар пучуқ қизчага деярли эътибор ҳам беришмасди. Келинчак эри аёлни елкаларидан қучган ҳолда қип-қизил лолалар ичига секин ўтирғизганда ва сўнг улар лолалар ичида улар кўринмай қолиб, аёлнинг қип-қизил кўйлаги лолазорда ҳилпираб учиб кетганда ҳамиша димиқиб ва хўрлиги келиб уйғониб кетарди. Қизча эса аёлнинг кўйлагини тутиб келаман деб шамолнинг изидан югурарди, гоҳида қизча аёл ётган жойга қўрқа-писа мўралаб қарар ва кўнгли рашкдан азобланиб ҳўнграб юборарди. Келинчак ногаҳон пучуқ қизчанинг ўзи эканини англаб қолар, ҳўл бўлиб кетган ёстиғини қучоқлаганча уйғониб кетарди.
Келинчак эри аёлнинг алвон ҳарир кўйлагини қўлида узоқ айлантириб отиб юборганини, сўнг эри билан аёл қизғалдоқлар орасига сингиб кетганини, қизчанинг эса шамол олиб қочаётган алвон кўйлакни тутаман деб югуриб бораётиб йиқилиб тушганини кўриб турарди. Назарида, кимдир қизчанинг юзини оҳиста эркалаётгандек бўлди. Сўнг кимнингдир бадбўй иссиқ нафаси юзига урилди ва юзида нам сезди. Келинчак уйқу аралаш секин жилмайиб қўйди. Ўзини қучаётган, эркалаётган, сўнг ўзига билинтирмай ечинтираётган қўллар эриники эканини сезмаслик, ўзини билмасликка олиш учун ғафлат уйқусида қотгандек ноз аралаш ғингшиб қўйди ва туш аралаш йиқилиб тушган қизчанинг ўрнидан тураман деб туролмаётганини, қандайдир оғир куч устидан босиб турганини элас-элас илғар эди. Сўнг, назарида, қизни ҳам ечинтиришаётгандек бўлди: келинчак уйқу аралаш ўзини ечинтираётган қўлларни секин ушлаб, алам ва эркалик билан сўлғин жилмайди ва ногаҳон қўлларнинг эриникидай юмшоқ, ингичка, силлиқ эмас, дағал, яра-чақа босган катта эканлигини сезиб қолди-да, юзига кимдир бир коса муздек сув сепиб юборгандай сесканиб кўзини очди. Аввал тепасида чарақлаб турган қуёшдан кўзлари қамашиб кетди ва ўзининг қаерда ётганини, атрофини ғўза ўрмони ўраб олганини тўсатдан англаб қолди. Кўзларини тик қуёшдан пана қилиб ирғиб турдию қандайдир бир зарб билан яна жойига ётиб қолди ва ўзининг ярим ечинтирилганини, таниш тракторчи ўзини қайта ётқизиш учун зўр бериб елкасидан босаётганини, ёввойи айғирдай пишнаётганини билиб қолди ва қўрқиб кетди: иккала оёғи билан тракторчининг оғзи ва бурни аралаш тепиб юборди. Тракторчи «иҳ» деди-да, қўлларини қўйиб юбормади, унинг уйғонганини кўриб жон-жаҳди билан қўпол ҳаракат қила бошлади. У бурнидан оқаётган қон келинчакнинг очилиб қолган сонига тушаётганини сезмасди ҳам: келинчак ўз шаънини зўр бериб ҳимоя қиларди. Кийим-бошию бутун вужудидан бадбуй дори ва керосин ҳиди келаётган тракторчи эса уни охиригача ечинтиришга уринарди. Аёл чайир ва чаққон эди. Тракторчи кучли ва найнов эди. Ўзларини кўмиб турган ғўзалар ҳам уларнинг ўзаро жангини томоша қилаётгандек нафас чиқармай қотиб қолишганди: узоқдаги шийпондан аёлларнинг тушлик овқат устидаги қувноқ кулгилари токи улар олишаётган қартагача ёпирилиб кирар, лекин улар бу кулгиларга эътибор бермас, ҳар бири ўз мақсади учун ёниб тиришиб курашар эди. Эркак кучини беҳуда ишлатиб чарчаб қолгач, бирдан умидсиз ва тажанг оҳангда шивирлаб хушомад қила бошлади:
– Ахир эрингнинг шаҳарда ўйнаши борлигини ҳамма билади-ку!
