Улар оилада беш фарзанд эди – тўрт ўғил ва бир қиз. Тўнғичи қиз у ҳамиша уй ишлари билан банд, онасига ёрдамчи исми… бунинг аҳамияти йўқ. Ўғилларнинг каттаси шу кеч кузда ўн иккига тўлади. Исми Эшмат… Ундан икки ёш кичкинанинг исми Ўлмас. Айтганча, асли исми бошқачароқ… Чақалоқлигида бир ўлимдан қолганди шу-шу Ўлмас, Ўлмас… Яна иккита жиблажибон бор. Бири биринчи синфни тугатди, кенжаси боғчада. Уларни исми… бунинг ҳам аҳамияти йўқ. Аҳамиятлиси, болаларнинг отаси ўз қўли билан ясаган оддийгина шкафда эди. Отаси дурадгор бўлмаса ҳам қўли гул эди, кичкина рандаси билан анча-мунча ишларни бемалол қиларди.
Онаси «болаларга шкаф олиб берайлик» деб, жавраниб юрган кунларнинг бирида, отаси айвонга ром-дераза ясашга киришди. Бир йўла шкаф ясашни ҳам ўйлаб, қўшниларнинг шкафидан андоза олди. Шкафнинг ҳеч қандай антиқа жойи йўқ, беш бўлимаси бор, эшиги икки тавақалий ва ойнаванд, иккинчи қаватидан то бешинчи қаватгача жойлаштирилган нарсалар шаффоф тарзда кўриниш бериб турарди. Аммо энг пастки қавати бундан мустасно, эшик ёпилганда ҳеч нарса кўринмайди. Энг юқоридаги қавати – энг тўнғич фарзандга, ундан пастдаги иккинчига, кейингиси учинчига, йўғ-э… нимагадир шу ерда чалкашлик рўй берган. Учинчи қавати – тўртинчи фарзандга, тўртинчи қавати эса бешинчи фарзандга ва ниҳоят энг пастки қават учинчи фарзанд – Ўлмасга тегишли эди. Бу тартибни ким ва қачон, нимага асосланиб тузганини ҳеч ким билмайди. Ўзлари ҳам шу пайтгача ўйлаб, қизиқиб кўришмаган. Аянчлиси, бу ҳолатни қандай бўлса шундайлигича, табиий қабул қилинганлигида эди. Онаси ҳар дам олиш ку
ни хоналарни ва шкафни тартибга келтиришни талаб қиларди. Бу аслида унчалик оғир иш эмас-у, лекин улар учун негадир ўлгудек қийин, ўта зерикарли ҳисобланарди.
Эшмат катта ўғил бўлгани учун ундан талаб қилинадиган ишлар ҳам анчагина – эна-бола сигир, беш-олти қўй ва товуқларга қараши керак… ҳовлидаги экин-тикинга ҳам вақт-бемаҳал ёрдамлашиш, пиёз ўташ, сув қўйиш, ўт ўриш ҳам унинг гарданида.
Ёз чилласи ҳаво қизигандан-қизиса-да, соя-салқинда нафас ростлаш, дам олиш, ҳатто ариқ бўйларида роҳатланиш мумкин. Нима бўлди-ю, Эшмат “Робинзо Крузо”ни қайта ўқимоқчи бўлиб қидирди. Не кўз билан кўрсинки, унга тегишли шкаф бўлмаснинг ағдар-тўнтар қилинган, эсталиклар дафтари йиртилган эди. Бир зумда барча хотиралари йўқ қилингандай бўлди. Ёзги таътилда эмасми, ўн-ўн беш кундан бери шкафга қарагани йўқ. Шу кунларда опаси ёки ҳеч қайси укаси билан жиққамушт бўлгани йўқ. Демак, бунга камида бир ҳафта, ўн кун бўлган деб ўйлади у. Охирги марта қайси бири билан гап талашганини-ю, уларда дафтарни йиртишга арзугулик сабабни эслай олмади. Кайфияти тушиб, асбийлаша бошлади. Бир кун кенжа укаси опаси билан гап талашиб қолганда, кенжатой оёғи остига стул қўйиб, шкафнинг энг юқори бўлинмасини ағдар-тўнтар қилиб ташлаганди. Энг кичиги шундай қилгандан кейин, бу ишни ҳаммадан гумон қилиш мумкин. У Ўлмас қилган бўлиши мумкин, деб ўйлади. Шу тобда унинг ҳам шк
афини ағдар-тўнтар қилиб ташлашни хоҳларди. Аммо Ўлмаснинг нарсалари шундоқ ҳам ивирсиб ётибди –эски-туски китоб-дафтарилар, бузуқ радио, ҳатто велосипеднинг эҳтиёт қисмиларими-э, ҳаммаси бор. Баъзан онаси бозордан тансиқроқ егулик олиб келиб, болаларга тақсимлаб берганда, Ўлмас шуни ҳам бўлмасига яшириб, ҳамманики тамом бўлгандан кейин, кўз-кўз қилиб ейди.
