Насиба Абдуллаева. Бегона говмиш (ҳикоя)

— Сумбатини кўрган сатил тўлдириб сут берса керак деб ўйлайди. Бор-йўғи бир эчкича сут беради, шуни соққунчаям энамдан эмган сутим оғзимга келади. Мендан бошқани ёнига йўлатмайди-я, қирилгур. Яна йил оралатиб қисир қолади, жонимга тегиб кетди, — Гулжамол қарғана-қарғана молхонадан чиқиб келди. Хотинининг жаврашидан Бобоқул сигири яна бир ҳунар кўрсатганини сезди.
 — Савил қолгур, сатилни ичига оёғини тиқиб олди. Шунча қийналиб соққаним бир қошиқ сутнинг ҳузуриниям энди пишагингиз кўрадиган бўлди, — Ойжамол шундай деркан жаҳл билан сутни консерва қутига ағдарди.
— Ҳозир мол арзон, ем қиммат, одамлар боқолмай молини сув текинга сотяпти. Сабр қил энаси, қиш чиқсин, сотиб бошқа сигир оббераман, — хотинини овутган бўлди Бобоқул.
— Сигирингизни бу қишлоқнинг одами олмайди, тепкир, сузонғичлигини ҳамма билади, устига-устак қўтирам бўпти. Тунов куни Назира келин «опа сизларга итнинг ҳам кераги йўқ, сигирингиз итдан ҳам ёмон», деб роса кулди.
Онасининг гапидан ўғли Эшмурод маза қилиб кулди-да:
— Зўр-да эна, ҳам сигир, ҳам итнинг ўрнини босади, бундайи ҳеч кимда йўқ, — деди.
— Э, ким оламан деса қўш-қўллаб тутқазардим бундай сигирни, — уф тортди Ойжамол.
— Ота, бўлмаса молбозорга олиб чиқсак-чи? Бир-икки ҳафта кунжара бериб яхшилаб боқаман, семирса, балки қўтириям битиб қолар?
Ўғлининг гапидан Бобоқул ҳам ўйланиб қолди.
— Бўмаса хотин, эртадан бошлаб соғма, боқувга соламиз. Бузовини айирамиз, бедани таъмини билди, қийналмайди энди. Улим сен қўтирига кун ора чучутилмаган мойдан сурт, бир ой- ярим ойда тузалиб қолади. Нима қилсанг ҳам тузат шуни, — Бобоқул ўғлига “уқдингми” дегандек тикилди. Ўғил ҳам бош ирғаб отасининг гапини маъқуллади.
Эрининг гапидан Ойжамолга жон кирди.
— Отамнинг жўраси Ҳайдар бобонинг бултурги ғунажини бир сигир бўптики, сути қаймоқлигина эмиш, уч сигирни эплаш қийин бўляпти, қишдан чиқсин сотамиз, дебди отамга. Шуни обберсангиз сут-қатиқ ичгандай бўлардик-да.
— Шошма хотин, буни ҳозир сотсам, пулига уни ололмаймиз. Сен отангга айтиб қўй, сотиладиган бўлса хабарини берсин.
Ойжамол сигиридан қутилишига бир суюнса, яхши сигир олишини эшитиб бир қоп семиргандай бўлди. Шу кундан ўғлига қўшилиб сигирни ўзи парвариш қила бошлади.
 Орадан бир ой ўтар-ўтмас сигир ялтираб семириб қолди. Аммо белидаги қўтири тузалмади. Бу орада Ҳайдар бобонинг ғунажини сотиладиган бўлиб қолди. Ойжамол отасига сигирни, бир ҳафтадан кейин оламиз, жўрангизни кўндиринг, деб тайинлаб келди.
 — Отаси, шу бозор сигирни сотмасангиз бўлмайди, отамга айтиб келдим, шундан қуруқ қолмайлик. Қанчага сотсангиз-сотинг, етмаса қарз оламиз.
— Бўпти, шу ҳафтадан қолдирмайман, — ваъда берди Бобоқул.
