Дарвозадан кириб келган йиғирма ёшлар чамасидаги яғриндор йигит уй саҳнипинг ёнидан кесиб ўтган ариқчада қўлини ювиб, оғзини чайқади. Шимининг чўнтагидан рўмолчасини чиқариб, қўл ва оғзини артаркан, ҳеч ким кўринмайди-я, дегандай атрофга аланглади. Шу кўйи шошилмай юриб, сўрток остига қўйилган, устига ораста қилиб покиза тўшақлар солиниб, суянчиғига бир неча ёстиқ суялган сўри олдига борди. Ўтирмоқчи бўлган тўшагининг бир томонини кўтариб, силтаб, қоқди ва текислаб, яна ўрнига тўшади. Аммо ўтирмади, яна атрофга аланглади. Шунда молхона тарафда шарпа сезгандай бўлди. Аям ўша ёқда шекилли, дея хаёл қилди ва ўша томонга қараб овоз берди:
— Ая!..
— Ҳув-в… — дея хотинларга хос жавоб қилди молхона бостирмасида уймалашаётган онаси.
Нариги четдаги уй ичидан опоқдадасининг «мен ҳам борман», дегандай зўраки томоқ қиргани эшитилди. Чамаси, у ҳам неварасининг овозини эшитганди, шекилли.
Йигит эса тик туриб, панжалари билан сўрининг кунгурасини ўйнаган қўйи онасини кутарди. Лекин онасини нега кутаётганини ўзи ҳам билмасди. Ҳозир онаси келади ҳам, аммо саломлашишдан ўзга гапиргулик гап топилмайди. Бу шунчаки кўникма ёхуд одам боласининг кўзла¬ри илғамайдиган ришталарнинг борлигидан бўлса керак-да. Нима бўлганда ҳам, ҳозир йигитнинг онасига айтадиган тайинли гапи йўқ эди, аммо у кишини бир кўриш билан кўнглида қандайдир хотиржамлик пайдо бўлишини жуда яхши билади. Аслида бунақа пайтда онаси ҳам ўғлидан бирон зарур гап кутмайди-я.
Ва ниҳоят, қўлида пақир тутган онаси кўринди. У пақирдаги янги соғилган сутни тўкиб юбормаслик учун авайлаб кўтариб келарди.
— Ҳа, келдингми, ўғлим? — деди онаси унга яқинлашаркан.
— Ўтирибсизми, ая? — дея сўради нима дейишини билмаган йигит одатга кўра. — Дадам келмадими? — У бу саволни ҳам шунчаки гап йўқлиги учун берди, аслида дадасинииг ишдан қачон келишини яхши билади.
— Йўқ, — деди онаси сутли челакни сўртокка осилган симга илиб, устини ёпаркан. — Бугун қайларни дайдиб келдинг? — онаси хиёл жилмайди.
— Дайдидим-да… — йигит эркаланиб қўл силтади. — Бўпти, мен опоқдадамга кўриниб қўяй. — У чеккадаги уй томон юрди.
Онаси кейинги ишларни режалаштиргандай, индамай ўйчан туриб қолди. Ўғли уй эшигига етай деганда бир нарса эсига тушиб, уни чақирди:
— Раҳматжон, менга қарагин.
Ўғли ортига қайрилиб, бир-икки қадам ташлади.
— Нима дейсиз?
— Бошингга дўппи кийвогин, болам. Ҳадемай даданг келади… — деди ялинчоқ оҳангда онаси. Раҳматжоннинг юзи тиришди.
— Яна ўша гапми, ая! Ахир мен дўппи киймайман, дедим-ку-эй! Нима, киймасам, бир бало бўладими?!
Она бир сўлиш олди.
— Яна дадангни жаҳли чиқади-да, болам. Кейин ўзинг ҳапа бўлиб юрасан.
— Эй-й, чиқса-чиқар-эй!.. — Раҳматжон бир қўл силтаб, уйга кириб кетди.
Деворга суяб қўйилган юмшоқ каравотда икки-уч қават кўрпага ястаниб, оппоқдадаси ёнбошлаб ётарди.
— Ассалому алайкум, оппоқдада! — У шошиб бориб чол билан кўришди. — Тузукмисиз?
Оппоқдадаси гавдасигга бир оз кўтариб, ярим ўтирди.
— Шукур. Биз энди тузук бўлиб қайга борардик-а, болам! — дея кулди оппоқ соқолини панжалари билан тараркан.
Раҳматжон тўшакка ўтирди, чолга эргашиб, юзига фотиҳа тортди.
