Миркарим Осим. Яхшининг шарофати (ҳикоя)

— Тобакай мусофирликда рангингизни сарғайтириб юргайсиз, — деди бир куни Алишернинг ҳужрасига ташриф буюрган паҳлавон Муҳаммад. — Ўз шаҳрингиз Ҳиротға кетинг. Машҳад ҳавоси сизга ёқмади. Рангингизга қараб бўлмайдур, заъфарон.
— Рост, Ҳиротни соғиниб рангим заъфарон бўлди. Қанот боғлаб учгим келиб турибдур. Бориб марҳум атомнинг чироғин ёқмоғим керак.
— Бас, невчун жўнаб кетмайсиз?
— Ҳирот тахтин олғон Абу Саиддин қўрқадурмен. Ўзингизга маълум, менинг тағойиларим анинг ғаними бўлғон Ҳусайн Бойқаро хизматидадурлар. Тағойисини кўрарга кўзи бўлмоғон подшоҳ жиянининг бошин силамас.
Паҳлавон кетмон соқолини тутамлаб, бир лаҳза фикр-мулоҳаза дарёсига чўмди-да, кейин бошини кўтариб, дўриллаган овоз билан деди:
— Албатта, бир ишга бел боғламоқдин аввал анинг оқибатин ўйламоқ керак. Улуғбекнинг оноси Гавҳаршодбегимдек табаррук хотунни жаллод илкига топшурғон, бегуноҳ бек, шаҳзодаларни қатл эттирган подшоҳдин яхшилик кутиб бўлмайдур. Кимики тутун чиқариб ёнаётган бу алангага яқинлашса, этаги куядур. Шул сабабдин сиз Ҳирот борғонингизда анга яқин йўламанг. Фақир киши панада, деганларидек золимнинг кўзидин йироқда юринг. Мен доғи яқин арода Ҳиротга кўчиб кетмоқ ниятидамен. Бул ерда ишим юришмай қолди.
— Машҳадда менга сиздин ўзга меҳрибоне йўқ. Ялғуз қолсам, мусофирлик бошимға етадур.
— Андоғ бўлса, икки ўт-оловдин бирин танланг. Мен кетсам, бул ерда ҳолингиздин хабар олотурғон кимарса йўқ. Ҳиротда эрса ёр-дўстларингиз бор. Мавлоно Абдураҳмон Жомий ва Сайид Ҳасан Ардашер жаноблари ҳар вақт сизни ҳимоя қиладурлар. Сиз сипоҳи эрмас, шоирсиз. Илкингизда найза эрмас, қалам тутиб келгансиз. Наҳот, Абу Саид тағойиларингизнинг қасдин сиздин олса?
Ўзи ҳам Ҳиротни соғиниб, бутун вужуди билан у ерга интилиб турган ёш шоирга паҳлавоннинг сўзи ёғдек ёқди. Абу Саид ўз душманларини енгиб, Хуросонда бир қадар тинчлик ўрнатган эди. Шоир олдига қўйилган қайноқ шўрвани ичишдан қўрққан кишидек, яна бир неча кун сабр қилиб турди, кейин таваккал отига миниб, ўз шаҳри Ҳиротга жўнади.

Энди йигирма-йигирма бирга кирган тажрибасиз йигитлар цингари Алишер ҳам пулни расамади билан сарф қилишни билмас эди. Қўли очиқлиги туфайли кўп ўтмай, отадан қолган унча-мунча пул ҳам совурилиб кетди, бировдан пул сўрашдан у ор қиларди.
Бир куни шоир Ҳасан Ардашерни йўқлагани борганда, у ишдан гап очди.
— Бекор юргандин бекор ишла, деган гап бор. Шеър билан қорин тўйғозиб бўлмайдур. Ишламасангиз доғи оч қолмайсиз, мен бор, ошно-оғайнилар бор. Аммо сизнинг циркангиз сув кўтармайдур. Риёзат била топилғон бир тишлам нонни биров берган семиз қўй этидин яхшироқ деб ўйлайсиз.
