Худди тўйга кетаётгандек ясаниб олган дадаси дарвоза олдида турган Санобарнинг қўлига кичкинагина оппоқ қўзичоқ тутқазди.
— Асал қизим, бу сенга ҳайитлик! Эслик қиз бўлиб, ойинг ишга кетганида укаларингга қараб ўтиргин, хўпми?!
— Дадажон, мениям олиб кетинг! — ялинди дадасини соғиниб кетган қизча кўз ёшларини тия олмай.
— Мен узоққа кетяпман, қизим, сени кейинроқ олиб бораман…
Шу пайт қайноқ нимадир Санобарнинг юзини куйдирди. У чўчиб кетиб, шундоқ қарасаки… ўзининг ўрнида ётибди, ёнида онаси энгашиб турибди. Кўз ёшлари юзини юваётган Сабоҳат қизини маҳкам қучоғига босиб, тинмай “Қизим, кўзингни оч! Мени қўрқитма, қизим!” деб такрорларди.
— Дадам… — деб шивирлади қизча ҳамон туш таъсиридан ўзига келолмай, эшик томон интиларкан. — Дадам кетиб қоладилар!
Сабоҳатнинг мижжаларини ҳам қайноқ кўз ёшлари тўлдирди. Унинг эри Низомжон оғир касаллик туфайли бевақт қазо қилганига бир йилча бўлиб қолди ҳамки, қизи бечора дадасидан айрилганига ҳамон кўниколмаяпти. Кунда-кунора тушида дадасини кўриб, йиғлаб уйғонади, кейин бир-икки кунгача ланж бўлиб, ранги ўчиб юради.
“Эй, худойим-ей, шунча кулфатлар устига шу етмай турганди!”, юраги сиқилиб ўйлади аёл ва айни шу пайтда қўнғироқли соат жиринглаб қолди. У хушёр тортди: соат эрталабки тўрт бўлибди, ишга кетиши керак.
Сабоҳат ўрнидан турди, ошхонадан пиёлада совуқ чой олиб келиб, кўз ёшлари тинган ва яна мудрай бошлаган қизига мажбурлаб ичирди.
— Санобар, асал қизим, ўзинг эсли қизсан-ку, мени қўрқитмагин, илтимос! – деди қизининг юзларини, сочларини силаб. — Мен ишга кетишим керак!
— Майли, бораверинг, — деди қизча онасининг бўйнидан қучоқлаб. — Ойижон, мен ақлли қиз бўлиб ўтираман!
— Ўзимнинг эсли қизимдан айланай! — Сабоҳат уни бағрига босди. — Бўпти, мен ишга кеч қолмай, қизим. Ҳали эрта, укаларинг тургунича ухлаб олгин, хўпми? — эшик олдига етганида Сабоҳатнинг эсига бир нарса тушиб, қизининг ёнига қайтди. — Она қизим, эрталаб турганингда оқ қўйимизга бир қараб қўйгин, хўпми? Шу бугун қўзиласа керак деб туни бўйи пойладим ўзиям…
Аллақачон кўзи уйқуга тортиб кетаётган Санобар онасига жавобан бош ирғади, Сабоҳатнинг кўнгли жойига тушиб, ишга жўнади. У фермада соғувчи бўлиб ишлайди, шу сабабли ҳам уч нафар фарзандини уйда ёлғиз қолдириб, эрта тонгда сигир соғишга кетади. Яхшиямки, тўққиз ёшли Санобари эсли-хушлигина қиз чиқди, онаси йўқлигини билинтирмай, укаларини вақтли уйғотади, катта укасини мактабга жўнатади, кичкинасини боғчага олиб боради, кейин ўзи дарсига етиб боришга ҳам улгуради. Кечқурун онаси ишдан қош қорайганда келса-да, укаларини йиғлатмай, қўрққанини билдирмай ўтиради. Фақат кейинги пайтларда ҳадеб дадасини тушида кўраётгани чатоқ бўляпти-да…
Сабоҳат одатдагидек йигирма бошдан ошиқ сигирларини соғишга берилиб кетиб, ҳамма нарсани унутди ва бу вақтда уйида нима ҳол юз бераётганидан бехабар қолди.
Онаси кетаётганида ухлаб қолган Санобар тўсатдан дераза тақиллашидан уйғонди. Бола-да, аввалига бир зум уйқусираб, ўрнидан турмай ётди, кейин ўзига келиб, сакраб ўрнидан турди.
— Ҳозир, ойижон, туряпман! — деб қичқирди у ва яланг оёғига калишини илганча, югуриб ҳовлига чиқди.