— Аянг нима деяпти? — дея сўради бобоси унга синовчан тикиларкан. Йигит «эй-й» дея қўл силтади ва бу билан «қўяверинг уларни» демоқчи бўлди.
Чол жуда ёқимли жилмайиб, деди:
— Ростданам бошингга дўппи кийвосанг яхши-да, бо¬лам.
Раҳматжон бобосига сапчимади. Бир томондан у кишини жуда-жуда яхши кўрса, иккинчидан, уйдагиларнинг ҳаммаси бобосини эҳтиёт қилишарди. Чунки оқсоқолни кейинги пайтда ҳасталик анча енгиб қўйганди. Юракнинг иши қийин экан-да. Кампири ўлдию, тез чўкиб кетди. Кундан-кун… Ана, кўзларининг атрофидаги кўкимтир доғлар ҳам анча кенгайиб қопти.
Раҳматжон чолнинг олдидаги анча тоби кўтарилиб қолган чойдан қуйиб, унга узатди.
— Чой ичасизми?
Бобоси бош силкиди.
— Йўқ, ўзинг ич.
Йигит бир кўтаришда чойни сипқорди. Кейин ҳамон ўзига тикилиб турган бобосига кўзи тушиб, ҳалиги гапга жавоб бериши шартлигини тушунди.
— Ҳечам дўппи кийгим келмайди-да, оппоқдада. Шуни киймасам, нима бўлади ўзи?
Чол яна жилмайди.
— Тағин ўзинг биласану, болам, аммо йигит киши дўппи кийиши керак. Уни ота-бувамиз кийган. Қолаверса, дадангниям сал кўнглига қарагин-да.
Йигит бир хўрсиниб қўйиб, ерга қараганча индамай ўтираверди. У айни пайтда, энг аввало, оппоқдадасини ранжитаб қўйишдан кўрқарди. Бир кўнгли «хўп бўлади, оппоқдада», дея ҳозироқ дўппи кийиб олгиси ҳам келди, аммо бошида дўппи турганини кўз ўнгига келтирдию, шаштидан қайтди. Эсини танибдики шунақа — дўппи кийди дегунча ғаши келаверади. Шундай пайтда ойнага кўзи тушиб қолса борми, ўзини шунақаям бадбашара, ландовур ҳис қилиб, ойнадаги аксини ёмон кўра бошлайди. Ҳарбийдан қайтган куни ҳам ўшандай бўлди — унга бош-оёқ сарпо кийдираётган аяси охирида бошига янги дўппи ҳам қўндирди. Раҳматжоннинг кўзи ойнада¬ги ўз аксига тушдию, қўққисдан илон кўрган одамдай ранги ўзгарди. «Йўқ, дўппи киймайман», деди бошидан олиб, аясига бераркан. «Вой-вой, янги келган солдат дўппи кияди-да, болам», — деди аяси эркалаш оҳангида ва дўппини яна кийдириб қўймоқчи бўлди. Лекин Раҳматжон кўнмади, «қўйинг энди, ая», дея онасининг қўлини итариб ташлади. ҳўллас, тас
ҳқарига ялангбош чиқди. Тавба, ўзбек ҳар қанча янги кийим-бош кийса ҳам, бо¬шида дўппи бўлмаса, устидаги кийимлар барибир янгига ўхшамас экан. Буни кўрган дадаси ҳам, опоқдадаси ҳам унга бир-бир ғалати қараб қўйдилар, бироқ бу қарашларни Раҳматжон сезмади. Шу-шу бошига дўппи киймайди ва шунииг учун ҳам кунда-кун оша дадасидан дакки эшитади.
Унинг хаёлларини оппоқдадасининг овози бўлди,
— Отам раҳматли жуда-а савлатли одам эди-да. — Чол гапирардию, кўзлари рўпарадаги дераза оша ташқарига тикилганди. — Соқол-мўйловиям жа-а ўзига ярашарди. Бошига дўппи, эгнига оппоқ яктак кийиб, ағдарма этикда юрарди. Кўчадан ўтганда қарамаганам қарарди. — У бир пас жим қолди, гўё фикрини жамламоққа уринди. — Отамни ҳечам дўпписиз тасаввур қилолмайман. Агар дўпписи бўлмаса, худди бир нарсаси йўқ, чала туғилган одамга ўхшайди, ҳатто, кулгили кўринади… Мен бўлсам, отамга ўхшолмадим…
Раҳматжон негадир энди бобосининг гапини диққат билан эшита бошлаганди.
Чол бир оз жим тургач, бояги ёқимли нигоҳини яна неварасига қадади.