Келинчак унинг гапидан сесканиб тушди, номус ва аламдан ларзага келди, бирдан қўлидаги қилични биров уриб туширган аскардай бемажол бўлиб қолди. Худди хазина яширинган ғорнинг тилсимли жумласидай бу жумлага унинг барча мудофаа аъзолари бирин-кетин асир туша бошлади: у эркакнинг қўлларига ортиқ қаршилик қилмай, гўё яшашдан энди умид узгандай, ўзининг ихтиёрини унга топширганини билдиргандай кафти билан юзини тўсиб, ҳўнграб йиғлаб юборди. У тракторчига ёқар эди. Иккаласига икки хил қисмат, йўл, пешона ва юлдуз берган тақдирга гоҳ-гоҳида енгил, фаросати каби оғзининг ҳам қулфи-калити йўқ, хунук хотинининг етмиш яшар кампирникидай маза-матрасиз жаврашларидан, инжиқликларидан тўйиб кетган пайтларида хўрсиниб-хўрсиниб лаънат ўқирди. Хўрланган, алданган ва ҳали ўн гулидан бир гули очилмай бахтсизликка маҳкум этилган, бир пайтлар ўзининг хаёлини банд этиб, кейин қисмат ўрмон оралаб учиб кетган келинчакнинг умидсизлик билан ўксиниб йиғлаб ётишига қараб туриб вужудидаги жунбиш секин сўна бошлади: у келинчакнинг тақдири ўзиникидан ҳам аянчлироқ эканлигини англаб қолди, унга ачингиси, ёрдам бергиси, эркалагиси келди. Бироқ келинчакнинг бутун далани тўлдирган йиғисига қулоқ солиб туриб ўзининг келинчакнинг дарду аламига ёт, бегона эканлигини, бу сирли ва азобли қалбни ҳеч қачон тушунолмаслигини, ўзининг эркаловчи ҳар бир сўзи унинг бахтиқаролигини тасдиқловчи садодай бўлиб жаранглашини ҳис қилди.
Келинчак токи боши оғриб, вужуди бўшашиб қолгунча тракторчининг асов эҳтирос билан ўзини кесакка қўшиб эзғилаб ташлашини кутиб, ингичка товуш билан аразлаган ва хўрланган алфозда йиғлаб ётди. Сўнг боши оғригач, йиғидан тўхтаб, бир нафас ён-атрофга ғамбода ва ҳайрона кўз югуртирди: ёнида энди ҳеч ким йўқ, эгатлар ичига жосусдай шарпасиз енгил шабада ўрмалаб кирган, қуёш эса унинг оёқлари учига ўтиб, худди ўз аксини кўрмоқчидай эгатни тўлдириб оқаётган жилғадек тўлғониб ётган, муқаррар ҳодисани кута-кута чарчаган оппоқ сонларини ва кичкина қоринчасини берилиб, завқ билан томоша қилар эди.