Севимли китоб ҳам бир ёқда қолди. Хаёллар ҳар томонга сочилиб кетди. Кўнглида бир ғашлик пайдо бўлганини сезди. Йўқ, пайдо бўлгани йўқ, у анчадан буён буни ҳис этиб яшайди. Негадир ҳозир бир ғимирлаб қўйди. Бу ҳол авваллари ҳам бўлган, бу қандайдир нохушликдан дарак эди.
* * *
Ҳар куни шу аҳвол. Кечга томон оғилхонада юмуш кўпайиб кетади. Мол, қўй, товуқларга қараш, яна бошқа югур-югурлар. Иш тиғиз пайтда Ўлмас жиғибийрон бўлиб Эшматнинг ёнига келди-да:
– Мени велигимга ким тегинди, – деди заҳарлик билан.
– Билмадим, – деди акаси бош кўтармай.
– Сендан бошқа ҳеч ким бу ишни қилмайди, қанотини қара эгворибсан.
– Велиг-пелигингни билмайман, бор жўна, ишингни қил!
– Кеча сени шкафингни кимдир титган, сен эса буни мендан кўриб, аламингни велигимдан олгансан. Тўғрими, тан ол, тўғрими?
– Менга қара, бор жўна, жаҳлимни чиқарма!
– Ҳали шунақами? Зўрмисан, уришасанми, уришасанми?… Энди ўзингдан кўр!
Ўлмас велосипедини бир четга суяб, кинолардаги кун-фу-чиларга ўхшаб, қўлларини ҳар томонга айлантириб, беўхшов овоз чиқара бошлади.
– О-в-у..у… аж.. аж-а-а-а…
Бир-икки ойдан бери Ўлмас иккита-учта оғайнилари билан ўзларича тўпланишиб, карате билан шуғулланиб юрарди. Ҳозир Эшмат шуни эслаб, мийиғида кулди-да, – Ростдан уришмоқчимисан? – деди.
– Ҳа, кучинг етадими? – деди укаси ҳамон қилиқ кўрсатиб. Негадир унинг ҳаракатлари ўзига ярашмасди.
– Юр, ҳовлининг этагига ўтамиз, – деди ниҳоят Эшмат боши билан имо қилиб.
– Бўлди, гап йўқ, кетдикми? – деди Ўлмас худди шуни кутиб тургандек. Ҳовли этагига етганда Ўлмас яна ўша беўхшов луқмалар қилиб, товуш чиқариб сакрай бошлади. “О-в-у..у… аж.. аж-а-а-а…”
Эшамат нари-бери қилиб ўтирмади. Меҳнатда пишган чайир қўллари билан шартта ёқасидан олди-да, оёғига келиштириб бир тепганди. Ўлмас шилқ этиб йиқилди. Акаси чап қўли билан муштимзўрнинг бўйнидан бўғиб, чап тиззаси билан кўкрагидан босди. Ўлмас жон бераётган товуққа ўхшаб питирлар, шунда ҳам тилига эрк бериб, ҳар балолар деб алжирарди. Шунда Эшмат бор кучини ўнг қўлига йиғиб, аммо негадир ярим куч билан унинг башарасига бир туширди-ю, укасини қўйиб юборди. Ўлмас вой-войлаб қўли билан юзларини беркитганча ўкириб йиғлаб, уй томонга кета бошлади. “Яхши бўлди-да, қайтиб сакрамайдиган бўлди”, деди акаси ичида.