— Сенда катта бобонгни кепатаси бор, болам. Соқол-мўйлов қўйсанг, худди ўзи бўласан-қоласан. — У энди жилмайди. — Ё, даданг обқўйган дўппи ёқмадими, Раҳматилла?
— Йў-ўқ, гап ёққан-ёқмаганидамас, оппоқдада…
— Барибир тоза дўппимас-да. Менга қара, болам, эртадан кейин бозор, а? Агар тузук бўп турсам, шу бозор куни сенга ўзим энг қиммат дўппини обераман, бўптими? — чол бирдан жиддийлашди, юзи маъюсланиб, кўзлари ич-ичига ботиб кетди. — Мабодо бозорга боролмасам, анови даданг менга оберган дўппини сенга бераман, — деди у оқ дуррага ўралиб, тўридаги михга илиб қўйилган дўппига имо қилиб.
Раҳматжон бу дўппини кўрган — жуда қимматбаҳо дўппи.
— Унақа деманг, оппоқдада, дадам хафа бўлади.
— Нега хафа бўларкан? Буни сенга берсам, даданг менга яна янгисини обкеберади-да. — Оксоқолнинг юзига табассум ёйилди, кейин атайлаб гапни бошқа ёққа бурмоқчи бўлдими, —товоғингни обчиқиб қўйиб бер болам, шомгадавир бирпас эшитай, — деди.
Оппоқдадаси товоқ деб магнитофонни айтарди. Раҳмат¬жон ирғиб ўрнидан турди-да, эшикка йўналаркан сўради:
— Қанақа ашула қўйиб берай? — ҳалиги «Баҳор айёми» деб айтадиган бола бору…
— Шералиними?..
— Ҳа, баракалла, ўшани обчиқ, болам.
Раҳматжон магнитофонни оппоқдадасига паст овозда қўйиб бергач, қайтиб чиқиб, сўрида ағанаб ётарди. Ўчоқ бошида кечки овқатга уринаётган онаси унинг бу ётишини хушламадими ёки ҳадемай кириб келадиган эрининг жаҳли чиқишидан қўрқдими, ҳам ўғлининг дилини оғритиб қўйишдан-да чўчиб, ялинчоқ овозда деди:
— Анови ҳовлимиз этагидаги зовур бўйида росаям ўт ўсибди, овқат пишгунча ўриб келмайсанми, болам?
Ўғил қимир этмади, фақат ғўлдираган овози эшитилди, холос:
— Укаларим ўришар, ая, мен чарчадим.
— Ҳаҳ чарчамай қол. Одам ўйнабам чарчаркан-а. Сен айтмасангам, укаларинг ўтга кетган.
Онасининг гапи тугар-тугамай, ҳовли тарафда еттинчи синфда ўқийдиган укасию, тўққизинчида ўқийдиган синглисининг шарпаси кўринди. Улар бир тугундаи ўт кўтариб олишганди. Укалари ўтларини тўкиб, уй олдига ўтгунларича дарвозадан дадаси ҳам кириб келди. Раҳматжон ирғиб ўрнидан туриб, салом берди. Уни кўрдию, дадасининг қовоғи осилди, билинар-билинмас бош қимирлатиб, саломига алик олди, сўнг қайрилиб, ўчоқ бошига қаради.
— Яхши келдингизми, дадаси? — сўради хотини юзига табассум югуртириб.
— Ҳм-м… Дадам тузукми? — саволига тасдиқ жавобини олгач, кийимларини алмаштиргани уйга кириб кетди.
Дадасининг муомаласидан Раҳматжон мулзам бўлиб қолди. Сўри четида оёқларини осилтириб ўтираркан, ўзини ўзи ёмон кўриб кетди: ҳамма ўзига лойиқ иш билан банд, бир мен бекорчи, холос. Ўшанчун ҳам дадам ёмон кўради-да!.. Ишга кирмасам бўлмайди, шекилли, сандирақлайверишам жонга тегди.
Бобоси шомни ўқиб чиққандан сўнг косаларга овқат қуйилди. Ҳалитдан бери Раҳматжонга хўмрайиб ўтирган дадаси қўлига қошиқ тегар-тегмай, унга зардасини сочди:
— Бошингга биннаса кийсангчи, ҳўв, бола! Уруғимизда ялангбош юрадиган одам йўғийди, сен қайдан бинога кела қолдинг, билмадим?
Раҳматжон индамай овқатини кавларди. Онаси ота-болага ҳавотирли мўлтирайди. Чол жим. Укалари бош кўтаргани ҳайиқишади.