Эри ҳали қайтмаган, қайнонаси нариги уйда ухлаб қолган бир кечаси келинчак ётоққа ўғридай сирғалиб кирди ва эшикни маҳкам занжирлади. Ойна олдига келгач, қошу кўзини синчиклаб кузата бошлади. Назарида, ўзига ўзи бип-бинойи, ҳар қандай аёлдан гўзалроқ кўриниб кетди. У шаҳарлик аёлда бор хислатларнинг ҳаммаси ўзида ҳам борлигиии англади. У секин кўйлагини ечиб, ўзини ойнага солди: ногаҳон кўзгудан ўзига тикилиб турган қип-яланғоч, ҳурдай парини кўриб қолиб уялиб кетди ва ердан кўйлагини олиб, секин кўкракларини тўсди: сўнг орқа ўгириб, ён томондан қараб ўзининг силлиқ ва сўлим қоматига ўзи маҳлиё бўлиб қолди; кўйлакни яна қайта ерга ташлаб, энди ҳеч нарсадан сесканмай муштдай кўкракларини оҳиста ушлаб кўрди: кўкраклар уясидан бошини чиқариб турган мурғак полапонлардай дафъатан яланғочликдан жунбишга келиб безовта титраб турарди. Кўкраклари ҳам, қоринчаси ҳам, улкан қоядан тўкилаёгган шаршарадек селкиллаб турган қалин, тарам-тарам сочлари ҳам ҳеч қандай аёлникидан қолишмайдагандек эди. Келинчак эрининг шаҳарлик аёлдан ўзида йўқ яна нима топганига ҳайрон бўлди, шаҳарлик аёлнинг ўзидан ҳеч қандай ортиқча ери йўқдай эди. Ҳатто ўзининг сийналари у аёлникига қараганда дуркунроқ эди. Келинчак кийиниб бўлгач, болалигидан қолган одати бўйича бу ўлик чиққандай ҳувиллаган уйдан, бу зуғумли дунёдан қайларгадир учиб чиқиб кетмоқчидек қўлларини қанотдай ёзиб, силкиб-силкиб қўйди. Унинг худди қушдай учгиси келарди. Учиб-учиб ўзи қизлик пайтлари хаёлида яратган oппoқ эртаксимон дунёга бориб қолишни, у ерда маликалардай бахтли ва осойишта кун кечиришни, бир-биридан гўзал, мард, паҳлавон шаҳзодалар туғиб беришни орзу қилди. Бу хаёлий, лекин унинг учун ягона таскинли дунё эди. Бироқ у учиб кетиш учун қанотларини силкитган сайин кўпроқ бу сокин ва хиёнаткор ҳаётга қоришиб борарди.
У қозоннинг тагини узоқ пуфлади. Тутундан кўзлари ачишиб кетди: кўз олди шуълаланиб, милкларига ёш қалқиб чиқди. У қоракуя теккан бармоқларига эътибор ҳам бермай, кўзларини уқалади, пешонасига тушган сочни чаккасига танғиб қўйди. Сўнг гугурт олиш учун уйга кирди. Эри қандайдир журнал варақларди. У худди ўз умрини варақлаётгандай журнални имиллаб – эринчоқлик ва ҳафсаласизлик билан варақларди. Эркак унга бир қарадию кўзларида ўт порлаб кетди ва зарда аралаш тагдор қилиб жилмайди.
– Пешонангни қора қилиб кўйибсан, – деди ним табассум билан, сўнг ўзининг қочиримидан ўзи завқланиб ёйилиб жилмайди ва нимадир эсига тушиб, юзига бирдан қаҳр югурди. – Нима бунча ивирсиқ бўлмасанг, бирон нарсани эплолмайсан, доимо шу – исқирт, кир-чирга ўралашиб, бева хотиндай шалвираб юрасан. Бундай ўзингга қарасанг бўлмайдими?
Келинчак эрининг гап оҳангидаги таҳқирни сезиб, кўксида нимадир сингандай қулоғи шанғиллаб кетди. Сочиқ билан пешонасидаги бармоқ изларини артдию бўғзидаги ранжу аламни ютиш учун секин ўчоқ бошига қайтиб чиқди. Эрининг дағаллигидан хўрлиги келиб, ўчоқда лопиллаб ёнаётган оловга фаромуш тикилди. Олов ўчоқда эмас, ўзининг кўксида ёнаётгандай ва бу қоп-қopa, ишлатилавериб хароба бўлиб қолган ўчоқ эмас, ўзининг юрагидай оловга мафтун бўлиб тикилиб турди: орқасидан қайнонасининг вазмин қадам товушларини эшитиб, ўрнидан ирғиб турди-да, қайларгадир учишга чоғланган хаёлларини пиёзга қўшиб қозонга ташлади ва шошилиб қовура бошлади. У шундагина кўп йиллардан бери ўзининг хаёллари қозон устида пиёзга қўшиб қовурилганини, аввал ўгай укалари ва меҳмонлар, энди эса эри ва қайнонаси ўзининг бу зерикарли ҳамда серкулфат турмушдан халос бўлиш учун озод қуш каби эрк ва ҳурлик истаб юксак-юксакларга учиб жўнайдиган, бироқ охир-оқибатда яна барибир қозонга келиб тўкиладиган хаёлларини еб қўйишганини дафъатан англаб қолди.
