Наби Жалолиддин. Юрак (ҳикоя)

Уйғонди. Шифти пастак (унга шундай туюлди), деворлари оппоқ (аслида ҳозир хира оқиш) хона кўзларига кирди. Қизиқ, ўйлади у, тонг отдими ўзи? Нега тонгни сезмаяпти? Қуёш қани? Осмон қани? Устидаги чойшабни суриб ташлади. Ҳаво ҳам ғалати. Остидаги билқиллама жой энди танасига хуш ёқмаётгандек. Шу пайт кўзи хонанинг бир томонини энлагудек мовий пардага тушди. Дарвоқе, унинг ортида дераза бўлса керак. Ўрнидан турмоқчи бўлганда юраги қаттиқ санчди. Чап кўксини чангаллаб, нажот илинжида яна жойига чўзилди. Кўзларини юмиб, лабларини қимтиди, чап қўли билан юрагининг остини силади. Оғриқ аста-секин чекина бошлаганда миясига шу ўй урилди: яқингинада ҳам юраги мана шундай – икки кафт орасида мижғилагандай бураб оғриганди. Қачон эди-я? Кўксидаги оғриқ анча пасайиб, кўзларидаги парда кўтарилди. Эслади, қишлоқда – катта анҳор бўйидаги тол тагида ўтиришганида юраги бир ушлади.
Уни ёш қаламкашларнинг пойтахтда бўладиган анжуманига, янаки халқаро анжуманига таклиф этишди. Рангли, нақшинкор таклифнома келди. (Шундай бўлиши ҳам мумкин-ку, ахир.) У эса на хурсанд ва на хафа бўлди: ёши қирқни қоралаб қолди, ёш ёзувчи деса бўладими ўзи уни? Шундай пайтда ҳамиша ўттиз, қирқ ёшга кирмай ўлиб кетган, аммо буюк шоир ёки ёзувчи сифатида тарихда қолган ижодкорлар эсга тушади. Бироқ У уларни ўйламади. Эҳтимол, одамзотнинг ёшлиги чўзилиб кетаётгандир ёхуд халқаро анжуманларда қатнашчилар ёши шундай ўлчанса керак-да, деди-қўйди. Кейин, нега энди мени таклиф қилишди, ахир бундай бўлиши мумкин эмас-ку, мен кабилар пойтахтда тиқилиб ётибди-ку, дея ўйлади. Аммо саволларига жавоб кутмади, уларни ташига ҳам чиқармади. Энг аввал ошнаси Ҳабий (Ҳабибилло)ни чақирди. Орадан ҳеч қанча фурсат ўтмай, пачоқ дарвоза пинжида Ҳабийнинг кийими шалвираб турадиган озғин жуссаси, мижғиланган латтага ўхшаш юзи намоён бўлди. У ўқитувчи – инглиз тилид
ан дарс беради. Унга бундай шаклу шамойилни ичкилик инъом этганди. Шаробхўрлиги рост, бироқ дарсга ичиб кирганини биров эслолмайди.
У қўлидаги таклифномани Ҳабийга узатди.
– Кўрмайсанми энди… – деб қўйди минғирлаб.
Ҳабий негадир таклифноманинг инглизча қисмини ўқиди, инглизча билишини намойиш қилгиси келдими.
– Зўр-ку, – деди кейин тамшаниб. – Буни ювиш керак, ошна.
– Шунга арзийдими ўзи? – яна минғирлади У. Кимнингдир сигири туққанида ёки Сурма холанинг тул қизи эрга текканида, қўйингки, яна кўплаб ана шундай «тантаналар»да тўйиб-тўйиб ичганлари ҳозир эсига келмасди.
– Нима деяпсан-эй, ахир бу международний анжуман-ку. Ҳозир Дийқондиям (Деҳқонбойни демоқчи) чақирамиз, – деди Ҳабий тараддудланиб. Сўнг ичкари томонга овоз берди: – Хотин, ҳозир келаман.
Хотини норози овозда нимадир деди. Лекин у бунга парво қилмай, дўстининг елкасидан сурди.
– Юр, кетдик.
Деҳқонбой ҳам икковига синфдош – ғирт бекорчи, «хотинбой акаси»нинг содиқ фуқароси. Унинг уйи уч-тўрт эшик нарида. Ҳали дарвозасини қоқмай у чорпахил гавдасини икки ошнасига ҳадя этди.
– Тол тагига борамизми? – деди ҳали сўрашиб-сўрашмаёқ.
– Аввал қуролланиш керак, – дея «қурол»га яраша пул чиқиш-чиқмаслигини ҳадиксираб чамалади Ҳабий.
Дийқон чўнтагидан пул чиқариб, узатди.
– Хотинимдан ўғирладим.
– Хайрият-эй, сендаям пул бўларкан, – деди Ҳабий ярми ҳазил, ярми чин оҳангида.
– Машна десанг жа хапа бўб кетаман-да, – қовоқ уйди Дийқон.
– Бўпти-бўпти…
Ҳабийнинг гапи оғзида қолди.
– Бугун мен эрийман, – деди У чўнтагидан бир даста пул чиқариб. – Ахир бу ўтириш менинг шарафимга-ку. Ма, – пулни Ҳабийга берди. – Иккита «бомба» ол, колбасаям…
Ҳабий билан Дийқон яйраб кетди.
– Мана бу ҳақиқий шоирнинг иши бўлди, – дейишди тантанавор қилиб. Негадир улар Уни ёзувчи бўлса ҳам шоир деб аташарди. Жарангдорроқ туюлармиди.
Бу орада қишлоқ гузарига етиб қолишганди. Ҳабий пешонасида жимжимадор ёзуви бор ойнаванд дўконга кириб кетди.
– Биз Сурма холадан ҳол-аҳвол сўраб турамиз. – дея У Дийқонни ўнг тарафдаги халқ «бўтка» деб атайдиган ихчам ёғоч дўконга бошлади. – Закискаси шияғда бўлатта, а?
Сурма хола бети қип-қизил (буни ҳар ким ҳар нарсага йўяди), бўлагина, ёши олтмишдан ошган кампир (шундай замонда уни кампир дейиш ҳам гуноҳ) эди. Қош-кўзидан ўсма-сурмаси (бўёқ-сўёғи) аримасди. Ким билади, ўзини яхши кўрармиди ёки яна кимларгадир яхши кўринишни истармиди. Бўткаси эса ҳов ўша замонларда ҳам бўлгувчи эди. Унда бу ерда эри раҳматли ўтирарди. Ўзиям қош-кўзи тутаб (яъни ёниб) турадиган чиройлигина одам эди. Маҳалла-кўйнинг айтишича, уларнинг бир ўғил, бир қизи кўпроқ Сурма холага тортганди. Ўғлини уйлашганидан сўнг қош-кўзи бинойидек эр қирчинида қайрилди. Биров у, биров бу, деди. Эр қаро ерга, ўғил хотинга кетди. Кўп ўтмай, Сурма хола тул боши билан қийралиб-чийралиб қизини чиқарди. Бироқ куёв бўлмиш келинни кўпам суявермади. Онасига қўшилиб ўтирса – ўпоқ, турса-сўпоқ деб юриб, бир йилга етмай юмшоққина ҳайдаб солди…
Хуллас, бу учови Сурма хола қизини иккинчи бор узатганда роса тўйиб ичишганди. Дийқон уни ёқтириб қолганди-да. Хотини бўла туриб ёқтирганди (шу ерига ҳамма ўз шевасидаги сўкишни қўйиши мумкин). Қизини иккинчи бор узатишидан олдинроқ нима бўлганини биров билмайди, лекин бир сафар Дийқон дўконга нон сўраб борганида Сурма хола бермаган. Бермагангина эмас, қалампир-туз қилиб ҳайдаган. Энди эса Сурма хола Дийқонга пинак ҳам қоқмайди.
