Ер қаттиқ силкинмади. Бир муддатгина тоғ-тошлар гумбурлади, холос. Аммо шу шовқинда ҳам уюрдаги отлар довдираб, ўзларини қаёққа уришни билмай қолишди. Айғир уларни тинчлантиришга ҳарчанд уринмасин, ожиз биялар кишнаб, турли томонга тирқиради. Оналарининг бу ажабтовур ҳаракатига тушунмаган қулунлар атрофга ҳайрон олайишарди. Кўз очиб юмгунча бўлиб ўтган зилзила борлиққа шунча саросима солишга улгурди. Отларнинг оёқлари маҳкам турган ер қимирлашдан тўхтаган, бироқ негадир шовқин тинчимаганди. Оёқлари узун, бақувват, хипча бели метиндай мустаҳкам уюрбоши айғир қандайдир хавфни сезиб, бурун тешикларини катта-катта кериб, безовта кишнаб кўл томондаги тепаликка қараб югурди. Бу тепалик яқин атрофдаги энг баланд жой. Унинг устидан ҳаммаёқ кафтдай кўринади. Адашмабди, пастдаги водийдан чанг-тўзон кўтарганча бир-неча отлиқ елиб келарди. Айғир қадамидан ўт чақнаб, худди қуюндай пастлади. Олд оёқларини баланд кўтариб, уюрга шимол томон қочишни буюриб кишнади. Йўл бошлашга бошладию, ўзи олдинга интилмай, йилқиларни айланиб югурди. Уларни тезроқ ҳаракат қилишга ундаб ер тепинди.
Кўл томондаги тепаликдан ўтилса, торгина водий. Ундан сўнг пастқам тоғликлар бошланади. У ердан тезроқ ўтиб олинса, бирор пана жой топиб, кўздан йўқолиш осон. Бутун уюр айғирнинг мақсади нима эканини тушунди. Барчани кўздан кечириб, бир шиддат билан уюр олдига ўтиб олди. У энг олдинда йилқиларга намуна бўлиш учун тезроқ, чаққонроқ югуради. Югурганида кўмирдек қора ёллари селкиллаб, парвозга шайланаётган қушни эслатади. Аммо илкис-илкис тўхтаб, чанг-тўзон ичида элас-элас кўзга ташланаётган оқ бияга қарайди. Бошқа пайтларда ўша бия айғир билан олдинма-кетин югурар эди. Ҳозир эса бунинг иложи йўқ. У қулунлаши керак. Тинчгина кўзи ёриши учун уюрни шу адирликка олиб келганди. Бехавотир деб ўйлаганди бу ерни. Бироқ шу ердаям одамлар тинч қўйишмади уларни. Оқ бия аввалига бир текис югурди, аммо бора-бора ҳаммадан ортда қола бошлади. Нафаси бўғзига тиқилиб ҳансирар, қорнида қандайдир кучли оғриқ турганди. Уюр мўлжал олинган йўлдан жонҳолатда чопиб борарди. Айғир эса оқ биянинг бошқа югурмай, юмалаб қолганини кўргач, ортга қайтди. Бу орада йилқилар анча узоқлашиб кетди. Айғир бияни ўрнидан туришга ундаб атрофида гижинглаб айланди. Аммо оқ отнинг ортиқ югуришга мадори йўқ. Аввалига уни туришга ундаган от энди пишқириб буйруқ беришга ўтди. Бироқ фойдасиз. Бияни дард тута бошлаганди. Боягина зилзиладан қўрқиб кетган отга, кейинги зарба оғирлик қилди. У кишнашдан тўхтаб, бошини ерга ташлади. Энди бефойда, югуриш у ёқда турсин, ўрнидан ҳам туролмайди. Жуфти атрофида гоҳ амирона, гоҳ ялиниб кишнар, тумшуғига бурнини теккизиб ундан ниманидир ўтинарди. Икки ўт орасида қолган уюрбоши бир суюкли биясига, бир шовқин солиб тобора узоқлаб бораётган уюрга қарайди. У йилқиларни асраши керак, бироқ оқ отни ҳам шу аҳволида ташлаб кетолмайди. Унинг иккиланишига ортидан қувиб келаётганларнинг қораси кўриниши нуқта қўйди. Айғир осмонга сапчиб, ваҳимали, жуда аянчли кишнади.
