Мени Ҳиндистон элчихонасига чақиришаётганини айтишди. Бош консул дўстим эди. Дарҳол унинг қиёфаси кўз олдимда намоён бўлиб юзимга табассум югурди. Биз у билан бир варакайига тўртта тилда ўзбекча, ҳиндча, русча, инглизча, аралаш-қуралаш гаплашар, расмий суҳбатимиз аския айтиш билан якунланар, унинг самимийлигими, сўзамоллигими ҳуш кайфият уйғотар, гоҳида қотиб-қотиб кулишардик.
Аммо бу сафар ундай бўлмади. У қўлимга ташриф қоғозини узатаркан, қоғоз устига ёзилган ёзувни ўқиб бир зум жойимда туриб қолдим. Унда катта-катта ҳарфлар билан “Алишер Ҳамроевга” деган сўзлар битилганди.
Алишер Ҳамроев.
Мен бу актёр билан 1998 йилда танишган эдим. “Янги ой чиққан кеча” филмига бош қаҳрамон излаётгандим. Менга мард, танти, ҳатто нохуш ҳатти-ҳаракатлари ҳам кечириб юборилаверадиган, одамлар бир кўрганда ёқтириб қоладиган, сумбати келишган, драматик қиёфага эга йигит керак эди. Киносиновга келганлар орасида Алишер яққол кўзга ташланиб турар эди.
Тасвирга олиш жараёнларида унинг интилишларини кўриб у кино учун туғилганини, бутун ҳаёт-мамоти кинода рол ўйнашга қаратилганлигини, у ҳаётда кинодан бошқа ҳеч нарсани ҳеч қачон ўйламаганини, қадди-қоматини ҳам, юзини ҳам актёр бўлиш учун парваришлаганини англаб етдим. У ҳатто қадам ташлаганда ҳам қайсидир машҳур актёрга тақлид қилар, суҳбат чоғларида ҳам кинодаги диалоглардан парча келтириб одамларни кулдирарди. Мабодо режиссер унинг тасвирга олиш жараёнларидаги маҳоратини мақтаб қолса қувонар “Профессионал дебуа» дея илжаяр, “Ё тавба, бу ким Иннокентий Смоктуновскийми ё Бондарчукнинг ўзими?!” – дея оппоқ тишларини кўрсатиб, оғзи қулоғида иршаярди. “Шох саройида тартибсизликлар қилишингизга йўл қўймайман” дея баъзида ўдағайлаб қоларди режиссёр.
“Атрофимда маликалар гирдикапалак бўлишди, лекин сизга ҳеч қачон хиёнат қилмадим, Марфа Василевна!” – дея тиз чўкарди Алишер.
Гоҳида у кинога суратга тушган жойларга бориб қоламан. Қизиқ, мана у суянган дарахт, у очган эшик жойида, у ушлаган қилич ҳам бус-бутун. Фақат нега у йўқ?!
Нега унинг юз қиёфаси кўз олдимда намоён бўлаверади. Нега унинг ўзи йўқ? У ҳали ёш йигит эди-ку. У ҳам яшаши керак эди-ку? Унинг ҳамма тенгдошлари, дўстлари ҳали яшаяпти-ку? Эсимда бир кун бир қизча: “Алишер Ҳамроевни қаттиқ севиб қолгандим. У киши мени танимасаларда, ҳаёлан у киши билан суҳбатлашардим, юрагимдаги ҳамма гапларни у кишига айтардим. У кишини ўлганларини эшитганимда етти кун ҳушимга келмадим. Ҳатто туғишган акам ўлганларида ҳам бу қадар изтироб чекмагандим. Актёр сифатида у менинг бутун борлиғимни сеҳрлаб олган эди. Уни ҳар бир сўзини, ҳар бир ҳатти-ҳаракатини севардим. У менинг жону-жаҳоним эди. Айтинг, нега айнан мен севган, айнан мен муҳаббат қўйган инсон ўлиб қолди. Энди тўғрисини айтсам бировни яхши кўриб қолишдан қўрқиб қолдим. Қизчани гапи негадир хаёлимга қаттиқ ўрнашиб қолган. Унинг саволларига жавоб тополмайман.
Алишер кинода ўйнаган бир саҳна бор. Унда Алишер уйдан чиқиб кетиш саҳнасини ўйнайди.
“Қосимхон: – Кечирмасанг йўқол бу ердан.
Малика: – Керак бўлса сиз йўқоласиз бу ердан.
Қосимхон: – Агар сен мен билан тенглашмоқчи бўлсанг хато қиласан. Билиб қўй, эр киши адашса аёл ҳамма вақт кечиради. Лекин аёл адашса эркак ҳеч қачон кечирмайди.
Малика: – Менда энди сизни кечирадиган сабру-тоқат ҳам, раҳм-шавқат ҳам қолмаган.
Қосимхон: – Ҳали шунақами?
Малика: – Шунақа!
Қосимхон: – Шунақа бўлса, энди ўзингга бошқа эр топиб ол.