– Ҳм-м, болларим, келиш (келларинг), -деди кампир нигоҳини аллақаерларга олиб қочиб.
– Невара катта бўляптими, ишқилиб? – Дийқоннинг унга ёқишга уринаётганлиги сезилиб қолди.
Уни бир туртди.
– Иккита нон, бир кило помидор, ярим кило пиёз беринг, хола, – деди кейин чўнтагидан пул чиқариб.
Ҳабий кўринганда булар ҳам савдоларини битиришганди.
– Бўпти, Сурма хола, – деб қўйди беихтиёр Дийқон дўкондан нари кетишаркан. – Қизийзга салом айтинг.
– Хўп, – деди кампир ҳамон кўзларини бир ёқларга яшириб. – Кўп ичишмагин, ҳўй, боллар?
Анҳорнинг эни салкам тўрт метр келади. Ўзиям лим-лим оқади, суви тиниқ. Икки томони тупроқ йўл. Йўл чети ажриқ. Болалар чўмиладиган ердан нарироқда йўлга ёнбошлаган қари тол бор. Шу уларнинг паккаси.
– Арағинг муздекми? – деб қолди толга яқин келганда Дийқон.
– Билмадим, – битта арақни халтадан олиб чангаллади Ҳабий. – Арақдақа арақ.
– Сувга ирғит. Рўпарамизга келгунча хийла совиб қолади. Совумаса яна отамиз.
– Йўғ-э… – ишонқирамай унга қаради Ҳабий. – Оқиб кетса, омма…
Наҳотки арақ оқса, деган фикр урилди Унинг шуурига.
Ҳабий арақни қулочкашлаб анча нарига отди. Шиша «чўлп» этди-ю сувга чўкди. Учовлоннинг кўзи ўша ёқда – ана чиқади, мана чиқади. Йўқ, наздларида арақ сув бетига чиқиши лозим бўлган муддатнинг икки-учтаси ўтди. Аммо мудом шиша кўринмасди.
– Арақни единг, ҳўй! – дея Дийқонга қўлини бигиз қилди Ҳабий.
У мийиғида бир кулиб, тол остидаги ажриққа ўтирди: демак, арақ оқмаскан.
– Бор, обчиқ! – ўдағайлади Ҳабий. – Уч кишига битта арақ нима бўлади?
Дийқон қўлидагиларни ерга қўйиб, ечинди. Анҳор ёқасига келиб, аввал қулоғу бурнини хўллади: сув кирмасин дедими ёхуд танасини сувга мосладими, кейин ўтирган кўйи сувга калла солди ва оқимга қарши суза кетди – арақ тушган жойни мўлжаллади.
Ҳабий кўйлагини ечиб, тол шохига илаётганда У ажриққа ўтирди. Дийқон қўйган нарсаларни пайпаслаб, помидор ва пиёзни олди.
– Пичоқ олмабмизу? – деди шимини ечайми-эчмайми деб турган Ҳабийга.
Ҳабий шимини ечмади. Дийқоннинг ажриқ устидаги шимини кўтариб, у ёқ-бу ёғини чангаллади.
– Унда пичоқ бўлади, – деди сўнг шим чўнтагидан чалбузар чиқариб. – Алкашда ҳамма нарса бўлади.
У тўртта помидорни ювиб, бўлаклаб қўяқолди. Пиёзни парраклаб тўрғади, нонни синдириб (ушатиб) халта устига қўйди.
Дийқон шишани узоқ қидирди, шўнғиб-шўнғиб қидирди. Бир пайт «топдим» дея ҳайқириб юборди. Азот кўтарилган ўнг қўлидаги шиша бўлакча ялтираб кетди.
– Топмасангам ўлардинг-да, -деди таъна қилган бўлиб Ҳабий ажриққа ўтираркан.
Шунда Унинг юраги қаттиқ бир санчди, сўнг ости буради. У кўзларини юмиб, жим қолди, оғриқнинг ўтиб кетишини кутди. Ҳабий ҳам, сувдан чиқиб келган Дийқон ҳам унинг ҳолини сезишмади.
– Ма, арағийни, – деди Дийқон шишани Ҳабийга узатиб.
Унинг юрак ости яна сиқди: бу дўстларининг унга, бир-бирларига бўлган беғубор меҳриданмиди?.. Киприкларининг ости ачишди. Ахир юраги олдин ҳам шунақа оғриганди-ку…
Аввал онаси ўлди – ювошгина, тўпоригина онаси охиратга кетди. Ўшанда У қиёмат, сўроқ-саволу жазони ўйларкан, наҳотки мана шу бир умр ўзи суйган емишини тўйиб емаган, бошқаларда гуноҳ ва айниқса, ўзига нисбатан ёмонлик бўлишини хаёлига ҳам келтирмаган, ҳозиргиларнинг тош-тарозусида ўлчаганда, на ҳаётни ва на ўлимнинг не эканлигини билмаган, балки буларнинг бари болаларим, эрим, деб тушунган онагинамда ҳам гуноҳ бўлса, наҳотки у ҳам жазога тортилса, дея ўртанганди. Онасини тупроққа топширган куннинг оқшомида ҳам юраги қаттиқ-қаттиқ санчганди.
Ҳа, биргина онаси, ёлғизгина онаси унинг истеъдодига ишонарди. Йўқ, онаси раҳматли на охират ва на дунё илмини биларди. Аммо ўғлига, унинг ҳеч кимга ўхшамаслигига ишонарди.
Кейин У етим бўлди, кап-катта ёшида етим қолди. Аслида эса дунё етим қолди, деб ўйлади. Яхшики, дўстлари – Ҳабий билан Дийқон бор эди. Гоҳо ичиб, гоҳо ёзиб, гоҳо қишлоқни кезиб, гоҳо дўстларига ўхшолмаганлигидан афсусланиб яшайверди. Лекин Худо фарзанд бермади. Ҳар гал хотинини ростмона қучоқлаганида «Нега?!», дея ҳайқирмоқни истарди. «Нега ахир, тани-жоним соғ-ку», дерди-ю юрагини чангалларди.
Бир йил олдин хотини қазо қилганда эса юраги бўм-бўш бўлиб қолди. На йиғлади, на кулди, на сўз деди, тўнни кийиб, белбоғни боғлаб, дўппи остида мунғайиб, жим ўтираверди.
У Ҳабийнинг қўлидан пиёлани оларкан, гўё арақни ичгиси келмаётгандай ўзидан нари сурди, иккинчи қўлининг икки бармоғида бир бўлак помидор.
