Чанг униқиб қолган, бузоқларники каби узун-узун, киприкларини пирпиратиб симёғоч устидаги лайлак уяга термилаётган болакай бир маромда куртиллатиб ўтлаётган эшаги устига чалқанча ётиб олган, дунё билан иши йўқ. Ҳатто киприк қоқмайди, яқинда тухумдан чиққан лайлак болалари чуғур-чуғурига қулоқ тутади. Туроб қоровул дунё бехабар болага қитмирлик қилгиси келди.
Кутилмаганда биқинига қаттиқ ботган халачўпнинг оғриғидан чўчиб кетган боланинг йиқилиб тушишига бир баҳя қолди.
— Ҳа, боласи тушмагур, пайкалга кирганинг қачониди? Бу ерда нима қилиб ўтирибсан? Поччанг сени кутавериб хуноби ошаётгандир.
Шоша-пиша эшагига ўнғай ўтириб олган бола, босиб-босиб хала босди. Яғрини оғриган жонивор йўртиб кетди.
— Тез қайт, шу ерда кутиб тураман сени.
— Хў-ўп…
Азамат олислаб кетгунича ортидан тикилиб турган чол бошини кўтариб бетон симёғоч тепасидаги лайлак уясига қаради. Симларини ким, қачон узиб кетганини биров билмайдиган симёғоч бийдай яйдоқ чўл ўртасидаги кўз илғайдиган ягона белги. У худди карвонидан ажралган туядек сўппайиб қолган. Чол белбоғини тақир ерга тўшаб ўтирди ва Азаматнинг қайтишини кута бошлади.
* * *
Лайлаклар ҳар йили симёғоч устига ин қуриб, бола очишади. Полапонларини учирма қилгач, қишга яқин бутун оила қаёққадир учиб кетади. Уларнинг қаерга кетиши мумкинлигига Азаматнинг ҳеч ақли етмайди. Туроб қоровулнинг айтишича, иссиқ ўлкаларга учиб кетармиш-да, қиш ўтгандан сўнг яна уяларига қайтармиш. «Нима, қиш ҳамма жойга бирдай келмайдими?» — деб ўйлаб қолади баъзида у. Йўқ, эси кирди-чиқди бўлиб қолган бобо адашаётган бўлса керак. Холаси шундай деганди: «Туроб чўпон билан кўпам ош-қатиқ бўлаверма. У қариб, мияси суйилиб қолган. Бўлмаса ёз-ку ёз, изиллаган қаҳратондаям далада изғирмиди? Унга дала боласиданам азиз».
Аммо нима бўлгандаям боланинг қушларга ҳаваси келади. Чунки ота-оналари полопонларини ташлаб кетишмайди. Эрта баҳордан то совуқ тушгунича боқиб катта қилишади. Холасининг айтишича, шу зиғирдай ақли йўқ қушлар ҳам Азаматнинг ота-онасидан яхшироқ эмиш. Иссиқ ўлкаларга учиб кетишдан аввал болаларини улғайтириб, сўнгра ўзлари билан олиб кетармиш. Азамат холасидан нимага бундай деётганини ҳеч сўрамайди. Сабаби ҳар икки гапининг бирида укаси ва келини шаҳарга кетаётиб, опасини йўқлаб ўтмоқчи бўлганини ва оми хотинни алдаб чақалоғига бирпасга қараб туришларини сўраб шу бўйи қорасини кўрсатмаганларини эслатиб туради. «Мен аҳмоққина ўлай, — дейди пешонасига шаппатлаб. — Бирров қараб туринг деса, чақалоқни бағримга босаётганимдан севиниб кетибман, нимага бундай дейишаётганини сўрамабман ҳам. Аёл бўлиб яралиб, фарзанд туғиб тарбияламаганингдан, она бўлиб бешик тебратиб алла айтмаганингдан кейин гўр бўлармиди? Чақалоққа суқланиб оналик меҳринг жўшиб кетаверади-да. Ҳатто, ўшанда кўкракларимга сут келгандай бўлувди. Шундан бери сен касофатга она бўлиб келяпман. Жондай укамнинг боласисан, жигаримсан. Сенга ҳар қараганимда раҳматли отам келади кўз ўнгимга. Отамнинг кўзларини, бурунларини кўраман сенда. Майли дедим, чидадим. Худо инсоф берганида олиб кетишар. — Холасининг хокисор қиёфаси ҳам, сўз оҳанги ҳам ўзгаради. — Ҳо, олиб кетишармиш. Нимага олиб кетишаркан? Зиғирдайлигидан боқиб катта қилиб, қўлидан иш келадиган бўлганида улар эга чиқишадими? Ҳеч-да. Сени улардан тортиб олибманми? Агар олдимга бола деб келишсин, оёғини уриб синдираман. Укам деб, келиним деб аяб ўтирмайман. Бола керак бўлса, бошқа туғиб ол, дейман. Оналик қилиш учун фақат туғиш амалми?»