Уйқусирагани учун ҳам у ойисининг ишга кетиб бўлганини сезмаган, шунинг учун дарвозани қулфлаб олишини сўраяпти, деб тушунганди. Санобар қарасаки, ойиси йўқ: дарвозани ташқаридан қулфлаб, аллақачон ишга кетиб бўлган экан. Туни бўйи ёққан қор тизза бўйига етган, ҳаво жудаям совуқ эди. Иссиқ уйдан юпун югуриб чиққанигами, қизча титраб кетди, калишига қор тушиб, оёқлари қалтиради, уйқуси ҳам бир зумда ўчиб кетди.
Санобар югургилаб уйга кирди-да, ҳали тафтини йўқотмаган ўрнига кириб олди. Баданига иссиқ ўтиб, ўзига келгунича бирпас ётди, аста-скин кўзи илиниб, мудрай бошлади. Шу пайт яна дераза ойнаси аста тиқиллади, боғ томонда қандайдир тарақлаган овоз эшитилди. Уй ичи қоронғи бўлгани учунми, қизча чўчиб кетди, ўрнидан туриб, чироқни ёққани ҳам қўрқди. Тўсатдан эсига эртаклардаги девлар, жинлар тушди. Қўрққанидан оёқлари музлаб қолаётганини сезди. У оёқларини кўрпа остига тортиб, ғужанак бўлиб олди-да, қўрқа-писа дераза томонга кўз ташлади. Ҳеч ким йўқ. Дераза ғира-шира ёришиб, тун осмони аста бўзара бошлаётгани кўриниб турар, аммо уй ичи зим-зиё қоронғи эди.
Санобар укаларининг бир маромда пишиллаб нафас олишига қулоқ солиб ётаркан, тўсатдан боғ томондан дадасининг “Санобар!” деб чақирганини эшитди. У ётган жойидан сакраб турди-ю… шу онда тўсатдан дадаси бир йилча муқаддам вафот этгани, энди уни ҳеч қачон чақирмаслиги эсига тушди. Беихтиёр кўз ёшлари қуйилиб кела бошлади, қизча пиқиллаб йиғлаб юборди. Унинг хўрлиги келиб, соғинч ёшлари кўзларидан тўхтовсиз оқиб тушаркан, энди ҳовлидан дадасининг товуши аниқ-тиниқ эшитилди:
— Санобар!
Қизча ҳамма нарсани унутди-ю, айвонга югуриб чиқди. Айвонда туриб, ғира-шира қоронғилик қўйнидаги ҳовли сатҳига назар ташлади. Назарида, ошхонанинг нариги томонида жойлашган молхонанинг эшиги ёнида дадаси тургандек бўлиб туюлди. Қизча кўзларини катта-катта очиб тикилди: ҳа, дадаси молхонанинг эшигини очяпти…
Шу пайтда Санобар дунёдаги ҳамма нарсани унутди, дадасини жудаям соғинган қизчанинг юракчаси гупиллаб уриб кетди. У ғизиллаганча айвондан тушиб, молхона томон югурди. Ҳақиқатан ҳам молхона эшиги ланг очиқ турар, ҳатто чироғи ҳам ёқиқ эди. Қизча эшик олдида турганча интизор кўзлари билан дадасини излар, аммо бу ерда ҳеч ким йўқлигини кўриб, қалби тобора ҳувиллаб борарди.
Тўсатдан Санобар бурчакдаги илгари сигир турган, ҳозир қўзилашини кутишаётган бўғоз оқ қўй ётадиган жойдан аянчли маърашни эшитди. Ўша томонга қаради-ю… кўзлари қувончдан чарақлаб очилиб кетди. Бурчакда пахтадек оппоқ, жунлари жингалак қўзичоқ ётар ва мунчоқдек қоп-қора кўзларини унга тикиб, ингичка овозда маъраб қўярди. Оқ қўй эса негадир қоронғи бурчакка тиқилиб олганча аянчли маърар ва тинмай оёқлари билан ер тепинарди.
Қўйнинг бу хатти-ҳаракатлари негадир қизчага қизиқ туюлди ва қўй тикилаётган бурчак томон бўй чўзиб қаради. Не кўз билан кўрсинки, илгари сигирнинг чиқиндилари тўкиладиган, ҳозир эса қуп-қуруқ қилиб супуриб қўйилган чуқурча ичида оппоқ нимадир ётар ва тинмай типирларди. Она қўй эса ўша чуқурча тепасида бошини пастга эгганча, тинмай маърарди. Санобар чуқурча ичида нима борлигини кўриш учун ўша томонга юрди ва пастда типирлаётган нарса оппоқ қўзичоқ эканлигини кўрди. Ожиз, заифгина, оппоқ жунлари ҳўл қўзичоқ совуқданми ёки бошқа сабабданми тинмай қалтирарди.