Раҳматли хотини ҳар йили кузда пахтага чиқарди. Куз кунлари қисқариб боради, ёзнинг узундан-узоқ кунларига кўникиб қолган кишининг кузга кўникиши қийинроқ кечади. Хотини эрталабданоқ пахтага кетар, У эса чой-пойини апил-тапил ичиб, ишига шошарди. Энди билса, ишда ҳам фақат ва фақат пахта ҳақида гапирилган, ўйланган экан. Хотини шом маҳали қайтарди. Сезгир нигоҳ ҳориб-чарчаб, қорайиб, чанг-ғуборга ботиб қайтганини осон пайқарди. Юз-кўзидан, қани энди эрим менга ҳеч нарса – на овқат ва на бошқа нарса, демаса, деган маъно ёғилиб турарди. Унинг хотинига раҳми келарди – на овқат ва на бошқа демасди. Мундоқ ўйлаб қаралса, дегулик ҳам бўлмасди. Хотинининг зўрма-зўраки пиёз тўрғашига қараб туриб, «хотин, дамингни олавер, қорним тўқ», деб юборарди. Ё ростдан ҳам гоҳо қорнини кўча-кўйда тўйғазиб келарди. Хотини ўзининг чарчаб, зўрға турганлигини хаспўшлашга уринармиди, «иккитагина тухум қовуриб берақолай», деб қоларди. У кўнмасди. Шунда хотини енгил нафас оларди-да (
эрим сезмаяпти, деб ўйлаб), иккита помидор ёки битта олма билан нон чайнаб қўя қоларди. Ўша ҳаётмиди? Умуман, биз яшаётган мана шу ҳаёт ҳаётми? Яна сўроқ-савол ёдига келади ва ўшал жавобгарлик нимага нисбатан олинишини ўйлайди. Наҳотки хотинида, ҳа-ҳа, ана ўша хокисоргина, камсуқумгина хотинида ҳам гуноҳ бўлса? Унда нима нимага нисбатан гуноҳ дейилади? Ўшанда ҳам юраги қаттиқ санчди.
У арақни сипқориб, помидорни газак қилди.
Эртаси Ҳабий билан Дийқон уни пойтахтга кузатиб қолишди.
Анчагача мовий пардага тикилиб (гўё тикилиб) ётди. Санчиқ чекиниб, юрак уриши меъёрлашди.
Барибир туришим керак, пардани суришим, осмонни қидиришим керак. Парда сурилгач, осмонни қидириш на даркор, эй, Ҳабий айтмоқчи шоир, деди ичида. Ахир мен шоир эмасман-ку, деган нидо келди яна ичидан. Ахир мен шоир эмасман-ку! Барибир пардани икки томонга суриб, осмонни кўрди. Қуёш чарақлаб ётарди. Тўққизинчи қаватда эмасми, осмон шундоққина бўғзига тиқилгандай бўлди. Бет-қўлимни ювай, кейин чой ичаман, деган ўй кечди хаёлидан. Ювиниб чиқиб, нарсалари турган хонага ўтди. Сумкасини полдан олиб, думалоқ стол устига қўйди. Хом чойни топиш илинжида ковлана кетди. Сочиғини, совуну тиш ювгичларини беихтиёр бир-бир пайпаслади, уларни стол устига олди. Хом чой ўз идишида эди, совуннинг ҳиди урмагандир. Чойни қўлига олгани ҳамоно сумкасининг узун оқиш боғичи узра ўрмалаётган қумурсқага кўзи тушди. У узумнинг ёхуд шафтолининг шохида, нари борса, одамнинг танида ўрмалаётгандек секингина ва балки оҳистагина, бир маромда борарди. Ие, бу ерга қумурсқа қаердан келди
, ўйлади У. Наҳотки шундайин жойларда ҳам қумурсқа бўлса? Диққат билан қумурсқани кузата бошлади – эҳтимол бирон муддаоси бордир, ўйлади сўнг. Тўхта-тўхта, у шўрлик уйда – қишлоқда сўмкага кириб қолган бўлсачи? Дийдаси юмшади, йиғлагиси келди-да, яна юраги санчди, бироқ бу санчиш хуш ёққандай бўлди. Салом, ватандош, пичирлади лаблари, ёлғиз қолмасин дебсанда-а? Қўлидаги хом чой кўзига илинди-ю, дарвоқе, Хемингуей қаҳвани яхши кўрарди шекилли, деган ўй урилди миясига. Хом чойни столда қолдириб, ошхона томон ўтди. Инглизчасига «Қаҳва» деб ёзилган аппаратнинг мурватини босди. Жўмрак остидаги финжонга қўнғир қаҳва қуйилди. Хўплади. Намунча тахир бўлмаса? Ёнбошда оққанд турарди. Аммо у қаҳвани қайтиб хўпламади-да, финжонни жойига қўйиб, ювиниш хонаси сари юрди: бир чўмилай.
Ювиниб бўлгач, хафсала билан соқолини олди. Кейин чала дазмолланган иккита кўйлагининг бирини танлаш учун роса уринди. (Шимни танлашга эса ҳожат йўқ, чунки у биттагина эди холос) Қай бирини кийсам ҳам манови ҳашаматли меҳмонхонага-ю бу улкан шаҳарга барибир мос келмайман, деб ўйлади беихтиёр. Анжуман эртага бошланаркан. Қатнашчиларнинг ҳар тарафлардан келишларини ҳисобга олишгандир-да. Демак, бугун шаҳар айланса бўлади. Қизиқ, нега энди айнан мана шу айланиш сўзидан шунчалар кенг маъноли қизиқ сўз ясалганикин-а? Шаҳар айланса бўлармиш. Балки ён-веридаги хоналарга ҳам шоиру ёзувчилар жойлашишгандир? Бирортасини танирмикин? Қаёқданам танисин, нарёқларни-ку қўйинг, қўшни давлатларнинг ҳозирги ёзувчиларидан биронтасини танимайди-ку. Тағин дунё адабиёти, деб лоф-қоф уришларига бало борми? Бошқа вилоятлардан ҳам келишганмикин? Халқаро анжуманга вилоятдагиларни ким ҳам айтарди? Уни балки ўша ҳикояси учун… Ўтган йили битта ҳикоясини – «Одам»ни кимдир ўрис
тилига таржима қилиб, Русиянинг қайсидир журналида чоп эттирибди. Кейин уни инглизчага ўгириб, чиқаришибди. Ўзи булардан бехабар эди. Яқинда ўзимизнинг аллақайси газетада бу ҳақда ёзишганини эшитиб қолди. Ҳа-ҳа, эшитиб қолди. Чунки ўзи яқин-ўртада газета ёки журнал ўқиганини эслолмайди. Ёзувчининг аҳволини қаранг… Хуллас, ана ўша «Одам» учун уни буёққа таклиф қилишган. Энди уни чет элларда ҳам билишади. У мийиғида кулди: қишлоғингдаги ярим одам танимайди-ю, чет элда ким ҳам танирди сени. Ўзинг Толстой, Достоевский, Булгаковдан бошқасини билмайсану… Демак, шаҳар айланади. Эшикни қулфлаб, коридорда бирпас туриб қолди: эшиклардан бири очилиб, таниш шоирми, ёзувчими чиқишини кутди. Аммо ҳадеганда эшиклар очилмади, коридор жим-житлигича тураверди. Нима бало, ҳеч ким йўқми? Шу пайт қишлоғида Ҳабий, Дийқонни чақиргандек ҳайқиргиси келди. Юраги яна ғалати бўлиб кетди. Оғир ютиниб, чап кўксини силаганча лифт сари юрди. Лифт ўйлаганидан кенг эди. Лек
ин ҳеч ким чиқмади. «1»ни боссам бўлди, пастга олиб тушади – ўйлади. Ишқилиб шарманда бўлмай-да. Бир нарса бўлса-ю, бирон киши «нега буни босдинг», деб қолса нима дейман. Кеча нотаниш ҳамроҳлар билан чиқиб олган эди. Энди эса… «1»ни босди. Лифт жилганини сезди-ю, бироқ қарийб овози эшитилмади. Қишлоғимда осон юрардим, оёғим остида ер бор эди. Бу ерда эса мавҳумлик, муаллақлик. Агар истасам қишлоғимда уча оламан (бу энди қаҳрамоннинг ўйлари, кулманг), ҳудди оппоқ (фақат оппоқ) капалакка ўхшаб. Лекин бу ерда учолмайман. Йўқ, манови менинг қувваи ҳофизамга сиғмас ҳашамат ёки мендан ҳадсиз даражада машҳур, балки зўрроқ одамлар (борингки, ёзувчилар) борлиги учун эмас. Йўқ, асло. Бунда ер йўқлиги учун ҳам учолмайман. Осмон бор, лекин ер йўқ. Мен қишлоғимда капалак бўлиб уча олардим (ёки оламан). Лифт тўхтади. Ёки сен ростдан ҳам зўр ёзувчисан, ё бор-йўғи хаёлпарастсан, деган фикр урилди миясига.
