Тўй яхши-да! Бир яхши, серзавқ, чиройли тўй бўлди-ки! Етти нафар ака-укалар ичида энг каттаси бўлган Камол, акаси ўғлини уйлантириши муносабати билан роса “яйраган” бўлса-да, Мурод бошқаларга ўхшаб эс-ҳушини йўқотмади. Ярим тунга яқин тўйнинг “чўғ”и пасайиб, келин-куёвнинг дам олишига рухсат берилган, қўни-қўшни-ю узоқда турадиган қариндошлар сийраклашиб, фақат яқинлар билан тўйда хизмат қилганларгина “яйраётган” пайтда, Мурод кутилмаганда “кетаман”га тушиб қолди.
— Вой, шу вақтда қаерга кетасиз? — деди хотини Баҳриниса чимирилиб. — Роса кайфингиз ошган, бу ёғи тун бўлса, кўчада транспорт йўқ. Машинада келган қариндошларнинг ҳаммаси тарқалиб кетиб бўлди.
— Сочинг узун бўлсаям, калта ўйлайсан-да! — ўшқирди Мурод. — Биринчидан, менинг кайфим ошгани йўқ, шунчаки бир озгина томоқни хўлладим, холос. Иккинчидан, уйингдаги ўттиз-қирқта қўйинг кечқурундан бери очлигидан маъраб, қўшниларнинг қулоғини қоматга келтираётгандир? Сигиринг-чи, уни эрталаб ким соғади? Сен салом-паломни ўтказиб боргунингча кун кеч бўлади-ку!
— Вой! — Баҳриниса ҳайрат билан эрига тикилди. — Нима, сигирни ўзингиз соғмоқчимисиз?
— Нега мен соғарканман, эсипаст? Ана, қизинг соғади!
Мурод сал нарироқда бир қиз билан гаплашиб турган Маҳина томон ишора қилди.
— Нима, ҳали ярим тунда Маҳинани ҳам олиб кетмоқчимисиз?
— Нима бўпти, олиб кетсам? Кўча тўла машина! Пулини берсанг, Каттақўрғонгаям олиб бориб қўйишади киракашлар!
Эр-хотиннинг овози қаттиқроқ чиқиб кетаётганини эшитиб, Баҳринисанинг синглиси Замира уларга яқинлашди:
— Ҳа, почча, тинчликми?
— Кўрмайсизми, “уйга кетаман” десам опангиз қўймаяпти! Кўчадаги қизлар олиб қочиб кетишидан чўчияпти-да!
Мурод хахолаб кулиб юборди, бундан Баҳринисанинг энсаси қотиб, бурнини жийирди-да, кафти билан лабини тўсганча, улардан сал нари кетди. Аммо шу орада нимадир эсига тушиб қолган Замира, поччасига жиддий қараб деди:
— Вой, почча, тўғри қиласиз уйга кетиб! Биз бу ерда бўлсак, уйдаги мол-қўйларга ким қарайди? Эрталаб сигирниям соғиш керак!
— Мен ҳам шуни айтяпман-да! — деди Мурод қайнсинглиси ўзини тушунганидан баҳри-дили очилиб. — Шунга Маҳинани олиб кетай, десам, опангизнинг жаҳли чиқяпти-да!
— Поччажон, менинг қизим Муҳаррамни ҳам ола кетинг. Маҳинага шерик бўлиб, сизларникида ухлаб, эрталаб вақтли уйга чиқиб сигирни соғади-да, кейин яна келинсаломгача қайтиб келади. Ўзи уйга кетолмаслигимни, сигирим соғиқсиз қолиб кетишини ўйлаб, юрагим сиқилиб кетаётганди. Биласиз, келин қайнэгачимнинг қизи, мен янга бўлиб қолишим керак…
— Бўпти, бўпти! — деди Мурод сергапгина қайнсинглисининг ҳасратини ўртасида кесиб. — Қани, Муҳаррамни чақириб беринг, тезроқ йўлга туша қолайлик.
— Ҳозир-да, бир зумда чақириб келаман!
У яна нималардир дея ҳовли тўридаги уйга қараб кетди. Замира Муродларнинг ёнидаги маҳаллада яшайди.
Орадан бир зум ўтар-ўтмас, Замира қўлида катта тоғора кўтарганча, норози қиёфадаги қизини бошлаб чиқди.
— Эрталаб вақтлироқ тургин-да, сигирни соғиб, молларга еми билан сувини бериб, кейин тезроқ йўлга тушгин! Тағин келинсалом тугаганидан кейин сўррайиб кириб келмагин! — дея қайта-қайта уқтирди Замира қизига.
— Хўп, дедим-ку! — деди ниҳоят қизи онасининг қўлидан тоғорани олиб.
Тўй эгалари ва бошқа қариндошлар “Эрталаб, келин саломдан кейин кетарсизлар”, деб қанчалик ундашса-да, Муроднинг ўжарлиги тутиб, уйдаги мол-қўйлари қаровсиз қолганлигини баҳона қилиб, йўлга отланди. У тўнғич ўғли Жаҳонгирни ҳам тўйхонадан чақириб чиқди. Аммо Баҳринисанинг қўлидаги тоғорага кўзи тушиб, дарров феъли айниди.