Эшматнинг кўнгли бирдан бўм-бўш бўлиб қолди. Аммо бу узоққа чўзилмади, тағин қандайдир ғашлик чулғади. Бу эртага отасидан ейдиган калтакнинг ташвиши эди.
* * *
Ёз кунлари. Ярим тун, юлдуз тўла осмонда ой сузади. Майин шамол, чигирткаларнинг чириллаши тинмайди. Ҳамма-ҳаммаси ғоятда гўзал, аммо…
Одатларига кўра, баҳордан то кузгача эркаклар, ташқаридаги сим каравотларга ҳобгоҳни қўчиришарди. Эшмат ухлаб ётган Ўлмаснинг ёнига секин келиб, унинг юзига қаради, ойнинг ёруғида кўзининг таги кўкариб, қонталаш бўлиб қолганлиги билинар-билинмас сезиларди. Яна ваҳима босди.
Эртаси кечгача ҳеч кимга ҳеч нарса бўлмагандай ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб юрди. Эшмат “Наҳотки Ўлмас ҳеч кимга, ҳеч нима айтмаган бўлса,” деб ҳайратланди…
Ота-онаси турадиган уйнинг даҳлизида стол-стул, музлатгич ва нон сақлайдиган сандиққа ўхшаш бир яшиқ бўларди. Томоша кечки томон айнан ўша даҳлизда Отаси ишдан қайтгач, яшин тезлигида рўй берди. – Отаси Эшматдан нима бўлгани, айб кимдан ўтгани, ким ҳақ, ким ноҳақ деб суриштириб ўтирмади. Уйга қамаб, “қизпрушни боласи” дея сўкинганча, ура бошлади. Эшмат “Ота, отажон, жон отажон” деб йиғлашдан, такрорлашдан тўхтамасди. Хона тор бўлгани учун қочиб қутилишнинг ҳам иложи топилмасди, зарбалардан бири боланинг кўкрагига тегди. У яшиқнинг устига орқаси билан йиқилиб қолди. Шундан сўнг калтаклаш тўхтади. Аммо Эшматнинг инграши тинмасди. Отасининг “Ўчир овозингни” деган бақириғидан сўнг, у унсиз йиғлай бошлади.
Отаси ташқарига чиқиб, Ўлмасга:
– Сен ҳам каттани катта деб иззатингни билгин – деб танбеҳ бериб қўйди, холос.
Эшмат насибага ярашасини олволиб, ташқарига чиқди, ҳали билинмаган эканми, бели нимагадир ачишиб оғрирди. Кейин “отажонлаб” йиғлаганини эслаб баттароқ эзилди.
“Нимага Отажон дедим, ота ҳам шунақа бўладими? Сўраб-суриштирмайдими мундоқ? Кимдан ўтди, нимадан бошланди, ким айбдор? Ҳе-йўқ, бе йўқ калтаклагани-калтаклаган”, деб ичида нолиди. У одатда отасидан таёқ еганда иштонини ҳўллаб қўяр ва калтак баттар авжига чиқарди. Бу сафар ҳартугур иштонини ҳўлламагани учун ўзини катта бўлиб қолгандай ҳис этди. Янаги сафар калтак еганда отажонлашни ҳам бас қилишим керак, деди ўзига ўзи. Бироқ белидаги ачишиш тарқамади.
“Бу дунёдаги энг бахтсиз бола иккита бўлса, бири менман, агар битта бўлса, ўша биттаси ҳам ўзим”. У худди ўзини ўгайдай ҳис қилди. Қайтага ўгай бўлганида бунчалик эзилиб юрмасмиди? Бегона ота, бегона она, ака-ука йўқ, кимдан, нимадан хафа бўласан, бегона бегона-да деб қўл силтаб кетаверасан”, ўйлади у. Унинг ҳаётида қувончли кунлар ҳам, ташвишли кунлар ҳам кўп бўлган, лекин унинг назарида, азоблиси кўпроқдек туюлди. Яна беихтиёр икки-уч ой олдинги бузоқ воқеасини эслади. Ўшанда бузоқ арқонидан бўшалиб кетиб, сигирни эмиб қўйган, устига-устак ҳовлидаги экин-тикинлар пайхон бўлган эди.