Шаҳар нима учун шаҳар? Осмонўпар баланд бинолари, текис йўллари, беадад одамлари борлиги, яна тағин қарийб дарахтлари, тупроғи йўқлиги учун шаҳар. У буларни ўйламади ва ҳатто шаҳарни жуда-жуда кўргиси келди. Ахир яна қачон буёқларга келади-ю? Шаҳарни ё яхши, ё ёмон кўргани учун кўришни истамади, шунчаки, кўргиси келди. Овозютгич эшик остонасидан хатлаши ҳамоно унча кўникмаган, лекин телевизор ёки киноларда кўрибми, хотирасининг аллақаерида мана шу шаҳар овози, дея сақланган шовқин ичра қолди. Гўё қалин дарахтлар каби ўсган бинолар, ранг-баранг ёзувлар, турган ва юрган сон-саноқсиз автолар, текис йўл (йўллар), турли тарафга шошаётган беҳисоб одамлар, ниҳоят, овозлар, қоришиқ овозлар қулоғини батангга келтирди. Барибир шаҳар яхши, ўйлади беихтиёр. Аммо шуурининг бир буржида, «шу сенинг гапингми?», деган ўй ҳам балқиб қўйди. Биров билан бировнинг иши йўқ. Ҳамма қаёққадир боради ва ҳатто шошади. Мана, масалан, йўлнинг нариги бетида турган ҳов
анови қизни олайлик: оппоқ тор шиму майкаси (бу матоҳни яна қандай аташ мумкин, билмайди), пошнаси узун туфлиси ўзига бағоят ярашган. Қош-кўзи қора, лекин сочи малларанг. Агар шу қиз, уларнинг қишлоғида, боринг, ана, майли, одам кўпроқ тўпланадиган сурма холанинг «бўтка»си олдида мана шундай аҳволда турса нима бўлади? Бировнинг иши бўлмаслиги мумкинми? Энг аввало Сурма холанинг қип-қизил бети янаям олланиб, қизғиш тўрлайди. Шиппагу футболкада юрган ёш-ялангнинг кўзи чақнаб, «воау-у» деб юборади. Ҳабий билан Дийқон эса… Йўқ, улар бирров қараб-нетади ва балки у ер-бу ерлари сал-пал жимирлаб ҳам қўяди-ю, аммо эътибор бермасликка уринади. Қари-қартанглар эса унинг миллати-ю, кимнинг қизи ёки қариндоши эканлигини суриштиришади. Бу қолоқликми-йўқми?.. Шаҳар – шаҳар, у ерда бунақа гапларнинг қизиғи йўқ. Шунинг учун ҳам эҳтимол кўплар эркинлик истаб – билганини қилса бировнинг иши бўлмаслиги учун ҳам шаҳарга талпинар.
У сўлга бурилиб, йўлак бўйлаб оҳиста юра кетди. Рўпарасидан, ортидан келаётган одамларга қоришиб юрди. Икки ёнидан ўтаётган одамларга беихтиёр эътибор бераркан, аслида улардан фарқ қилмаслигини, бир вақтнинг ўзида, уларга мутлақо ўхшамаслигини англади. Атрофидагилар бағоят пўрим эдилар. Улар буни сезармидилар ва ёки унинг ўзларидан бундайроқ, умуман олганда, фарқ қилишини пайқармидиларки, У билган ҳаддан ўтгулик виқорли эдилар. У бўлса, ўзининг ташқи қиёфасига, борингки, уст-бошига эътибор бермаса-да, айни пайтда, ҳамма. ҳа-ҳа, ҳамма ўзидан юқорида эканлигини фаҳмлай, нари борса, шундай ўйлай бошлаганди. Мен кимман, деган фикр шуурига тобора чуқурроқ ўрнаб борарди. Ҳеч ким эмасман-ку ахир. Бор, ана, Хемингуейга ўхшаган бир ёзувчидирман-да. Камтаринликни қаранг – Хемингуейга ўхшаганмиш. У мийиғида кулди – сен на нафақат Хемингуей, балки ўзбек танқидчилари томонидан умуман тилга олинмаган ёзувчичалик ҳам эмассан, мулла! Шунинг учун ўзимга ўхшаган одамларни т
опганим маъқул – бу унинг айни пайтдаги ҳукми эди, ҳар ҳолда, ҳеч қурса, ҳозиримни енгишим осон бўлади. Шу ўй хаёлидан ўтиши ҳамоно ўзбекнинг кичикроқ миллий сандиғидай келадиган бир жуфтдан сумкаларини кўтарган (аниқроғи, судраётган) икки аёлга кўзи тушди. Улар ўзи тенги эди, чамаси, бироқ, катта хотинларга ўхшашарди. Тижоратчиликка чалинган бу аёллар қишлоқнинг У билган содда (аслида устомон), бирёғини айтсанг, турмушнинг муштлари танини моматалоқ қилган, бола-чақаси учун жонталош бозорчилар эдилар. Қишлоққа мол олиб кетардилар чоғи, оғир сумкаларини йўлнинг нариги бетига ўтказишга уринардилар. У шаҳд бориб сумкаларнинг бирини тутди:
– Мен олиб ўтишиб қўяман.
Икки аёл туйқус бир-бирларига маъноли қарадилар: «Шунақаси ҳам бўлиши мумкинми?» – деган савол зоҳир эди нигоҳларида.
– Хушёр бўл, кийимидан шаҳарликка ўхшамайди, – дея шипшиди аёлларнинг бири иккинчисига. – Сумкани уриб кетмасин.
Бу гапни У ҳам эшитди. Тутган сумкасини ерга қўйди. Аввал кафтларига, сўнг салкам ғижим кўйлагига боқди. Бироқ шуури аёлларнинг гапи-ю кўйлагининг ҳолатидан уйғунлик топиб, маъно чиқаролмади. Йўлак томон чекинди.
– Ана, айтмадимми, – дея пишиллади яна ҳалиги аёл. – Сезганимизни сезиб қолди.
Қизиқ гап, ўйлади У, «сезганимизни сезиб қолди», дейиш учун одам камида шоир бўлиши керак. Уни ҳатто ўзининг «қишлоқилари» ҳам қабул қилишмади.
У у ёқдан-бу ёққа ўтаётган турфа одамлар аро йўлак ўртасида тек қотди. Ана энди қайси томонгадир албатта юриши керак. Қаёққа юрсин – ўнггами, сўлгами, тепагами, пастгами? Аммо нима бўлганда ҳам юриши шарт. У рўпарасига юрди – ҳар қалай нимадир бўлар. Одамлар бунча кўп-а? Аслида кўплиги яхши. Лекин… Ҳуддики ўрикзор, олмазор, бодомзор дегандек бу дунё одамзорга ўхшайди. Дунё – одамзор. Шундай экан, нега энди одамзорнинг заволи бунчалар мўл? Бас қил, фалсафангни, ўзига танбеҳ берди У, сен одамзор ичра эмас, йўлакда у ёқдан – бу ёққа ўтаётган одамлар орасида бир одам, яъни уларнинг бир бўлаги сифатида бораяпсан. Бор гап шу – уларнинг ҳар бири сени ҳам шунчаки йўлакдан ўтаётган одам, деб билади, вассалом. Лекин нима бўлганда ҳам «сезганимизни сезиб қолди», деган жумла зўр чиқди-да – тап-тайёр ҳикоя, эҳтимол шеърдир.
