Муҳаммад Зиё. Азизалар (ҳикоя)

Ўшанда поезд бир маромда аллалаб, тонг ва манзил сари яқинлаштирарди. Ўқишга кирганимдан ўзимда йўқ хурсанд эдим. Бу шаҳарга иккинчи маротаба келишим эди, аввал амаким билан имтиҳон топшириш пайтида келганмиз.
Вокзалдан чиққандан сўнг ўнг томондаги йўлакдан бекатга, у ердан ўн еттинчи автобуснинг охирги бекатигача бориб, кўчанинг нариги бетидаги кўк дарвозага – Жамила опанинг уйига адашмасдан етиб олиш ҳақида ўйлардим.
Ҳали эрта бўлгани учунми, одамлар, машиналар сийрак эди. Бекатда тургандим, бир лўли хотин келиб фол очишдан ваққиллади, ортиқча пулим йўқлигини айтиб, терс ўгирилдим.
–     Кўнглингдан чиқариб беравер, – деди лўли сурлик билан.
– Яхши, унда келажакдан эмас, ўтмишимдан оч, – дедим.
У ҳайрон бўлди, афтидан унга мижозлар бундай бемаъни саволни ҳеч беришмагандек.
– Ўтмишингни шундоқ ҳам биласан-ку, – деди энсаси қотиб.
–     Ишонч ҳосил қилиш учун, – дедим.
–     Қанақа ишонч, нимага?.. – деди яна талмовсираб.
“Оббо, лақмае…” дедим ичимда. Унга тушунтирмоқчи бўлиб:
–     Айт-чи, отам тирикми, йўқми? – дедим бақрайиб.
Нима демоқчи эканлигимни энди илғади, шекилли:
– Отанг йўқлигини уст-бошинга қараб кўчадаги истаган киши айта олади, – деди ачингандай бўлиб.
Қилиғимдан уялдим. Аммо сир бой бермасдан:
–    Фол очиришни истамайман, – деб уч-тўрт қадам нари кетдим, у ортимдан эргашди.
–    Ҳа, майли, биттасини айтаман, сен Азиза исмли қизга уйланасан, – деди тўсатдан.
Буни у мени қизиқтириш учун айтдими ё ростдан тақдиримда бормиди – билмадим, уни эшитмагандек автобусга чиқиб жўнадим.

* * *

Ўқишлар бошланган. Нимагадир ўша лўлининг гапи миямда айланаверарди. Курсимизда иккита Азиза исмли қиз бўлиб, биттаси мен сардорлик қиладиган гуруҳда, иккинчиси нариги гуруҳ сардори эди.
Сизга тушунарли бўлиши учун улардан бири, биздаги Азизани – узун сочли, тўладан келган, буғдойранг, ўзбекона хулқ-атворли бўлгани учун осиёча Азиза, иккичиси озғин, оқ-сариқдан келган, сочлари калта, русча таълим олганини, оврўпача Азиза деб атайман.
Улардан қайси бири менинг Азизам эканлигини билишим, тўғрироғи, аниқлашим керак эди, назаримда. Шунинг учун икковига ҳам баб-баравар мулозамат кўрсата бошладим. Афтидан, бу уларга ҳам ёқарди, ҳар ҳолда бегона шаҳарда ушоқдек илиқлик, тоғдек кўринадиган вақтлар эди.
Курсдошларим ҳам ниманидир сезганми, бир куни Элбек келиб, “Сенга нима бўляпти ўзи?” деб сўроқлаганда ҳеч нарсани билмагандай, тоғдан келса, боғдан келиб туравердим.
Кунлар эса ўтаверарди. Назаримда, ҳар иккаласига кўнглим бордек. Ҳамон қайси бири менинг Азизам эканлигини билолмай ҳалак юрган кезларим эди. Ўшанда шамоллаб, овозим деярли чиқмай қолганди. Ёнимга оврўпача Азиза келди-да, ҳол-аҳвол сўрагач, бир рецепт берди: ош содасини чойнакка солиб, қайноқ сув қуйиб, жўмракдан чиқаётган буғ-парни ютишим лозимлиги, сўнгра сал совигач эритмада томоғимни ғарғара қилишим кераклиги ёзилган эди. У буни ихлос билан қилсам, тез тузалиб кетишимни тушунтирар экан, “Бугуноқ муолажани бошламасангиз, сиз билан умуман гаплашмайман”, деди. Шу куни иккиланишларимга чек қўйиб, пешонамга битилгани оврўпача Азиза эканлигига ишонч ҳосил қилдим. Яхшиям шу лўли хотин бор экан, бўлмаса курсимиздаги Шаҳнозагами, Ферузагами, борингки, бошқа бир қизга кўнгил беришим ҳеч гап эмасди.
Ўшанда лўли хотинга пул бермаганимдан афсуслан бошладим.