— Кўнглимдагини топдингиз, отахон, — деди қизариб Навоий.
— Шул сабабдин сизга лойиқ бир иш топойиқ. Агар шеър мухлиси бўлғон инсофли бир амалдор сизни ўзига мулозим қилиб олмоққа розилик берса, хўп дерми эрдингиз?
— Муносиб бир кишига мулозим бўлмоқдин ор этмайдурмен. Бировнинг хизматин қилмоқ айб эрмас.
— Рост айтдингиз, бу номус қилатурган иш эрмас. Сўзима қулоқ беринг. Мен бир кун Султон Ҳасанбекнинг уйларидаги мажлисда сизнинг бир шеърингизни ўқиб эрдим. Ул кишига бағоят хуш келди. Бурунроқ менга, бир покиза, фаҳм-фаросатли йигит бўлса, навкар қилиб олур эрдим, деб эрдилар. Мен сизни айтиб кўрай. Қўли очиқ одам, яхши маош берса керак.
— Султон Ҳасанбек майхўр, деб эшитамен. Ўғли доғи кўп ичадур эркан, — деди Навоий.
— Майхўр бўлсалар доғи кўнгли оқ одамлар. Яхши одам маст бўлса ҳам ўзгага ёмонлиқ соғинмайдур.
Навоий иккиланиб туриб, унинг таклифини қабул қилишга мажбур бўлди. Ёш бўлса ҳам шеър мухлислари орасида донғи чиққан Навоийдек шоирни мулозим қилиб олганидан Ҳасанбекдек киши фахрланар эди.
Мулозим ёки навкар хизматкорлик лавозимидан бир поғона баланд бўлиб, у бек билан хизматкорлар ўртасида туради, хўжайиннинг буйруқларини хизматкорларга етказади, дастурхон ёзиб, хўжайин олдига овқат қўяди, у билан бирга ўтириб овқатланади, суҳбат қуради. Бундан ташқари, Навоий жанговар бек билан сафарга бирга чиқиш, саҳро, тоғ-тошларда юриш, ҳарбий сафар қийинчиликларини у билан баҳам кўришга мажбур эди.
Навоий Мирзабекни ичкиликдан қайтаришга, унда шеър ва мусиқийга ҳавас уйғотишга ҳаракат қиларди. Мусиқийга ҳавас уйғотиш қийин эмасди, аммо ичкиликдан кўнглини совутиш мумкин бўлмади. Бироқ шунга қарамай, Мирзабек кўнгли оқ бўлиб, маст бўлмаган вақтларида жуда хушмуомала ва раҳмдил йигит эди. Кунлардан бир кун юз берган бир ҳодиса буни тасдиқлади.
Ҳусайн Бойқаро Хоразмда куч тўплаб, доимо Хуросонга ҳужум қилиб турарди. Унинг бир тўда аскарлари Жаҳ-Жаҳ деган жойдаги жангда мағлуб бўлиб қочиб қутулди, бир қисми ўровда қолиб, асир тушди. Бу жангда Абу Саиднинг ёш аскарбошиларидан Мирзабек ўзининг уста жангчи, моҳир қиличбоз эканини кўрсатди. Ўша вақтнинг одатига кўра асирларни аскарбошилар ва навкарларга иккитадан-учтадан бўлиб берилар, улар бу асирларнинг каллаларини олиб, ўз ҳукмдорларига юборар эдилар.
Мирзабек қароргоҳга жангдан чарчаб келди-да, қурол-яроғини чодирнинг ўртасидаги устунга осди ва ўзини ердаги намат устига ташлади. У ҳали ўзига келмаган, ҳарсиллаб нафас олар, кўзлари бежо эди.
— Томоғингизни ҳўллаб олсангиз ўзингизга келардингиз, — деди Алишер.