Ўзига-ўзи жаврай бошлаган аёлга бола эътибор ҳам бермайди. Оловдай ловиллаб, кейин босилишини билади. Аслида Санам опа Азаматга амма бўлади, лекин негадир «хола» дейишга ўрганиб қолган. Холаси доим қарғайдиган ота-онасини асло эслолмайди. Эсини таниганидан бери холаси ва поччаси билан бирга. На хотини, на рўзғори қизиқтирадиган поччаси Азаматга ҳеч эътибор бермаган. «Асқад алкаш фақат ароқ тўла шиша билан дўст. Эрталабдан кечгача ўшанисини қучоқлаб ётади. Болаям, хотинам шиша унга. Бир куни думалаб ўлиб қолганидаям шу шишаси кўмсин», — дея холаси доим жаврагани-жавраган.
Азамат поччасига овқат олиб бориш учун қанча эрта йўлга чиққани билан барибир кечикиб боради. Сабаби симёғоч олдида тўхтаб соатлаб лайлакларга маҳлиё бўлади. Гоҳ туриб қарайди, гоҳ ўтириб, гоҳида эшаги устида ёнбошлаб. Қайси томондан қарамасин ҳар гал бу қушлар худди бир мўъжизадай шуурини тўлқинлантираверади. Ҳайрати ошади. Холаси, поччаси, ўзи ҳеч қачон кўрмаган ота-онаси ҳақидаги хаёлларини бир муддат унутади.
Қамиш чайла ёнига еткач, эшакни нарироқда қолдирди-да, хуржундан холаси берган тугунни олиб ичкарига кирди. Санам опа шу тугунни бергунча ҳам роса хархаша қилганди. Олдинига ароқхўр эридан нолиб унинг бари қариндош-уруғини гўрдан олиб, гўрга солди. Бундай эрнинг боридан йўғи яхши, деб бошқа овқат жўнатмасликка қарор қилди. Чайласида ароғи билан сасиб ётаверсин, деди. Азаматни ёнига чақириб наридан-бери дастурхон тузаган бўлди-да, бироқ овқатнинг бир луқмаси ҳам томоғидан ўтмай йиғлаб юборди. «Минг ёмон бўлсаям эрим, кўз очиб кўрганим. Бийдай даштда бир ўзини қандай оч-наҳор қўяман? Уям нима қилсин, эплаб битта бола туғиб беролмаганимдан кейин ичади-да. Дардини кимга айтсин, аламини ароқдан олади. Менга ёрилай деса, ўзим тўкилиб ётибман», дейди хўрсиниб. Сўнгра қайтса, бирга овқатланишларини айтиб, болакайни далага жўнашга ундайди. Овқатни тезроқ элтишини тайинлайди.
Азамат чайлага бош суқиши билан бўсағада юмалаб ётган шишаларнинг бирига тўқишиб кетди. Поччаси қамиш чайланинг ола-чалпак соясида ёнбошлаб ўтирган экан. Боланинг димоғига гуп этиб ароқ ҳиди урилди. Поччасининг сочлари ювиб таралмаган, кўйлагининг бирорта тугмаси йўқ. Юнг босган кўксини чангаллаб ётарди.
— Бунча қопкетдинг, ҳаромзода? — деди у болани кўриши билан.
Азамат индамай, шишаларни тутқазди.
— Мейли раис айтди, бу уч кунлик ҳақингиз экан. Бирдан ичиб қўймай, кейин бергунича етказаркансиз.
Бола худди олиб кетиб қоладигандай Асқад алкаш шишаларни юлқиб олди.
— Менга нима қилишни ўргатма, тирранча. Ўзим биламан. Раис бошқа ҳеч нарса бермадими?
— Манавини айтяпсизми?
У чўнтагидан қутиси ғижимланган сегарет чиқарди.
— Шуни айтяпман, шуни. Холанг кўрмадими?
— Йўқ, раис уйдан чиққанимдан кейин берди.
— Бўпти, овқатингни анави ерга қўй-да, ўзинг кетавер, — деди поччаси ароқни гўё сув ичгандай симира бошларкан.
У доим шундай қилади. Жияни опкелган овқатга қайрилиб қарамайди. Овқат ўрнига ҳам ароқни кўтаради. Азамат кўпинча бир-икки марта қўл урилиб, айниган овқат қолдиқларини тозалаб идишларини олиб қайтади.