Ёзнинг охирларида эри уни ўзи ишлайдиган, иморатлар палапартиш ҳамда тартибсиз қурилган катта шаҳарга олиб борди. Келинчак шундагина эри ўзи билан юрганидан хижолат бўлаётганини сезиб қолди. Эри танишлари учраганда қизариб-бўзариб кетар ва унинг қадди қомати, уст-боши, рўмолига зарда билан қараб-қараб қўярди. Улар қандайдир бинога кириб, навбатга туришди.
Уларни худди ички дунёларини ўқиб олишмоқчидек турли асбоблар билан обдан текширишди. Сўнг эртасига яна боришди. Яна текширишди. Оқ халатли йўғон аёл эрига нималарнидир узоқ тушунтирди. Эри унинг олдидан юзи қизариб, умидсиз қиёфада чиқди. Токи уйга қайтиб келгунларича чурқ этмади. Келинчак эрининг юзидаги ва кўнглидаги ўзига аталган сўнгги тор ҳам энди буткул узилганини сезди.
Шу кечаси келинчак биринчи марта эрининг олдида ўзини тута олмади. Ноҳақ хўрлангандек узоқ йиғлади. Унинг йиғиси тўхтаб-тўхтаб учаётган бесаранжом қўнғиздек бутун уйни тўлдирди. Ёзнинг чанги ўрнашиб қолган дераза тирқишларидан ҳовлига ўрмалаб чиқди: у ўксиб-ўксиб, ноз билан, ишва билан, дилбарлик ва араз билан йиғлади: эри эса уни овутгиси ҳам келмай, шифтга тикилганча нималарнидир режалаштириб ётди.
– Энди фойдаси йук, – деди у кимга гапирганини ўзи ҳам билмай. – Ахир бир умр шундай яшолмаймиз-ку.
Келинчак кўксидаги эрига нисбатан шу вақтгача асраб юрган эҳтиром пиёласи жаранглаб синганини эшитди ва оғриқни ҳам билмай, алам ва умидсизлик билан бармоқларини тишлаб ташлади.
Келинчакнинг китоб ўқишга на вақти, на қунти бор эди. У бир варақ китоб ўқиса, уйқуси келар, шу сабабли китоб ўқигандан кашта тўқиган афзалроқ эди. Бироқ у гоҳ-гоҳида туш пайти, шийпонда дам олиб ўтиришганида, шунчаки эрмак учун аёллар журналини ўкиб турарди ва у қачонлардир эри синглиси билан ўйнашиб юрганидан номусга чидай олмай, ўзини ўлдирган аёл ҳақидаги қандайдир мақолани ўқиган эди. Эрининг шаҳарлик ўйнаши ҳақида ўйлар экан, бу воқеа бот-бот эсига тушарди. Шунда ўзининг синглиси йўқлигидан, гарчи синглиси бўлган тақдирда ҳам эри бундай пасткашлик қилмаслигини билса-да, ўзини дунёга келтирар-келтирмас ўлиб кетган онасининг ягона қизи эканлигидан ич-ичида хурсанд бўлиб кетарди. Гоҳида эса ўгай онасининг ёшлигида: «Илоё, бахтиқаро бўл, илоё, қирчиллама ёшингда қайрил, илоё, бахтинг очилмасдан бева қол!» – деб ер муштлаган қарғишларини эслар экан, мени қарғиш урмадимикан деган ўйдан ваҳимага тушарди. Балким, уни бахтиқapo қилган онасидир? Чўлоқ, уқувсиз ўгай онаси ўзининг қўлидан бир иш келмагач, хаёлпараст ўгай қизини бутун қишлоқ эшитадиган қилиб қарғаб юрарди, унинг хотирасида болаликдан кўп нарса эсида қолмаганди; эсида қолганлари уни уззукун таъқиб этиб юрадиган ана шу қарғишлар эди.