Санобар ҳали кўраётганларини тушуниб ҳам улгурмасидан худди нимадир ундагандек бўлди ва беихтиёр чуқурча ичига тушиб, қўзичоқни қўлига олди, кейин уни кўтариб, тепа томонга – яна бир оппоқ қўзичоқ ётган жойга қараб юрди. Қизча қўзичоқни ерга қўйгани ҳамони, унинг ортидан эргашиб келаётган она қўй шоша-пиша боласини ялай кетди. Орадан бир-икки дақиқа ўтгач, қўзичоқнинг титраши босилди ва пешанасида тангадек қора доғи бор бошини ерга босганча, аста кўзларини юмди.
Санобар она қўй эгизак қўзичоқларининг ёнига ётиб олаётганини бирпас кузатиб турди-да, кейин молхонадан чиқди. Эшикни зичлаб ёпар экан, боядан бери юпқагина кийимда юрганлигини ва қаттиқ совуқ қотганидан тинмай қалтираётганини энди сезди. У уй томон йўналганди ҳамки, ёнгинасидан илиқ эпкин учиб ўтиб, юзларини силагандек бўлиб туюлди. Қизча шошиб ёнига ўгирилганида, кечаси билан ёққан қалин қор узра тушиб қолган катта-катта оёқ изларини кўрди. Аммо қизча бунга ортиқча эътибор бермай, югурганча уйга кириб кетди ва ўрнига кириб, кўрпасига ўралди-ю, яна қотиб ухлаб қолди.
Эрталаб Сабоҳат ишдан қайтганида қизи ҳам, ўғиллари ҳам донг қотиб ухлаб ётишарди.
— Вой, қизим-ей, тура қол! — деб турткилади у Санобарни. — Ҳалиям ухлаб ётибсанларми? Ахир бугун ҳайит-ку, ўртоқларинг билан келин кўришга бормоқчи эдинг, ахир!
Санобар сакраб турди, дарров ойисига нонушта тайёрлашга кўмаклаша бошлади. Кейин укаларини ҳам уйғотгани кириб кетди-ю, ярим йўлдан қайтиб келди ва шоша-пиша онасига эрта тонгда юз берган воқеа ҳақида сўзлай кетди. Шунда марҳум эрининг вафотидан бир ойгина олдин сотиб олишган оқ қўй бугун-эрта қўзилаши кераклиги Сабоҳатнинг эсига тушди. У дарҳол қилаётган ишини ҳам ташлаб, молхона томон югурди: “Эй, худойим-ей, ишқилиб кечаси молхонанинг эшиги очилиб қолмаган бўлсин-да! Кечаси совуқ қаттиқ бўлди, қўзичоқлар музлаб қолмаганмикин…”
Аммо ҳаммаси Санобар айтганидек бўлиб чиқди: қўзичоқлар ҳамон она қўй билан бирга тепа томонда – сигир охурининг ёнидаги иссиққина жойда ётишар, молхонадан чиққан эркак киши пойабзалининг излари эса дарвозахона ёнида узилганди.
Сабоҳат бу воқеа ҳақида узоқ ўйлаб ўтирмади, оппоқ қўзичоқларни кўриб қаттиқ қувонган ўғилчаларига қараб, беихтиёр “Ана, дадангиз сизларга ҳайитлик ташлаб кетибди!” деди ва фарзандларининг хурсандликдан кўзлари қандай чарақлаб кетганини кўриб, тўғри гап айтганини тушунди. Ҳатто уйғонганидан бери тумшайиб юрган Санобарнинг ҳам чеҳраси очилди, беихтиёр жилмайди:
— Ойижон, тушимда ҳам дадам менга оппоқ қўзичоқ бергандилар!
Санобар фарзандларининг қувончини бузмаслик учун кўзларига қуйилиб келган кўз ёшларини беркитишга уринди-да, ўзини нонушта тайёрлашга андармон бўлгандек қилиб кўрсатишни маъқул топди…
Шу ҳайитдан сўнг дадаси Санобарнинг тушига кирмайдиган бўлди. Аммо ҳар йили оқ қўй худди ўзига ўхшаш оппоққина эгиз қўзичоқларни дунёга келтирганида, бу воқеани бир эслаб олишарди. Бу вақтда Шодмон билан Жавлон анча улғайиб қолишган бўлса-да, ҳамон оқ қўйнинг қўзичоқларини “дадамнинг ҳайитлиги” деб аташарди…