У сўлга бурилиб, яна оҳиста, ўйчан одимлади. Ўйлари қовушмади. Шаҳар шунчалар шовқин бўлишини авваллари сезмаган экан. Балки манови одамлар, кўзлари ўнгу сўлдан ва умуман ҳаммаёқдан ҳар қаёққа ўтаётган, аксарият шошаётган одамларни бир қур «чўқилаб» ўтди, шовқинни мутлақо эшитишмас, ундаги сезиш қулоқларининг, вужудининг сокинликка кўникканлиги туфайлидир. Тавба, наҳотки мени на шаҳар, на ҳаммани, ҳар нарсани қабул қилиш тугул ютиб юборадиган манови одамлар ва ҳатто, бир жиҳати, ўша онда ўзимники, дея ўйлаган ҳалиги хотинлар ҳам ҳазм қилолмасалар-а? Қизиқ сўз – ҳазм қилолмасалар, ҳазм қилиш учун ейиш керак-ку ахир. Унинг лаблари қайрилди – жилмайди. Ҳа, энди буям бир халқ иборасида, Ҳабий айтмоқчи, эй, шоир.
Бу ерда осмон икки чизиқ орасида бўларкан. Чор тарафингда, айниқса, икки ёнингда баланддан-баланд бинолар. Нигоҳинг билан то осмонга етгунча бир ютиниб оласан – осмон қани, дегинг келади. Бироқ ва ниҳоят етасан, етасану шу туришингда, яъни пастда турганинг ҳолингда осмонни чамалайсан, оқу қора булутларини излайсан, осмон эса билганингдек, тушунганингдек кенг эмаслигини пайқаб қоласан. Осмон шу холосми, дейсан, нигоҳингни қуйи олиб, кўрасанки, у бинонинг илк четидаёқ тугайди…
У ўзини тушкун, мижғов, борингки, қўштирноқ ичида рутубатли одам, деб билмайди. Онаси ўлди, чидади, ҳатто кўз ёшини ҳам биров кўрди-кўрмади. Хотини ўлди, чидади, ҳатто фарзандсизлиги ҳам уни изтиробу қийноқдан ўзгасига рўбарў этолмади. Кейин эса ёлғизлик… ёлғизлик. Ҳатто, ҳа, яна ҳатто адабиёт ҳам (бу энди унинг ўйи, азиз ўқувчи) дардига малҳам бўлолмади. У оёғи остидаги қумурсқадан то коинот қадар бўйчан ва уларнинг ҳамма-ҳаммасига масъул эканлигини англаб қолди. Йўқ, аслида англаганини ўзи англамади. Шу ҳолига уни тушкун, дейиш мумкинми? У тушкун эмас. Аммо инсониятнинг ёзма, ноёзма хотираларидан аёнки, бошиданоқ аксарият жамиятлар шоирларни (бошқача тушунмангу, Ҳабий айтмоқчи, У ҳам шоир-ку) унчалик хушламаган, хушламагангина эмас, улардан сақланишга уринган. Чунки улар ҳар бир нарсанинг ёки воқеликнинг ўзга маъноларини топишга ёки тушунишга уринганлар. Шундай экан, шоирлар эмас, бу дунё, балки бутун коинот тушкун… Ахир сен шоир эмассан
-ку…
Барибир бу ерда осмон икки чизиқ орасида.
Рўпарада кучук етаклаб келаётган малласоч кампир кўринди. Кучуги ҳам малла, бунинг устига паҳмоқ эди. Сезгир назар кампирнинг серажин юзидан, ажинлар аро милтираган кўзидан, унинг бутун жону жаҳони, соддароқ айтганда, овунчоғи ёлғиз мана шу кучук эканлигини пайқаш мумкин эди. Кучук завқ қўзғар даражада ёқимтой бўлиб, тимирскиланиб, ўзини у ёқ – бу ёққа урар, тинмай питирларди.
Уни нима жин урди, билмайди: кампирга яқинлашаркан, ер тепиниб, қўлларининг кучукка ҳамла қилаётгандай ҳаракати ортидан ириллагандай овоз чиқариб, у билан тегишмоқчи бўлди. (Одатда қишлоқда болалар, ёшлар кўринган иту мушукка тегажоғлик қилиб ўтади-да, шу ёдига тушиб, ёшлиги қўзидими.). Кучук чўчиб, акиллаганча ўзини нари урди. Кампир силтаниб, йиқилиб тушаёзди. Тезда ўзини ўнглади-да, шошиб кучукни қучоғига олиб, бошини силади:
– Успакойся, милая, – деди овутиб, сўнг Унга қараб ўқрайди. – Дикар!.. Чурбан!..
Бу пайт ўтган-кетганлар уларга қараб туришарди. У нима қилишини билмай серрайиб қолди. Ёшроқ бўлганида тирақайлаб қочармиди. Қизарди, бўзарди. Кампир ғудрана-ғудрана нари кетганчгина, лаблари пичирлади:
– Извините…
Агар ҳозир Унинг халқаро анжуманга келган ёзувчи эканлигини билишса, нима қилишардийкин-а? Халойиққа роса бўп берарди-да ўзиям… Аслида ҳунук иш қилди: ахир бу ер шаҳар, пойтахт бўлса. Бу маконда халқлар, миллатлар қовушади, қоришади. Сенинг ҳозирги қилиғингни бирон қишлоқдан келган одам ёки илдизларини соғиниб, изтиробга тўлган қандайдир шоири девона тушунмаса агар, бошқа биров ҳеч қачон англолмайди. Ҳа, ҳамма қовушган, қоришган жойда ҳам яна ёлғиз қолишинг тайин, акс ҳолда сени ҳеч йўқ кучук тушунарди. Юраги қаттиқ ғижимлаб, юзи тиришди. Қайсидир маъвода манзил топарман, ахир, – деди кўксини силаб. Тушгача санқиди. Ҳар кунги маҳалда қорни очганини сезса-да, яна анча юрди. Ахир таомилдаги тушлик вақти бор-ку, ҳеч йўқ шаҳарда шунга амал қилай, деб ўйлади. Шу истаги етовида ҳатто меҳмонхонадаги текин овқатдан ҳам воз кечди. Ниҳоят ҳорижий русумдаги, пешонасига «Кафе Тарзан» деб ёзилган емакхона қошида тўхтади. Тарзаннинг кимлигини билишармикин ўзи б
улар? Билишгани учун қўйишганда, бунинг устига, жарангдор ҳам. Нима, Алпомиш ё Гўрўғли, деб қўйсинми? Балки Намозботир қўйишларини истарсан? Унда бу ернинг ходимлари емакхонанинг номини айтолмай ишдан ҳайдалиб кетишар. Ҳай, майли, аввал «тарзанчилар»нинг хизматини бир кўрайликчи?.. Бунақа жойда ҳамма нарса қиммат бўлишини ўйлаб, чўнтагини ковлади, пулини чамалади. Топган пулинг битта жониггга етиб ортади-ю, яна нимани чамалайсан?! Бир ёзилсанг ёзилибсан-да, Ҳабий айтмоқчи, шоир, уёғига Худо пошшо. Ойнаванд эшикдан ичкари кирди. Ичкарида яна битта эшик бор экан, ундан ҳам ўтди. Хона унчалик кенг бўлмаса-да, салқин, жим-жит эди. Майин мусиқа ё эшитилади – ё эшитилмайди – шунақа ишларда жуда меъёрни билишади-да булар. Одам сийрак. Уни новча, гўзал бир қиз қарши олди. Қарши олиши асносида синовчан назар солди. Ёқимли талаффузда гапиришидан англадики, Унинг миллатини, аниқроғи, унга қайси тилда гапирган маъқуллигини билишга уринарди.