У бу қарғишлардан, катталарнинг сассиқ ва қўланса дунёсидан қочиб, ўзини нима ҳимоя қилса, ўша ерга бекинарди: бироқ худди ялмоғизнинг супургисидай қарғиш уни гоҳ молхонадан, гоҳ сомонхонадан, гоҳ улоқлар орасида писиб ўтирган жойидан топиб олар ва бўйнидан ушлаб, қип-қизил тили бутун қишлоқ устида чархпалакдай айланаётган маймоқ онасининг олдига етаклаб чиқарди. Баъзан эса бола қалби билан у ўгай онасининг эртакларда айтилгандек унчалик жоҳил эмаслигини, эркалашни билмагани туфайли ҳам эркалаш, ҳам етимлигини билдирмаслик учун ўзини қарғаганини англаб қоларди. У болалик дунёсидан катталар дунёси томон деярли сакраб ўтган эди. Энди кўзини очишга, ақлини йиғиб олишга ҳам имкон бермай бошига тош каби ёғилаётган маломатлардан, хўрликлардан ўша болаликнинг хилват бурчакларига – қарғишларининг зич ва қуюқ ўрмонига ўзини яширар эди.
Келинчак қандайдир журнал варақлай туриб қошу кўзи тимқора, қўғирчоқдай ороланган, сочлари ёйилган тунги камзулдаги аёлнинг суратига кўзи тушганди. Аёлнинг сочлари елкаси оша салгина бўртиб турган кўкраклари оша тўкилиб турарди. Сурат остида аёлларнинг ораста бўлиш, эркаклар хотинларининг кечаси сочларини ёйиб, эркаланиб ётишига мойил бўлишлари, аёлларнинг ҳамиша ёқимли, ёш ҳамда сўлим бўлиб қолишлари учун нималарга эътибор беришлари тўғрисида каттагина мақола бор эди. Келинчак мақоладаги кўпгина сўзларга тушунмаса ҳам, қизиқиб ўқиб чиқди. У суратдаги аёлнинг тиниқ ва гўзал чеҳрасига ҳавас билан тикилиб турар экан, шаҳарлик аёлларнинг ҳаммаси мана шундай бўлса керак дея ўйлади.
Эри ҳали меҳмондорчиликдан қайтмаган эди. У тошойна олдига ўтириб олиб, сочларини ёйиб таради, сўнг кўзига қора сурма сурди. Лабини беўхшов қилиб бўяди, кўкрагини ярим очиқ қолдириб, камзулининг ёқасини қайтариб қўйди: юзига билинар-билинмас упа-элик сурди: қорамтир, буғдойранг юзида пардоз ола-була бўлиб қолса ҳам, унчалик эътибор бермади ва журналда ёзилганидек бўйнига, лабларига, сочига атир сепиб, икки кишилик тўшакнинг бир четига ўтириб, эрини маҳтал бўлиб кута бошлади.
Эри алламаҳалда қайтди. Чироқни ҳам ёқмай ечинди. Келинчак кўзидаги ёшларни артиб, уйғоқ эканлигини билдириш учун секин хўрсиниб қўйди. Бироқ эри ўрнига чўзилдию унга тескари ўгирилиб олди. Келинчак узоқ жим ётди. Сўнг эрининг ҳали ухламаганини билгач, елкасига секин бош қўйди. Эри унга ҳайрон бўлиб тикилди-да, ўгирилиб ётди ва истамайгина сочларини силай бошлади. Келинчак эрининг кўкрагига бош қўйди. Эри унинг юзини ҳовучига олиб, шаштини қайтармаслик учун секинлик билан лаб босди.
– Бу нимаси? – келинчакни силтаб ташлади у тўсатдан ифлос нарсани тишлаб олгандек бир четга туфлар экан, ёнидаги тун чироғини узалиб ёқди ва хотинини ғазаб билан кўздан кечира бошлади. – Бу нимаси? – деди у яна. – Нима бу? Худди кўча аёлларига ўхшаб бўяниб олибсан!