* * *

Энди фақат оврўпача Азиза ҳақида ўйлар, аниқроғи, унга ёқишга, кўнглини топишга ҳаракат қилардим. Мен ижарада турардим, у эса қариндошиникида яшарди. Бир куни дарсдан сўнг уни кузатиб чиқдим. Бекатда автобус кутардик. У ажойиб саргузашт асар ўқиётганини айтиб, китобни менга узатди. Варақлай бошладим, бу Жюльетта Бенцонининг “Марианна – Звезда для Наполеона” номли асарининг рус тилидаги нашри эди. Тўғриси, ўша вақтларда унча тишим ўтмасди.
У билан суҳбат адабиёт мавзусида бўлса, мен албатта Қодирий, Чўлпонларнинг асарлари ҳақида гапирардим… У “Да, конечно, в узбекской литературе тоже есть достойные произведения, ну…” деб пешонаси тиришиб кетарди. Шу-шу Шекспир, Дюма… ва бошқа у ёқтирган муаллифларнинг ўзбек тилига таржима қилинган асарларини топиб ўқишга киришдим. Мақсад – у билан яқинроқ бўлиш… Уринишларим зое кетмади шекилли, узундан-узоқ суҳбатлар, баҳс-мунозараларга имкон топилди.
Оврўпача Азиза билан муносабатларимиз қалинлашгани сари осиёча Азизадан узоқлашиб борардим. Илгаригидек тавозе қилмаганим етмагандек, уни силтаб ташлай бошладим. Бундай кескин ўзгаришимга атрофдагилар ҳам сабабчи эди гўё… Осиёча Азизанинг фамилияси Ҳотамова бўлиб, Элбекка ўхшаганлар сўрашаётганда секин қулоғимга, “Ҳотамов, ишлар қалай” деб жиғимга тегарди. Бир куни курсдошлар билан дарсдан сўнг йўлакни тўлдириб чиқиб келаётгандик, ҳамма ўзи билан ўзи овора. Мен оврўпача Азизага гап бериб борардим, ортимиздан кимдир “Ҳотамов” деб қичқирди. Ёнимдаги Азиза ялт этиб, “нима гап” дегандай менга қаради. Мен ҳам елка қисдим. Сўнг ортимга қараб курсдошлар орасидан Элбекни топмасам-да, мушт кўрсатиб қўйдим. Назаримда, мана шунақанги бемаънигарчиликларга чек қўйиш учун ҳам осиёча Азиза билан совуқ муносабатда бўлардим.
Баҳор кунлари эди. Унивеситет ҳовлисидаги ўриндиқда мен, оврўпача Азиза, яна уч-тўрт дугонаси беғубор офтоб нурларида тобланиб суҳбатлашардик. Қизлар туйқус пичирлаб бир-бирига “қара-қара” дея бошлади. Мен ҳам ўша томонга юзландим. Ўқув биносидан чиқиб келаётган қиз оппоқ шимда, эгнида яшил кофта, белидаги бир қарич энликдаги қизил камарида боғич ҳам бор эди. У худди қўғирчоққа ўхшаб кетарди, ўзи ҳам жуда ҳурилиқо. Беихтиёр “Ўҳ-ҳў-ў” деб юбордим. Шунда оврўпача Азиза: “Биттасини эплаб кўндиролмайди-ю, ўҳ-ҳўсига ўлайми!” деганди, қизлар қий-чув қилиб кулишиб, бирин-кетин туриб кета бошлашди. Ўшанда қанча ўйламай, “кимни, нимага кўндириш” кераклигига ҳеч ақлим етмади…