Дадаси баттар жазавага тушди:
— Агар дўппи киймасанг, кўзимга кўринмагин дегандиму!.. Ҳе, ўша!.. Бўлмаса шапка кийвол!..
— Бўлди, сўкаверма, — чолнинг ўктам овози унинг гапини бўлди. — Раҳматжон дўппи кияди. Худо хоҳласа, бозор куни зўр дўппи оладиган бўлдик.
Гапга оппоқдадаси қўшилгач, дадаси жим бўлиб қолди. Шундагина ҳамма енгил нафас олди, овқат томоқлардан осонроқ ўта бошлади.
Эртасига Раҳматжон кечки овқатга чиқмади. Дада¬си ҳали ишдан қайтмасидан олдин: «Мени кўчадан келмади, деб қўя қолинг», дея онасига тайинлаб, бобосининг ҳужрасига кириб, ётиб олди. У бир нарсага ҳеч тушунмасди — булар нега энди дўппига бунчалар ёпишиб олишган? Бу уйда бобосидан бошқа ҳеч ким намоз ўқимайди, яъни жуда унақа диндор оила ҳам эмаслар. Лекин ҳаммалари дўппи кийишади — бобоси, дадаси, янги ҳовлига кўчиб чиқиб кетган акаси, тоғалари, амакилари, ҳатто, еттинчида ўқийдиган укаси ҳам бошидан дўппини қўймайди. Раҳматжон мана шу сирга ўхшаш нарсани англолмай доғда. Дадаси, айниқса, дастурхон устида ялангбош ўтирган одамни ёмон кўради, ҳатто, бегона киши бўлса ҳам, бир игнасини санчиб олмаса, кўнгли жойиға тушмайди.
Эрталаб Раҳматжон кечроқ уйғонди. Юз-қўлини ювиш учун ташқарига чиқканда, сўрида укалари чой ичишар, бобоси эса болишга ёнбошлаган қўйи ўтирарди. Раҳматжон ювиниб келиб, бобоси билан кўришди, сўрининг четига ўтириб, укаси узатган чойни хўплади.
— Бозорга боролмаймиз шекилли, Раҳматилла, — деди бобоси бир оз хириллаган овозда. — Қувватим етмайди, болам.
Раҳматжон бобосига тикилди. Унинг ранги анча синиққан, кўз ости ва юзидаги кўкимтир доғлар яна-да кенгайгандек кўринди. Нафас олиши ҳам тезлашгандай эди. Йигитнинг юраги эзилди, аммо ичидагини билинтирмай, чолга тасалли берди:
— Майли, оппоқдада, янаги бозорга борамиз бўлмаса.
Чол жилмайишга уринди.
— Худо хоҳласа, борамиз, болам!.. Орага жимлик чўкди.
Раҳматжон оғзидаги нонни ҳафсаласиз чайнайди, ҳар замонда хўриллатиб чой хўплайди.
— Раҳматилла, — деди бир пайт чол ўрнидан кўзғалиб, сўри суянчиғига суяниб ўтираркан. — Маҳалламиздаги кўп хонадонларга киргансан-а?
Йигит ҳайрон бўлиб, бобосига қараркан, «ҳа» деди секингина:
— Унда, айт-чи, ҳамма уйларнинг айвони, унинг олдида сўртаги, унда узуми борми?
— Бор, оппоқдада, — йигит баттар ҳайрон бўлди.
— Бир томонда ўчоғу тандириям борми?
— Ҳа.
— Ариқчасидан ичса бўловрадиган тоза сув оқадими?
— Оқади. Нима гап ўзи, опоқдада?
— Шуларнинг борлигини аниқ биласан-а?
— Ҳа, биламан.
Чол ёқимли жилмайди.
— Бу нарсалар, ҳа-ҳа, айнан шу нарсалар фақат ўзбекнинг уйида бўлади, болам. Шу гапларимни унутма.
Раҳматжон бобосининг «топишмоғидан» завқланиб кулди.
— Гапларингизни тушунмадим, оппоқдада.
— Майли, болам, қачон тушунганингда, мента айтарсан, бўптими? Оммалекин унутмагин. Энди мени ҳужрамга кириб, янги дўппимни обчиқ.
Раҳматжон итоаткорона ўрнидан туриб, уйга кириб кетди ва бир оздан сўнг дуррага ўроғлиқ дўппини олиб чиқиб, бобосига тутди. Чол дўппини қўлига олди, дуррани очмади, ўшандайича неварасига узатди.