Келинчак юзига тарсаки тортиб юборгандай бир зум серрайиб, эрига чўчинқираб тикилиб турди-да, югуриб ташқарига чиқиб кетди: сўнгра товоқда турган сувга апил-тапил юзини чайди, сўрининг бир четига ўтириб, чорпоя теграсига суянганча пиқиллаб йиғлаб юборди. У онаси ноҳақ урган қизчадек узоқ йиғлади, йиғлаб-йиғлаб боши оғригач, гарангсиб ўрнидан турди, секин эшикни оча туриб ўзига ҳайрон бўлиб қараб турган ҳилолни кўрди, туннинг эркаловчи қўшиғидай жилдираётган ариқчадаги сувнинг маҳзун навосини эшитди; оёқлари остида тўшалиб ётган бепоён тун, миллионларча юлдузлар, минглаб чигирткаларнинг чирилдоқлари, қурбақаларнинг масхараомуз нағмалари, итларнинг безовта ҳуришлари, шовуллаётган дарахтлар ва сокин ухлаб ётган уйлар орасида ўзининг ёлғиз эканлигини дафъатан ҳис қилди. У бу туйғуни ичкарига киритмоқчи эмасдай югуриб кириб, эшикни занжирлаб олди.
Эри хотиржам ухлаб ётарди. Келинчак унинг андак салқи тортган юзларига узоқ тикилиб турди. Эрининг лашкарлар қўриқлаб турган қароргоҳда бамайлихотир пинакка кетган шоҳдек хотиржам ухлаб ётиши унга эриш туюлди – эрининг сокин уйқусига ҳаваси келди, эри ўзини мана шу бахтиёрлик ва осойишталик қароргоҳидан бир умрга ҳайдаб чиқарганини англади, эри билан ўзи бошқа-бошқа дунёнинг одамларидай туюлиб кетди. У тўшакда шифтга ҳолсизгина тикилиб ётар экан, ташқарида қолдириб, ўзи қочиб кирган ёлғизлик туйғусининг эшикдан сирғалиб кириб, ўзлари ётган тўшакни, худди ўзининг келинчак пайтидагидек иффат, ҳаё билан тебраниб турган дарпардани, эри билан ўтган осойишта кунлар ва қизлик дунёсининг бўйи келиб турган ёстиқларни, эрининг хушнуд ва бахтиёр чеҳрасини, ўзининг яқингинада синиб битган бахтли лаҳзалари яширинган чиройли кўзларини ва бутун уйни қийналмасдан забт этганини ҳис этди ва кўм-кўк осмон қўйнида улоқиб учиб юрган қузғундек олдинги осойишта ҳаётидан узилиб, энди ўзи ҳам қаёққадир, манзилсиз томонларга учиб жўнаганини сезди. Ва умрида биринчи марта ўлим ҳақида ўйлади. Шу кеча тушида ҳам ўзининг жизғанак бўлиб ётган саҳро узра бепоён осмонда ёлғиз учиб бораётганини, учиб бораётганини, учиб бораётганини кўрди.
Келинчак айвон ойнасидан эрининг омборнинг калитини бураб, аччиқланган қиёфада қулфни силтаб ташлашини кузатиб турар экан, негадир у омборда ўзининг шу кунлардаги гумонлари, шубҳалари, аламлари, қалбини тобора эгаллаб бораётган, эрига нисбатан ишончсизлиги ва топталган орзулари солиб қўйилгандай қулфнинг очилишини сира ҳам истамай қолди. У эрининг ўзини тушунадиган пайтлардан энди жуда йироқлашиб кетганига шубҳа қилмасди.
У энди ҳар куни туни билан йиғлаб чиқар, кўз ёшлари кўнглидаги ишонч, садоқат ва муҳаббатни секин ювиб борарди. Гумон, шубҳа, ранжу аламлар оқими эса уни номсиз томонларга оқизиб кетмоқда эди.
Эрининг феъли кундан-кунга айниб борарди. Келинчак энди эрининг ўзидан буткул совиб кетганини сезарди. Келинчакнинг кўнглида рашк ҳам, қизғониш ҳам йўқолган, аксинча, эрининг хатти-ҳаракатларидан ғаши келарди. Эри ҳам унга таъна билан тикилиб-тикилиб қўяр, худди дарёнинг тубидан бир кўриниб ўтган ва тангачалари қуёшда ялтираб кетган кичкина балиқдай унинг тунд юзига гоҳида қандайдир сирли ифодалар у ёноғидан бу ёноғига билинар-билинмас югуриб ўтарди. Эри кейинги пайтларда шаҳарда ҳафталаб қолиб кетарди. Келинчак сўрамаса ҳам, иш кўпайиб, ётиб қолишга тўғри келяпти деб кўярди. Баъзан ҳар куни келиб турар, у эрининг ўзига нимадир демоқчи бўлиб, айтолмай кетаётганини сезарди. Шу билан бирга, эри нима демоқчилигини ҳам билар, гарчи энди йўлини йўқотган йўловчидай қаёққа юришни билмай ора йўлда қотиб турган бўлса ҳам, ўзини эрининг у гапларини эшитишга, масалани ё у ёққа, ё бу ёққа буришга тайёр деб сезмас, буни тирик туриб эътироф этгиси келмасди.