— Тоғорангни ўзинг олиб борасан! Ярим кечада энди сенинг тугунингни кўтариб юришим қолувди! Жиянингни қўлидаги тоғорани ҳам ол! Синглингга айт, тоғорасини ўзи кўтарсин! Энди муштдек қиз боланинг хотинларга ўхшаб тугун кўтариб юриши етмай турувди! Қачон синглинг уйига борса, ўшанда кўтариб кетаверади.
Эрининг феълини яхши билган Баҳриниса, индамади-ю, аммо синглисининг қизи тоғора ушлаб турганини кўриб, уни четга чақирди. У Муҳаррамнинг қулоғига бир нарсаларни шивирлаб уқдирган бўлди-да, кейин унинг қўлидаги тоғорани олиб, ичкарига олиб кириб кетди.
— Уф, шу тоғорани кўтаришдан қутулганимга шукр! — деди Муҳаррам бир зумда кайфияти кўтарилиб, чеҳраси очилганча Маҳинанинг елкасидан қучоқларкан. — Даданг зўрлар-да!
Қизлар пиқиллаб кулиб юборишди. Мурод кўчага чиқди-ю, вақт ярим тунга яқинлашиб қолган бўлишига қарамай, дарровгина такси тутди. Таксичи ёшгина йигит экан, аввалига қишлоққа бормаслигини, қайтишда у ёқдан йўловчи бўлмаслигини айтиб, оёқ тираб олди. Аммо бориш ва қайтиш учун пул олишини эшитиб, дарров кўна қолди.
Вақт ярим тундан оқиб қолган, кундузги жазираманинг ҳовури қайтиб, салқин шабада эса бошлаганди. Ҳайдовчининг ёнида ўтирган Мурод зўр бериб тўй таассуротлари ҳақида оғиз кўпиртириб сўзларкан, амакисининг тўйида югуриб-елиб хизмат қилиб, роса ҳолдан тойган Жаҳонгир, орқа ўриндиқда ўтирганча мудрай бошлади. Маҳинани ҳам уйқу элитаётганди, шу сабабли ҳам у тўй завқидан чиқолмаётган Муҳаррамнинг гапларига қулоқ ҳам тутмай, очиқ ойналардан елиб кираётган шабада эпкини тортқилаётган сочларини текислай бошлади.
Кутилмаганда “қарс” этган товуш янгради-ю, тун зулматига чўмган қишлоқ кўчасидан елиб бораётган машина қаттиқ силкинди-ю, йўл чеккасида тўхтади.
— Нима бўлди? — уйқу элитганидан, гапдан тўхтаб, бошини ўриндиқ суянчиғига босган Мурод, чўчиб, атрофига аланглади.
— ўилдирак кетди! — хитоб қилди ҳайдовчи йигит афсус билан бош чайқаб. — Заҳира ғилдирагим ҳам йўқ эди-я! Э-э, ўзи аслида шу ёққа келишга оёғим тортмагани бежиз эмас экан!
— Майли, ука, энди нимаям дейсиз, ўзи шунақа бўлиши керак экан-да! — деди Мурод бир зумда ҳушёр тортиб.
У тун зулматига чўмган далаларга аланглаб, қаерда эканликларини аниқлашга уринди.
— Қабристон ёнига келиб қолибмиз. Майли, бу ёғи икки чақиримча жой, яёв юрсак ҳам етиб оламиз. — У ҳайдовчининг елкасига қоқиб қўйди. — Ука, ташвишланманг, эрталабгача бизникида дам оларсиз, тонг ёришгани ҳамон қўни-қўшнилардан ғилдирак топамиз-да, ўрнатиб кетаверасиз. Қалай?
У ўзининг топқирлигидан хурсанд бўлиб, гердайиб қўйди. Аммо нордон ғўра чайнагандек афти буришган ҳайдовчи йигитга бу таклиф ёқмагани аниқ эди.
— Машинам-чи? — деди у қўлларини ёзиб.
— Машинангиз қолаверсин, қишлоқ жойда унга ҳеч ким тегмайди. Қолаверса, ярим тунда бу йўлдан ҳеч ким юрмайди ҳам. Қишлоқда ҳаёт тонг ёришганидан сўнг бошланади, укам…
Аммо ҳайдовчи йигит машинасини қолдириб, улар билан бирга кетишдан бош тортди, бирон-бир йўловчи машина ўтиб қолса, ғилдирак сўрашини, жуда бўлмаганда машинасини шатакка олдириб шаҳарга қайтишини айтди.
— Ярим тунда қабристон ёнида ёлғиз ўтираверасизми? — сўради Мурод ажабланиб, қўлларини кенг ёзганча атрофни имо билан кўрсатаркан. — Кечаси бу ерда ўтирадиган марднинг юраги тўртта бўлиши керак!
