Қизим гап олиб келди: тепакалларнинг мияси михдай ишларкан. Бўлиши мумкин, дедим. Чунки каминанинг сочи сийраклаша бошлаган эди. Хурсанд ҳам бўлдим. “Энди болаларга нима дейман?” деган ўйлов билан юрган эдим-да.
– Ойимнинг миялари ишламайди, – деб келди тағин қизим.
– Нега ундай дейсан?!
– Бир жойга қўйган нарсалари эсларидан чиқиб юради. Аммо пул сўраш эсларидан чиқмайди.
– Кўрдингми?! Балодай ишлайди.
– Барибир-да, – ҳафсала билан қўлини силтаб қўйди у. – Кеча акамнинг пайпоғини юваман деб, газга сув қўйиб, ўзлари Дилшода янга билан чақчақлашиб ўтирибдилар. Анча вақт ўттандан сўнг “сув қўювдим-а, эсим қурсин”, дея газхонага келсалар, чойнакнинг суви тугаб, тешилишига бир баҳя қолибди. Яна сув қўйиб, бизларга чой дамлаб бердилар. Мен чойимни ичиб мактабга кетдим. Келсам, акам йиғлаб ўтирибди: онам пайпоғини ювмаган эканлар. “Ишим бошимдан ошиб ётибди, ҳали молларга қараш керак, товуқларга дон бериш керак, хамир қориш керак”, деб акамни жеркияптилар. Тағин, “Газга сув қўйиб, ўзинг юв”, деяптилар. Акам бечора кирларини ўзи ювди…
– Онангнинг ҳам иши кўп-да, қизим. Сенларга ош-овқат қиламан, кир-чирингни юваман, деб тўрт томонга югуради. Яна мол-ҳол…
– Сиз билмайсиз-да, дада, – гапимни бўлди қизим. – Онамларнинг бошла¬ри ишламайди. Бир ишни қиламан, деб иккинчисини бажарадилар-да, биринчиси эсларидан чиқиб кетади, ёки тескари бўлади.
– Хўп, нима қилиш керак дейсан, – дедим қизимга мулойимлик билан.
– Ойимнинг тепа сочларини кесиб ташлаш керак. Зора, миялари яхши ишлаб кетса….
Қизимнинг болаларча мушоҳадаси кулгимни қистатган бўлса-да, бироз ўйланиб қолдим. Унинг “таклифи” ҳаётга татбиқ этилса, кунора қулоққа чалиниб қоладиган ади-бади, қўйди-чиқдилар барҳам топган, аёлларимиз доно мутафаккирларга айланиб қолган бўлишармиди?!
Шу жумлаларни ёзаяпман-у, елкам ўз-ўзидан уча бошлади…