Бобоёр “Армиядан ўрис хотин олиб келибди”, деган гап у дарвозадан кирмасданоқ қишлоққа тарқаб улгурди. Биров ҳайрон, биров ишонмаган. Қишлоқнинг хотинлари Салима бойбиччага тўзим тилашса, оқсоқоллар Шермурод муллога ачиниб соқол силашади.
Абдулла раис ҳам жўрасидан хабар олгани, ҳам аскар тўйнинг дарагини билгани кирди. Ҳеч нима бўлмагандай салом-алик қилгач, гапни узоқдан бошлади.
– Даштиғозда Чорибой неварасининг суннат тўйига айтиб кетди, кўпкари ҳам бераётганмиш, сизни ҳам чақирдими?
Мулла Шермурод бошини ирғаб қўйди.
– Бозор куни Салим даллолникида ҳашар экан, кенжасига иморат кўтармоқчи, – қалин соқолини бармоқлари билан таради Абдулла раис.
Жўраси бир нуқтага термулиб миқ этмай ўтираверди. Абдулла раис чидолмади.
– Э, бўлди-да энди, бақрайиб ўтираверма. Неваранг бир ёшлик қипти-да, балки бу пошикаста қишлоқ шароитига кўникмай ҳафта ўтар-ўтмас жўнаб қолар.
Шермурод хўрсинди.
– Бу бола мени ерга киргудай қилди. Не-не ниятлар билан Қуръонни ёдлатдим, қироатни ўргатдим. Қудрат ҳожининг бетига қандай қарайман энди. Неварангни ўзим келин қиламан, Бобоёр армиядан келса тўйни бошлаймиз деб қанча жойлардан қолдириб эдим.
– Жўра, ҳозирги ёшларга бир нима деб бўладими, пешонасига шу қиз ёзилгандир-да. Ҳожини эса ўйлама, ўзим секин тушунтираман. Энди, қовоғингни оч бундай. Аскар тўйни бошла, неваранг эсон-омон келганига шукур қил. У қиз ҳам бировнинг жондай фарзанди, боласини узоқ юртга юбориб ўзлари қон ютиб ўтиргандир.
– Э, детдомда ўсган, ота-онасининг тайини йўқ экан, юр деса эргашиб келаверган, – деди мулла тутоқиб.
– Энди, улар ўзи шундайроқ-да, – жўрасини овутган бўлди, раис. – Майли, мен турай, тухум босиб ўтиравермай маҳалла-кўйга чиқ.
Абдулла ака чопони барини силкитиб ўрнидан турди.
Раис кетгач мулла кампири Тунуқ момога:
– Анов хотинли бойбаччани чақир, гапим бор, – деди.
Тунуқ момо ўғли Шомуродга им қоқди.
– Отанг Бобоёржонни сўраяпти.
Отасининг важоҳатидан нимадир қарорга келганини сезган Шомурод:
– Ота, неварангиз бир болалик қипти, мениям бошим қотган, пошикастани бир ўзини орқасига қайтариб юборсак қандай бўлади? – деди секингина.
– Э, чақир улингди!
Бобоёр бобосининг болохонасига киришдан олдин чуқур-чуқур нафас олди.
Мулла неварасининг чайир гавдаси, кучли мускулларига қараб ёшлиги эсига тушиб, бироз кўнгли юмшади. Ёшликда, баъзан қилаётган ишини ақли билмайди.
– Ҳа,чидолмадингми, кетишингдан олдин айтсанг уйлантириб қўярдик, бегона бир қизни беникоҳ уйга етаклаб келишга уялмадингми?
– Унга қўлимниям теккизганим йўқ, кўнгил миллат танламас экан, никоҳимизни ўзингиз ўқисангиз, бобожон, – деди қизариб Бобоёр.
Мулло бир оз жим ўтиргач:
– Никоҳингни ўқиганим бўлсин, лекин менинг кўзимга рўмол, лозимсиз кўринмасин, – деди.
Бобоёр суюниб кетди.
Ҳафта охирида овул-ҳамсояни чақириб аскар тўй баҳона кичикроқ тўй беришди, келин-куёвнинг никоҳи ўқилди.