— Бу энди сенга, болам.
— Йўғ-э, оппоқдада, ўзингиз кияверинг. Уйда дўппим бор-ку.
— Менга манависиям етади. — Бобоси бошидаги хиёл уринган дўппига ишора қилди. — Ол!
— Хўп, оппоқдада, сизики таварик, майли, — Раҳматжон дўппини олиб, ўз хонаси томон йўналди.
— Кийиб кўрмайсанми, болам? — деди ортидан бобоси.
У мужмал жавоб қилди:
— Бошқа куни киярман, уйимга қўйиб чиқай.
— Ҳа, майли, эртага киярсан, — деган бобоси бирдан хомуш тортиб қолди.
Лекин Раҳматжон буни сезмади, дўппини хонасига қўйиб чиққач, ўз ташвишлари билан овора бўлиб кетди.
Уни саҳарда онаси уйғотди. Онасининг кўзлари ёшли эди. Бунақа эрта туриб ўрганмаган йигит уйқунинг зўридан онасининг кўз ёшларига ҳам эътибор қилмади. Фақатгина:
— Тинчликми, ая? — дея олди, холос.
— Тур, тезроқ бет-қўлингни юв, — деди онаси устидаги кўрпани қайириб.
— Нимага-эй?!.. — инжиқланди ўғил.
— Оппоқдадангдан айрилиб қолдик, — энди онаси ошкора йиғлаб юборди.
Раҳматжон ҳиссиз бир ҳолатда серрайиб қолди. Бўғзига на йиғи, на хўрсиниқ келди. Ташқарига чиққанда, ҳовлида бир-икки қўни-қўшнилар билан дадаси уймалашиб юришарди. У ариқчадаги муздек сувда юз-қўлини ювди. Йўл-йўлакай юзу қўлини кўйлагига артиб қўя қолди. Шундай пайтди сочиқ излайдими.
— Бошинга дўппи-мўппи кийвол, — деди онаси унга.
У хонасига қайтиб кирди. Стол устидаги дўпписига қўл узатаркан, бобоси берган дўппини эслади. Ахир уни кеча шифонерга солиб қўйганди. Аста шифонерни очди, дуррага ўроғлик дўппини қўлига олди. Дурранинг икки учини қайирди. Гуллари оппоқ чиройли дўппига кўзи тушдию, бўғзига нимадир тиқилди. Кўзларидан майда-майда учқунлар сачраётгандек туюлди. Гўё гулларини санамоқчидек дўппини кўзига яқинроқ олиб келди. Бир четига аста лабини босди, сўнг икки қўллаб бошига кийди. Ойнага қаради. Мусаффо тонгнинг, ҳали ювингани ариқчадаги муздек сувнинг тароватидан нурли товлангап юзи, бошидаги гулдастадек дўппи берган файздан яна-да очилиб, чиройли кўринди. Ана ўшанда у бўғзидаги нарсани тутиб қололмади, «оппоқдадажон!» дедию, ҳўнграб йиғлаб юборди. Шу пайт дадасининг «Раҳматжон», дея чақирган мулойим овози эшитилди. У шошиб кўзларини артиб, ташқарига юрди. Айвон остонасида дадаси турарди. У бобосининг санъаткорона тикилган дўпписини кийиб олган ўғлининг нур тарала
ётгандек кўринган юзига кўзи тушдию, бирпас тўхтаб қолди. Айвон чироғининг нурида кўзидаги томчилар йилтираб кетди.
—Ўғлим, — деди жудаям мулойим, ўксик овозда, — аммаларингни, тоғаларингни айтиб келгин. Олдин акангга хабар бериб қўй, — шундай дея дадаси айвондан тушди.
Раҳматжон «хўп, дада» деди-да, дарвоза томонга бурилди. Дарвозахонага етай деганда яна дадасининг овозини эшитиб, тўхтади.
— Раҳматжон! — Дадаси унга томон юрди. У ҳам бир-икки қадам ташлади. Дадаси етиб келиб, унинг икки чаккасидан тутиб, кўзларига тикилди. Иккаласининг ҳам кўзлари жиққа ёш эди. Шунда дадаси бўғиқ овозда деди:
— Баракалла, ўғлим! Илоҳи, бошинг тошдан бўлсин!
Шу сўзларни айтиб, пешанасидан ўпди-да, кескин ортига қайрилди.
Раҳматжон дарвозадан чиқиб борарқан, беихтиёр шу фикр миясига урилиб ўтди: «Бошқа миллатлардаям дарвозахона бўлармикин?!.»
1998 йил