– Каерга ўтирасиз? – сўради қиз ним табассум ва хиёл таъзим ила.
У «қаерга буюрасиз», дегандай қаради. Қиз четроқдаги ҳоли жойга етаклади. Ўтириши ҳамоно қўлига таомномани тутиб, дафтарчасини очди. Шоир таомномадаги таниш-нотаниш овқатларнинг номига бир-бир кўз югуртираркан, ўзини қизни узоқ куттириб қўйгандек сезиб, бироз ўнғайсизланди ва таваккалига битта таому салат буюрди.
– Ичишгачи? – сўради қиз.
Дарвоқе, нимадир ичиши ҳам керак-ку.
– Чой,- деди-ю бирдан дадиллашиб, ўмганини (кўкрагини) кўтарди. – Ва юз эллик грамм арақ.
Қизнинг юзи ёришиб кетгандай бўлди. Узун оёқлари шитоб одимлади. Этаги тиззасидан анчагина юқорида тўхтаган тор юпкаси оппоқ сонларига жуда ярашган эди. Патнис билан қайтиб, буюртмаларни столга қўяётганда Унинг кўзи яна қизнинг сонларига тушиб, кўнгли ғилқиб кетди: дастурхон устида бунақа аъзоларнинг ёпиқ тургани маъқул экан. Энди манави савил идишдаги арақни икки бўлиши керак, яна тағин истикон… рюмкада. Рюмкада ичиш жуда қийинда, ичиб бўлгунингча ҳамма қараб турганга ўхшайди, чунки унда ичиш, янаки симириб ичиш учун бошни анча орқага ташлаш керак. Унгача… Чой буюрганди, пиёла билан олиб келса керак. Бироқ ҳадеганда чой ҳам, пиёла ҳам кўринмади. Арақни кўргач, томоғи тақиллаб кетганди. Ичди. Буюрган таоми товуқ оёғи шаклидаги қоришиқ гўшт аралаш бир бало экан. Ундан, салатдан еди. Яна ичди. Юз эллик грамм ҳам роса кўп бўларкан-да, ўйлади ўзича. Овқат ширин экан, жағлари тобора авжланди. Шу пайт хизматчи қиз келди-да,
– Камчиликлар йўқми? – деди.
У чой обкелинг, демоқчи бўлди, лекин тили айланмади, носинашта жой бўлганлиги учун ўзини мастдай ҳис қилди. Лабларини қимтиб, бурни ва оғзи орқали қандайдир овоз чиқарди-да, бошини силкиди. Қиз ортига қайрилганда овқатга энгашган кўйи унинг сонларига суқланди: чиройли экан! Шуниям бирон бахтли одам қучоқлармикин? Қучоқлармикинмиш! Нафақат қучоқлайди… Шунинг учун ҳам Исломда аврат, арақ ичма, деган гаплар бўлса керак-да. Қори бўп кет-э, Ҳабий айтмоқчи, эй шоир! Билмасанг (агар билмасанг-да), энди биласан: барча зўр шоиру ёзувчилар қишлоқда туғилганлар. Ҳеч бўлмаса, қишлоққа ўхшаган шаҳарда. Кейин эса шаҳарга келиб, манавинақа кўргиликлар (шароитлар) ичра аввалига маст-аласт бўлиб, ўрнашиб олгач, болалик ва ёшлик хотираларига таяниб, бир нималарни ёзаверадилар-ёзаверадилар. Кимларнингдир, балки ўзларининг наздида ҳам тузуккина нарсаларни эжод (ижод) этадилар. Қарабсанки, ҳаммалари «классик». Аммо улар на манавинақа емакхонада овқат ейдилар ва на мана бунд
ай сонлар ҳақида ўйлайдилар. Улар ўз уйларида (квартираларида, ҳовлиларида) ўтириб олиб, болалигу ёшликларини ўйлайдилар ва ўзларини ҳамон ўшандай тутишга уринадилар, балки шундайман, деб биладилар. Аслида эса улар… Қайсидир ёзувчи қишлоқни донор деб атаганди, яъни шаҳарни, борингки, пойтахтни турфа истеъдодлар билан таъминловчи донор. Эҳтимол, тақдир деганлари шудир. Тақдир аслида нима ва у қаергача? Инсон ўлгач, тақдири тугайди-ку, шундай экан, ўлган ва мудом буюк, дея эътироф этилаётган шоиру ёзувчиларнинг тақдири мудом давом этаяптими? Бу саволга жавоб йўқ, биламан, бироқ Навоийни ёки Машрабни нега буюк, деймиз? Нега? Кейинги юз йилликда ёзилган дарсликларда турфа ғоялар пинжида мақталгани учунми? Чўлпон ёки Қодирий ўтган асрнинг бошида ёмон эди, энди яхшими? Ким айтди? Балки ҳозирги яхшилар юз йилдан кейин ёмон бўлар? Ким айта олади? Демак, биз эътирофда тормиз, бирёқламамиз. Адабиёт шу бугун билан яшаса – бу хавфли, бугун юлдузларни кашф этади
-да, эртага уларни чайнаб, туфлаб ташлайди. Неча Навоий, неча Машраб бор эди? Улар сизу бизнинг дарсликларимизда йўқ холос… Энди дунёга кенгроқ боқмоқ лозим…
Хизматчи қиз чой олиб келди. Пиёла ҳам келаркан-ку, ўйлади У. Йўқ, миллатим ҳали айнимаган – мана бундай жойларда ҳам чойнакда чой ва пиёла бор экан, демак… Бунинг устига, қиз унинг ғижим кўйлагига парво қилмади, ҳатто нигоҳида ҳам сездирмади. Эҳтимол, ҳисоб-китобда ҳаммасини чиқариб олар. Чой хўпларкан, ҳов нарида ўзига термулиб турган қизнинг сонига яна суқланди: аёл кўрмаганига қанча бўлди-ю. Мабодо қўққисдан юр, деб қолсам ҳам ҳозир ўзига ишонмайди. Ахир қанча бўлди-ю… Пўлат ўтда тобланади ахир…
Қизни чорлаб, ҳисоб-китоб сўради. Ўн беш минг. Яхши-ку – мана бундай жойда, мана бундай сулув хизмат қилиб турганда, мана бундай мазали таомлар ва арақ – арзон-да. Ўз тумани марказидаги ошхоналарнинг хизматчилари ҳам агар ичганини сезиб қолишса, уч минг сўмлик емак-ичмак учун ўн минг олишади. Унга қараганда бу арзон. Аммо у айни пайтда пойтахтга кетаяпман, дея анчагина пул олиб келганлигини ва ҳозирги хаёли шунга нисбатан эканлигини ўйламасди.
Меҳмонхонага етиб келгунича, овқат ёки ичимлик таъсир қилиб, тани қизидими, терлаб кетди. Салқин хонага кирди-ю, уст-бошини ечиб ташлаб, момиқдек хобжойга ястанди. Кўп ўтмай, донг қотиб, беозор пишиллай бошлади.
Роса ухлабди. Туш кўрибди. Тушида ёнғоқлар ер билан битта бўлиб ётганмиш. Ёнғоқ бўлиб ҳамки, пўсти юпқа, бармоғинг билан шундай боссанг, чақилиб кетармиш. Малларанг сочли кампир ҳовуч-ҳовучлаб ёнғоқ терармиш, «кучугимга тераяпман», дермиш. У бўлса, бир-иккита ёнғоқни чақибди-ю, мағзини ё топибди, ё тополмабди. Бирдан паҳмоқ юнгларига қоришган думини ликиллатиб кучукча ҳам пайдо бўлибди.