* * *

Сардор бўлганим учун ҳар ойда талабаларга стипендия тарқатардим. Ҳамиша пулни эгаларига тезроқ етказиш пайида бўлардим. Ҳар ҳолда бировнинг омонати… Ўшанда осиёча Азиза дарсга чиқмаганлиги учун хонасига бориб, эшигини тақиллатдим, стипендиясини олиб келганимни айтдим. У хонасидан елкасига сочиғини ташлаб чиқди, афтидан энди уйғонган эди.
– Қиз бола ҳам тушгача ухлайдими, – дедим зардали оҳангда.
У индамасдан ерга қаради. Унинг кўзёшлари юзидаги қизил майда-майда ҳуснбузарларига урилиб, гоҳ қизил, гоҳ шаффоф тусга кириб, думалаб-думалаб туша бошлади.
Мен унга парво ҳам қилмай уч кунда бир болалар боғчасида қоровул турадиган Рустамнинг эшигини тақиллатдим.  
–    Сени Худонинг ўзи етказди, – деди Рустам худди отасини кўргандай бўлиб.
–    Нима гап? – дедим ҳайрон бўлиб.
У аввалига бир ўзи навбатчиликда зерикаётганини айтиб, шерик бўлиб туришимни илтимос қилди. Ишонмадим… Охири ёрилди. Қисқаси, ишхонасидаги қизлардан бирини севиб қолганини, учрашувдан сўнг қоронғи тушиб қолаётганини, бунақа вақтда қиз бола ёлғиз юриши яхши эмаслигини айтиб, севгилисини жуда чиройли дугонаси борлигини ҳам қистириб ўтди. Мен ҳаммасига жуда яхши тушуниб турган бўлсам-да, билмаганликка олиб:
–    Хўш, биздан нима хизмат? – дедим бепарво.
–    И-е, қанақа хизмат, дугонаси билан гаплашасан, каллаварам!
–    Гаплашадиган қизим бор-у.
–    Нима бўпти, биттаси запасга, ҳозир ҳамма шундай қилади.
–    Мен унақа олғирлардан эмасман…
–    Хўп, яхши, хоҳласанг дўст бўл, уёғи сенинг ишинг. Фақат ярим соатча авраб турсанг бўлди.
Мен ноқулай аҳволда қолгандим. Бир томондан бу оврўпача Азизанинг қулоғига етиб боришидан чўчисам, иккинчи томондан бу ишнинг охири бахайр бўлмаслигини кўнглим сезарди. Ўйлаб кўрсам, курсдошлар орасида уддабурон Умидгина қизлар билан гаплашишни қойил қиларди. Ўзимни ўрнимга унинг номзодини кўрсатдим. Рустам бўлса:
–    Нималар деяпсан, ғирт хотинбоз-ку! У севгилимни ҳам йўлдан уради! – деди жиғибийрон бўлиб.
Шундан сўнг у мени бежиз танламаганини, софдил, инсофли, олижанобликда танҳолигимни айтиб, шундай кўкларга кўтариб мақтадики, рози бўлмай иложим қолмади.