Мулло анча пайтгача Қудрат ҳожидан қочиб юрди. Охири Абдулла раисдан бўлар иш бўлди, неварасининг иши деб жўрачиликдан кечмайман, мендан қочмасин деб айттириб юборгач, чойхонага чиқди. Жўрасининг кўзи-кўзига тушгач “бизнинг айтганимиз ҳар доим ҳам бўлавермас экан”, деди секингина, Қудрат ҳожига қўлини узатиб.
Шомуроднинг тўнғичи Шодиёрга томорқанинг тўридан иморат кўтаришган. Бобоёр ҳарбийдан келиши билан уйлаб Шодиёрни кўчиришни ўйлаб туришган эди. Аммо “бу чулчут рўзғорни эплайдими-йўқми, Шодиёрни ҳали кўчирмаймиз” деб туриб олди Салима бойбичча.
– Билмаса, ўргат, қара, чаққонгина экан, – Шомурод хотинига норози бўлиб қаради, – уям келининг.
Салима уни қозон-товоққа яқинлаштиргиси келмади. Улар ҳаром-ҳалолнинг фарқига бормайди деди эрига. Аммо эринг севди, элинг севди дегандай ўғлининг кўнглига қараб, секин-аста унга ён бера бошлади. Ўрис келиннинг исми Света экан. Бобоёр ўзбекчасига Ойдин бўлади дегач, Ойдин деб чақира бошлашди. Ўрис келин очиққина, пишир-куйдирга уста экан. У нонуштага ҳар кун қуймоқ пишириб қўяди. Тушликка албатта бирор тансиққина таом тайёр. Шодиёрнинг хотини ҳам овсинининг тилига тушунмаса-да бир пасда иноқлашиб кетди.
“Мама, мам” деган сўзлари Салима бойбиччага ҳам ёқимли эшитила бошлади. Ҳеч рўмол ўраб кўрмаган бу антиқа келинчак уни эплашни ҳам билмасди. Гоҳ ерда, гоҳ ҳовлидаги гулларнинг новдасига илашиб қолган рўмолини қайинсинглиси Рўзигул топиб келар, у кулганича қайта ўрашга тушар эди.
Бешинчи синфда ўқийдиган Рўзигулга ўрис чечаси ёқиб қолган эди. Мактабга кетгунича сочини чиройли турмак қилар, унга русча қўшиқлар ўргатарди.
Беш-олти ойдан сўнг Ойдин ҳам бинойидай ўзбекча гапирадиган бўлди. Бошида Ойдин мулла бободан ўзини олиб қочиб юрди. Уйдагиларнинг бобога ҳурмати баланд эканлигини кўриб оилада у “главний” эканлигини билиб олди. Қайнонаси Салима бойбиччадан ҳам вақтлироқ туриб офтобани илиқ сувга тўлдириб қўядиган бўлди.
Ойдин эрта тонгда боғдан чиройли гуллардан узиб келди, банкадаги сувга солаётиб, тонгнинг тотли ҳавосидан тўйиб нафас оларкан, негадир қўшиқ куйлагиси келди. Ҳовлини супураётиб хиргойи қила бошлади. Офтоба кўтариб таҳорат олишга кетаётган мулла бобо унинг хиргойисини эшитиб бир пас туриб қолди. Абдулла раиснинг “уям бировнинг жондай фарзанди” деган гапи ёдига тушди. Бечора, ота-онасиз ўсган, шунинг учун Бобоёрга меҳр қўйиб эргашиб келгандир, деб унга ичи ачигандай бўлди.
Ўша куни неварасини чақириб, марказга обориб келинни айлантириб кел, деб қолди.
Бобоёр хотини билан туманга тушди, дўкон айланди, кинога тушди. Эр-хотин шўх-шодон уйга қайтишди. Салима бойбичча келини кўҳликкина эканлигини пайқади.
Келин янаям очилиб кетди. Опоққина сабил, бўй-басти ҳам келишган, кийим ярашади. Сандиқдан хонатлас олиб қизи Рўзигулга тутқазди.
– Ойдин чечанг билан Шарбат тикувчига олиб бор, замонавий қилиб тикиб берсин, енги узунгина бўлсин.
Тонгда Салима бойбичча келинининг боғ оралаб юрганини кўрди.
– Ҳа, саҳар мардон яна гул узиб юрибсанми?
