Муҳаммад Очил. Гўшт суяксиз бўлмас (ҳажвия)

Қассоблик растаси. Қўлтиғида папка, оҳори тўкилганроқ бўлса-да шляпа кийган киши гўшт илинган чангакка яқинлашади. Халатининг устидан қора лас чопон кийган, қўш белқарс боғлаган қассоб уни кўриб қайроқ-пичоғини четга итқитади. Қўлларини икки биқинига артади, сўнг кўксига қўяди.
– Келсинлар, катта… Келсинлар!
– Ҳа, шу озгинагина лаҳм…
– Тушундим. Озгина-ю, созгина… демоқчисиз-да! Қани олдин ўша чучвара ейдиган қўлларингизни тутиб… Э-э, бу қон юқидан бурунни жийирманг! Кеча сўйган танача сал шўхроқ экан. Бўғзига пичоқни мана шундай тортиб… Қўрқманг, қўрқманг! Мен ҳув, анови Қўзи қассобга ўхшаб шишиб ўлган, ҳаром қотган, тўғри келган… Кечирасиз, катта… Сиз молиядансиз-а?!
– Йўқ, молияданмас. Менга гўшт…
– Ҳозир, ҳозир… Лекин-чи, катта, гўшт учун менга келиб тўғри қилибсиз. Мен ҳалиги, айрим… Сиз-чи, анови Қўзи қассобдан гўшт тугул, чандир ҳам ола кўрманг! Нега дейсизми? Э-э, у қаллоб қўй сўйса, қорнини дам билан дўппайтириш учун, оғзи билан пуфламайди… Беномус, валасапед насоси билан ел уради. Ана кўрдингиз?! Бу лаби жириқни тартибга оладиганлар ҳам бордир… Катта, сиз налогдан-а?!
– Йўғ-е?! Мен…
– Ҳа, майли, майли… Аттанг! Агар налогдан бўлсангиз ана ўша Қўзи қассоб устидан бир бўхча факт тўплагандим-да! Афсус… Сизга сон гўшти, менга ҳеч бўлмаса қайроқ-кундаси тегарди… Сабаби, Қўзи қассоб эмас, қаллоб, шайтонга қариндош! Олибсотар… Ҳа, ҳа… Кулманг. Исбот керакми? Мана свежий факт. Кеча жума бозордан танаси терисига ёпишган ғунажин сотиб олганини ўзим кўрганман. Ўша жониворгинани жума оқшом, шанба кун бўйи соғринига ковуш билан шапатилаб “семиртириб” якшанба бозор бир ярим бараварига сотса бўладими? Икки килогина кунжараси кетсаям одамга алам қилмасди… Катта, сиз, ҳалиги типографияда ишлайсиз-а? Келинг, шу ковуш бардорнинг ковушини тўғрилашга менга ёрдам…
– Йўқ. Мен мухбир эмасман. Менга гўшт…
– Шошманг, катта! Шошманг. Гўшт ҳам бўлади, тўш ҳам… Шошган пишак кўр туғар, кўр одамгина Қўзи қассобдан гўшт олади. Мен уни, энаси этагини кўтариб, тўғнағич қадаб қўйган маҳалдан бери биламан. Ёшлигида товуқни капгир билан уриб сўярди, бемаза. Энди эса гап бермайди, боди… Мақтанишларига куяйми? “Қўзи эмас, қассобларнинг “қўчқори” эмиш!”. Қўчқор-а? Биламиз, бебилиска пул бобовлатаётганини… Катта, сиз органдан-а? Шу бетовфиқнинг тарози тошини бир текширинг… Эгов билан ишқалаб ғозини қочирган. Ҳам тошдан, ҳам тарозидан, ҳам палладан, ҳам “калла”дан уради… Орган бўлсангиз бундай…
– Йўғ-е, органдаям ишламайман! Нима, танимаяпсизми? Гўштдан…
– Танияпман, катта, танияпман! Таниганим учун дардимни дастурхон қилаяпман-да! Сиз… телевидениедан… Топдимми? Лекин-чи, шу Қўзининг башарасини қоп-қора қилиб… Йўқ деманг… Шу Қўзининг гўштини менга майдалаб…
– Оббо, барибир, танимадингиз! Наҳотки, эслолмасангиз… Ўн йилча олдин шу шаҳардаги институтда ўқиганда, сизникида ижарага турардим. Ҳозир қишлоқда мактабда… Қани эски танишлик ҳурмати, ошга тош босадиган қилиб…
– Ҳм-м… Ошнинг гўшти суякли бўлади-да, иноға! Мен сизни чучвара… Тавба, қассобхонага ҳам папка қўлтиқлаб… Ҳм-м, хайр… хайр… Ҳой, шляпа! Шошма, сен, ахир, ўшанда икки ойлик квартира ҳақини бермай… Ҳў-ў, Қўзига ўхшамай…