* * *
– Доим қўлинг учуида иш қиласан, курмак бойлашни биласанми ўзи? – ўшқирди отаси.
– Ҳм… – деди минғирлаб Эшмат.
– Қани бойла-чи.
Эшмат бузоқни боғлай бошлаган эди. “Ундай эмас”, – деди отаси боланинг юзига тарсаки уриб. Боланинг кўзидан дувиллаб тўкилаётган ёшлар отасининг курмак усулида боғлашни кўришга ҳалақит берар, уларни артиб улгуролмасди.
– Қара, аввал чап қўлинг билан арқоннинг бир учини қайириб ушлайсан, кейин ўнги билан бир айлантириб, нарги учуини чап қўлингга оласан, чапдагини эса ўнгига олиб тортасан, кўрдингми?
У ҳеч нимани кўра олмаганлиги сабабли яна ўзи билган эски усулда боғлай бошлаган эди.
–Унақа эмас, кўрмисан? – деди-да, ўғлининг юзига яхшилаб туширди.
Эшмат иштонини ҳўллаб қўйди. Шунгами, бошқа сабабданми отаси тутоқиб кетди, бирин-кетин зарбалар ёғдирди. Роса таъзирини еганди ўшанда.
Эшматни назарида ўшанда ҳам ноҳақ калтакланганди. Айби йўқ эмас, бор албатта, лекин иш тақсимлашда адолатсизлик қилинган эди. “Нима учун ҳамма ишни фақат мен қилишим керак. Укаларим ҳам бор-ку, нега улар ҳеч бир иш қилишмайди. Ахир мен етти ёшимдан мол-ҳолга мустақил равишда қараб келаяпман-ку, нега ўн ёшли укаси Ўлмас ҳозиргача қарашмайди. Мактабга боради-келади. Кўчада дайдийди. Ҳеч бўлмаса товуқларга қараганда ҳам Эшматга озроқ ёрдам бўлади. Йўқ бундай қилишмайди, чунки битта етим, ўгай Эшмат деган қули бор. Тамом-вассалом. Бузоқ бўшалиб, сигирни эмиб қўйибди. Хўш, нима бўпти? “Осмон узилиб ерга тушдими?” Буларга мол керак, бузоқ керак, сут керак, помидорлар-у, унинг жўягига экилган бачки ҳам керак…
Аммо.. зинҳор ва зинҳор Эшмат керак эмас. Фарзанд керак эмас”, хаёлидан ўтказди бола.
* * *
Ҳар бир тонг ёришиб келса-да, ҳар доим ҳам ёруғлик олиб келавермас экан. “Инсон яхшиликни тез унутади, аммо ёмонликни ҳеч қачон унутмайди”, деган ақида тўғри шекилли, ҳар ҳолда у авваллари турли сабаблар билан бир йилда бир марта яхшигина калтакланар эди. Бу йил эса иккинчи марта худди шундай калтак еганини эслаб, ичи зил кетди. Кўз олди қоронғилашиб, юраги сиқилиб, бўғзига нимадир тиқилгандай бўлди. Ҳовли этагидаги тераклар остида ўралашиб ниманидир излар, лекин нима эканлигини ўзи ҳам билмасди. Ҳавони димлиги баттар нафасини қисаётгандек бўлди. Алам қиладигани кўнглидаги ғашлик тарк этмаётган эди. Олдинлари бундай дилхунликдан сўнг бирор ҳодиса юз берар, ўша кўнгилсизликдан кейин тўлғоқдан қутилган хотиндек бўм-бўш бўлиб қолар эди. Бу сафар эса аксинча,
ғубор тарқалмай қайтага ғашлик, тугун оғирлашиб, катталашиб бораётганлигини ҳис этди.