– Нет мама, кислий олма егим келди.
– Боғда қизил олмадан кўпи борми, олавер.
– Нет, мама, кислий олма йўк, – деди Ойдин
– Нега йўқ экан, ана, – қип-қизил олмани узиб келинига тутқазди.
– Нет, мама, кислий – тузли олма, – тушунтиришга ҳаракат қиларди Ойдин.
Тузли олмаси қанақа экан. Салима бойбичча келинига термулиб турди-да, кейин тушуниб етди.
– Иби, шўр олма егинг келяптими, тўхта, у боғ тўридаги ҳали шира кирмаган қаролидан бир нечтасини узиб келинига тутқазди.
– Мама, зўр, зўр.
Ойдин маза қилиб қаролини еётганини кўриб кулимсиради.
– Эна, Ойдин келиннинг гумонаси борга ўхшайди, чевара кўрасиз, – деди қайнонасига оғзи қулоғида Салима.
Шодиёрнинг хотини тушганига икки йил бўлса-да, ҳали фарзанди йўқ. Салима бойбичча сиқилиб юриб эди, бироз кўнгли ёришди. Аммо бу гапни қайнонасидан бошқа ҳеч кимга айтмади. Катта келини Мастурани олиб дўхтирга жўнади. Эзилиб юрган бўлса-да, Мастура сиртига чиқармас, дўхтирга кўринишдан ҳам уялиб юрган эди. Сездирмаса-да, қайнонасининг ишидан хурсанд бўлди.
Дўхтир хотин келинингизнинг соғлиги жойида, бироз даволаниши керак деганини эшитиб Салима бойбиччанинг кўнгли кўтарилди, нимага вақтлироқ келмадик, деди ичида. Туман дорихонасидан дўхтир айтган дори-уколларни олди.
– Ойдиннинг ўзи укол қилиб қўяди, дўхтир деб юрмайсан, – деди Мастурага. Ойдин ҳамшираликка ўқиган экан, қишлоқдошларнинг уколини қилади, қандай дори ичиш кераклигини айтади. Тунуқ момога ҳам қон босими кўтарилганда кийикўт чой дамлаб беради. Момо баъзан узундан-узоқ дуо қилади. Бирига тушуниб, бирга тушунмаса-да, Ойдин момо унга яхши гаплар айтаётганини сезади. Салима бойбичча дўхтир ҳам ўзимиздан чиқди, дейди фахрланиб.
Кузга келиб Ойдиннинг кўзи ёриди. Чақалоқ оппоққина, бўлимликкина. Тунуқ момо уни бешикка белаб берди. Ойдин боланинг қўл-оёғи боғлиқ ётганига раҳми келиб ечиб олишга ҳаракат қилди, аммо момо урушиб берди:
– Отаси ҳам мана шу бешикда катта бўлган, ана бип-бинойидайлиги учун орқасидан дунёнинг у бурчидан эргашиб келдинг-ку. Буям бешикда ётиб қўчқордай жигит бўлади ҳали.
Бола ҳадеб тагини ҳўл қилиб безовта бўлмаслигини кўриб бешик қулайлигига тан берди Ойдин.
Шермурод мулло чеварасининг қулоғига азон айтаётиб отасининг Йўлдош жебачи деган полвон бобомиз ўтган деган гапи ёдига тушди. Ажабмас, уруғ суриб бу ҳам полвон жигит бўлса. Унга Йўлдош деб исм қўйди.
Чилласи чиққунча чеварасига Тунуқ момо қаради. Бир куни тунда Ойдин уйғониб кетди. Тунуқ момо бешик тебратиб алла айтарди.
Қучоғимни тўлдирган, аллаё алла,
Ғамларимни ўлдирган, аллаё алла.
Отасининг полвони, аллаё алла,
Энасининг ўғлони, аллаё алла.
Гоҳ йиғи, гоҳ ўланга ўхшаш бу ажойиб қўшиқдан Ойдиннинг қалбида тушуниксиз бир ҳис пайдо бўлди. Алласиз ўтган болалиги ёдига тушди, юраги тўлди, кўзидан дувиллаб ёш оқа бошлади. Аммо энди унинг фарзанди ҳар кун алла эшитишини ўйлаб кўнглига ёруғ бир нур инди.
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 11-сон