* * *
Тўйчи чавандоз уюрнинг изини йўқотган бўлса-да, овдан қуруқ қайтмади. Олдинги оёқлари тушовланиб, итоаткорона йўрғалаётган оқ бия ва унинг тойчоғини, бу кенгликлардаги жамики ёввойи отлар сардори, афсонавий айғирнинг зурриёдини олиб қайтди. Қулуннинг юнглари худди отасиникидек тим қора, ялтироқ, кўзлари эса онасиники каби жигарранг. Оёқлари ҳали ориқ, нимжон бўлса ҳам, вақти келиб кенгликларга сиғмайдиган куч йиғилиши муқаррар.
— Насли тоза-да жониворнинг, ялтиллашини қара, — севинчини ичига сиғдира олмаган чавандоз атрофидагиларга қараб кулиб қўяди. — Айғирни тутолмаган бўлсак ҳам қулуни бизда. Бу тойчоқнинг, — дея атрофидагиларнинг ким эканини англамай қулоқларини диккайтираётган қулуннинг бошини силайди, — уюрбошидан афзаллиги кўп. Чунки уни тутганимиз билан ёввойи барибир ёввойилигини қилади. Қулай пайт бўлди дегунча қочишга уринади. Асовни жиловлаш қийин. Қулунча эса энди ўзимизники. Агар отасидай ўктам от бўлса, бу орада олдимизга тушадиган чавандоз топилмайди.
Оқ бия одамлар қулунини эркалаган, юнгларини силаган сайин баттарроқ тихирлик қилаётганди. Бир иложини топсаю боласини олиб ортига қарамай қочса. Аммо бари ҳаракатлари бефойда эканини жониворнинг ўзи ҳам билиб турар, шундай эса-да тақдирнинг бу ғирром ҳукми билан келишишни сира истамаётганди.
Ўша куни чавандозга қишлоқнинг ёшу қариси ҳавас қилди. Ҳозир ҳар ким унинг ўрнида бўлиб қолишни хоҳларди. Чунки донғи бутун водийга ёйилган қора айғирнинг зурриёди Тўйчи чавандознинг қўлида.
* * *
Оқ биянинг кишнаши, тонгда, қуёш тоғлар бошини сийпаб мўралай бошлаганида, айниқса, авжига чиқарди. Чунки бу вақтда оқ бошли чўққилар доимгидан ҳам виқорли, улуғвор ва жуда-жуда яқинда, худди оёқ узатса етадигандай кўринар, қорли яйловда югураётган, озодликда шамолдай учаётган уюрнинг дупурлари эшитилади. У малла, доим ёшовраб турадиган кўзларини ўша томонга қадайди. Агар бир ҳаракат қилса, одамлар ўзича бақувват деб қурган ёғоч оғилни бемалол бузиб ташлаб, узоқ-узоқларга қочиб кета олади. Бироқ бунга унинг ҳаққи йўқ. Чунки ортида яқинда туғилган қулуни бор. От кишнай-кишнай тинчийди ва бостирма тагида безовта онасига ҳайрон тикилиб турган қулуни ёнига қайтади. У ҳали заиф, хонаки отларнинг болаларидан фарқ қилмайди. Лекин бия қўрадаги бошқа қулунларни унинг ёнига йўлатмайди. Чунки ҳар тикилганида унда юксак тоғларга, кенг дараларга сиғмаган озодликни кўради, жажжи юрагининг уришида югурганида тошлардан учқун сачратган отлар дупурини, жуфтининг ҳали ҳам онда-сонда қулоқларига чалиниб қоладиган ўктам кишнашини эшитади. Қишнинг узундан-узоқ қировли тунларида ҳам оғилнинг усти очиқ қанотида қулоқларини диккайтириб, бурун тешикларидан ҳовур чиқариб тураверади.
Тонг отгач, қулунчасини ялаётган отни кузатаркан, Зиёд ота чуқур уф-ф тортди. Илҳом ҳали ёш, бобосининг кетидан қолмайдиган бола. Унинг гўдакларча мижғов саволлари ҳам кулгили, ҳам жавоб беришга одамни шошириб қўяди.
— Нимага уфлаяпсиз, бобо?