“Нега ҳамиша мен айбдор бўлишим керак. Нега? Нима учун? Қачонгача? “Бундай отам бўлганидан, етим бўлганим яхши эмасми?” деб юборди Эшмат беиҳтирёр
Биллур осмон бир чайқалди-да, бирдан гумбурлаб йирик-йирик ёмғир томчилай бошлади. Қўни-қўшни, хотин-ҳалаж шоша-пиша дордаги кийимларни йиғиштирар ва ҳамма ўзини панага ура бошлади.
Эшматга гўё энди барибирдек, қоққан қозиқдай тураверди. Сочлари, юзлари, елкаларига ёғаётган ёмғир илиқ эди. Сочлари, уст-бошидан баданига сизаётган ёғин алланечук ёқимлидай. Бир ёқда қуёш, бир ёқда ёмғир, аммо бу кўпга чўзилмади. Биров буни “бўри болалади” деса, бошқаси “Бу шира-ку” дерди. Эшмат “Нима бўлса бўлавермайдими?” дея оғир хаёлларга чўмди.
Ёмғир тингач, камалак кўринди. Ҳамма болалар қий-чув қилишиб томоша қилишар, сакрашар, ўйнашар, бундан уларнинг ота-оналари ҳам завқланишарди. Бироқ бу Эшматнинг ғашлик чўккан кўнглини кўтаролмади.
* * *
Ёз чилласи. Айни пешин маҳали. Қилт этган шамол йўқ. Кишини лоҳас қилади. Кўпинча қишлоқ одамлари бу вақтда соя-салқин уйда дам олишади. Табиийки, Эшматларниникида ҳам шундай. Опаси ярим чақиримдан олиб келган сувини аввал ерга қўйди-да:
– велосипедини яна жой қуригандай шу ерга қўйибди, – деб уни еталаб бориб узум сўкичаги устунига суяб қўйганди, қаноти устунга тегиб қийшайиб қолди. Бу ўша Ўлмаснинг велосипеди эди.
Эшмат буни кузатиб туриб, ўйланиб қолди. Опасининг дам олишга кириб кетишини кутди. Шундан сўнг Эшмат Ўлмаснинг велосипедини олиб кўчага чиқди, ўртоғи Йўлдошникига борди. У ҳам велосипедини олиб чиқди. Чўмилишга кетишди. Уларнинг қишлоғи Қумқишлоқ деб аталади. Улар қуёшчиқар томонга йўл олишди. У ёқда катта ариқ бор. Икки қирғоғи йўл, ўнг томонида катта дарахтлар бор, чапида эса йўқ, шу сабабли ўтган машина, тракторлар йўлнинг тупроғини худди ундек майин ҳолга келтирган. Эшмат бир калла ташлаб ариқнинг уёғига чиқди-да, иссиқ тупроққа бағрини бериб чўзилди.
– Оҳ-о, мазза, – деди.
Орқасидан Йўлдош ҳам ўзини сувга отди, сувдан чиқиб ўртоғ ёнига келди-да:
– Ие, нима бўлди? –дея сўради Эшматнинг белидаги кечаги қашқага ишора қилиб. Бу ўша отасидан еган калтакнинг асорати эди. Унинг бўғзига нимадир тиқилди.
– А… кеча… оғилхонада тойиб кетувдим, – деди ва шарт ўрнидан туриб, бир калла ташлаб ариқнинг уёғидан чиқди. Апил-тапил кийиниб, йўлга тушди. Йўлдош ҳой-ҳойлаганича қолаверди.
Эшмат ҳамма нарсага чидаши мумкин, аммо хўрликка эмас. Нега бунчалик сиқилаяпман, ахир бари ўтди-кетди-ку, балким Йўлдошнинг дадаси чет элга хизмат сафарига бориб, қайтишда болалари учун копток олиб келганлиги учудир. Ўшанда, “Нега мен ҳам шу оилада туғилмаганман”, деб анчагача афсусланиб юрганди. Шунга бўлса керак, Йўлдошнинг гапи жуда оғир ботди. У айни пайтда ҳеч кимни кўргиси, эшитгиси келмасди. Фақат телбаларча велосипедни учирар экан, минг бир хаёл кўчасига кириб чиқди. Уни бемаъни жавобсиз саволлар қийнарди.