Юклатилган вазифа: Рустам маъшуқаси билан учрашётганда, Севара исмли дугонасига гап бериб туришим керак. Қиз жуда содда, самимий ва сал бошқачароқ эди. Шунчалар соддаки, биринчи куниёқ отаси ичкилликка муккасидан кетганини, онасини уриб ўлдириб, қамалиб кетганидан сўнг сағир қиз шаҳарга, холасиникига келиб қолганини оқизмай-томизмай айтиб берди. У гоҳо пишириқ тайёрлаб келар, кўпинча боғчанинг конфети ва ширин чойи билан сийлар эди. Унинг муносабати, муомаласи жуда самимий бўлса-да, оч бўлсам ҳам иштаҳам йўқ деб емай тураверардим. Ҳар ҳолда, болаларнинг ризқи… Бир куни у хонасига олиб кирди-да, ўзига тегишли тумбочкани кўрсатиб, бундан сўнг егуликларни шу ерда қолдиришини, хоҳлаган пайтимизда олишимиз мумкинлигини айтди.
Қизларни кузатишимиз билан мусобақалашаётган спортчиларга ўхшаб иккинчи қаватга – Севаранинг хонасидаги тумбочкага қараб югурардик. Яна бир-биримизга “Эй, секинроқ, болаларнинг ризқи тешиб чиқади…” деб ҳиринглардик. Тумбочкада егуликдан ташқари атир-упалари, майда-чуйдалар ҳам турарди. Рустам атирдан сепарди. Ит-итдан қолса, думини кес дегандек, мен ҳам…
Оврўпача Азиза мендан олдиндаги қаторда ўтирарди. Бир куни ўгирилиб қаради-да, қошларини чимириб: “Нима сасияпти”, деди. Эгнимдан Севаранинг шиппа-ширин атири анқиб турарди. Шу-шу қайта сепмай қўйдим. Назаримда, Севара билан дўстона гаплашаётган бўлсам-да, борган сари унга боғланиб қолаётганимни сезардим.
Кунларнинг бирида анави иккаласи уёқда севишаётганда, Севара менга “Келинглар, тумбочкага бир сафар сизлар “сникерс” шоколад қолдирасизлар, кейинги сафар биз…” деса бўладими! Нима дейишимни билмай қолдим. Яна ўлганнинг устига тепган қилиб, “Фақат еволиб алдаб кетиш йўқ…” деб қўшиб қўйди. На кулишимни, на йиғлашимни биламан. Эҳтимол, у дугонасига ҳавас қилаётгандир, балки севгиси, севилгиси келаётгандир. Ким билади дейсиз…
Шу пайтгача у қолдирган нарсаларни еб, бирор мартда раҳмат демаганимга ўзимни ўзим ёмон кўриб кетдим. Шундан сўнг ҳаммасига нуқта қўйдим. Рустам қанча ялинмасин қайтиб бормадим. Гап шоколадда эмас, айтайлик, йигит учрашувга чиқсаю қиз совғасини олса, розилик аломати саналади. Тўғрими? Гар шундай экан, у ёқда оврўпача Азиза, бу ёқда Севара, масалани чигаллаштиришнинг нима кераги бор…
Негадир фолчи хотин тўғри айтганмикин ё пул ундириш мақсадида алдаганмикин, деган фикрдан ҳеч қутула олмасдим. Домлаларнинг деярли барчаси билан яхши эдим.
Фалсафани фанларнинг отаси дейишади. Шунинг учун бир кун дарсдан сўнг фалсафа ўқитувчимиз Малик ака билан кафедрада уч соатча фол мавзусида суҳбатлашдик. Турли илмий, ноилмий фаразлар билан бошимни қотириб, охири гап “Фолга ишонма, фолсиз юрма” деган нақлга бориб тақаганида ҳафсалам пир бўлди.