Бунчалар ҳикматлисан, ҳаёт, деди ичида ўрнидан тураркан. Ваннада маза қилиб чўмилди. Яланғоч ҳолида сочиққа артина-артина хонада кезинди. Нимадир қилиши керак-ку, ахир. Шуури бағоят тиниқ эди, фақат қайси томонга ёхуд нимага йўналишини билиб олса бас. Оромкурсига ўтириб, каттакон телевизорнинг мурватини бироз қидиргач, босди. Телевизорнинг тиниқлиги, рангларининг ниҳоятда табиий эканлиги эътиборини тортди. Дунё ўзгариб бормоқда – ақл-заковатга, тафаккурга минг-минг тасанно. Ақл деганлари оламни тасвирга кўчирибди. Эртагалик анжуманни ҳам телевизорда кўрсатишса керак: ўзимизнинг аллома ёзувчилар икки ёнларига ҳорижий меҳмонларни олишиб, тўрда ўтиришади. Энг ёмони, балки энг даҳшатлиси, на бизникилар ва на меҳмонлар бир-бирларини танишмайди. Ҳойнаҳой арбоб ёзувчиларимиздан бири (эплаганида) рус тилида нутқ ирод қилса ҳам ажабмас. Турган гапки, барча меҳмонларнинг энсаси қотиб, ўзимизнинг нисбатан ёшроқ ёзувчилар эса меҳмонларнинг нигоҳидан ўзларибоп маънолар қидириб
ўтиришади. Кейин бирин-сирин меҳмонлар гапиришади. Аллома мезбонларнинг «палагини босиб қўймасмикинмиз», дея хушёрлик ила, лекин этакда ўтирган ёшларга умидвор боқиб, сўз тизишади. У ҳойнаҳой давранинг қуйисида, эҳтимолки, даврадан ташқаридаги ўринларнинг иккинчи ёки учинчи қаторида ўтирса керак. Шу ўтиришда даврадагиларнинг баридан, миллати, ёши, истеъдодидан қатъий назар, самимият қидиради. Ана тўрдаги аллома устозлар меҳмонлардан кам бўлмаслик учун виқорла (гўё камтарона) боқишади, ҳуддики бир-бирларини аллақачон ўқиб қўйишгандек. Уни алломаларнинг бирови танийди, бирови танимайди, лекин ҳаммалари ўзларини танимайдигандек тутишадики, шу билан меъёрни, аниқроғи, ўз мақомларини сақлашга уринишади. Қуйидаги пойтахтлик тенг-тўшларининг аксарияти эса уни танишни истамаётгандек туюлишади. Танишдими, гўё обрўлари тушиб қоладигандек. Ҳадемай, унга ҳам сўз бериб қолишса ажабмас. Беришармикин? Олиб борувчи ўзбек бўлгач, уни албатта андижонлик (ёки қашқа
дарёликми, бухороликми) ёзувчи, дея таништиради. Халқаро анжуман экан, «ўзбекистонлик ёзувчи фалончи», де-қўй. Ростдан ҳам сўз бериб қолишса нима дейди? Ҳабий ичганда гоҳо «Эй, шоир, сен одамларни йиқитиб эмас, йиқилганни тиклаб зўр бўл», дегувчи эди. Шу гапни ўрисчалаб айтсинми? Ёки орқа қатордан туриб «рус тилида роман ёздим», дейдими? Бунга ким ишонади? Яхшиси, биронта тузук-қуруқ китоб чиқаролмадим, дегани дуруст эмасми? Шунда тўрдаги ҳорижлик оқсоқол ёзувчилардан бир-иккитаси «ким у?», дея сўраб қолишар. «Андижонлик (ё қашқадарёлик, ё бухоролик) фалончи», дейишади ўзимизнинг оқсоқоллар бироз ўйчан ҳолда хижил тортишиб. Ҳамма унинг рус тилида роман ёзганлигини унутишга уринаётгандек туюлади. Шунда кимдир ўрисчалаб, «Одам»нинг муаллифи шу кишими?», деб қолади. Юраги қаттиқ ғижимлади. Чап кафти билан кўксини босиб, кўзларини юмди, оғриқ ўтиб кетишини кутди. Деразадан ташқарига қаради: аллақачон қоронғи тушибди. Ўрнидан туриб, яна сумкасини к
овлади: доимий ҳамроҳи «Чол ва денгиз»ни олди. Салом, ҳазрат, деди ёзувчининг сувратига тикилиб. Сўнг сувратни кафти билан силади, кўзлари ўксик йилтиради. Курсига ўтириб, китобни варақлади. Анчагача қарийб ёд бўлиб кетган ўзига ёқадиган, аммо ҳар қанча ўқиса ҳам зерикмайдиган саҳифаларни ҳижжалаб ўқиб ўтирди. Бир ёқда телевизор ғўнғирашини қўймади.
Туйқус эшик тақиллади. Аввалига ким бўлиши мумкин, дея оғринди ҳам, кейин кўнгил майли эврилиб, бирон янгилик илинжида эшик томон ошиқди. Рўпарасида йигирма беш ёшлардаги паканага мойил, чувак йигит турарди. Йигитнинг ангоридан дадиллик уфурар, эгнидаги қимматбаҳо хонаки кийим, қўлидаги тилла узук ва бўйнидаги олтин занжир дадиллигига куч бераётгандек эди. Уни таниди – телевизорда тез-тез чиқиб турадиган клиппараст, замона тилида айтганда, юлдуз қўшиқчи.
– 907-хонами? Сиззи ёзувчи, дейишди, ока. Ман ўн иккинчи этажданман, – дея бидиллай кетди хеббимчалиш (ҳезалакмижоз) овозда. Бу орада нозик қўлларини узатиб, сўрашди. – Эртага сёмкам борийди, дам олишим керак. Ҳеч уйқим келмаяпти, шунга… Биронта скушнийроқ китобийз йўқми, ўқисам ухлаб қолармидим…
«Чол ва денгиз» ҳамон Унинг қўлида эди, кўрсаткич бармоғи ўқиётган саҳифасида.
– Мана, – дея китобни шартта қўшиқчига узатди. – Росаям скушний китоб.
Йигит китобнинг бетига қарамади ҳам.
– Раҳмат, ока, эрталаб қайтараман, – деди-ю лифт сари чопди.