Поччасининг тезда жавоб бергани яхши бўлди. У энди бемалол оқбош ғарами соясида ёнбошлаб, лайлак уясини томоша қилиши мумкин. Холаси нега кечикканини сўраса, поччаси билан бирга ¬овқатланганини баҳона қилади. Шунда индамайди. Туроб қоровул ҳалиям кутиб турганини симёғочга яқинлашиб қолганида кўрди. Шу эзма чолнинг эски гапларини яна эшитишини ўйлаб, сепкил босган бурнини жийирди, аммо лайлаклардан кўнгил узиб кетолмади.
— Ҳа, келдингми, поччангни кўрдингми?
— Кўрдим.
— Яна мастмикан?
Ёнида биров бўлмаса ҳам ўз-ўзига гапираверадиган чол гапида давом этди:
— Маст бўлмай нимаям қиларди, жувонмарг. Агар билсанг, ерларимиз шўрлаб кетишига мана шулар сабабчи. Уларнинг касри уряпти. Нас босган жойда худо ризқ ундирарканми? Эҳ-ҳе энди кўчиб келган пайтларимизда эгам назар солган ерлар эди. Ўзлаштиргунимизча энамизни кўрганмиз. Ёшлигимиз, билакдаги кучимиз мана шу тупроқ учун соп бўлди. Лекин шундаям нолиганимиз йўқ. Тоғ-тоғ буғдой хирмонини, оппоқ пахталарни кўрганимда ҳамма чарчоқларимиз чиқиб кетарди.
Бобо яна жим бўлди. Симёғочга қаради. Бу пайтда она лайлак болаларини овқатлантириш учун уяга қайтганди. Чол унинг ҳаракатини кузатиб тураркан, азбаройи ҳавас қилганидан соқолини тутамлаб силаб қўйди.
— Нимага шулар одам бўлиб яралмаган экан-а, Азаматжон? — деди тўсатдан.
Азамат бўлса худди жавоб бериши шартдай қошларини чимириб ўйга чўмди.
Ундан бирор тайинли гап чиқмаслигини билган чол эса яна ўзича жавради.
— Ватан қаерда эканини, қушмиялари билан ҳатто шулар ҳам англашади. Бизнинг болалар-чи? Э-е-е… — Чол ҳафсаласиз қўл силкиди.
Орага сукунат чўкди. Азамат сездирмайгина қоровул томонга қараб, унинг мулгий бошлаганини кўрди.
— Бобо, — деди сўнгра чолни уйғотишга уриниб. — Симёғочдаги уяга доим шу лайлакларнинг ўзи қайтадими?
— А, нима?
— Ҳар доим шу лайлакларнинг ўзи қайтадими, деяпман?
— Балки ўзидир, балки болалари қайтишар. Ким билади дейсан? Лекин барибир шу жойни топиб келишади. Қишда бузилиб кетган уяни баҳорда қайта тиклашади. Ватанини ўзгартирмайди, жониворлар. Қоровулнинг суҳбатига қизиқа бошлаган бола эса унга яқинроқ сурилди.
— Азаматжон, — деди чол оғир хўрсиниб. — Мен ўлганимда сен катта йигит бўлиб қоласан. Айтадиган гапларимни ҳозир тушунмасанг ҳам, вақти келганида англайсан. Агар ўлсам, мени қишлоғимиздаги қабристонга эмас, мана шу даштга қўйишса дейман. Ўзим гуллатиб-яшнатиб, қандай хароб бўлаётганиниям юрагим эзилиб кузатаётган далаларимга кўзқулоқ бўлиб ётсам, дейман. Еримизнинг бағри кенг. У одамзод каби кек сақламайди. Яхшига ҳам, ёмонга ҳам паноҳ бўлаверади. Қачондир поччангга ўхшаганлар билан бир тупроқда ётишни ўйласам, ернинг кенгфеъллигидан ранжийман. Ишқилиб, уни қишлоқдаги қабристонга олиб кетинглар-да.
Чолнинг эзма гапларидан зериккан болакай чалқанча ётиб олган, кунга кўзини қисиб қарайверганидан уйқу элита бошлаганди. Чол ўзича ¬жилмайиб қўйди-да, боланинг ёнига чўзилди. Бир пасда хуррак ота бошлади.