* * *
Шаҳарлик курсдошларимиздан бирининг туғилган куни экан, уйига ҳаммани таклиф қилди. Оврўпача Азиза билан бордик. Бир яхши ўтиргандик, оврўпача Азиза вино-пинодан кўпроқ ичиб қўйди шекилли, оёқда туролмай қолгани етмагандай вайсақи бўлиб қолди. Ўтириш бузилмасин деб ҳамма имо-ишора қилиб, уни кузатиб қўйишимни сўрашди. Ноилож қўлтиғидан олиб, кўчага етакладим. У нималардир деб, оёқлари чалкашиб борарди. Кеч тушиб қолганди. Бекатга яқинроқ пана жойда тўхтатиб, ўзимга қаратдим. Уни кўзлари юмилган, қўллари бўйнимга осилиб, бутун гавдасини ташлаб олганидан, белидан қучиб турибманми ё уни суяб турибманми – билиб бўлмасди. Қизигандан-қизиб борардим, қандайдир титроқ ҳам бор эди. Ваниҳоят… “Нима бўлса, бўлди” дедим-да, худди кинолардагидек лабига лабимни босдим. У «Ты тоже такой же…» деб, бир силтаб қучоғимдан чиқиб, ҳеч чайқалмай шаҳдам қадамлар билан бекат томонга кета бошлади. Мен нима бўлганини тушунмай ҳайратда қотиб қолдим. Бекатда автобус кутар эканмиз, нимадир деб овутиш ҳақида ўйлардим. Базўр “Мени кечиринг…” деб вазиятни юмшатмоқчи бўлиб гап бошлагандим: “Иди вон, оставь меня в покое!” деди. Гап оҳангидан мени бошқа кўришни истамаётгани шундоққина сезилиб турарди. Аксига олиб менинг автобусим уникидан аввал келди. Қиз боланинг бир ўзини ташлаб кетиш йигитчиликка тўғри келмайди. Айни пайтда у мени кўришни ҳам хоҳламасди. Хўш шундай ҳолатда оврўпаликлар нима қиларди? Оврўпа фильлмларида аёл эркакка, “Мени тинч қўйинг”, дегач, то ўзига келгунча, маълум вақт безовта қилишмайди. Мен ҳам шуларни эслаб, “Яхши қол, эй дилбарим!” деб, автобусга чиқдим-да, жўнадим.
Эртасига сочимни тараётганимда, тароқ тегиб бошим оғриди, бармоқларим билан оғриган жойни пайпаслаб ярага ўхшаш нарса пайдо бўлганини билдим.
Университетнинг амбулаториясида асли биз томонлардан ўқишга келиб, шаҳарлик бўлиб кетган Саодат опа ишларди. Менга жуда меҳри бўлакча эди. У доим “Касални даволагандан кўра олдини олган яхши” деб, тортинмай тез-тез кўрикдан ўтиб туришимни тайинларди. Бундан ташқари, “Қишлоқдан қариндошлар келса, бизникига ҳам олиб ўтинг, бир меҳмон бўлиб кетишади”, деб сира қўймасди. Опа мени кўриб жуда хурсанд бўлиб кетди. Дардимни айтдим. У меҳр билан сочларимни майин сийпалаб, ярага ўхшаш нарсани топди. Кейин… Кейин негадир енгил бир силтаб ўзидан узоқлаштирди-да, секин: “Ҳечқиси йўқ, ўтиб кетади, ёшликда бўлиб туради”, деди паришон бир аҳволда…
Мен ҳеч нарсани тушунмадим…
Дарсга кеч қолиб кирганимда ҳамма менга қараб, илжаяётганидан нимадир рўй берганини сездим. Суриштириб, оврўпача Азиза кечаги воқеадан ҳаммани бохабар қилганини, бироқ “Анави жойларини” айтмаганини билдим.
–     Қайси фаросатли йигит бекатда қизни ёлғиз қолдириб кетади?! – деди бошини сарак-сарак қилиб Элбек. “Ҳозир кўрсатаман…” деб аламимдан шунча қувлаcам-да, етолмадим ўшанда…
Қизларга ҳам ҳайронсан, кетсанг кетди дейди, қолсанг қолди дейди. Уларнинг кўнглига йўл топиш ўлимдан қийин… Ўшанда севиш ҳам жонимга текканди, тўғриси…