Бозор кун ота-бола тонг қоронғусида молни етаклаб кетишди. Тонг отганда туман мол бозорига етиб келишди. Ким эчки сотган, ким қўй ушлаган. Харидору сотувчидан даллол кўп.
Тонг қоронғусида яхши кўрмаган экан, Бобоқулнинг сигирига кўзи тушиб танимай қолди. Тўсдай қоп-қора, ялтиллаган, тирсиллаган.
— Улим, сигирни нима билан чўмилтирдинг, қўтириям билинмай қопти-я?
 — Яна айтиб юрманг ота, энамнинг ипак бўёғи билан бўядим, қўтирига пўстакдан кесиб ёпиштирдим.
Бобоқул кулиб юборди:
— Энанг кеча пўстагимнинг бир четини сичқон кемириб кетибди, қайтишда маргимуш ола келинг, деб тайинлаганди. Лекин биров-ярим билгудай бўлса — ўзингдан кўр. Чорбоғда “рангчи” деб лақаб олишим тайин. Мол қўшнимники, илтимос қилгани учун ўғлини бирга олиб чиқдим дейман.
Бобоқул бозор айланиб нарх-навони билгач, сигирни саккиз юз мингга нархлади. Бироздан сўнг ўрта бўйли, миқтигина, қорачадан келган ўрта ёшли киши келди.
— Қани бой бова, қанча деяпсиз, танани? — у шундай деб, сигирнинг у ёқ-буёғидан айланиб белидан ушлади. Бобоқул кўр одам ҳам молнинг тана эмас, бир-икки туққан сигир эканини билишини, аммо сўровчининг олиб-сотар экани сабаб шундай деяётганини тушунса-да, унинг қўли пўстакка тегиб сидирилиб тушади, деб қўрққанидан жим қолди. Ранги оқариб ўғлига олайиб қараб қўйди.
— Саккиюз деяппиз ака, арзи-бозор, — деди у бўшашибгина.
Ўғли Эшмурод эса отасига қараб, хавотир олманг дегандай имо қилди.
— Саккиюз минггаям ҳақ беринг, бой. Бузоқли сигир беради-ку бу пулга. Сал пастроқ тушинг, — харидор сигирнинг оғзини очиб тишларини кўра бошлади.
— Энди ака, бозор кўтарганига сотамиз-да, буям кузга бориб туғади, — бироз дадиллашди Бобоқул.
 — Қисирга ўхшайди-ку, қорни кузда тувадиганникига ўхшамайди-ку бунинг.
 Алқисса, ҳалиги харидор бўлмиш Бобоқулнинг қўлини тутганича “Етти юз эллик минг, бор барака,” дея силтайвериб шилиб юбораёзди. Бобоқул ҳам оёқ тираб туриб олганди. Охири харидор тағин ўн минг қўшар бўлди — савдо пишди. Мол сотилди.
Ота-бола пулни санаб олгач, хурсанд бўлиб уйга қайтишди. Эртасига Ҳайдар бобонинг сигирини сотиб олишди.
Ойжамолнинг оғзи қулоғида, молхонани тутунга тўлдириб исириқ тутатди. Кечқурун сигир соғишга тутинди. Бирпас ўтар-ўтмас сатилнинг тарақлагани-ю, гурс этган товуш эшитилди. “Ҳа, қирғингинага кетгур, мол бўлмай адо бўл, ёмғирдан қочиб дўлга тутилдим-ку отаси”. Кўйлаги таппию шиптирга беланган Ойжамол йиғлагудай бўлиб молхонадан чиқиб келди. Ўғли билан Бобоқул бир-бирига қараганича на йиғлашни, на кулишни билар эди. Ойжамол қарғана-қарғана кийим алмаштиргани уйга кириб кетди. Шу пайт ўғли Эшмурод:
— Ота, — деди бехосдан тек турган отасига — Бугун бозорда исириқ тутатиб юрган тентак чол “Илойим молинг ўзингга ўхшасин” деб нимага айтди?
Эндигина саккизинчини битираётган ўғлининг саволига Бобоқул бир қанча вақтдан сўнг жавоб қилди:
— Молининг эгасига ўхшаши яхши-да, улим…

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 22-сон