У бўлса эшикнинг очилмаган табақасига бўйнини чўзиб қаради: ростданам тўққиз юз етти экан, эсидан чиқибди. Эшикни ёпиб, ортига қайтаркан, «ишқилиб китоб ўқийдикану, деб қўйди ичида, ухлаш учун бўлсаям-да». Беихтиёр мийиғида кулди? Қизиқ, мен мана шу муштдай ашулачини танийман. Лекин у мени – қирқ яшар ёзувчини танимайди. Замонангдан айланай, отингни сот, молингни сот, ашулачи бўл, деган замон келди-да. Менмиш, мендан каттасиниям танимас у. Ҳойнаҳой қўшиқларининг шеъриниям (агар шундай аташ жоиз бўлса) ўзи ёзса керак. Нима қилишини билмай хона ўртасида серрайиб туриб қолди. Чап қўли билан лабу жағини ушлаганча нигоҳини тентиратиб, гоҳ телевизорга, гоҳ курсига, гоҳ унинг олдидаги ойнаванд столга, гоҳ сумкаси қолган хонанинг очиқ эшигига тикилди. Нимадир қилишим керак, дея ўйлади ва шунинг ортидан бағрида қизиш асносидаги ҳувиллашни сезди. Аа-хх, деди бошини орқага ташлаб, ненидир истайман, лекин қилолмайман. Ў-ў, Худойим, не бало – мен бало?! Нигоҳ
и балкон эшигида тўхтади: ўша ёққа чиқаман. Чиқди. Икки қўллаб панжарани тутиб, атрофга тикилди – ҳаммаёқда чироқлар чарақлайди – мафтункор чироқзор. Тўққизинчи қаватда эмасми, теваракдаги бинолар қуйироқда кўринади. Айниқса, машиналар шовқинининг пастда қолгани яхши бўларкан. Лекин юраги шиғиллаб кетди – ўзини пастга отгиси келди. Ер тортади, деганлари шу бўлса керак-да. Худди балкон ўпирилиб тушаётгандай туюлиб, шошиб ўзини орқага олди. Девор ёнидаги тўқима курсига ўтирди. Бошини ҳам ястаб, яна кўксини ушлади. Баландлик қон босимига таъсир қилади, дейишарди, юракка ҳам билинаркан. Нафаси қисаётгандай бир-икки чуқур-чуқур нафас олди. Чала юмуқ кўзларига балкон панжараси аро рўпарадаги нисбатан пастроқ бино пештоқидаги хиёл хилпираётган, турфа чироқлар ёғдусида ажиб жилваланаётган байроқ илинди. Байроғимиз чиройли, айниқса, ранглари бағоят гўзал, олам билан уйғун… Жонинг оғриб турганда бунақа чиройли ўйларга бало борми? Чап кафти билан кўк
сини сийпаларкан, бўйнининг орқа томонида нимадир ўрмалаётганлигини ҳис қилди. Ўнг қўлининг тўрт бармоғини жуфтлаб, оҳиста бўйнига босди. Ўрмалагувчи ўрта бармоғининг бир ёнига илинди, У эса қўлини аста бўйнининг ён томонига тортди. Ҳалиги нарсани ўлдиришни истамай, бармоғининг учига олди: қумурсқа. Бу ерга қумурсқа қаёқдан келди? Э, дарвоқе… Нимқоронғуда илғадики, бу ўша қумурсқа ва у бармоқларининг беозор озоридан ўнгланишга уриниб, типирчиларди. Ўлмабди, чинакамига хурсанд бўлди У. Қумурсқа тиклангач, пуфлаб ташлади. Жонивор қаердадир ғойиб бўлди. Ўлмасликка-ку ўлмабсан, аммо бу ерларда яшаб кета олармикинсан, юртдош. Илоҳи, яшаб кет! Мен ҳам ўлиб қолсам-а, деган хаёл туйқус миясига урилди. Урилди-ю, қўлини кўксидан олди. Кейин хаёлини юмшатишга уринди: ўзи юрак нега оғрийди? Қувончданми, ғамданми? Билмайди. Юраги оғриганки одам ўлаверса, дунёда одам қоладими? Аслида қувонч билан ғам ҳамиша йўлдош, ҳуддики, жаннат ва дўзах каби. Дўзах
!.. Тавба, чексиз куч-қудрат, имкониятлар соҳиби бўлган Тангри наҳотки ўз бандаларини оловлар билан «сийласа»? Қайси тафсир, қайси талқинларни ўқиманг, инсон фақат ва фақат олов билан қўрқитилади: дўзахда оловда ундоқ куясан, бундоқ қовуриласан. Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас! Ахир бу ўта ибтидоий фикр: олов куйдиргувчи – буни гўдак ва ҳатто ҳайвон ҳам билади. Наҳотки Тангридай зот?.. Менимча, Тангри дўзахда ўз бандаларини соғинчлар гирдобига солади: энг севикли инсонларини, машғулотларини соғинтиради. Бу дунёда қилолмаган савоб ишларини ва ҳоказо, борингки, энг севимли таомларини соғинтиради. Тангри минбаъд меҳрибон – мангу меҳрибон. Шунингдек, у бемисл ақл соҳибидир, яъни ўз бандаларини оддийгина оловга солмайди, соғинч оловига гирифтор этади – бу даҳшатлироқ. Шунинг учун ҳам шоирлар, борингки, жумла ижодкорлар бу дунёдан соғинч ва изтироб ила ўтадилар – мана шу охиратга ишора. Жаннатда эса буларнинг барига мушаррафлик бўлади. Ҳадемай диннинг янги даври бошланади
ва у ақлу қалб уйғунлигига эришади. Одамзот Тангрига муносабатини ҳам ислоҳ қилади. Зеро, энди у оловдан, илону чаёнлардан қўрқмайди: улғайди. Энди гуноҳу савоблар нисбати ҳам ўзгаради. Акси бўлса, меҳнатдан бошқани билмай, даладан бери келмаган, бир умр эрим, болам, далам, уйим, деб ўтган онасида ёки хотинида гуноҳ борми? Уларга вақтида тоза ювинмаганлик ва сифатли ҳамда хушхўр таомларни емаганлик «гуноҳи» қўйилиши мумкин, холос… Агар уларда гуноҳ бўлса, дўзах деганлари мавжуд эмас. Мабодо дўзах деганлари бор бўлса-ю, унда жисмоний азоблар бирламчи жазо эса, унда улар жаннатидирлар. Нима бало, дунёга васият қила бошладингми? Ростдан ҳам ўласанми? Юрагини чирмаган оғриқ бўғзи томон сурилаверди ва нафаси қисаверди. Ишлар чатоқ, деди хаёлан, куним битган кўринади. Ўрнидан турмоқчи бўлганди, оёқлари мадорсизланиб, тиз чўкиб қолди. «Тез ёрдам» чақириш керак. Балкондан чиқаверишдаги бурчакда телефон бор, У ўша томон судралди. Одамнинг кўкрагидан келгувчи телефо
нга ўнг қўлини чўзиб, аранг етди, қулоғига тутди.
– Дежурная вас слушает, – аёл кишининг ёқимли овози эшитилди.
У индамади.
– Рисепшн… – деди инглизчалаб бояги овоз.
У яна жим.
– Гапиринг! – дея салкам дўқ урди ниҳоят аёл ўрисона ўзбекчалаб. – 907-хонами? Гапиринг!..
– Хайрият, таниди, – деди У пичирлаб, хайрият! – Қўли аста қуйилиб, полга тушди. Телефон очиқ кафтида қолди, ундан бояги овоз қайта-қайта эшитилаверди:
– Тўққиз юз етти, гапиринг, тўққиз юз етти…
Кейин кўз ўнгида бир пайтлар хунуккина бўлган аёли қиёссиз гўзал қиёфада кўринди. Сенмисан, деди У хаёлан, сени жуда соғиндим, жоним. Юрагининг томирлари шу қадар қаттиқ тортишдики, жону жаҳони юрагига жо бўлди: ҳозир узилади. Сўнг оппоқ либосдаги кўзлари ёшли, бироқ жилмаяётган онаси кўринди. «Она-а!» деди Унинг таранг тортилган юраги. Ана, Ҳабий ва Дийқон – улар ҳам шу қадар чиройли, ёқимтой, фақат жилмайишади. Ашулачи йигит китобни олиб тушиб бермаса ҳам майли, ўқиса бас, деган фикр урилди туйқус миясига. Малла кампиру кучук эса ўша-ўша, фақат ёнғоқ чақаётган кучук ҳам нуқул унга қараб жилмаяди: хайрият, хафа бўлмабди, хайрият. Анови нур ичидаги нима? Китобми?!.. Шу он чап кўксида нимадир қаттиқ қасирлади ва бўғзида олов ёнди-да, ташқарига чиқиб кетди. Дунё қоронғулаша бошлади. Тавба, юрагим оғримай қолдими? Умр дегани шумикин?!..
– Ҳабий!.. Дийқон!..

25.08.2010 – 13.12.2010