— Э, ака, машинаниям ғилдираги тўртта-да! — ўзича аския қилган бўлди ҳайдовчи йигит кайфияти тушиб кетганини яшириш учун. — Аммо машинамни ўғирлаб кетишса, унда биттаям юрак қолмайди менда!
Ҳайдовчи Муроднинг орқа ўриндиқда ухлаётган ўғлини уйғотмай, ҳайдовчига шерикликка ташлаб кетиш ҳақидаги таклифини ҳам рад этди.
— Балки ярим соат-бир соат ичида биронта йўловчи машина ўтиб қолар, ўғлингизни бу ерга ташлаб кетишга қўрқаман. Майли, ака, кетаверинглар, бу ёғига розиман…
Мурод ўғлини уйғотиб, воқеани тушунтирди-да, қизларни олиб, қабристон ёнидаги торгина, аммо равон йўлдан дадил юриб кетди. Жаҳонгир дадасининг ёнида индамай одимлар, Маҳина билан Муҳаррам эса келиннинг оқ кўйлагини ва тўй тафсилотларини муҳокама қилганча паст овозда суҳбатлашиб, кулишиб кетишарди.
Бир неча дақиқа шу тариқа йўл юришди. Кутилмаганда Маҳинанинг бўйнига муздек шабада урилгандек бўлди, кимдир сочларига пуфлагандек туюлди. Кейин қиз кимдир елкасига қўлини қўйганини сезди. Бу ҳам етмагандек, у яна қизнинг товонини ҳам босиб олди…
— Тўғри юринг, шу пайтда ҳазилга бало борми?! — деб ўшқирди Маҳина, жаҳл билан орқасига ўгирилар экан.
Гап билан овора бўлган қиз, бу совуқ қилиқни акасининг одатдаги қолипга сиғмайдиган ҳазилларидан деб ўйлаганди. Аммо у не кўз билан кўрсинки, орқасида ҳеч ким йўқ, акаси эса ундан икки қадамча олдинда — дадасининг ёнида кетаётганди. Жаҳонгир билан Муроднинг ўртасида эса қандайдир бир оппоқ “одам” бор эди. Тўғрироғи, унинг қадди-қомати одамга ўхшайди, аммо башарасини, кийимларини аниқ кўриб бўлмайди, худди оппоқ тутунга ўхшайди. Оппоқ тутунга ўхшаган шарпа Мурод билан Жаҳонгирнинг ўртасида енгил сузиб борар, қўлларини уларнинг елкасига ташлаб олганди…
Даҳшатдан Маҳинанинг юраги қинидан чиқиб кетай деди. У овозининг борича “Ойижон!” деб қичқирди-ю, жон ҳолатда елкасидаги “қўл”ни улоқтириб ташлади ва қишлоқ томон югуриб кетди…
Маҳина кўзини очганида, ўзининг ҳовлисидаги тахта сўрида ётганини, дадаси билан акаси эса юзига сув пуркашаётганини кўрди. Муҳаррам унинг ёнида йиғлаб ўтирарди.
— Қизим, ўзингни бос. Одам чарчаганида кўзига ҳар бало кўринаверади! — деб тинмай қайтарарди Мурод, Маҳинанинг бошини силаганча, аммо унинг кўзлари бутунлай бошқа нарсани айтиб турарди.
Гарчи қўрқуви ҳамон чекинмаган, оёқ-қўллари дир-дир титраётган бўлса-да, ўзининг уйида эканлигидан кўнгли бир оз таскин топган Маҳина, тинчланиб, ухлаб қолди…
Қуёш терак бўйи кўтарилганда уйғонган қизга тунги даҳшатлар худди тушдек туюла бошлади. У юз-қўлини ювгач, сочини тараётиб, тўсатдан дадасининг ғалати назар билан тикилиб турганини кўриб қолди. Қаттиққўл, унча-мунча нарсага парво қилмайдиган Муроднинг катта-катта очилган кўзларида туганмас бир қўрқув акс этардики, бундан Маҳинанинг ўзи ҳам чўчиб кетди. Аммо дадасидан нега бундай қараётганининг сабабини сўрашга ботинолмади, беихтиёр кўзгу томонга ўгирилди ва яна соч тарашга тутинаркан, тўсатдан бўйни устидаги сочларидан бир тутами оппоқ оқариб кетганини кўрди. Маҳинанинг белига тушадиган узун сочлари то учига қадар оппоқ эди!
Онаси ҳам, қариндошлари ҳам Маҳинанинг сочи оқарганини тунда қўрққанининг асорати деб ҳисобларди, аммо қизнинг ўзи… бўйни устида уфурган совуқ нафас ҳақида ҳеч кимга айтолмасди.
Аммо уни унутолмасди ҳам. Гарчи бу воқеа юз берганига ўттиз йилдан ошган бўлса-да, ҳозир кекса ёшга етиб қолган онахон ўша тунда юз берган даҳшатни ҳамон унутолмайди. Ҳозир қарилик туфайли сочлари оқарган бўлса-да, бўйни устидаги бир тутам соч қордек оппоқлиги билан ҳамон ажралиб туради…