– Тезроқ бера қол, – деди эри унга зарда билан тикилар экан.
Келинчак қўлидаги икки жуфт қатламани узатар экан, гўё эрига ўзининг сўнгги қувончлари ва шодликларини узатаётгандай бўлди. Бир пайтлар ўзининг бахтини олиб бориб топширгандай эрининг бу патирларни ҳам ўша шаҳарлик аёлга олиб бориб топширишини ич-ичидан ҳис қилди: ким билади, аёл унинг қанчадан-қанча патирларини еган экан?! Унинг патирларини еган-у, ўзига ўлим тилагандир. Эрининг ўзини кўпроқ яхши кўриши, қишлоқни унутиши учун патир қилган қўлларни атайлаб, истеҳзо билан мақтагандир: эри эса ўзига ойда ҳам бир марта раво кўрмайдиган ширин сўзларини унга сахийлик билан, юзи-кўзи, сочи, лаблари, қомати ва бутун уйи тўлгунча айтавергандир.
У эрининг кейинги пайтларда ифлос бўлган лабларини қандайдир кераксиз латтага артгандай хуморсиз, истамайгина ўпишларини эслади ва тўсатдан бир неча ойдан бери шаҳарча ўпичлардан, турли хил мушк-анбарлардан, упаю бўёқлардан, номаълум гўзал аёлга қилинган ялтоқона хушомадлардан ифлос бўлган исқирт лабларни артиш учун латта бўлиб хизмат қилганини англаб қолди ва бутун баданини жирканч, шилимшиқ нарса қоплаб олгандай, ҳаром билан харишнинг фарқига бормайдиган аёлга айланиб қолгандай ҳис этди ўзини. Келинчак кўксидаги йиғини босиш учун қилт этиб ютинди, эрига ўзини хурсанд кўрсатиб кузатди.
Қайнонасини қўшнисиникига жўнатгач, уйига кириб, ичидан бекитиб олди. Тўй куни кийган оппоқ кўйлагини кийди, сўнг ўзига атир сепди, кишини абадий бахтиёр қиладиган ва қайсидир китобда шундай деб ўқиган, қоғозга ўралган маргимушни чойнакка солди, уни яхшилаб аралаштирди. Худди узоқ сафарга отланаётгандай бир зум тек қотди: чойнакка бир нафас даҳшат ва ваҳима билан тикилиб турди: сўнг кўзларини чирт юмди-да, бир кўтаришда ҳаммасини ичиб юборди. У бўғзини, сўнг кўксини куйдириб ўтган ўтдан ҳолсизланиб борар экан, парчаланиб кетаётган ғира-шира онгида шаҳарлик аёлнинг кибрли чеҳраси ва унга тинмай лола териб бераётган эрининг маҳрамона турқини кўз олдига келтирди ва улар ўтлоқ ичига секин чўзилишар экан, келинчак бу манзарани ортиқ кўрмаслик учун мажолсиз қўлларини қанотдай силкитиб, ердан оҳиста кўтарила бошлади ва гарчи энди бутун танаси ҳаракатдан тўхтай бошлаган бўлса ҳам, ўлжасига шиддат билан отилган қарчиғайдай охирги кучларини йиғиб, тез-тез қанот қоқа бошлади ва ўзини ҳарир, камалакнусха чимилдиқ янглиғ жилвалар ичида учиб юргандай сезди, сўнг эса қизлик пайтлари орзу қилган ва бу илтифотсиз оламдан бир умр излаб ўтган бахтга ўхшаш алланечук оппоқ дунёга сингиб бораётганини, сингиб бораётганини, сингиб бораётганини элас-элас илғаб қолди.
1989 йил