Мирзабек ўрнидан туриб ўтириб, бир пиёла шарбат ичиб, мўйловини артди-да:
— Шукур, — деб қўйди энтикиб. — Ўзи доғи… ҳазилакам жанг бўлмади. Аҳмад Ҳожибек… ўз черики била… етиб келмаса… ишимиз хароб эрди.
У ҳарсиллаб жанг тафсилотларини гапириб бераётганда, ташқаридан оёқ товуши, от пишқириғи эшитилди. Қурол-яроғли тавочи(хабарчи) бек чодир ичига кириб салом берди-да, хириллаб:
— Мирзабек, улушингизни келтирдим, икки банди, — деди. — Дарҳол каллаларини олиб, Мирзога йиборғайсиз!
Дарҳол қуролларини тақиб олган Мирзабек билан Навоий ташқари чиқиб, қуролли соқчилар ёнида турган, кийимлари ечиб олинган икки асирни кўришди. Уларнинг бири новчагина, қоп-қора соқолини туркманча қирқдирган йигит эди. У бошини ғоз кўтариб, мағрур боқиб турар, кўзларида қўрқувдан асар йўқ, унинг ёнида ўрта бўйли калладор шериги хаёл ичида ерга тикилганича қотиб қолган эди.
Тавочи бек иккала асирнинг калласини ҳукмдорга юбориш кераклигини яна бир бор уқтириб, отига минди, соқчилари унинг олдига тушиб, бош қароргоҳ томон жўнашди. Навоий калласи ҳозир олиниши керак бўлган йигитларга ачиниб қарар, уларни қутқариш йўлини қидирар эди.
— Бек, бул икки бандини қатл этиб барака топмаймиз, — деди. — Жангда одам ўлдирмакнинг йўли бошқа. Сиз жангда ёвни ўлдирмасангиз, ул сизнинг бошингизни олур, аммо қурол-яроқсиз асир йигитларни бежон қилмоқ улуғ гуноҳ.
— На қилай, фармони олийға қаршу бормоқ мумкин эрмас.
— Биз подшоҳнинг фармонини ҳам ерина келтирурмиз, буларни доғи ўлдирмаймиз. — У савол назари билан қараб қолган Мирзабекка узоқдаги бир чинорни кўрсатди. — Ўшал оғоч тубинда бир ўқ еб ўлган аскарни кўриб эрдим. Боши бутун. Ярмоқ берилса, бир аскар анинг калласин келтиргай. Биз бир бандининг калласи ўрнига ани йиборғоймиз. Аммо иккинчисини қандоқ халос этурмиз, билмаймен. — Навоий негадир биринчи навбатда новча аскарни қутқармоқчи эди.
Мирзабекнинг юзи ёришиб кетди.
— Ўша чинордин юз қадамча нарида, сой бўйидаги харсангтош ёнида мен мирзо Ҳусайннинг бир навкарини елкасидин чопиб ташлоғон эрдим. Анинг доғи бошин келтирсинлар, — шуни деб Мирзабек чўнтагидан бир динор чиқариб, Навоийга тутқизди. Навоий қўшни чодирга кириб, таниш бир аскарни бошлаб келди ва қўлига тилла пулни тутқизиб, воқеани тушунтирди.
Орадан чорак соат ўтмай, кесиб келинган икки каллани хуржунга солиб, тавочи бекка жўнатдилар, жони омон қолган икки асирни кечгача чодирда олиб ўтириб, қоронғи тушганда қўйиб юбордилар. Навоий улар билан хайрлашаркан, ҳар бирига биттадан нон берди.
Султон Ҳасанбек Мирзабекнинг қилган хайрли ишини эшитиб, хурсанд бўлди ва унга шундай деди:
— Ўғлим, Навоийнинг шарофати била савоб иш қилибсен. Мен иккингиздин ҳам беҳад хурсандмен. Аммо тилингизга эҳтиёт бўлинг. Агар биров бул ишдин хабардор бўлиб, Абу Саидга етказса, ҳолингизга вой!