У велосипедда кунботар томонга қараб елиб борарди. Баданидан томчилаётгани терми ёки сувми? Билолмади. Юзига, кўксига муздек шабада урилса-да, бадани чўғдек қизирди.
У анча вақтдан кейин сал ўзига келиб, атрофга қараганда бутунлай бошқача манзарани кўрди. Бегона далалар, йўллар, зовури қазилган дўнгликлар. Ўтлаб юрган мол-қўйлар ҳам нотаниш. Бу “Бўстон” қишлоғининг йўллари эди. Эшмат шу тобда жуда чарчаганини, уйга қайтиши зарурлигини, бундан ҳам оғирроғи кўксидаги ғашлик тобора ғужмаклашиб бораётганини ҳис этди.
Уйга етиб келганда унга ҳеч ким рўбарў келмади. Велосипедни тўғри бориб сўкичакни устунига суяб қўйди. Аммо яхши ўрнашмаган эканми, сидирилиб устунга тиралиб қолди, қаноти қийшайди. Эшмат уни кўрса-да, бепарво ўз ишига йўналди.
* * *
Эшмат шу кунларда анча ўзини олдириб қўйди. Буни онаси сезиб, отасига бир нималар деган шекилли, Эшматни оромгоҳга юборишди.
Бу оддий қишлоқ оромгоҳи бўлса-да, дам олиш, кўнгилочар ўйинлар яхши ташкил этилган. Уч маҳал овқат, ўйин кулги, яна нима керак. Эшмат келган кунининг эртасига футбол ўйнаб сал чалғигандек бўлди. Аммо бу ҳам кўпга чўзилмади. Яна ўша мавҳум ғашлик кўнглини эгаллади. Оромгоҳга келганининг тўртинчи куни якшанбага тўғри келди. Раҳбарлар кўринмас, катта тарбиячи ва ёрдамчи тарбиячилар қолган эди. Кун анча эркин ўтар, болалар қий-чув қилишар, анҳордан чиқмай роса яйрашарди. Дам олиш соатидан сўнг гуруҳларга бўлиниб яна қизиқарли ўйинлар бошланди. Эшмат эса шунчаки томошабин бўлиб турди, холос. Гуруҳдошларидан бири келиб, уни дарвоза томонда ёрдамчи тарбиячи чақираётганини айтди.
Тарбиячиси ёнига чақириб, нарсаларини йиғиштиришини, уни олиб кетгани амакиси келганини айтди. Бола ҳайрон бўлди. Унингча жавоб беришдан олдин қандайдир расмий қоғозлар тўлдирилиши, директорми, бошлиқми, кимдир рухсат бериши лозим эди. Бугун дам олиш куни, катталар йўқ бўлса, ёрдамчи тарбиячи қандай қилиб ўзича жавоб бериши мумкин.
Усти-бошини йиғиштириб жомадонига жойлаб, тарбиячи билан амакиси гаплашиб турган жойга борди. Кўришди, гаплашди, аммо ҳеч нарса англай олмади. Тарбиячи: – Бўпти, сен боравер, мен ўзим раҳбарларга тушунтириб айтаман, – деди.
Эшмат амакиси билан аввалдан яхши келишмайди. Ундан бир гап олиш амри маҳол, шунинг учун тарбиячига қараб: – Тинчликми, нима гап экан? – деб сўради. – Сен боравер, хавотир олма, раҳбарларга ўзим тушунтираман, – деди яна тарбиячи қўзлари олиб қочиб.
“Кеча бир бола икки соат йўқ бўлиб қолганда ҳамма оёққа турган, роса тўполон бўлган эди. Бугун эса ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ менга бутунлай жавоб бериб юборяптими? Тинчлик бўлсин ишқилиб”, ўйлади у.