— Оқбошнинг аҳволини кўриб уфламай нима қилай?
(Улар отга шундай деб ном қўйиб олишганди)
— Отимизга нима бўлган?
— Уйини соғиняпти, бечора.
— Қайси уйини, уйи шу ерда-ку.
— Эй-й боласи тушмагур, эзиб юбординг, — Зиёд отанинг сабри тугаб, набирасини уришган бўлади.
Илҳом бошқа гапирмайди. Совуқда қизарган бурнини тортиб жим тураверади. Ҳамма нарсани тез унутиб қўядиган чол яна отга чалғийди.
— Насли тоза-да жониворнинг.
— Насли тоза дегани нима?
— Бу, — дея тушунтириш беради чол набирасига, — бу дегани ҳақиқий от дегани. Асл отлар худди Оқбошга ўхшайди. Қадамидан ўт чақнайди уларнинг.
— Ўт чақнайди дегани нима?
— Ўт чақнайди дегани жуда тез югуради. Қувганинг билан барибир етолмайсан дегани.
— Лекин сиз отни қувганингизда етгансиз-ку, у асл от эмасми?
Бобо набирасига шу ерда таслим бўлади. Чунки бу саволга жавоб беролмасди. Ахир болакай Оқбошни ҳалоллаб эмас, болалаётган вақтида тутилганини қайдан билсин?
— Эй, тоза жонга тегдинг-ку. Миямни ачитишдан бошқа қиладиган ишинг йўқми? Бор, укаларинг билан ўйна.
Енгилаётган вазиятларида чол шу йўлни тутарди. Илҳом эса барибир бобосининг ёнида ҳам, бошқа ерда ҳам ўзини зериктирмайди.
Қулунча бола билан тенгдош улғаярди. Кўриниши худди онасининг ўзи. Бақувват ва чайир оёқлари узун-узун, тим қора ёллари қизларнинг офтобда тобланган сочидек ялтирайди. Пешонаси ва биқинида оқ қашқаси бор. Шунинг учун ҳамма унга Оққашқа деб ном қўйган. Оққашқа онасидан ҳам ўзғир, навқирон отга айланди. Аммо она ва боланинг орасида яна бир фарқ бор эди. Оққашқа вояга етган сари одамлар билан жуда-жуда иноқ бўлиб кетди. Унинг пойгаларда, кўпкариларда бели қотиб, донғи ҳар томонга ёйилди. Лекин она от одамларга бўйсунмади, қанчалик мажбурлашмасин ҳеч бир чавандозга бўй бермади. Бошқа отлар қатори далага борар, аравага қўшилар, ўт, сув таширди.
— Бечорани турткилама, — деди бир куни Зиёд ота ёнига йўлатмаганидан бияни қамчилаётган Тўйчи ўғлига. — Унгаям меҳр берсанг, тек туради-да.
— Бу боқувни керагидан ортиқ олиб бўлган, ота. Лекин ҳеч нарсага ярамаяпти. Бунинг ўрнига қирчанғи боққанимизда яхшийди.
Ота индамади, фақат норозиланиб бошини сарак-сарак қилди.
— Ҳар ким ўз юртида шоҳ бўлсин экан.
Илҳом бобосининг нима деганини англамагани учун бирор жўяли савол тополмади. Фақат кўзларини пирпиратиб бобосига термилиб тураверди.
— Оқбошни айтяпман, — деди набирасининг ҳозир нимадир сўраб қолишини олдиндан билган чол. — Уни биз тамом қилдик. Тоғларида эркин югуриб юрарди. Жиловга бўй бермасди. Бу ерда-чи, ҳамма отлар қатори бир от, холос.
— Унда нимага қочиб кетмайди?
Илҳом ўшанда биринчи марта бобосини ҳайратга соладиган савол берди. Зиёд ота ҳам биринчи марта ўзига лойиқ суҳбатдош топгандай бўлди.
— Агар Оққашқа бўлмаганида эди, аллақачон ё қочиб кетарди, ёки ўларди.