Аммо қуш уйқусида ҳам туш кўрди. Ям-яшил дала, ўсиқ ва бўлиқ ғалла бошоқлари бир зайил чайқалиб турибди. Атрофда сурув-сурув қўй-қўзилар ўтлаб юрганмиш. Туроб қоровул жаннатмисол даласига энтикиб, мамнун боқади. Чол худди бари ўнгида бўлаётгандай тамшаниб жилмайди. У ҳозир шу жаннатда бир умр қолишга, қайтиб уйғонмасликка рози эди. Бироқ нақ қулоқларининг остида бутун ерни ларзага келтириб кимдир чинқирди. Қўрқиб кетган қоровул кўзларини илкис очгач, тепасида айланаётган қоп-қора тутунни кўрди. У буралиб-буралиб осмонга ўрларди. Ҳеч нарсага тушунмай довдираб қолган бобо ён-верига аланглади. Не кўз билан кўрсинки, оламга ўт кетибди. Ваҳимали бақирган овоз Азаматники экан. У қўрқиб кетганидан чолнинг пинжига маҳкам ёпишиб олган, дағ-дағ титрарди. Бу воқеаларнинг ҳаммаси шунчалик тез содир бўлаётганидан иккиси ҳам нима қилишни билмасди.
Кун тобида қуруқшаб, биттагина учқуннинг сачрашини кутиб ётгандай ғалла ҳам, оқбош ғарами ҳам худди жўрттага қилгандай гуриллаб ёнади. Дунёда хас-хашакдай тез ёнадиган нарса бўлмас экан. ¬Атрофдаги кенг майдон қорайиб, тутаб кетган. Яхшиямки, чол билан бола нам ажриқ устига чўзилишган экан.
— Тур, болам, — деди чол вазиятни идрок қилгач, ўзига келиб, — ўтдан ҳолироқ жойга ўтишимиз керак.
У Азаматнинг қўлларини маҳкам ушлаб торта бошлади. Аччиқ тутундан кўзлари ёшланиб, йўл топишга қийналарди. Лекин тирик қолиш учун курашиш керак. Чолга жимгина итоат қилиб келаётган болакай бир пайт юришдан тўхтади. Қандайдир куч уни ортга қайтишга мажбурлаб қўлларини чолнинг кафтлари орасидан тортиб олишга уринди.
— Нима бўлди? — дея чол бўғриқиб бақирди.
— Лайлаклар, уларнинг уяси ёняпти.
— Қўй уларни, ўз жонингни ўйласанг-чи!
Бола орқага тисланаверди, чол эса олдинга тортаверди. Бу курашда барибир қоровулнинг қўли баланд келди. Улар шу югуришда тақир ерга етгандагина тўхташди. Иккиси ҳам ҳансираб қолди. Иккиси ҳам йиғларди: бири оқбош ғарамига қўшилиб ёниб кетган лайлак уяси ва полапонларга ачиниб, бошқаси эса юрак қўрини бериб қилган меҳнати бир лаҳзада кунпаякун бўлганидан куйиниб.
Орадан кўп ўтмай қишлоқдагилар етиб келишди. Шундагина Асқад алкашнинг қамиш чайласи ҳам ёниб кетганини билишди. Ўтнинг қандай ва қаердан чиққанини бола энди тушунди, бироқ ҳеч кимга ҳеч нарса деёлмади.
Эртаси куни поччасини шу жойнинг ўзида дафн этишди. Холаси дунёни бошига кўтариб, ёқа йиртиб йиғлади. Маъракада бир томчи ҳам ёш тўкмасдан миқ этмай турган қоровул ҳамма тарқалгач ерга тиззалаб ўтирганча ҳўнграб юборди. Тупроқни кафтларида маҳкам чангаллаб йиғлади.
— Эй пешона терим томган дала, — деди оппоқ соқолига томган ёшларини сидириб, — мен қолиб бағрингга кимларнинг хокини олдинг? Ахир мен сенга бир умр содиқ яшагандим-ку.
Ўтган-қайтганлар ажабланиб қарашди, аммо ҳеч ким уни юпатишга уринмади.
Орадан қанча сувлар оқиб кетди. Холаси “Поччангнинг руҳи шод бўлади, бир бориб кел” деб қистайвергач, ноилож ўтган йили кўкламда Азамат эски қишлоғига бориб келганди. Ҳозир у ерларда ҳеч ким қолмаган, ҳатто қачонлардир биров яшаганига ҳам ишонмайсан киши. Азамат боришга борди-ю, лекин инсон эканидан, кўксида юрак уриб турганидан уялиб, мулзам бўлиб қайтди. Чунки бийдай даштликда, ҳамон ўша симёғоч қаққайиб турар, унинг тепасидаги лайлак уяда эса полапонлар чуғурларди.