Машина икки-уч уй берироқда тўхтади. Эшмат машинадан тушиши билан йўлнинг икки четида узун ёғочларнинг устига кўрпача ташлаб ўтирган маҳалладошларини кўрди. Уларнинг бу ҳолати қалдирғочларнинг симёғочларга тизилиб ўтиришини эслатарди. Бола гангиб қолди. Қўрқибгина амакиси ортидан эргашди.
Эшмат ҳовлига кирганда таниган-танимаган одамлар ҳар томонда юришар, амакиси уни опаси турган уйга олиб кирди.
Эшмат опасининг йиғидан кўзлари шишиб кетганини кўрди.
– Нима бўлди, опа тинчликми, – йиғи аралаш сўради укаси.
– Келдингми? Ке, укагинам, – деб Эшматнинг бошини қўллари орасига олди-да, худди кайвони аёллардек, пешонасидан ўпди, кўзларида шашқатор ёшлар оқди, Эшмат ҳам қўшилиб йиғлади.
– Биз ҳам билмаймиз, отам аварияга учрабди, ҳозир касалхонада эмиш, аҳволи оғир дейишяпти.
– Ойим қанилар?
– Нариги уйда ўзларидан кетиб қолдилар, холам қараяптилар, бир оздан сўнг сени ўзим олиб кираман, хўпми? – деди опаси.
– Хўп, хўп деяпман-ку, – йиғлаб жавоб берди ука.
– Бошқа кўйлагинг борми? – сўради опаси.
– Қанақа кўйлак?
– Устингдаги қизил экан. Кўкми, қорасими, борми?
– Нега?
– Шундай қилиш керак. Йўқса, одамлар гапиради.
Эшмат сумкаларини титкилай бошлади.
– Кўк кўйлагим йўқ, оқ-қора катак бўладими? –деб йиғламсираб сўради.
– Бошқаси бўлмаса, майли, ўшани кия қол,– деди опаси.
Опаси ўзидан бор-йўғи икки ёш катта бўлса-да, худди катталардек, худди момолардек ўзини тутишини, юпатишини кўриб ҳайрон қолди. Умуман бу нарсаларни қаердан, қачон, кимдан ўрганган, онаси яримжон бўлганлиги учун ҳам уй юмушлари опасининг зиммасида эканини эслади. Ўша куни яна бир нарсани тушунди: у ҳамиша ўзини хўрланган, камситилган деб ҳисоблар эди. Аммо шу тобда опасига ўзидан кўра минг чандон қийинроқ бўлганлигини ҳис этди. Эшматнинг бошидан ўтганлари азоб бўлса, аллақачон опаси ўлиб кетиши керак эди-ку. Нега унда яшаб юрибди? Қолаверса, опаси бирор марта ҳаётдан, на отаси, на онасидан нолиганини эслай олмади. Қачондан бери қуюқ тумандек, кўнглида туриб қолган ғашлик йўқолганди. Бу ғашлик қачон, қаерда йўқолганлигини эслаёлмади. Энди уни кўнгли ҳеч нарсани сезмаётгандек, бўм-бўш бўлиб қолганди. Бу яхшиликками ёки…
Ташқарига чиқди. Айвондаги шкафни эшиклари қия очилганини кўрди. Ёпиб қўйиш учун яқинлашар экан, шкафдан қандайдир бадбўй ҳид келарди. Эшмат дарров ўзича тушунди – Ўлмас яна бўлар-бўлмас нарсаларни шкафига солган бўлса керак, дея ўйлади. Мана оқибати, шу пайтда, қандай қилиб тозалаш, тартибга келтириш мумкин. Ҳовлига ҳамма кириб-чиқиб турган бўлса, қариндош-уруғ, маҳалла-кўй нима деб ўйлайди. “Қани энди ер ёрилса-ю, ерга кириб кетсанг”, кўнглидан ўтказди Эшмат. Шу тобда унинг чап кўксига нимадир қаттиқ санчилди. Авваллари кўнглини қандайдир ғашлик қопларди. Бу эса аниқ оғриқ, санчиқ эди. Унинг митти юраги санчаётган эди.