Қосимхон костюмини елкасига илди-да, эшикни тарақлатиб чиқиб кетди”.
Бу саҳнани неча бор такрор-такрор суратга туширган эдик. Алишер костюмини елкасига илиб эшикни тарақлатганча чиқиб кетар, режиссёр “Бўлди стоп!” дегандан сўнг хонага илжайиб кириб келар, Маликадан “Қаттиқ туртиб юбормадимми?”, дея узр сўрарди. Ва мендан муҳаббат саҳнасини кўпроқ ёзиб беришимни, шундай саҳна кўпроқ бўлишини илтимос қиларди. Ўзи ҳам табиатан ҳинд киноларинниг шайдоси эди. Биласизми дерди у, ҳиндларга жуда кўп ўхшаш томонларимиз бор. Фидойиликда, садоқатда, муҳаббатда ҳиндлардан қолишмаймиз. Балки улардан ҳам ўтказиб юборамиз. Бизда фақат изҳор этиш санъати етишмайди. Севгимизни бўлса бўлди, бўлмаса йўқ дегандай дангал айтиб қўя қоламиз. Кимнидир бир умр севамиз-у, севган одамимизга бир оғиз айтмай юраверамиз. Бир умр кимгадир фидойи бўлиб ўтамиз-у, лекин буни ҳеч ким билмайди. Садоқатимизни ҳаммадан яширамиз, ҳаммамиздаги мана шу жавоҳир фазилатларни, муҳаббатни, мардликни, жасоратни оламга ёйиш бу ёзувчиларнинг иши. Сизлар ёзинглар, биз актй
орлар қойилмақом қилиб ўйнайлик. Биз ўзбеклар ўзбек киноси довруғини ҳинд киносидай оламга таратмас эканмиз, халқимиз олдида қарздор бўлиб қолаверамиз.
Алишер Акшай Кумарга ўхшаб кетади. Гавдаси, юз тузилиши, сочлари, кулишлари. Мободо у Бомбейда туғилган бўлганида эди, албатта у Болливуд чўққисини забт этган бўларди. Мен буни фақат ташқаридан туриб бир ўзбек зиёлиси сифатида эмас, Болливуддаги бир қанча кинотасиврга тушириш майдончаларида бўлган ва кинога олиш жараёнларида актёрларимизни қобилияти қай даражада намоён бўлишини билган киши сифатида айтаяпман. Мен Бобби Деол, Приянка Чопраларнинг кинога тушиш жараёнларида иштирок этганман ва фавқулодда айрича бир истеъдодни кўрмай ҳайрон бўлганман. Кўпинча Акшай Кумар ўйнаган филмларни кўриб Алишер ҳам мана шундай ўйнай олармиди дея ҳаёлан ҳар иккисини таққослаб кўраман ва таққослай туриб уларни иккаласини бир-биридан адаштириб юбораман. Кинода Акшай Кумар ўйнаётган бўлса, кўз олдимда Алишер намоён бўлаверади ёки Алишерни филмларини кўриб туриб, қаршимда Акшай Кумар пайдо бўлаверади.
Ҳиндистонга сафарларимдан бирида Алишер тушган филмларни, унинг суратларини инглиз тилидаги биографияси ёзилган дискетни ўзим билан бирга олиб кетдим. Мақсадим ҳинд киноларида унга рол ўйнатиш эди. Дастлаб бу орзуим хом ҳаёлдек туюлган эди. Лекин Болливудда Америка, Европа, Осиё давлатларидан, Африкадан келган кўплаб актёрларни учратиш мумкин.
Унинг расмий ҳужжатларини, фотоалбомини Болливуд маъмуриятига топширганимда менда ҳеч қандай ишонч йўқ эди. Минглаб одамларнинг ҳужжатлари орасида қумга тушган тилладек йўқолиб кетса керак деб ўйлагандим. Лекин қайтганимда бу шубҳаларни Алишерга билдирмаган, жавобини кутайликчи Дея гапни қисқа қилгандим. Аслини олганда унинг юрагида ҳам менинг юрагимда ҳам умид учқунлари милтираб турарди. “Мен у ерга тайёр стсенарий билан бораман. Менга шундай бир стсенарий ёзиб берингки, у буюк ва адабий мавзу, муҳаббат ҳақида бўлсин. Мен ўзбекнинг юраги нақадар улуғ эканлигини жаҳонга кўрсатай. Ундан севги бизда кеча ҳам бор эди, бугун ҳам бор, эртага ҳам бўлади. Фақат нега бугун ёзувчиларимиз буни ёзмаяпти, ахир кеча ”Лайли ва Мажнун”, “Фарҳод ва Ширин”лар ҳақида ёзилганди.