* * *

Ҳаш-паш дегунча йиллар ўтди-кетди. Бир куни осиёча Азиза юзлари синиқиб қолган, бошига оқ рўмол ташлаган, эгнида одми кўйлак, оёғидаги кавуши анча уриниб қолган, кекса ёшдаги аёлни қўлларидан ушлаб ниҳоятда авайлаб зинадан туширарди. У шу туришида жуда чиройли, меҳрибон ва олижаноб эдики, уни фақат кузатиш керак эди. У шу қадар гўзал хилқатга айланган эдики, кўриб кўзларимга ишонмадим. У биринчи курсдагидек тўладан келган, меҳнатда пишган бақувват қўллари ҳам ўша-ўша… Аммо нимасидир… Бошқаларда учрамайдиган нимасидир бор эди. У гўё бир айланиб бошқа қизга айланиб қолгандек. Унда малоҳат, нафосат, жозиба, борингки, барча фазилатлар мужассам эди гўё… Шунча йил бирга ўқиб уни яхшироқ билмаслигимни англагандек эдим. Ўшанда уларнинг ёнига бориб, ҳол-аҳвол сўрагим, у эъзозлаётган аёл ким эканини билгим келса-да, юрак ютиб боролмадим…

* * *

Осиёча Азиза йиллар давомида туни билан ипдан турли кийим-кечак тўқиб, ётоқхона маъмури Вера хола орқали соттириб, онасининг хиралашиб қолган кўзларини даволатиш учун пул йиққанини хонадоши Гулсарадан билгач, ўзимни ўзим ўлдиргим келди.
Дунёдаги энг ёмон одам иккита бўлса, биттаси мен, агар битта бўлса – яна ўзим. Ишонаверинг… Чунки осиёча Азиза менинг гуруҳимда эди. Ҳар сессияда Умидга ўхшаганлар келиб, “Сардорсан-у, ёрдам бервор!” деб ялинишарди. Ўзи дарс пайтида кўча чангитиб юрган бўлса-да, домлаларга сабабли келмаган деб баҳосини қўйдириб берардим. Осиёча Азиза ҳар сессияда қайсидир бир фандан баҳосини вақтида ололмас ва уч ойлаб стипендиясиз қолса ҳам ёрдам сўраб келмасди. Шунга қарамай у ҳамиша мен билан жуда хушмуомалада бўлар, устига устак, баъзан дарсга кирмасам деканатдалигимни айтиб сабабли қилдирар, журналимни кўтариб юришларини айтмайсизми! Бунинг ўрнига ўшанда юзимга бир тарсаки туширса, ҳеч бўлмаса, аблаҳ, номард деб сўкканда ҳозир бунчалик азоб чекмаган бўлардим.
Негадир онасини зинадан тушираётган осиёча Азиза хаёлимдан кетмасди. Менинг онам йилда бир марта йўқлаб келарди. Биринчи курсдалигимда декан ўринбосари Аҳад акага учрашиб, “Биз узоқдамиз, фарзандимизга кўз-қулоқ бўлиб туринг” деб тайинлаган, домла уларни тинчлантириб, “Шундоқ ҳам бу бизнинг вазифамиз”, деган эди. Шу-шу ҳар сафар келганида ўқитувчиларимизни сўрайди. Домлаларнинг иши кўп, банд экан деб мозорбосди нарсаларни ўзим етказишимни тушунтириб, кузатиб юборардим…  
Бу йил эрта баҳорда келганларида ҳам қўлларида иккита катта сумка билан ўқув биноси ёнида мени кутиб турган эканлар. Ҳар галгидек, эл қатори қишлоқ кийимида. Кўришибоқ, деканимиз йўқлигини айтиб, ит қувгандай қилиб ижарада турадиган ҳовлимизга олиб бордим.
Ўшанда мазаси яхши-ю, аммо кўримсиз нок, узум, олмаларини ўзимизнинг боғдан деб қайта-қайта мақтаб эси кетганди бечора онамнинг. Уй бекасининг туфлигини сўраб олиб, онамга кийиб кўришни таклиф қилдим.
–     Нега, ўзимнинг яппа-янги маҳси-калишим бор-ку! – деди онам жаҳллари чиқиб.
–     Кўриб турибман, эртага шаҳар айланамиз, бу ерда эса бунақа кийишмайди, – дедим хижолат бўлиб.
Ўшанда онам кўзларини бир нуқтага узоқ тикиб қолди, бошидаги катта оқ рўмоллари учига кўзёшларини артди-да, дабдурустдан қайтиши зарурлигини айтди. Гарчи бундан сал аввалроқ “Бу ёқларга энди қачон йўлим тушади, билмаймиз, бир шаҳар айлантирасан-да!” деган бўлсалар-да, қишлоққа қайтиш шаштидан қайтаролмадим. Эртасига оғайниларимдан қарз олиб, бозорга тушдим. Эрони олма-ноклардан, яна ул-бул харид қилиб, мозорбосди патир ва қуртни қўшиб, деканатга олиб бордим: онам келган эканлар, вақтлари зиқроқлиги учун ўзлари учраша олмадилар, деб ҳар сафаргидек, алдадим.
Негадир онасини авайлаб зинадан тушираётган осиёча Азиза хаёлимдан кетмасди. Қуйи курсда ўқиётганимизда Элбек осиёча Азизанинг менда кўнгли борлигини айтганда ғашим келиб, “Тенгини топсин”, деганман. Хўш, нимам билан тенглашиш керак эди. Дафтарчадаги бешлар биланми? Ахир устозлар, “Баҳо дафтарда қолиб кетади, баҳойинг ҳаётда аъло бўлсин”, деб бежиз айтишмагандир. Агарда одамийлиги билан бўйлашсам, унинг тўпиғида қолиб кетсам керак. Хўш, нимам билан тенглашиш керак эди?.. Нимам билан?..