Оққашқани улоққа Тўйчи чавандоз минди. У билан қаерга бормасин доим солим билан қайтди. Оққашқа от эмас, чин дўст эди у Илҳом учун. Баъзан отаси қамчиласа, калтак худди боланинг бирор ерига теккандай сесканарди. Шундай пайтларда бобосини чақирар, фақат бобоси отнинг ёнини олиши мумкин эканини биларди. Бобосининг отларга меҳрини кўриб, уларни чин дилидан яхши кўради, дея ўйларди. Лекин Оққашқа кўпкаридан яраланиб, чўлоқ бўлиб қайтганида уни сўйиш кераклигини айнан Зиёд ота маслаҳат берди. Ўша куни Оққашқага оқ биядан бошқа ҳеч кимнинг раҳми келмади. Сўйишаётганида атрофидагилардан меҳр-шафқат сўраб тиланган кўзлари ҳамон боланинг ёдидан чиқмайди. Кишнаганида доим ўктам чиқадиган овози ўша пайтда гўдакларникидан ҳам нимжон, янги туғилган қулунларникидан-да ожиз чиқди. У-ку, охири тақдирига тан берди, лекин Оқбош… Юраги қандайдир нохушликни сезгандай эрталабдан безовталана бошлагач, чол оёғидан маҳкам боғлаб қўйди. Оққашқани сўйишаётганида ер тепиниб кишнаганлари Илҳомнинг кўз ўнгида муҳрланиб қолди. Ўшанда раҳми келганидан ва айни дамда -қўлидан ҳеч нарса келмаганидан базўр лабларини тишлади.
Оққашқани оғилдан пана жойга олиб ўтишди. Бия уни кўргани йўқ, лекин дўстдек тутиб ардоқлаган эгалари нобуд қилишаётганини ич-ичидан сезиб турди. Оққашқа жони узилишидан олдин оғир ингради. Шу пайт отхона томонда нимадир қарсиллаб синди. Зум ўтмай одамлар ёнига шамолдай учиб, Оқбош келди. Ҳамма карахт бўлиб қолганди. Чорасиз бия орқа оёқларида туриб, бутун гавдасини тик кўтарганча олдинги оёқларини ҳавода муаллақ айлантирди. Шунчалар важоҳат билан кишнадики, овози қулоқни кар қилай деди.
Илҳом умрида биринчи марта унда шундай важоҳат, куч, одам боласига нафрат билан қараган иложсиз жониворнинг зурриёди учун тутган мотамини кўрди. Катта очилган бурун катаклари ўт пуркайман дерди гўё. Оққашқанинг кўзлари онаси томон қадалганча қотиб қолди. Илҳом ўша пайтда ёш идроки билан Оққашқанинг кўзларида қотиб қолган маънони уқий олмади. Ҳаммаси тамом бўлганди. Оқбош яна бир кишнади-да, пўртаналар ҳосил қилиб, вишиллаб оқаётган сойнинг устидан нариги қирғоққа сакради. Унинг соғ-омон ўтиб кетишига ҳеч ким ишонмаганди. Шунчалик юқори сакрадики, худди қанот чиқариб учаётганга ўхшарди. Узун ёллари шамолда қуш қанотидай селкиллаб, парвоз қиларди. Бия йиқилмади, қанчалик кенг бўлмасин, нариги қирғоққача сакраб ўтиб олди. Тоғларга қараб жуда тез югурганидан зум ўтмай кўздан ғойиб бўлди. У эрки, озодлиги томон шошганди. Одамлар орасида узоқ муддат яшаган бўлса-да, кўнглидаги асл туйғулар ҳали тамом унут бўлиб кетмаганди…
Илҳом Оқбошни шундан кейин кўрмади. Она бияни қайта учратмади. Лекин ундан кўнгли тўқ. Агар тирик бўлса қадам етмайдиган жойларда, эркинликда яшаяпти, ўлиб кетган бўлсаям мардона ўлим топган. Мана буни ҳаёт деса бўлади.
Ҳамма нарса қанчалик тез содир бўлган бўлса, шунчалик тез тугади. Зиёд ота “Ҳозир саволга кўмиб ташлайди”, деб кўзларини набирасидан олиб қочди. Аммо бола ҳеч нарса сўрамади. Бобоси илгари унинг кўзига ҳамма нарсани биладиган жуда ақлли инсон бўлиб кўринарди. Бу воқеадан сўнг бола ўзининг хулосасини чиқариб бўлганди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 5-сон