Улар ҳаётимизда бугун ҳам бор, фақат адабиётимизда уларнинг образи йўқ. Нега? Нега шундай асарлар ёзилмаяпти? Сиз шундай бир асар ёзиб берингки, ўзбекнинг муҳаббати, садоқати, буюклиги тилларда достон бўлсин. Дунёда шундай бир халқ борлигидан дуне аҳли фахрлансин. Агар ёзолмасангиз юринг Бухорога. Мен муҳаббат учун жонини қурбон қилган йигитларнинг қабрига олиб бораман. Муҳаббат учун ўзини дарёга ташлаган қизларнинг қабрини кўрсатаман. Наҳотки муҳаббатни ўз ҳаётларидан устун қўйган одамларнинг қабри ҳам ёзишингиз учун кафолат бўлолмаса?! Уруш тугаганига 60 йил бўлаётган бўлсада, ўз турмуш ўртоқларини кутаётган момоларнинг фидойилиги илҳом беролмаса. Бир-бирларини ўн йиллаб, йигирма йиллаб кутган, сўнгра топишиб турмуш қуриб бахтли яшаётган Фарҳодни жасоратини, Мажнунни девоналигини такрорлаганлар минглаб топилади. Биз буларни ёзишимиз шарт. Бу бизнинг қарзимиз, бўйнимиздаги бажаришимиз фарз бўлган қарзимиз, дея бутун вужуди титраб гапирарди у.
Элчихонадан шалвираб чиқар эканман, Болливуддан келган ташриф қоғозини ўқиб кўзимдан ёш сизиб чиқарди. “Соҳиб” Алишер Ҳамроев дея ёзилади хатда. Сизнинг қисқача бигорафиянгиз билан танишиб чиқдик. Ўзбек ва ҳинд кино санъати бир неча ўн йиллардан буён давом этиб келарди. Ана шу анъана янада мустаҳкамланиши тарафдоримиз. Йўл ҳаражатларини барчасини зиммамизга олган ҳолда яқин кунлар ичида Мумбай шаҳри, Болливуд кино шаҳарчасига ташриф буюришингизни сўраб қоламиз. Тегишли маълумотларни Ҳиндистонни Ўзбекистондаги элчихонасидан олишингиз мумкин.
Ҳурмат билан Манабендра Мукерджи.
“Алишержон, айт бугун энди сени қаердан топай? Энди мен бу хатни кимга ўқиб бераман? Энди Ҳиндистонга ким боради? Алишержон энди бу хатни қабринг тепасига олиб борайми? Бу хатни ёзишга қандай қўлим боради? Юзим қандай чидайди? Сени кутаётганларнинг умиди истиқлол шарофати билан оламга бўй чўзаётган миллатимдан умид қилаётганлар эмасми?
Нега миллатимнинг сендайин оташқалб кишиси қора тупроққа йўл олдик. Нега ёруғ нур бўлдингу, сенинг нурингга интилганларнинг умидини сўндирдинг. Бу хат қўлимни куйдирмоқда. Бу хат қалбимни кул қилмоқда. Агар, сен бугун ҳаёт бўлганингда, қанот чиқариб учмасмидинг, сени қучоқ-қучоқ гуллар билан кузатмасмидим. Ишонаман, сени шода-шода мойчечаклар ўрами билан кутиб олишиб, бўйнингга ташлашарди. Ишонаман, сен Болливуднинг эркаси бўлардинг. Ишонаман, сени кутиб олганлар орасида Акшай Кумар ҳам бўларди. “Ия, менга ўхшаш одам яна битта бор экан-ку, кел ака-ука тутинамиз” – деган бўларди.
Аммо, сен энди қаердасан, Алишержон!”
Ўша куни хатни ён чўнтагимга солиб бутун Тошкентни пиёда кезиб чиқдим. Одамларнинг қиёфасига разм соламан. Худди қаршимдан Алишер чиқиб қоладигандай. Ҳаммага бирма-бир синчиклаб қарайман. Юзларини кўролмай ўтиб кетганларнинг ортидан чопиб бориб юзларига тикиламан. Баъзилари менга телбага қарагандек қарашади. Мен ҳам уларга қайта қарайман ва Алишерга ўхшатолмай нари кетаман.
Уйга ярим кечаси кириб бордим. Чўнтагимда хат. Шу кўйи ўзимни каравотга ташлаб ухлаб қолибман. Тушимда ”Янги ой чиққан кеча” филмидаги Алишер ўйнаган саҳна кирибди: “Малика деразадан ойга маҳлиё бўлиб турар экан, эшик қўнғироғи жиринглаганидан чўчиб тушди. Ким экан? Онасими, Марямми, Шухрат Аҳадовичми, ҳаёлига ҳеч бир ёмон фикр келмай югуриб бориб эшик зулфини бўшатди. Ташқарида Қосимхон турарди.
Малика эсанкираб ортга чекинди.
– Келинг.
– Мана, мен келдим! – Қосмхоннинг қўлида Амир Олимхон
давридан қолган қилич ялтирарди. У ичкарига кириб эшикни беркитди…
Туш бўлсада, мен унинг кўзларини худди ўнгимда
тургандек яққол кўрардим. Худди менинг уйимга кириб
келгандай, туриб унга жой кўрсатмоқчи, хатни қўлига топширмоқчи бўламан.
Ҳа, Алишер Ҳамроев бугун ҳам тирик. У ўзбек кино санъатида мангу қолажак.