* * *

Охирги пайтлардаги хатти-ҳаракатларимдан курсдошларим ҳайрон эди. Кези келса улар билан сўрашмасдим ҳам. Улар эштилар-эштилмас қилиб, “Одамларга бозор иқтисоди таъсир қилибди”, деб пичинг қилишга ўтишганди. Аслида эса, мени қийнаётгани бутунлай бошқа нарса эди.
Оврўпача Азиза билан гапимиз келишмай қолгандан кейин қасдлашибми ё бошқа сабабми, ишқилиб, Умид билан жуда опоқ-чапоқ бўлиб кетишганди.
Биринчи давлат имтиҳонини эсон-омон топшириб чиққанимиз учун ётоқонада кичик маросим бўлаётган экан. Мен кун сайин жиддийлашиб бораётганимдан устимдан сув қуядиган бирорта мард топилмади.
Битирув кечаси масаласида курсдошлар Рустамнинг хонасида йиғилдик. Маслаҳатга усти-боши ҳўл, ширакайф Умид кириб келди-да, ёқамдан олиб, “Азизани нима қилгансан?” деди. Мени ҳам унинг ёқасидан олиб, “Қўлимни ҳам теккизмаганман, нима қилдинг?! Нима қилдинг уни, аблаҳ!” деб бор овозим билан бақирдим. У бўлса, худди ғолиблардек, юқорига қараб ҳоҳолаб, “Тиз чўктирдим”, деди. У оёқда базўр турарди, жағига келиштириб бир туширгандим, шкафга кириб кетди. Ўртоқларимнинг ҳайҳайлаганига қарамай ўзимни ташқарига отдим. Йўлда борар эканман, юрагим сиқилиб, дунё кўзимга тор кўрина бошлади. Фолчи хотинни яна роса бўралаб сўкдим…
Оврўпача Азизани севармидим? Ё у мени севармиди? Аҳдлашганмидик? Йўқ, йўқ… Нега унда асабийлашяпман? Нима бўлса, бўлавермайдими? Менга нима… Шу кўйи у билан муносабатларимизни таҳлил қила бошладим: менимча, шунчаки дўстликка ўхшаш яқинлик бор эди, холос.
Баъзан сардорларга талабаларни теннис ё футбол томошасига олиб бориш тайинланарди, оврўпача Азизанинг гуруҳидан ярим болалар келмаган экан. Мени гуруҳимдан ҳам уч-тўрттаси келмаган. Сиқила бошлаганимни кўриб, “Сиқилаверманг, худо хоҳласа, бизнинг болалар эсли-ҳушли бўлишади”, деганида унинг кўзларида қувончни, ҳамдардликни, муҳаббатни сезганим ҳам…
У билан телефонда тонггача гаплашган пайтларимиз бўларди. Суҳбат асосан курсдошлар, ўқитувчилар, дарслар, ҳақида эди. Ўшанда мен келажакда катта олим бўлишимни, ойнаи жаҳонда интервьюлар беришим ҳақида айтаётганимда, у “Болаларимга бу мени курсдошим”, деб таништираман деганди. Шунда, “Фарзандларингизнинг отаси мен бўламан-ку”, деганимда, “В-о-й!” деб юборган эди. Унинг биргина шу сўзида севиши, соғиниши, бутун сирлари – ҳамма-ҳаммаси мужассам эди. Ўшанда юрагим қинидан чиққудек бўлгани, телефон гўшагини эмас, унинг қўлларини юзимга босиб тургандай бўлганим ҳам рост…
Йўлакдаги фонтанчада юз-қўлимни ювиб, бир оз ўзимга келдим. Қарасам, Саодат опа бир қиз билан шу томонга келишаётган экан. Очиқ чеҳрали опа ҳар доимгидай самимий сўрашди. Ёнидаги ҳамроҳини: “Азиза, катта қизим”, деганда юрагим ҳапқириб кетди. Унга ҳам афтидан мен ҳақимда бир нималар деган шекилли, қизариб-бўзариб кўзларини олиб қочди.
–     Абитуриент, ўзингиз ёрдам берасиз-да, – деди маъноли қараб опа.
“Майли” дегандай бош ирғаб тасдиқлаб қўйдим. Мен ўшанда ҳамма-ҳаммасини қалбимнинг туб-тубидан ҳис қилган, англаган бўлсам-да, бироқ бировга буни тушунтириб беролмасдим.
Мен кейинроқ суриштириб, университетда элликка яқин Азиза исмли қизлар борлигини, баъзилари билан суҳбатлашиб, ақлли, фаросатли, ҳаммаси ҳам гўзал ва дилбар эканлигини, энг ёмони: уларни ҳар бири билан ҳам бемалол оила қуриб яшаб кетоладигандек бўлиб туюлганди.
Сўнгги имтиҳонни топширишим билан битирув кечасини ҳам кутмай, фолчи хотинни бўралаб сўкиб, қишлоққа жўнадим.

* * *

Кўча бошида синфдошим Абдурашидни учратиб қолдим. Кажавали мотоциклида мени уйга ташлаб, тайёрланиб туришимни, бир оздан сўнг бир жойга бориб келишимизни айтди. Уйдагилар билан чақчақлашиб ўтиргандик, аввал мотоцикл товуши, кейин эса сигнали эшитилди. Ҳар галгидек, менга рухсат беришди. Ўша куни Абдурашид билан катта ариқ бўйига бордик. У хўроз уриштиришга жуда ишқибоз эди. Мотоцикл кажавасидан хўрозни олиб сўяр экан, “Ютқазиб қўйди, номард!” деди. Мен яна кимлар келишини сўраганимда, ҳамма буғдой ўрими билан бандлигини, синфдошларни тўплаш учун камида бир ҳафта олдин режалаштириш кераклигини тушунтириб, кажавадан яна иккита кабутар олди:
–     Ҳеч ёввойи кабутар еганмисан? – деди Абдурашид.
–     Йўқ, – дедим бош чайқаб.
–     Оҳ-оҳ, жуда мазаси бошқача-да!
У кабутарни бир қўлида маҳкам ушлади. Иккинчи қўлининг бармоқларини айри қилиб, қушнинг бошини айлантириб узиб олди. Титраб жон бераётган бошсиз каптарнинг бўйнидаги яшил тусли патларига қон юмалаб, гоҳ яшил, гоҳ қизил рангга кирарди. Бу ҳол менга бир вақтлар ўша майда-майда ҳуснбузарларга урилиб, гоҳ қизил, гоҳ шаффоф тусга кириб думалаб-думалаб тушган кўзёшларни, осиёча Азизани эслатарди. Юрагим зирқираб кетди. Бошқа сабр қилолмасдим… Мен йиғлаб юбормаслик учун ҳам ўтин териб келишни баҳона қилиб, бир айланиб келдим-да, кажавадаги пивони ип боғлаб ариққа ташладим, ўчоқ кавлаб овундим.
Ниҳоят, тансиқ таомни пишириб, тановвул қила бошладик. У нуқул ёввойи кабутар гўштини мақтаб, менга тиқиштиради.
–     Мана, мана, сонини егин, кейин биласан, – деб қўлимга ушлатиб қўйди.
Бор-йўғи бир чимдим гўшт, базўр оғзимга солиб чайнай бошладим.
Бўғзимга йиғи тиқилди.
Ариқ бўйига чўнқайиб ўҳо-ўҳолаб йўтала бошладим. Абдурашид бўлса, тиқилиб қолганга йўйиб, “Ҳеч кимнинг ҳақи йўқ”, деб курагимга бир-икки шапалоқ урганди, ўпкам тушиб қолай деди. Ўшанда қайноқ кўзёшларимни кўрсатмаслик учун муздек сувга юз-кўлимни ювиб ташладим…
Кечгача уёқ-буёқдан гаплашдик, янгиликлар, эскиликлар. Қишлоқда ҳамма бир-бирини танийди. Бу яхши, ҳам ёмон. Абдурашид ҳамма нарсадан хабардор – ким ўлди, ким қолди. Уйланган-у ажрашгандан. Ким нима қиляптию нима қилмоқчилигигача… Ҳатто кимнинг ити нечта туққанидан кимнинг сигири қисирлигигача…
Унинг гапларидан, гўё ўқишдалигимда қишлоқдаги ҳаёт ўзгариб, ўзга бир ўзанга тушиб кетгандай эди. Афтидан, у одамларда ҳаёт, муҳаббат, охират каби тушунчаларнинг мезонлари ҳам ўзгариб бораётганилигини ҳазм қила олмаётгандек эди. Лекин шунга қарамасдан унинг дунёқарашидан аввалгига қараганда анча улғайиб қолганини сезиш қийин эмасди. У хорижга бир йилга ишлашга кетаётганини айтиб, бирга кетишга таклиф қилди. Менинг дардим эса лаънати фолбин хотиннинг айтган тақдиридан қочиш эди.
–     Ҳорижда Азиза исмли қизлар бормикин?– дедим қизиқсиниб.
–     Эсинг жойидами? Азизалар нима қилади уёқда. Алиса, Алёна де! – деди.
Унинг таклифига рози бўлганимда белимдан қучиб даст кўтариб, “Па-йе-хи-ли!” деб чир-чир айлантира бошлади…

* * *

Ҳар сафар ўқишдан қайтган куним ярим тунгача ўртоқларим билан қолиб кетардим. Кейин эса тонггача онам билан суҳбатлашиб чиқардик.
Уйга келганимда алламаҳал бўлиб қолган, ука-сингиларим аллақочон ухлаб қолишганди. Фақат онам иссиқ чой дамлаб кутиб ўтирарди. Мен гапни нимадан бошлашни, кетишга қарор қилганимни қандай тушунтиришни билмай ҳалак эдим. Ўшанда онамдан: “Фолбинларга ишонасизми?”, деб сўрадим.
Улар шундай синчков боқдиларки, нигоҳларидан “Шунча йил нега ўқитдик, бидъатларга ишониб юрибсанми?” деган таъналарини илғаб олиш қийин эмасди. Шундан сўнг онам жоҳилият даврида жинлар осмон хабарларини ўғирлаб, айрим коҳин-фолбинларига етказиб туришганини, бироқ Муҳаммад (а.с) пайғамбар этиб юборилиши ва муқаддас китоб нозил бўла бошлагач, жинлар учун самодаги барча йўллар беркитилганини, улар Лавҳул Маҳфузда малоикларнинг бирор сўзини ўғринча эшитиб олса, учар юлдузлар қувиб етишини ва ҳалок этилишини, тақдир фақат ёлғиз Худогагина аёнлигини яхшилаб тушунтирдилар-да, омин қилиб, хайрли тун тилаб хоналарига равона бўлдилар.
Мен нима дейишимни билмай карахт бўлиб қолдим…
Шу пайтгача ҳеч ким менга бу қадар ишонарли далил келтира олмаганди. Фолбиннинг гапи бир зумда тумандай тарқалиб, ҳавога учди-кетди. Юрагим бўм-бўш бўлиб қолди.
Энди фақат бир нарса ўйлантираётганди. Мен Абдурашид билан бирга хорижга кетишга ваъда бериб қўйгандим.